Умавийлар Принтер учун
26.09.2010 й.
АМИР МУОВИЯ (661-680 йиллар). Биз яна сал орқага қайтишимиз лозим. Эсласангиз, Амир Муовия халифаликнинг Имом Хасан халифа деб эътироф этган шарқий қисми чегараларидан ҳам ташқари чиқаман, деб азму қарор қилган эди. Ўзаро уруш бошланиб кетиш хавфи жуда яқинлашиб қолганида Имом Хасан ўз лавозимларидан воз кечишга қарор қиладилар. Шунинг учун у киши Мадинага қайтиб келадилар-у, Амир Муовия тўқнашувидан омон қоладилар. Муовия тез орада Ислом халифаси деб эълон қилиниб, ана шу мартабада 20 йил турди. У катта тажрибага эга бўлган ғоят истеъдодли ҳукмдор эди: Шомда 12 йил ҳокимлик қилиб, у ерда қуруқлик қўшинларини ва ҳарбий денгиз кучларини вужудга келтирди. Кейинчалик, юқорида таъкидланганидек, Миср ҳокими Абдуллоҳ ибн Сарш билан бирлашиб, Усмон ҳукмронлиги даврида (655 йилда) Дҳу ас-Савари жангида Византия денгиз кучларини мағлубиятга учратди (Маст жанги).
 
ЯНГИ ҒАЛАБАЛАР. Муовия машҳур саркардаси Уқба ибн Нафиъни қўшинга бош қилиб, ўша пайтда Тунис, Жазоир ва Марокашдан иборат уч бўлакка бўлинган Ифриқияга юборди. Уқба ҳозирги Тунис ҳудудини қўлга киритиб, 670 йилда у ердан Кайравон шаҳрига асос солди. Бошқа саркардалар Ислом туғини Марказий Осиёга олиб бордилар. Мусулмон қўшинлари Хуросонда Амударёнинг ўнг соҳилидаги Оксос деб атаб келинган қисми истилосини ниҳоясига етказдилар. Улар ҳатто дарёни кечиб ўтиб, Бухорога ҳам юриш қилдилар. Шундан кейин Шарқ томон йўл олиб, ҳозир Афғонистон номи билан маълум ммамлакатга кириб бордилар. Ҳаш-паш дегунча Қобулга етиб олдилар. Муовия Шом ва Ироқ  шимолида, Византиянинг Кичик Осиёдаги қисмида ҳар йили ғазавот урушлари уюштирар эди. Бундай ҳужумлар аскарлар жанговарлигини сақлаб туришга ва ёш зобитларнинг тезкор жанг олиб бориш тажрибасини ҳосил қилишга хизмат этадиган ҳарбий машқлардан бошқа нарса эмасди. Шунингдек, у шимоли-шарқий чегаралар бўйлаб бунёд этилган истеҳкомларда чинакамига соқчилик хизмати йўлга қўйилди. Шу йўсин мусулмонлар кўрфазда византияликлар йўлини тўсиб туришарди. Византияликлар Ислом истилочиларига қарши тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиб келдилар, мусулмон ҳукмдорлари то Кичик Осиёдан қувиб чиқарилгунларига қадар бир неча асрлар давомида улар билан сурункали уруш олиб бордилар.

ҲАРБИЙ ДЕНГИЗ ЮРИШЛАРИ. Муовия нозик фикрловчи ва узоқни кўзлаб иш тутадиган инсон эди. Ҳазрат Али даражаларида саркарда бўлмаса ҳам, моҳир ҳарбий ташкилотчи ҳисобланарди. У яхши қуролланган, етарли кучлардан ташкил топган мусулмон қўшинларини тузибгина қолмай, ўз ҳарбий денгиз кучларини ҳам оширди ва император ҳукмронлигидаги Византияга (Константинополга) ҳужум қилишга тайёр эди. 669 йили Муовия денгиз орқали ўғли Язид қўмондонлигида қўшин юборди. Язид ўзини қобилиятли лашкарбоши сифатида кўрсатиб, машҳур шаҳарни қамал қилди. Бу тадбир давомида бўлиб ўтган кўпгина можаролар ёш Язид довруғини таратди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафдошлари, туғдорлари Абу Айюб ал-Ансорий розийаллоҳу анҳу шу ерда ҳалок бўлдилар. Мусулмонлар қамалдан воз кечиб, чекинганликларига қарамасдан, у кишини Константинопол девори ёнига дафн қилдилар. У киши тўғридаги афсона эса халқ орасида ёйилди. Қабрларига ҳатто насронийлар ҳам топинардилар. Бу жой ҳозир ҳам зиёратгоҳ ҳисобланади. Мусулмонлар Константинополга 674 йилда яна бир бор ҳужум уюштирдилар, бу гал қамал етти йил давом этди. Худди шу жангда византияликлар араблар қалбига қаттиқ қўрқув солган «юнон олови» деб номланган керосин билан фосфор қоришмасини ишлатдилар. Бу юриш ҳеч қандай ютуқ келтирмади, мусулмон қўшинларининг Шарқий Овруподан қўрқувини кучайтирди, холос. Қайтишда мусулмонлар Родос оролини босиб олдилар.

МУОВИЯ ЗАФАРЛАРИ. Амир Муовия ҳукмронлик қилган давр воқеаларга бой бўлди. Бироқ, афсуски, ҳатто тарихчилар ҳам уларни сохта фикрларга асосланиб ёза бошладилар. Кўпгина мусулмон тарихчилари у ҳақда аксилтараққий кучлар Бани Умайяга қарши оёққа турган аббосийлар даврида ёзишга киришган эдилар. Шунинг учун ҳам ўша давр воқеаларининг ёритилишида нохолислик сезилиб туради. Аслида Муовия буюк ҳукмдор эди. Албатта, уни илгариги халифалар билан қиёслаш тўғри эмас, лекин барибир у кенг миқёсдаги давлат арбоби ҳисобланарди. У араблар империясини мустаҳкам пойдевор асосига қуришга ҳаракат қилди. Муовия маънавий раҳнамо ҳамда қиролга хос барча фазилатларга эга эмасди, лекин ғазавот урушларини қандай ўтказаётганлигини ҳамма очиқ-ойдин кўриб турарди. У Дамашқни ўз пойтахтига айлантириб, ўша ердан туриб буюк араб шайхи сифатида раҳбарлик қилди. Унинг ҳузурида иш олиб борган шайхлар кенгаши араб дунёсидаги барча ҳокимларга ҳам ана шундай кенгашлар тузишни амр қилди.  Ғоят хушмуомала бу инсон баъзида устамонликка эрк берса, баъзида ўзининг феъл-атвори жозибасидан фойдаланарди. У мусулмон олами бирлигига рахна солиб келган тартибсизликлар ва норозиликларни, ҳатто, хусуматларни бартараф қилди. Ижтимоий соҳада ҳам, сиёсат бобида ҳам арабларни мусулмон мамлакатларининг етакчи халқига айлантирди. Бепоён халифаликни жипслаштириб, ҳукуматни марказлаштирди. Маъмурият Византияда ғарбча услубда, форслар юртида эса шарқча иш олиб борарди. Бироқ у чегаралаш ўтказиб, халифаликни кўплаб қарам қиролликларга ажратди. Унинг Амр ибн ал-Ос ва Зиёд ибн Абиҳдек қобилиятли ҳокимлари бор эди. Абу Суфённинг канизагидан туғилган ўғли Зиёд Муовияга ўгай ука бўларди. Вафоти арафасида Муовия ўғли Язидни ўзига ворис қилиб белгилади.

ЯЗИД (680-683 йиллар). Язид 680 йилда тахтга ўтирди. Ҳақиқатан қобилиятли бўлган шаҳзода Константинопол яқинида обрў топди. Бироқ улуғлик васвасасига мубтало бўла борди. Барча ишларда омади чопган буюк одамнинг ўғли бўлганлигидан ҳеч кимни ўзига тенг кўрмасди. Бунга ажабланишга ўрин йўқ эди, чунки у кимса умавийлар давлатининг эътироф этилган халифаси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанлари Макка ва у киши танлаган шаҳар Мадинадан бошқа ҳамма ерда исми хутбага қўшиб ўқиладиган ҳукмдор эди. Язид тахтга ўтирганидан кейин ўша пайтдаги Византия шаҳзодаларига хос турмуш тарзига ружу қўйди. У ичимликни, ҳар хил давралардаги базми-жамшидларни хуш кўрарди, ит боқиб, овчилик қиларди, қачон ва кимга хоҳласа, уйланаверарди. Унинг бундай хулқи Ислом сипоҳилари қаршилигига сабаб бўлди. Улар Исломнинг икки қаҳрамонидан бири – инсонсеварлиги ва зўравонликка бўйин эгишни хоҳламаганлиги учун жонини қурбон қилган, Ислом  динига янги ҳаёт бағишлаб, муқаддас иш йўлида ҳалок бўлган Имом Ҳусайн тарихини эсга олдилар. Кўп машҳур бўлмаган кишилар ичидан чиққан Абдуллоҳ ибн Зубайр – Оишининг жиянлари ва Абу Бакрнинг набиралари ана шундай қаҳрамонларнинг бири эди. У киши ўзларини халифа деб эълон қилиб, тезда Ҳижозни ва Жанубий Арабистонни босиб олди. Укалари Мусъабни Куфанинг ҳокими этиб тайинладилар. Имом Ҳусайнни ўлимга ҳукм қилган Ироқ ҳокими Убайдуллаҳ ибн Зиёд шу фожеавий воқеадан кейин бутунлай шарманда бўлди. Бу золим, қайсар ва шахсиятпараст киши фақат шафқатсизликка таяниб иш кўрарди. У ироқликлар жонига теккан бир пайтда Мусъаб ибн Зубайр уларни ўзларига эргашишга даъват этдилар ва кишилар бу чақириққа амал қилдилар.

МАДИНАНИНГ ТАЛОН-ТАРОЖ ҚИЛИНИШИ. Язид кўшк эгаси бўлиб қолиши мумкин эди, лекин у лақма, калтабин одамлар тоифасидан бўлмаганлиги учун юксак парвоздан кейин таназзул юз бериши мумкинлигини ҳам яхши биларди. У ўз саркардаси Муслим ибн Уқбоҳни қўшин билан Ҳижозга юборди. Машҳур лашкарбошининг зурриёди бўлган Муслимнинг ўзи ҳам фавқулодда қобилиятли киши эди. У 683 йили 26 августда Мадина яқинида жойлашган Ҳарраҳ атрофидаги жангда Абдуллоҳ ибн Зубайрни енгди. Муслимнинг қўшинлари Мадинани талон-тарож қилдилар, кейинроқ тарихчилар тасдиқлашларича, у ерда жуда кўп қон тўкилган. Бировлар гапига кириб Маккага ҳужум бошлаган Муслим ўзи йўлда вафот этди. Қўшинларга қўмондонлик қилиш қўлига ўтган Ҳусайн ибн Нумайр Маккани қамалга олди. У муқаддас шаҳарни таслим қилолмагач, ҳеч иккиланмай Каъбанинг ўзини тошбўрон эттирдики, шу қилмиши учун уни ҳақли равишда ҳалигача койиб келадилар. Бу воқеа айни Язид вафотига тўғри келган эди.

МАРВОН ИБН АЛ-ҲАКАМ (683-685 йиллар). Язид ўрнига келган унинг ўғли Муовия бир неча ойдан кейин оламдан ўтди. Бу халифаликни ниҳоятда ташвишга солди. Абдуллоҳ ибн Зубайр ошкора равишда ўзларини Ислом халифаси деб эълон қилдилар. Кўпчилик ҳошимийлар қўллаб-қувватлаб, умавийларга қарши туришлари сабабли Шомда араб қабилалари ўртасида низо келиб чиққан эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Дхаҳҳак ибн Қайсни Фаластин ҳокими қилиб тайинладилар. Дамашқда халифаликка кўрсатилган киши Усмон розийаллоҳу анҳунинг собиқ котиблари кекса Марвон экан. Ниҳоятда ўткир фикрли Марвон дарҳол хушёр тортиб, Дхаҳҳакка қарши қўшин юборди ва Дамашқ яқинидаги Маржаҳид жангида ғалаба қозонди. Бошқа қўшинлар ўша пайтда ғалаён бўлаётган Ироққа жўнатилди. Ироқликлар Сулаймон исмли ўз сарварини топган эдилар, лекин Марвон лашкарлари бу ерда ҳам устун келдилар. Марвон шундан кейин узоқ яшамади. Халифаликка эришганидаёқ ёши етмишдан ошиб қолган бўлиб, раҳбарлик юки унга оғирлик қиларди. Бироқ шу лавозимда ўтказган икки йиллик ҳаётида ҳам буюк тарихий ишларни амалга ошириб, ўз ўрнига ўғли Абдул Маликни тайинлаб кетди. Улуғ подшоҳ Абдул Малик «қироллар отаси» деган ном қозонди, чунки унинг тўрттала ўғли бирин-кетин халифаликка кўтарилдилар. Умавийлар тарихи моҳиятан марвонийлар тарихидир.

АБДУЛ МАЛИК (685-705). Жуда қобилиятли инсон Абдул Малик ўз ҳокимлари ва лашкарбошиларини танлашни яхши биларди, моҳир ташкилотчи эди. Шунга кўра ҳам тезда давлат ишлари устидан назорат ўрната олди. Умавийлар тахти ҳали ҳам мустаҳкам эмас, деб ҳисобларди у. Шунингдек, ҳеч бир нарса кишиларга шон-шуҳрат ва манфаат кўриш умиди сингари қониқиш беролмаслигига ишонч ҳосил қилиб, бутун фикру хаёлини ана шу икки масалага қаратди. Дастлаб икки кишини лашкарбошиликка танлаб қўйди. Улар миннатдорчиликларини ўзлари жалб қилинган ишлар туфайли бошқа кўплаб саркардаларни тарбиялаб вояга етказиш орқали билдирдилар. Муса ибн Нусайр ана шундайлардан бири бўлиб, уни ғарбий қўшинлар қўмондони ва Ифриқия қиролининг вазири қилиб тайинлашди. Ишончли кишилардан яна бири Ҳажжож ибн Юсуфга шарқий қўшинлар қўмондонлиги ва Ироқ ҳокимлиги вазифалари топширилди.

ҲАЖЖОЖ ИБН ЮСУФ. МАККАНИНГ ТАСЛИМ БЎЛИШИ. Ҳажжож ибн Юсуф ҳақиқий мактаб муаллими эди. Унинг табиатидаги асосий фазилат ва раҳбарлик истеъдоди пайқалмай қолмади: у арзимас нарсада ҳам тазйиқ ўтказаверишдан ўзини тиярди. Вазифаларини қойиллатиб бажаргач, Абдуллоҳ ибн Зубайр иккиланаётганликларидан фойдаланиб Ҳижоз ва Ироқни қўлга киритиш режасини ҳам муваффақиятли амалга оширди. Ҳажжож йўлини ўзгартириб, Макка томон юришга қарор қилди. Унинг обрўйи ошиб кетиб, қатъиятли ва дадил одам сифатида машҳур бўлди. Тарихдан маълумки, у Маккага нисбатан гўё унда ҳеч қандай муқаддаслик белгиси йўқдек иш тутган. Барча замбараклар муқаддас деворларга қаратилди. Маккаликлар фидокорона қаҳрамонлик билан жанг қилдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг шахсан ўзлари курашда охирги дамгача ирода кучини, сабот ва қатъият намунасини кўрсатдилар. Лекин у кишининг жасурликлари умавийлар қўмондонлигининг шафқатсизлиги олдида ожиз эди. У киши жангда ҳалок бўлдилар, Ҳажжож эса Абдуллоҳнинг бошларини кесиб, Дамашққа юборди. Макка ҳамда Ҳижознинг бошқа истеҳкомлари таслим бўлди. Яман жанг ҳам қилиб ўтирмади. Кишилар итоатга бўйин эгдилар, янги ҳукмдорлар билан муроса қилишни истамаганлар эса ғарбий жабҳага ва ғазавот уруши ҳали ҳам давом этаётган ҳамда мусулмонлар шон-шуҳратга эришиб, ўзлари учун янги қароргоҳ топиш мумкин бўлган узоқ Хуросонга жўнаб кетдилар.

ҲАЖЖОЖ ИРОҚНИ ЗАБТ ЭТАДИ. Ироқда Ҳажжожга омад кулиб боқди. У Куфада нотинчлик бошланиши биланоқ шу шаҳарга юриш қилишни кўнглига тугиб қўйганди. Мана энди ўзига содиқ ва ишончли бир неча жангчи билан туя ҳайдаб борувчилар қиёфасида жума куни Куфанинг буюк жомеъ масжиди томон йўл оладилар. Мусулмонлар жума намози ўқишга тайёр турганларида у югуриб меҳробга чиқади-да, юзидан ниқобини сидириб ташлаб, баланд овозда ибодат олдидаги сукунатни бузиб шундай дейди: «Куфа жамоаси! Мени танияпсизларми? Мен сизнинг янги ҳокимингизман. Мен ҳам энг тубан махлуқ бўла оладиган одамман! Аминманки, сизлар кўп қон тўкилишини хоҳламайсизлар. Менга ишонаверинг. Шунчалик кўп бўғизларни тиғдан ўтказаманки, сизнинг бутун ташналигингиз босилади. Менга қулоқ солинг ва бўйин эгинг!»  Ҳамма жой-жойида қотиб қолади, бирор киши ғинг дея олмайди. Бироқ Ҳажжож қуруқ гапни ёқтирмас эди, у шафқатсиз сабоқнинг таъсири кучли бўлишини яхши биларди. Шу боисдан ҳам айланиб чиқиб, умавийларга ғанимлик туйғуси бор деб шубҳа қилинганларнинг ҳаммасини қатл этди. Кейинчалик тарихчилар уни қонхўр махлуқ қиёфасида гавдалантиришга ҳаракат қилдилар. Лекин у куфаликларнинг шундай таъзирини берган эдики, улар буни узоқ муддат эсдан чиқара олмадилар. Албатта қон тўкиш унинг асосий мақсади эмасди. Яхши саркардалигидан ташқари у истеъдодли маъмур ҳам эди. Анҳорлар қаздириб, кенг кўламда суғориш иншоотлари қурдирди. Ироқ ҳукумати фаолиятини муттасил яхшилаб бориб, бу вилоятни халифаликнинг энг бой ўлкаларидан бирига айлантирди.

ҲИНДИСТОН, ҚОБУЛ ВА ШИМОЛДАГИ ИСТИЛОЛАР. Умавийларнинг рақибларига дўстлик қилмаган Ҳажжож кескин чора-тадбирларга кўпроқ ишонарди. Бироқ унинг машҳур киши бўлганлигини ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. У Абдул Малик ва унинг ўғли Валид ҳукмронлиги даврида кўплаб юришлар қилди. Бу уларда норозилик уйғотмади. Унинг шарофати билан Ислом дини шон-шуҳрат топди. Ҳажжож Ҳиндистонда Синд рожаси арабларнинг бир неча кемасини талаган аллақандай денгиз қароқчиларини ўз қаноти остига олганлигидан огоҳ бўлиб, ўн саккиз яшар жияни  ва куёви Муҳаммад ибн Қосим бошчилигида рожага қарши қўшин юборади. Қўшин у қадар катта эмасди: 1000 тадан от ҳамда чопқир туяга ва ҳаммаси бўлиб 6000 жангчига эга эди. Бироқ ёш Муҳаммад жуда моҳир жанговар лашкарбоши эди. У йўл-йўлакай Макранни бўйсундириб, аллақачон қўлга киритилган Балужистон орқали қуруқликдан юриш қилди. 712 йилда Қуйи Синд пойтахти Дебални эгаллади. Рожа қочиб қолди. Ҳамма жойда бўлганидек, аҳолига шартлар таклиф қилинди: ихтиёрий таслим бўлиш эвазига хайрихоҳлик, ҳимояга олиш ва бошқа имтиёзлар бериш. Ислом динини қабул қилиш иштиёқини билдирган кишилар ҳамма мусулмонлар билан баравар ҳуқуққа эга бўлардилар. Муҳаммад ибн Қосим рожани таъқиб қилишни давом эттириб, Нирун (ҳозирги Ҳайдаробод) яқинида унга етиб олди. У 50 минг кишилик катта қўшин тўплаганига қарамасдан, Муҳаммад енгиб чиқди, рожа эса жангда ҳалок бўлди. Энди бутун Синд эгалланган эди. Лекин Муҳаммад бу билан қаноатланмай, Баҳманобод атрофида жанг қилгач, Қуйи Панжобга кириб бориб, у ерда ҳам ғалаба қозонди. Натижада Ҳинд дарёси қуйи қисмидаги бутун водий мусулмонлар қарамоғига ўтди. Бироқ Муҳаммад бу ерда узоқ қололмади. Қайнотаси Ҳажжож ўлим тўшагида ётганлигидан Дамашққа чақириб олинди. У ерда бир неча йил сарой қутқулари билан овора бўлди.

ЎРТА ОСИЁНИНГ БОСИБ ОЛИНИШИ (705-703 йиллар). Ҳажжож бошқа лашкарбошиларини, Абдураҳмон ибн Муҳаммадни мусулмонларга қарам бўла туриб солиқ тўлашдан бош тортган Қобул қиролига қарши юборди. Абдураҳмондан таъзирини егандан кейин у бўйин эгишга мажбур бўлди. Яна бир лашкарбоши Қутайба ибн Муслим қўшин билан Амударё ортида жойлашган Оксас мамлакатига йўлланди. Қутайба Балх ва Бухорони, Самарқанд атрофидаги барча ерларни эгаллади. Сўнгра у йўлини сўл томонга буриб, Хивани босиб олди. 713 йили Бухородан нарига ўтиб, Фарғонани қўлга киритди. Шундай қилиб, Трансоксианиянинг бутун ҳудуди – дарёнинг нариёғидаги ерлар (Мовароуннаҳр) тўлиқ фатҳ этилди.

КИЧИК ОСИЁДА ИСТИЛО ҚИЛИНГАН ЕРЛАР (706-707 йиллар). Абдул Малик подшолиги анчагина ўлкаларни қўлга киритиш билан якунланди. Шимолдаги қўшинлар сарҳадларни византиялик босқинчилардан қўриқлаб туришлари керак эди. Мусулмонлар бир-бири билан олишаётганини кўрган Византия императори ҳарбий кучларни уларнинг чегараси томон юборди. Мусулмонларнинг сарҳад қўшинлари анча муддат мудофаа жангларини олиб бордилар, охири Абдул Малик кучларини Кичик Осиёга йўналтирди. Натижада улар византияликлар билан Себастополис яқинида тўқнаш келиб, ғолиб чиқдилар. Келаси йили мусулмонлар яна уч шаҳар – Тиана, Сардис, Пергамосни эгалладилар.

АФРИҚОДАГИ ИСТИЛОЧИЛИК. Кайравон аллақачон Тунисда ҳозир бўлган, маҳаллий барбарлар эса сўзсиз мағлуб этилган эди. Аслида эса ниҳоятда серғайратлиги ва моҳирона жанг қила олиши билан ажралиб турганликлари учун улар араблар кўнглига кўп ғулғула солдилар. Бу ташвишлардан хабар топган Абдул Малик у ерга машҳур саркарда Уқбаҳ қарамоғида бўлган Зубайр қўмондонлигида қўшин юборди. Зубайр барбарлар билан византияликларнинг бирлашган кучларини енгди. Анчадан кейин Зубайрнинг яхши қўриқланмай юрганини кўрган барбарлар пайт пойлаб уни ўлдиришга эришдилар. Ҳатто Кайравон ҳам қуршовга тушиб қолди. Шундай бир пайтда янги ҳоким Ҳасан ибн ан-Нўъмон Ифриқияга жўнатилди. У Кайравонни қутқариб олиб, барбарларни ҳамда маҳаллий рухоний коҳина томонидан уюштирилган бошқа бир кучли қарши исённи ҳам тор-мор қилди.

ҲУКМДОР АБДУЛ МАЛИК. Бу шубҳасиз буюк ҳоким раҳнамолигида мусулмонлар шарққа, шимол ва ғарбга узоқ кириб борганликларидан ташқари маъмурий соҳада ҳам жуда кўп янгиликлар яратилди. Араб пуллари зарб қилинишига асос солган ва араб тилига умумдавлат мақомини берган биринчи халифа ҳам шу киши бўлди. Тобора кўпроқ муассасалар араблар ҳамда янги мусулмонлар қўлига ўта бошлади. У хат-хабар хизматини ташкил этди, солиқлар тартибини изга солди. Мусулмонлар закот тўлашарди, Ислом динини ихтиёрий қабул қилганлирни бошқа солиқлардан озод этди. Ана шундай янги мусулмонлар шаҳарга келиб, маволи (ихтиёрий ёлланувчи) бўлиб қуролли кучлар сафига қўшилардилар. Йиғиб олинадиган солиқларнинг бир қисми йўқолиб кетарди, чунки ҳарбийларнинг ўзлари солиқ тўламаганликларидан ташқари ҳар йили тўпланадиган маблағнинг муайян қисмини мунтазам олиб турардилар. Бундай ҳолат Исломга жуда катта ҳарбий кучларга эга бўлиш имкониятини берди. Абдул Малик, шунингдек, Қуддусда Қоягумбаз деб номланган улкан жомеъ масжидини қурдирдики, у ҳанузгача илк мусулмон меъморчилигининг яхши намунаси бўлиб савлат тўкиб турибди.

ВАЛИД (705-715 йиллар). ИСПАНИЯГА БОСТИРИБ КИРИШ (712 йил). Абдул Малик ўрнига тахтга унинг ўғли ўтирди. Отасига мусулмон дунёсидаги турли унсурларни бирлаштиришга тўғри келган бўлса, унинг зиммасига Ислом эътиқодининг илк босқичида бундан ҳам мароқли воқеалар, Мағриб ва Испанияни босиб олиш ташаббускори бўлиш тушди. Ифриқияни тинчлантириб, барбарларни бостирган Ҳасан ибн ан-Нўъмондан кейин бу вилоятга ўткир зеҳнли ва иззатталаб зот Мусо ибн Нусайр ҳоким бўлди. Бу унинг Мағрибга, ҳозирги Жазоир ва Маркаш деб аталаётган мамлакатларга юриши арафасида юз берди. Шу зафари эвазига у халифанинг сахий мурувватига сазовор бўлиб, Мисрдан ғарбдаги бутун ҳудудни ташкил қилувчи жуда катта ўлкага қиролнинг вазири этиб тайинланди. Маволилардан бўлган Ториқ исмли лашкарбоши унга совға сифатида берилиб, Мағрибнинг ғарбий қисмига – ҳозирги Рокко шимолида жойлашган минтақага ҳоким қилиб белгиланди. У Танжарни пойтахт этиб танлади. Кунлардан бир кун ўз ҳокимиятини мустаҳкамлай олмай қийналаётган Испания қироли Родерикка қарши исён кўтарган машҳур испан фуқароси Коунт Юлиан унга мурожаат қилиб қолди. 711 йили Ториқ 7000 кишилик қўшини билан кўрфазлар оша денгиз сафарига чиқиб, ўзи шарафига Жибал ат-Ториқ, яъни «Ториқ тоғи» деб номланган баҳайбат қоя олдидаги қўналғада тўхтади. Кейинчалик бу ерни оврупоча йўсинда Ҳибралтор деб атай бошладилар. Лашкарбоши ваҳимага тушган пиёда ва отлиқ аскарлари билан бир қўпол ҳазил қилишга чоғланиб, кемаларни иккига ажратади. Уларнинг бир қисмини тепалик ортига яшириб, иккинчи қисмига тунда ўт қўйиб юборишни буюради. Аланга кўтарилгач, бутун қароргоҳдагилар оёққа турғазилади, соқчилар унинг ҳузурига чопадилар. Таъсирчан кишиларнинг кўпчилиги нима қилишни билмасдан қўлларини бир-бирига ишқаб туришса, бошқа бировлар тушкунликка тушиб кетишади. Улар саркардага мурожаат қилиб: «Ҳеч нарса қилмаймизми?» деб сўрашади. «Нега ҳеч нарса қилмас эканмиз? – деб савол билан жавоб беради у. – Лекин айтинг-чи, қайтиб кетадиган бўлсак нима қиламиз? Ё қайтиб кетсакмикин? Биз мағлубиятга учрадик, деб ўйлаяпсизларми? Бас, етар, менинг сафдошларим, ўзларингизми шу?! Ким у мағлубият тўғрисида гапираётган? Сиз орқага қайтиб кетмаслигингиз керак. Бу ер Аллоҳ таолонинг ери, шундай экан, сизники ҳам. Қани боринг-у, уни эгалланг. Парвардигор учун, ўз уйингиз, бола-чақаларингиз учун савашинг. Энди чекинсангиз, бўлмайди, ўзингизни етти минг эмас, етмиш минг киши деб тасаввур қилиб курашинг. Шу даврларгача ёғийларни доғда қолдириб келдингизлар. Бундан буён ҳам шундай бўлиши керак. Аллоҳ таолога ва ўз қиличингизга ишонинг. Олға, менинг ёш  қаҳрамонларим!» Бу йигитларга жуда катта таъсир кўрсатади.      
   
ИСПАНИЯНИНГ ЗАБТ ЭТИЛИШИ. Ториқнинг ҳамма ишлари тўғрисидаги хабар Мусонинг қулоғига етди. Ўзи инсон зотининг табиати шу экан-да: вазир Мусо ўз лашкарбошисига ҳасад қилди: «У собиқ қул сифатида иш кўрмабди, лекин жонажон ўғиллари қилолмаган ишнинг уддасидан чиқибди». Ҳар ҳолда у катта қўшин билан жанг қилди. Испан қўшинларига эса мусулмон босқинчиларига қарши курашга ўзининг барча имкониятларини жамлаб улгурган Родерикнинг шахсан ўзи бошчилик қиларди. Бироқ унга на жанговар омилкорлик ва на аскарлар сонидаги устунлик ёрдам берди. У 711 йил июнда мағлуб бўлди. Марказий Испаниянинг катта қисмини Ториқ қўлга киритганидан кейингина Мусо ўз араб қўшинлари билан етиб келди. У Мадина, Сидония, Севиля ва Меридани эгаллади. Айтишларига қараганда, у берилган ваколатлардан ошириб иш кўрганлиги учун жамоа олдида Ториқни койиган. Бироқ янги мартабаю шон-шуҳрат Ториқни аллақачон қўл етмас юксакликларга кўтариб қўйгандек эди. Унинг исмини бизнинг давримизда ҳам мусулмонлар юксак қадрлаб келадилар.

ВАЛИД ВА МУСО. Ўша пайтда Дамашқнинг ўзида ғайримантиқий бир воқеа содир бўлаётган эди. Мусо ва Ториқнинг буюк ғалабасидан хурсанд бўлиш ўрнига ҳасадгўй сарой аҳли халифа Валидни Мусога қарши қайрашга тушдилар. Шундай кучли бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дейишди улар. Испания шунча йироқда эканлигини таъкидлашди ҳамда «Ўзини эълон қилмабдими? Мусо эси паст одам экан», деб шаъма ҳам қилиб қўйишди. Ақли расо ва беғараз киши бундай талқинларга эътироз билдириб, уларни жуда нари борса, ғаразгўйлик бўлса керак, деб баҳолаган бўларди. Лекин табиатида ғаразгўйлик бўлган Валид ана шу ишораларга ишона бошлади. У Мусони ҳузурига чақиртирди. Мусо ўз ўрнига қиролликка вазир қилиб ўғли Абдул Азизни тайинлаб, шарққа йўл олди. Дамашққа етиб келгач, у халифа ҳузурига узундан-узоқ тантана-ю дабдаба билан кириб борди. Уни бош кийимларига ноёб дуру гавҳарлар, аҳолидан тортиб олинган юзлаб зеб-зийнатлар қадалган қимматбаҳо тилла совғалар олиб келаётган шаҳзодалар, бошлиқлар ва машҳур кишилар қуршаб олган эди. Ҳанг-манг бўлиб қолган халифа ана шу совғаларни қабул қилиб олиб, Мусонинг ўзига ҳам иззат-икром кўрсатди. Кўп ўтмай, халифа бетобликка учради, бутун бойликни унинг муваққат ҳоким қилиб тайинланган укаси Сулаймон ҳуқуқий жиҳатдан ўзлаштириб олди. Мусони эса раҳбарликдан бўшатиб, ҳеч қандай иш бермасдан саройда сақлади. Сал ўтмай, бутун мол-мулкини мусодара қилди ва сўнгра саройдан ҳам қувди. Мусо ўз қишлоғига оддий одам сифатида қайтиб бориб, қашшоқликда бандаликни бажо келтирди. Янги халифа Мусонинг ўғли Абдул Азизни ҳам ўлдиртирди. У, шунигдек, Ҳиндистондан Муҳаммад ибн ал-Қосимни чорлаб келтириб қатл эттирди. Мутлақо соғлом бўлишига қарамасдан Муҳаммаднинг тоғаси Ҳажжож қазо қилди, ҳеч қандай ҳимоясиз ўсмир Муҳаммад ҳам ўта сирли ажал топди. Ана шу иккала ўлим бутун дунёдаги мусулмон лашкарбошиларига огоҳлантириш бўлиб хизмат қилди. Улар  мусулмон ҳукмдорларининг шу қадар золимлиги ва ношукрлиги давом этган тақдирда ўзларининг манфаатлари ҳам поймол бўлиши хусусида мулоҳаза қила бошладилар. Бундай ташвиш асоссиз эмасди. Чунки умавийлардан кейин ҳокимият тепасига келган аббосийлар ҳукмронлиги даврида барча саркардалар ва ҳокимлар учун ўзига оро бериб юриш пайти келганда мўъжазгина жойда бўлса ҳам, ўзини ҳоким деб эълон қилиш одат бўлиб қолган эди.

ВАЛИД ҲУКМДОР СИФАТИДА. У Кичик Осиёга кўплаб сафарлар уюштирди. Мусулмон қўшинлари бу минтақа жанубида жойлашган Сиъилия ва Ғалатияни босиб олдилар. Валид марҳаматли ва сахий ҳокими мутлақ эди. Қурдирган гўзал бинолари, мактаб ва касалхоналари унинг довруғига довруқ қўшди. У камбағалларга эркинлик бериб, адлия ишларини кучайтирди ва қонунчиликни такомиллаштириш тадбирларини кўрди. Тинч касб-корлар тўғрисида кўп жон куйдирди, араб шеърияти унинг даврида барқ уриб яшнади. Умавийлар саҳронинг жанубий теграсида ўзлари истироҳат қиладиган ҳамда уй-рўзғор ташвишларидан холи, шаҳардан узоқроқда ўқиш билан машғул бўлишлари учун ўғилларини юбориб қўядиган истиқоматгоҳлар қура бошладилар. Валид ана шундай қишлоқлар сон жиҳатдан кўп ва кўринишидан гўзал бўлишига эътибор берди. У отаси Абдул Малик сингари қатъиятли, раҳмдилликда ундан ҳам устунроқ эди. Аммо ҳасадгўйлик сингари инсоний қусурдан маълум даражада холи эмасди, лекин ҳеч қачон шафқатсизлик қилмаган. Шом уни аъло қирол, деб ҳисобларди, у буюк умавийлардан эди.

СУЛАЙМОН (715-717 йиллар). Унинг вориси Сулаймон номуносиб ўғил бўлиб чиқди. Икки ярим йиллик ҳукмронлиги даврида талайгина номаъқулчиликлар қилишга улгурди. Мусо ва Муҳаммад ал-Қосимдек иккита ажойиб лашкарбошини вазифаларидан четлатди. Муҳаммаднинг ўзини эса Константинополга қарши жуда қимматга тушадиган сафар уюштиришга кўндирди. Бу бир пайтлар мусулмонларга сотқинлик қилиб, Константинопол аҳолисига қўшилган, уларнинг денгиз кучларини тор-мор қилган византиялик саркарда Лео намунасига эргашув бўлиши керак эди. Мусулмон қўшинларининг шуҳрати шу даражада юксак эдики, насронийлар дунёси улар устидан қозонилган ғалабани тантанали равишда нишонлаш ўрнига уларнинг мазкур минтақага ҳужумларидан бирмунча муддат қутулиш имкониятидан енгил нафас олгандай бўлдилар. Бироқ ҳарбий жабҳада Мусо ибн Нусайранинг давомчиси – Испания ҳокими Ан-Нур Абдураҳмон Пиренеяни кесиб ўтиб, Фарангистонни эгаллади.

УМАР ИБН АБДУЛ АЗИЗ. Сулаймонни алмаштирган бу раҳбарга биринчи халифалардан ҳалоллик, ишончлилик ва жўшқинлик сингари фазилатлар ўтган эди. Ҳатто умавийларнинг энг шафқатсиз танқидчилари ҳам уни мустасно қолдирар эдилар. Амалга оширган бир нечта тадбири туфайли барчанинг меҳр-муҳаббатини қозонди. Муовия ҳар жума хутбаси сўнггида Али розийаллоҳу анҳуни ёзғиришдек ёвуз одатни жорий қилган эди. Бошқа умавийлар ҳам шу гуноҳ маросимни давом эттирдилар, аммо Умар ибн Абдул Азиз бунга чек қўйди. Буюк Умар ўз шаштидан қайтмай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам номлари билан боғлиқ бўлган ҳамма нарса қайта тикланганлигини эълон қилди ва Али меросхўрлари учун белгиланиб, кейинчалик давлат томонидан таъқиқлаб қўйилган имтиёзларни қайтариб берди. Чунки улар ўзларининг буюк хизматлари мевасини тотишдан маълум муддат бенасиб қолган эдилар. Умар ибн Абдул Азиз келажак авлодлар учун шу сулола шон-шуҳратини тиклади. У номусулмонлардан олинадиган солиқларни бекор қилиб, ўша пайтда юксак ҳурмат қозонди.  Урушлар ва босқинчиликлар тарафдори бўлмаса ҳам, Ғарбдаги мусулмонларнинг ҳарбий кучларини Фарангистонга ҳужумдан сақлаб қололмади. 717 йили Ал-Ҳурр Фарангистон жанубидаги Нарбоннани ўз қароргоҳи сифатида танлаб, шу ердан туриб ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Тенг ҳуқуқлилик тарафдори бўлган Умар ибн Абдул Азиз  маволиларнинг барчасига бошқалар билан баравар ҳуқуқ берди. Шахсан ўзи эса ортиқча нарса сарфламасдан камтарин ҳаёт кечирди. Бироқ у ғайридинларга умавийлар сингари муросасозлик билан муносабатда бўлмади. Шунга қарамасдан, ўша давр эътиқодларидан келиб чиқиб, кишилар унинг қаттиққўллигига ишонч билан қарардилар. Насроний тарихчилари унга нисбатан айтгулик даражада сахий эмаслар. У уч йилгина подшоҳлик қилиб, вафот этди.

ЯЗИД (720-724 йиллар). Умардан кейин Абдул Маликнинг Язид II деган бошқа бир ўғли тахтга минди. У оддий одам бўлиб, ҳеч қандай буюк ишни амалга оширмади. Айни унинг ҳукмронлик даврида ишлар аянчли тус олди. Мусулмон ҳокимларидан бири Ироқда ўз байроғи остида қўзғолон кўтарди. Язид унга қарши лашкарбоши Масайлимаҳни юборди. 721 йилда Тулуза яқинида геръог Юдо бошчилигида Фарангистон ихтилофчилари ҳам мусулмонларга қарши бош кўтардилар. Шимолий ва жанубий арабларнинг уруғлари ўртасидаги ёвлик қайта аланга олгани ҳаммасидан ёмон бўлди. Бу гуруҳлар энди янги ёрлиққа эга эдилар: шимолий араблар қайсийлар ёки модарийлар, деб,  жанубдагилар эса қалбийлар ёки ҳимйарийлар (яманликлар), деб номланардилар. Рақибларнинг ўзаро олишувида янги-янги усуллар ихтиро қилина бошлади. Бундай офат Испанияга ва, ҳатто, Фарангистоннинг илғор кентларига ҳам ёйилди. Фуқаролар уруши тезда ҳамма ёқни қамраб олиб, халифаликни заифлаштириб қўйди.

ҲИШОМ (724-743 йиллар). Язид II дан кейин Абдул Маликнинг иккинчи ўғли тахтга чиқди. Унинг ҳукмронлиги даврида Ислом обрўсига путур етказган иккита воқеа содир бўлди, уларнинг бири дастлаб яхшиликдан дарак берарди. Фарангистонда мусулмон қўшинлари Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ раҳбарлигида ҳаракатга киришиб, сўнгра Ал-Ҳурр ибн Абдураҳмон қўл остига ўтдилар. Улар шиддат билан бостириб бораётганликлари тўғрисидаги ахборот ҳамма жойда қўрқув уйғота бошлади. Ҳадемай мусулмонлар бутун Фарангистонни ва, ҳатто, бутун Оврупони эгаллайдигандек кўриниб қолди. Шунда Фарангистон қироли барча иттифоқчиларни чақириб, ҳал қилувчи жангга шайлана бошлади. Қиролнинг барча раҳбарларга ва машҳур кишиларга ўз тасарруфидаги кучларни оёққа турғазиш тўғрисидаги илтимосига жавобан улар қисқа вақт ичида унинг байроғи остида уюшдилар. Бирлашган кучлар мусулмонлар билан Турс яқинида тўқнашди.

ТУРС ЖАНГИ (732 йил). Шу йил Ислом учун воқеаларга бой йил бўлди. Мусулмонлар, одатдагидек, ҳеч нарсани ўйламасдан мардона жанг қилиб, фарангларни қайта-қайта қаттиқ исканжага олишарди. Саваш уч кун давом этди. Учинчи куни ёй Абдураҳмонни қулатди. Кеч киргач, мусулмонлар бошлиқлар маслаҳатга йиғилишиб, жангни давом эттириш керакми ёки чекинган маъқулми, деган масала устида узоқ баҳслашдилар. Улар фаранглар кучли эканлигини ва пойтахтини қайтиб олишларига салгина қолганлигини кўриб турардилар. Мусулмонлар саркардаларидан ҳам ажралиб қолишди. Ватанлари эса узоқда. Дамашққача 3000 милдан кўпроқ, Испания ҳам Пиренея ортида. Янги кучлар йўқ. Шуларни назарда тутиб, улар ярим тунда ҳамма нарсаларини йиғиштириб, жўнаб кетдилар. Насронийлар эрталаб уйғониб, рақибларини жойларидан топиша олмади. Турснинг мазкур ғалабаси Оврупо учун бурилиш нуқтаси деб атала бошланди. Албатта, бу тартибсизликлар билан қамраб олинган Дамашққа ёқмас эди. Бундай шароитда халифа ғалабаларни хаёлига ҳам келтира олмасди. Шунга кўра, мусулмон қўшинлари ҳужумни умуман тўхтатганлари ҳолда яна анчагача Фарангистон жануби ва шарқида  ғазавот урушлари олиб бордилар. Икки йилдан кейин, яъни 734 йили мамлакат шарқида жойлашган Авинонни, 743 йилда эса Фарангистоннинг қоқ юрагидан ўрин олган Лайенсни қўлга киритдилар. Бироқ ўзларига бахт терс ўгирилганлигини сезган умавийлар Фарангистондаги ҳужумларини тўхтатдилар.

ҲАЗРАТ АЛИ МУРИДЛАРИНИНГ КЎТАРИЛИШИ. Умавийлар ўзларига қарши вужудга келган янги ҳаракат ҳар қандай кучдан хавфли бўлиши мумкинлигини тушуниб етдилар. Бу ҳаракат узоқ Хуросонда аввал бошданоқ жуда уюшган ҳолда вужудга келди. Дастлаб махфий иш кўрган ташкилотга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари бўлмиш Аббоснинг зурриёди бошчилик қилди. Зайн ал-Обидийннинг ўғли ва ўз фарзанди Яҳёга ўхшаган айрим алавийлар қурбон бўлиб кетганликларини кўрган Аббос кўп нарсалар тўғрисида ўйлаб кўришга мажбур бўлди. У халқ орасида, айниқса, уруғлар ворислиги анъаналарига ҳар доим содиқ бўлган Форсда ҳали ҳам Али розийаллоҳу анҳу тарафдорлари кўп эканлигига ишонч ҳосил қилди. Уларнинг шу туйғуларидан фойдаланишга азм этиб, Абу Муслим исмли бир ёш хуросонлик тимсолида истеъдодли тарғиботчи ва ташкилотчини топди. Унинг ёрдамида аббосий Муҳаммад ҳазрат Али ишларининг ғалабаси учун  халқ орасига махфий вакиллар юборди. Айғоқчиларнинг барчаси дунё умавийлардан чарчаганлиги ва бу аҳволдан фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодлари қутқара олиши тўғрисидаги фикрни одамларга сингдирдилар. Тарғибот самара бера бошлади. Абу Муслим ана шундай кўтарилиш рамзи сифатида қора туғлар тарқатди. Маълум муддат давом этган бу ҳаракат ҳамма жойда маҳаллий феодаллар ва жангчиларнинг оёққа туришига ёрдам берди. Араблар ўзаро олиша бошладилар. Ислом бахтига қарши ажам мусулмонларидан бўлган маволиларга, айниқса, уларнинг форслар юртида яшаб,  араблар билан баравар ёки деярли тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган қисмига қарши ҳам уруш қўзғадилар. Ироқ ҳокими Абдуллаҳ ал-Касрий ерларни суғориш бобида кенг кўламли режалар ишлаб чиққан бир пайтда солиқлар камайиб кетди. Норозилик кескин оша борди.

ҲИШОМ ВОРИСЛАРИ. Унинг давомчилари нуфузсиз кишилар бўлиб, тўкин-сочин ҳамда айш-ишратли ҳаётга жуда берилиб кетганликларидан юртни таназзулга юз туттираётган эдилар. Бир пайтлар умавийлар саҳро этакларида ўзлари учун қурган дала ҳовлилари энди ишратгоҳларга айланган эди. Бу уйларнинг айримлари ҳозиргача ҳам сақланиб қолган, ана шундай уйлар сўнгги умавийларнинг шоҳона ҳаёт тарзидан гувоҳлик беради. Бироқ бундай ҳаёт давлат ғазнасидан таъминлаб туриларди, уни тўлдириш тўғрисида эса ҳеч ким жон куйдирмасди. Бу умавийлар манфаатларига кучли зарба бўлиб тушиб, дунёдаги энг азим империя ўрнида харобаликлар қолдирди. Сўнгги халифалар, ҳатто,  ўзларининг мунтазам  қўшинлари тўғрисида ҳам бош қотирмадилар.

МАРВОН II (744-750 йиллар). Марван II умавийлардан чиққан сўнгги ҳукмдор бўлди. Бу истеъдодли инсон яхши ва ғайратли ташкилотчи, айни бир пайтда қайсар ва ўз фикрларидан қайтмас бир киши эди. Шунга қарамай, у жуда катта сабр-тоқат намунасини кўрсатди. У икки нарсадан, яъни Муовия ва Абдул Малик қўлида қудратли қурол бўлиб турган марказга қарашли қўшинларни қайта  қуришдан ва ички ўзаро жандаллар ҳамда урушларга чек қўйиш соҳасида самарали чора-тадбирлар кўришдан ўзини тиймоқчи эди. Модарийлар билан ҳимйарийлар ўртасидаги мухолифлик даҳшатли даражага бориб етди. Бунга, айниқса, кўп сонли суннийлар-модарийлар, шимолликлар билан ҳазрат Алининг муридлари ва ҳимйарийлар ёки жанубликлар ёнма-ён турганликлари сабаб бўлмоқда эди. Улар орасидаги рақобат ва можаролар шарқда Ҳинд дарёси соҳилидаги водийнинг қуйи қисмидан тортиб ғарбда Пиренеягача ёйилдики, бу Ислом ишига жуда катта зарар етказди. Ўз вақтида зарур чоралар кўрилганда, бундай аҳволнинг олди олиниши мумкин эди.

АББОСИЙЛАРНИНГ БОШ КЎТАРИШИ. Муҳаммад ал-Аббосийнинг ўғли Иброҳим ал-Аббосий уруғи шарафига ўзининг қора туғини кўтариб чиққач, мамлакатда ана шундай воқеа юз берди. Абу Муслим ал-Хуросоний ажойиб тарғиботчилигидан ташқари қобилиятли саркарда ҳам эди. Иброҳим ўз акаси Абдуллоҳ қиёфасида яна бир лашкарбошига эга бўлди. Али тарафдорлари юз бераётган воқеаларни ўз ишларимиз, деб ҳисоблаётган бўлсалар, форсларда бу жанг уларнинг манфаатларига ҳам дахлдор эканлигига ишонч зўр эди. Шу жиҳатдан улар ҳам қора туғ остида бошланган ҳаракатга қўшилдилар. Аста-секин ҳаракат умумий мазмун касб этди. Хуросон ҳокими Носир ибн Сайёр халифа Марвон II га мадад юборишини сўраб оташин мактублар йўллади, лекин ёрдам ҳадеганда етиб келавермади. Аббосийларнинг қўшинлари кетма-кет зафарлар қучиб, тезда бутун Форсни босиб олдилар. Жанглар ҳар томонда давом этаётган эди, 750 киши чамасидаги аббосийлар Ироққа ҳам етиб боришди. Марвон II шошилинч тўпланган қўшин билан уларнинг йўлини тўсиб чиқиб, Заб дарёси соҳилида жангга киришди. У мағлуб бўлиб, Мисрга қочиб борган жойида араб қўшинлари томонидан қўлга туширилиб, қатл этилди. Бу умавийлар қуёши ботганлигидан дарак берарди. Улар Ислом дунёсида ўн тўққиз йил ҳукмронлик қилиб, ана шундай шуҳратсиз якун топдилар.

АБУЛ АББОС – ҲАЛОСКОР ВА ҚАСОСКОР. Шу даврда Муҳаммад ал-Аббоснинг ўғли Иброҳим ҳам дунёдан ўтиб, унинг ўрнини фарзанди Абул Аббос эгаллади. Абул Аббос анча дадил киши эди. У ўзини орзу қилинган халоскор, деб жар солди. Катта бобосининг бобосига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғишган амаки бўлмиш киши уруғидан эканлигини эълон қилди. Ҳазрат Али тарафдорлари алданаётганликларини билиб турсалар ҳам, ҳеч нарса қилолмадилар. Улар яширинча ҳолатга ўтиб, ҳамкорликдан воз кечдилар. Тазйиққа учраганларидан кейин махфий ташкилот тузишди. Шу тариқа Исломнинг сиёсий танасида яширин гуруҳлардан иборат яна бир яра пайдо бўлди.

АББОСИЙЛАР ЎЧ ОЛАДИ. Энди аббосийлар умавийларни тугатишга бел боғладилар. Ўз мақсадларига эришиш учун улар инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликка қўл урдилар. Аббосий саркарда Абдуллоҳ – Абул Аббоснинг тоғаси ҳокимлик қилаётган Шомда шундай йўл тутилди. У умавий шаҳзодаларни Авжа дарёси соҳилида жойлашган қалъа яқинида уюштирилган зиёфатга чорлади. Бунинг учун умавийлар билан дўстлашиш иштиёқи борлигини ўйлаб топишди. Зиёфатнинг ҳеч ками йўқ эди, у ерда кўп сонли соқчилар ҳам ҳозир туришарди. Шодиёнанинг айни авж пардасида зиёфат эгаси соқчилар бошлиғига ишора берди. У эса ўз лашкарларини чақириб, қуролсиз умавийларни тиғдан ўтказдирди. Улар том маънода қиймалаб ташланди. Фақат биргина шаҳзода – Абдураҳмон таваккалчилик қилиб, ўзини ва укаси Абдуллоҳни қутқариб қолди. Улар энг яқиндаги биринчи деразадан дарёга сакрадилар. Аббосийлар ака-укани орқага қайтишга чорлаб, ҳаётларини сақлаб қолишга ваъдалар қилишди, ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмасликлари тўғрисида ялиниб қасам ичишди. Эндигина 12 ёшга кирган Абдуллоҳ уларнинг шу ваъдаларига учиб қайтиб борди. Акаси унга: «Аҳмоқ бўлмагин!» деб қанчалик уқтирмасин, ёшлик қилиб орқага суза бошлади. Дарё оқими кучли, ваъдалар эса жуда мафтункор эди. Қирғоққа етиши билан уни чопиб ташладилар. Абдураҳмон барча таъқиблардан қочиб қутулиб, онасининг Мағрибда (Марокашда) истиқомат қилаётган қариндошлари ҳузурига етиб борди, у ерда унга яна омад кулиб боқди. Ўз рақибларидан халос бўлган аббосийлар бутун халифаликни эгалладилар, халифага эса «Ас-Саффаҳ», яъни «қонга ташна» унвони берилдики, бу унинг табиатига ниҳоятда ярашиб тушган эди.

УМАВИЙЛАРНИНГ ЮТУҚЛАРИ. Ислом тарихи умавийларга нисбатан адолатсизликка йўл қўйди. Бунинг бир қанча сабаби бор эди. Тарихий асарларнинг аксарияти аббосийлар даврида ёзилган бўлиб,  шу асрлар мобайнида уларда умавийларга кучли душманлик руҳи давом этиб келди. Амир Муовия ўзининг қасоскорлик даъволари ва ҳазрат Алига қарши кураши билан кўп гуноҳларга ботди. Унинг ўғли Язид I эса шундай қабиҳ бир жиноятга қўл урдики, у ҳазрат Алига қарши ҳис-туйғулар уйғотди. Муовия тарафдорлари ва ворислари эса уларни янада авж олдириб юбордилар. Уруғлар орасидаги низо ҳам аббосийлар душманлиги ва қасоскорлиги кучайишига ёрдам берди. Натижада Ислом умавийлар қўлга киритган ютуқларни муносиб равишда баҳолашга ҳар доим ожиз бўлиб қолаверди.

АРАБ ДУНЁСИНИНГ ЯНГИ ЖИҲАТЛАРИ. Биз кўпинча умавийлар араб дунёсини кучайтирганликларини унутиб қўямиз. Араб давлати Валид ибн Абдумалик даврида анча кенгайди. Унинг ўзи ва авлодлари бутун халифаликни абадийлаштиришга эришдилар. Айни шу умавийлар замонида ҳамма жойда араб ёзуви, қонуншунослиги, тарихшунослиги ва меъморчилиги жорий этилди. Улар даврида янги маданият келиб чиқди. Лекин ҳали кўзга кўринарли бунёдкорлик фаолияти учун имконият йўқ эди, зеро араблар зиёлиларча бўш-баёвликлари, анъанавий  феъл-атвор ва урф-одатларидан бошқа ўзлари билан чўлдан ҳеч вақо олиб келмаган эдилар. Бироқ зийрак ва билимга чанқоқ араблар ўзларининг кучли хоҳишларини  қондириш борасида қўл қовуштириб, кимдандир мурувват кутиб ўтиришни ёқтирмас эдилар. Шунинг учун ҳам замоналаридан мамнунлик руҳида ўзларига керак бўлган ҳамма ишларни амалга оширардилар; аслида эса янги жамият шаклланиб бораётган эди. Бировнинг бошқа бировдан устунлигини, тоифаларни тан олмайдиган араблар эндиликда зодагонларга айлангандилар. Ҳукмронлик даражасига эришган араб тили Бухородан тортиб то Лиссабонгача бутун халифалик тилига айланганди. Бундай ижтимоий устиворлик оддий арабларни бутунлай ўзгартириб юборди. Камтарин шогирдликдан бошлаган араблар энди бутун дунёга устоз бўлиб қолгандилар. Араб тилида сўзлашувчи ҳар қандай мусулмон уммати ўзининг Ислом йўлидаги қадр-қимматига амин бўлаётган ва халифалик бахт-саодати учун меҳнат қилаётган, арабларга дахлдор деб ҳисоблана бошлаган бир вазият арафасида шундай ҳолат юзага келди. Араблар умавийлар ато қилган мавқе устунлигини олти юз йил мобайнида  сақлаб турдиларки, бу катта ютуқ эди.

ИСЛОМ ЖАМИЯТИ. Табиий равишда ижтимоий пиллапоянинг энг юқори поғонасида турган араблардан ташқари халифаликда яна учта синф: маволилар ёки ажам миллатларига мансуб мусулмонлар, дхиммлар ёки озчиликни ташкил этувчи эркин гуруҳ, қуллар мавжуд эди. Албатта, давлат муассасаларидаги юқори лавозимларнинг кўпчилигини араблар эгаллаган эдилар, токи маволилар ва дхиммлар аралаш никоҳларга асосланиб фахрли ҳамда масъулиятли вазифаларга эришгунларича шундай аҳвол сақланиб қолди. Турли мамлакатлар ва элатларнинг вакиллари бўлган қуллар масаласида ҳам худди шундай бўлди. Мусулмонлар ўз ўлкалари ва малайларидан кўра уларга кўпроқ ғамхўрлик кўрсатардилар, дейиш қийин, лекин яхшироқ муомала қилганликлари аниқ. Уларнинг кўплари юксак ижтимоий мавқега эришиб, масъул раҳбарлик вазифаларини эгалладилар. Ҳиндистонда, ҳатто, қулларнинг сулолалари мавжуд эди. Кейинчалик аниқланишича, Буржи мамлуклар сингари Бахри мамлуклар ҳам илгариги туркий қуллар экан. Баъзи қиролликларга қуллар асос солишди. Бироқ араб дунёсини шу тўрттала синф ташкил қилган, деб тахмин қилиш ярамайди. Зеро, ҳинд ижтимоий тузумидаги тўртта тоифа сингари улар ҳам бу соҳадаги истиснолар сирасига киради. Ҳиндлар орасидаги тўртта тоифа одамларни бир-бирларидан мутлақо ажратиб қўйган шудра билим олиши ёки руҳоний ёхуд жангчи, раҳбар бўлиши мумкин эмасди. Мусулмонлар орасида бундай қоида йўқ эди, аралаш никоҳлар сабабли бу ерда синфлар турғун эмасди. Айни шу хусусият кўп ўтмай, соф қонлик ва имтиёз даъволарига чек қўйди. Мусулмонлар биргаликда тоат-ибодат қилишар, жангларда қатнашишар ва бир хил шароитларда яшардилар. Бироқ хўжайиннинг асли ким бўлишидан қатъий назар унинг ҳуқуқ ҳамда вазифалари бошқаларникидан фарқ қилиши шак-шубҳасиз эди. Исломда эркин кишилар ёки қулларнинг фарзандлари ҳеч қандай фарқланмайди,  чунки қулларга эркинлик ато қилиш Аллоҳнинг хоҳишидир.

АРАБЛАРНИНГ ҚИЗИҚИШЛАРИ.
Араб – ўткир ақл-заковат эгаси. У қизиқувчан ва қатъиятли. Бироқ энди у Юнонистон ҳамда форсларнинг қадимий маданияти дастлабки меваларидан баҳраманд бўлишга мажбур эди. Янги тажрибалар ўтказишга иштиёқи зўр, касб-корда, овчиликда, чавандозликда ва жанг майдонидаги яккама-якка олишувда у ҳар ким билан беллаша оларди. Шеъриятга, нотиқлик санъатига ва ўзлигини намоён қилишга интиларди, қадимий халқлар ҳаётини чанқоқлик билан ўргана бошлаганди. Кейинчалик турли мамлакатларда бўлгани каби хотин-қизлар ажратиб қўйилмаганди. Улар жангларда мададкор бўлиб, ўз турмуш ўртоқлари ва ака-укаларининг ғам-ташвишларига шерик бўлишар, яхши маслаҳатлар билан далда беришар эди; кўплари ажойиб дид-фаросати ва феъл-атвори билан донг таратган эдилар. Хуллас, араб энди бадавий эмас, шаҳарлик бўлиб қолган, маданиятли инсоннинг барча хатти-ҳаракатларига шерик эди.

КУФА ВА БАСРА. Дарвоқе, биз Ироқ жанубидан топилган чодир уйлардан иборат иккита шаҳарчани кўрдик. Бу Фурот дарёси бўйидаги Куфа ва Дажла ҳамда Фурот дарёлари туташган жойда қарор топган Басра шаҳарчалари бўлиб, улар аста-секин кенгайиб, катта шаҳарларга айланган эдилар. Ҳазрат Али ўзига пойтахт қилиб белгилаганидан кейин Куфа жуда катта аҳамият касб этди. Тез орада шу икки шаҳарча ўзларининг қулай жойлашуви туфайли Форс, Шом ва Ғарбий олам ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, мусулмон маданиятининг муҳим маркази бўлиб қолди. Кўпгина буюк ёзувчилар, мутафаккирлар, шунингдек, қонуншунослар шу икки шаҳардан чиққан. Ҳадис тўғрисидаги фан айни шу ерда вужудга келди. Бу илм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амалиётлари, шариат қонунлари, жумладан, Куфа ва Басрада пайдо бўлган сўфийлик таълимотлари асосида Қуръон ғояларини тафсирлаш тартибидан иборат. Буюк мусулмон оламининг мутасаввифи ва табаррук зот Ҳасан ал-Басрий бу шаҳар диний ҳаётининг асосий зийнати эдилар. Ўзлари ҳаётликларида муридлари орасида у киши сингари ҳурмат-эътибор қозонган киши жуда камдан-кам топилади. Ҳақиқий зиёлиларга хос тарбия, диний амалиёт ва диний эътиқодлар тўғрисидаги энг мақбул ва манзур фикрларга ҳам Басрада асос солинди. Восил ибн Ата дастлабки мусулмон мутафаккири эди. У кейинчалик Мутаъзила номли тафаккур мактабига асос солдики, аббосийлар даврида бу мактаб жуда катта шуҳрат таратди. Буларнинг ҳаммаси умавийлар инқирозга учрагунларига қадар арабларнинг тафаккур тарзи ҳаммани ва ҳар нарсани уйғотиб улгурганлигини кўрсатади.
 
« Олдинги   Кейинги »