Ислом Ҳиндистонда Принтер учун
28.09.2010 й.
ИСЛОМНИНГ ҲИНДИСТОНГА КИРИБ КЕЛИШИ. Бу мамлакатга Исломнинг ёйилиш тарихи тўғрисида III бобда сўз юритилган эди. Синдлик рожа Даҳир VII аср охирида арабларнинг денгиз кучларига ҳужум қилмоқчи бўлиб турганида Ироқнинг қудратли ҳокими Ҳажжож ибн Юсуф невараси Муҳаммад ибн ал-Қосим бошчилигида унга қарши қўшин юборди. Навқирон Муҳаммад Ҳинд водийсининг Мўлтонгача бўлган бутун пастки қисмини босиб олди. У Ҳиндистонда узоқ қолмади, лекин шундан буён Синдни ва ҳатто жануби-ғарбий Панжобни араблар халифалигининг бир қисмига айлантирган эди.


ДАСТЛАБКИ ИСТИЛОЛАР САМАРАСИ. Синднинг араб ҳокимлари ўз тасарруфидаги ерларни шарққа томон кенгайтириш мақсадида вақти-вақти билан Ражпутан, Малва ва Гужаратга юришлар уюштириб туришарди. Ана шундай ҳокимлардан бири бўлган Жунайд ҳукмронлиги даврида мусулмонлар Виндҳясининг бутун бойлигини қўлга киритдилар. Улар ҳатто мусулмонлар ҳужумига қалқон бўлиб турган забардаст Чалуйкас ҳокимлигидаги Декангача кириб бордилар. Марказда ўз куч-қудрати билан мусулмонларни Ҳиндистоннинг марказий қисмига ўтиш имкониятидан маҳрум этган пратихараслар ҳукмронлик қилишарди. Лекин мусулмонлар ғарбий Ражпутан ҳудудида ўз ҳокимларини сақлаб қолдилар. Улар ҳали ҳиндлар давлати тўғрисида тасаввурга эга эмасдилар, бироқ ҳинд маданиятига ошно бўлишлари натижасида иккала халқ орасида маданий алоқалар ривожлана борди. Синчков тадқиқотчилар бўлган араблар билимларни чанқоқлик билан эгалладилар. Улар ҳинд риёзиёти, тиббиёти, фанлари, фалсафасини ва санскрит тилида ёзилган китобларни ўргана бошладилар. Бунинг натижасида ҳиндларга хос ғоялар ва уларнинг фани араб мамлакатларида ҳам кенг ёйилиб, арабларнинг умумий билим даражасини юксалтира борди. Тарих китобларида мусулмонларнинг илми нужум ва риёзиёт соҳасидаги ёш илмий кучлари Бенаресга ва Ҳиндистоннинг бошқа шаҳарларига келганликлари қайд этилган.

ҒАЗНАВИЙЛАР. МАҲМУД АЛ-ҒАЗНАВИЙ. Маҳмуд Ғазнавий истилолари туфайли Ислом дини ҳақиқатан ҳам кенг кўламларда жорий этила борди. Маҳмуд Канаужа ва Деҳлигача борган бўлса ҳам, фақат Панжобни эгаллашга эришди. Ғазнавийлар даврида Панжоб, аниқроғи, унинг учдан икки қисми мусулмон дунёсининг бир бўлагига айланди. Лахўр, Панжоб ва Юқори Синд ғазнавий ҳокимлигининг вилоят марказлари бўлиб хизмат қилди. Сўнгги ғазнавий ҳокимлар эса Ғазнага эмас, Лахўрга бўйсунардилар. Маҳмуд Ҳиндистонда узоқ хотира қолдирди. Бу хотира фақат Панжобнинг доимий истилоси билангина чегараланиб қолмасдан,  кўпроқ Маҳмуднинг ва унга қарам туркларнинг ўзларига нисбатан ҳиндлар қалбида уйғотган очиқ-ойдин қўрқувда бўлмаса ҳам, душманликда ифодасини топди. У ҳиндлар бошида тез-тез калтак синдириб турди, ўғли Султон Масъуд ва невараси Баҳромнинг шон-шуҳрати эса Ҳиндистонда шу қадар кучли янгрардики, ғурийлар Ҳиндистон устига бостириб келаётганларида Присви Рож, деҳлилик Чоукан Рож ҳамда Ахмернинг қарши чиқишларини ҳисобга олмаганда, ҳиндлар ҳатто мусулмонлар ҳаракатига сезиларли тўсиқ бўлолмадилар.

ҒУРИЙЛАР. Ғазнавийларни ғурий турклари раҳнамоси Ғурийхоннинг тарафдорлари тахтдан ағдаришди. Ғазнавийларнинг сўнгги подшоҳи Баҳромшоҳ ғурий туркларининг саркорлари бўлган Қутбиддин ва Сайфиддинни қўлга тушириб, уларнинг бошини шу ерда ҳозир бўлган ғурий отлиқларининг кўзи олдида кесиб ташлади. Бу воқеа ўша икки ғурий ака-уканинг кенжа иниси Алоуддинга шу даражада қаттиқ таъсир этдики, у катта қўшин тўплаб, Ғазна устига ёпирилди. У ўта қасоскор ва раҳмсиз киши эди. Ҳали ярим ёввойи бўлган Алоуддин Ғазнанинг улуғворлиги, унинг саройлари, масжидлари, дорилфунунлари, кутубхона, мактаб ва хонақоҳлари қадрига етмай, уларни вайрон қилиб, кулини кўкка совурди. Осиёдаги кўплаб мамлакатларнинг бойликлари тўпланган азим шаҳар етти кун давомида аланга ичида қолди. Бундай манфур қилмиши учун Алоуддин Жаҳонсўз (Дунёга ўт қўювчи) номини олди. Шундан кейин Алоуддиннинг невараси – ғурийлар сулоласининг биринчи меросхўр подшоҳи бўлган Ғиёсиддин бошчилигида куч тўпланди. Лекин амалда ғурийлар шуҳратини таратган киши Ғиёсиддиннинг укаси – шимолий Ҳиндистонни босиб олган Шаҳобиддин ал-Ғурий бўлди.

ШАҲОБИДДИН МУҲАММАД АЛ-ҒУРИЙ (1175-1206 йиллар). Ғурийлар ҳарбий кучларининг бош саркардаси Шаҳобиддин буюк жангчи эди. Ҳатто Маҳмуддан ҳам кўра каттароқ ҳудудга эга бўлган Шаҳобиддин империя тузиш ниятида бўлиб, 1175 йили Ҳиндистонга дастлабки ҳужумданоқ исмоилийлар ҳокимидан Мўлтонни тортиб олди. Жанубда ҳозир Баҳовулпур йўналиши деб номланадиган, ўша даврда муҳим сиёсий ва маданий марказ ҳисобланган Уч шаҳрига борди. У ҳиндларни писанд қилмай, кўп хатоларга йўл қўйиб, оқибатда ҳинд рожаларидан икки марта мағлубиятга учради. Биринчи марта 1179 йили шарқий Панжоб рожаси билан бўлган жангда шундай бўлди. 1181 йили қайта жангга киришиб, авлодини асраб қолди. У Пешаворда қалъа қурдирди, кейинроқ ғазнавийларнинг Лахўрдаги сўнгги раҳнамоси устига ҳужум қилиб, ҳиндларнинг Жамна рожаси билан иттифоққа киришган ҳолда уни енгишга муваффақ бўлди. Хусравшоҳ Ғазнавий асир олиниб, 1182 йили Ғазнага жўнатилди. Шаҳобиддин Сиалкотда қалъа бунёд эттирди. Шундай қилиб, у Панжобнинг камида учдан икки қисмида ўз мавқеини сақлаб қолишга эришди.

ШАҲОБИДДИН АЛ-ҒУРИЙ ВА ПРИСВИ РОЖ. Ҳиндистон учун жангга ҳозирлик кўрилди. Шаҳобиддин ал-Ғурийга ундан анча кучли рақиб Ажмер ва Деҳли рожасининг буюк жангчиси Рож қарши турган биринчи тўқнашувда ҳиндлар қўли баланд келди. Шаҳобиддин жануби-шарқий Панжобда Снесар яқинидаги Тараин кенти атрофида мағлубиятга учраб, ўзи мардларча олишувда оғир ярадор бўлди. Бу лашкарларни тушкунликка тушириб юборди. Шундай вазиятда ҳарбий бошлиқлардан бири ярадорни отига ортиб жанг майдонидан олиб чиқиб кетди. Ғурий аскарлар тум-тарақай қочиб қолишди. Ана шу воқеа кўплаб машҳур ҳинд қўшиқлари ва ҳикояларига мавзу бўлган. Номусга қолган Шаҳобиддин душмандан қўрқиб қочган барча аскарларни жазолади. 1192 йили у катта куч билан шу ерга яна қайтиб келганида Присви Рож кўплаб иттифоқчилари билан биргалашиб унга қарши турди. Ҳиндлар ва мусулмонлар ўртасида аёвсиз жанг бўлиб, бу гал Шаҳобиддин ал-Ғурий ғалаба қозонди, Присви Рож олишувда ҳалок бўлди, умуман унинг қўшини кўрган талафот ҳам катта эдики, бу ҳиндларнинг қаршилик кўрсатишларини тўхтатиб қўйди. Присвига душман бўлган ва унга ёрдам қўлини чўзмаган канаужалик Рожа Жайчанд мусулмонларга қарши курашни давом эттирди. Лекин у ҳам мардона жангда ажал топди. Шаҳобиддин ўрнига Қутбиддин Ойбекни қолдириб, ўзи Ғазнага жўнаб кетди. Бироқ Катхиавар Гужаратидан бўлган рожа Бҳима Дева билан курашиш мақсадида 1197 йили яна қайтиб келиб, ғалаба қозонди. 1202 йили Қалинжар қалъаси таслим бўлди. Шу орада додхоҳ Бахтиёр Ҳолжий шарқий Ҳиндистоннинг Бенгалгача бўлган бўлагини босиб олди. Энди бутун шимолий Ҳиндистон мусулмонлар тасарруфига ўтган эди.

ҚУЛЛАР СУЛОЛАСИ. ҚУТБИДДИН ОЙБЕК (1206-1210 йиллар). Акаси Ғиёсиддин вафотидан кейин ғурийлар империясига бош бўлган Шаҳобиддин юксак мартабаси ҳузурини узоқ кўролмади. 1208 йили Панжоб ғарбида қоҳарлар қабилалари ўртасида уруш чиқиб, уларга қарши курашган Шаҳобиддин ғолиб келди, лекин у Ғазнага қайтиб келаётганида тунда юз берган тўқнашув пайтида ўлдирилди. Унинг Ҳиндистондаги маслаҳатчиси Қутбиддин Ойбек шу мамлакатнинг шимолий қисмига ҳоким бўлиб олганлиги бошқа додхоҳлар кўнглига қаттиқ тегди. Уларнинг энг кўриникли вакили Тожиддин Йилдиз Қобулда ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилди, Насриддин Қабача эса Мўлтон ва Синдни босиб олди. Бошқаларни ўзига бўйсундирган уларнинг энг кучлиси, ҳаддан зиёда зўр бўлган Қутбиддин 1210 йили Лахўрда човгон ўйнаётганида отдан йиқилиб қазо қилди. Унинг мақбараси шаҳарнинг энг кўзга ташланадиган жойидан ўрин олган. Самимий инсон Қутбиддинга халқ Лакбахша (юз мингларга яхшилик бахшида қилувчи) унвонини берди. У Меҳраули ҳаробаларида сақланиб қолган ашёлардан фойдаланиб, Деҳлининг чеккасида катта масжид қурилишини бошлаб юборди. Қутуб минораси ҳам шу масжидга мўлжалланган эди.

ЭЛТУТМИШ (1211-1236 йиллар). Қутбиддиндан кейинги ҳукмдорларнинг кўпчилиги собиқ қуллардан бўлиб, халқ орасида қул подшоҳлар сулоласи сифатида маълум эди. Улардан ҳинд тарихида из қолдирган икки кишини – Элтутмиш ва Балбанни алоҳида ажратиб кўрсатадилар. Элтутмиш деҳқон зодагонлари талаби билан 1212 йили тахтга ўтирди. Салоҳиддиннинг ғурий додхоҳларидан бўлган бу раҳбарни Бағдод халифаси ҳам Деҳли султони сифатида эътироф этиб, Султони Аъзам унвони билан тақдирлади. Тожиддин Йилдиз ва Насриддин Қабача қарши бош кўтаришга шайланганларида Элтутмиш уларни бостирди. Салоҳиддин эса ғурийларга тегишли барча ерларга султон бўлиб олди. У 1226 йилда Рантҳамборни қўлга киритиб, 1230 йилда Деҳлидан ажралиб чиқмоқчи бўлаётган Бенгални қўшиб олди. 1234 йили Малвани, келгуси йили Ужайнни эгаллади. Бу воқеа Элтутмиш подшоҳлигида юз берган бўлиб, ўшанда хоразмлик шаҳзода Жалолиддин Мангуберди ёрдам сўраб Деҳлига мурожаат қилган, бироқ Ҳиндистонга монголлар эътиборини тортишни хоҳламаган Элтутмиш бу илтимосни рад қилган эди. Энди у ўзи қаттиққўллик билан бирлаштирган мамлакатда тартиб ўрнатишга тутинди. Деҳлилик авлиё Ҳожи Қутбиддин Бахтиёр Қоқий номи билан аталган Қутуб минораси қурилишини якунлади. Арклари ҳозиргача сақланиб қолган муҳташам Қувват ул-Ислом масжидини бунёд этишга киришилди, лекин у поёнига етмай қолди.

ҒИЁСИДДИН БАЛБАН (1266-1290 йиллар). Элтутмишни унинг ўғли алмаштирди. Ундан кейин тахтга чиққан истеъдодли ёш қизи Султона Розияга аёл боши билан оғир даврлар синовидан ўтишга тўғри келди. Аъёнлар унга қарши уюшдилар, Султона Розия қўлида қилич билан жангда ҳалок бўлди. Шундан кейин Элтутмишнинг бошқа бир ўғли – Насриддин Маҳмуд тахтга ўтирди. Тақводор, соғлом фикрли ва меҳнатсевар бу ҳукмдор ўз вазири додхоҳ Ғиёсиддин Балбанга кўп жиҳатдан ҳомийлик қиларди. Насриддинни алмаштирган Балбан буюк шаҳаншоҳ бўлиб қолди. Ўз вақтида вазир сифатида Насриддинга қарам бўлганлиги учун у тўлиқ ҳокимиятга эга эмасди, мамлакат унинг кўнглидагидек бошқарилмас, ғазна эса деярли бўшаб қолган эди. Турк зодагонлари ҳаддан ташқари кучайиб кетишган, шарқи-ғарбий вилоятларга эса монголлар бот-бот ҳужум қилиб турардилар. Балбанга энди шу муаммолар билан ҳам шуғулланишга тўғри келди. Дастлаб у отлиқ аскарлари сонини кўпайтириб, қўшинларини кучайтирди, ўзи энг яхши ҳарбий бошлиқлар тайинлади ва пировардида уларни кенг миқёсда босқинчилик билан машғул бўлиб келаётган Мевар ражпутларига қарши йўналтирди. Ражпутлар Деҳли яқинидаги ўрмонларда яшаб, барчанинг у ёқ-бу ёққа ўтиб кетишига монелик қилишарди. Балбан бу босмачиларни тор-мор келтиргач, Ганга ва Жамна дарёлари ўртасида жойлашган ерларга ўтиб, Кампил ва Бхожпур ўрмонларини қўлга киритди, ўзига қалъалар қуриб, уларга кучли мусулмон лашкарларини жойлаштирди. Энди у зодагонларга ерларни янги шартлар ва тартиб-қоидалар асосида бера бошлади, кўп ўтмай, мамлакатдаги барча ишлар устидан тўлиқ назорат ўрнатилди.

МОНГОЛЛАР ВА БЕНГАЛ. Монголлар Деҳли султонлиги сарҳадларига яқинлашиб қолган эдилар. Улар Қобулни эгаллашган ва Панжобга деярли ҳар йили ҳужумлар уюштириб турар эдилар. Балбан шимолга йўл олиб, Лахўр қалъасини тиклади, жасур ўғли Муҳаммадни Мўлтон ҳокимлигига тайинлади. Бошқа бир ўғли Буғрахонга Панжобни ишониб топширди. Шундай қилиб, бу иккала ака-ука чингизийларга қарши даҳшатли куч бўлиб, уларга кетма-кет зарба бериб турдилар. Бахтга қарши Муҳаммад қуршовда қолиб, ҳалок бўлди. Айтишларига қараганда, у монголлар ҳужумини қайтариб, ибодат қилаётган пайтида ўлдирилган. Бу Балбанга қаттиқ зарба бўлиб тушди. Балбан айни шу аснода исён уюштирган Бенгал ҳокими Тўғрилхонга қарши курашишга мажбур бўлди. Дарғазаб султон қочиб қолган Тўғрил кетига тушиб, уни шарқий Бенгалнинг қалин ўрмонларида ушлаб қатл қилди. Ўғли Буғрахонни Бенгал ҳокимлигига тайинларкан, унга қатъий кўрсатмалар бериб, ўзи Деҳлига қайтиб кетди.

БАЛБАННИНГ ҲОКИМЛИГИ.
Балбан ўз вақтида шарқдаги энг кучли ҳукмдор саналарди. Унинг шуҳрати узоқ-узоқларга ёйилиб, кўплаб мусулмон шаҳзодалар ва давлат бошлиқлари уни зиёрат қилишга келиб туришарди. Балбан Ислом қонунларини яхши ишлаб чиқди, Ҳиндистоннинг юқори қисмини мусулмон дунёсининг бир бўлагига айлантирди. Уни кўплаб билимдон кишилар қуршаб олган бўлиб, улар ихтиёрига Султон Насриддин асос солган мактаб бериб қўйилган эди. Машҳур олим ва шоир Амир Хусрав унинг саройининг кўрки эди. Вазирлардан бири бўлган Амир Хусрав аслига кўра ёзувчиларга ҳомийлик қилар, унинг ажойиб ўғли Муҳаммад эса атрофига даврнинг энг яхши кишиларини тўплаган эди. Шаҳзода форс шоири Саъдийга йўллаган номасида уни Мўлтонга таклиф қилиб, бу ерда  махсус катта хонақоҳ қурдиришга ваъда берди. Балбан подшоҳлиги даврида жуда кўп машҳур кишилар яшаб ўтдилар. Пакпаттанлик Шайх Фарид Шакар Ганжа, мўлтонлик Шайх Баҳовуддин Закария, ғазналик Шайх Бадриддин Ориф ва деҳлилик Хожа Қутбиддин Бахтиёр Қоқий шулар жумласидан эди. Бошқа бир номдор шахс – Сайёд Мавло Деҳлида лангархонали мадрасага асос солиб, уни бутунлай талабалар ихтиёрига бериб қўйди. Шунинг учун ҳам Балбан салтанати буюк ақлий фаоллик даври бўлди.

ҲОЛЖИЙЛАР (1290-1320). АЛОУДДИН ҲОЛЖИЙ
(1296-1316). Балбанга узоқни кўра билмайдиган кишилар ворис бўлдилар. Кўп ўтмай, султонлик ҳолжий туркларининг раҳнамоси Жалолиддин Ҳолжий қўлига ўтди. Касал бўлишига қарамай, ажойиб ҳарбий саркардалигича қолган бу киши ҳукмронлик қила бошлаган даврдаёқ монголларнинг ниҳоятда катта ўрдаси Ҳиндистонга бостириб киришга ҳаракат қилиб кўрди. Жалолиддин уларга пешвоз чиқиб, қақшатқич зарба берди. Унинг жияни ва вориси, кўпгина ажойиб фазилатлар соҳиби Алоуддин шу сулоланинг энг кўзга кўринган вакили эди. Бу шаҳзода ҳали тахтга ўтирмасиданоқ Деканга тегишли юқори подшоҳликларни босиб олиб ва у ердаги рожаларни товон тўлашга мажбур қилиб улгурди. Шахсий маслаҳатчиларининг иғвосига учиб, жонажон тоғасини қатл этганлиги унинг таржимаи ҳолида қора доғ бўлди. У Ҳиндистон тарихида қолдирган из юзлаб йиллар давомида ўчмади. Алоуддин темир иродали, урушлар олиб боришга чарчоқ билмас ва тинчлик даврида фидокор меҳнаткаш эди. У барча давлат идоралари иши билан қизиқиб, кўп жиҳатдан раҳбарликни яхшилашга хизмат этадиган қарорлар қабул қилди. Фаннинг катта ҳомийси бўлган бу инсон мактаблар ва мадрасаларга сахийлик билан ёрдам бериб турди.

УРУШЛАР ВА ҒАЛАБАЛАР. У подшоҳлик қилган ўн икки йил давомида кўп ўзгаришлар юз берди. Деярли ҳар йили қўзғолон кўтариб турадиган маҳаллий ҳиндлар, ражпутларнинг қаршилигига биринчи бор чек қўйилди. Унинг укаси Зафархон шимоли-ғарбий вилоятларни монголлардан ҳимоя қилиб турди. 1211 йили монголлар бошлиғи Қутлуғхон Ҳиндистонга кучли қўшинлар киритиш билан барча қаршиликларни йўққа чиқара бориб, тўппа-тўғри Деҳлига томон йўл олди. Зафархон жангда кўрсатган ажойиб жасорат душманни гангитиб қўйди. Лекин Зафархон ярадор бўлди, Ҳолжийлар қаршилигидан ўзларини йўқотиб қўйган монголлар шошилинч равишда тисланишга мажбур эдилар. Беш йилдан кейин қайтиб келганларида улар яна шафқатсиз зарбага учраб, қайта кураш олиб боришни узоқ вақт эсларидан чиқардилар. Бу сафар Ғози Малик даъватига жавобан Панжоб вилоятини унинг ҳокими Ғиёсиддин Туғлақ ҳужумдан сақлаб қолди. Алоуддиннинг ўзи ражпутларга қарши бориб, Рантханбор ва Читторни эгаллади. Шундан кейин у ражпутларнинг Ужайна, Манду, Дхар ва Чандери вилоятларини босиб олди. Гўё у ўзи меҳр қўйган Рани ва Падминиларни кўриш иштиёқида Читторга ҳужум қилганлиги тўғрисидаги гап-сўзлар ҳақиқатдан йироқдир. Алоуддин ниҳоятда жиддий киши бўлиб, айш-ишрат кетидан қувиш унинг табиатига ёт эди. 1310 йили Алоуддиннинг абиссиналик додхоҳи Малик Кофур ҳокимиятни зўравонлик билан тортиб олишга уринган рақибига қарши курашда ёрдам сўраган Пандя шаҳзодаларидан бирига мададкор бўлиш учун жанубга йўл олди. Шунгача Малик Кофур какатайслар подшоҳлигини ва Ўрта Декандаги Ҳойсала шаҳрини босиб олай деб турган эди. У Мадураига яқинлашганида ҳокимиятга интилувчи зўравон жуфтакни ростлаб қолди. Кофур эса шаҳарга кириб бориб, бойликни тақсимлашда қатнашаркан, қўлида тасаввурга сиғмас даражада катта куч тўпланганлигини ҳис қилди. Деканни эгаллагач, Алоуддин Ҳиндистоннинг биринчи императори бўлди. Бу империя Муҳаммад Туғлақ ҳокимияти интиҳосигача сақланиб келди.

АЛОУДДИННИНГ ҲУКМДОРЛИГИ. Мамлакатда шариат қонунлари амал қилса-да, янги ҳокимлик тарафдори бўлган Алоуддиннинг айтгани-айтган, дегани-деган эди. Айни бир пайтда у Исломнинг маънавий раҳнамоси бўлишни ҳам хоҳларди, лекин унинг самимий дўсти ва машҳур мусулмон руҳонийси деҳлилик Қутвал унга ўз тасарруфидаги ўлкаларни оғзаки буйруқлар асосида бошқариш билан кифояланишни маслаҳат берди. У бундай таклифни рад этиш билан бирга ўзи чиқараётган қарорларга уламоларнинг аралашувини таъқиқлаб қўйди. Бундан ташқари зодагонларнинг гурунгларини қатағон қилди. Алоуддин ҳисоб-китобли тузумни жорий этиб, товарларга баҳолар белгилаб берган, аскарларга нафақалар тўланишини йўлга қўйиб, мамлакат даромадини  барқарорлаштирган, махфий бозордаги савдо-сотиқни, нопок қилмишларни қатъий жазога лойиқ деб эълон қилган адолатли инсон эди. У ҳатто миршабли назоратни жорий эта бошлаганди. Буларнинг ҳаммаси ва бошқа ишлар уни бағоят маърифатли ҳукмдор сифатида элга танитди.

АЛОУДДИННИНГ ВОРИСЛАРИ. Шунга қарамасдан, унинг умри бахтли якун топмади. Ҳаётининг сўнгги йилларида у Малик Кофурга жуда суяниб қолган, бу маккор кимса эса унинг ҳузурида тобора кучга тўлиб борар эди. Табиий равишда масала Малик Кофурнинг уни заҳарлаши билан ечим топди. Малик Кофурнинг ўзи йирик ҳарбий саркарда ва таниқли ҳукмдор бўлгани ҳолда унинг ворислари номуносиб кишилар бўлиб чиқди. Ўзи  ҳам бир қанча вақт ҳукм сураркан, тобора ўта баттол ва баджаҳл одамга айлана борди. Алоуддиннинг ўғилларини кўр қилди, онаси – маликани эса қамоққа олди. Бироқ кўп ўтмай, аъёнлар қарши кўтарилишиб, уни қатл этишди. Алоуддиннинг кенжа ўғли, деярли гўдак  Қутбиддин Муборак тахтга ўтқазилди. Лекин у ўз атрофига тубан кишилардан шерик тўплаб, дўст-душманни ажрата олмаслигини кўрсатди. Ҳиндлар динини янги қабул қилган паст табақага мансуб Хусрав исмли калтафаҳм киши унга рақиб эди. Гарчи баъзида жанг майдонида катта жасорат кўрсатиб турса ҳам, Муборак аста-секин тўлиқ унинг таъсирига тушиб қолди. Хусрав қарши фитна уюштириш билан машғул бўлиб, охирида уни ўлдиришга ҳам эриша олди. Подшоҳлик тахтига ўтиргач, у Исломни рад этиб, ҳиндлар динини тиклай бошлади. Масжидларда бутлар ўрнатиб, Ислом динини намойишкорона ҳақорат қилишга ўтди, шу даражада писандсизлик билан Қуръонга шак келтира бошладики, буни кўрган ҳиндлар ҳам ундан юз ўгиришди. Монголларга олиб борилган қирқта жанг қаҳрамони Ғиёсиддин Туғлақни сарой аъёнлари тахтни эгаллашга таклиф қилдилар. Шу даврга келиб бирорта ҳам ҳолжий шаҳзода қолмаганлигидан Ғози Малик ҳам бу таклифни қабул қилди.

ТУҒЛАҚЛАР (1320-1413). МУҲАММАД ТУҒЛАҚ (1325-1351). Шундай қилиб, Ғиёсиддин Туғлақ ўз сулоласининг биринчи султони бўлди. Ёши қайтган бўлишига қарамасдан, ҳарбий саркардаликда ҳали ҳам унинг тенги йўқ эди. Ғиёсиддин юқори Декандаги Варангални, сўнгра 1324 йилда Шарқий Бенгални ўз тасарруфига қайтарди. Кўплаб ислоҳотлар ўтказди, Алоуддиннинг ворислари қарийб барбод қилган маъмурий идора ишини ўнглади. Султонинг катта ўғли шаҳзода Жуна бу оиланинг ҳақиқий доҳийси бўлиб етилиб, Ғиёсиддин вафотидан кейин 1325 йили тахтга чиқди. Тарихда Муҳаммад Туғлақ номи билан машҳур бўлган бу ҳокими мутлақ даражасидаги истеъдодли подшоҳ бутун дунёда ва бирор даврда ўтмаган бўлса керак. Буюк олим, ажойиб тилшунос бўлган Муҳаммад дин, фалсафа, риёзиёт, илми нужум ва адабиёт соҳасида жаҳондаги ҳар қандай одам билан баҳс юритишга қодир эди. Унинг қимматли фикрлари ўнлаб султонларнинг бутун умрини безашга етарлидир. Лекин, минг афсус, Муҳаммад керагидан барвақт дунёга келган эканки, замондошлари уни тушуна олмадилар ёки ҳеч бўлмаганда фикрларини асраб қола билмадилар. Унинг ғоялари даврдошлари учун шу қадар  мавҳум эдики, улар ҳатто бу донишмандни Жуна тентак деб атай бошладилар. Буюк мусулмон сайёҳи Ибн Батуттаҳ ўша пайтда Ҳиндистонга келиб, унинг саройида узоқ қолиб кетди. Муҳаммаднинг подшоҳлиги тўғрисида тарихчи Зиёвуддин Барний ҳам ёзиб қолдирган. Бу инсоннинг хулқ-атворини ўрганган ҳар бир киши унинг қиёфасида ўзига яқин одамни кўра билди. Ярим ёввойи табиати туфайли уни баъзида умуман тушуниб бўлмасди. Ўзи ишлаб чиққан буюк лойиҳалари барбод бўлгач эса, унинг тажанглиги, серзардалиги айниқса ҳаддан ошиб кетди. Ниҳоятда омадсиз инсон эди, дейилиши у тўғридаги энг адолатли фикр бўлса керак.

МУҲАММАД ТУҒЛАҚ ЭРИШГАН ЮТУҚЛАР. Жамна ва Ганга дарёлари ҳавзасидаги аҳолидан олинадиган солиқни қайта кўриб чиқиши ва аниқлаши унинг дастлабки ислоҳоти бўлди. Ўша пайтда ҳосил пастлигидан кишиларнинг солиқ тўлашга қурби етмасди. Уларнинг ночорлигини кўрган султон қарз бериб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб турди ва ҳатто ташландиқ ерларга ғазна ҳисобидан ишлов берилишини йўлга қўйди. Бу ғояларда бемаъниликдан асар ҳам бўлмаганлигига қарамасдан, улар амалга ошмай қолди: халқ қарор топган тартибларни ўзгартиришни хоҳламади, султон эса буни тушунишдан ожиз эди. Империянинг жанубий сарҳадлари кенгайиб кетганди, унинг шимолида эса монголлар босқинчилигининг хавфи ҳали ҳам сақланиб турарди. Султон ўз маблағларини давлат эҳтиёжлари учун сарфлашга қарор қилди. У кўпгина ҳинд подшоҳликларининг пойтахти бўлиб келган Виндҳясдан нарида жойлашган қўҳна Даори шаҳрини ўзи учун танлаш билан монголлар босқинидан хавфсизлигини таъминлаб олди. Шаҳарга Давлатобод номини бериб, у ерда янги саройлар, меҳмонхоналар ва мактаблар қурдирди. Деҳлидан то шу шаҳаргача кенг йўл ётқиздириб, унинг ҳар иккала томонини дарахтзорга айлантирди. Мол-мулкларини янги пойтахтга кўчириб ўтишлари учун аҳолига қарз берди, баъзилар ундан воз кечган бўлсалар, бошқа бировлар бундай таклифга ёқар-ёқмас рози бўлдилар, кўплар узр сўраб қўя қолишди. Султон барчага ёқишни хоҳлар ва бу билан яхши иш қиляпман, деб ўйлар эди. Шимолий Ҳиндистон аллақачон бепоён Ислом дунёсининг бир парчасига айланганлигидан у Деканни ҳам шунга қўшишни  ўйларди. Янги пойтахт марказга анча яқин жойлашганди, лекин аҳоли буни ҳам тушуниб етмади, натижада мазкур ғоя ҳам чиппакка чиқди. Бу жуда қимматга тушиб, у пойтахтни яна Деҳлига кўчириш тўғрисида амр берди.

БОШҚА ВОҚЕАЛАР.
Пул етишмаслиги сезила бошлаганлиги сабабли султон қоғоз пуллар ва майда тангалар чиқартирди. Бу даврда қоғоз пуллар Хитойда  аллақачон муомалада эди. У мис тангаларга ўйма тасвирлар зарблашни жорий этди, лекин халқ буни қабул қилмади. Ҳозир бир безакли қимматбаҳо қоғозлардан кўп фойдаланамиз, бироқ ўша пайтда кишилар бунинг мазмунини англаб етмадилар, оқибатда яна бир ғоя барбод қилинди. Султон аҳоли ўзида йиғилиб қолган кераксиз мис чақаларни хазинага топширгани эвазига кумуш ва тилла пул қайтаришни одат тусига киритди. Муҳаммад ўша пайтда Ҳиндистонга бостириб келган монголларни қарши олди. Баъзилар гўё султон халқини ташлаб қочганлиги тўғрисида миш-миш тарқатдилар. Ишқилиб, монголлар даф бўлишди, лекин одамлар Муҳаммадни бунинг учун ҳам қораладилар. Шу боисдан унинг монголларни таъқиб қилиб боргиси келди. Катта қўшин тўплаб шимоли-ғарбга юборишга қарор қилган жойида фикридан қайтди. Иккинчи томондан, Ҳимолайда яшовчи қабилалар ҳужуми бошланиб кетди. Бу ҳозирги гурҳасларнинг аждодлари бўлган гарҳвалилар томонидан бизнинг давримизда Уттар Прадеш ва Бихар номларини олган ўлкаларга уюштирилган ҳужум бўлса ажаб эмас. Султон қарши қўшинлар юборди, лекин кучли қор тўфони уларни сочиб ташлади. Одамлар орасида Муҳаммад тентак Хитойни босиб олиш ниятида Тибетга қўшин йўллади, деган гап-сўзлар ёйилдики, бу бўҳтон эди. Ана шу муваффақиятсизликларнинг барчаси аҳоли исёнига сабаб бўлди. Тадбиркор додхоҳ бўлган султон бир қанча исёнкор ҳокимларни бостиришга эришди, бироқ вилоятларнинг аксарияти марказга қарши чиқишиб, мустақил бўлиб олишди. Кўпгина ҳукмдорлар Кашмир, Бенгал, Гужарат, Декан сингари вилоятларда монголлар келгунларига қадар икки юз йил мобайнида куч-қудратини сақлаб қолган ўз сулолаларини вужудга келтирдилар.

ФИРУЗ ТУҒЛАҚ
(1388-1422 йиллар). Муҳаммад Туғлақ 1351 йилда вафот этди. У тўғрисида ёқимсиз сўзлар анча вақтгача давом этди. Зодагонларнинг қатъий талаби билан Муҳаммад Туғлақнинг амакиваччаси бўлган Фируз Туғлаққа тахтни таклиф қилдилар. У Аллоҳ таолодан қўрқадиган одам бўлганлиги учун бу масалани қозилар ва уламолар муҳокамасига қўйиб, улардан фатво олганидан кейингина тахтни эгаллашга розилик бериб, подшоҳ бўлди. Фируз мамлакатнинг маъмурий идорасини соддалаштириш борасида кўп ишларни амалга ошириб, муайян ижобий натижаларга эришди. Бироқ ҳарбий истеъдоди етишмаганлигидан илгари бой берилган ерларни қайтариб ола билмади. Шундай қилиб, 1300 йиллар атрофида Алоуддин Ҳолжий подшоҳлиги даврида вужудга келган Ҳиндистондаги мусулмонлар империяси 1350 йилда яна Деҳли султонлигига айланди. Баҳманийлар бошчилик қилаётган Декан мустақилликка мушарраф бўлди, Ҳандеш ва Гужарат, Малва ва Бенгал, шунингдек, шимолда Кашмир султонлик тасарруфидан чиқиб кетишди. Фируз Бенгалга қарши икки марта уюштирган ва ҳатто унинг амирига жанг қилган бўлса ҳам, Синддан бошқа қўлдан кетган ерларини қайтариб олишга муваффақ бўлолмади. Шарққа юришида у Зафаробод деган жойда тўхтаб, ўша ерда қадрдон амакиваччаси – Муҳаммад Туғлақ номи билан машҳур бўлган Жуна шарафига Жунпур шаҳрига асос солди. Синдда муваффақиятли кураш олиб бориб, унинг амирларига ўз ҳукмронлигини тан олдирди.

ФИРУЗ ТУҒЛАҚ МУВАФФАҚИЯТЛАРИ. Донгдор ҳукмдор Фируз Туғлақ ўз султонлигининг ҳукумати кучли ва самарали бўлишига эришди. Унинг билимга муҳаббати шу даражада юксак эдики, Биҳарга юришида Нагарготни босиб олгач, у ердан топилган санскрит тилидаги 300 жилд китобни Деҳлига жўнатиб, форс тилига ўгиришни амр этди. Бутун султонликка қарам барча ерларда тўғонлар, кўприк, ҳовуз, касалхона, ариқ ва карвонсаройларга ўхшаган иншоотлар бунёд эттирди. Шунингдек, масжидлар, 1200 тача боғ барпо қилдирганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар бор. У қадимий ёдгорликларни, жумладан, Асоканинг иккита устунини асраб қолди. Сотиб олган қулларига «кори хайр» («хайрли иш») деб билиб, ҳунар ўргатарди. Нақл этишларича, Фирузгача Ҳиндистонда маърифат соҳасида шу даражада кўп иш қилган шаҳаншоҳ бўлган эмас. Фирузшоҳи Мадрашоҳ мадрасаси бунинг энг яхши исботи бўла олади. Барний уни етти иқлимда мисли йўқ йирик ва бекаму кўст илмгоҳ сифатида таърифлайди. Унинг зиёсидан юзлаб камбағаллар ҳам баҳраманд бўлганлар. Бир вақтлар «Аср шон-шуҳрати» деб аталган бу маърифат маскани аллақачон тупроққа айланган.

(АМИР) ТЕМУРНИНГ ҲУЖУМИ (1398 йил). Фируз Туғлақнинг ночорлиги оқибатида султонликнинг анчагина қисми ажралиб кетди. Жунпур Шарқий подшоҳлик марказига айланди, ўрталиқдаги султонлик эса кичик бир давлат бўлиб қолди. Тортор босқинчиси Темур Ҳиндистонга бостириб келганида бу ўлкада шундай вазият ҳукм сурар эди. У йўлидаги ҳамма нарсани супуриб, қаршисига чиққан ҳар қўшинни енга бориб, асосан ҳиндлардан иборат юз минг кишини асир олиш билан Деҳлига етиб келди. Темур ўз хотираларида бу ерда бўлиб ўтган машваратда унинг амирлари, ҳинд асирлар масаласида нимадир қилиш керак, чунки кўпгина мусулмон жангчилари уларни қўриқлаш билан оворадирлар, деб маслаҳат солганликлари тўғрисида ёзади. Бандилар ҳиндча шиорларни кўтариб чиқишиб, озод бўлишга интилаётган эдилар. Шунинг учун Деҳли султонлигининг асосий кучлари билан жангга шайланаётган Темур маслаҳатчиларининг қатъий талаби билан асирларни ёппасига қирғин қилишга жазм этди. Темурнинг айтишича, бундай буйруқ беришга уни мажбур қилишган. У султонликни мағлуб қилиб, кўтара билганича тилла ва бошқа қимматли бойликларни ташиб кетди. Унинг Деҳлига қисқа муддатли ташрифи пайтида кўп қон тўкилди, лекин бунинг учун Темур ҳиндларни айблайди. У саййидлар, шайхлар, уламолар ва фозилу фузалоларни эҳтиром қилганлиги тўғрисида гапиради. Бироқ у юзлаб усталарни ўзи билан бирга олиб кетиб, бу мамлакатни кўп жиҳатдан камбағаллаштириб қўйди.

САЙИДЛАР /СИДЛАР/ (1414-1451 йиллар). Соҳибқирон Амир Темур Ҳиндистонга юриши пайтида Мўлтон ва Лахўр ҳокимлигига тайинлаб кетган Хидирхон кейинчалик Туғлақ ҳукмдорлари заифлашиб қолганликларидан фойдаланган ҳолда Деҳлига юриш қилиб, пойтахтни ҳам эгаллади. Ўзи сайидларга мансуб бўлганлигидан унинг сулоласи ҳам шу номни олди. Мавқеини сақлаб қолиш учун унга вазири ва истеъдодли ҳарбий саркардаси Тож ал-Мулк билан биргаликда тез-тез жанг қилиб туришга тўғри келди. Бу сулола буюк тожу тахт соҳибини ато қилмаган бўлса ҳам, 1451 йилгача сақланиб турди. «Тарихи мубораки шохи» куллиёти тузиб чиқилганлиги сайидлар ҳукмронлиги даврида қилинган бирдан-бир эсда қоларли иш бўлди. Хидирхоннинг ўғли ва меросхўри Муборакшоҳ подшоҳлиги даврида Яҳё ибн Аҳмад Сирҳинди томонидан ёзилган бу асар кўзга кўринарли тарихий обида ҳисобланади.

ЛОДИЙЛАР (1451-1526 йиллар). Сайидларнинг сўнгги вакилини пасан қабиласининг қудратли ва истеъдодли бошлиғи Баҳлул Лодий тахтдан ағдарди. У Жунпур подшоҳлигини босиб олиб, қўзғолон кўтарган ражпутларга қарши курашда ва шу йўл билан султонликни яна кучли давлатга айлантирди. Бу улуғ ҳукмдор, узоқни кўра биладиган ажойиб инсон илмни рағбатлантириб турарди. Шу фазилатлари туфайли бутун Ҳиндистонда иззат-ҳурмат топиб, 48 йил юрт сўради.

ИСКАНДАР ЛОДИЙ
(1489-1517 йиллар). Йирик ҳарбий арбоб Искандар Лодий сулоласининг ажойиб ҳукмдори бўлиб етишди. У Бенгал марказини ўз тасарруфига қайтариб, Тирхута, Дхолпура ва Чандери рожаларига қарши жанг қилди. Этавах, Бйана, Койл ва Гвалпор вилоятларини қўлга киритгунга қадар ражпутларга қарши юришлар уюштириб турди. Унинг ғафлатда қолган пайтлари кам бўларди, ҳар қандай тасодифга ҳамиша тайёр эди. Хатти-ҳаракатларида қатъий ва адолатли, соғлом фикрли яхши ҳоким саналарди. Шеърият ва мусиқа гўзаллигини баҳолай олиши унинг яна бир фазилати бўлиб, ўзи ҳам шеърлар ёзарди, илмни юксак қадрларди. Тиббиётга оид йирик «Тибби Искандари» китоби асосан ҳинд табобати усуллари асосида бўлиб, унинг подшоҳлик даврида ёзилди. Искандарнинг сахийлиги шу даражада чексиз-чегарасиз эдики, Агра ёки Деҳлида жойлашиб қолиш учун Арабистондан, Форсдан ва ҳатто Бухородан олимлар оқиб келавердилар. Унинг аъёнлари ҳам саховат кўрсатишарди. Улардан бири бўлган Маснад Алихон катта маблағ ажратиб, муносиб талабалар учун кўплаб нафақалар белгилади, ўзи вафотидан кейин ҳам уларни тўлашда давом этиш тўғрисида васиятнома ёзиб қолдирди.    

ЛОДИЙЛАР ИНТИҲОСИ (1526 йил). Искандардан кейин тахт Иброҳим Лодийга ўтди. Бу бешак ақли паст одам жуда кўп бемаъниликларга йўл қўйди. У зодагонлар билан жанжаллашиб, уларга нисбатан гоҳ ҳаддан ташқари қаттиққўллик, гоҳ ўта сахийлик қилиб, умуман тутуриқсизлиги билан ўзига душман орттирарди. Бунинг оқибатида илгариги икки лодий султони шунчалик ғамхўрлик билан вужудга келтирган империя барбод бўла борди. Бихара ҳокими Дарёхон эса мустақилликка эришди. Ўз қариндошлари унга қарши фитналар  уюштира бошладилар, сал ўтиб Лахўр ҳокими Давлатхон ҳам уларга қўшилди. У ражпут шаҳзодаси Рана Санга билан биргалашиб Қобул султони Заҳириддин Бобурга Иброҳимни тахтдан ағдаришида ёрдам бериш илтимоси билан мактуб йўллади. Бобур бунга кўниб, Панипатда бўлиб ўтган биринчи жангдаёқ (1526 йилда) Иброҳим Лодийни мағлубиятга учратгач, Деҳли султонлигига асос солди ва тожу тахтга махфий даъвогарлар хафсаласини пир қилиб, Ҳиндистонда Буюк Мўғуллар (бобурийлар – таҳ.) сулоласини вужудга келтирди.

КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАР. КАШМИР (1346-1540 йиллар). Бутун Деҳли султонлиги даврини қараб чиқишга киришишдан аввал Муҳаммад Туғлақ империяси харобаликлари устида мусулмонлар бунёд этган кичик подшоҳликларни ҳисобга олган ҳолда Ислом тарафдорларига тааллуқли Ҳиндистоннинг XII асрдан то XV асргача бўлган тарихига якун ясаш зарур. Гапни шимолда узоқ даврда мавжуд бўлиб турган Кашмир подшоҳлигидан бошлаш маъқулга ўхшайди. Унга 1315 йилгача Кашмирдаги ҳинд рожасининг хизматида бўлган қўшни вилоятлик таниқли киши Шоҳмирза томонидан асос солинди. У тезда жуда юксак мавқега эришиб, рожа вафот этгач, 1351 йили ўзига шаҳаншоҳ унвонини муносиб кўрди. Бу сулоладан икки машҳур шоҳ Искандар Бут Шикан (Бутларни синдирувчи) ва унинг ўғли Зайн ул-Обидин чиқди. Искандар Бут Шикан бутларни ёқтирмаганлиги ва имкон бўлган ҳамма жойда уларни чилпарчин қилаверганлиги билан шу номга сазовор бўлди. У кишиларни мусулмон бўлишга мажбур қилмас, лекин кофирларни ҳам ёқтирмас эди. Шу сабабли олий ирққа мансуб ҳиндларнинг кўплари мамлакатни тарк этдилар. Кашмирда темурийлар учун белгилаб қўйилган яккаҳокимлик имтиёзлари туфайли у Ўрта Осиёдан кўчиб келган фозилу уламоларга ҳурмат билан қарарди. Искандар ўз қироллигини қудратли давлатга айлантирди. Унинг вориси – ҳар томонлама баркамол инсон Зайн ул-Обидин юксак билимли ва холис қарашларга эга бўлиб, ҳеч қачон ўз фикрини бошқаларга зўрлаб қабул қилдирмас, кўп тилларни билар ва қизиқувчан эди. У отаси жорий қилган жузъя солиғини бекор қилиб, Кашмирдан кетиб қолган барахманларни юртларига қайтарди. Қишлоқларда панжаят (беш қисмдан иборат) тартиб-қоидаларини жорий этди, қароқчилардан муҳофаза қилинган йўллар қурдирди. Ўзи эса қатъиятли ва адолатпарварларча ишлари билан ҳамма жойда шуҳрат топди. Истеъдодли ҳукмдор ва адабий фаолиятнинг катта ҳомийси бўлган Зайн ул-Обидин «Махабхарата» ва «Ражатаранжи»ни ҳамда кўпгина араб ва форс китобларини ҳинд тилига таржима қилди. У қирқ йил ҳукм суриб, ўз номини ва малакатининг ютуқларини узоқ-узоқларга танитди. Ундан кейин ҳам юзлаб йиллар давом этиб, лекин бошқа бирорта эътиборли подшоҳ етказиб бермаган бу сулолани 1540 йили мўғуллар империяси босиб олди.

ЖУНПУР. ИБРОҲИМ ШАРҚИЙ. Иброҳим  вафотидан кейин вилоят ҳокими Хўжа Жаҳон асос солган Жунпур кичик подшоҳлиги вужудга келди. Жуда истеъдодли киши бўлган Хўжа Жаҳон ўз салтанати учун мустаҳкам замин яратди. Халқига равнақ ва бахт-саодат ато қилиш ниятида тарафдорлари билан ҳамкорликда жуда кўп ишларни амалга оширди. Бу авлоднинг кўриникли вакили бўлган Иброҳим Шарқий ҳукмронлиги ўттиз тўрт йил давом этди. Ўз дорилфунуни билан Жунпурни у бутун Осиёга машҳур қилди. Бу ерга ҳаддан ташқари кўп илм аҳлини йиққанлигидан Жунпур Ҳиндистон Шерози деб аталадиган бўлди. Шарқий талайгина ажойиб иморатлар қурдирди. Ҳинд хоними Отала Дева маблағига қурилган Отала масжиди шулардан бири бўлиб, у ҳозир ҳам чирой очиб турибди. 1456 йили тахтга чиққан Ҳусайншоҳ Шарқий шу наслнинг яна бир машҳур подшоҳи бўлди. Бу таваккалчи киши Деҳли султони Баҳлул Лодий билан иттифоқ тузганидан кейин ғарб томондан ўзини хатарсиз ҳис қилиб, Тирхут ва Ориссага қўшинларини киритаркан, у ердан катта ўлжа билан қайтди. 1466 йилда Гвалпур рожаси Ман Сингхга устига ҳужум қилиб, ражпутлар фахри бўлиб қолди, рожа ўз хавфсизлиги учун унга катта пул берди. Ўша пайтда Ҳусайншоҳдан бир хато ўтиб, ўзидан анча кучли бўлган Баҳлул Лодий билан сан-манга бориб қолди. Бунинг оқибатида бўлиб ўтган жангда Ҳусайншоҳ салтанатидан айрилди. Шарқийларнинг ажойиб сулоласи намунавий подшоҳлик тузди, уларнинг маърифатга ғамхўрлиги эса тилларда достон бўлди.

БЕНГАЛ. ИЛЁСШОҲ ПОДШОҲЛИГИ. Жунпурдан шарқ томонда Бихар ва Бенгал жойлашган. Фируз Туғлақнинг Бенгал ҳокими билан бўлган ҳал қилувчи жангини эслатиб ўтиш зарур. Бу ҳукмдор Ҳожи Илёс номи билан маълум бўлган Илёсшоҳ Шимолий Бенгал ҳокими Алоуддин Алишоҳнинг кўкалдош укаси эди. Ҳожи Илёс шимолий ва жанубий Бенгални босиб олиб, 1345 йили Ориссани забт этгач, мамлакат сарҳадини Бенаресгача кенгайтириб, Фируз Туғлақни қарши чоралар кўришга мажбур қилди. Лекин бундан ҳеч қандай натижа чиқмай, Илёсшоҳ ўз мустақиллигини сақлаб қолди. У Бенгалнинг пойтахти қилиб танлаган Ғаур шаҳрида бир қанча ажойиб биноларни бунёд эттирди, моҳир ҳукмдор сифатида юртини бой-бадавлат қилишга эришди. 1357 йили Илёсшоҳ вафот этгач, унинг ўрнини эгаллаган Искандаршоҳ ҳам отасидек кучли шаҳаншоҳ бўлиб етилди. Шу авлодга мансуб яна бир машҳур раҳбар, адабий дидга эга бўлган маърифатли киши Ғиёсиддин Аъзам шерозлик буюк шоир Ҳофиз билан хат ёзишиб, Хитой императори билан фикр алмашиб турарди. У ҳам донишманд давлат арбоби эди. Лекин унинг истеъдодсиз ўғли ўз вазири бўлган ҳинд рожаси Ганеш томонидан ағдарилди. Ганешнинг ўғли Жоду мусулмонликка ўтиб, Жалолиддин Муҳаммадшоҳ деган номни олди. Жалолиддин подшоҳликни яхши эплай олмаганлигидан мамлакатда ғалаёнлар бошланиб кетди. Яна ҳам ночорроқ зот бўлган ўғли Шамсиддинни унга қарши кўтарилган оқсуяклар ўлдиришди.

КЕЙИНГИ ҲУКМДОРЛАР. Шамсиддин қатл этилганидан кейин тахтга ўтқазилган Ҳожи Илёс Насриддиннинг невараси Ғаурда бир нечта иморатлар қурдирди. Унинг вориси эса аббисин тансоқчиларининг 15 йил ҳукм сурган бошлиғи томонидан ағдарилди. 1493 йили абиссинларга қарши оёққа турган зодагонлар истеъдодли вазир Алоуддин Ҳусайнни тахтга таклиф қилдилар. Алоуддин ва, айниқса, унинг ўғли Нусратшоҳ қобилиятли кишилар эди. Алоуддин Орисса ва Бихарни, шунингдек, Ассамдаги Куч Бихар шаҳрини босиб олди. Шундай қилиб, у барчанинг, ҳар бир кишининг қувончи учун, бутун мамлакат бахт-саодати учун Бенгални катта давлатга айлантириб, унга 25 йил давомида (1493 йилдан 1518 йилгача) бошчилик қилди. Юртнинг ҳар бир фуқароси ундан мамнун эдики, бу шоҳлар тарихида кам учрайдиган мисолдир. Нусратшоҳнинг шуҳрати Қобулгача етиб борди. Мўғул истилочиси Бобур эса ўз хотираларида уни буюк ҳукмдор сифатида тан олади. Нусратшоҳ бир қанча ҳашаматли масжидлар қурдириб, фанга ҳомийлик қилди, ҳиндларга самимий муносабатда бўлди. «Махабхарата»ни бенгал тилига таржима этди. 1533 йилда вафот қилган Нусратшоҳга ворис бўлганлар билимсиз кишилар бўлиб чиқдилар. Бенгални 1539 йили Шершоҳ Сурий босиб олди.

МАЛВА. ДИЛОВАРХОН. АЛИХОН. МАҲМУДХОН.
Ҳиндистон марказида Малва номли мусулмон подшоҳлиги жойлашган бўлиб, унга Фируз Туғлақ ҳукмронлиги даврида ҳоким бўлган Диловархон Ғурий асос солган эди. Фируз қазо қилиши билан  подшоҳлик мустақилликка эришиб, унинг шуҳратпараст ўғли Алихон бу авлоднинг энг машҳур бошчиси бўлди. Хушангоҳ унвонини олган Алихон таваккалчасига ҳаёт кечирганича ўзига бўлган ишончни суиистеъмол қилаверди. Маълумки, у ўзини савдогар қиёфасида кўрсатиб, рақибини алдаш билан Орисса рожасига туйқусдан ҳужум қилиб, бу ердан кетишида рожадан жуда катта пул ҳам ундирди. Сўнгра Кхерлани эгаллаб, унинг рожасини ҳокимиятдан четлатди. У барча билан, ҳатто Деҳли султони ва Гужарат қироли билан ҳам уришиб чиқди. Унга ҳар доим ғалаба ёр бўлавермас, лекин у мағлубиятдан тушкунликка тушмас эди. Алихоннинг ўғли кучли раҳбар бўлиб чиқмади. Уни вазири Маҳмудхон тахтдан ағдариб, Малвада холжийлар сулоласига асос солди. Буюк шахс саналган Маҳмуднинг Мевар рожаси билан бўлган уруши тарихда яхши маълум. Узоқ чўзилган бу уруш тугагач, ҳар иккала томон ўзини музаффар деб эълон қилиб, ғалаба шарафига пойтахтларида махсус ёдгорликлар бунёд эттиришди. Меварлик рожа Кумба Читторда зафар минорасисини, Маҳмудхон ўз пойтахти Мандуда етти қаватли минорани қурдирди. Салтанати доирасини кенгайтириб, донишмандларча яхши ҳукмронлик қилган Маҳмудшоҳнинг ажойиб маъмурий қобилияти туфайли мамлакат муваффақиятли равнақ топа борди. Қаҳрамонлик достонларини яхши кўрган подшоҳ саройида унга эртаклар ва барча халқларнинг қаҳрамонлари ҳақида қиссалар ўқиб берадиган одамлар бор эди. 34 йил ҳукм сурган Маҳмуднинг тинчлик ва уруш давридаги бирдек намунали хатти-ҳаракатлари учун уни ҳамма ҳурмат қиларди. У 1469 йили оламдан ўтганидан кейин ҳокимият тепасига келган кишилар буюкликка дахлдор бўлмасалар ҳам, ҳар ҳолда ўз тахтларини сақлаб қола билдилар. Охир-оқибат 1531 йили бу подшоҳлик Гужарат султони томонидан босиб олинди.

ГУЖАРАТ. ЗАФАРХОН. Катхиавардаги Гужарат вилояти узоқ давргача гуллаб-яшнаётган диёр бўлиб келди ва шу жиҳати билан ҳам ҳар доим Деҳли султонлари эътиборини тортиб турарди. Алоуддин Ҳолжий томонидан 1297 йили забт этилгач, у 1391 йилгача Деҳли мусулмон империясининг бир бўлаги бўлиб қолди. Ўша даврда ҳокимлик қилаётган Зафархон аста-секин марказ билан алоқани уза бориб, 1401 йили мустақилликка эришди. Зафархон авлодидан бир қанча азамат ҳукмдорлар етишиб чиққан. Унинг невараси Аҳмадшоҳ ҳамда Маҳмуд Бегара ва сўнгги ҳоким Баҳодиршоҳ уларнинг энг машҳурлари эди. Яхши жангчи бўлган Аҳмадшоҳ кўп истилолар қилди, бироқ  додхоҳликдан анча устун турган бу ажойиб маъмур Аҳмадобод шаҳрини қурдирди. У Ислом қонун-қоидаларини пухта ўрганиб чиқди. Тоифаларни, кишиларни обрўсига, эгаллаган мавқеига қараб ажратмаслиги ва адолатпарварлиги билан танилди. Унинг шаҳаншоҳлиги даврида Гужарат йирик саноат ва савдо марказига айланди. Зафархон 30 йил ҳукмронлик қилди.

МАҲМУД БЕГАРА. 1458 йили сулоланинг энг йирик вакили, кучли шахс бўлган Маҳмуд Бегара тахтга чиқди. У 15 йил юрт сўраб, Ғарбий Осиёнинг барча мамлакатларида ўз номини шуҳратга чулғади. Душманларига даҳшат солувчи Маҳмуд қуруқликда бўлиб ўтган бирорта жангда бўш келмади. У денгиз қароқчилигига чек  қўйди, машҳур Янагарх ва Чомпанир қалъаларини эгаллади. Ҳиндистондан ғарбдаги денгизларда ҳукмронлик қилиб келаётган португалларга қарши уюштирган жанги унинг энг муҳим фаолияти бўлди. Мисрнинг буржий султони билан иттифоқ тузиб, у юборган денгиз кучлари ёрдамида 1508 йили португалларга қарши қақшатқич зарба берди. 1509 йили  Португалия қиролининг ноиби Албукэрки оғир замбараклар билан қуролланган жанговар кемалардан иборат жуда катта денгиз кучларини бошлаб келиб, Маҳмудни мағлубиятга учратди. Шундан кейин Маҳмудга Албукэрки билан шартнома тузиб, Катхиавардаги Диу соҳилларини унга бандаргоҳ қуриш учун беришга тўғри келди. Кўп ўтмай, айни шон-шуҳратга тўлган пайтида вафот этган бу довюрак, истеъдодли, доно, адолатли ва жанговар ҳокими мутлақни кучли шахс сифатида ҳатто Оврупода ҳам яхши билишарди. Маҳмуднинг невараси Баҳодуршоҳ сулоланинг сўнгги ҳукмдори бўлди. Баҳодуршоҳ ҳам португаллар билан жанг қилар экан, уларга Дайюда ўзлари учун савдо-сотиқ олиб боришга манзилгоҳ қуришларини таъқиқлади. У Жҳаланандда, Бхилс ва Чандерида ражпутларнинг истеҳкомларини забт этди, Читтор қўрғонига ҳужум уюштирди, лекин янги жангчиларни курашдан чиқариб олиб, уларни таслим бўлишдан қутқараркан, Буюк мўғул Ҳумоюн билан жанжаллашиб қолди. Шундан кейин унинг подшоҳлигига бостириб келган Ҳумоюн ғалаба қилиб, Гужуратни ажратиб олди. Бироқ Ҳумоюн Шершоҳ Сурий билан урушга ҳозирлик учун кетганда Баҳодуршоҳ ўзига тегишли ерларни яна қайтариб олди. Кейинчалик португаллар уни хиёнаткорона ўлдирдилар. Бу подшоҳлик 1537 йили Буюк Акбар томонидан забт этилди.

БУЮК БАҲМАНИЙЛАР ПОДШОҲЛИГИ. Жанубий Ҳиндистон тарихида сезиларли из қолдирган асосий кичик салтанат – бу Юқори Деканнинг ҳокими Ҳасанга қарашли Баҳманий подшоҳлигидир. Муҳаммад Туғлақ вафотидан кейин Ҳасан мустақилликка эришиб, Абул Музаффар Алоуддин Баҳманшоҳ унвони билан шу салтанатга муяссар бўлгач, Гулбарги шаҳрини пойтахт қилиб танлаб, Гоа, Дабҳал, Қоҳлапур ва Телинганни босиб олиш билан қудратли ҳукмдорга айланди. Бутун Ҳиндистондаги ягона ҳинд подшоҳлигининг рожаси унинг Декандаги ягона рақиби эди. Кришна, Тунгабхарда, Райчурдраб дарёлари оралиғида жойлашган ерлар уларнинг доимий тортишувларига сабаб бўлиб турарди. У ерда Ислом билан ҳиндлар дини, келгиндилар билан маҳаллий халқ рақобати ҳам давом этарди. Баҳманий ҳукмдорлари ва Вижаянагар рожалари авлоддан-авлодга ўзаро урушиб келишган, баъзи подшоҳлар ҳукмронлиги даврида эса икки-уч мартадан жанг қилишга улгурардилар. Бу олишувларда деярли ҳар доим мусулмонларнинг қўли баланд келарди. Улар ўз рақибларини кўпинча Вижаянагар дарвозасигача таъқиб қилиб бориб, солиқ солишарди. Кунлардан бир куни эса рожани Баҳманий шоҳига (Фирузшоҳ, 1397-1422 йиллар) ўз қизини эрга беришга мажбур қилди. Шу ўринда бошқа бир Баҳманий подшоҳи Алоуддин иккинчини (1435-1457 йиллар) ва Султон Маҳмуд учинчининг бош вазири Маҳмуд Ғавонни ҳам эслатиб ўтиш зарурдир.

СУЛТОН АЛОУДДИН. У Варанғални забт этган ва Вижаянагар рожасини мағлубиятга учратган буюк жангчи Султон Аҳмадшоҳнинг ўғли эди. Кўпгина машҳур тарихчилар талай фазилатларга қараб Алоуддинни фариштасифат  қилиб таърифлайдилар. Алоуддин рожа билан икки марта жанг қилиб ғалаба қозонгач, ундан катта солиқ олди. Бу раҳбар маърифатга, масжидлар, мактаблар ва етимхоналар қуришга эътибор берганлиги билан кўпроқ машҳурдир. У Бидарда бунёд эттирган катта шифохонада кўплаб машҳур табиблар меҳнат қилишди. Ўз подшоҳлигида ичкилик ичишни таъқиқлади, ишёқмаслик ва дарбадарликка чек  қўйди ва кишиларни ҳалол яшашга мажбур этди. Барча фуқаролар Ислом тартиб-қоидаларига риоя этишларини кузатиб боришни назоратчиларга буюрди.

МАҲМУД ҒАВОН (1461-1481). ТАЛИҚАТ ЖАНГИ (1565). Ҳар томонлама диққатга сазовор бўлган Хўжа Ғавон ҳам улкан шахс сифатида танилди. Бу йирик саркарда, олим, давлат арбоби ва доно ҳукмдор салтанатидаги ҳукумат ишларини шахсан ўз зиммасига олиб, ҳар бир маҳкаманинг ишини қадам-бақадам ўзи кузатиб борар ва ниҳоятда самарали иш юритар эди. Қўшинларга бошчилик қилган чоғларида бирорта ҳам жангда ютқизмади, юришлари натижасида беҳад катта бойлик тўплади. Гоани ва Ўрта Декандаги бошқа вилоятларни забт этди. Порахўрликка барҳам бериб, айбдорларни шафқатсиз жазолади. Шунинг учун ҳам унинг душманлари кўп эди. Қасоскор зодагонлар эса ақлдан озган ва ўз айш-ишратини кўзлаб яшаётган Султон Муҳаммад учинчини унга қарши қайрар эдилар. Қулай пайт пойлаб Султон Муҳаммад бу самимий ва жуда зарур вазирни қатл этиш тўғрисида амр бериб, ижро қилдирди. Ниҳоят, 1527 йилда Баҳманий қироллиги ғарбда Аҳмад Нағар, шарқда – Голконд, шимолда – Берар, марказда – Бидар ва жануби-ғарбда Бижапур номли бешта кичик подшоҳликка бўлиниб кетди. Улар узоқ вақт гуллаб-яшнаб, вақти келганида Вижаянагар рожасига ҳал қилувчи зарба бериш учун (Талиқат жанги) бирлашдилар ва шу даврда шарқдаги энг бой Вижаянагар шаҳрини талон-тарож  қилдилар. Бу унинг куч-қудрати ва шон-шуҳратини ҳамда ҳиндларнинг уйғонишини йўққа чиқарди. Бешта мусулмон подшоҳлиги мавжуд бўлиб, улар ҳам аста-секин мўғул императорлари қарамлигига ўта бошлашди. Ниҳоят, 1686 ва 1687 йилларда Аврангзебнинг Буюк Мўғуллар Империясига қўшиб олинган Голконд ва Бижапур подшоҳликлари таслим бўлишди.

МУСУЛМОН ДИНИ ПЕШВОЛАРИ. 1526 йили Бобур Ҳиндистонга бостириб келди. Бу мамлакат 500 йил мобайнида, Синд ва Мўлтон эса 800 йил мусулмон мамлакати бўлиб турди. Ҳиндистон кенг мусулмон дунёсининг бир қисми сифатида халифаликнинг руҳий таъсирида бўлди. Унга барча осиёликлар Дар ул-Ислом (Ислом қароргоҳи) деб қарашарди. Бутун Ислом дунёсидан бу ерга оқиб келган мусулмон руҳонийлари, файласуфлари, фозиллари ва шоирлари, маърифатпарварлари ва мутафаккирлари ўзларини уйларидагидек ҳис қилардилар. Улар асосан араб ёки форс тили ва адабиёти билан иш кўришарди. Бу ерда ҳамма жойда дорилфунунлар ва билимларнинг катта мухлислари мавжуд эди. Кашмир ҳокими Искандар Бут Шикан ва Искандар Лодийдан бошқа мусулмон ҳукмдорлари ҳиндларнинг диний ва маданий анъаналарига ҳеч қачон аралашмаганлар, уларга ҳурмат билан қараб, давлат фаолиятига жалб қилганлар, юксак лавозимларни ишониб топширганлар, ҳарбий хизматга олиб, лашкарбошиликка тайинлаганлар, хуллас, бегона билмаганлар. Халққа оддий дунёвий ва мажбурий исломий маънавий маърифат бериш соҳасидаги ишларни Лахўрлик Дата Ганж Баҳш, ажмерлик Хўжа Мўйниддин, деҳлилик Хўжа Бахтиёр Қоқий, пакпаттанлик Бобо Фарид, мўлтонлик Шайх Баҳовуддин Закария, баҳовалпурлик Маҳтум Жаҳониян Жаҳонгашт, деҳлилик Шайх Низомиддин Авлиё, бирлашган вилоятлар вакили Аҳмад Собир Қалйарий, бенгаллик Жалолиддин Табризий ва деканлик Хўжа Гесув сингари мусулмон руҳонийлари бошқариб боришарди. Ўзлари бўлган ҳамма жойда билим зиёсини сочадиган бу йирик дин арбобларига мусулмонлар ҳам, ҳиндлар ҳам бирдек қулоқ солардилар. Маърифатчилик фаолияти туфайли Ислом динини қабул қилганларнинг аксарияти шундай иш тутишарди. Бу руҳонийларнинг ҳаммаси дастлабки даврда, асосан қуллардан чиққан қироллар ҳукмронлиги даврида маърифат тарқатиш билан шуғулландилар. Низомиддин Авлиё холжийлар салтанатида, Хўжа Гесув Дароз эса XV аср бошида шундай фаолият кўрсатишди. Улар Аллоҳ марҳаматига оддий ишончни, ҳалолликдан, ҳамдардликдан, Парвардигорга яқинликдан роҳатланишни, кишиларнинг ўзаро бир-бирлари олдидаги бурчи ва масъулиятини, тоат-ибодатнинг кучи, эътиқоднинг гўзаллигини ўргатиб бордилар. Лекин ўз фикрларини ҳеч қачон зўрлик билан тиқиштиришмас ва кўплаб тарафдорларга эга эдилар. Улар бу мамлакатда Ислом динини оммалаштирдилар.    

БХАКТИЙ ҲАРАКАТИ.
Уларнинг оддий таълимотлари ҳар доим кам сонли ва имтиёзли табақалар дини бўлиб келган ҳиндлар эътиқодига аста-секин таъсир эта бошлади. Бу дин то XIX асрда Ҳиндистондаги бхагатлар гуруҳи (халқ авлиёлари), яъни Панжобда Гуру Нанак, марказий Ҳиндистонда – Рамананд ва Кабир, Бенгалда – Чайтанийа, Ражпутан ҳамда Нанадевада – Даду ва Махарараштрада бошқа гуруҳлар исён кўтарганларига қадар шундай мавқени сақлаб қолди. Бу авлиёларнинг ҳаммаси севги-муҳаббат, яхшилик, саховат, оддий эътиқод ва мухлислик, инсонга ҳамдардлик ва меҳр туйғуларини сингдира бошладилар. Улар таълимоти тезда оммалашиб, тарафдорлар орттира борди, бхагатларнинг ҳар бири панс (диний таълимот) бошчисига айланиб, халқни уйғотишга ҳисса қўшди. Ҳиндлар уларнинг ўтмишини ўрганиб, мавжуд шарт-шароитларни яхшилашга киришдилар. Яна юз йил ўтгач, бу ҳаракат ўзгариб кетди: у ҳиндлар орасида адабий жонланишни, яна икки юз йилдан кейин эса ижтимоий-сиёсий уйғонишни келтириб чиқарди. XVIII асрга келиб ҳарбий доираларда, Панжобда сиқҳлар, Ғарбий Ҳиндистонда махраттанлар орасида тўла-тўкис шаклланган мазкур ҳаракат бенгалларни маданиятга ошна қилди, халққа маърифат тарқатди. Ҳиндларда миллий руҳ туғилишига, уларнинг мусулмонлардан қўрқуви барҳам топишига ва британияликларга нисбатан нафрат уйғонишига асосий сабаб бўлди. Шу жиҳатдан олганда ҳиндлар миллий руҳининг илдизлари жуда қадимийдир. Ҳазиломуз қилиб айтиш мумкинки, бу руҳ мусулмон руҳонийларининг маънавий таълимотлари учун ижобий замин бўлиб хизмат қила олади.
 
« Олдинги   Кейинги »