Билол Хабаший Принтер учун
13.11.2010 й.

Умар ибн Хаттоб р.а. уни эслаганда "Абу Бакр бизнинг саййидимиз, саййидимизни озод қилган.." дер эдилар..

            Кимсан ҳазрати Умардек киши "саййидимиз" деб турган зот жуда улуғ бўлишида шубҳа йўқ..
Билол Ҳабаший (ҳижрий 20 йил/641 йил вафот  этган) пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг энг машҳуп саҳбаларидан, биринчи муаззин бўлиб ҳисобланади. Эфиопияда таваллуд топган. Отаси Рабоҳ, онаси Ҳамима. У бой маккалик зодагон Умаййа ибн Халафнинг қули бўлган. Биол ибн Рабоҳ биринчи мусулмонлардан ҳисобланади.
Билол – Аллоҳ Элчисининг муаззини жуда баланд бўйли, қора танли, озғин, жингалак сочли тасвирланади. У Аллоҳ Элчисига яқин кишилардан, унинг вазири, қуллар орасида биринчи бўлиб Ислмни қабул қилган ва доим Жаннатга эришиш ҳисси билан яшаган. Абу Абдуллоҳ Билол ибн Рабоҳ р.а. 30 ёшда Исломни қабул қилган.
    У шунингдек ўзини Исломга тегишли эканини ошкра айтган 7 кишининг бири бўлиб, бунинг учун қаттиқ азобланган 5 кишининг бири бўлган. Уни мақтай бошлаганларида у бошини хам қилиб кўзини юмар ва “Мен кеча қул бўлган бир ҳабашман”, дер эди.
    Ирода кучи, тоза қалб ва самимийлик уни шундай даражаларга кўтардики, улкан бойлик, машҳур насаб ҳам бунга ёрдам бера олмайди ва бу йўлда унинг қора танли экани, қул бўлгани ҳечам халақит бермади.
    Аллоҳ Элчиси айтади: “Аллоҳ 7 яқин дўст бермаган бирор пайғамбар бўлмаган. Менга эса 14 та шундай вазирларни берди: Ҳамза, Жаъфар, Али, Ҳасан, Ҳусан, Абу Бакр, Умар, Миқдод, Ҳузайфа, Салмон, Аммор, Билол, Ибн Масуд ва Абу Зар”.

Билолнинг қатъияти ва самимияти

Абдуллоҳ ибн Маъсуддан ривоят қилинади: “Исломни ошкора қабул қилганлар 7 киши эди: Аллоҳ Элчиси, Абу Бакр, Аммор ва унинг онаси Сумаййа, Суҳайб, Билол ва Миқдод. Аллоҳ Элчиси с.а.в.ни унинг амакисининг ёрдами билан мушриклар зулмидан сақлаб қолди. Абу Бакрни унинг қариндошлари ҳимоясига олди. Қолганларни мушриклар турли қийноқларга слишди: уларга темир кийим кийдириб қуёшнинг нурида қиздиришар эди. Ва уларнинг барчасидан мушриклар ўзлари эшитишни хоҳлаган гапларини эшитишди, фақатгина Билолдан ташқари. У азобларни Аллоҳ буюклигини ёнида арзимас деб билди, мушриклар эса унга жуда аянчли муносабатда бўлишди. Болалар унинг бўйнига бўйинбоғ тақиб орқасидан судрашар, у эса “Аллоҳу аҳад! Аллоҳу аҳад!” дейишдан тўхтамас эди. (Ҳаким, Абу Нуайм, ибн Аби Шайба)
Тушки жазирамада Умаййа ибн Халаф Билол р.а.ни кўчага чиқариб, тупроққа ётқизиб, устига катта оғир тошни бостирганча: “Муҳаммаддан юз ўгириб, бутларга сиғинишни бошламасанг, ўлгунингча шундай ётаверасан”, дейишдан чарчамас эди. Билол р.а. эса: “Аҳад... аҳад...”ни тилидан қўймас эди.
Билол ўша қаттиқ азобда тегирмон орасида қолган дондек пастидану устидан қайноқ тошлар исканжасида кеч киргунча қолар, кун қайтгач, уни турғизишиб, бўйнига арқон боғлаб шаҳарга олиб қайтишар, ҳолдан бутунлай толган Билолни ёш болаларига топширишиб, Макка кўчалари бўйлаб судраб юришга буюрар эдилар.. Билол эса, ўзининг покиза хиргойиси бўлмиш "Аҳад, Аҳад"ни тилидан қўймас эди..
Билол р.а.ни таслим этишдан умидини узган мушриклар: “Бизнинг худоларимиз ҳақида икки оғиз яхши сўз айтгин” дейишганда ҳам у бўйин эгмади ва ўз нашидаси: “Аллоҳу аҳад...”ни такрорлайверди.
Абу Нуайм ўзининг “Ал-Хула” китобида маълумот берадики, Билол р.а.ни азоблаётган вақтда Варақа ибн Навфал ўтиб қолади ва унинг “Аҳад, аҳад... Аллоҳ ягона...” деганини эшитади. Унга мурожаат қилиб: “Ҳа эй Билол, Аллоҳ битта!” дейди. Сўнгра Умаййага: “Аллоҳ номи билан қасам ичаман, У буюк зот. Агар сиз уни ўлдирсангиз, мен унинг қабрида барокат манзилини барпо қиламан”.
         Бир кун улар олдига Абу Бакр бориб:
- Наҳотки "Раббим Оллоҳ" деган кишини ўлдирсаларингиз! дейдида, Умайяга ўгрилиб:
- Ма, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни, кишанларини еч! дейди.
Умайя гўё чўкиб кетаётган кишига қутқарув кемаси келса қанчалик қувонса, шунчалик хурсанд бўлиб кетади.
          Абу Бакрнинг бу таклифини эшитар экан ростдан ҳам юқоридаги ҳолатга тушган эди. Чунки, уларнинг Билолни бўйсундиришга умидлари заррача қолмаган, тижоратчи кишилар бўлганликларидан ўлиб қолгандан кўра бировга сотганимиз маъқул эди, деган фикрга бориб қолган эдилар.
           Улар Абу Бакрга сотган заҳотиёқ уни озод қилди, Билол ҳам энди эркин, озод кишилар қаторидан ўрин олди.
           У Билолнинг қўлтиғидан тутиб озодлик томон етаклар экан, Умайя унга қараб:
- Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардиме! деди.
           Абу Бакр бу сўзлар замирида нималар яширинганини англаб етди, бу алам билан айтилган пичингга жавоб қайтармаса ҳам бўлар эди. Лекин ўз биродари бўлган, ҳозиргина қулликдан озодлик томон қадам қўйган кишининг ҳурмати қай даражада эканлигини билдириш учун Умайяга қарата шундай деди:
           - Оллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деб турганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!!
             Шу гапларни айтар экан, дўстини етаклаб Росулуллоҳ томон унга ушбу севинчли хабарни етказиш учун ошиқди. Ушбу кун мусулмонлар учун байрамдек бир кун бўлди. У Абу Бакр озод қилган еттинчи қул бўлди.
    Билол р.а. шунингдек Мадинага ҳижрат қилганлар орасида ҳам биринчилардан бўлди. Ҳижратдан сўнг Аллоҳнинг Элчиси Муҳаммад с.а.в. уни Убда ибн Ҳорис билан биродар қилиб қўйди. Яна уни Абу Рувайҳа Ҳасамий билан ҳам ака-ука деб эълн қилди. Билол р.а. Абу Рувайҳа менинг акам деганда пайғамбар с.а.в. деди: “У сенинг аканг, сен унинг укасисан”.

Унинг юқори даражаси

    “Абу Бакр – бизнинг саййидимиз, яна бир саййидимиз (Билол р.а.)ни қулликдан зд қилди” – деган эди Умар ал Хаттоб (Бухорий ривояти).
    Аллоҳ Элчиси ҳақиқат ва ёлғоннниг ажратувчиси мақомини берган, буюк халифаларнинг иккинчисидан ҳам юқори ким баҳо бериши мумкин?! У Билол р.а.ни саййид деб атади! Бу одамнинг қадри, даражаси унинг тақвоси, Худодан қўрқишида эканини яна  бир карра исботлайди.
          Ривоят қилинадики, бир кун пайғамбар а.с. Билолнинг уйига келиб унинг хотинидан унинг уйда ёки йўқлигини сўради. У йўқ деб жавоб берди. Кейин пайғамбар с.а.в. сўради: “Сен ундан шикоятинг борми?” У жавоб қилди: У уйга келади ва доим: “Аллоҳнинг Элчиси с.а.в. айтдилар, Аллоҳнинг Элчиси айтдилар...” деб айтади. Пайғамбар с.а.в.: “Унинг мен ҳақимда айтган гаплари ҳафифат, Билол алдамайди. Сен уни хафа қилма, акс ҳлда сенинг эзгу ишларинг Билол норози бўлгунча қабул бўлмайди” (Ибн Асокир).
Билол р.а.дан 20 дан зиёд саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Саҳобийлардан ҳадис ривоят қилганлар: Усома ибн Зайд, Баро ибн Озиб, Тариқ ибн Шиҳоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Каъб ибн Озират ва Ваҳб ибн Абдуллоҳ, тобеинлардан: Асвад ибн Язид, Шаҳр ибн Ҳавшаб, Абдурахмон ибн Абу Лайл ва бошқалар.

***

             Билол Росулуллоҳ билан барча ғазавотларда қатнашиб, намозларда азон айтиб, уни зулматдан нурга олиб чиққан, қулликдан озодлик сари элтган ушбу буюк динга ҳар томондан ёрдам бериб, ҳимоя қилиб яшади..
            Яшар экан, Ислом шаъни улуғланиб, мусулмонлар шони ўсиб борди.. Ўз амаллари ила Росулуллоҳ қалбига қанчалик яқин бўлиб, у зотдан олқиш, "жаннат аҳлларидан бири" деган улуғ сўзни эшитишига қарамай, ўша ўша Билол бўлиб, кишилар учун ҳеч нарсани аямайдиган, камсуқум Билол бўлиб қолаверди, ўзини "кечагина қул бўлиб юрган одам" дейишдан нарига ўтмади..
           Билол р.а.ни “Пайғамбарнинг муаззини” деб номлашди, “Ислом муаззини” деб эмас. Чунки у фақатгина Пайғамбаримиз с.а.в. ҳаётликлари чоғидагина азон айтди. У кишининг вафотларидан кейин фақатгина бир марта азон айтди.
           Росулуллоҳ Оллоҳ ҳузурига барча нарсадан кўнгиллари тўқ, хурсанд ҳолда йўл олдилар, омонатларини топширдилар.. Ортидан мусулмонлар ишини халифалари – ўринбосарлари Абу Бакр бошқара бошлади..
        Бир куни Билол пайғамбар халифаси олдига кириб:
- Эй пайғамбар халифаси, мен Росулуллоҳнинг "Мўмин амалининг энг афзали жиҳоддир" деётганларини эшитдим, деди.
- Нима истайсиз, эй Билол?
- Ўлгунимга қадар Оллоҳ йўлида рибот* қилмоқни хоҳладим..
- Бизга ким азон айтиб туради?
Шунда Билол кўзи жикка ёшга тўлиб, юзига оқар экан, деди:
- Росулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтиб бермоқчи эмасман..
- Қолинг, биз учун ҳам айтиб туринг..
- Сизники бўлишим учун мени озод қилган бўлсангиз, майли, сиз айтгандай бўлсин... Лекин Оллоҳ учун озод қилган бўлсангиз, менинг ўзимга қўйиб беринг...
- Балки, Оллоҳ учун озод қилганман, эй Билол...
         Шу ерда ровийлардан икки хил ривоят келган... Баъзилар Билол Шомга сафар қилиб, ўша ерда жиҳодда, риботда қолган дейишса, баъзилар Абу Бакр илтимосига кўра охири Мадинада қолишга рози бўлган, Абу Бакр вафотидан кейин Умар халифаликка ўтирганда рухсат сўраб, Шомга жўнаб кетган, дейишади...
Нима бўлганда ҳам, Билол қолган умрини Ислом ҳудудларидан бирида жанговар ҳимояда туриш учун ўтказишга азм қилган, Оллоҳ ва Расулига улар хуш кўрадиган энг яхши амал билан рўпара бўлишга қатъий қарор қилган эди..
Энди у ўзининг ширин, ширали, салобатли овозини кўтариб азон айтишдан тўхтаган эди.. Чунки азонида "ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ" – "Муҳаммад Оллоҳ пайғамбари, деб гувоҳлик бераман" ни айта бошлаши билан томоғига бир нарса келиб тиқилар, бурунги хотиралар қўзғалиб кетиб, ич-ичидан келган ҳиқиллаш олдида овози қирқилиб қолар, сўзлар давомини кўзидан селдек оқаётган кўз ёшлари айтар эди...
Унинг охирги азони амирул муъминин Умар Шом диёрига борганида бўлган эди.. Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди..
Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди..
Билол чиқиб азон айтди... Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Росулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди.. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар... Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди..

Билол ўзи хоҳлаганидек, Шомда, Оллоҳ йўлида риботда турган ҳолда вафот этди..
Ҳозирда, Дамашқ тупроғи тагида эътиқод ва виждон эркинлигини ҳимоя қилган, башарият улуғларидан бирининг жасади ётибди...

Гўзал Аҳлиддин қизи
 
« Олдинги   Кейинги »