Бахт ва орзулар ҳақида Принтер учун
13.11.2010 й.
Инсоннинг улғайиши оила, мактаб, жамият таъсири остида кечади. Мен орзулар ва бахт ҳақидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
 Мактабда “Ким бўлсам экан?”, “Келажакдаги орзуларим” каби мавзуларда кўп фикр юритганмиз. Ундан ташқари, охирида “мурод-мақсадига етибди” деб тугалланадиган эртакларни кўп ўқиганмиз ҳамда охирида висолга етадиган севишганлар ҳақидаги қадимий ва замонавий ишқий саргузаштларни ҳикоя қиладиган фильмларни кўп томоша қилганмиз. Истаймизми, йўқми, ўзимиз сезмаган ҳолда, бахт қаердадир олисда, унгача машаққатлар чекиб етиб бориш керак, деган ҳалокатли тасаввур онгимизни бошқарган. Натижада биз ўзимизга қадрли бўлган нарсаларни тўғри баҳолай олмаганмиз.
Орзу қилиш хусусидаги ҳадислар билан танишганимда бу ҳақиқатни қабул қилишим анча қийин кечган. Эҳтимол, уни англашимга йиллар кетгандир... Чунки орзуларнинг муқаддаслиги ҳақида мактаб даврида шакллантирилган қатъий ёндашув бунга тўсқинлик қилган.
“Мен эртага бугундан кўра яхшироқ ҳаракат қиламан”, “эртага бугундан кўра бахтлироқ бўламан” деган орзуларим бугунларимни бирма-бир қурбон қилаётганини мен сезмадим. Ваҳоланки, эртанинг бўлиш-бўлмаслиги номаълум. Бизда фақат бугун бор. Ягона ва қайтарилмайдиган бугун. Мана шу бугунда мен бахтимни ҳис қилишим, англашим ва уни қадрлашим керак. Ҳис қилишим кайфиятимни кўтаради, англашим билимимни оширади, қадрлашим ҳаракатга ундайди. Демак, мен ҳаётга тўлиб яшайман.
Инсон, одатда, бирор нарсани йўқотмагунча, унинг қанчалик қадрли эканини билмайди. Шунчаки, тасаввур қилиб кўриш керак, бугун бор бўлган қанча нарсанинг йўқ бўлиб қолишини. Шундагина бахтимизнинг рангларини тиниқроқ кўра бошлаймиз.
Ҳаётимдан ёрқин мисол келтираман. Бир неча йиллар давомида “Орзуларга етсам, бахтли бўламан” деган қараш билан яшаганман. Охир-оқибат нима бўлди? Қадрланмаган қадрдонимнинг қадри ўтди... Мен олисдаги “бахтим”га кўз тикиб, ёнимдаги укамнинг дийдорини бой бердим... Уни йўқотгунимча, унинг борлиги менинг қанчалик бахтим бўлганини англамадим... Ваҳоланки, ҳозир ўша олисдаги “бахтлар”қанча кўп бўлмасин, қанчалик зўр бўлмасин, уларни иккиланмасдан укамнинг дийдори учун қурбон қилардим.
Хулоса ўрнида айтмоқчиман, қачонлардир менинг шундай бахтим бўлган, мен уни пайқамаганман. Демак, бугун ҳам худди шу даражада тенгсиз бошқа бахтим бор. Уни бой бермаслик учун бугун кечагидан ҳушёрроқ бўлишим керак.
Толиби содиқ топилмас...

“Агарда балолар, синовлар бўлмаганда, одамларнинг ҳаммалари зоҳид бўлар эди...”
Абдуқодир Жилоний

Навоийнинг мазкур жумласини қайта-қайта эслайман. Унинг талқини хусусида биринчи марта Олий Аттестация комиссиясига ҳимоя учун ҳужжатларни топшираётган вақтимда ҳазил тарзида эслагандим.

Ўшанда қанча расмиятчиликлардан ўтиб, ишим кенгашга қабул қилингач, имтиҳонлар муддати хусусидаги қоида ўзгарганлиги ва унга кўра мен бир имтиҳонни қайта топширишим кераклиги маълум бўлганди. Аксига олиб, бу сессиянинг охирги куни маълум бўлган. Мен сессиядан ташқари имтиҳон топшириш учун ОАКдан алоҳида рухсат олишим керак эди. Аввал хат тайёрла, проректорга қўл қўйдир, кейин уни ОАКка топшир, 3 кун жавобини кут, кейин бориб хатни олиб кел. Кейин имтиҳон топшир ва натижаларини ОАКка элтиб бер. Буларни ҳимоя иштиёқида оғринмай бажарганман.

Мазкур тўсиқдан ошиб, ОАКдан ҳимоя учун рухсат сўралганда, бошқа бир имтиҳонимни расмийлаштиришда мутасаддилар техник хатога йўл қўйишгани сабаб, ОАК ҳужжатлармни қайтарган. Мен у мутассадиларнинг ҳузурига икки ҳафта бесамар қатнаганман. Улар нимагадир ўзлари йўл қўйган техник хато учун жавобгарликни бўйнига олиб, тушунтириш хати қилиб беришни исташмаган.

Охир оқибат мутасаддилардан ҳам мутасаддироқлар ҳузурида масалани баён этишимга тўғри келган. Яхшики, бир неча мутасаддиларга мутасадди бўлганлар вазиятга тўғри баҳо бериб, хато техник характерда эканлиги учун имтиҳонимни ҳисобга олдилар. Мен ўзимда йўқ бахтиёр бўлиб, ҳужжатларни тайёр қилиб, ОАКка бордим.

Мен бу югур-югурлар билан овора бўлган вақтим, яна янги қоида чиқиб, энди дипломларнинг нусхаси ҳам топшириладиган ҳужжатлар рўйхатидан жой олибди. Ўшанда кулиб, “толиби содиқ топилмас...” деганларидай, ростан ҳам ҳимоя қилмоқчиманми, йўқми атайлаб, “қани, сабри қнчалик экан, иштиёқи қанчалик экан”, деб синашаётганга ўхшайди, деб ўйлагандим.

Инсоннинг ҳаётида қийинчилик кетидан қийинчилик келган вазият кўп бўлади. Энди буни енгдим, деганда, йўлдан бошқаси бўй кўрсатиб чиқиб келади. Энди барқарорлик топдим, деганда бу барқарорлик жуда осон беқарорликка айланади ва яна таҳлика ҳис қилиши ва яна курашишига тўғри келади. Баъзан чарчардим, баъзан тушкунликка тушардим, қаттиқ сиқилардим. Аммо сиқилишнинг маълум чегараси бор, ўшанга етгач, одам ундан у ёғига ўта олмайди. Сабаби, у ёғи жаҳаннам...

Демак, қийинчиликлар туфайли сиқилиш жаҳаннамга олиб борар экан, сиқилиш керак эмас. Қийинчиликларга сиқилиш керак эмас экан, демак бизга берилаётган қийинчиликларнинг ўз вазифаси бор – ҳамма билган ўша ҳақиқат: сабоқ ва синов. Ҳаёт сабоқ ва синов экан, биз ҳаммамиз толибмиз... аммо қанчалик содиқмиз?.. Бизнинг иштиёқимиз бу сабоқни аъло даражада ўзлаштиришимизга, синовдан намунали ўтишимизга етадими?..

Ўлимдан бошқаси – ёлғон...

Бундан икки йил аввал бир қариндошимиз дунёдан ўтдилар. Орадан ярим йилча вақт ўтгач, қайнонасининг ўлимига аталган маросимга тайёргарлик кўраётган келини ҳам кутилмаганда вафот этди.
Ўзбекчилик, меҳмон кутиш учун катта тайёргарлик кўрилган. Ҳамма ёқ тозаланган, пишир-куйдир қилинган. Шунингдек, маҳалладаги тикувчига янги парда тиктиришган. Маросимдан бир кун олдин кечки пайт келин тўрт яшар қизи билан бирга тикувчидан пардани олишга чиққан. Тикувчи боши ёпиқ (тупик) кўчада яшайди. Қишлоқ жой, чироқ ўчиб олган. Шу кўчада машина тузатадиган устахона бор. Устахона олдида турган “Дамас”га ҳайдовчилик тажрибаси у қадар катта бўлмаган йигит қизиқиб чиққан. Дамас кўчада кўндалангига турган бўлган. Йигит моторни ўт олдириб, энди машинани юргизганда, машина чироғи ёруғида қизини етаклаб, тикувчиникидан қайтаётган келинни кўрган. Тажрибасиз ҳайдовчи тормозни босаман, деб газни босворган. Келин қизини ўзидан узоққа итариб юборишга эришган, аммо ўзи...
Ажал кимни қаерда кутиб турибди, билмаймиз. Аммо ҳар ким учун унинг белгиланган вақти бор. Келин учун ҳам ажалнинг вақти ўша кунга белгиланган эди. Бу ҳақидаги хабар яқинларининг тушида аён бўлган. Шу ҳодиса рўй берган куни тонгда келиннинг эри туш кўрган. Тушида келин раҳматли қайнонаси билан бир дастурхон атрофида ўтириб, чой қуйиб узатиб ўтирган. Шунингдек, қўшнилардан бири ҳам шу куни тушида қайнона келинни кўча эшик олдида бирга ўтирганини кўрган.
Келинойимнинг ўлимидан бир ҳайратланган бўлсам, воқеанинг тафсилотидан минг ҳайратланганман. Ўладиган одам буни ҳис қилади, дейишадию, лекин, менимча, келинойим ўлимини хаёлига келтирмаган бўлса керак. Худди ҳозир мен хаёлимга келтирмаётганим каби... Келинойим пардани олиш учун уйдан чиққанида қайтиб келмаслигини тасаввур ҳам қилмаган. Худди мен ҳар сафар уйдан чиқиб кетаётганимда бу ҳақида ўйламаганим каби... Кечқурунги ишлар ва эртанги маросим ташвиши уларни бир қадам наридаги ажалдан кўра кўпроқ ташвишлантирган бўлса керак... худди айни дамда мени ва сизни ташвишлантираётгани каби...
Энг яқин дўстимнинг ўлим хусусидаги ўхшатиши менга ёқади: одам яшайди, қандайдир ташвишлар уни банд қилади. Ўлим эса ташвишларнинг ҳаммасига барҳам беради. Бу худди ухлаб ётган одам тушида чекаётган ташвишлари у уйғонгач, ўз мазмунини йўқотишига ўхшайди.
Ўлим ҳақидаги қарашлар инсон томонидан холис қабул қилиниши қийин. Биз ўзимизни тириклик ҳолатимиздагина ҳис қилганмиз, тирикликдан бошқа ҳолат бизга таниш эмас. Аммо шу билан бирга бир куни ўлишимизни ҳаммамиз яхши биламиз. Уни хаёлимиздан узоқлаштирганимиз билан ўзимиз кундан кунга у томон яқинлашиб бораверамиз.
Организмнинг ўз-ўзини сақлаш инстинкти бор. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ўлим ҳақидаги гапларни эшитиш одамга ёқимсиз. Реал назар ташлайдиган бўлсак, ўлим ҳақида эслаш бизга бизнинг атрофимизни ўраб турган, фикри ёдимизни банд қилган нарсаларнинг асл қадри қанчалик эканини кўрсатади.
Айни дамда биз бебаҳо деб ҳисоблаётган нарсаларнинг ўлимимиздан кейин қанчалик аҳамияти бўлади? Қандайдир олий мукофотимиз, олий унвонимиз кимнингдир эсида кўпроқ қоладими ё кимгадир берган беминнат ёрдамимизми? Данғиллама уйимиз, сўнгги русумдаги машинамиз, қимматбаҳо кийимларимиз сабаб бизни биров эслаб дуо қилармикан..?
Ажалимиз бизни муюлишда кутиб турган бўлиши эҳтимоли 50/50 экан, ўша муюлишга етгунча яхшилик қилишга улгуришимиз керак... ўша муюлишга етгунча тавба қилишга улгуришмиз керак... ўша муюлишга етгунча дуо қилишга улгуришимиз керак... ўша муюлишга етгунча энг қадрли нарсамизни англашга улгуришимиз керак...
Улгуриш насиб этсин...

Ирода Азимова
 
« Олдинги   Кейинги »