Бахтнинг баҳоси қанча? Принтер учун
26.04.2011 й.
Яқинда Тошкентнинг Чорсу майдонида нохуш бир манзаранинг гувоҳи бўлдим. Чиройли кийинган ёшгина эр-хотин жанжаллашишмоқда: эри икки ёшча ўғлини кўтариб олган. Хотини овозининг борича эрга бақиряпти: «Олиб берасан дедимми, олиб берасан! Чидамасанг, уйланишни сенга ким қўювди! Қачон бирор нарса обер деса, ўпкангни кўрсатасан». Эр бечора хижолат бўлганидан қип-қизариб нуқул атрофига аланглайди. Овозини пастлатиб хотинига ялинади: «Хўп дедим-ку, бўлди, одамлар нима деб ўйлайди». «Одамлар билан нима ишим бор, нервимни ўйнамай бошда рози бўлсанг ўлармидинг».
Гапнинг рости, бу эр-хотиннинг муомаласидан ҳайронликда қолдим. Шу гаплар аёл кишининг, ўзбек аёлининг тилидан чиқяптими? Эрини сансираган, ҳақорат қилаётган бу аёл ўз жинсини, миллатини, динини унутиб қўймаганмикин? Олдирмоқчи бўлган нарсаси эҳтимол бирор кўйлакдир, балки тилла тақинчоқдир? Эрга шу йўл билан ҳукмини ўтказаётган аёлдан кейинчалик яхшилик чиқармикин, у садоқатли, вафоли ёр бўла олармикин? Билмадим…
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда оиладаги ғишавалар, уриш-жанжаллар ва келишмовчиликларнинг 56 фоизига молпарастлик, нафсни жиловлай олмаслик, оила бюджетини режалай олмаслик сабаб бўлар экан. Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқиндагина турмушни бошлаган ҳар қандай йигитнинг бошда қўли калталик қилади (ота-онаси бадавлат куёвлар бундан мустасно). Чунки куёвбола ўқишни янги битирган ёки ҳали бирор ишни бошлаб улгурмаган. Бахтидан сармаст йигитни тўй ўтиши биланоқ «уни обер, буни обер» деган илтимослар билан боши берк кўчага тиқиш инсофдан ҳам, одобдан ҳам эмас.
Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор. Ҳали эрингиз катта мол-дунё ҳам топади, ҳеч ким киймаган кийимларни ҳам олиб беради. Бошқа нарсаларга ҳам эришасиз. Фақат шошилманг. Инннайкейин, турмуш дегани фақат яхши ейиш ёки яхши кийинишдан иборат эмас. Қотган нон ва сув билан, эски кийимда ҳам чин инсоний бахт-саодатга эришиш мумкин. Ҳаёт сўқмоқларининг бошланишидаёқ талабни катта қўйиб, эрингизнинг муҳаббатидан, меҳридан, садоқатидан маҳрум бўлиб қолманг.
Ҳасан Басрий бундай деган: «Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди». Абулқосим Замахшарий эса: «Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди», деган.
Тўйдан кейин уч ой ўтмаёқ ёш оилада жанжал: келинбола  юз минг маош оладиган эрига уч юз минг сўмлик тақинчоқни олиб берасан, деб оёқ тираб туриб олган. Йигит шўрликнинг боши қотган: уч ойлик маошини тийин-тийинигача хотинига сарфлаб юборса, кейин нима билан тирикчилик қилишади? Бу ёқда уйнинг қанча чиқимини тўлаш керак, йўлкира, тушлик нима бўлади?
Шунда ноилож қолган эр хотинига ялинади: «сабр қилгин, ҳали бойиб кетсак, айтганингни муҳаё қиламан…» У кўнмайди: «Демак, мени севмас экансиз-да, ўша ордона тақинчоқчалик ҳам қадрим йўқ экан-да!». Йиғи-сиғи, оҳ-вой… Қани, унинг далилларига жавоб топиб бўлса, унга тушунтиришнинг имкони топилса! Ўйламай қилинган ана шундай эркалик ва хираликлар, ўз сўзини ўтказишлар оила бахтига раҳна солади, ҳар қандай эркакни хотинидан бездиради, бахт-саодатнинг «уйини куйдиради».
Жуда кўп оилалардаги ихтилоф ва жанжалларни таҳлил қилсангиз, аксариятида ёш келин эрнинг молиявий имкониятларини ҳисобга (ёки тан) олмай бозор буюравериши эрларнинг руҳиятига ёмон таъсир қилгани, уларнинг ўзига бўлган ишончини сўндиргани, бора-бора ҳаётдан бездириб қўйгани маълум бўлади. Кечагина турмуш қурган йигит дарров барча кам-кўстларни бирданига муҳайё қила олмайди ҳам.
Лекин баъзи келинларимиз учун бунинг тариқча аҳамияти йўқ: «эркакми, дарров уй қурсин ёки сотиб олсин, уни гилам, мебел билан жиҳозласин, музхона, телевизор, чангютгич, кир ювиш машинасини муҳайё қилиб қўйсин, буларга қаердан ва қандай қилиб пул топади, бу билан менинг ишим йўқ».
Ана шундай «ултиматум» қаршисида қолган эр шўрлик қандай йўл тутади? Хотинига ётиғи билан аҳволини тушунтиришга ҳаракат қилади. Айтганларининг ҳаммасини аста-аста олиб беришга ваъдалар беради. Бунга кўнмаса, овози баландлай бошлайди: «Пулим бўлмаса нима қилай, ҳали тўйимиздаги қарзларни узиб тугатганим йўқ, банкка ўғирликка тушайми, тупроққа ўт қўяйми, ахир сабр қилишни ҳам биласанми, э, ўргилдим бунақа ҳаётдан ҳам!». У ушбу фарёди билан ҳам хотинига таъсирини ўтказолмаса, унда масалани янада кскинлаштиради: «Чидасанг, шу, чидамасанг, ана катта кўча!».
Оқила ва доно келинлар аввало вазиятни бунчалик кескин тус олишигача олиб келишмайди. Бордию шундай бўлиб қолса, дарров муроса йўлига ўтишади: «Вой хўжайин-эй, шунга ҳам жаҳлингиз чиқдими, мен шунчаки зарур нарсаларни айтиб, эсингизга солиб қўймоқчи эдим, қачон пул топилса олиб бераверасиз». Бефаросат ва ақлсиз келинларни эса эрининг овози кўтарилгани ҳам сескантирмайди. Аксинча уларга худди шу етмай турувди. Эрнинг тилини қисиш, «гаҳ» деганда «қўлга қўнадиган қилиб олиш» учун жанжал чиқаришга худди ҳозиргидай баҳона-сабаб керак эди. «Чидамайман, бунақа қурумсоқ эрдан ўлиб бўлдим, ҳозироқ талоғимни берасан, уйимизга кетаман».
Воқеанинг давоми одатда бир хил кечади: келин уйига кетиб қолади. Ўртада гап-сўзлар, таъна-маломатлар роса қайнайди. Икки томондан ҳам ҳаловат ва ором кетади. Маҳалла, катталар аралашиб, муросага келтириш йўлларини излайди. Ёки икки ёшни яраштириб қўйишади, ёки иш судга ошиб ажрашиб кетишади. Арзимаган матоҳдан бошланган ғишава ана шундай аянчли – икки ёш бахтининг, ширин турмушининг заволи билан якун топади.
Кўпинча ёшлар у ёқда қолиб, катталар, «минг йиллик муносабатлар ўрнатишга» аҳд-паймон қилган қудалар ўртасида ҳам мол-дунёга ўчлик туфайли келишмовчиликлар, машмашалар чиқиб туради. «Мебелнинг нави пастини жўнатибди, ЗАГСга бориш учун келинга лимузин юбормабди, мен буни қилувдим, у эса қилмабди» каби гап-сўзлар жуда кўп кишиларнинг дилини хуфтон қилаётгани ҳам бор нарса.
Биз келин-куёвнинг янги рўзғорини тиклаб олиш учун зарур бўлган бир-икки сидирға кийим-кечак, энг керакли уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари ҳақида сўз юритаётганимиз йўқ. Бу ишда «мен сендан ўтаман» қабилида исрофгарчиликка йўл қўйиш, керак-нокерак, ортиқча буюмларни сотиб олиш учун кўп вақт оилани ҳамма нарсадан қантариш, номчиқарга, дабдабабозликка интилиш мақбул эмаслигини айтмоқчимиз.
Ваҳоланки, ана шу қўша-қўша анжом-буюмлар ҳеч қачон қизингизни ёки ўғлингизни бахтли қилолмайди. Оилада пайдо бўладиган келишмовчилик, ихтилофларнинг олдини ололмайди. Аксинча, мол-давлат кўпинча ёшлар орасини бузади, кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Кўпинча бу каби бемаъни даъволар ҳатто тўй бошланмасдан туриб бир қанча кўнгилхираликларга, қудаларнинг ёвлашиб қолишига, энг ачинарлиси тўйлар бузилиб, икки ёшнинг бахт-иқболига зомин бўлганига нима дейсиз?! Ахир келин-куёвнинг аҳиллиги, бир-бирига муҳаббати, оқибати қайси замонда, қайси юртда мол-мулк, бойликка боғлиқ бўлган?  
Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, ахлоқий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!
Илгари ота-оналар янги турмуш қурган фарзандларининг рўзғорини ажратишар экан, бир сидра уй-рўзғор анжом-асбоблари, ун, гурунч, ёғ каби масаллиқлар билан таъминлашган. Шу тариқа ёш оила ўзини тиклаб олган, сармоясига барака кирган.
Ҳозирда-чи? Ота-оналар болаларига қимматбаҳо мебеллар, ҳатто машиналар совға қилишяпти, шоҳона уйлар қуриб беришяпти. Аммо рўзғор тебратиш, маблағни тасарруф этиш, қизларга уй тутиш, овқат пишириш, нон ёпиш, бичиш-тикиш каби энг зарур юмушларни ўргатишмаяпти. Оқибатда ёшлар турмушнинг арзимас муаммолари олдида довдираб, сан-манга боришяпти, ҳатто ажралиб кетишяпти.
Ҳайит, байрамлар арафасида қуданикига «ҳайит йўқлов» жўнатишдаги исрофлар, кимўзарга беллашувлар, бир-бирига солиштириб кўриб чиқаётган ғавғо-дилхираликлар, «қизим тинч ўтирса бўлди», деб бор-будини совуриб, қарзларга ботиб қилинган маросимлар қизга ҳеч қачон бахт келтирмаслигига тушуниб етиш ва булардан воз кечиш пайти келмадимикан?
Рўзғорда ҳисоб-китоб билан иш тутилмаса, пулни келишига қараб харжланмаса, тез орада муроса бузилади. Икки севишган, бир-бирини еру кўкка ишонмай юрган ёшнинг аҳиллигига путур етиб, оиладан барака кетади. Турмушдаги етишмовчиликлар ва нотўғри сарфиётлар бора-бора уларни қийинчиликка солиб, ҳаётларидан файзни йўқотади.
Арабларнинг «Агар фақирлик эшикдан кириб келса, муҳаббат деразадан чиқиб кетади» деган ҳикмати бор. Рўзғордаги тангчилик, етишмовчилик икки ёшнинг муҳаббатини синовдан ўтказади, кўпгина можароларнинг бош «айбдори»га айланади.
Кўпинча янги турмуш қурган келин-куёвлар тиним билмай ишлаганига қарамай, ҳеч рўзғорга пул етказа олишмайди. Доим қарзга ботиб юришади. Каттагина маош олишларига қарамай, ҳамиша пул йўқлигидан шикоятлар… Чунки уларнинг иккови ҳам рўзғор тутишни билмайди, бу борада исрофга йўл қўяди. Масалан, аёли мода кетидан қувиб, ҳар ойда янги кўйлак тиктирмаса, кўнгли ўрнига тушмайди. Уйда овқат тайёрлаш ўрнига эриниб, ресторанга бориб қўяқолишади. Жамоат транспорти турганида икки қадам жойга ҳам такси ёллашади. Ваннахонадаги, ошхонадаги чироқлар зарурат бўлмаса ҳам ёқилганича қолаверади.
Бунақада ҳеч қачон уларнинг бири икки бўлмайди, ҳаётларига барака кирмайди, пул жанжалини қилишдан тўхташмайди. «Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилур», дейди халқимиз. Агар оила бюджети ақл билан, ҳисоб-китоб қилиб ишлатилмаса, йўқчиликка, етишмовчиликка тайёрланаверинг. Қаерда ҳамма нарса тежаб-тергаб ишлатилса, топилган пул расамади билан харжланса, ўша ерда ҳеч қачон «молиявий  инқироз» юзага келмайди.
Исрофгарлик манаман деган тўқ оилани ҳам хароб қиладиган, синдирадиган ёмон иллатлардан. Кўпинча ёш оилалар ўзларини бойвачча кўрсатишга тиришиб, ҳамма соҳада исрофга йўл қўйишади. Улар наздида тежамкорлик қурумсоқликка, хасисликка тенглаштирилган.
Йўқ, асло ундай эмас. Оналаримиз қозондаги ёғдан бир қошиқ олиб қўйиб, рўзғор баракасини таъминлашган. Қотган нонни ташлаб юбормай, тўрғаб-қуритишган ва кейинчалик бирор таом тайёрлашган ёки шўрвага ишлатишган. «Янгини эски асрайди», деб йиртилган кийимларини ташлаб юбормай, ямаб-тикиб фойдаланишган ёки бошқа бирор нарса ясашган. Бугун ахлатга чиқариб ташланаётган бус-бутун кийимлар, пойабзаллар, рўзғор ашёларини, ортиб қолган овқатларни кўриб, кишиларимиз нақадар исрофгар бўлиб бораётганидан афсусланасан, киши.
Келинларимизнинг оиладаги ҳисоб-китоб ишларига бефарқлиги ҳам қимматга тушиши мумкин. Электр чироқларини заруратсиз ёқиб қўядиган, масаллиқларни исроф қилиб юборадиган, рўзғор юритишда тежамкор бўлмаган келинлар ҳам хонадонга суюмли бека бўла олишмайди. Яқинда маҳалламизда қайнона-қайнота ҳовлининг чиқимларини тўлаймиз, деб ажратиб қўйган пулларига ўзбошимчалик билан қандил харид қилган келиннинг сал бўлмаса турмуши бузилиб кетай, деди.
Кўпинча қизларимизнинг «турмуш» дея аталган синовга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганлари тўйдан кейиноқ очилиб қоляпти. Нон ёпишни, овқат қилишни, ҳатто оддийгина тухум қовуришни ҳам эплай олмайдиган қизлар борлигига балки ишонмассиз? Ахир бўлажак келиннинг ўзи тушган оилада маҳкам илдиз отиши, обрў топиши, эр-хотиннинг муҳаббати янада аланга олиши кўп жиҳатдан келиннинг пазандалигига ҳам боғлиқ-ку! Баъзи халқларда «Эрнинг дилига қорни орқали йўл топилади», деган мақол бежизга тўқилмагандир?
Аксарият оилаларда жанжал, ғишаваларнинг келиб чиқиши кўпинча овқатга бориб тақалади. Ёш келинлар нон ёпиш, мазали таомлар тайёрлашни ўз уйларида ўрганиб олишлари лозим. Овқат қилишдан олдин энг аввало катталарнинг истак-хоҳишлари инобатга олинади. Улардан «Нима овқатни хоҳлайсизлар?» деб сўраш ҳам одобга киради.  «Менга бу ёқмайди», «Мен бу овқатни билмайман» қабилида зарда қилиб, уларни оғринтириш инсофдан эмас.
Ёш уй бекаси аввало ҳар ишда саранжом-саришта, тежамкор бўлиши керак. Келинчак бу фазилатни эгалласа, рўзғор ишларида қоқилмайди, биринчи кунларданоқ атрофдагиларнинг ҳурмат-эътиборини қозонади. Аксинча, у рўзғор юмушларини пала-партиш, совуққонлик билан бажарса,  озода, дид билан кийинмаса ёки ўзига оро бериб қарамаса, меҳмон кутишни билмаса, уйни покиза, тоза тутмаса, эрининг катта-кичик юмушларига бепарволик қилса, бундай келин асло оиладагиларга ёқмайди. Бу ҳолнинг тузалишидан умидини узган куёвнинг, қайнона-қайнотанинг охири сабрлари тугаб,  эпсиз келиннинг баҳридан ўтиш ҳаракатига тушиб қолишади ёки унинг бутун умри таъна-маломатлар, можаро-тортишувлар билан ўтади. 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz