Оловсиз ёниш Принтер учун
17.09.2010 й.
islom.uz
Электр токи. Инсоният тарихидаги энг буюк кашфиётлардан бири. Бугун бутун ер юзи электр энергияси билан ишлайдиган чироқлар билан ёритилган. Мана шу буюк кашфиётнинг фанга маълум бўлиши ҳам ўн тўрт аср муқаддам қуръони Каримда башорат қилинган экан.
Аллоҳ осмонлар ва ернинг Нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб - йўқдан бор қилиб тургувчидир). У Зот нурининг (мўъмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на Шарқий ва на Fарбий бўлмаган (балки заминнинг қоқ марказидаги) муборак зайтун дарахтининг (мойидан) ёқилур. Унинг мойи (тиниқ, мусаффолигидан) гарчи унга олов тегмаса-да (атрофни) ёритиб юборгудек... Нур устига нур (бўлур). Аллоҳ Ўзининг (бу) Нурига Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисоллар келтирур. Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир. Нур сураси, 35-оят

Мазкур ояти каримада “олов тегмаса-да, атрофни ёритиб юборгудек” модда зикр қилинган. Бу ибора билан электр чироғининг тузилишида ажиб бир ўхшашлик бор. Электр чироқлар шиша ичида бўлади ва айнан ояти каримада айтилганидек, юлдуздек порлаб, атрофга нур таратиб туради. Оятда айтилганидек, ушбу ёқилғи модда на шарқий ва на ғарбий эмас, фикри ожизимизча, бу модда бирор муайян жисм эмас. Электр чироқнинг ёниши учун керак бўлган энергия ҳам жисм ёки модда эмас, бунинг устига у оятдаги каби, ўзига хос тарзда ёнади, яъни алангаланмай туриб, кучли ёруғлик тарқатади.
Мана шу ўхшашликлар қуръони Каримда электр энергияси ёрдамида ёруғлик манбаи кашф қилиниши башорат қилинган, деган хулоса чиқаришимизга асос бўлади. Аммо асл ҳақиқат фақат Парвардигори оламнинг Ўзигагина аёндир.
 
« Олдинги   Кейинги »