Мерос илмига кириш Принтер учун
12.10.2010 й.

﴿ وأولوا الأرحام بعضهم أولى ببعض في كتاب الله إن الله بكل شيء عليم ﴾ (75) – أنفال

«Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.(Анфол сураси-75)                                                                                                 

تعلموا الفرائض  وعلموها الناس فإني امرؤ مقبوض وإن العلم سيقبض وتظهر الفتن حتى يختلف الإثنان في الفريضة فلا يجدان من يفصل بينهما                                                                                                                          

яъни, Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: «Фароизни ўрганинглар, уни одамларга ўргатинглар, зеро мен жони олинувчи кишиман. Бу илм ҳам (яъни, мерос илми) яқинда қабз қилинади (кишилар орасидан кўтарилади) ва фитналар намоён бўлади. Ҳатто бир мерос ҳақида икки киши ихтилоф қилиб, ўрталарида ҳукм чиқариб берувчини тополмайдилар».
( Аҳмад, Насаий ва Термизий ривояти)

1. Мавзу: Мерос илмининг  таърифи, мақсад ва тушунчалари

а) Мерос сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари
б) Мерос илми ҳақида ёзилган асарлар ва муаллифлари
в) Мерос илмини ўрганишдан кўзланган мақсад

а) Мерос сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари.
Араб тилида бир сўз бир нечта маънода қўлланилади. Мерос сўзи ҳам луғатда ва истилоҳда бир қанча маъноларни ифода қилади. Мерос сўзи      ورث –  يرث – ميراثا  сўзидан олинган бўлиб, маънавий ёки молиявий ҳақга эга бўлиш маъносидадир. Меросга «Ал-мўъжамул  васит» да «ўлганидан сўнг моли унга ўтди» деб маъно берилган. Меросни луғавий маъносини умумийроқ қилиб баён қиладиган бўлсак, бу бирон нарсани бир шахсдан бошқасига ёки бир қавмдан бошқа бир қавмга ўтишидир. Бу маънога кўра «Мерос» мол, илм, улуғлик ва шарафни ўз ичига олади. Қуръони каримда ҳам мерос калимаси бир нечта ўринларда зикр қилинган.
                           
﴿ و ورث سليمان داود....﴾

«Сулаймон Довудга ворис бўлди». «Намл» сураси, 27-оят

Пайғамбар (с.а.в.) ҳам ҳадисда шундай марҳамат қиладилар:

إن العلماء   ورثة الأنبياء  إن الأنبياء لم يورثوا دينارا ولا درهما إنما ورثوا العلم فمن              أخذ به أخذ بحظ وافر


яъни: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар дирҳаму динор (тиллаю кумуш)ни мерос қолдирмадилар. Улар илмни мерос қолдирганлар, ким уни (илмни) олса улуғ насибага эришибди (Бухорий ривояти).

Мерос сўзининг истилоҳий маъноси
Мероснинг  шаръий истилоҳдаги маъноси қўйидагичадир:
Марҳумнинг барча молу мулки тирик ворисларига ўтишидир. Бунда мерос мол, кўчмас мулк ёки шаръий ҳақлардан бири бўлиши мумкин.
“Мерос” илми деб ҳар бир вориснинг тарикадан оладиган мерос улушини белгилаб берувчи ҳисоб-китоб ва фиқҳий масалалардан иборат қоидалар тўпламига айтилади.
Мерос илмини Фароиз илми деб ҳам аталади. Фароиз илми деб номланишига сабаб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мерос ҳукмларини баён қилиб
﴿ فريضة من الله....﴾
яъни, “Бу тақсим Аллоҳ  таолодан фарз   килингандир”, деб марҳамат килганидир.
فريضة сўзининг кўплиги فرائض  бўлиб луғатда бир нечта маъноларда келади бурч, вазифа, улуш,  кесмоқ, ўлчамоқ, туширмоқ, очиқ баён қилиб бермоқ ва белгилаб қўйилган фарз улуши каби маъноларда келади. Шаръий истилоҳда эса, мерос оладиган ва олмайдиган кишилар, шунингдек, мерос олувчиларнинг мерос миқдорини билдирувчи илмни фароиз деб аталади.

Мерос илми борасида ёзилган асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида маълумот
Айтиб ўтганимиздек, мерос илми Пайғамбар (с.а.в.) даврларида алоҳида илм бўлмасдан, асосан тафсир, ҳадис ва пайғамбар (с.а.в.) баён қилиб берган фиқҳий масалалар ичидаги бир қисм ҳисобланар эди. Кейинроқ саҳобаи киромлар орасидан айримлари бу илм соҳасида устозлик даражасига етиб, моҳир фароиз билимдонларига айландилар. Чаҳорёрлар ва Зайд ибн Собит асосан бу илмнинг устозлари ҳисобланар эдилар. Булардан бошқа саҳобалар ҳам мерос илмида машҳур бўлиб, уларнинг бу бобда ўзларига хос ижтиҳодлари мавжудки, уларнинг айримларини ўз ўринларида зикр қилиб ўтамиз. Саҳобалар даврида мерос ҳақида китоб таълиф қилинмаган.
Мерос илми ҳақида илк китоб таълиф этилиши тобеинлар даврига тўғри келади. Тобеинлардан биринчи бўлиб Абу Бакр Айюб ибн Абу Тамима Сижистоний (131 ҳижрий йилда вафот қилган) «Фароиз Айюб ал-Басрий» номли китобларини таълиф қилдилар. Аксарият уламолар томонидан  бу асар фароиз ҳақида ёзилган илк китоб деб эътироф этилган.
Айюб Сижистонийдан сўнг китоб таълиф этиш анча ривожланди ва мерос илми ҳақида жуда кўп асарлар яратилди. Биз улардан машҳурларини келтириб ўтамиз:
1. «Ал-Фароиз ат-Таҳовия» - бу асарнинг муаллифи Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мисрий ал-Ҳанафий бўлиб, 321 ҳижрий йилда вафот қилганлар. Таҳовийнинг «Маонил-осор» ва «Мушкилул-осор» китоблари машҳурдир.
2. «Фароиз ибн Абдул Барр» - муаллифи Юсуф ибн Абдуллоҳ ал-Қуртубий ал-Моликий бўлиб, 463 ҳижрий йилда вафот қилганлар. Бу зот Моликий мазҳабининг буюк имоми ва олимларидан бўлиб, «ат-Тамҳид» ва «ал-Истизкор» каби асарлари машҳурдир.
3. «Фароиз» - муаллифи Абу Наср ал-Марвазий.. Муаллиф ўз китоби ҳақида: «Фароиз ҳақида китобимиз минг саҳифадан ошади» деган.
4. «Фароиз Абур-Рашид» - муаллифи Мубашшир ибн Аҳмад ибн Алий ибн Аҳмад ар-Розий аш-Шофеий. 589 ҳижрий йилда вафот қилган.
5. «Фароиз ибн Лаббон» - Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мисрий, 402 ҳижрий йилда вафот қилганлар.
6. «Фароиз Абу Наср» - Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алий ал-Бағдодий, ал-Ҳанафий. Бу китоб ҳанафий мазҳабида ёзилган фароиз китобларининг комилроқларидан бўлиб, муаллиф унда фароиз усулларини зикр қилган.
7. «Фароиз ат-Темиртоший» - Заҳириддин Аҳмад ибн Исмоил Темиртоший Хоразмий Ҳанафий (744 ҳижрий йилда вафот этганлар).
8.     «Ал-Фароиз ал-Ашнаҳия» - Абул Фазл Абдулазиз ибн Алий ал-Ашнаҳий Шофеий, 550 ҳижрий йилда вафот қилганлар.
9.     «Ал-Фароиз ал-Жаъдия» - Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Алий Саҳалий Моликий.
10.     «Фароиз ал-Ҳавафий» - Фақиҳ Абул Қосим Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Халаф Шиблий, 580 ҳижрий йилда вафот этганлар.
11.     «Ал-Фароиз ар-Раҳабийя» - Муваффақуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ар-Раҳабий. 577 ҳижрий йилда вафот этган. Бу асар назм услубида ёзилган бўлиб, унга юзлаб шарҳлар битилган.
12.     «Фароиз Тош Кўпризода» - Аҳмад ибн Мустафо. 968 ҳижрий йилда вафот қилганлар.
13.     «Фароиз ал-Усмоний» - Бурҳонуддин Абул Ҳасан Алий ибн Абул Ҳасан Алий ибн Абу Бакр ал-Марғиноний. («Ал-Ҳидоя»нинг соҳиби) 593 ҳ.й. вафот этганлар.
Биз юқорида зикр қилиб ўтган китоблар бу бобда ёзилган минглаб китобларнинг бир қисмигинадир холос.
Бу ўринда мазҳабимизда истеъмолда бўлган ҳозиргача ўрганиладиган, хусусан диёримизда қадимдан фароиз бўйича асосий ўқув дастури вазифасини бажариб келган «Сирожия» номли китоб ва унинг муаллифи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Муаллифнинг тўлиқ исми Сирожиддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандийдур. Китоб «Ал-Фароиз ас-Сирожия» деб номланади.
Мазкур асарга жуда кўп шарҳ, таълиқот ва изоҳлар ёзилганки, бошқа бирон фароиз ҳақидаги китобга бунчалик эътибор қаратилган эмас. «Сирожия» га ёзилган шарҳлар орасида машҳури ва одамлар орасида кўп қўлма-қўл бўлгани аллома Саййид Шариф Алий ибн Муҳаммад Журжонийнинг «Ал-Фароиз аш-Шарифийя» номли китобидир. Бу шарҳга ҳам жуда кўп ҳошия ва таълиқотлар ёзилган. Саййид Шариф бу асарини 804 ҳижрий йилда Самарқандда ёзиб тугатган.
Шунингдек, кўпгина олимлар «Сирожия»ни назм услубида баён қилган бўлиб, улардан Маҳмуд ибн Аҳмад Лорандийнинг «Иршодур-рожий ли маърифати фароиз ас-Сирожий» номли назмий китоби машҳурдир. «Сирожия»нинг ҳадисларини аллома Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо санад ва ровийларини илмий таҳқиқ  қилган.

МЕРОС ИЛМИНИ ЎРГАНИШДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД

Ислом шариатида мерос тақсимоти Аллоҳ таолонинг ўзи тарафидан белгилаб берилган энг адолатли ва мукаммал тарзда тартибга солинган.
Маълумки, Қуръони каримда зикр қилинган аксарият ҳукмлар Қуръон услубига муносиб тарзда мужмал ва қисқа ибораларда зикр қилинган. Кейин суннати набавийя уни батафсил шарҳлаб берган. Масалан, Исломнинг иккинчи рукни ҳисобланган намозни олайлик. Қуръони каримда:

﴿...وأقيموا الصّلاة...﴾
«Намозни барпо қилинглар»
ёки       
﴿...إنّ الصّلاة كانت علي المؤمنين كتابا موقوتا ﴾
«Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз этиб) битилгандир» деб, қисқа  тарзда буюрилган. Қуръон оятларида намознинг кайфияти, қандай адо этилиши, ракаатларининг миқдори, бир кунда неча вақт адо этилиши ёки адо қилиш вақтлари ҳақида умуман маълумот йўқ. Намознинг бу жиҳатларини пайғамбар (с.а.в.) суннатларида кўрсатиб берганлар. Шунингдек, закот, рўза, ҳаж ва бошқа ибодат ва муомалотлар Қуръони каримда мужмал баён қилиниб, кейин суннатда унинг батафсил шарҳи келган. Аммо, мерос ва унга доир ҳукмларни Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда мукаммал ва муфассал тарзда баён қилиб берган. Яна мерос каби батафсил зикри келган бошқа ҳукм йўқ. Ҳар бир ворис улуши, даражаси, шунингдек  меросга оид бошқа ҳукмлар мерос оятларида аниқ-равшан, шарҳу тафсилоти билан зикр қилинган. Аллоҳ таоло мерос масалаларини бу қадар мукаммал ва муфассал суратда баён қилиши, мерос илмининг аҳамияти, мусулмон жамиятда унинг муҳим ўрни борлигига далолатдир. Меросга бу даражада аҳамият берилишининг яна бир сабаби, мерос мол-мулкка эга бўлишнинг энг асосий сабабларидан биридир.
Маълумки, мол-мулк шахс ва жамият ҳаётининг асосларидан биридир. Зеро, мол-мулк билан башарият ҳаёти давом этади ва мустаҳкамланади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) ривоят қилган ҳадисда пайғамбар (с.а.в.) мерос илмини фазли ва аҳамияти ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

عن رسول الله  صلى الله عليه وسلم  قال ثم   العلم ثلاثة  فما سوى ذلك فهو فضل آية محكمة أو سنة قائمة أو فريضة عادلة
яъни: «Илм учтадир. Ундан бошқалари фазлдир: 1.Муҳкам оят 2.Қоим суннат  3.Адолатли фариза (Абу Довуд, ибн Можа ва Доримий ривояти).
Имом Хаттобий ҳадисдаги «Адолатли фариза»дан мурод, ворислар орасида китоб ва суннатга  мувофиқ ҳолда, адолатли тарзда мерос тақсимлаш илми деб айтганлар.
Бу ва бошқа далиллар фароиз илмини ўрганишни нечоғли зарур эканини билдиради. Айниқса, аёллар меросдан маҳрум қилинаётган, бошқаларида эса кишилар ўзини ҳавою нафсига кўра мерос тақсимлаётган вақтда ҳозирги  айрим жамиятларда Ислом шариатининг меросга оид адолатли ҳукмларига эҳтиёж зиёда бўлиб бормоқда.
Биз мусулмонлар мерос илмини аввало илоҳий амр, деб ўрганамиз, қолаверса уни меросга доир муаммоларимизни ечишда асос ва илоҳий кўрсатма деб биламиз.
Мерос илми бир ҳадисда таъкидланганидек, «илмнинг ярмидир». Аллоҳ таоло «Нисо»сурасининг 11-12 оятларида мерос ҳукмларини баён қилиб бўлгач, шундай марҳамат қилади:
 ﴿  تلك حدود الله ومن يطع الله ورسوله يدخله جنات تجري من تحتها الأنهار خالدين فيها وذلك الفوز العظيم ﴾ ﴿13﴾ ﴿ ومن يعص الله ورسوله ويتعد حدوده يدخله نارا خالدا فيها وله عذاب مهين ﴾ ﴿14﴾
маъноси: «Мана шу  Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоат этса, уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этади. Ва бу катта зафардир.  13) Ким Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир (14).

Мавзуга оид таянч сўзлар.
Мерос, фароиз, фариза, ворис, тарика
1. Муҳаммад Анвар Бадахшоний, «Тавзихул-фароиз ас-сирожия».        Мадина Мунаввара, 1992-й.
2. Муҳаммад Али Собуний, «Ал-маворис фиш-шариатил-исломия», Лубнон
3. Носир ибн Муҳаммад Ғомидий, «ал-Хулоса фи илмил-фароиз» , Макка Мукаррама, 1996-й.
4.    Муҳаммад Амин ибн Обидин, «Раддул мухтор алад-дуррил-мухтор», Қоҳира, 1966-й.
5.    Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий, «Ал-Мабсут» Қоҳира, 1900-й.
6.    Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, «Туҳфатул-фуқаҳо», Дамашқ, 1956-й.
7.    Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний, «Бадоиус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ», Қоҳира, 1910-й.
8.    Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ибн Мадуд-дин ал-Мавсилий, «ал-Ихтиёр литаълилил-мухтор», Қоҳира, 1951-й.
9.    Бурҳониддин ал-Марғиноний, «ал-Ҳидоя шарҳ Бидоятил-мубтадий», Қоҳира. 1996-й.
10.    Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ар-Раҳабий, «ал-Фароиз ар-Раҳабия», Дамашқ, 1903-й.
11.    Сирожуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандий», «ал-Фароиз ас-Сирожия», Деҳли, 1860-й.

 
« Олдинги   Кейинги »