Ҳанафийликда "Тахриж" ва "Таржиҳ" усуллари Принтер учун
05.10.2010 й.
islom.uz
Тахриж ва таржиҳ иккита фикҳий атама сифатида суннийлик мазҳабларида эркин ижтиҳод даври (мужтаҳидлар даври)дан кейин, айниқса, охирги давр фақиҳлари томонидан турли фиқҳий манбаларда кенг кўламда қўлланилиб келинган.
Фиқҳ илми босиб ўтган олти босқичдан мухаррижлар ва муқаллидлар даврларида Ҳанафий олимлари томонидан ёзилган китобларда, айниқса, фатво туркумида ёзилган китобларда ушбу атамалар кенг кўламда ишлатилгани учун, биз уларни манбаларга, айниқса, «Исломда ҳуқуқ», «Фатовои Оламгирий», Абу Сулаймон Ғовжий ва устоз Абу Заҳра ёзган асарларга асосланиб, бироз ёритиб ўтамиз.
Тахриждан мақсад, бир мазҳабнинг умумий қоидаларига таянган ҳолда, мазҳаб имомлари томонидан ҳеч қандай фикр билдирилмаган ҳодисалар ҳукмини истинбот қилиш (чиқариб олиш, белгилаб бериш) бўлса, таржиҳда мазҳаб раҳбарлари айтган турли сўзлар ёки улардан етиб келган турли ривоятлардан айримларининг устунлигини баён қилиш, изоҳлаб бериш назарда тутилади.

Биринчи гуруҳ, яъни тахриж билан шуғулланувчи гуруҳ мазҳаб бўйича мухаррижлардан иборат бўлиб, фақатгина мазҳаб чегарасида ижтиҳод қилиш ваколатига эга бўлганлар.
Иккинчи гуруҳ мазҳаб доирасида таржиҳ бериш (устун қўйиш), яъни фикрлар ва ривоятлар орасида энг кучлисини кучлиларидан ажратиб олиш йўл-йўриқларини билган фақиҳлардан иборат. Улар насс орқали белгилаб берилмаган ҳукмларни истинбот қилиш ёки насс орқали белгиланган ҳукмларга қарши туриш ҳуқуқига эга бўлмаганлар, балки фақат устун қўйиш ёки кучли ва кучсиз, саҳиҳ ва заиф ривоятларни бир-биридан ажратиб олиш салоҳиятига эга эдилар.
Абу Заҳра таъкидлашича, тахриж услубидан фойдаланиш, истинбот этилган умумий қоидаларга таянган ҳолда, чиқарилган ҳукмларни унга ўхшаган фаръий (жузъий) масалаларга кўчириш, ўтганларнинг урфига боғлаб иш юритишга асосланарди. Кўпинча ҳукмлар урф-одатга бўйсундирилар, яъни шариат ҳукми урф-одатга асосланиб аниқлаб бериларди. Шу сабабли кўпгина чиқарилган ҳукмлар умумий урф ёки хос урф (бир қавм ёки бир минтақага хос бўлган урф)дан келиб чиқишининг гувоҳи бўламиз. Баъзан олди-сотди ва ижаралар ҳақида чиқарилган ҳукмларда: "Мовароуннаҳр ёки Рум (ҳозирги Туркия) урфи шу асосда амалга оширилган" каби ибораларни учратамиз. Бундан маълум бўладики, ижтиҳод қилишда урф катта таъсирга эга бўлган, балки муаммони ечишда асосий ролни ўйнаган ёки бир қиёснинг бошқа бир қиёсдан устун қўйилишига сабаб бўлган (Абу Заҳра, "Абу Ҳанифа").

Мухаррижлар фаолияти бу билан чегараланиб қолмайди. Улар ўтган олимлар фатво берган масалалар бўйича ҳам фатво бсриб, уларга қаршилик ҳам кўрсатганлар. Негаки, замон ўзгариши бундай заруратни юзага келтириб турарди. Албатта бундай қаршиликлар Қуръон, Сунна нассларига ёки насс сингари очиқ ва ойдин бўлган қиёсга асосланмай чиқарилган ҳукмларга нисбатан кўрсатилган. Мисол сифатида ўтмишда фақиҳлар мулк эгаси ўз мулкига эркинлик билан эгалик ва тасарруф қила олади, шунга биноан қазо (қозилар маҳкамаси — суд), шуфъа даъвосидан ташқари икки қўшни орасида юзага келган муносабатларга аралаша олмайди, бундай муносабатлар диёнат (одамлар диндорлиги ва виждони) асосида тартибга солинади, деб фатво берганлар. Лекин замон ўтиши билан диний омил заифлашиб, одамларда ахлоқий қадриятлар заифлашгандан кейин шундай ҳолатлар юз бера бошладики, баъзи бир мулк эгаларининг тасарруфи оқибатида қўшнилар манфаати оёқ ости қилиниб, уларга катта зарарлар етказилди.
Мутааххир олимлар (охирги давр олимлари) бундай аҳволни кўриб шундай хулосага келдиларки, мулк эгасига мутлақ эркинлик бериб, қўшни билан муносабатини тартибга солишни унинг виждони ва диний эътиқодига топширган Абу Ҳанифа бугунги кунда ҳаёт бўлганида, албатта, ўз ҳукмига қарши фатво бериб, қўшнига нисбатан мулк эгаси ҳуқуқини чеклаб қўярди. Шу сабабга биноан улар қуйидагича фатво чиқарадилар: мулк эгаси қўшни учун катта зарарга сабаб бўладиган ҳар қандай тасарруфдан ман этилади ва суд улар орасидаги алоқани тартибга солиш ишларига аралашади (Абу Заҳра, "Абу Ҳанифа").

Ибн Обидиннинг фикрича, бундай ҳолларда Имоми Аъзамнинг асҳоби, етук шогирдлари томонидан унинг фатвосига қарши чиқарилган фатволар салоҳиятли фақиҳлар томонидан устун қўйилса, бундай ҳолатда фақиҳлар ўз мазҳабларидан чиққан бўлмайдилар (Ибн Обидин "Расмул-муфтий").
Шунингдек, машойих (салоҳиятли фақиҳлар)лар замон ўзгариши оқибатида янги пайдо бўлган урф-одат ёки зарурат асосида фатво бериб, янги ҳукм чиқарганларида ҳам ўз мазҳаблари доирасидан чиққан ҳисобланмайдилар, чунки бу каби ҳолларда таржиҳ услубидан фойдаланиш ёки замон ўзгариши ёхуд зарурат принципига асосланиб хукм чиқариш борасида Имоми Аъзам томонидан уларга рухсат берилган. Борди-ю, Имом тирик бўлганида, албатта уларнинг қарорини маъқуллаган бўларди, чунки уларнинг сўзлари Абу Ҳанифа мазҳаби тақозоси ва талабига бутунлай мувофиқдир.

Тахриж усулларидан фойдаланиш Ҳанафий мазҳабининг ўсишига сабаб бўлди. Унинг усулларига хос бўлган юмшоқлик, айниқса, урфга катта эътибор бериш, барча саволларга замон талабига мувофиқ жавоб бериш имкониятини яратиб берди.
Абу Заҳра эътирофича, таржиҳ усулидан Ҳанафий мазҳаби бўйича фойдаланиш, фақиҳлар ўзларини бу соҳада мазҳаб чегарасидан чиқмасликка муқайяд деб билган бўлсалар ҳам, ниҳоят оғир ва мушкул иш эди. Таржиҳ бўйича улар ишлатган услуб кучли ва кучсиз далилларни бир-биридан ажратиб олиш учун бир мунтазам ва юксак фиқҳий тафаккурнинг кўрсаткичи ҳисобланади.

Умуман олганда таржиҳ турли ривоятлар ва турли сўзлар орасида юз беради, улардан ҳар бирининг ўзига хос йўли бор. Таржиҳ биринчидан, китобларга киритилган ривоятлар орасида бўлади. Агар икки ривоятдан бири "Зоҳирур-ривоя" китобларида мавжуд бўлса, у биринчи ўринга қўйилади ва ундан бошқа ривоятларга зид бўлмаганда, унга эътибор берилади.
Фатовойи Тоторхонияда айтилганидек, "Зоҳирур-ривоя"-да бўлмаган ривоятлар, асосий қоидаларга мувофиқ бўлгандагина эътиборга олинади. "Зоҳирур-ривоя"да бўлмаган масала, асҳобимиз (Абу Ҳанифа ва унинг буюк шогирдлари) усулларига мувофиқ бўлган суратдагина унга амал қилинади.
Аммо Имомлардан ривоят қилинган сўзлар орасида, таржиҳ қандай амалга оширилади? Бу, икки турда бўлади: биринчидан, сўз эгасининг манзилат ва мақоми назарга олиниб, унинг сўзи устун қўйилади ёки ривоят қилинган сўзнинг далили кучига асосланиб таржиҳ берилади, бу эса далилнинг таржиҳи (далилни устун қўйиш) деб аталади. Зарурат ёки эҳтиёж ва урфга асосланиб таржиҳ бериш ушбу қисмга киради.
Сўз эгаси бўйича таржиҳ борасида бундай дейилган: Агар Абу Ҳанифа ва унинг икки суҳбатдоши — Абу Юсуф ва Муҳаммад (Соҳибон) бир масала бўйича бир хил фикрда бўлсалар, уларнинг раъйи мўътабар ҳисобланади, лекин агар зарурат ёки урф, улар томонидан қабул қилинган қоида асосида қаршиликни талаб қилса, бундай аҳволда уларнинг фикрлари қатъий қиёс эмас, балки зонний қиёсга асосланган бўлган суратдагина, мухолифат кўрсатиш мумкин бўлади.
Агар Абу Ҳанифа ва унинг икки асҳобидан бири бир томонда турган бўлсалар, биз ҳозир айтиб ўтган чегарада уларнинг раъйига таржиҳ берилади. Уларнинг ҳар уччаласи ҳар бири алоҳида бир фикрда бўлса, айтиб ўтилган доирада Абу Ҳанифанинг фикри устун қўйилади, чунки у мазҳаб асосчиси, шу сабабли токи бирон бир зарурат ёки урф талаби мавжуд бўлмаса ва ўтмишдаги мужтаҳидлар мазҳаб бўйича уларнинг бошқа биронтасининг далилини кучли деб кўрсатган бўлмасалар, мазҳаб асосчисининг сўзи устун қўйилади.

Аммо агар Абу Ҳанифа бир фикр ва Соҳибон бошқача фикр билдирган бўлсалар, бундай ҳолатда агар муфтий, мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлиб бирон бир далил топа олса, улардан бирининг сўзини устун қўяди, аммо мужтаҳид бўлмаган ҳолатда, айрим олимлар, жумладан Абдулло ибн Муборак фикрича, Имом Абу Ҳанифанинг сўзи мутлақ устун қўйилади. Баъзилар муфтий хоҳлаган томонни таржиҳ беришга салоҳияти бор деб фикр билдирганлар. Бу ҳақда Фахруддин Қозихон ўзининг машҳур фатово китобида қуйидагидек маълумот берган: "Масала бўйича имомларимиз орасида ихтилоф бўлган ҳолларда Абу Ҳанифа билан Соҳибондан бири бир фикрда бўлсалар, уларнинг, яъни Имомнинг сўзига эътибор берилади.
Агар улар орасидаги ихтилоф асру замондан келиб чиққан бўлса, масалан, адолат зоҳирига қараб ҳукм чиқариш, бу ҳолда одамлар аҳволида ўзгаришлар юз берганини назарда тутган ҳолда, Соҳибон сўзлари эътиборга олинади. Музораа (экинчилик, деҳқончилик) ва муомала каби масалалар бўйича мутааххир олимлар ижмоини назарда тутган ҳолда Абу Ҳанифа ва Соҳибоннинг сўзи мўътабар деб қабул қилинади. Булардан ташқари ҳолларда мужтаҳид бўлган муфтий ўз салоҳиятига эга бўлиб, ўз раъйига (фикрига) қараб ҳукм чиқаради. Абдулло ибн Муборак Абу Ҳанифа қавлига эътибор берилади, деб фикр билдирган (Бу ерда Абу Заҳра Қозихон сўзини қуйидагидек изоҳлайди: Қозихон фикрича, асру замон ўзгаришидан келиб чиққан ихтилофга тегишли бўлган ўринларда Соҳибон сўзига асосланиб амал қилинади. Асосан бу ўринда иккала томон, яъни Абу Ҳанифа ёки Соҳибон фикрларидан замонга энг мувофиқ келадиганини танлаб олиши зарур деб айтиши керак эди, лекин маълум бўлишича унинг назарияси асру замон Соҳибоннинг фикру назарига муво-фиқ келади деган принципга асосланган кўринади. У олимлар муомала ва музораа каби масалаларда Соҳибон сўзларини устун қўядилар, дейди. Унингча бу ўринда мужтаҳид муфти, салоҳиятга эга эмас, ҳолбуки мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлган муфти ҳар доим салоҳиятга эгадир.).

Мазҳаб бўйича мужтаҳид олим, бирон бир сабаб ва далилга биноан бошқача йўл тутмаган бўлса, олимларнинг аксарияти Абу Ҳанифа қавлини устун қўйиш тарафдоридирлар. Шунга биноан Ибн Нажим қуйидаги фикрни билдирган эди:
"Бирон бир жиддий далил мавжуд бўлмаган ҳолларда, Соҳибон ёки улардан бирининг сўзи Абу Ҳанифа қавлидан устун қўйилмайди. Мазкур ҳолатлар (Имомнинг сўзини Соҳибон сўзидан устун қўймаслик учун жиддий далил мавжудлиги) Имом далилининг кучсизлиги ёки зарурат ва таомил (урф) талабидан иборат бўлади. Масалан, музораа ва муомалада Соҳибоннинг сўзини устун қўйиш ёки Соҳибон билан Имомнинг орасидаги ихтилоф, асру замон ихтилофидан келиб чиққан бўлса, бундай ҳолатларда Имом Соҳибон асрида юз берган воқеани кўрганида эди, албатта уларнинг фикрларига қўшиларди, ма-салан, адолат зоҳирига қараб ҳукм чиқармаслик шундай масалалар сирасига киради.
Айтиб ўтилган нарсалар, муайян масала бўйича Абу Ҳанифадан бирон бир раъй ва фикр ривоят қилинган суратда на-зарда тутилади, аммо агар Имомдан бирон фикр ривоят этилмаган ёки мазҳаб бўйича мужтаҳид олим, Имом сўзини устун қўйиш учун бирон далилга эга бўлмаган ҳолларда, у Абу Юсуф сўзи асосида фатво беради. Ундан кейин Муҳаммад, сўнгра Зуфар ва ундан сўнг Ҳасан ибн Зиёднинг сўзига асосланиб фатво беради" (Ибн Нажим, "Ал-Ашбоҳу ван-назоир").
Абу Ҳанифанинг асҳобидан муайян мавзу бўйича ривоят мавжуд бўлмаган ҳолда, масаланинг ечими улардан кейин мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлган мухаррижлар раъйи ва назарига топширилади. Борди-ю улар орасида ҳам ихтилоф юз берса, Таҳовий ва унинг табақасида турган буюк олимларнинг аксарияти сўзига эътибор берилади. Агар мазкур мухаррижлар томонидан бирон фикр ва раъй билдирилган бўлмаса, ал-Ҳовийда таъкидланганидек, Муфтий масалани чуқур текшириб, ижтиҳод нуқтаи назаридан ўйлаб кўради ва муаммонинг ечимига яқин бир йўлни топишга уринади, масала бўйича ўринсиз сўз юритмайди. Аллоҳдан қўрқиб уни назарда тутади, чунки бу бир буюк иш ҳисобланиб, уни (юзаки) бажаришга жоҳил кимсадан бошқа киши жасорат қилмайди".
Мазкур сўздан мақсад шуки, муфтий, имомлар ва уларнинг шогирдлари ёки мухаррижлар томонидан фикр билдирилмаган масалага дуч келганда фатво беришдан тўхтамайди, лекин чуқур фикр юритиб ижтиҳодга қўл уради ва мазҳаб усуллари ва фуруъига асосланиб муаммони ечади.
Абу Заҳра таъкидлашича, бунга биноан ҳар бир даврда мухаррижлар бўлиши зарур, негаки ҳодисалар чексиз бўлиб, ҳар бир ҳодисанинг ҳукми маълум бўлиши керак, бу эса ҳеч бўлмаганда ҳар бир асрда ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлган мухаррижлар мавжуд бўлишини талаб қилади. "Ижтиҳод эшиги ҳатто мазҳаб доирасида ҳам ёпилган", деган фикр ушбу заруратга зиддир.
Далил орқали таржиҳ бериш эътиборга молик бўлиб, аввало, тахриж ваколатига эга бўлган мазҳаб бўйича мужтаҳид олимлар томонидан содир бўлади. Ушбу ваколатдан барча ўринларда, масалан, Абу Ҳанифа ёки Соҳибон раъйларини танлашда ёки урф талабига биноан уларнинг сўзларидан биронтасини танлаб олишда фойдаланиш мумкин.
Далилнинг кучига қараб таржиҳ бериш, мустаҳкам ва собит қоидаларга энг яқин бўлган баён ва ифода орқали бўлади. Агар ҳукм замон ва асрлар ихтилофи асосида ўзгариб турадиган мавзу бўйича бўлса, содир бўладиган фатво аср руҳига энг мос келадиган баён билан амалга оширилади.
Мазҳаб бўйича мухаррижлар, ихтилоф юз берган ҳолларда собит бўлган ва устун қўйилган хулосаларга эришиб, уларни жамлаб китобларда тўплаб қўйганлар. Шу йўсинда улардан ксйин келадиганлар учун сўзларни танлаб олиб устун қўйиш ски насс мавжуд бўлмаган ўринда ижтиҳод қилиш учун йўллар тўсиб қўйилган. Лекин мазҳабнинг ривожланиши тақозосига биноан ҳар бир асрда тахриж ва таржиҳ эшиги илк мухаррижлар қилганларидек, ҳар доим очиқ бўлиши керак эди. Натижада мутааххир олимлар мутақаддим (олдинги) олимлар томонидан таржиҳ берилган масалалар билан қониқиб, ҳукми насс орқали аникданмаган муаммолар бўйича ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлмай келганлар.
Устоз Заҳра таъкидлашича, Ҳанафий мазҳабининг ривожи ва такомили учун тахриж ва таржиҳ эшикларини ҳар доим бутунлай очиб қўйиш керак. (Абу Заҳра, "Абу Ҳанифа")
Доктор Муҳаммад Юсуф Мусо кўп асрлардан бўён, такдид ислом ҳуқуқшунослигининг қотиб қолишига сабаб бўлганидан афсусланиб, ҳозирги даврда ушбу камчиликка барҳам беришга чақиради (Доктор Юсуф Мусо, "Тарихул-фиқҳил-исломий").
 
Шаръий Жўзжоний
 
« Олдинги