55 тавсия Принтер учун
29.08.2010 й.
islom.uz


Бисмиллаҳир Роҳманир роҳийм

Биринчи тавсия
Калимаи тавҳид


Расул марҳамат қилди: “Абу Ҳурайра,
Сенга шафоатдан берайин дарак.
“Лаа илаҳа иллаллоҳ…”ни ким айтса дилдан,
Дўзах ҳаром, жаннатга дохилдир бешак!”

***
Иккинчи тавсия
Ёлғиз Аллоҳдан нажот кутиш


Сенга қарши бутун халқ бирлашса-да,
Аллоҳ тақдир қилганича бўлади.
Ёрдамталаб бўлсанг, Аллоҳдан иста,
Қаламлар кўтарилди, суҳуфлар қуриди

***
Учинчи тавсия
Илм таҳсил этиш


Олимлар пайғамбар ворисларидир,
Илм истанг, илм толиби мудом иззатда.
Ким илм ўрганиш-чун йўлга отланса,
Малаклар дуода, гўзал ниятда.

***
Тўртинчи тавсия
Танг аҳволда қолганларга ёрдам қўлини узатиш


Ибн Умар ривоятин тинглангиз бир бор,
Мусулмон мусулмонга эрур биродар.
Ким бир мусулмонни иҳота қилса,
Аллоҳ ҳам Охир уни иҳота қилар.

***
Бешинчи тавсия
Аллоҳга сажда қилиш


Кўп сажда қилишга урининг, бунда,
Бир савоб ёзилиб, бир гуноҳ ўчар.
Аллоҳга маҳбублар саждали банда,
Саждада дуолар ижобат бўлар.

***
Олтинчи тавсия
Садақа


Фақат мўмин банда Қиёмат куни,
Садақа соясидан топади соя.
Агар бунда кўзланса Аллоҳ ризоси,
У сув мисол оташга бўлади парда.

***
Еттинчи тавсия
Икки ракаат чошгоҳ намози ва ойда уч кун рўза тутиш


Ойда уч кун рўза бир йилга тенгдир,
“Ким бир ҳасана келтирса,унга ўн мисли!”*
Икки ракат чошгоҳ ҳам бизга Суннатдир,
Ҳар эзгулик бизга хайрдир асли.

***
Саккизинчи тавсия
Тасбиҳ намози


Ўн гуноҳдан мағфират эттиргувчи хислат бу,
Тўрт ракатга яшрилган савоб, ажр, неъмат бу,
Ким Жаннатни истаса, “Тасбеҳ”*да этсин давом,
Чин ихлосли мўминга гўзал Ризвон, Жаннат бу!

***
Тўққизинчи тавсия
Аллоҳдан мағфират ва офият тиламоқ


Тиланг Аллоҳдан дунё, охиратда офият,
Тақво, иффат ва бойлик ҳамда комил ҳидоят.
Ғамгин дамда дуонинг ижобатин кутсангиз,
Фароғатли дамлар ҳам қилинг кўп дуо, ният.

***
Ўнинчи тавсия
Рўза тутиш


Рўза тутинг, дарҳақиқат унга тенг йўқдир,
Эрта Қиёматда оташдан қалқон,
Аллоҳ-чун бир кунда соим бўлганлар,
Жаҳаннамдан етмиш йил бўлишар омон.

***
Ўн биринчи тавсия
Аллоҳга тавба қилиш


Аллоҳ кундуз гуноҳ иш қилганларга,
Тунда тавба учун қўлини очар.
Мағфират тиланг иймони суст дилларга,
Холис дуо албатта ижобат бўлар.

***
Ўн иккинчи тавсия
Ислом рукнлари


Ишнинг боши Ислом, таянчи намоз,
Сўнг ўттиз кун рўзада бўлмоғинг соим.
Бир йилда закотни бер ҳам, умрда,
Бир марта Каъбани тавоф қил, дўстим.

Шулардир Исломнинг асл рукнлари,
Амал қилгин дилдан, риёдан холи.
“Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни унутма бир дам,
Усиз ибодатлар бекордир, зое.

***
Ўн учинчи тавсия
Ота-онага яхши муомалада бўлиш


Абу Ҳурайрадан қилинар нақл:
Расул дер: “Аввал онанг хизматини қил.
Қариган пайтида бермасдан ақл,
Пойин кўзингга сур, Ризвон Жаннат бил!”

***
Ўн тўртинчи тавсия
Намозни давомли адо этиш


Қиёматда нажот, бурҳон, нур бўлар,
Ким намозда собит бўлса, мустақийм.
Ҳақ Кун аввал Намоздан савол бўлар,
Ўзинг нуқсонларни авф эт, я Раббим..

***
Ўн бешинчи тавсия
Яхши ахлоқ баёни


Расулдан мерос бизга яхши ахлоқда бўлиш,
Имон жиҳатдан комил – ахлоқан энг устундир.
Қиёмат кун банданинг тарозисида
Ахлоқдан оғирроқ ҳеч нарса йўқдир.

***
Ўн олтинчи тавсия
Намоз охирида ўқиладиган дуолар


“Аллоҳумма аинна ала зикрика
Ва шукрика ва ҳусни ибодатик…”ни
Ҳар намоз охирда қилмангиз канда
“Аллоҳумма инни аъузу бика…”ни.

Намоздан сўнг ўттиз уч марта Аллоҳни,
Покланг, улуғланг ва ҳамдларга кўминг.
Ҳар намоз охирида унутманг шуни,
Дилдан сўранг, ихлос-ла дуолар қилинг.

***
Ўн еттинчи тавсия
Зикрнинг фазилати


Абдуллоҳ ибн Бушрга бериб насиҳат
Расул дер: “Тил Ҳақ зикри ила бўлсин доим нам.
Зикрнинг фазилати юқори ғоят,
Унда яшириндир Ҳақ ризоси ҳам”.

***
Ўн саккизинчи тавсия
Нафс тарбияси


Яхшиликни тилаб оттиринг тонгни,
Қўлдан чиқарсангиз ҳам орзуланг уни.
Инсонларнинг яхшиси ким деб сўрсангиз,
Кўрсатайин умри узоқ, солиҳ кишини.

***
Ўн тўққизинчи тавсия
Гуноҳлардан воз кечиб,
Аллоҳга итоат этмоқ ва зикрни кўпайтирмоқ


Гуноҳлардан ҳижрат этинг, дер Расулуллоҳ,
Фарзларда давом этинг – жиҳоднинг фазли.
Тилингизда бўлсин доимо Аллоҳ,
Унга энг маҳбуби Аллоҳ, Ҳақ зикри.

***
Йигирманчи тавсия
Бомдод намозидан олдин икки ракаат намоз фазилати


Бомдод намозининг суннати фазли,
Рағбат яхшиликларнинг конидир асли.
Бомдод намозининг икки ракаати,
Дунёда ўхшаш йўқ, йўқ эрур мисли.

***
Йигирма биринчи тавсия
Намоз ичида ўнгу сўлга қарамаслик


Намозга турганда ўнгу сўлингга,
Қарама, биродар, бу таҳликали.
Аллоҳдан хайрлироқ ким бор қаршингда,
Унга таважжуҳ эт, шудир хайрли!

***
Йигирма иккинчи тавсия
Ихлосли бўлиш баёнида


Динда ихлосли бўлсанг,
Оз амал ҳам кифоя.
Фақат Унга мухлислар,
Бахтлидир бениҳоя…

***
Йигирма учинчи тавсия
Аллоҳдан ҳожати бўлган киши баёнида

Кимнинг Аллоҳдан ё Одам наслидан
Бирор ҳожати бўлса, олсин таҳорат.
Икки ракат намоздан сўнг саловат айтиб,
Дунё, охиратдан келтирсин ҳожат.

***
Йигирма тўртинчи тавсия
Нафснинг офатлари баёнида


Зулмдан тийилинг – Ҳақнинг зулмати,
Бахил бўлманг ундан қавмлар ҳалок.
Ёлғон қасам билан сарф этманг молни,
Кибр билан кийимни узайтманг асло..

***
Йигирма бешинчи тавсия
Аллоҳдан тиламоқ баёнида


Ибн Умар айтади: Расул дедилар:
“Ким Аллоҳ номи-ла паноҳ тиласа,
Муҳофаза қилинг-у унга беринглар,
Мукофотланг сизга яхшилик қилса”.

***
Йигирма олтинчи тавсия
Фотиҳа сураси фазилати


Уммул Қуръон дея, берилди неъмат,
Унинг қироатидан қалб тўлар нурга:
“Алҳамдулиллаҳил роббил аъламийн
Ар – Роҳманир Роҳийм” – сура Фотиҳа.

***
Йигирма еттинчи тавсия
Қуръондаги баъзи сура ва оятлар фазилати


Аллоҳнинг Каломи Қуръони Шариф,
Ундаги ҳар оят бизга муқаддас.
Ўқисанг минг савобдир биргина ҳарф,
“Ихлос” – у “Алҳамду”, “Фалақ” ҳамда “Нос”.

“Иза жаа” – Қуръоннинг тўртдан биридир,
“Уйланинг, уйланинг – дер Расулуллоҳ, -
Бисотида ҳеч нарса бўлмаганларга,
Маҳр – бу сура ҳам, Қул ҳува Аллоҳ…”

***
Йигирма саккизинчи тавсия
Суннатни иҳё қилишлик баёнида


Расулдан сўнг Суннатни иҳё қилган ҳар кимса,
Шу суннат миқдорида савобга эга бўлар.
Ким бирор бидъатни юзга чиқарса,
Камайтирилмаган ҳолда гуноҳ ёзилар.

***
Йигирма тўққизинчи тавсия
Дунёга ружуъ қўймаслик баёнида


Бўлинг дунё матоҳига аҳамиятсиз,
Аллоҳ сизни яхши кўрсин, биродарим.
Инсонлар ёнидаги нарсани кўрманг,
Инсонлар сизни севсин қадрдонларим.

Ким кўнглида ишонч, баданда сиҳат,
Кунлик озиқ ила тонгин орттирса,
Бу дунёда гўзал бахтлидир ғоят,
Инсонларнинг яхшиси, ихлосли банда.

***
Ўттизинчи тавсия
Жаҳаннамдан халос бўлиш


“Аллоҳумма ажирни минан-нар”ини,
Бомдод ҳам шомдан сўнг ўқинг етти бор,
Шу кун ўлсангиз гар Аллоҳим сизни,
Жаҳаннамдан асраб, берар нурли ҳол.

***
Ўттиз биринчи тавсия
Жаннати одам


Бир бадавий Расулга қилди бир савол,
Ё Расул, менга бир амални айтинг.
Уни қилганимда бўлиб нур жамол,
Уни бажарганим-чун жаннатга кирай..

Аллоҳга ибодат қил, келтирмайин ширк,
Фарз намозларини ҳам адо эт дилдан.
Рамазон рўзасин тут, закотини бер,
Шундай қилсанг, Аллоҳ розидир сендан.

***
Ўттиз иккинчи тавсия
Истихора намози


Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят ушбу:
Расул истихорани ўргатди бизга:
“Бир иш бошламоқчи бўлсанг аввало,
Икки ракат намоз ўқи ва қилгин дуо:

Аллоҳумма инний астахийрука,
Би ъилмика ва астақдирука би қудратика…”

***
Ўттиз учинчи тавсия
Ғам-андуҳдан халос бўлиш учун дуо


Агар сизга дунё ишидан бир иш келсаю,
Ҳожатингиз тушса, бирор юмушга.
“Я бадиъас самавати…”ни дилдан айтинг-у,
Сўнг таваккал қилинг ёлғиз Аллоҳга.

***
Ўттиз тўртинчи тавсия
Кўп сажда қилишлик Жаннатга киришга сабаб бўлади


Кўп сажда қилганлар Жаннатга дохил,
Асламийга Расул дедилар шундай:
Кўп сажда қилиш-ла менга ёрдам бер,
Десанг гар Жаннатда Сиз ила бўлай…

***
Ўттиз бешинчи тавсия
Таом едирмоқ, саломни кўпайтирмоқ ва тунги намоз фазли


Жаннатда бир уй бор ажиб кошона,
Ташидан ич,ичидан ташқари ҳарир.
У таом едириб,саломда собит,
Таҳажжуд ўқиганларга ҳозирлангандир.

***
Ўттиз олтинчи тавсия
Қўшнига иззат-икром кўрсатиш баёнида


Абу Зар овқатингиз сувин қилинг мўл,
Қўшнилар ҳолидан бўлинг хабардор.
Буларни чин дилдан бажарганларга
Аллоҳдан кўп ажр, мукофотлар бор.

***
Ўттиз еттинчи тавсия
Камбағалларни яхши кўришлик баёнида


Абу Зарга Расул қилиб тавсия
Дедилар: Камбағални маҳбуб кўр мудом.
“Лаа ҳавла ва лаа қувватани” кўп бор такрорла,
Инсонлардан ҳеч нарса истама бир он.

***
Ўттиз саккизинчи тавсия
Камбағаллик ва бойлик баёнида


Бойлик асли кўнгил, дил бойлигидир,
Камбағаллик эса қалб ғариблиги.
Ким қалбан ғариб бўлса, бой бўлмас асло,
Олтинлар беролмас чин инсонлигин.

***
Ўттиз тўққизинчи тавсия
Аллоҳдан қўрқишлик баёнида


Абу Зар дер: Расул тавсия беринг:
“Аллоҳдан қўрқингиз – будир ибтидо.
Қуръон ўқинг, бу сизга дунёда нурдир,
Сармоя тайёрлар сизга бу само”.

***
Қирқинчи тавсия
Қуръон ўқишлик фазилати баёнида


Қуръон ўқинг, зеро Қиёмат куни,
Қуръон ўз аҳлига шафоат қилар.
Бақара ва Оли Имрон ўқиганларни,
Икки булут мисол асъҳобин иҳота этар.

***
Қирқ биринчи тавсия
Хайрли амаллар баёнида


Анас бин Моликдан ривоятдир бу,
Тамимдан бир киши келиб Расулга,
Деди туя, мол-мулким, дўстларим бисёр,
Уни қандай сарф этай, хайр йўлида.

Расул марҳамат қилди молдан бер закот,
Зеро, закот сени поклар бегумон.
Қўшни, тиланчи ҳаққига қилгин риоят,
Қариндош-ла алоқада этавер давом.

***
Қирқ иккинчи тавсия
Ғамдан халос ва қарздан халос бўлиш учун дуо


“Аллоҳумма аъузу бика минал ҳамми…”ни
Абу Умомага ўргатди Расул,
Буни ўқисангиз Аллоҳ таоло,
Ғамни кеткизади, бўласиз масрур.

***
Қирқ учинчи тавсия
Уйқудан аввал ўқиладиган дуо


“Аллоҳумма асламту нафси илайка…”
Дуосин унутма уйқудан аввал.
Яна де: “Астағфируллоҳа аллазий лаа
Илааҳа иллааҳу ал – Ҳайял…”

***
Қирқ тўртинчи тавсия
Уйқусиз киши ўқийдиган дуо


Уйқусизлик дардидан қутулай десанг,
“Аллоҳумма ғаратин нужуму”н ўқи.
Зайд ибн Собитга ўргатди шуни,
Расул бутун умматга тавсия қилди.

***
Қирқ бешинчи тавсия
Енг фазилатли инсон


Абу Саъид ал Худрий қилади нақл,
Расул дер мўминлар моли ва жонин,
Аллоҳ-чун жидду-жаҳд этса гар кимлар,
Бўлар инсонларнинг фазллироғи.

***
Қирқ олтинчи тавсия
Ўтирилган мажлиснинг каффорати


“Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика”
Ўтирилган мажлиснинг каффоратидир.
Мажлисда беҳуда сўзлар кўп бўлса,
Шу дуони ўқи-ю, чиқиб кет ҳозир.

***
Қирқ еттинчи тавсия
Тасбиҳнинг фазилати


“Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” Аллоҳнинг сўзи,
Удир ҳар сўзлардан фазилатлироқ.
“Субҳоналлоҳил аъзийм” тилда енгилу,
Мезонда оғир ва Раҳмонга хушроқ.

***
Қирқ саккизинчи тавсия
Саййидул истиғфор


Саййидул истиғфор фазлли тавба,
“Аллоҳумма анта Рабби лаъ илаҳа илла ант”.
Ким буни ихлос билан такрорлаб юрса,
ИншаАллоҳ уни кутар Ризвону Жаннат.

***
Қирқ тўққизинчи тавсия
Жаннат дарахти


Абу Ҳурайранинг ниҳолин кўриб,
Расул бутун умматга тавсия берар:
“Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳ…”ни ўқиган замон,
Жаннатда сизга бир дарахт экилар.

***
Эллигинчи тавсия
Чаён чақишига муҳофаза; Фотиҳа сурасини ўқиб даволаш


“Аъузу би калиматиллоҳи”ни ўқиб чиқ уйдан,
Шунда сенга ҳеч бир зарар етмайди.
Фотиҳа сурасини гар ўқисанг дилдан,
Дардлар кетади-ю қайтиб келмайди.

***
Эллик биринчи тавсия
Ризқнинг очилиши ва қарздан халос бўлиш учун ўқиладиган дуо


Устингизда тоғчалик қарзингиз бўлса,
“Аллоҳумма фаррижал ҳамми”ни ўқинг.
Шунда шаксиз қарздан халос бўласиз,
Қисқа вақтда Аллоҳ ризқ берар, билинг.

***
Эллик иккинчи тавсия
Инфоқ-эҳсон қилиш баёнида


Таниш, нотанишга таом едиринг,
Саломингизни ҳам қилмангиз канда.
Буни Ислом билинг, Суннат деб билинг,
Қиёматда бўлинг шафоатли банда.

***
Эллик учинчи тавсия
Тонгга ва кечга етганда ҳамда уйдан чиққанда ўқиладиган дуо


Тонг ва кечага етганда, уйқудан олдин:
“Аллоҳумма фатирас-самавати” денг.
“Бисмиллаҳи таваккалту…” денг уйдан чиққач,
Ҳидоятга эришинг, ажрли бўлинг.

***
Эллик тўртинчи тавсия
Амалдорликка интилмангиз


Амалдорлик истаманг, амал берилсин,
У омонат, Қиёматда пушмонлик*, илло.
Вазифани Ҳақ ила адо этганлар,
Вожибларни бажарганлар бундан мустасно.

***
Эллик бешинчи тавсия
Уйларда масжид қилиш


Ҳазрат Оиша дер Расули акрам:
Уйда масжид қуринг ва покланг дебон.
Намозхоналарда бор бўлса карам,
Дуолар ижобат эрур бегумон.

***
Охирги тавсия

Жаннатнинг тупроғи ғоятда гўзал,
Суви ширин, ери энг равон турар.
Дарахти “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллоҳ
Ва лаа илаҳа иллалоҳу валлоҳу акбар!”


Н  А  С  И  Ҳ  А  Т  Л  А  Р

Биринчи насиҳат

 Қуръон ўқинг дил ундан қонгунича,
Ҳаловатга ғарқ қилинг, қалб – танани.
Саловатлар йўлланг имкон борича,
Ижобатга чоғлаб ният, дуони.

Иккинчи насиҳат

Беш вақт фарз намозни қилингу адо,
Дилда зикр, тилда бўлсин хуш калом.
Хайр истасангиз, унутманг алсо,
Чошгоҳ, таҳажжудда бўлинг бардавом.

Учинчи насиҳат

Закот ҳам фарз, бажаринг сиз бегумон,
Оз бўлса-да, ҳар кун садақа беринг.
Топмасангиз нарса яхши сўз омон,
Денг-у, ойда уч кун рўзадор бўлинг.

Тўртинчи насиҳат

Истасангиз Аллоҳ маҳбуби бўлмоқ,
Расул алайҳиссалом байтини севинг.
Қариндошни севинг, бўлинг дилдан соғ,
Ота – онангизга яхшилик қилинг.

Бешинчи насиҳат

Сиз “Ё Раббий” дея дуо қилган чоқ,
Аллоҳ менга назар қилсин десангиз,
Таомни ҳалолланг, дуонгиз қабул,
Ҳар иш хайрли бўлади билсангиз.

Олтинчи насиҳат

Дуом қабул бўлсин Қиёматда ҳам,
Саҳифам нур ила порласин десанг,
Қалбингни поклагин, бўл собитқадам,
Шу Аллоҳ ризоси, Жаннатдир билсанг.

Еттинчи насиҳат

Алҳамдулиллоҳи ва саламаун аъла,
Ҳамда ибадиҳиллазий настаъфа зикрин,
Доим такрорлаб юриб, қилмайин канда,
Унга яқин бўлгин қилибон шукрин.

Саккизинчи насиҳат

Аллоҳга шукр қилгувчи бўлмоқ истасанг,
Намл сурасидан ўқи: “Бисмиллоҳ…”*
Аҳқофдан оятлар қироат қилсанг,
Аллоҳ наслингни ҳам этгайдир ислоҳ!*

Тўққизинчи насиҳат

Ҳам дунё, ҳам охиратни жамлаган ўзга:
Аллоҳ амрларин бажо келтиринг.
Ей инсон, руку этинг қилингиз сажда,
Хайрли амаллар-ла ибодат қилинг!

Ўнинчи насиҳат

Аллоҳга иймон келтирдим денг-у,
Сўнг ҳақ истиқомат устида бўлинг.
Бу барча нарсанинг асоси эрур,
Ушбу-ла Исломда мустаҳкам туринг!


Видо хутбалари

Асъҳобим сўзимни яхши тинглангиз,
Балки бундан кейин бўлмасман бирга.
Ушбу сўзларимни ёдда сақлаб сиз,
Амалин унутманг, қилмангиз канда.

Бу кунлар муқаддас, ойлар муқаддас,
Макка ҳам муборак шаҳар, мукаррам.
Жонингиз, молингиз, номусларингиз,
Ҳар қандай тажовуздан маҳфуз эрур ҳам.

Ерта Раббингизнинг ҳузуридасиз,
Бугунги ҳар ҳолдан сўраласиз, илло,
Мендан сўнг куфрга қайтмангиз зинҳор,
Бир – бирингизнинг бўйнингизга урмангиз асло.

Кимнинг ёнида бир омонат бўлса,
Егасига берсин қарзнинг аслини.
Аллоҳ амри ила судхўрлик ҳаром,
Зулм қилманг, асранг инсон наслини.

Жоҳилият даврида амал қилинган,
Қон даъволари тамоман бекор қилинган.
Биринчи бекор қилганим қон даъвоси,
Абдумуталлибдан Рабиа даъвоси бўлган.

Уруш учун ҳаром бўлган ойларнинг,
Ўрнини алмашманг, куфрда ошманг.
Бу кофирлар залолатга тушган нарсадир,
Ҳалолни ҳалол денг, ҳаром санаманг.

Сизнинг бу ерларингизда қайтадан таъсир,
Ҳокимиятга эга бўлолмас шайтон.
Аҳамиятсиз ишларда эргашсангиз гар,
У мамнун бўлади, бўлингиз омон.

Хотин – қизлар ҳақига риоят этинг,
Бунда Аллоҳ таолодан қўрқинг бегумон.
Аёллар Аллоҳнинг омонатидир,
Омонатга хиёнат қилмангиз зинҳор.

Аёллар устида ҳақларингизни,
Талаб қилинг-у яна унутманг шуни.
Аёлларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир –
Егулик, кийим-кечак ила таъминланг уни.

Сизга бир омонат қолдираяпман,
Ундан ҳеч йироқлашманг, мудом дўст бўлинг.
У омонат Аллоҳнинг китоби Қуръон,
Доим ёдда тутинг, унга боғланинг.

Сўзим яхши тингланг ва эслаб қолинг,
Мусулмон мусулмоннинг биродаридир.
Дин биродар ҳақига тажовуз қилманг,
Магар ўзи берса, сизга ҳалолдир.

Нафсга зулм қилманг, нафсингизни ҳам,
Устингизда ҳақи бор, унутманг бир дам.
Кечалари намоз ўқинг, рўза ҳам тутинг,
Асло хаёл қилманг ибодатим кам.

Ҳақ таоло ҳар бир ҳақ эгасига,
Қуръонда ҳақини бергандир тўлиқ.
Ворисга васият кераксиз нарса,
Бола туғилган тўшакка тегишли аниқ.

Зино қилганлар учун маҳрумият бор,
Аллоҳнинг ғазабига учрар бегумон.
Соҳибидан бошқага мансублик даъво
Қилганлар нонкўрдир, лаънатга дучор.

Раббингиз бир, отангиз бир, Одам наслисиз.
Одам эса тупроқдан, унутманг асло.
Арабнинг ажамдан фарқи йўқ шаксиз,
Аллоҳ ҳузурида фазлли Тақво.

Инсонлар! Эртага сизлардан мени
Сўрсалар нима деб айтасиз шунда?
Асҳоби киром дер: “Бериб шаҳодат,
Деймиз динни таблиғ этдингиз бизга.

Бизларга васият қилдингиз дилдан,
Насиҳат бердингиз сўраган чоғда.
Вазифангиз адо этиб юракдан,
Чин ибрат бўлдингиз бутун умматга”.

Шунда Расул шаҳодат бармоқларини
Кўтариб жамоат узра айлантирдилар:
“Шоҳид бўл ё Раб! Шоҳид бўл ё Раб!
Шоҳид бўл, ё Раб”дея хитоб қилдилар.

Гўзал Аҳлиддин қизи
18.07.2010 йил

 
« Олдинги   Кейинги »