Ислом тарихи. Кириш Принтер учун
25.09.2010 й.
Ислом дини билан боғлиқ ўн уч асрдан кўпроқ даврни қамраб олувчи мусулмонлар тарихини мухтасар баён қилиш зарурати аллақачон пишиб етилган. Афсуски, сотувда бирорта бундай китоб йўқ. Шу сабабдан ҳам олий ўқув юртларида, шунингдек, оралиқ мактабларда таҳсил кўраётган йигит-қизлар ўз ўтмишини аниқ тасаввур қилишга қийналадилар. Ўқувчиларнинг турли тоифалари учун ҳам ушбу тарихга оид китоб топилмайди. Араб, турк, форс ва ҳинд мусулмонларига атаб ёзилган тарихий асарлар бор-у, аммо улар каби эътиқоди, олий мақсадлари ва худди ўша маданият вориси бўлган бутун мусулмон дунёси учун бундай асарлар яратилмаган. Аслида эса Ислом тарихи фақат араблар ёки усмонийлар, форслар, африқоликлар, ҳиндилар ёхуд Ислом эътиқодини юзлаб йиллар    муқаддам қабул қилган бошқа осиёликлар тарихи бўла олмайди. Шунинг учун ҳам кимдир мусулмонларни умумжаҳоний жамоа сифатида акс эттириб бериши зарур эди. «Ислом тарихи» деб номланган мазкур китоб айни ана шундай уриниш маҳсулидир.

Фарзандларига ўз ўтмиши тўғрисида яхши, салмоқли тасаввур бермайдиган бирорта халқнинг иши равнақ топмайди. Ҳозирги мусулмонлар кўп асрлар мобайнида Африқо ва Осиёнинг жуда катта қисмларида ҳукмронлик қилиб, жанглар олиб борган, шаҳарлар қуриб, маданият яратиб, ўз изларини муҳрлаб кетган, шон-шуҳратлари ва мағлубиятларини, қувончу ғам-андуҳларини бизга – томирларида аждодлари қони оқаётганларга мерос қилиб қолдирган мусулмонларнинг авлодларидир. Ўз ўтмишимизни билмай туриб бугунги кунимизни англай олмаймиз. Ўғил-қизларимиз, ёшларимиз ва аёлларимиз ўзларининг кимлигини, шажарасини, нималар уларни шу аҳволга солиб қўйганлигини, вақт оқимида ўз мавқеларини сақлаб қолиш учун қандай тадбирлар кўришлари лозимлигини тушуниб етсаларгина, бошларини баланд кўтариб юра оладилар. Мусулмонлар буюк ўтмишга эгадирлар ва улар ўтган чорак аср мобайнида ўз ҳаётий қобилиятларини қайта тиклаётганликларини намойиш этдилар. Ер куррасининг Индонезиядан тортиб Марокашгача бўлган кенг минтақаси мусулмонлар масканига айланди. Барча мусулмонлар, айниқса, ўғил-қизларимиз ўз маданияти қудратли илдизларга эга эканлигини ва бу илдизлар ҳеч қачон завол топмаслигини билсалар, яхши бўларди. Уларнинг яна шу нарсани билиб қўймоқлари вожибдирки, маданиятимизнинг бошқа халқлар маданиятларидан ҳеч камчилик жойи йўқ, бизнинг эса уни яна ҳам юксалтиришга қурбимиз етади.

Биз ўтмишга қайтмаслигимиз лозим, деган гап, эҳтимол, тўғридир, бироқ ўз  ўтмишингни унутиш ҳам жуда катта адашиш бўлур эди.               
Кишиларга ҳеч бир нарса уларнинг ким бўлганликларини ва ким бўлишлари лозимлигини англатувчи мангу барҳаёт жонажон тарихидан кўра кўпроқ илҳом бағишлай олмайди. Биз хатоларимиздан сабоқ оламиз, ўтмишимиздаги эзгу ишларни хотирлаб эса ўзимизга яхшироқ дунё қура олурмиз. Ўзига ишонган кишилар ўзгаларга нисбатан қилган ишлари билан шону шараф қозонадилар, эмгакларининг мевасини кўрадилар, бошқаларга нималарнидир таклиф қила биладилар, бинобарин  барчанинг муносиб баҳосига сазовор бўлишлари мумкин. Тарихимиз мутолаасидан шунга ишонч ҳосил қилиш мумкинки, аждодларимиз улуғ зотлар бўлишган ва бизлар ҳам улар билан бўйлаша олсак, ажаб эмас. Гарчанд биз бошқа кишиларнинг хатоларидан сабоқ чиқариш орқали ҳам ўзимиз учун яхшироқ олам бунёд қилишга қодирмиз. Ҳар ҳолда бирлигимизни сақлаб қолишга ва ўз ҳаётимизни оқлаб яшашга иқтидорли бўлмоғимиз даркор.
Мени қўллаб-қувватлаб турганликлари учун дўстларимдан миннатдорман, ушбу китобда улар олдидаги бурчимни адо этаман, деган умиддаман. Шунингдек, қимматли маслаҳатларини дариғ тутмасдан, мени янада қизиқтириб, мададкор бўлиб, изланишларимни рағбатлантириб турган ноширларимга ҳам ташаккур айтаман.
 
Кейинги »

madrasa.uz