Ислом Маварауннаҳр ва Форсда Принтер учун
29.09.2010 й.
ЭЛХОНЛАР(1260-1320). ҲАЛОКУ. Ислом тарихи яна Бағдодга қайтади. IV бобда айтиб ўтилганидек, бу шаҳар Ҳалокухон ва унинг монгол сафдошлари томонидан вайрон қилинди. Бироқ монголлар ўта ваҳший эдилар, қирғин қилиш, ўт қўйиш ва вайрон этишдан бошқа нарсани билмасдилар, деб ўйлаш хато бўларди. Албатта улар Ислом дунёсининг катта қисмини хароб қилиб, араб маданияти ривожига ҳалокатли зарба бердилар, бироқ Оксос (Амударё)дан жанубда ўзлари истило қилган ва Ҳалокухонга Элхон унвонини берган мамлакатларда узоқ қолиб кетмадилар. Лекин ўша пайтда Кичик Осиё ва Шомнинг Ҳиндистон чегараларигача бўлган бутун ҳудуди Элхонот деб атала бошлади. Ҳалокухон авлодлари бу минтақада қарийб юз йил ҳукм сурдилар. Ҳалокухон забт этилган мамлакатларни тиклаш тўғрисида фармон чиқарди, ўзлари вайрон қилган илмгоҳларга қайта ҳаёт бағишлади. Бу борада унинг шахсан ўзи ғамхўрлик қилганлиги Носириддин Тусийни ҳаяжонга солди. Бу олимга атаб ёнида кутубхонаси бўлган Мароға расадхонаси қуриб берилди. Ҳалоку мусулмон фуқаролари бошқарадиган тузумни жорий этаркан, унга ўзгартиришлар киритиб турди. У 1265 йилда вафот этиб, ўғли Абағага бепоён империя мерос қолди.


АБАҒА (1265-1281 йиллар). Насроний бўлган Абаға тез орада Папа ҳамда овруполик айрим подшоҳлар билан элчилик алоқаларини боғлади. Унинг инглиз қироли Эдвард I билан ёзишмалари сақланиб қолган. Улардан кўрамизки, Оврупо давлатлари Абағани доимо бошқа мусулмон давлатларига, айниқса, Мисрга қарши қайраб турган. Маълумки, Ҳалоку ҳужумини шахсан тўхтатган одам Миср султони Байбарс эди. Абаға Шомга қўшин тортиб борди. Лекин, IV бобда таъкидлаб ўтганимиздек, ўша жангда у мағлубиятга учради. Бу Венеъия сайёҳи Марко Поло Форс орқали Хитойга кетаётган пайтга тўғри келганди. Моҳир ҳукмдор бўлган Абаға даврида осойишта ҳаёт ўрнатилди. Мусулмонликни ва Аҳмад исмини қабул қилган ўғли Тагудор унга рақиб бўлиб чиқди. Аҳмад Миср султони билан вакиллар алмашди, бироқ монгол додхоҳлари Аҳмад мусулмон эканлигини тан олмадилар. Тақдир ўйини шундай экан: Ҳалоку араб маданиятини хароб қилган бўлса, унинг невараси Ислом йўлида жон берди.

ҒОЗОН МАҲМУД (1295-1304 йиллар). Икки подшоҳликдан кейин тахтга янги Элхон – Ғозон ўтирди. Хуросонда ҳокимлик қилиб, Аҳмад даврида бўлганидек, исён кўтарган додхоҳларни бостирди. Бу кучли ҳукмдор, ажойиб давлат бошлиғи ҳам монгол қўшинларини 1299 йили мамлукларга қарши бошлаб борди. Мамлуклар монгол қўшинлари марказини ёриб ўтдилар, бироқ Ғозон ўзининг отлиқ мерганларини моҳирона ишга солиш билан уларни чекинишга мажбур қилиб, жангда ютиб чиқди. Сўнгра Дамашққа йўл олиб, уни анча вақт қамалда тутиб тургач, шаҳар аҳолиси таслим бўлди. Марҳаматли мусулмон Ғозон шаҳарга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, унга ҳеч қандай зарар етказмади, ҳатто ўз аскарларига дарвозадан киришга ҳам рухсат бермади, айниқса, Дамашқнинг машҳур боғлари вайрон бўлмаслиги тўғрисида ғамхўрлик қилди. Шаҳарга солиқ солиб, у ерда ҳарбий қисмларини қолдирганича ўзи орқага қайтиб кетди. Энди Ғозон Маҳмуд номи билан атала бошлаган подшоҳни кўп ўтмай шимолий чегаралари ташвишлантира бошлади, бу уни бир неча йил овора қилди. Мамлуклар ўзлари қайта тортиб олган Шомдан фойдаланиб иш кўраётган эдилар. Қўли сал бўшаши билан Ғозон қайтиб келиб, ўғли шаҳзода Қутлуғшоҳни 50000 кишилик қўшинга бош қилиб, шу ерга жўнатди. 1303 йили Марж ас-Сафарда бўлиб ўтган жуда катта жангда мамлуклар ғолиб чиқиб, минглаб монголлар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар асир тушди. Бу Ғозон Маҳмуд учун жуда кучли зарба эди. Нақл этишларича, у бундай шармандаликни кўтаролмай, фоний дунёдан кўз юмди.

ҒОЗОННИНГ ҲУКМДОРЛИГИ. Истеъдодли ва анча кенг дунёқарашли инсон бўлган Ғозон Маҳмуд ғарб билан ўзаро муносабатларга киришганди. Қизиғи шундаки, Овруподаги подшоҳлар Ғозонни отаси Арғун ёки Абаға сингари насроний, бинобарин, Исломга душман деб ўйлаб келдилар. Бундай фикрни монголлар билан мамлуклар ўртасида бўлиб ўтган урушлар мустаҳкамлаган бўлса ажаб эмас. Мамлуклар салибчиларни батамом даф қилганларидан бери овруполиклар уларга нисбатан ашаддий ёвлик муносабатида бўлиб келишарди. Шунинг учун ҳам кўплар Ғозонга кучайиб кетган мамлукларга ҳамда усмонийларга қарши овруполиклар билан бирлашган ҳолда курашишни таклиф қилдилар. Ғозон мусулмонларга қарши жанг қилишга хоҳиши йўқлигидан бундай таклифларнинг барчасини рад этди. Лекин мамлукларга душманлиги деярли бобомерос бўлган у мазкур масалада Оврупога, яъни унинг уста муомаласига тескари бирор нарса қилишдан ҳам ожиз эди. Ҳукмдор сифатида мустақил инсон бўлган Ғозон монголлар хароб қилган барча муассасаларни, мактаблар, дорилфунунлар, кутубхоналар, масжидларни, ҳунармандчиликни ва санъатни қайта тиклашга интилди. Элхонлар шунгача Хитойнинг буюк хонини ўзлари устидан ҳукмдор ҳисоблаб келишарди. Ғозон бундай муносабатга чек қўйди. У ўзини «Аллоҳ мурувват кўрсатган султон», деб эълон қилиб, шахсий қонунларини чиқара бошлади. Барча солиқларни адолат нуқтаи назаридан кўриб чиқиб, камҳосил ерлардаги камбағал деҳқонларни даромад солиғидан озод қилиш; ҳамма ерда нуфузли, ҳақиқатгўй кишилардан қозилар тайинлаб, улар олдига ҳамма жойда шариат қоидаларига оғишмай амал қилинишини назорат этиб бориш талабини қўйди. Расадхона қурдириб, турли фанлардан сабоқ берувчи мактаб очдирди. Илм соҳасига масъул вазири Рашидиддинга ўша давр тарихшунослиги билан шуғулланишни топширди. Ҳамма жойда: тош лавҳаларда, шаҳарлар, қишлоқлар ва ҳатто яйловлардаги масжидларда, яҳудий ибодатхоналари ҳовлиларидаги ёғоч устунларда қонунларнинг талаблари қайд этиб қўйилди. У аждодлари етказган зарарнинг ўрнини қоплаш учун бетиним меҳнат қилди.

УЛЖАЙТУ ХУДОБАНДА (1305-1316 йиллар). Ғозоннинг укаси ва вориси Улжайту ҳам сулоланинг буюк вакили сифатида танилди. Аввалига насроний динига эътиқод қўйган бўлса ҳам, кейинчалик мусулмончиликни қабул қилиб, Худобанда номига сазовор бўлди. У шимоли-ғарбда Жилонни ва шимоли-шарқда Хиротни босиб олди. Миср мамлукларига қарши кўп курашди, Ғозонга ўхшаб Оврупонинг насроний ҳукмдорлари билан мамлакатлараро алоқалар боғлаб турди, улар эса Худобандани мамлукларга ва усмоний туркларига ҳужум қилишга қайраб келдилар. У турк тилига давлат тили ҳуқуқини берди, шу даврдан эътиборан турк ва форс тиллари бутун мамлакат миқёсида қўлланила бошлади. Улжайту ўзи асос солган Султония шаҳрида гўзал бинолар қурдирди, муҳташам мақбара бунёд эттириб, унга Карбалодан Имом Ҳусайннинг ҳокини кўчириб келтириб жойлаштиришни ҳам ният қилган эди. Форсда энг маҳобатли гумбази бўлган бу улуғвор иншоот ҳозиргача сақланиб қолган. Улжайтудан кейин бошқа бирорта ҳам йирик монгол подшоҳ чиқмай, Форсдаги монголлар империяси кичик подшоҳликларга бўлиниб кетди. Уларнинг айримлари эслатиб ўтишга моликдирлар.

ЖАЛОЙИРЛАР (1336-1411 йиллар). Учинчи Элхон – Аҳмаднинг ўрнига келган Арғуннинг куёви Амир Ҳусайн Жалойир асос солган подшоҳлик уларнинг энг муҳимларидан бири эди. Бу сулоланинг биринчи шоҳи – кучли ҳукмдор Шайх Ҳасан Бузрук 1336 йили Бағдодни пойтахт қилиб, қудратли пойтахт яратди. 1356 йили уни алмаштирган ўғли, ғоят истеъдодли бўлган Увайс Озарбайжон, Мўсул ва Диёрбакирни забт этди, Бағдодни қайта қуриб, унга янгича ҳаёт бағишлашга ҳаракат қилди. Шундан кейин ҳокимликни эгаллаган Амир Ҳусайн Мўсулдан шимолроққа жойлашиб, Қора қўюнлилар номи билан маълум янги туркий халқ – туркманлар билан тўқнашишга, Элхонлар қолдиғидан ҳосил бўлган шерозлик музаффарийлар подшоҳлигига қарши жанг қилишга мажбур бўлдики, бу Амир Ҳусайннинг вориси – фотиҳ Амир Темур шу минтақалар узра улуғворлик билан елиб ўтган даврга тўғри келди.

САЛҒАРИЙЛАР (1148-1282). САЪДИЙ ШЕРОЗИЙ (1194-1281). Салжуқий ҳарбий бошлиқлардан ташкил топиб, форс салғарийлари деб ном олган бошқа бир сулола 1148 йили Форснинг жануби-ғарбий кунжагини эгаллади. Улар аввалига Ироқ салжуқийларига, кейинчалик Хоразм шоҳларига итоатда бўлдилар. Ҳокимият тепасига элхонлар келгач, тожу тахт хазораспийлар қўлига ўтди. Одамови салғарийлар ва уларнинг ворислари ташқи дунё билан муносабатда бўлмасдан туриб, ўзларининг кичик подшоҳлигини обод қилишга уриниб кўрдилар. Шундай ҳукмдорлардан бири бўлган Саъд ибн Зангий (1256-1291) подшоҳлик қилган даврда Шероз шаҳрида буюк  форс шоири Муслиҳиддин яшаб ижод этди. Ўз ҳомийси шарафига Саъдий тахаллусини қабул қилган, мароқли тақдир насиб этган бу буюк сайёҳ Африқо шимолидаги Ифриқиядан Ҳиндистоннинг Гужарат вилоятидаги Самнас шаҳригача барча мамлакатларни айланиб чиқди. Ўн беш марта Маккага ҳажга борди. Ғоят кузатувчан ва синчков шоир, оддий бир жаҳонгашта йўловчи сифатида кишиларга, уларнинг турмуш тарзига, шунингдек, ҳукмдорларнинг раҳбарлик услубига доир кўпгина нарсаларни кўриб билиб олди. Сафардан қайтиб келгач, у Шерозда макон тутиб, ҳақиқий хушободлик сабоғи бўлмиш насрий ҳикоялардан  иборат «Гулистон» ва шеърий «Бўстон» китобларини ёзди. Бундан ташқари номини бутун дунёга машҳур қилган қасидалар, ғазаллар битди. Унинг жозибали достонлари ва ҳикоялари, бутун мусулмон дунёсида асрлар давомида ёд олиниб, барчанинг қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаб келяпти.

МУЗАФФАРИЙЛАР (1313-1393). ҲОФИЗ ШЕРОЗИЙ (1300-1389). Салғарийлар кетидан ҳазораспийлар келишди. Улардан кейин сўнгги элхонлар давридаги Йазд ҳокими Шарафиддин Музаффар асос солган сулола пайдо бўлди. Унинг ўғли Муборизиддинга Улжайту Худобанданинг ўғли ҳамда вориси элхон Абу Саиддан Йазд ҳамда Форс ҳокимлиги мерос қолганди. Кирмон хони Шоҳ Жаҳоннинг қизига уйланган Муборизиддин 1340 йили Кирмонни мерос олиб, сўнгра Форс вилоятини ва ҳатто Исфахонни эгаллади. Анча кучга тўлиб, Табризга юришини бошқараётганида маҳаллий муаммолар уни йўлдан қайтишга мажбур қилди. Унинг ворисларидан бири фан ва санъатнинг катта ҳомийси Шоҳ Хўжа Шерозда асос солган дорилфунун машҳур билим марказига айланди. Унинг мударриси Шамсиддин Муҳаммад бутун дунёда Ҳофиз номи билан шуҳрат топди. Ҳофизнинг 1368 йилда нашр этилиб, асосан аёл ва табиат гўзаллигига бағишланган шеърий девони ҳанузгача севиб ўқилади. Шоир ишқ-муҳаббат ҳақида ҳам мусиқий шеърлар битди. Сохталик ва мунофиқликдан нафратланадиган Ҳофиз самимийликни, дўстлик, мардлик ва ҳалолликни куйларди. Уни кўплар ақл-заковати учун қадрлаб «Лисон ал-Ғойиб» («Ғойибдан овоз») деб аташарди. Музаффарийлардан сўнгги ҳоким бўлган Мансур буюк Темурга қарши жасоратли жанг қилди, ўзининг охирги олишувида эса у рақиби қўшинларининг сафини ёриб ўтиб, Темурнинг ўзига таҳдид солган заҳоти соҳибқироннинг ўғли Шоҳруҳ етиб келиб, уни чопиб ташлайди. Шу билан қиролликнинг ҳам куни тугайди.

ҒОЛИБ ТЕМУР (1336-1405 йиллар). Бу даврга келиб аслида Элхонотнинг қуёши ботган, бутун Ўрта Шарқ майда подшоҳликларга айланиб, умуман ер юзида бирорта йирик мусулмон давлати қолмаганди. Улуғ бир миллат бўлиб шаклланиб келаётган усмонийлар ўз империясини ташкил этишга ҳозирлик кўришарди. Қудратли куч бўлишларига қарамасдан, уларнинг ҳақиқий кунлари туғадиган давр ҳали олдинда эди. Мусулмон Африқосидаги сингари Ҳиндистон минтақасини ҳам кичик подшоҳликлар ўзаро бўлишиб олишганди, мусулмон дунёси буюк бир шахсга эҳтиёж сезаётганди ва бундай зот Самарқандда пайдо бўлди. Барлос уруғидан чиққан Темур шундай киши эди. Чиғатойхоннинг ўзи монголларнинг ғоят катта империяси инқирозга учраганидан кейин Чингизхоннинг мусулмонлашган авлодидан мерос қолган Ўрта Осиё хонлигига бош бўлиб турди. Темур ёшлигидаёқ Трансоксианияга ҳоким этиб тайинланди. Ноёб истеъдод эгаси бўлган бу инсон секин-аста юксалиб, вазирлик даражасигача кўтарилди. 1369 йилда сарой аъёнлари билан тил бириктириб, Амир Ҳусайнни тахтдан ағдараркан, ўзи Самарқандга ҳоким бўлди. Шундан кейин Трансоксианиянинг қолган қисмини эгаллади... У Чингизхонникига ўхшаш дунё империясини вужудга келтириш орзуси билан ёнарди. Темур буюк шахс эди...  Амир Темурнинг улуғ зот, истеъдодли лашкарбоши бўлганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. У ҳеч қачон жангда мағлуб бўлмаган, фавқулодда жасурлиги билан донг таратган. Бу шафқатсизларча талабчан раҳбар ўз жонини аяшни ҳам билмасди. Буюк давлат арбоби бўлган Темур Ислом шарафини ҳамма нарсадан кўпроқ қадрларди.

ТЕМУР ИСТИЛОСИ. Темур деярли ҳар йили Самарқанддан юришлар уюштириб турарди. Бу юришлар натижасида Хуросон, Форс, Ироқ, Шом ва Кичик Осиё бирин-кетин унинг ихтиёрига ўта борди. У тузган империя Деҳлидан то Мармар денгизигача бўлган кенгликни ишғол қилди. Темурнинг Кичик Осиёни забт этишига эса усмоний султони Боязид I иғвоси сабаб бўлди. Бир аср давомида византияликлар билан уруш олиб борган усмонийлар катта империяга эга бўлай деб турган эдилар. Темур шуҳратини эшитган Султон Боязид унинг қачондир ўзига ҳужум қилишидан қўрқиб, бунинг олдини олиш мақсадида Кичик Осиё ҳисобига ўз ерларини кенгайтиришга қарор қилди. Ўша даврда у ерда кўплаб подшоҳликлар мавжуд бўлиб, айримлари Темурга қарам эди. Боязид уларнинг ҳаммасини: Кирмон, Қайсарий, Тоқат, Сивас ва Костамунани босиб олди. Улардан баъзиларининг ҳокимлари ёрдам сўраб, Темур томонга қочиб ўтдилар. Тутқич бермас Боязид ўзига тобе бўлган арман элбошиси Эрзинян мамлакатини ҳам эгаллади. Буни Темур ўз обрўсига тажовуз сифатида қабул қилиб, Ғарбга қўшин йўллади. 1400 йили Сивасни забт этиб, у ерда ҳоким бўлган Боязиднинг ўғли Эртўғрулни асир олди, аскарлар аҳолини қиличдан ўтказишди. 1402 йили Темур яна қайтиб келиб, чоғроқ қўшин билан рақиби Боязидни осонгина енгиб, ўзини банди қилди. Боязид қамоқда ҳаёт билан видолашди. Темур эса юришларини давом эттириб, жануби-ғарбда Шомни, жануби-шарқда эса Деҳлини ўзиники қилди. 1405 йили у Хитойни истило этишга чоғланди. Катта қўшин билан Марказий Осиёга йўл олиб, Хитой сарҳадига етганида  вафот этди.

ТЕМУРНИНГ ВОРИСЛАРИ. ШОҲРУҲ (1404-1447) ВА УЛУҒБЕК. Темур ўзига валиаҳд қилиб бошқа ўғлини белгилаб қўйганди, лекин ўша пайтда Хуросон ҳокими бўлиб турган Шоҳруҳ мирзо тез ҳаракатлари туфайли темурийлар империясига бош бўлишга эришди. У сўнмас шуҳрат қозониб, буюк Темурга муносиб ворис эканлигини исботлади. Падари бузрукворининг юришлари пайтида шу қадар бешафқат издан чиқарилган Форс ва Ўрта Осиёнинг ижтимоий ва маданий ҳаётини қайта тиклаш бобида жонбозлик кўрсатди. У асосий эътиборини Хуросон шаҳарларига, Марв ва Ҳиротга қаратди. Ўғли Улуғбекни Самарқандга Трансоксиания ҳокими қилиб жўнатиб, шу пайтдан эътиборан империясининг ушбу бўлаги ишига умуман аралашмади. Шу боисдан ажойиб шаҳзода Улуғбек мустақил ҳукмдорлик қилиб, Самарқандни фан ва маданият юксакликларига кўтарди. Фанга оталиқ қилишда Улуғбек ҳеч кимдан қолишмасди. У Самарқандда бунёд эттирган расадхона ҳозиргача асраб келинмоқда. Фалакиёт илмига доир тузиб чиққан жадвал эса аниқликда дунёда мислсиздир. Шоҳруҳ буюк меъмор эди, унинг хотини Гавҳаршод ҳам Машҳадда форс меъморчилигининг шон-шуҳрати бўлиб келган масжид қурдирди. Шоҳруҳ саройи ўша даврда Осиёдаги энг жозибали ва улуғвор маскан ҳисобланарди. У талайгина мамлакатлар, жумладан, Хитой хонлиги билан элчилар алмашди. Жангчи сифатида ҳам пешқадамлардан бўлган Шоҳруҳ тобора кучайиб бораётган қора қўюнли туркманларни кўп марта мағлубиятга учратди. 1447 йилда Шоҳруҳ вафот этгач, ўрнига Улуғбек тахтга ўтирди. Бироқ унинг подшоҳлиги даврида Ўрта Осиё чўлларида оёққа турган кўчманчи ўзбеклар Трансоксианияга бостириб келдилар, ҳатто Самарқандга ҳужум қилишиб, уни талон-тарож этдилар. Ўзбеклар етказган вайроналик Улуғбек дилини хуфтон қилди. Сал ўтиб у вафот этгач, 1452 йили темурий Абу Саид тахтга чиқди.

АБУ САИД (1452-1467) ВА ОҚ ҚЎЮНЛИ ТУРКМАНЛАР. Ҳақиқий темурийзода бўлган Абу Саид Темурнинг Фурот дарёсигача давом этадиган империясини ҳиндлардан тортиб олди. Бироқ унинг подшоҳлиги охирлаб қолаётганида Диёрбакирда оқ қўюнли туркманлар пайдо бўлишди. Улар ўз раҳнамолари Амир Узун Ҳасан бошчилигида Курдистон ва Арманистонни босиб олдилар. 1461 йили усмонийлардан зарба еган Узун Ҳасан Шарққа қайтиб келиб, темурийларга қарашли ерларни илон ялагандек аҳволга сола бошлади. Бу қобилиятли ҳарбий саркарда шунгача Форсни забт этиб, анчадан бери ўзига мададкор бўлиб келаётган қора қўюнли туркманларни ҳам тор-мор қилган эди. Темурий император Абу Саид унга қарши курашга киришиб, енгилганлиги натижасида Узун Ҳасан бирйўла Форс ва Озарбайжонни эгаллади. Шу билан темурийлар империяси барбод бўлди. Узун Ҳасан ўрнини бу диёрга тинчлик-осойишталик ва равнақ олиб келган унинг ўғли доно Ёқубшоҳ эгаллади. У маърифатли подшоҳ эди, лекин ворислари истеъдод бобида анча ожиз бўлганликлари сабабли туркманларнинг янги ташкил топган империясида парокандалик бошланди. Исмоил Сафавий исмли форс уларни таслим қилиб,  сафавийлар империясини тузганига қадар шундай аҳвол давом этди.

САФАВИЙЛАРГАЧА ЎТГАН МАШҲУР КИШИЛАР. ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ (1207-1273 йиллар). Дастлаб монголлар, сўнгра темурийлар мусулмон давлатларига жуда катта зарар етказдилар. Икки ярим аср давомида жуда арзимас тараққиётга эришилди. Дорилфунунлар вайрон этилиб, билим хазинаси бўлган кутубхоналар йўқотилди, истеъдодли кишилар ўлдирилди ёки сочилиб кетдилар, натижада маданий тараққиёт тўхтаб қолди. Шерозда Саъдий ва Ҳофиз пайдо бўлганликлари каби мусулмон дунёсининг чекка ўлкаларидагина ёзувчи ва шоирлар кўзга ташлана бошладилар. Ислом оламининг энг буюк нафосатли шоири Жалолиддин Румий Ўрта Осиёда дунёга келди. Монголлар ўлкани култепага айлантираётган кезлари унинг отаси Хоразмдан қочиб кетган эди. Фузало киши бўлган бу одамни Кўнйонинг салжуқий ҳокими шаҳзода Алоуддин ўз паноҳига олиб, шу ердаги дорилфунунга мударрис қилиб тайинланди. Ўша пайтлари Жалолиддин ҳали ёш бола эди. Отаси вафотидан кейин энди 23 ёшга кирган Жалолиддинга ҳам мударрислик вазифаси таклиф қилинди. У юксак маълумотли киши ва машҳур устоз сифатида танилди, бироқ Шамсиддин Табризий таъсирига берилиб, бошқа эътиқодни қабул қилди. Кейинчалик сўфий бўлиб, бир қатор достонлар ёзди. Улар тўпланиб, маснавий, яъни достонларнинг энг йирик мажмуаси, эҳтимолки, мусулмон дунёсидаги энг гўзал ижод маҳсули сифатида нашр этилди. Шарқнинг бизга замондош бошқа бир буюк шоири Муҳаммад Иқбол Румийни ўзининг маънавий устози деб билди.

ТАРИХЧИЛАР. Ёзма тарих бобида ҳам иккита буюк ном ва бир қанча бошқа исмлар пайдо бўлди. Ҳалокухоннинг котиби бўлиб, ҳамма воқеаларни ўз кўзи билан кўриб ёзган Алоуддин Жувайний шулардан бири эди. Унинг «Тарихи жаҳонгўша» деб номланган асарида монголларнинг тарихи ва ютуқлари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўта маърифатли киши деб саналган Рашиддидин Фадлуллоҳ – Ғозон Маҳмуднинг вазири шу машҳур кишиларнинг иккинчиси эди. Рашиддидин қаламига мансуб «Жомеъ ут-таворих» («Муфассал тарих») китоби жуда кўп манбаларни қамраб олиб, монголлар келишигача бўлган Форс тарихи билан таништиради. Китоб мулоҳазаларга бойлиги, босиқ ва мўътадил оҳанги ҳамда пухта-ҳалол ҳикояси билан ниҳоятда қимматлидир. Унда оташин қуролбардор Жалолиддин Ховоразмий тарихи хусусида сўз юритилади. Кўзга кўринган тарихчилардан яна бири Мирхонд бўлиб, у ўн бешинчи асрнинг иккинчи ярмида хиротлик Амир Ҳусайн саройида сўнгги темурийлар ва оқ қўюнли туркманлар даврини тасвирлаб ёзган. «Равзат ус-сафо» («Сафо боғи») деб номланган асарида у ҳикояти жозибасини ошириш учун кўплаб латифалардан фойдаланган.

САФАВИЙЛАР (1502-1736). ИСМОИЛ I (1501-1524). Ўн бешинчи аср ҳам ўтиб кетди, усмонийлар Константинополни эгаллаб, Оврупо давлатига айландилар. Бироқ на аббосийлар, на элхонлар ва на темурийлар ворисларига эга эмасдилар. Ҳиндистон мўғуллари ҳали давлат бўлиб улгуришмаган. Бироқ Форснинг шимоли-шарқий чегараларида, Каспий денгизи соҳилларида дарвишлар авлоди изғиб юрарди. Улар буюк сафавийлар сулоласига дуч келишлари лозим эди. Дастлаб ардебиллик Шайх Сафиаддин (1252-1334 йиллар) атрофида гирдикапалак бўлдилар. Бу тақводор киши шиа мазҳабига эътиқод қўйган дарвишлар уюшмасини ташкил этиб, уни Форснинг шимоли-ғарбий қисимга ёйди. Мазкур ташкилотга ўн бешинчи аср ўрталарида бошчилик қилган Шайх Жунайд шу художўй кишининг авлодларидан эди. Оқ қўюнли туркманлар Форсни эгаллаганларидан кўп ўтмай, Амир Ҳасаннинг синглисига уйланган Сафиаддин жуда катта кучга эга бўлди. Унинг ўғли Нодир эса Амир Узун Ҳасаннинг қизига уйланиб, ўзига хайрихоҳ кишиларни ҳокимларнинг Оврупо биродарлиги жамияти атрофига тўплай бошлади. Уларни қизил қалпоқ кийишга мажбур қилди. Натижада унинг тарафдорлари қизилбошлар номи билан танилдилар. Уюшмага Ҳайдар етакчи бўлди. Бутун куч-қудратини туркман подшоҳи Ёқубхонга қарши қаратган бу шуҳратпараст киши мағлубиятга учради. Унинг ўғилларидан бири Исмоил жуда тадбиркор йигит чиқди. У махфий равишда анча мустаҳкам негизга асосланган ўз ташкилотини тузди. Ёқубшоҳ вафотидан кейин 1497 йилда юзага чиқиб, очиқчасига жангга киришди. Бу моҳир саркарданинг ўз тарафдорларига таъсири беқиёс катта эди. Улар ҳам раҳнамолари учун жонларини Жабборга бериб курашардилар. Шу зайлда у ўз лашкарларини оқ қўюнли туркманларга қарши савашга бошлаб, Шурур жангини ютиб чиққач, у туркманлар подшоҳлигининг пойтахти Табризни эгаллади. Босқинчилик урушларини ҳам йўлга қўйиб, ҳадемай бутун Форсни қўлга киритди. Сўнгра Ироқ, Мўсул ва Диёрбакирни, яъни бутун оқ қўюнли туркманлар салтанатини ўзиники қилиб олди. Қора қўюнли туркманларга зарба бераётганлигидан ҳам қаноат ҳосил қилмай, шимолий ўзбекларга қарши юриш қилди. Исмоил жон-жаҳди билан ғалабага интилар, унинг лашкарлари фидокорона жанг қилишарди. У ўзбек амири Шайбонийхонни енгиб чиққан курашда Шайбонийхоннинг ўзи ҳалок бўлди. Исмоил ўзбекларни анча нарига суриб ташлаб, Хуросонни эгаллаш билан ғоят катта империяга олий ҳукмдор бўлди. Асли форс, эътиқод жиҳатдан эса шиаликка мансуб бўлган Исмоил форсча сўзлашар ва шу хусусияти билан миллий қаҳрамон сифатида қабул қилинарди. У шиаликни давлат динига айлантириб, шиаларнинг биринчи буюк империясини ташкил қилди. Шиалик ҳозиргача Форс (Эрон)нинг диний эътиқоди бўлиб келяпти.

ИСМОИЛ ВА УСМОНИЙЛАР. Исмоил форслар учун мангу қаҳрамон бўлиб қолди. Кўплар ҳатто уни авлиё деб билишади. Ниҳоятда жасур ва юксак истеъдодли бу киши ажойиб ҳарбий саркарда ҳам эди. Уни тан олмайдиган ягона миллат – бу Салим I бошчилигида шиалар давлатига қарши турган усмоний турклари бўлди. Салим I насронийларни даҳшатга солувчи буюк жангчи эди. 1514 йили шоҳ Исмоилга қарши қўшин тортган Салимни унинг рақиби Чалдибран жанги кутиб олди: тўп-замбараклари туфайли устувор бўлган турклар сафига бошбошдоқлик солишга муваффақ бўлди. Исмоил отлиқ аскарлари билан турклар устига қайта-қайта ҳужум уюштирганликларига қарамасдан, ҳеч нарсага эришолмади. Турклар ғалабаси натижасида Салим Табризни эгаллади. Бироқ қўшинлари яна илгарилаб бораверишдан бош тортганликлари сабабли у орқага қайтишга мажбур эди. Шундай бўлса-да, Курдистон ва Диёрбакирни ҳам ўз ерларига қўшиб олди. Тарихий нуқтаи назардан жуда муҳим бўлган бу воқеадан кейин усмонийлар билан форслар ўн аср мобайнида ўзаро кўп марта жанг қилдилар. Гўё улар Шарқий Оврупо билан Ғарбий Осиё ўртасида бир аср давом этган тўқнашув учун хун талашаётгандек эди. Бу, эҳтимол, айни суннийлар билан шиалар олишуви бўлгандир. Ишқилиб, юзлаб бу урушда ҳар икки томон беҳудага ҳад-ҳудудсиз жон ва бошқа моддий қурбонлар бердилар.

ШОҲ АББОС I (1578-1629 йиллар). Исмоилдан кейин узоқ давр Трансоксиания ўзбекларига ва ғарбда усмонийларга қарши кураш олиб борган Шоҳ Таҳмасп тахтга ўтирди. У ўзбеклардан устун келиб, усмоний султони Сулаймон Муҳташамга қарши жангларда бир неча марта ютқазиб қўйди. Илгари қувиб ҳайдалган мўғул империтори Ҳумоюн айни Шоҳ Таҳмасп даврида шиалик мазҳабини қабул қилганлиги эвазига кўрсатилган ёрдам туфайли Форсга қайтиб келди. Шоҳ Таҳмасп Форсни қайта қура бошлади: сафавийлар янги тимсолининг гавдаланиши шундан бошланган бўлса-да, унинг Буюк номини олган ўғли Шоҳ Аббос даврида чинакамига равнақ топди. Шоҳ Аббос қалби ва шуури ғоя ва қарашларига тўлиб-тошган инсон эди. У форснинг азалий шон-шуҳратини тиклаш орзуси йўлида иш олиб борди. Ўша даврдан эътиборан Форс ҳақиқатан ҳам ўз тили ва маданияти бўлган Ислом империясига эгалик қила бошлади. Унинг бу соҳадаги ташаббуслари ўлкага янгича ҳаёт олиб келди. Шоҳ Аббос ишида мунтазамликка эришди. У қизилбошларнинг ўзбошимчаликлари ва қайсар табиатини кўриб «Шоҳнинг дўстлари» деб аталган янги жанговар тартиб-қоида жорий этди. Натижада оғир дамларда таяна оладиган кишилар гуруҳига эга бўлди. Ўтган икки юз йил мобайнида турклар ҳарбий устунликка эришиб келганликларини эсда тутгани ҳолда Антони ва Роберт Шиерлей исмли истеъдодли икки инглиз ёрдамида қўшинларини қайта кўриб чиқди. Энди у ҳамма нарсага ҳозиру нозир эди, бироқ ўзбеклар ва турклар унинг доимий рақиблари бўлиб қолавердилар.

ЎЗБЕКЛАР БИЛАН БЎЛГАН УРУШ. Бироқ ундан илгарироқ ҳаракатга тушган турклар 1587 йилда додхоҳ-подшоҳ Фарҳод раҳбарлигида Форсга ҳужум бошладилар. Бағдод яқинида бўлиб ўтган жангда форслар мағлубиятга учрадилар. Турклар яна Табризни эгаллашлари билан уни Гуржистондан ажратиб олиб, Луристон таркибига қўшдилар. Шунга қарамасдан, Шоҳ ўзига қулай пайт пойлаб турди, чунки ўзбеклар Хуросонда ҳам безовталик уйғотаётган эдилар. Уларнинг подшоҳи Абдулла II шарқда Мовароуннаҳрнинг Фарғонадан тортиб Каспий денгизигача бўлган ерларини эгаллаган жуда омилкор киши эди. Аббос шундан кейин Нишопур, Сабзавор, Исфаҳонни, умуман, бутун Хуросонни қўлга киритди. 1597 йилда ўзининг янги қўшинларини шимолга йўналтириб, ўзбеклар устига шу қадар ғазаб билан ёпирилдики, уларни Хуросонни тарк этишларидан бошқа чоралари қолмади. Сўнгра у турклар томон йўл олди. 1603 йили шимоли-ғарбга юриш уюштириб, Табризни қайта қўлга киритгач, Ереван, Ширвон ҳамда Қарсни эгаллади. Урмия кўли бўйидаги жуда катта жангда туркларни енгиб чиқди. Мўсул, Диёрбакир ва Месопотамияни ҳам забт этиб, уйига музаффар қайтди. Бу Форс учун буюк санага айланиб, умуммиллий шодиёналикка сабаб бўлди. Шу билан Эрон ва Турон ўртасида қадимдан давом этиб келаётган рақобат Эрон фойдасига ечим топиб, буюк ғолиб аён бўлганлигидан Аллоҳга ибодатлар қилинди. Бир неча йил ўтгач (1612 йилда), Форс учун жуда фойдали бўлган сулҳ тузилди. 1616 йилда турклар яна кучли қўшинлар билан келиб, Ереванни қамал қилганларида форслар уларнинг ҳужумларини қайтариб, анча орқага суриб ташладилар. 1618 йили муваффақиятсиз ҳужумларидан кейин турклар яна чекинишга мажбур бўлдилар. Бир неча йил ўтказиб қайта уринишларида улар Бағдодгача бориб, бирмунча муваффақиятга эришдилар. Ниҳоят душманлик барҳам топиб, икки халқ ўртасида тинчлик барқарор бўлди, Шоҳ Аббос яна Форс шарафини сақлаб қолди.

ШОҲ АББОС ЗАФАРЛАРИ. Шоҳ Аббоснинг буюк ҳукмдорлиги ҳарбий соҳадагина эмас, балки маъмурий ишларда ҳам намоён бўлди. У ўз империяси ҳудудидаги йўлларни тартибга солиб, карвонсаройлар қурдирди, кўприклар бунёд эттирди. Шу кенг, равон йўлларнинг айримлари ҳали ҳам хизматда. Шоҳ Исфаҳонни пойтахт қилиб танлаб, уни мислсиз боғу бўстон шаҳарга айлантирди. Бу ерда барпо этилган қасрлар ва бошқа иншоотлар, масжиду мадрасалар, илоҳият дорулҳикмалари мисли бир ажойиботлар эди. Ўзга юртлардан келган сайёҳлар уларни кўриб ҳайратга тушар эдилар. Ҳунармандлар ва тўқувчилар, гиламдўзлар учун яратилган имтиёзлар беқиёс самара бериб, форсларнинг товарлари бутун дунёга машҳур бўлиб кетди. Шоҳ Аббос форсларни бир миллат сифатида уюштиришга ва шиалар эътиқодини имкон қадар кенг ёйишга ҳаракат қиларди. Имом Али ар-Ризо даҳмаси жойлашган Машҳадни муқаддас деб эълон қилиб, у ерга мунтазам равишда зиёрат қилиб турди. Ҳатто бир гал шу йўлда 800 чақирим масофани пиёда босиб ўтган. Ғайридинларга ҳам самимий муносабатда бўлган бу буюк шаҳаншоҳни ўз мамлакатидан ташқарида ҳам яхши билишарди. Шу туфайли форс санъати, ҳунармандчилиги ва маданияти бутун Ислом дунёсига жуда катта таъсир кўрсата олди. Шоҳ Аббосда фақат битта фазилат етишмасди: у буюк шоирларга илҳом бағишлай олмасди. Унинг подшоҳлигида ва умуман сафавийлар салтанатида форс шеъриятида ҳеч қандай жонланиш сезилмади.

ШОҲ АББОС ВОРИСЛАРИ. Унинг ворислари ўз салафига ўхшамадилар. Ҳадемай «Ҳарамий бошқарув»нинг давлат ишларига ҳалокатли таъсири сезила бошлади. Фисқ-фасод, иғвогарликлар шоҳ ҳокимиятининг пайини қирқди. Бутун империя бўйлаб ўзаро ички урушларнинг узлуксиз тизгини бошланиб кетди. Форсда авж олиб бораётган тўс-тўполонларни кузатиб турган Шоҳ Аббос оламдан ўтиши биланоқ усмоний султони Мурод IV бу мамлакатга ҳужум бошларкан, Ҳамадонгача етиб бориб, уни талон-тарож қилди. Турклар 1635 йили Ереван ва Табризни, 1638 йили Бағдодни босиб олганлари ҳолда айни сулҳ шартлари муҳокама қилинаётган бир пайтда Ереван ва Табризни қайтариб беришиб, Бағдод ва, умуман, Ироқни ўз ихтиёрларига ўтказдилар. Шу даврдан бошлаб деярли уч юз йил мобайнида Бағдод турклар империясининг бир қисмига айланди. Фақат биринчи жаҳон уруши натижасидагина улар бу шаҳардан ва империянинг бошқа қисмидан маҳрум бўлдилар. Бироқ ўн саккизинчи аср бошида сўнгги сафавий подшоҳ уруш билан афғонлар устига бостириб борди. Уларнинг ҳокими – мустаҳкам эътиқодли сунний Мир Ваис эса ўша пайтда Форсда ҳукмронлик қилаётган ўта кескин қарашларга қарши эди. У сафавий шоҳ Ҳусайнга солиқ тўлашдан бош торганида форслар юборган қўшинларни осонгина тор-мор келтирди. Анча вақт ишлар авжида бўлиб турган бир пайтда Мир Ваисдан кейинги иккинчи ҳоким Мир Маҳмуд 1722 йили Форсга бостириб келди. У Гулнобот атрофидаги катта жангда ғолиб чиқиб, Исфаҳон томон юришини давом эттирди. Шоҳ Ҳусайн тахтдан воз кечди, унинг ўғли Таҳмасп янги кучларни сафарбар қилиш мақсадида Мозандаронга қочиб кетди. Шундай қилиб, афғонлар Форсга эга бўлдилар ва бундай аҳвол бир неча йил давом этди.

АФҒОНЛАР. МИР МАҲМУД ВА АШРАФШОҲ. Афғонлар Форсни эгаллаган даврда Русияда Буюк Пётр подшоҳлик қилмоқда эди. Бу улуғ инсон, лекин ваҳший жангчи битта орзу – Русияни буюк давлатга айлантириш орзуси билан яшарди. Ҳамма жойда, жумладан, Туркия империясида ҳам ўз ночорлигини кўрсатаётган мусулмонлар устига ҳужум уюштириш унга ўз ниятига эришишнинг энг яхши йўли бўлиб кўринди. Шу тариқа у сафавийлар ишига мададкор бўлиш баҳонасида Кавказ орқали Форсга бостириб борди. 1722 йилда Дарбандни, сўнгра Решт ва Бокуни босиб олди. Владикавказда жойлашган бу шаҳарларнинг ҳаммаси асрлар бўйи мусулмонларга мансуб бўлиб келаётган эди. Сафавийлар шоҳи Таҳмасп II Буюк Пётр афғонларни қувиб чиқаришга ёрдам берган тақдирда унга Ширвон, Доғистон, Ғилон, Мозандарон ва Астрободни ваъда қилди. Масаланинг шу тарзда қўйилганлигини кўрган турклар бу ишга аралашмай туролмадилар. Улар 1723 йили Тифлисни эгаллаб, Русия билан сулҳ туздилар. Шунга кўра, Форсга қарши курашда Русияга кўмаклашгани учун Табриз, Ҳамадон ва Кирмоншоҳни талаб қилдилар. Пётр шартга рози бўлгач, турклар 1724-1725 йилларда шу шаҳарларни эгалладилар. Исфаҳондаги афғон ҳокимлари бундан қаттиқ ташвишга тушиб қолдилар. Суннийларга мансуб ва нисбатан паст маданиятли бўлган бу ҳукмдорларга ўзларининг маданияти ва ўтмиши билан ғурурланувчи форслар писандсизлик билан итоат қилиб турдилар. Бундай паст назарни ўзлари учун ҳақорат билган жаҳли тез афғонлар ҳуда-беҳудага уларни жазолайвердилар. Бу эса ишнинг тобора ёмонлашувига сабаб бўлиб, ўзаро нафрат ошиб борар эди. Ана шундай бир вазиятда Мир Маҳмуд бандаликни бажо келтириб, анча гапга тушунадиган султон Ашрафшоҳ тахтга ўтирди. У қанчалик хушмуомала бўлиб, кишилар билан муроса қилишга уринмасин, барибир форс оқсуяклари унга ҳадик ва шубҳа билан қарашар, лекин бундан Ашрафшоҳнинг ўзи тушкунликка тушмас эди. 1727 йили у турклар ҳужумини даф қилди. Султон билан тузилган сулҳ битимига биноан эса анча ерларини унга беришга тўғри келди. Айни пайтда у форслар шоҳи деб эътироф этилди. Бироқ бир йил ўтгач, яъни 1728 йили Таҳмасп билан юқори Хуросон туркларининг афшар қабиласи сардори Нодирқулихоннинг бирлашган қудратли қўшинлари унга қарши ҳужум бошлашди. Машҳад ва Ҳиротни босиб олгач, улар Исфаҳонга йўналдилар. Ашрафхонга дастлаб Исфаҳон яқинида, икки йилдан кейин, яъни 1730 йили Шероз яқинида зарба беришди. Мамлакатни тарк этган Ашрафхон Қандаҳорга қайтиб келишида йўлда ўлдирилиб, сафавийлар яна ҳокимият тепасига чиқдилар.

АФШАРЛАР. НОДИРШОҲ (1734-1747 йиллар). Бош вазир ва бош ҳарбий саркарда бўлиб олган Нодирқулихон шоҳнинг синглисига уйланганидан кейин янада кучайиб кетди. Ислом дунёси пешонасига бундай буюк жангчи анчадан бери битмаган эди. У афғонларни енгганидан кейин туркларга қарши юриш қилиб, уларни Ҳамадон, Кирмоншоҳ ва Табриздан чиқариб қувди. Қобулда ҳокимиятга келган абдоллар Нодир ўзлари устига бостириб келиши мумкинлигидан қўрқиб қолдилар. Нодир йўқлигида Шоҳ Таҳмасп турклар билан жанг қилишга бемаъниларча уриниши натижасида яқингинада қўлга киритилган шаҳарларни бой бериб қўйди. Бундан ғазабланган Нодир пойтахтга қайтиб келиб, шоҳни тахтдан четлатди. Унинг ўрнига Таҳмаспнинг саккиз ойлик ўғли Аббос учинчини тайинлаб, ўзи муваққат шоҳбобо бўлди. Бундай аҳвол тўрт йилгача, яъни гўдак шоҳ оламдан ўтгунига қадар давом этди. Аъёнлар тахтни Нодирга таклиф қилдилар. Сунний мазҳабига мансуб бўлган Нодир бу таклифни қабул этаркан, давлат дини суннийлар эътиқодига алмаштирилишини шарт қилиб қўйди. Зодагонлар бунга розилик билдиришди-ю, аммо Нодиршоҳ ўз талабини амалга оширишга бутун ҳукмронлиги давомида самарасиз уриниш билан овора бўлди. Лекин бошқа соҳаларда омади келиб, у довруғини қайта тиклади, империя сарҳадларини кенгайтирди.

НОДИРШОҲ – ИСТИЛОЧИ. Унинг ҳарбий юришлари ҳақидаги ҳикоятлар қўшиқдек ўқилади. Ислом дунёси бундай серғайрат, бу қадар азамат саркардага анчадан бери зор эди. Узоқ давом этмаган афғон тартиблари даврида Русия ва Туркия нима ишлар қилганлигини унутмаган Нодиршоҳ биринчи бўлиб Русияга қарши ғоят муваффақиятли ҳужум бошлаб, Мозандарон, Астробод ва Ғилонни эгаллади. Бироқ руслар билан жанг бораётган бир пайтда турклар шошилинч равишда Русияни иттифоқчиликка чақириб, Форсга бостириб кирдилар. Уларни қарши олишга чиққан Нодир Ғиркўк учун бўлган жангда ғалаба қозонган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатларни давом эттириб ўтирмади. Трансоксианияда қўзғолон кўтарилгач, у Русия билан битим тузишга мажбур бўлди. Шу битимга биноан, агар Русия туркларга қарши урушда ёрдам бергудек бўлса, Кавказдаги Форс тасарруфида бўлган барча ерларни Боку ва Дарбанд сингари шаҳарлари билан бирга қўшиб рус подшоҳи ихтиёрига беришни ваъда қилди. Бу шартни маъқуллатган Нодиршоҳ 1735 йили туркларга қарши курашга киришаркан, Боҳованд жангида улардан устун келиб, Тифлисни ҳам қайтариб олди. Ғарб томонидан бирмунча хавфсизликка эришгач, Трансоксианияга кириб бориб, Балҳни, кетидан Қандаҳорни эгаллади. 1739 йили у Қобул, Пешавор ва Лахўрни қўлга киритди. Ҳиндистоннинг мўғул императори Муҳаммадшоҳ қарши юборган қўшинларни ҳам тор-мор келтириб, Деҳлини босиб олди. Уни вайрон қилиб, аҳолисини қиличдан ўтказди. Империя хазинасини батамом талон-тарож қилди, машҳур Пекок тахтини эгаллаб, ҳад-ҳудудсиз бойликни ўзлаштирди. Ўзидан кейин у ерда бор буд-шудидан ажралган ҳукуматни қолдирди. Бироқ талон қилган бойликлари унинг эс-ҳушини батамом эгаллаб олган эди. Сал ўтиб, у Синд вилоятини истило қилиб, у ердаги бойликни супуриб-сидириб ўзлаштирди. Юртига қайтаётиб, ўлжаси билан мақтаниш учун Қандаҳорда тўхтаркан, кўзи ўнгида ёйилиб ташланган бойликлар, тилла гардишли қимматбаҳо тошлар, чодирлар, тахтсупалар ва бошқа мол-мулк унинг ақлини ўғирлади. Форсга қайтиб келиб, ана шу бойликларни асраш учун махсус сарой бунёд эттирди. У соатлаб, баъзида кунлаб уларга боқиб ўтириб тўймас эди. Ҳикоя этишларича, бундай ҳолат уни хасислаштириб, бутунлай ўзгартириб юборган. Кўпларнинг таъкидлашларича, у урушлар олиб бориб, ғалабалар қозонганлигига қарамасдан, бошқа ҳеч қачон илгариги ҳолга қайтолмаган. Нодиршоҳ 1740 йилда Хива ва Бухорони қўлга киритиб, империяси ерларини яна ҳам кенгайтирди.

НОДИРНИНГ ХУЛҚ-АТВОРИ. У қанчалик буюк саркарда ва фотиҳ бўлмасин, моҳир раҳбар эмасди. Қайсарлик унинг энг катта нуқсони бўлиб, атрофидаги кишиларга ўз эътиқодини ниҳоятда амрфармолик билан ўтказарди. Бундай зўравонлиги муваффақият ўрнига норозилик келтириб чиқарарди. Устига-устак ҳинддан ундирилган бойликлар унинг зиқналигини ошириб юборди: шу мол-дунёни мамлакат бахт-саодати йўлида ишлатиш ўрнига уларни яшириш пайида бўлди. Ҳиндистондан қайтиб келганидан кейин у ғалаба шарафига дастлаб муайян муддат барча солиқларни бекор қилди. Бироқ хазинадан барака кетаётганини кўриб, уларни қайта жорий этди. Кўп жиҳатлари билан буюк бўлган бу зот қилмишларида изчиллик етишмасди, кайфиятига қараб иш тутарди. Унинг табиатида ҳаётининг охиригача мустаҳкам сақланиб колган нарса – бу унинг ҳарбий соҳадаги даҳолиги эди. 1745 йилда турклар Форсга қайта ҳужум қилганларида Нодиршоҳ қарши туриб бериб, ҳатто Қарс яқинида ғалаба ҳам қозона олди. Ниҳоят мусулмон давлатлари ўртасида осойишталик ўрнатилди. Лекин 1747 йилда Нодир ўз қавмига мансуб бир кимса қўлидан ўлим топди.

ЗАНДЛАР (1750-1779 йиллар). Нодир вафотидан кейин афшарлар сулоласининг юксак мавқеи узоқ давом этмади. Ўз тахтини шиа мазҳабидаги рақибларига бой бериб қўйган унинг невараси шаҳзода Шоҳруҳ кўрар кўзидан ҳам ажратилди. Кўзи ожиз Шоҳруҳ Хуросонга кетиб, ўз истеъдоди, дадиллиги ва омилкорлиги туфайли у ерда 1796 йилгача ҳукм сурди. Афғонистонда аббосийлар мустақилликка эришдилар. Форсда муайян вақтгача иккита фирқа – Каримхон бошчилигидаги зандлар ҳамда қожорлар ўртасида ҳокимият учун кураш кетди. Бу рақобатда устун чиққан Каримхон шоҳ бўлиб, кучлари жанубда жойлашганлигидан пойтахтини ҳам Шерозга кўчирди. Бу сахий ва қатъиятли, ажойиб ҳукмдор Форсни янада гуллатиб-яшнатиб юборди. Британияга Буширда (1763 йил) ва Басрада (1770 йил) корхона қуришга имкон берди. Унинг вафотидан сўнг тартибсизликлар бўлиб ўтди, бир нечта ҳукмдорлардан кейин 1789 йилда тахтга ўтирган дилбар инсон Лутф Алихон подшоҳликка хос кўпгина фазилатларга эга эди. Бироқ қожорлар кучи тобора ортиб борарди. Натижада 1794 йили Алихон уларга қарши курашишга мажбур бўлди. Қожорлар раҳнамоси Оға Муҳаммад уни мағлубиятга учратиш билан зандлар сулоласи ҳукмронлигига ҳам якун ясади. У асос солган қожорлар сулоласи 1925 йилгача Форсда давр сурди.

ФОРСЛАР ҲУКМРОНЛИГИ. Форслар, уларнинг маданият муассасалари жорий этган фуқаролар маъмурияти тўғрисида бир-икки калима айтиб ўтиш зарурдир. Барча мусулмон мамлакатларидаги ҳукмронлик услуби ўзаро жуда ўхшаш. Султон ёки шоҳ, уларгача эса халифа олий ҳукмдор саналиб келинди. Унинг ўз ноиби, вакили ёхуд бош вазири бўларди. Камдан-кам ҳолларда махсус бош саркардалик вазифаси жорий этилган. Султон ёки шоҳ ҳар доим бош ҳакам ҳисобланарди. Гарчи унинг ёнида шу вазифа юклатиладиган бош қози бўлса ҳам, бош муфтий (садр ус-судур) шариат билан шуғулланганлигидан шоҳнинг расмий маслаҳатчиси саналарди. Молия ёки алоқа, йўллар ёхуд миршаблик сингари турли соҳаларга мутасаддилар вазирлар кенгашини ташкил қиларди. Алоқа воситалари ва йўллар яхши ривожланмаганлиги вилоятларнинг ҳокимларига катта ҳуқуқлар берилишини тақозо этарди. Шу боисдан ҳокимлар ҳам ўз маслаҳатчиларига эга эдилар. Улар ҳар доим ҳарбий кучларга саркардалик, барча фуқароларга сардорлик қилишарди, лекин чоғроқ ҳарбий қисмларга бош бўлиш учун фуждорлар ҳамда дунёвий ишларга масъул маъмур ҳам тайинлашлари мумкин эди. Ҳокимлар ўзларининг даромад манбаларига эга бўлиб, бу маблағнинг муайян қисмини пойтахт ҳиссасига ажратиб турардилар. Ер солиғи, савдогарлардан олинадиган йиғимлар, қарам мамлакатлардан ундириладиган тўловлар, ҳарбий ўлжалар, анъанавий маросимлар тушумларидан ва истеъмол соҳасига қўйиладиган билвосита солиқлар марказнинг асосий давлат даромадлари манбаини ташкил қиларди. Қабул ва учрашувларда ҳадя қилинадиган нарсалар шахсан шоҳга тегишли даромадлар ҳисобланарди. Мамлакат шу тарзда яхши ташкил этилган эди.

ФОРС БУЮМЛАРИ. Яхши ривожланган форс ҳунармандчилик саноатининг кўпгина маҳсулотлари четга чиқариларди. Гиламлар, газламалар, шиша буюмлари, сопол идишлари ва нафис буюмларнинг бозори чаққон эди. Овруполик қироллар кўнгли шуҳрати оламга кенг ёйилган форс газламаларидан кийим кийишни тусарди. Инглизлар шаҳаншоҳи Карл II кўпинча форс кийимларини киярди, унинг аъёнлари ҳам шунга амал қилишарди. Форс товарлари фарангларга ҳам жуда хуш ёқарди, улар оила аъзолари билан бирга форс зеб-зийнатларини тақиб юришдан мамнун эдилар. Аббос салтанатида ишлаб чиқарилган чиғ бахмал, сатинлар, тилла ва кумуш буюмлари бугун ҳам дунё музейларини безаб турибди. Ўша давр гиламларининг ҳануз чиройи кетмаган, улар гулларининг сиру синоати устида гиламдўзликка ёрдам берувчи бугунги энг яхши рассомлар бош қотиришади. Сопол буюмларни ёқтирадиган Шоҳ Аббос уларнинг сархилини тўплашни одат қилган эди. У ҳатто катта ва саховатли мукофот эвазига хитойлик кулолларни Форсга таклиф қилган. Ўша пайтда форс кулолчилиги дунёдаги энг сара намуналар билан бўйлашадиган даражада эди. Сирланган шиша буюмларни тайёрлаш ҳатто сафарийлар сулоласидан илгари ҳам ривож топган эди. Улуғ Темурнинг Самарқанддаги кўшкида бўлган венеъиялик машҳур сайёҳ Клавихо торторлар пойтахтидаги торторлар саройини ҳайратга солувчи ажойиботлар жумласига киритишни изҳор этиб, у ерда кўрган сирли идишни тайёрлаш синоати бутун дунё учун шу даврдаёқ йўқотилганлиги тўғрисида ёзган эди. Форсларнинг хумдонларида пиширилган буюмлар сифати рақобатда колишмасди. Уларнинг чиннига расм солмасдан сир ва камалакранг (ҳафтранг) жило бериш санъати Ҳиндистонда ҳам ёйилди. Форс меъморчилиги мўғулча услубга ҳам катта таъсир ўтказди, форс ҳунарпешалари ҳамма ерда ҳурмат-иззатга сазовор эдилар. Шеърият бобида форслар ғарбда турк, шарқда урду назмига таъсир кўрсатдилар.

ФОРС САНЪАТИ. Форсларнинг ажойиб шеъриятига кўплаб таърифлар берилган. Афсуски, диний мутаассиблик сабабли бўлса керак, сафавийлар даврида бирорта ҳам йирик шоир чиқмади. Албатта шеърият етарли эди, лекин асосий эътибор мавзу ва мазмунга эмас, ҳис-туйғулардан холи тил ва шаклга қаратилганди. Бу олдиндан белгилаб қўйилган намунага қараб турли товланишли урғуларга ва ўзгарувчан вазнларга асосланган назмда достонларга жило бериб қалам тебратиш сафавий шоирлардан жуда катта маҳоратни талаб қиларди. Олдиндан белгиланган ана шундай қолипларга тутқун бўлган илҳомдан яхши самара кутиб бўлмаслиги равшан. Форс шеъриятида ҳам айни шундай ҳодиса юз берди. Аммо тасвирий санъат ва меъморчилик бобида форслар ақлни лол қолдирадиган  муваффақиятларга эришдилар. Темурийлар давридаёқ Хуросонда «Шоҳнома»ни ва Низомийнинг юксак шеъриятини безаш билан буюк форс мумтоз асарлари китобат санъатига асос солди. 1480-1507 йилларда Хиротда ўз мактабини яратган машҳур Беҳзод бу ишни давом эттириб, тасвирий санъатни ҳаётга анча яқинлаштираркан, унга бўёқлар жилвасининг нозиклиги ва нафосатини бағишладики, илгари бу нарса йўқ эди. Сафавийлар мактабига Султон Муҳаммад ва унинг Буюк Аббос саройида мусаввир бўлиб хизмат қилган ўзидан ҳам машҳурроқ шогирди Ризо Аббосийлар бошчилик қилишди. Ризо Аббосий корхоналар тархини чизиб берарди. Бироқ унинг саройига яқинлиги услубига ҳам бир қадар майинлик ва зерикарли руҳ бағишлардики, XVII асрга келиб бу майллар авж олиб кетиб, пировард натижада Форсда шаклланган яхшигина тасвирий санъатни барбод қилди. Меъморчилик соҳасида Улжайту, Шоҳруҳ ва унинг рафиқаси Гавҳаршод ўз замонидан то Шоҳ Аббос давригача, яъни Исфаҳонда Масжиди Шоҳ, Чил устун, Толори Ашраф ва Ҳашт биҳишт сингари ҳар қандай мамлакатнинг ғурури бўла оладиган кошоналар бунёд эттирилган даврга қадар катта ўсиш юз берди.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz