Тўққизинчи далил. Саҳобийнинг мазҳаби Принтер учун
18.10.2010 й.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бирларининг фикри, ижтиҳоди ва фиқҳий фатволари собит бўлган бўлиб, нақл қилинган бўлса, ана шуни «саҳобийнинг мазҳаби» дейилади.
Усулул фиқҳ уламолари наздида саҳобий – Расулуллоҳ алайҳиссаломга учрашиб, мўмин бўлиб, у кишини узоқ вақт лозим тутган шахс.
Усулчилардан бошқаларнинг наздида, Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўриб, иймон келтирган бўлса, бўлди.
Раъйга ва ижтиҳодга ўрин қолмаган жойда саҳобанинг гапи олинишига ҳамма уламолар иттифоқ бўлишган. Бу борада ҳеч қандай хилоф йўқ. Чунки, бу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган бўлиш эҳтимоли бор нарсанинг ўрнини босади. Раъй ва ижтиҳодга ўрин қолмайдиган катта ишларда саҳобалар ўзларича бирор сўз айтишмайди. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан эшитишган ёки кўришган ёхуд у зот шунга ўхшаш нарсани тасдиқлаганларини билишади. Лекин «Расулуллоҳ алайҳиссаломдан эшитдим» демасдан гапиришади.
Яна, саҳобалар ҳаммалари очиқ-ойдин ижмоъ қилган ва унга бирор киши хилоф қилмаган нарсани саҳобаларнинг қавли сифатида қабул қилинишига иттифоқ қилинган.
Мисол учун, момонинг мерос олиши ҳақидаги масала. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида момонинг мероси ҳақида масала кўтарилган. Бир момо «Менинг набирам ўлди, ундан меросимни олиб бер», деб келади. Қарасалар, бу ҳақда ҳеч гап йўқ, кейин саҳобаларни тўплаб, «Онанинг ўрнига олтидан бирини олади», деб фатво берганлар. Шундай фатво чиққан, ижмоъ бўлган, ҳеч ким хилоф қилмаган ва шу пайтгача юриб келади.
Шунингдек, саҳобийлардан биттасининг ўз ижтиҳоди билан айтган гапи бошқа саҳобийга ҳужжат бўлмаслигида ҳам хилоф йўқ. Мисол учун, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу бир гапни ижтиҳод қилиб айтсалар, шу гапни Умар розияллоҳу анҳу олишлари шарт эмас. У киши ҳам ўзлари шу масалада ижтиҳод қилишлари мумкин. Икковлари тенг. Бу ҳам уламолар орасида хилофи йўқ нарсалардан бири.
Аммо, бир саҳобий ижтиҳод билан фатво берган бўлса, тобеъин, табаъа тобеъинлар олиши керакми ёки йўқми? Ундан кейин, ўша фатво бизгача келган бўлса, олишимиз керакми ёки йўқми? Бу шаръий ҳужжат ҳисобланадими ёки йўқми? Ихтилоф ана шулар тўғрисида.
Саҳобийнинг мазҳаби хусусида уламоларнинг фикрлари.
Саҳобийнинг мазҳаби шаръий ҳужжат бўлиши ё бўлмаслигида уламоларимиз икки хил ижтиҳод қилишган. Биринчи тараф, шофеъийлар, ашъарийларнинг жумҳури, мўътазилалар ва шийъалардан иборатдир. Улар: «Саҳобийнинг мазҳаби ҳужжат эмас», дейишади.
Иккинчи тараф, ҳанафий, моликий ва ҳанбалийлар: «Саҳобийнинг мазҳаби шаръий ҳужжатдир», дейишади.
Биринчи тараф ўзларининг «Саҳобийнинг гапи шаръий ҳужжат эмас» деган сўзларига қуйидаги далилларни келтирадилар:
Саҳобийнинг гапи бир мужтаҳиднинг гапи билан баробар. Чунки, саҳобийлар маъсум эмас, фақат Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзлари маъсумлар. Демак, маъсум бўлмаган, ижтиҳод қилаётган кишидан чиқаётган гапларнинг хато бўлиши ва унутиш содир бўлиши эҳтимоли бор. Шундай экан, буни «бошқаларга шаръий ҳужжат бўлади» дейишга ҳаққимиз йўқ.
Шунингдек, саҳобаларнинг ҳузурида тобеъинлар ижтиҳод қилса, ўзлари иқрор бўлишар эди. Тобеъинлар саҳобалар билан яшаб туриб, баъзан уларнинг гапларига тескари, хилоф гапларни айтишар эди. Агар саҳобийнинг гапи саҳобийдан бошқаларга ҳужжат бўладиган бўлса, тобеъинлар бу ижтиҳодни қилмас эди, саҳобаларга хилоф гапларни гапирмас эди. Гапирганда ҳам, саҳобалар инкор қилиб, жим тур, деб қайтарган бўлишар эди. Бундай гап бўлгани йўқ.
Бунинг мисоли: Али розияллоҳу анҳу амирул-мўъминийн бўлиб турганларида совутларини йўқотиб қўйганлар. Уни излаб юришса, бир яҳудий кўтариб кетаётган экан. Хуллас, талашиб-тортишиб, гап ўша вақтдаги Ислом диёрининг қозиси қози Шурайҳга етади. Қози даъвогар тараф билан хусуматчи тарафни ўзининг мажлисига чақиради. Ҳазрати Алини юқорироққа ўтқазишганда, йўқ, ўша яҳудий билан тенгма-тенг бўлиши керак, деб пастга ўтқазганлар. «Совут сизники эканлигига гувоҳингиз борми?» – деб сўралганда, Ҳазрати Али «Ўғлим Ҳасан», – дедилар. «Йўқ, бола ўз отасининг фойдасига гувоҳлик бериши мумкин эмас», – деганлар қози Шурайх. Ҳазрати Али ўз ижтиҳодлари бўйича, ўғил отасига гувоҳлик бериши мумкин деб, ўғилларини етаклаб келдилар. Саҳобий бўлмаган қози Шурайҳ эса, ҳазрати Алининг, яъни саҳобийнинг гапини қайтарди. «Бола ўз отасининг фойдасига гувоҳлик бера олмайди», деди. Шу ерда саҳобийнинг ижтиҳоди қолиб, тобеъиннинг ижтиҳоди ўтиб кетди. Агар саҳобийнинг айтган гапи бошқалар учун, жумладан тобеъин учун ҳужжат бўлиб, уни олишлари лозим бўлганда, шу ерда Али розияллоҳу анҳу бу гапни айтарди.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу маълумки Ислом умматининг илм денгизи, буюк саҳобий, улкан олим эдилар. У кишининг ҳаётларида ҳам шундай бир нодир воқеа содир бўлган экан. Бир одам «ўғлимни сўяман» деб назр қилибди. Бу назр нотўғри, болани сўйиб бўлмайди. Энди, назрнинг ўрнини босадиган иш қилиш керак. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига келишса, у киши ижтиҳод қилиб, «Болангни сўйишинг мумкин эмас, энди назрингни ўрнига қўйиш учун юзта туя сўясан», деди. У кишининг хаёллари Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг боболари Абдулмуттолибнинг назрига кетган. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг боболари Абдулмуттолиб «Ўнта ўғил кўрсам, ўнинчисини сўяман» деб назр қилганди. Ўнинчиси Абдуллоҳ бўлди. Уни сўймасдан, ўрнига 100та туя сўйганди. Шунинг учун, сен ҳам 100та туя сўйсанг, назрингга вафо қилган бўласан, деди.
Шунда тобеъинлардан Масруқ «Ибн Аббоснинг фатвоси тўғри эмас», деди. «Битта қўй сўйсанг, кифоя. Аллоҳ ҳазрати Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун битта қўй туширган, сенинг ўғлинг Исмоилдан афзал эмас», деди.
Бу ҳам ижтиҳод, лекин ўрнида ва яхши ижтиҳод. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Тўхта, мен саҳобийман, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг амакисининг ўғлиман, мен айтганда, сен нима қилаяпсан бу ерда», демаганлар. Хўп, деб қабул қилганлар. Масруқнинг ўзи мавлолардан, араблардан ҳам эмас.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам буюк саҳобийлардан, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ходимлари, улардан бирор нарса ҳақида сўрашса, «Саййидимиз Ҳасандан сўранглар», дер эдилар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ тобеъин. Катта саҳобийлардан бирлари масалани тобеъинга ўтказаяпти. Шунинг ўзи саҳобийнинг гапи бошқалар учун ҳужжат эмас, яъни мажбурий амал қилдириладиган нарса эмаслигига далилдир, дейишади.
Иккинчи тараф ўзларининг «Саҳобийнинг гапи бошқаларга шаръий ҳужжат бўлади» деган мазҳабларига қуйидаги далилни келтирадилар:
Саҳобийнинг ижтиҳодда бошқа мужтаҳидларга ўхшаб хато қилиш эҳтимоли бўлса ҳам, кўпинча саҳобийнинг гапи ҳаққа, тўғрига мувофиқ бўлади. Чунки, саҳобийларнинг ҳар бирлари илми камолга етган зотлар. Улар араб тилини ниҳоятда яхши билади, шариатда одил, фазлу карам эгалари ҳисобланишади. Шу билан бирга, улар оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, қандай ҳолатда ва нима сабабдан нозил бўлганлигини яхши билишади. Ҳадисларнинг ворид бўлиш сабабларини ҳам яхши билишади ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тасарруфотларига шоҳид бўлишган.
Улар шариатнинг мақсадлари тўғрисидаги илмни ҳам яхши ўзлаштиришган. Унинг хусусиятларини яхши билишади. Бу нарсаларда бошқа мужтаҳидлар саҳобийларга тенглаша олишмайди.
Шунинг учун, саҳобийнинг гапи бошқа мужтаҳидларникидан юқори туради ва унга амал қилинади, дейишади.
Бу далиллардан зоҳир бўладики, саҳобийнинг фикри бўладиган бўлса, бошқа мужтаҳидларникидан устун қўйилиши бор экан. Бир масалада саҳобий бир фикр айтган, саҳобий бўлмаган мужтаҳидлар бошқача бир фикрни айтган бўлса, саҳобийники устин бўлиши керак.
Лекин шу гапнинг ўзини Қуръон ва Суннат савиясидаги ҳужжат дея олмаймиз. Олиш керак, вожиб, олмаса, тарки вожиб бўлади, гуноҳкор бўлиб қолинади, деган маънодаги таъкидни қила олмаймиз. Қуръонда ҳам, суннатда ҳам саҳобийларнинг шахсий фикрига амал қилиш вожиб ёки суннат деган гап йўқ.
Энди, воқеъликка назар соладиган бўлсак, тобеъинлар баъзан саҳобаларга хилоф қилишган ва буни саҳобаларнинг ўзлари ҳам қабул қилишган, рози бўлишган. Агар саҳобийнинг мазҳаби худди Қуръон ва Суннат каби шаръий далил бўлиб, уни олиш лозим бўладиган бўлса, тобеъинлар бунга амал қилишлари керак эди. Бўлмаса, улар гуноҳ, маъсият ҳолига ўтиб қолган бўлишарди.

 
« Олдинги   Кейинги »