Худонинг қайси дини ҳақ? Принтер учун
06.08.2010 й.
islom.uz
Ҳар бир одам боласи борки ўзи танламаган муҳитда дунёга келади. Унга оиласининг дини ва яшаётган мамлакатиниг мафкураси ҳаётининг дастлабки онларидан бошлабоқ сингиб боради. Одатда у вақт ўтиши билан мана шу таъсирлар натижасида ўсмирлик ёшига етганида, ўз жамиятининг эътиқоди ҳар кимда бўлиши керак бўлган тўғри эътиқод деб билади ва унга иймон келтиради. Шу билан бирга унинг ақли етуклашиб боргани ва бошка динлар билан танишгани сари, ўз эътиқодининг тўғри ёки тўғри эмаслиги тўғрисида саволлари пайдо бўла бошлайди. Ҳақиқатни изловчи ўрганаётганган ҳар бир дин, секта, мафкура ва фалсафий қарашлардан қайси бири ягона ҳақ йўл эканлигини аниқлашда кўпинча чалкашиб кетади. Ҳақиқатдан ҳам уларнинг бари одамларни яхшилик қилишга чақиради. Лекин, уларнинг қайси бири энг тўғриси? Уларнинг барчаси бараварига ҳақ бўла олмайди, чунки уларнинг ҳар бири ўзидан бошқаларини нотўғрилигини таъкидлайди. Шундай вақтда ҳақни изловчи қандай қилиб тўғри йўлни топсин?
   Худо бизнинг барчамизга керакли хулосани чиқаришимиз учун ақл ва идрокни берди. Мана шу чиқариладиган хулоса инсон ҳаётидаги энг муҳим қарордир. Бу қарор унинг келажагини белгилаб беради. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир одам тақдим қилинаётган далилларни ҳотиржамлик билан кўриб чиқиши ва ҳақни кўрсатаётган йўлни танлаши керак, токи бундан ҳам тўлиқ далиллар пайдо бўлмагунича.
   Бошқа дин ва фалсафий қарашлар каби Ислом дини ҳам ўзининг Худога етказувчи ягона ҳақ йўл эканлигини таъкидлайди. Мана шу жиҳатдан унинг бошқа тизимлардан ҳеч қандай фарқи йўқдир. Мана шу рисола ана ўша таъкиднинг тўғрилигини исботловчи далилларни тақдим қилишни кўзлайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, киши ҳақ йўлни қидираётганида, бизларни кўпинча йўлдан чалғитувчи ҳиссиётни ва ўзимизда аввалдан мавжуд бўлган қарашларни четга суриб қўйибгина топиши мумкин. Фақат ва фақат шундагина биз Худо берган ақл-идрокни ишлатиб, тўғри ва оқилона хулоса чиқара оламиз.
   Исломнинг ҳақ дин эканлигини тасдиқловчи кўплаб далилларни илгари суриш мумкин.
Қуйидагилар учтаси эса уларнинг энг равшан бўлганларидир. Биринчи далил, диннинг номи ва унинг кенг қамровли маъноси ягона илоҳий манбага асосланганлигидир. Иккинчи далил эса Худо, одам ва яратилиш ўрталаридаги муносабатларнинг ягона ва оддий таълимотга асосланганлигидир. Учинчи далил, Ислом дини барча одамлар томонидан ҳар қандай замонда ва ҳар қандай ерда қабул қилиниши мумкин бўлган ягона дин эканлигидир. Мана шу уч далил, мантиқан диннинг Худонинг ҳақ дини деб асослашга етарлидир. Кейинги саҳифаларда мана шу концепиялар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Диннинг номи

   Аввало ҳар бир одам “Ислом” сўзининг асл маъносини билиши ва яхши тушуниб олиши керак. “Ислом” сўзи арабча сўз бўлиб, араб тилида “Аллоҳ” деб аталувчи ягона ҳақ Худога итоат қилиш ва таслим бўлиш маъноларини билдиради. Аллоҳга бўйсунувчи ҳар бир одам “Муслим” (“Мусулмон”) деб аталади. Ислом дини бирор шахс ёки одамлардан кейин номланган дин эмас. Ёки аксинча бирор шахсдан сўнг кейинчалик пайдо бўлган ҳам эмас. Яъни, Ислом динининг номи даинларнинг Исо Масийҳдан сўнг Насронийлик, Гаутама Буддадан сўнг Буддизм, Конфуцийдан сўнг Конфуций таълимоти, Карл Марксдан сўнг Марксизм, Яҳуд қабиласидан (Бани Исроил қабиласи) сўнг Яҳудийлик (Иудаизм), Ҳиндусдан сўнг Ҳиндуизм деб номланганларидек эмас. Ислом (Худога итоат қилиш) бу Худонинг  биринчи яратган башари ва биринчи пайғамбари бўлмиш Одамга берилган динидир. Шу билан бирга Аллоҳ инсониятга юборган барча пайғамбарларнинг дини бўлган диндир. Бундан ташқари бу диннинг номини Худонинг Ўзи танлагандир ва Ўзининг сўнгги китобида очиқ-ойдин эслатгандир. Араб тилида Қуръон деб номланувчи мана шу сўнгги китобида Аллоҳ қуйидагиларни таъкидлайди:
Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим.” (Моида сураси, 3-оят)
“Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлур.” (Оли Имрон сураси, 85-оят)
   Бундан, Ислом Муҳаммад Пайғамбар томонидан еттинчи асрда Арабистонга олиб келинган янги дин эмаслиги келиб чиқади. Балки, Буюк Аллоҳнинг Одам ва ундан кейинги пайғамбарларга юборган дастлабки ҳақ диннинг қайтадан намоён бўлган охирги кўринишидир.
   Биз мана шу ерда ўзининг тўғри йўлдалигини даъво қилувчи иккита бошқа динларга қисқача шарҳ бериб ўтамиз. Худо Мусо Пайғамбар умматининг ёки уларнинг зурриётларининг динини Яҳудийлик (Иудаизм) деб номлаганини Библиянинг бирор ерида топа олмайсиз. Ёки Масийҳга эргашувчиларнинг динини Насронийлик деб номлаганини ҳам топа олмайсиз. Бошқа сўз билан айтганда, “Яҳудийлик (Иудаизм)” ва “Насронийлик” номлари илоҳий асос ва тасдиққа эга эмаслар. Насронийлик номи Исо тарк этгандан кейин, узоқ вақтлардан сўнг унинг динига берилган номдир.
   Демак унда, Исонинг динининг ҳақиқий ҳолати унинг номидан фарқли экан-да?  Унинг дини унинг кўрсатмларини ўзида акс эттиради. У ўзига эргашувчилардан улар билан Худо ўртасидаги муносабатларга чақирувчи тамойилларни қабул қилишни талаб қилган. Исломда Исо Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биридир ва у араб тилиди “Иисаа” деб аталади. У ўзидан аввалги пайғамбарлар каби одамларни Худонинг буйруғига (Исломнинг асосига кўра)таслим бўлишга чақирди. Мисол учун, Инжилда Исо ўзига эргашувчиларни Худога қуйидагича ибодат қилишга чақиради:
“Бизнинг осмондаги Отамиз, Сенинг исминг муқаддасдир. Ерда Сенинг хоҳишинг бўлсин осмонда бўлгани каби”. (Лука 11:2/Матфей 6:9-10)
   Исо таъкидлаган мана шу ғоя кўп маротаба Инжилларда келгандир. У фақатгина итоат этувчилар жаннатга киришини таълим берди.
“Мени “Худо” деганларнинг ҳеч бири Худонинг салтанти (жаннат) га кирмайди, фақатгина осмондаги Отамга итоат қилувчиларгина кирадилар.” (Матфей 7:21)
   Яна Исо ўзини Худога итоат этувчилардан эканлигини тасдиқлади.
“Менинг ўзим ҳеч нарсага қодир эмасман. Мен эшитганларимга кўра адолат қиламан ва менинг адолатим энг ҳаққонийдир. Чунки мен ўзимча ҳаракат қилмайман ва фақатгина мени юборган Зотга итоат қиламан.” (Иоанн 5:30)
   Исо ўзини якка ҳақ Худо эмаслиги ҳақида эргашувчиларига очиқ-ойдин қилган мурожатлари Инжилларнинг кўп ерларида келгандир. Мисол учун, у Қиёмат куни ҳақида қуйидагича дейди:
“Отадан бошқа ҳеч ким у Кун ва соат ҳақида билмайди, ҳатто осмондаги фаришталар ва ўғил ҳам билмайди”. (Марк 13:32)
   Шундай қилиб, Исо ўзидан аввал келган пайғамбарлар кабидир. Ҳамда ўзидан кейин келиб, ягона ҳақ Худога итоат этишга чақирган ва Ислом динини таълим берган сўнгги Пайғамбар кабидир.

Худо ва яратилиш

   Кишининг Худога мутлоқ таслим бўлиши ибодатнинг асл моҳиятини англатади. Ва якка Худога ибодат қилиш – бу Худонинг илоҳий дини Исломнинг асосий топшириғидир. Яна Ислом дини Худодан бошқа ҳар қандай шахсга, жойга ёки буюмга ибодат қилишни тақиқлайди. Ислом эътиқодига кўра, Яратгандан бошқа ҳамма нарсалар - Худонинг яратган нарсалари (маҳлуқ)дир. Бунинг мазмунида кишини яратилган нарсаларга ибодат қилишдан қайтариш ва якка Яратувчига ибодат қилишга чақириқ ётади. Фақат Унинг Ўзи ибодатга лойиқ Зотдир, чунки фақат Унинг Ўзи дуоларни қабул қилувчидир.
   Шунга мувофиқ бир мисол, агар киши дарахтга дуо қилса ва унинг дуолари ижобат бўлиб қолса, бу Худони дуоларни шундай шароитда бўлишини ирода қилганлигини ва уларни қабул қилганлигини билдиради, бу дарахтнинг иши эмасдир. Кимдир айтиши мумкин, “Бу очиқ-ойдин кўриниб турибти-ку”-деб. Лекин, дарахтга ибодат қилувчилар наздида балки бундай эмасдир. Шундай тарзда, Исога, Буддага, Кришнага, Авлиё Христоферга ёки Авлиё Яҳуд (Иуда)га ва ҳатто Муҳаммадга қилинган дуоларни уларнинг ўзлари ижобат қила олмайдилар, балки фақат Худонинг Ўзи ижобат қилади. Қуръонда Исо ўзига эргашувчиларни ўзига эмас, балки ягона Худога ибодат қилишга чақиргани таъкидланади:
“Аллоҳ: “Эй, Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?”-деганини, у эса: “Ўзинг поксан! (Аллоҳим), мен ҳаққим йўқ нарсани айта олмайман-ку, …”, деганин эсла.” (Моида сураси, 116-оят)
   Исо ҳам ибодат қилганида ўзига-ўзи ибодат қилмади, аммо аксинча ягона Худога ибодат қилди. Ва Исонинг қуйидаги деганлари Инжилларда келади:
“Шундай ёзилгандир: “Роббингиз Худога ибодат қилинг ва фақат Унинг айтганини қилинг”.” (Лука 4:8)
   Қуръонни очувчи Фотиҳа сурасининг 4-оятида ҳам шундай асосий тамойил келгандир:
“Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.”
   Худо Ўзининг сўнгги китоби Қуръоннинг бошқа оятида қуйидагича марҳамат қилади:
“Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”,- деди,” (Ғофир сураси, 60-оят)
  Яна Исломнинг Худо ва У яратган мавжудотларнинг ўртасидаги фарқни яққол ажратиб берганилигига алоҳида урғу бериб ўтиш керак. Худо ҳеч қачон Ўзи яратган мавжудотга тенг бўлмаган ва Унинг яратган мавжудоти ҳам ҳеч қачон Худога тенглашолмайди.
   Бу кундек равшандир, лекин, кишининг Яратувчини қўйиб, яратилган мавжудотга ибодат қилиши ортида жоҳиллик ёки ҳақиқатни писанд қилмасликка асосланган тушунчалар ётади. Бу тоифадагилар Худонинг мавжудлиги У яратган нарсларда ўз аксини топганлигига ва Унинг илоҳийлиги Унинг яртаган нарсаларининг маълум бир қисмида намоён бўлганлигига ва бўлаётганлигига  иймон келтирадилар. Ва бу билан маҳлуққа қилаётган ибодатларини Худога қилинаётган ибодат деб номлаб ўзларини оқламоқчи бўладилар. Вахоланки, Худонинг пайғамбарлари олиб келган Ислом ақидаси, фақат Худонинг Ўзига ибодат қилишга чақиради ва Унинг маҳлуқларига бевосита ёки билвосита ибодат қилишдан қайтаради.
 Худо Қуръонда очиқчасига шундай баён қилади:
“Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг”, деб Пайғамбар юборганмиз.” (Наҳл сураси, 36-оят)
   Агар тоғутга ибодат қилувчиларга, биз: “Нега сизлар одам қўли билан яратилган тоғутларга ибодат қиляпсизлар”,- десак, улар: “Биз аслида уларга ибодат қилмаймиз, балки уларда Ўзини намоён қилаётган Худога ибодат қиляпмиз”,- дейдилар. Улар яна: “ Тошдан ясалган тоғутни асли Худо эмас, балки фақатгина Худонинг мавжудлигини намоён қилувчидир”,- дейдилар. Агар кимки мана шу, Худо Ўзининг яратган нарсалари кўринишида намоён бўлади деган қарашни  мақулласа, аниқки тоғутчиликка юзланган бўлади. Ҳолбуки, ким Ислом олиб келган ҳақиқатни тушуниб етса, ҳеч қачон тоғутчиликка рози бўлмайди, у қандай кўринишда такомиллашган бўлишига қарамай.
   Илоҳиёт бизларига асрлар оша етиб келган дегувчилар ҳам, кўпинча Худо одам кўринишида бўлишлигига нотўғри иймон келтириб адашадилар. Агар эътибор берилса, улар: “Худо бизлардан кўра ана ўша шахсларда намоён бўлишга ҳақлидир. Шунинг учун барча одамлар уларга бўйсуниши ва шахсга Худо сифатида ибодат қилиши керак. Чунки Худо ўша шахсларда ўз аксини топгандир”,- дейдилар. Шунга ўхшаш, айримлар ўлган одамларга сиғинишда яхшилик топгандек бўладилар, лекин улар ҳам Худони одам кўринишида деб билиб, нотўғри иймон келтирадилар. Мана энди етарли даражада шу нарса аёнки, Исломдан хабардор одам ҳар қандай шароитда ҳеч қачон бошқа шахсга сиғинишга мутлақо рози бўлмайди. Худонинг дини ягона Яратувчига ибодат қилишга чақиради ва ҳар қандай кўринишдаги тоғутга ибодат қилишдан қайтаради.
  Исломнинг шиори қуйидагичадир:
“Лаа Илааҳа Иллаллооҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир)
  Кимки мана шу калималарни ва пайғамбарликни чин қалбдан тасдиқласа, ўз-ўзидан Исломни тан олган ҳисобланади ва бу чин иймон эгасига Жаннат вожиб бўлади. Ислом динининг сўнгги Пайғамбар (алайҳиссалом)  худди шуни тасдиқлаб, қуйидагиларни айтадилар: “Ким “Ла Илаҳа Иллаллоҳ”, деса ва мана шу иймонда вафот этса, жаннатга киради.”
   Мана шу иймон калимасига иймон келтириш, Худонинг пайғамбарлари олиб келган таълимотга асосан якка Худога бўйсунишни ва бошқа ёлғон худоларга ибодат қилмасликни талаб қилади.   

Ёлғон динларнинг хабари

   Дунёда ҳар бири ўзини Худога элтувчи ягона ҳақ йўл деб такидлайдиган секталар, эътиқодлар, динлар, фалсафалар ва ҳаракатлар ҳам кўпдир. Қандай қилиб киши улардан бирининг ҳақлигини ёки амалда уларнинг барчаси ҳақлигини аниқлай олади? Биргина услуб, турли талабгор динларнинг таълимотларидаги юзаки фарқликларни ва улар бевосита ёки билвосита ибодат қилаётган ва асосий ибодат қилиш объекти қилиб олаётган Худони асосий ҳақиқатдан йироқлигини яққол ажратиб қўяди. Ёлғон динларнинг барчасининг Худога талуқли бўлган асосий ғоялари ўхшашдир: уларнинг айримлари барча одамлар худодирлар, ёки бирор шахс Худо бўлган, ёки табиат Худодир, ё бўлмасам Худо – бу инсон ҳаёли тасаввурининг маҳсули дейдилар.
   Шу йўл билан улар ёлғон динларнинг асосий ғояси, Худога Унинг яратган нарсаларига ибодат қилиш кўринишида бўлиш мумкинлигини таъкидлайдилар. Ёлғон динлар маҳлуқни Худонинг бир кўриниши деб атаб, кишиларни яратилган нарсаларга ибодат қилишга чақирадилар. Мисол учун, Исо Пайғамбар ўзига эргашувчиларни ягона Худога ибодат қилишга чақирган, лекин ҳозирда ўзини Исога эргашувчилар деб ҳисоблагувчилар эса Исони Худо бўлган дейдилар ва одамларни Исога ибодат қилишга чақирадилар.
   Будда Ҳиндистон динига бир қанча инсонпарварлик тамойилларини олиб кирган ислоҳотчидир. У Худоликни даъво қилмаган ёки у ибодат объекти бўлишлиги тўғрисида ўз зргашувчиларга таклиф ҳам киритмаган.
   Ҳозирга келиб, Ҳиндистондан ташқаридаги буддистларнинг асосий қисми уни Худо қилиб олишди ва унинг кўриниши асосида қилинган тоғутларга (бутларга) сиғинишяпти. Ибодат объектини аниқлаш услуби бўйича биз осонлик билан ёлғон динларни ва уларнинг нотабиий келиб чиқиш манбасини аниқлашимиз мумкин. Худо Қуръонда шуни таъкидлаб айтади:
 “Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. ”(Юсуф сураси, 40-оят)
   Агар барча динлар яхшиликка чақирса, “нега кишининг қайси динга эргашишининг қандай аҳамияти бор?”,- деб бахслашадиганлар ҳам топилади. Буларга жавобан эса, барча ёлғон динларнинг маҳлуққа ибодатга чақириши - энг буюк ёвузликдир дейилади. Маҳлуққа ибодат энг улкан гуноҳ бўлиб, чунки бу кишининг яратилишидан бўлган мақсадга зиддир. Киши фақат ёлғиз Худога ибодат қилиш учун яратилганини Аллоҳ Қуръонда аниқ баён қилади:
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим.” (Заарийаат сураси, 56-оят)
   Шунга биноан, яратилган маҳлуққа ибодат тоғутчиликнинг асоси бўлиб, кечирилмайдиган ягона гуноҳдир. Кимки мана шу тоғутчиликда ўлса, ўзининг кейинги ҳаётидаги тақдирига тамға босган бўлади. Бу бир қараш эмас, балки Худонинг одамзот учун юборган сўнгги китобида келган очиқ-ойдин ҳақиқатдир:
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир.” (Нисо сураси, 48-оят ва 116-оят )

Худонинг динларининг умумийлиги

   Ёлғон динга эргашувчининг оқибати жуда ёмонлигидан келиб чиқиб, Худонинг ҳақ дини ҳамма ерда тушунарли бўлишлигии, ўтмишда ҳам ҳамма ерда етиша олинадиган бўлишиги, доимо ўзгармасдан ҳаммага тушунарли бўлишлиги ва дунёнинг турли ерларида етиша олинадиган бўлишлиги керакдир. Бошқача айтганда, Худонинг ҳақ дини бирор-бир кишилар учун, жой учун ёки бирор замон учун чекланган бўлиши мумкин эмас. Ёки бўлмасам, мантиқан бундай дин Худо ва банда ўртасидаги муносабтлардаги тартибларни  баптизм (чўқинтириш), шахсга қутқарувчи деб ишониш ёки воситачи  кабиларсиз аниқ кўрсатиб бериши керак. Исломнинг бош принципига ва унинг маъносига (банданинг Худонинг хоҳишига таслим бўлиши) кўра Исломнинг негизларида умумийлик ётади. Қачонки киши Худонинг ягоналигини тушуниб етса, Унинг яратганига бўладиган ибодатдан юз ўгирса, Худо буйруқлариги таслим бўлса, у танаси ва руҳи билан Мусулмон (Муслим) бўлади ва бу билан жаннатга ҳақли бўлади.
   Шундай қилиб, ҳар қандай одам ҳар қандай вақтда, дунёнинг энг чеккасида бўлса ҳам, маҳлуққа ибодатдан юз ўгирибгина ва ёлғиз Худога юзланибгина, Худонинг дини Исломга эргашувчи Мусулмон (Муслим) бўла олар экан. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, киши ҳақиқатдан Худонинг хоҳишига бўйсуниши учун тўғри ва нотўғри йўллардан бирини узил-кесил танлаб олиши керак. Ҳақиқатдан ҳам, Худо киши учун салоҳиятни нафақат тўғрини нотўғридан фарқлаш учун, аммо яна улардан бирини танлаши учунгина бергандир. Мана шу Худо берган салоҳиятлар жиддий маъсулиятни, яъни, кишига ўзи танлаган йўлнинг Худонинг олдида жавоб бериш маъсулиятини юклайди. У ҳолда бундан, кишининг яхшилик қилишга ва ёмонликдан узоқ бўлишга ўзидаги барча имкониятларни ишга солишлиги кераклиги келиб чиқади. Мана шу ғоялар сўннги китобда қуйидаги кўринишда ўз аксини топган:
“Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, ўшаларга Роббилари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа бўлмаслар.” (Бақара сураси, 62-оят)
   Агар, уларга сўнгги дин очиқ-ойдин тушунтирилиб берилгандан сўнг ҳам улар уни қабул қилишмаса, улар жиддий хатарга мубтало бўлишади. Сўнгги Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:
“Насорийлардан ва Яҳудийлардан қай бири бўлса ҳам мен ҳақимда эшитса, ўзининг иймонини мен олиб келган нарса билан тасдиқламаса ва мана шу ҳолатда вафот этса, жаҳаннам аҳлидан бўлади. (Саҳиҳ Муслим[Инглизча таржимаси], 1-Том, 91-бет, 284-ҳадис)”

Худони таниш

   Бу ерда бир савол пайдо бўлади: “Қандай қилиб барча одамлар турли шароитларга, жамиятларга ва маданиятларга эга бўла туриб, ягона ҳақ Худога иймон келтириши мумкин? ” Одамларга ягона ҳақ Худога ибодат қилишлари учун мъсулият юклатилгандир, уларнинг бари У ҳақида танишиш имкониятига муҳтождирлар. Сўнгги китобда барча одамларнинг ягона ҳақ Худони таниш хусусияти, уларнинг қалбларида муҳрланганлиги айтилади, чунки уларнинг соф табиати шундай яратилгандир.
   Худо Одамни яратганида, Одамнинг барча зурриётларини тирилтириб, уларнинг барчасидан ваъда олганлигини Қуръоннинг 7-боб (Аъроф сураси, 172-173 оятлар)ида қуйидагича тушунтириб берди:
“ “Роббингиз эмасманми?”-деганида, “Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!”-деганларини эсла.”(Аъроф сураси, 172-оят)
   Кейин Аллоҳ нима учун одамзотни Ўзининг яратувчи ва ягона ибодатга лойиқ ҳақ Худо эканлигига гувоҳ қилганлигини тушунтириб берди. У айтади:
“Қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун.” (Аъроф сураси, 172-оят)
   Яъни, ўша кунда биз “Аллоҳ бизни Худойимиз эканлигини билмас эдик” ва “бизга ҳеч ким айтмади, ягона Аллоҳга ибодат қилиш тасаввуримизда йуқ эди” демаслигимиз учун. Аллоҳ буни қуйидагича батафсил тушунтиради:
“Ёки: “Ҳақиқатда, ширк келтирганлар олдинги ота-боболаримиз, биз, уларнинг кейинги зурриётимиз. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?” демаслигингиз учун. ” (Аъроф сураси, 173-оят)
    Демак, ҳар бир гўдак Худога бўлган табиий иймон билан ва туғма равишда ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишга мойил бўлиб туғилар экан. Мана шу туғма иймон ва мойиллик “Фитрат”(араб тилида “Фитра”) деб аталади.
   Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссалом ривоят қиладилар, Аллоҳ айтади: “Мен бандаларимни тўғри динда яратдим, лекин шайтонлар уларни адаштирадилар”. Пайғамбар алайҳиссалом яна айтадилар: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Кейин ота-онаси уни Яҳудий, Насроний ёки Мажусий қилади.” Агар бола ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у ўзининг йўлида Худога ибодат қилади, лекин барча болалар муҳит таъсирида ўзгаради.  Худди шундай тарзда, бола Аллоҳ унинг табиатида яратган физикавий қонунларга бўйсунади, унинг қалби ҳам табиатан Аллоҳни ўзининг Робби ва Яратувчиси деб бўйсунади. Лекин, агар унинг ота-онаси уни бошқа йўлга бошласа, бола ўзининг ҳаётининг дастлабки жабҳаларида ўз ота-онасига қаршилик қилишга ёки эътироз билдиришга етарли даражада қодир эмасдир. Шунга ўхшаш ҳолатларда бола эргашадиган дин, одатий ва тарбиявий бўлади ва Худо унинг дини учун жавобгарликка тортмайди ёки азобламайди, токи у аниқ бир (балоғат) ёшга етмагунча.

Худонинг белгилари

   Одамларнинг ҳаётлари мобайнида, болаликдан то вафот этгунларича, ягона ва ҳақ Худонинг белгилари уларга ернинг барча ўлкаларида ва уларнинг қалбларида кўрсатиб қуйилади, токи яккаю-ягона Аллоҳнинг борлиги равшан бўлмагунча. Аллоҳ Қуръонда айтади:
“Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят (белги)ларимизни кўрсатамиз. Токи, уларга унинг ҳақлиги равшан бўлсин.”(Фуссилат сураси, 41-оят)
   Қуйидаги мисолда, адашиб бутга ибодат қилувчи бир одамнинг қандай қилиб Худони Унинг белигиси орқали топганини кўрайлик.
   Жанубий Американинг Бразилиясида, Амазонка жунглисининг жанубий-шарқий регионидаги ибтидоий қабила ўзларининг буюк худо бутлари Скуачга уй қилиб бир кулба қурадилар. Кейинги кун бир йигит Худога ўз ҳурматини изҳор қилиш учун кулбага киради ва асли Яратувчиси ва Роббиси уни мойил қилиб қўйган ибодатни қилаётганида, бир ифлос, кана босган қари ит ўша кулбага кириб келади. Йигит итни кузатиб турган бир пайтда, ит орқа чап оёғини кўтаради ва бутга бавл қилади. Ҳақоратланган йигит итнинг орқасидан қувиб, ибодатхона ташқарисига қувиб чиқаради. Лекин унинг ғазаби сўнганидан сўнг, у бу бутни бутун оламларни Роббиси бўла олмаслигини тушуниб етади. Худо демак бошқа ерда еканлигига амин бўлади. Бу қанчалик ғайриоддий кўринмасин, итнинг бутга бавл қилиши, бу Худо томонидан йигитга юборилган бир белги эди. Бу белги илоҳий ғояни, яъни унинг ёлғонга ибодатга қилаётганини кўрсатиб берди. Бу уни урф-одат кўра ўрганган ёлғон худога ибодат қилишга тақлид қилишдан қутқарди. Натижада, бу одамга ҳақ Худони қидириш ёки ўзининг нотўғри йўлида давом этиш учун танлаш имконияти берилди.
  Аллоҳ Иброҳим Пайғамбар алайҳиссаломга Ўз белгиларини кўрсатганида, у Худони қандай қилиб қидириб, ҳидоятни топганини мисол қилиб эслатади:
“Худди шундай қилиб, Иброҳимга, аниқ ишонувчилардан бўлиши учун, осмонлару ерларнинг мулкларини кўрсатурмиз. Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: “Мана шу Роббимдир”,-деди. У ботиб кетганида эса: “Ботувчиларни ёқтирмасман”,-деди. Чиқаётган ойни кўрганда: “Мана шу Роббимдир”,-деди. У ҳам ботганида: “Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан”,-деди. Чиқаётган қуёшни кўрганда: “Мана шу Роббим. Бу каттароқ”,-деди. У ҳам ботиб кетганида: “Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим”,-деди. Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда, юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман.” (Анъом сураси, 75-79 оятлар)
   Аввалроқ таъкидлаганидек, пайғамбарлар, кишининг табиатида Аллоҳга бўлган иймонни, Унга ибодат қилиш учун туғма мойилликни қўллаб-қувватлаш учун, шунингдек, Худо томонидан доимий равишда равшан қилиб қўйилган илоҳий белгиларни тасдиқлаш учун ҳар бир миллатга ва қавмга юборилгандирлар. Ваҳоланки, манна шу пайғамбарларнинг таълимотларининг кўпчилиги бузилиб кетди, Худонинг илоҳий ғоясининг бир қисмигина ўз аслини сақлаб қолди ва одамларга ҳақ билан ёлғонни ўртасини ажратиб, тўғри йўлни кўрсатиш учун хизмат қилди. Худонинг илоҳий кўрсатмаларининг таъсири, асрлар Оша Яҳудийлик динининг Таврот китобининг “10 та диний буйруқлар”ида, кейинчалик Насронийлик дининг таълимотларида, шунингдек, замонавий ва қадимги дунёдаги кўп жамиятларда қотиллик, ўғрилик ва зинога қарши қўлланадиган қонунларда ўз аксини топгандир.
   Одамларга Худонинг белгилари билан биргаликда Унинг пайғамбарлари орқали юборган хабарлари асрлар оша етиб келиши натижасида, барча одамларга ягона ҳақ Худони таниш имконияти берилган.
   Демак, ҳар бир қалб ўзидаги Худога бўлган иймонига ва асл маъноси Аллоҳнинг хоҳишига мутлоқ бўйсуниш бўлган Худонинг ҳақ дини Исломга жавобгардир.

Хулоса

   Юқорида айтилганидек, Ислом динининг номи, Исломнинг бош ғояси Худога бўйсунишни англатади ва “Ислом” номи башар томонидан эмас, Ислом муқаддас манбаларига кўра Худонинг Ўзи томонидангина танлангандир. Яна фақат Ислом Худонинг ва Унинг сифатларининг ягоналигини таълимини беради, ҳамда фақат ягона Худога, ҳеч қандай воситасиз ибодат қилишга буюрганлигини баён қилиб беради.         Якунида, кишининг Худога ибодат қилиш мойиллиги унга илоҳий равишда бериланлигига ва Худони кўрсатган белгилари асрлар оша ҳар бир шахсга етиб борганлигига асосланиб, Ислом барча одамлар ҳар доим етиши мумкин бўлган динлиги келиб чиқади.
Қисқача айтганда, Ислом номининг маъноси Ислом динининг асоси бўлган Худонинг ягоналигини тасдиқлайди. Ҳамда Исломга барча одамлар ҳар қандай замонда кириши мумкинлиги, Исломнинг бош ғояси, энг аввалдан қандай тилда намоён бўлишидан қатъий назар, Исломнинг Худонинг ягона ҳақ дини бўлганлигини ва бўлишлигини шак-шубҳасиз тасдиқлайди.
Хулоса қилиб, Буюк Аллоҳдан Ўзи кўрсатган тўғри йўлги ҳидоят қилишини ва Ўзининг раҳмати ва меҳрибончилигини бизлардан дариғ тутмаслигини ўтиниб сўраб қоламиз, чунки У хақиқатдан ҳам энг Меҳрибон Зотдир. Барча ҳамду санолар оламларнинг Роббиси Аллоҳга бўлсин, ҳамда Муҳаммад Пайғамбарга ва Худонинг барча пайғамбарларига ва уларга эргашувчиларга Аллоҳнинг саловоти ва саломи бўлсин.

Доктор А.Б. Филипс

 
« Олдинги   Кейинги »