007-дарс. (Рõ ва зãа ҳарфлари) Принтер учун
26.10.2010 й.
Режа:
1.    Рõ ва зã ҳарфлари.
2.    Рõ ундоши.
3.    Зã ундоши.

Таянч сўзлар ва атамалар

 

Тил уч юзаси

Тил олд юзаси

Танглай олди

Юқори олди тишлар

Пастки олд тишлар

Йўғон, ингичка ўқиш

 

 Рõ ва зã ҳарфлари
Рõ ва зã ҳарфлари шаклан бир хил бўлиб, уларнинг орасини зãдаги бир нуқта ажратиб туради. Аммо улар талаффуз борасида тамоман фарқлидир.
Ўтган дарсда биз унлилар ва бир ундош, ҳамза ундоши билан танишган эдик. Энди эса ر   ва  ز  товушларини ўрганамиз.

 ر ундоши
5. Рõ тил олд юзасининг танглай олдига ёпишгудек титраган ҳолда урилиши ва шу жойда жуда ҳам кичик бир тирқич юзага келиб, овознинг ундан оқиб ўтиши натижасида ҳосил бўлади. У араб тилидаги ягона титроқ товушдир. 
islom.uz
 Изоҳ: Аввалда ишора қилинганидек, рõ товуши икки хил талаффузга эга. Яъни, айрим ўринларда оддий айтилса-да, айрим ўринларда истеъло товушларида бўлганидек, ҳалқум торайиб, тил орқаси юмшоқ танглайга кўтарилган ҳолда, бироз куч билан талаффуз этилади. Лекин, бу ҳолат айни истеълодагидек даражада бўлмаслигини унутмаслик лозим.
Рõ товуши фатҳа ва замма таъсирида бўлганида йўғон, касра таъсирида бўлганида ингичка айтилади. Буни машқларни эшитиш мобайнида ҳам англаб олишингиз мумкин.
Қуйида рõ товушининг ҳар икки ҳолати учун алоҳида сурат берилган, сиз уларда тилнинг ҳолатига алоҳида эътибор беринг.
islom.uz
 
 Бу товушнинг талаффузида ҳавони эркин қўйишдан, тилни қаттиқ ва кўп титратишдан эҳтиёт бўлиш керак. Хусусан, у сукун ҳолатида бўлганида бунга янада кўпроқ эътибор бериш лозим. Акс ҳолда бир ўринда бир неча ر ҳосил бўлиб кетади.
 
7-машқ. 
  
رَ       ـرِِ       ـرُ
أَرْ   إِرْ   أُرْ      رَا   رِى   رُو      أَرْءَ   أَرْءِ   أَرْءُ

11-топшириқ. Сўзларнинг ўқилишига эътибор билан қулоқ солинг, ر товушининг қачон ва қандай талаффуз этилишига аҳамият бериб боринг ва эшитганингиздек айтишга ўрганинг.

12-топшириқ. Қуйидаги машқ асносида ر ни йўғон талаффуз этишни ўзлаштиринг.
رَ   رَ    رَا   رَا     أَرْ   أَرْ      رُ   رُ    رُو   رُو    أُرْ   أُرْ

13-топшириқ: Қуйидаги машқ асносида ر ни ингичка талаффуз этишни ўзлаштиринг.
رِ   رِ   رِ      رِى   رِى   رِى      إِرْ   إِرْ   إِرْ
 
islom.uz

ز  ундоши
 
6. Зã товуши тил уч юзаси ҳамда юқори ва пастки олд тишларнинг ички тарафидан, пастки тишлар қирғоғига урилиб чиқади.
Изоҳ: Бунинг учун олдидаги юқори ва пастки тишлар ўзаро тўқнашгудек даражада яқинлаштирилади, аммо ёпиб олинмайди ва тил уч юзасини уларнинг ички томонига теггудек даражада жипслаштирилади, натижада тил ва тишлар орасида тор тирқич вужудга келади (суратга қаранг). Чиқаётган овоз шаклидаги ҳаво оқими ушбу тирқичдан қисилиб, сирғалиб ўтади. Натижада зã ундоши ҳосил бўлади. Унинг талаффузида ҳавонинг пастки тишлар қирғоғига урилиб ўтишига эътибор бериш керак. Бу товуш ўзбек тилидаги «з»дан кўра кучлироқ, тиниқроқ айтилади ва у каби «с»лашмайди, масалан, эссиз - эссис бўлгани каби. Бинобарин, уни бундай талаффуз қилиш хато ҳисобланади.

8-машқ. 
   

زَ       ـزِِ       ـزُ
أَزْ    إِزْ    أُزْ    رَزْ    زَرْ    زِرْ    زُرْ    رِزْ   رُزْ
زَا    زِى    زُو    زَارَ    زُورَ    أَزْرُ    إِزْرُ    أُزْرُ   
أُرْزُو     إِزْرِى     رَازِى      أَزْرَءَ     إِزْرِءِ     اُزْرُءُ
Мулоҳазалар:
•    Рõ товушининг талаффузида тил танглай ичкарисига тортилиб кетиши кўп учрайди. Бунда рõ аниқ талаффуз этилмай қолади. Уни тиниқ айтиш учун тилни айнан танглай олдига, милкнинг тепасига уриш лозим.
•    Рõ ундошини йўғон талаффуз этишни, одатда, «тафхим»  (йўғонлатиш) деб, ингичка айтишни эса, «тарқиқ», (ингичкалатиш) дея юритилади.
•    Рõнинг тафхимидан олдин асл ҳолида аниқ айтишни ўзлаштириб, кейин уни тафхим ёки тарқиқ ҳолати устида машқ қилинса, машғулот осон кечади.
•    Рõдаги титроқлик сифати бошқа товушларда йўқ. Аммо бу сифат агар меъёрдан ошиб кетса бир нечта рõ талаффуз этилиб кетади. Бунга асосан унинг махражидаги тирқишни беркитиб қўйиш сабаб бўлади. Ўзбек тилида ҳам р товуши титроқ товуш ҳисобланади. Бироқ унда биз ўрганаётган родаги даражада титраш ва аниқлик йўқ.
•    Рõ ҳарфи ҳам бошқа ҳарфлар қатори албатта икки суратнинг бирида бўлади: ҳаракатли, сукунли.
Ҳаракатли бўлганида фатҳа ёки заммали бўлса тафхим, касрали бўлса, тарқиқ қилиб ўқилади
Сукунли бўлганида эса, фатҳа ёки заммали ҳарфдан кейин ўқилса, тафхим, касра сўнгидан тарқиқ билан ўқилади.
•    Зã товушини доимо аниқ айтишда ҳавони махражга тўғри йўналтиришнинг аҳамияти катта. Бунда уни бироз куч билан талаффуз этилади.
14-топшириқ:
-  ر товушининг махраж ва талаффузини айтиб беринг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:
-  ر қайси сифатига кўра ягона товушдир?
- ر  ундоши неча хил талаффузга эга?
- ر товуши асли қандай ундошлар туркумига мансуб?
- ر  товуши қайси ўринларда йўғон, қачон ингичка айтилади?
-  ر товуши ниманинг эвазига йўғонлик касб этади?
-  ر ундошининг ўзбек тилидаги «р»дан қандай фарқи бор?
-  ز товуши қаердан қандай ҳосил қилинади?
-  ز товуши қандай товушлар туркумига мансуб?
-  ز ундошининг ўзбек тилидаги «з»дан қандай фарқи бор?

 

 
« Олдинги   Кейинги »