Ийд рамазон маърузаси (1990 й.) Принтер учун
14.07.2015 й.
 
Ўзбекистон радиосининг «Оқшом тўлқинларида» ахборот-мусиқий эшиттириши орқали берилган ушбу ваъз, Тошкентдаги «Тилла Шайх» масжидида ийд— Рамазон намози олдидан сўзланган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Вассалоту вассалому ало хайри халқиҳи Муҳаммадин ва ало алиҳи ва асҳабиҳи ажмаийн. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар! Валиллаҳил ҳамд. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар! Валиллаҳил ҳамд. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар! Валиллаҳил ҳамд.
Азиз мўмин мусулмон биродарлар! Муҳтарам жамоат! Аввало, барчангизни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва шахсан ўз номимдан буюк байрам, ийдул-фитр, Рамазон айёми билан чин қалбдан муборакбод этаман. Аллоҳ субханаҳу ва таоло бундай ийдларни биз мусулмонлар бошига такрор-такрор қувончли ҳолда келтирган бўлсин. Азиз биродарлар! Ҳозир сиз билан биз ниҳоятда бир савобли, бахтли, саодатли онларда турибмиз. 30 кун давом этган покланиш даврининг ниҳояси, ўттиз кун давом этган ўзимизни жисман, руҳан ва маънан тозалаш ҳамда катта бир ибодатнинг ниҳояси, шукронаси бўлмиш ҳайит байрамида турибмиз.
Бугунги кун ниҳоятда улуғ ва муборак кун.
Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам вақтидан қолган суннатларимиз, яхши одатларимиз, қиладиган ишларимиз бор. Шу ишларимизнинг энг аввалгиси мана шу бугунгидек ҳайит намозини адо этиш. Бу намозни биргаликда шундай бир катта жамоаларда адо этишимиз ҳам бизнинг динимиз суннатларидандир.
Бугунги кунимиз хурсандчилик ва кувонч, меҳр ва шафқат, биродарлик ва иноқлик кунидир. Шунинг учун, ҳайит кунларида кўчамизда, оиламизда хурсандчиликни намоён қилиш, башошат, яъни очиқ чеҳрани кўрсатишимиз ҳам бизнинг динимиз суннатларидан бўлади. Ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам бериш, кексаларни зиёрат қилиш, ота-оналар, қариндошлару қўни-қўшниларни ҳайит билан табриклаб, уларга озгина бўлса-да, қувонч бахш этишга уриниш — Сиз билан бизнинг биринчи галдаги вазифамиздир. Шунингдек озода кийиниш, хушмуомала бўлиш бугунги ҳайит куни қилинадиган ишларнинг намунасидир.
Азиз биродарлар! Бугунги ийд — Рамазон намози хутбасини жамиятимизда кенг тарқалган, лекин мусулмонларга хос бўлмаган баъзи бир одатларнинг муолажасига бағишламоқчимиз. Чунки, Аллоҳнинг айтганини қилиб бориш билан бирга, қайтарган нарсаларидан қайтиб боришимиз ҳам Сиз билан бизнинг мусулмонлик бурчимиздир.
Ҳозирги кунда жамиятда кенг тарқалган ўғирлик деб аталган қабих одатни олайлик. Ўғирликнинг турли даражалари, масалан, одамларнинг киссасига қўл солиб, уларнинг ҳалол меҳнат билан топган пулларини суғуриб олишдан бошлаб, уйларига босқинчилик қилиб кириб, уларни ўлдириб, мол-мулкини олиб чиқиб кетишгача бўлган ҳолатлари юзага келди.
Ислом динида бировнинг ҳақига кўз олайтириш ниҳоятда катта гуноҳ ҳисобланади. Бошқаларнинг ҳалол меҳнат билан топган пулини унга билдирмасдан ёки қўрқитиб, зўровонлик қилиб олиш бу ниҳоятда қабиҳ бир одат. Бу иш ниҳоятда катта гуноҳ эканлигини пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларидан ҳам билсак бўлади. Ул зоти бобаракот ўз ҳадисларидан бирида марҳамат қилиб айтадиларки: «Ла яориқус сориқу ва хувва ясриқу ва хувва муъминун»—«Ўғри ўғирлик қилиб бировнинг ҳақини олаётганда мўминлиги қолмайди». Яъни ўғрирлик қилиш учун иймондан чиқиш керак экан. Мўминликдан, мусулмончиликдан чиқиш керак экан. Бировнинг ҳаққини олган одамда иймон бўладими?! Бировнинг киссасига қўлини солиб, пулини тортиб олганнинг иймони бўладими?! Бировнинг йўлини тўсиб, қўрқитиб унга хужум қилганнинг иймони бўладими?! Ёки бировнинг уйига кечаси билдирмасдан кириб, унинг мол-мулкини олиб чиқиб кетганнинг иймони бўладими?! Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўғриларнинг жазосини бу дунёда ҳам қаттиқ қилиб қўйган. Қуръони Каримда: «Эркак ёки аёл агар ўғирлик қилсалар қўлларини кесинглар. Бу килган ишларининг жазосидир. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан берилган жазо бўлади»,— дейилган. Нима учун? Чунки ҳалол меҳнат қилмаган қўл — бировнинг ҳалол меҳнат билан топган пулу-молини олишга журъат этган қўл — ҳақиқатдан ҳам кесилишга лойиқ.
Яна жамиятимизда кенг тарқалиб, кишиларимизни ташвишга солиб, ниҳоятда ор, номус бўлиб турган бошқа кўринишлар ҳам бор. Шулардан бири ароқхўрлик. Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни истеъмол қилиб, маст бўлиш оқибати. Мана бу нарса ҳам ниҳоятда оғир гуноҳ. Ароқхўрлик деганимиада, фақат ароқ ичишни ёки шундай номланган ичимликни кўзда тутмаймиз. Балки ҳар бир маст қилувчи нарсани кўзда тутамиз. У афюнми, у қора дорими, у нашами ёки бошка номлар билан номланадими буларнинг ҳаммаси ҳаромдир! Чунки, ҳар бир маст қилувчи нарса Исломда ҳамр деб аталади. Ҳар бир маст килувчи нарса Исломда қаттиқ қораланган ва Аллоҳ тарафидан ҳаром килинган. Кимки мана шу ҳаром килинган нарсаларга қўл урса гуноҳкор бўлади. Бу дунё ва у дунёда ниҳоятда қаттиқ азобга колади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Ароқхўр ароқ ичганда унинг иймони колмайди», дейдилар. Ҳақикатан Аллоҳни эсдан чикарадиган, бандалигини унутадиган ҳолатга олиб борадиган нарса уни истеъмол қилувчини албатта иймондан чиқаради. Маст одам ёки маст бўлиш учун ароқ ичаётган одамда иймон бўлмас экан, биродарлар. Мўминлиги колмас экан. Дунёда бундан катта бадбахтлик йўқ! Дунёда бундан катта гуноҳ ҳам йўқ! Иймондан ажралишдек катта гуноҳ ҳеч қаерда йўқ! Ароқхўрларга шариатимизда мана шундай катта гуноҳ битилган.
Ҳозирги кунда кенг тарқалган иллатлардан яна бири бу зинокорликдир. Зино деганимизда ҳалол никоҳда бўлмаган эркак ва аёлнинг ўзаро жинсий муносабатлари тушунилади. Бу нарса Исломда ҳаром килинган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонда, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам ўз Ҳадиси Шарифларида ниҳоятда қаттиқ услубда қоралаб, баён қилиб ўтган гуноҳи кабира бўлади. Бу нарса инсонлар учун, оилалар учун ниҳоятда катта зарардир.
Зинокорлик — хох эркак хоҳ аёл бўлсин зинокорни мўминлик даражасидан чикаради. «Ло язниз зани ваҳува мўъминун» деган ҳадис бу, Яъни, «Зино қилаётган ҳар бир зинокор мўмин бўлолмайди». Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўз Қурьони Каримида шундай дейди:  «Зино қилувчи аёл ва зино қилувчи эркакнинг ҳар бирини юз даррадан уринглар». (Бақара сураси).
Чунки, бундай иш билан шуғулланганлар ҳам ўзининг ҳақига, ҳам бошқаларнинг ҳақига хиёнат киладиганлардир. Жамиятнинг бузилишига, никоҳсиз болалар туғилишига олиб келадиган, одамлардир. Оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиганлардир. Бунинг устига бу иш билан шуғулланувчи кишилар турли юқумли касалликларга дучор бўладилар. Бошка кишиларни ҳам шундай касалликка гирифтор килади. Оқибатда жамиятда касалманд одамлар кўпаяди. Хиёнат кўпаяди, ҳаром-хариш кўпаяди. Бундай жамият эса ниҳоятда ёмон жамиятга айланади. «Қайси бир жамиятда зино тарқалса,— дейди пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам,— ўша жамиятни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади». Ана шундай нарса тарқалиб кетганлиги сабаб, ота-бобомиз кўрмаган касалликлар ҳам тарқаляпти орамизда. Ҳеч ким эшитмаган, номини билмаган, қанақа булишини тушунмаган касалликлар тарқаляпти. Бунинг ҳаммаси нимадан? Бунинг ҳаммаси мана шу гуноҳ ишларнинг тарқалишидан. Одамлар шу нарсага мойил бўлиб қолганлигининг окибатидир.
Икки-уч йил бўлди — кишида касалликларга қарши қобилиятни йўқотувчи дард пайдо бўлди. Буни рус тилида «спид» дейишмоқда, бу қаердан келиб чиқди? Бу Америкадан келиб чиқди. Гаити, Гаяна деган мамлакатлардан келиб чиқди. Чунки, у ерда зинодан, ҳаром-харишдан ҳеч ким хазар қилмайди. Шунинг учун бу касаллик тарқалиб, ҳозирги асрнинг вабосига айланди.
Агар биз қиламиз десак пок ишлар, ҳалол ишлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буюрган буйруқлар, рағбат билан қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп. Яхшиликлар, хайр-эхсон ишлари ниҳоятда кўп.
Ҳалоллик билан киладиган ишимизни ҳар қанча кўпайтирсак ўзимизнинг бу дунёмизга фойда келтиради. Охиратимизга ҳам заҳира бўла олади. Қиёмат кунида тарозимизни босадиган нарса шу яхшиликларимиз бўлади. Ва жаннатга киришимизга эриштиради.
Илоҳи Парвардигоро! Ўзингнинг улуғ айём кунингда ожизона қўлларимизни очиб дуо қиламиз, дуоларимизни кабул эт!
Парвардигор, ўтган рамазон ойида қилган ибодатимизни даргоҳингда қабул эт. Ўзинг ҳаром қилган ишлардан узок бўлишимизни насиб айла. Орамизда ёмонликларни қиладиган одамлар қолмасин. Ўғрилар, зонийлар, ароқхўрларга бизнинг орамизда ўрин йўқ!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, бундай дардга мубтало бўлганларни ўзинг ҳақ йулингга бошла!
Доимо яхшиликларни килувчи, яхши юрувчи, Ислом шариатига амал килувчилар сонини кўпайтиргин.

Ҳижрий 1410, милодий 1990 йил, 26 апрель.
 
 
« Олдинги   Кейинги »