Оҳод хабарнинг қуввати ва заифлигига қараб тақсимланиши Принтер учун
01.11.2010 й.
Оҳод хабар машҳур бўлсин, азиз бўлсин ёки ғарийб бўлсин, қуввати ва заифлигига қараб иккига бўлинади:
1. Мақбул.
«Мақбул хабар» хабар берувчисининг содиқлиги устин келган хабардир.
Мақбул хабарни ҳужжат шаклида қабул қилиш ва унга амал қилиш вожибдир.
2. Мардуд.
Рад қилинган, қабул қилинмаган хабар. У, хабар берувчисининг содиқлиги устин бўлмаган, яъни унинг ростгўй эмаслиги аниқланган хабардир.
Мардуд хабарни ҳужжат қилиб келтириб бўлмайди ва унга амал қилиш вожиб эмасдир.
Мақбул хабарнинг ҳам, мардуд хабарнинг ҳам бир неча қисмлари бор. Уларни, иншоаллоҳ, келгуси икки мустақил матлабда батафсил равишда зикр қилинади.
БИРИНЧИ ҚИСМ
МАҚБУЛ ХАБАР

УШБУ ҚИСМДА ИККИ МАҚСАД БОР:
Биринчи мақсад: мақбулнинг қисмлари.
Иккинчи мақсад: мақбул хабарнинг «амал қилинадиган» ва «амал қилинмайдиган»га тақсимланиши.

БИРИНЧИ МАҚСАД
МАҚБУЛ ХАБАРНИНГ ҚИСМЛАРИ

Мақбул хабар, унинг мартабалари тафовутига нисбатан қараладиган бўлса, икки бош қисмга бўлинади. Уларнинг бири «саҳиҳ», иккинчиси «ҳасан»дир. Ўша «саҳиҳ» ва «ҳасан»ларнинг ҳар бири иккитадан фаръий қисмларга тақсимланади. Мана шундан кейин мақбулнинг қисмлари тўрттага етади.
1. Ўзи саҳиҳ хабар.
2. Бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган хабар.
3. Ўзи ҳасан хабар.
4. Бошқанинг сабаби ила ҳасан бўлган хабар.
Энди ушбу қисмлар тўғрисида батафсил сўз юритамиз.

САҲИҲ

Аввал айтиб ўтилганидек, саҳиҳ хабар икки қисмга бўлинади. Ўзи саҳиҳ хабар ва бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган хабар. Дастлаб ўзи саҳиҳ хабар ҳақида сўз юритилади.
Ўзи саҳиҳ хабар(ҳадис)нинг таърифи
Луғатда «саҳиҳ» «сақим»(бемор)нинг зиддидир. Аслида, «саҳиҳ» ёки «сақим» сўзини луғатда жисмоний нарсаларга ишлатилади. Мисол учун, бирор кишининг жисми саломат бўлса, «саҳиҳул жисми» дейилади. Бирор кишининг жисмида беморлиги – хасталиги бўлса, «сақимул жисми» дейилади. Демак, аслида, «саҳиҳ» ва «сақим» сўзлари жисми бор нарсаларга ишлатилади. Лекин бу икки сўзни ҳадис ва бошқа маъноларда мажоз йўли билан ишлатилиб, уларни ҳам «саҳиҳ» ёки «сақим» дейилади.
«Мусталаҳул ҳадис» илми уламолари истилоҳида эса: «Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шозз ва иллатли бўлмаган ҳадисдир.
Зикр қилинган таъриф бир неча ишларни ўз ичига олган бўлиб, ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун ўша зикр қилинган нарсалар ҳаммаси йиғилган бўлиши шарт.
1. Санаднинг улашиб келиши.
Ҳадиснинг ровийларидан ҳар бир ровий ўзидан олдинги ровийдан хабарни тўғридан-тўғри олган бўлсин. Худди шу нарса санаднинг аввалги ровийидан бошлаб охиргисигача шундай бўлиши керак. Орада бирор киши тушиб қолмаслиги шарт.
2. Ровийнинг адолатли бўлиши.
«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақиймлик ва одилликни ифода этади. «Адолатли одам» деганда, гапидан ва ҳукмидан рози бўлинадиган одам тушунилади.
Уламолар истилоҳида эса: «Адолат инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакасидир».
Бошқа бир таърифда эса: «Адолат дийндорликни лозим тутишга ва тақво ҳамда мурувватни муҳофаза қилишга олиб борувчи малака бўлиб, ўз эгасининг содиқлиги ва омонатига ишонч қозонтиради», дейилади.
Ровийда адолат мавжуд бўлишлиги учун унда қуйидаги тўртта шартнинг бўлиши талаб этилади:
1. Исломда бўлиши.
2. Балоғатга етган бўлиши. Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.
3. Ақлли, яъни соғлом ақлли бўлиши керак. Ақлида камчилик бўлган одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.
4. Тақводорлиги. Гуноҳ қилган, рухсат берилган бўлса-да, мурувватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўйган одамларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди. Бу тоифага гуноҳи кабийра қилганлар, дийнда бидъат чиқарганлар ва ҳадисдаги хизмати учун ҳақ олганлар ҳам киради. Мурувватсизлик ва бепарволик эса, кўча-кўйда таом емоқ, кўп ҳазил қилмоқ, беодоб кишиларга ҳамсуҳбат бўлмоқ каби нарсалардан иборатдир.
Ривоятда келишича, имом Бухорий бир кишида ҳадис борлигини эшитиб, узоқ йўл юриб, уни топиб борганлар. Қарасалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга унда ем бор қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий: «Ҳайвонни алдашга журъат қилган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.
3. Ровийнинг ҳадиси қабул бўлиши учун у зобтли бўлиши лозим.
«Зобт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади.
Уламолар истилоҳида эса: «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлашини таъминловчи малака зобтдир».
Бу эса, икки йўл билан ҳосил бўлади.
Биринчиси: хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиш.
Иккинчиси: Ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиш.
«Мусталаҳул ҳадис» уламолари зобтнинг икки хил бўлишини айтганлар. Қалбнинг зобти ва китобнинг зобти.
Қалбнинг зобтидан мурод ҳадис ўзига етганда ёдлаб олиб, керак бўлганда дарҳол айтиб бериш малакасига эга бўлишдир.
Китобнинг зобтидан мурод эса, ҳадисни ёзиб олгандан бошлаб уни бошқаларга етказгунча аъло даражада сақлашдир. Китобни яхши сақламайдиган шахсга бермайди. Чунки, у китобдаги бирор нарсани ўзгартириб ёки алмаштириб қўйиши мумкин.
Агар ровий бироз эҳтиётсизликка, бепарволикка йўл қўйган бўлса, ривояти қабул қилинмайди. Шунингдек, эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилмаётган бўлса ҳам, ривояти тарк этилади. Баъзи вақт ва маконларда бўшроқ гапирган бўлса ҳам, қабул қилинмайди. Баъзан устозидан кучли, баъзисида кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам, қабул қилинмайди.
Бир нарсани ёд олишда, ёд олган нарсасини ўзгартирмай олиб юришда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни ўн беш асрдан буён бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай ёд олиб, сақлаб келмоқда. Қорилар ҳузурида ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қуръонни ўқиб олган одам қори ҳисобланмайди, аксинча, устознинг оғзидан эшитиб, унга ўзига ўхшатиб ўқиб бериб, изн олган шахсгина қори ҳисобланади.
Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман, Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиш орқали қабул қилинган. Ҳамма нарсада асосий эътибор ёд олишга қаратилган. Ҳатто баъзи ёзишни биладиган кишилар айрим нарсаларни ёзсалар ҳам, ёд олиш учун ёзганлар. Ёд олиб бўлган нарсаларини ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло ўзининг охирги дийнига ёзишга эмас, ёд олишга суянган халқни, ана шунга одатланган Набийни ихтиёр қилиши ҳам бежиз эмас.
Тарих китобларида ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп. Халийфа Ҳишом ибн Абдул Малик имом Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди. Имом Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй, ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик имом Зуҳрийни кўриб: «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз», деганида, имом Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейин биринчи китоб топилганда, солиштириб кўриб, бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган.
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд Ал-Хаффоф: «Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини аниқладик», – деган.
Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтадики, Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим: «Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам, ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик, у: «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ёзган нарсаларингизни кўрсатинг-чи», – деди. Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик. Шунда у: «Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?» – деди.
Ана ўшанда биз унинг олдига биров туша олмаслигини билган эдик».
4. Шозз бўлмасин.
«Шозз» дегани, ровий санади ва матнида ишончли кишиларнинг айтганига тескари зиёда ёки нуқсон киритган бўлмасин, деганидир. Агар озгина ўзгариш бўлса ҳам, ҳадиснинг саҳиҳлиги қолмайди.
5. Иллати бўлмасин.
«Ҳадис иллатли бўлмасин» дегани, махфий, тушунарсиз нарса ҳадисга кириб қолмасин, деганидир. Агар шу нарса бўлса, ҳадиснинг саҳиҳлигига футур етказади. Гарчи сиртидан саломат бўлиб кўриниб турган бўлса ҳам.

Саҳиҳ ҳадиснинг шартлари
Саҳиҳ ҳадис таърифининг шарҳ қилинишидан аён бўляптики, ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун қуйидаги бешта шарт мужассам бўлиши керак.
Биринчиси: санади бардавом улашган бўлиши.
Иккинчиси: ровийларнинг адолатли бўлиши.
Учинчиси: ровийларнинг зобтли бўлиши.
Тўртинчиси: ҳадис иллатли бўлмаслиги.
Бешинчиси: шозз бўлмаслиги.
Агар ушбу зикр қилинган шартлардан бирортаси вужудга келмай қолса, бундай ҳадис «саҳиҳ» деган номни ололмайди.
Саҳиҳ ҳадиснинг мисоли имом Бухорий «Саҳиҳ»ида чиқарган қуйидаги ҳадисдир. У киши айтадилар:

Бизга Абдуллоҳ ибн Юсуф ҳадис айтди, у: «Бизга Молик хабар берди», деди. У Ибн Шиҳобдан, у Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан, у отасидан айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шом намозида «Тур» сурасини қироат қилганларини эшитдим».
Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадис саҳиҳдир. Чунки, унда қуйидаги шартлар мавжуддир:
1. Унинг санади муттасилдир.
Ушбу ҳадиснинг ровийларининг ҳар бири уни ўз шайхидан эшитган. Аммо Молик, Ибн Шиҳоб, Ибн Жубайрнинг «ан», «ан» дейишлари, улашиб кетишга ҳамл қилинади. Чунки, имом Молик, ибн Шиҳоб, ибн Жубайр тадлийс (ўз айбини беркитиш учун сўзни буриб айтиш) қилишмайди.
Мисол учун: «Мен Аҳмаддан эшитмаганман, аммо (ан Аҳмада) «Аҳмаддан» десам, бўлаверади. «Аҳмаддан эшитганмисиз?» деб сўраса, «эшитмадим» деб айтаман. Лекин (ан Аҳмада) «Аҳмаддан» деб кетсам, одамлар «Аҳмаддан эшитган экан» деб ўйлайди. Баъзи бир ровийлар, ўзини кучли қилиб кўрсатиш учун шу каби тадлийс қилганлар. Ишончли ровийлар, одатда, «эшитдим» дейиш ўрнига «ан» деганларида ўзлари эшитганларини «ан» дер эканлар. Улар гап ўйини қилиб, ўзининг эшитмаганини яшириш учун «ан» ҳарфини ишлатишмас экан.
2. Бу ҳадисдаги ровийларнинг ҳаммаси ҳам адолатлидир.
3. Бу ҳадисдаги ровийларнинг ҳаммаси ҳам зобтли зотлардир.

Буларнинг адолатли ва зобтли эканини қаердан биласиз, деб сўралса, жарҳ ва таъдийл уламолари буларни ўрганишган. Яъни, ҳадис ровийларининг ҳаётини ўрганиб, қай бири ишончли, қайсиниси ишончли эмас, қайсинисида жарҳ бор, қайсинисида адолат борлигини айтишган. Мана шу ўрганиш инсоният тарихидаги инсонларнинг ҳолини аниқлаш бўйича энг буюк ўрганиш ҳисобланади. Инсонни ўрганиш асоси мана шундан бошланган. Бугунги кунда хорижликлар «гуманитар», яъни «инсоний илмлар», дейдиган илм мана шундан бошланган. Инсоннинг қаерда туғилгани, ўсгани, қаерда ўқигани, рост гапирадими, алдайдими ва бошқа ҳолатларининг ҳаммасини муҳаддислар ўрганишган. Гуманитар илмларга пойдеворни муҳаддислар қўйган.

Мазкур жарҳ ва таъдийл (ровийларнинг айбли ва адолатли эканини аниқлаш) илми уламолари юқорида биз мисол қилиб олган саҳиҳ ҳадиснинг ровийлари ҳақида қуйидаги маълумоларни берганлар:
1. Абдуллоҳ ибн Юсуф (имом Бухорийнинг шайхи): Ишончли одам, ҳар бир нарсани яхшилаб бажарган зобтли олим.
2. Молик ибн Анас: Мазҳаб боши, ҳофиз, ишончли киши.
3. Ибн Шиҳоб Зуҳрий: Фақиҳ, ҳофиз ва ҳамма тарафдан машҳур зот.
4. Муҳаммад ибн Жубайр: Ишончли зот.
5. Жубайр ибн Мутъим: Саҳобийлардан.
6. Жубайр ибн Мутъимнинг отаси ҳам саҳобий.
4. Бу ҳадис шозз эмасдир.
Бундан бошқа ишончли ровийлар ривоят қилган ҳадисларнинг бунга тескари бўлган жойи йўқ.
5. Бу ҳадисда бирорта иллат йўқ.
Шунинг учун бу ҳадисни «саҳиҳ» деймиз.
Аввал саҳиҳ хабар – ҳадис «ўзи саҳиҳ хабар» ва «бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган хабар»га бўлинишини айтилган эди. Юқорида «ўзи саҳиҳ хабар» ҳақида сўз юритилди. Яъни, ўзида бор сифатлари ила саҳиҳ бўла олган ҳадис ҳақида маълумотлар берилди. Бунда саҳиҳ саналиши учун керак бўлган шартларни ўзида мужассам қила олган ҳадис – «саҳиҳ лизатиҳи» – «ўзи саҳиҳ бўлган ҳадис» дейилишини ва унинг шартларини батафсил ўрганиб чиқдик.
Энди эса, бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган ҳадис ҳақида сўз юритамиз. Бундай ҳадисни араб тилида «саҳиҳ лиғойриҳи» дейилади.

САҲИҲ ЛИҒОЙРИҲИ

«Саҳиҳ лиғойриҳи», яъни «бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган ҳадис»нинг таърифи.
Ҳасан лизатиҳи (ўз зоти билан ҳасан) ҳадисни унинг санадига ўхшаган бошқа бир санад билан, бошқа тарафдан ривоят қилинса ёки ундан кўра кучлироқ ҳадис ила қувватланса, «саҳиҳ лиғойриҳи», яъни «бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган» деб номланади.
Чунки, бу ҳадиснинг саҳиҳлиги ўзидан эмас, бошқа тарафдан келяпти. Мана шу гапни қуйидаги математик тенглама орқалик тушунишимиз мумкин бўлади.
Ҳасан лизатиҳи + ҳасан лизатиҳи = саҳиҳ лиғойриҳи.
Саҳиҳ лиғойриҳи – бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган ҳадиснинг мисоли қуйидаги ҳадисдир.
Муҳаммад ибн Амрдан, у Абу Саламадан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Агар умматимга машаққат қилмаганимда, албатта, уларни ҳар намозга мисвок қилишга буюрар эдим».
Термизий ривоят қилган.
«Мусталаҳул ҳадис» илмининг алломаларидан ҳисобланган Ибн Салоҳ айтади: «Ушбу ҳадиснинг ровийларидан Муҳаммад ибн Амр ибн Алқама ростгўйлиги ва зобти ила машҳур одамлардан ҳисобланади. Лекин шу билан бирга, у яхши адо қиладиган эмас. Ҳаттоки баъзи кишилар: «Бу одамнинг ҳофизаси, зеҳни заиф», деганлар. Бошқалар эса: «Бу кишининг ростгўйлиги машҳур, ўзи улуғ одам бўлган», деб обрўсини кўтаришади. Шунинг учун, бу ҳадиснинг ёлғиз ўзи саҳиҳ даражасига кўтарила олмайди. Чунки, Муҳаммад ибн Амрда озгина нуқсон бор. Энди мана шу ҳадис ҳасан бўлиб турибди. Унинг матни бошқа тарафлардан, бир неча йўллар билан ривоят қилинган, мана шу ривоятларни олиб, бунга қўшсак, биз «Муҳаммад ибн Амрнинг ёдлаши заиф, яхши эмас» деб турган нарсамизни тўлдиради. Озгина нуқсон бор эди. Бошқа ҳадислар қўшилиб, ўша нуқсон йўқолди. Шу сабабли ҳасан ҳадис саҳиҳлик даражасига кўтарилди».
Саҳиҳ лиғойриҳи, яъни бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган ҳадиснинг мартабаси ҳасан лизатиҳидан устин ва саҳиҳ лизатиҳидан паст туради. Яъни, саҳиҳ лиғойриҳи – бошқанинг сабаби ила саҳиҳ бўлган ҳадис саҳиҳ лизатиҳи билан ҳасан лизатиҳи иккисининг ўртасида туради. Шунинг учун, аввал айтиб ўтганимиздек, ҳадис илмининг уламолари бу турдаги ҳадисни саҳиҳ лизатиҳи ҳадисдан кейинги иккинчи ўринга қўйишади.
 
Саҳиҳ ҳадиснинг ҳукми
Саҳиҳ ҳадисга амал қилиш вожибдир. Бу, аҳли ҳадисларнинг ижмоъи ила собит бўлган ҳукмдир. Шунингдек, усулул фиқҳ олимлари, фуқаҳолардан эътиборли бўлган кишилардан ҳаммаси: «Саҳиҳ ҳадисга амал қилиш вожибдир», деганлар.
Саҳиҳ ҳадис шариатнинг ҳужжатларидан бир ҳужжатдир. Мусулмон киши унга амал қилишни тарк этиши мумкин эмасдир.
Агар умматнинг кўпчилиги унинг хилофига амал қилса ҳам, саҳиҳ ҳадисга зарар етмайди. Чунки, кўпчиликнинг гапи ҳужжат бўла олмайди, қолаверса, уларга ҳадис етмаган бўлиши мумкин.
Агар бирор киши амал қилмаса ҳам, саҳиҳ ҳадисни қабул қилиш лозимдир.
Фақат биргина саҳобийнинг ривоят қилиши ҳадиснинг саҳиҳлигига зарар етказмайди.
Ҳар бир саҳиҳ ҳадисни ҳам оммага айтилаверилмайди. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир:

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. Ул зот:
«Эй, Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нима-ю, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», – дедим.
«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи – уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалладаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобламаслигидир» – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ, одамларга башорат берайми?» – дедим.
«Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», – дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ҳадисдан, агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтириб чиқарадиган бўлса, хушхабар бўлган чоғида ҳам, кўпчиликка айтмай туриш лозимлигини тушунамиз. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз.
Чунки, ушбу ҳадисда одамларни Аллоҳнинг ибодатига чақириш, У зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўлса ҳам, одамлар буни нотўғри тушуниб аксинча маъно беришларидан, бунга суяниб қолиб амални тарк этиб қўйишларидан чўчиб, хабарни тарқатиш манъ қилинди.
Ҳадисларда, хусусан, саҳиҳ ҳадисларда келган маълумотлар ҳақида «бу ақлга тўғри келмайди», «бўлиши мумкин эмас» каби гапларни айтиш мутлақо мумкин эмас. Бунинг ўрнига «Бу гапни тушуниб етишга менинг илмим етишмаяти» дейиш керак.

Уламоларнинг «Бу ҳадис саҳиҳдир», «Бу ҳадис саҳиҳ эмасдир» деган гапларидан мақсад нима?

Уламоларнинг «Бу ҳадис саҳиҳдир» деган гаплари «Бу ҳадис аввал айтиб ўтилган бешта шартни ўзида мужассам қилгандир» деган маънодадир.
Бу ерда «Мана шу ҳадисни саҳиҳ демасак, иложи йўқ» деган даъво йўқ. Баъзан ишончли одамлар ҳам хатога йўл қўйиши ёки унутишлари мумкин. Нима бўлганда ҳам, улар инсон эканини унутмаслик керак. Лекин ўзида мазкур бешта шартни мужассам қилган ҳадисни «саҳиҳ» деб айтилаверади.
«Бу ҳадис саҳиҳ эмасдир» деб баҳо берилган бўлса, ана шу бешта шартнинг ҳаммаси ёки бирортаси бўлмагани учун шундай дейилган бўлади. Аслида, бу гап тўғри ҳам бўлиши мумкин, лекин «саҳиҳ ҳадис» даражасига етмайди. Чунки, бешта шартдан ҳаммаси ёки баъзи бирлари йўқ бўлиши мумкин. Бу дегани «мазкур ҳадис ёлғон гапдан иборат» дегани эмас. Чунки, кўп хато қиладиган одамнинг ҳамма гапи ҳам хато бўлавермайди.
Баъзи бир санадларни жазм билан «Мана шу санад энг саҳиҳ санаддир» деб айтса, бўладими?
Бу маънода баъзи бир санадларни «энг саҳиҳ санад», «мутлақ саҳиҳ» деб жазм билан айтиб бўлмайди. Уламолар мана шу гапни ихтиёр қилишган. Чунки, ҳадис саҳиҳлигининг мартабалари турлича бўлиши унинг санади саҳиҳлик шартларини ўзида мужассам қилишига боғлиқдир. Шунинг учун, «Бу санад энг кучли санад, энг саҳиҳ санад, бундан бошқаси бундан кейин туради», деб айтишдан ўзини тутган яхшироқ.
Шундай бўлса ҳам, баъзи бир имомлардан «Энг саҳиҳ санад шудир» деган гаплар нақл қилинган. Ана шу нақлларни ўрганиб кўрилса, ҳар бир имом ўзининг наздида, унинг билимида кучли келган нарсани устин қўйгани келиб чиқади. Бунинг мисоли тарийқасида қуйидагиларни айтишимиз мумкин бўлади.
1. Зуҳрийдан, у Солимдан, у отаси (Абдуллоҳ ибн Умар) дан.
Мана шу санадни «энг яхши санад» деган гап Исҳоқ ибн Роҳавайҳи ва имом Аҳмаддан ривоят қилинган.
2. Ибн Сийрийндан, у Абийдадан, у Алидан.
Мана шу уч кишидан қилинган ривоятларни ҳам «энг яхши санад» дейилар экан. Буни Ибн Мадийний ва Фаллос ривоят қилишган.
3. Аъмашдан, у Иброҳимдан, у Алқамадан, у Абдуллоҳдан.
Бу санад Ибн Маъийн деган катта муҳаддиснинг санадлари ҳисобланади.
4. Зуҳрийдан, у Али ибн Хусайндан, у отасидан, у Алидан.
Бу санаднинг энг яхши экани ҳақидаги гап Абу Бакр ибн Шайбанинг китобларида келган.
5. Моликдан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан.
Бу санад имом Бухорийнинг китобларида энг яхши санадлардан саналган экан.

Фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлаган биринчи китоб ҳақида:
Саҳиҳ ҳадисларни алоҳида жамлаб тузилган китоб «Саҳиҳи Бухорий» китобидир. Ундан кейин Муслимнинг «Саҳиҳ»и келади. Шу икки саҳиҳ китоб Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб саналади. Ислом уммати мана шу икки китобни қабул қилишга ижмоъ қилган.

Бухорий ва Муслимдан қайси бирлари саҳиҳроқ?
Бу саволга жавоб бериладиган бўлса, Бухорий саҳиҳроқ, дейилади. Бухорийнинг китоби мазкур икки китобнинг ичида фойдаси кўпроғидир.
Чунки, Бухорийнинг ҳадисларининг ровийларининг бир-бирига етишиши жуда ҳам кучли ва ишончли. Мисол учун, имом Бухорий лиқо(учрашиш)ни шарт қилган. Яъни, бир ровий шайхидан ривоят қилаётган бўлса, у билан учрашганининг исботи бўлиши керак.
Имом Муслимда эса, икки ровий бир замонда яшаса, бўлаверади, деганлар.
Шу билан бирга, Бухорийнинг китобида фиқҳий ҳукмнинг жуда нозик нуқталарини ҳам баён қилинган ўринлар кўп. Бу каби нарсалар «Саҳиҳи Муслим»да йўқ.
Мазкур икки китобдаги ҳадисларнинг ҳаммасини олиб туриб баҳо берадиган бўлсак, «Бухорийнинг китоби кучлироқ, саҳиҳроқ» дея ҳукм қилинади. Аммо, баъзи бир якка ҳадисларни оладиган бўлсак, Бухорийникидан кўра Муслимники кучлироқ бўлган ҳолатлар ҳам бор.
Баъзилар: Муслимнинг «Саҳиҳ»и яхшироқ, деганлар. Аммо бу гап тартибга хос, холос. Лекин биринчи гап, яъни «Имом Бухорийнинг саҳиҳ китоблари кучли», деганларнинг гапи тўғридир.

Имом Бухорий билан имом Муслим ҳамма ҳадисларни қамраб олишганми ёки лозим тутишганми?

Имом Бухорий билан имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» деб номлаган китобларида саҳиҳ ҳадисларнинг ҳаммасини қамраб олган эмаслар, лозим ҳам тутмаганлар.
Имом Бухорийнинг ўзлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: «Жомеъ китобимда фақат саҳиҳни зикр қилдим ва узун бўлиб кетмаслиги учун саҳиҳлардан тарк қилганларим ҳам бор».
Имом Муслим айтадилар: «Бу ерда ҳамма нарсани «саҳиҳ» деб қўйганим йўқ, балки мен (муҳаддислар) саҳиҳлигига ижмоъ қилишган ҳадисларни қўйдим».

Имом Бухорий ва имом Муслим саҳиҳ ҳадислардан кўпини қолдиришганми ёки озиними?

Ҳофиз ибн Ахрам: «Икковларидан озгина нарса қолган», деган. Лекин кўпчилик бу гапни инкор қилган, қабул қилмаган.
Гапнинг тўғрисини айтиладиган бўлса, имом Бухорий ва имом Муслимнинг китобларига киритилмаган саҳиҳ ҳадислар кўпдир.
Имом Бухорийнинг ўзлари: «Мен тарк қилган саҳиҳ ҳадислар кўпроқ», деганлар.
Бошқа жойда: «Мен юз мингта саҳиҳ ва икки юз мингта саҳиҳ эмас ҳадисни ёд биламан», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларидаги саҳиҳ ҳадисларнинг сони нечта?

Имом Бухорийнинг китобларидаги саҳиҳ ҳадисларнинг сони, такрори билан ҳисоблайдиган бўлсак, 7275 тадир. Такрорсиз 4000 тадир.
Имом Муслимнинг китобларидаги саҳиҳ ҳадисларнинг сони, такрори билан ҳисобланса, 12000 тадир. Такрорсиз 4000 атрофида.

Имом Бухорий ва имом Муслимнинг китобларига кирмай қолган саҳиҳ ҳадисларни қаердан топамиз?

Ўша ҳадисларни машҳур ва мўътабар ҳадис китобларидан топамиз. Мисол учун, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ» китобларидан. Ҳокимнинг «Мустадрак»идан, Термизий, Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можанинг «Сунан» китобларидан. Шунингдек, «Сунани Дорақутний» ва «Сунани Байҳақий» ва бундан бошқа ҳадис китобларидан топишимиз мумкин.
Мазкур икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларнинг баъзилари ҳақида қисқача маълумотлар кейинги бобларда баён этилади.
 
« Олдинги   Кейинги »