Никоҳнома ( Абдуғофур Собир Мирзо) Принтер учун
10.07.2010 й.
islom.uz
 
НИКОҲНОМА ҲАҚИДА
                
Мустақиллигимиз шарофати билан бир пайтлар ҳалқимизнинг дилидаги армонлари рўёбга чиқа бошлади,яъни мусулмонларимизга берилган кенг имкониятлар, эркин эъминликда бажариб турган кундалик ибодатларимиз ҳамда диний олийгоҳларнинг фаолият кўрсатиб туриши айниқса ўсиб келаётган ёшларимизга ўзининг ижобий таъсирини кўрсата бошлади.
      Ҳалқимизга берилган имкониятлардан биттаси шаръий маросимларимизда имом хатибларимизнинг долзарб мавзуларда қилаётган мавъизаларининг ҳам таъсири катта бўлмоқда. Кўпинча ёшларимизнинг никоҳ маросимларида ҳам иштирок этиб никоҳга оид бўлган масалалар, эрнинг зиммасидаги аёлнинг ҳаққи ёки аёлнинг эр олдидаги ҳаққи тўғрисида ҳамда фарзанд ўстириб мустақил ҳаётга йўллаётган ота оналарнинг масъулиятлари ҳақида бақадри имконият маълумотлар бермоқдамиз. Аммо айрим давраларда никоҳ муносабати билан ўтказилаётган маросимларда иштирок этган пайтимизда нуроний отахонларимизнинг куюниб гапирган гапларига гувоҳ бўламиз, яъни бизнинг давримизда сарпо кийиб куёв бўлган кунимиз табаррукона куёв келинлардан дуо олишдек яхши одатлар бор эди.
    Қиз бола ўзи туғилиб ўсган хонадондан ҳақиқий уйи яъни куёвникига кетаётган пайтида ота томонидан кўзда ёш билан фарзандини бағрига босиб инсонни қалбини эритиб юборадиган даражада насиҳат оҳангида бўладиган дуоларни эшитиб кўзимизга ёш олардик. Мана шунақа ажойиб урф одатларимиз йўқолиб бормоқда деган гапларини эшитиб қолардим.
    Ўйлаб кўрсам диний маърифий мавзуда суҳбат қиламиз, араб тилидаги оят ҳадисларни илмимиз етган даражада шарҳлаб ҳалқимизнинг ҳукмига ҳавола қиламиз аммо тушунган омма тушунади бир хил инсонларни қалбига етказишимиз қийин кечади. Шундай вақтда менда мана шу оят ҳадислардан иборат бўлган никоҳ ҳақидаги мулоҳазаларни оддий, содда, шеърий услубда етказсак, айниқса қиз ўстирган оталар никоҳ кечаси ўз жигари, фарзанди қизини ўзга хонадонга кузатаётган дақиқаларда қалби эриб кўзида ёш билан қўлини дуога очиб қизини ҳақиқий уйига кузатганда юрагини бир парчаси узулгандай бўлади. Бир ҳил оталарни ҳам кўрамиз қўлини дуога очганда тили айланмай қолади. Айни шу мавзуни шеърга соладиган истеъдодли шоир излаб жуда кўп қалам аҳлига мурожат қилиб илтимос қилдим.Уларнинг ижодларидан намуналар олдим. Аммо мен кутган натижа кўринмас эди. Кунлардан бир кун бизнинг жомеъ масжидимизга Абдуғофур акамиз келиб қолдилар. Ва менга яқинда нашрдан чиққан “Инсоннома” китобларини совға қилдилар. Абдуғофур акамни авваллари Ўзбекистон телевиденияси орқали турли хил кўрсатувлардан яхши танир эдим. Лекин бунақанги истеъдод эгаси эканлигини билмаган эканман. “Инсоннома” китобини ўқиб у кишига бўлган ҳурматим янада зиёда бўлди. Ва ниҳоят мен излаб юрган шоир шу инсон бўлсалар керак деган хулосага келдим. Дилимдаги анчадан бери армон бўлган орзуимни, илтимосимни Абдуғофур акага изҳор қилдим.
 Абдуғофур акам “Аллоҳнинг ўзидан илҳом ва нусрат сўраб уриниб кўраман, аммо менга бир оз мухлат беринг” дедилар. Шу билан “Никоҳнома” достонининг таваллуди бошланди. Баъзан телефон орқали баъзан юзма-юз учрашиб “Никоҳнома”нинг қўлёзмасини биргаликда ўқиб чиқиб фикр мулоҳазалар алмашардик.
 Ва ниҳоят “Никоҳнома” нинг қўлёзмаси 10 ой муддатда тайёр бўлиб қўлимизга тегди. Ўқиб чиқиб муаллифнинг истеъдодига тан бердим. Илк маротаба “Никоҳнома” достонидан айрим лавҳаларни жумъа куни жумъа намозидан олдин қилган хутбамизда жамоатга ўқиб эшиттирдим. Ўша куннинг эртасигаёқ менинг телефонимни қўнғироғи тинмади. Одамлардан яхши мақтов дуолар эшитдим. Муаллифнинг кимлиги ва бу китобни қаердан топсак бўлади деган саволлар ёмғирдек ёғиларди. Мен уларга “Дуо қилиб туринглар, тез кунларда китоб шаклида нашрдан чиқиб қўлингизга тегади” деб тахмин билан айтиб қўяр эдим. Мана бугун ўша пайтларда айтган тахминларим ҳақиқатга айланиш арафасида турган экан, Абдуғофур акамизга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилиб ижодларига барака ва икки дунё саодатини тилаб дуо қилиб қоламан.
 
 Қобилжон қори Одилжон ўғли.
 Юнусободдаги “Камолиддин Ориф Ал Бухорий” масжид жомеъсининг имом хатиби.
 22. 01. 2010 милодий.
                     

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Муҳтарам мухлис !        
 Илоҳий илҳом ва иноят ила битилмиш -- ижодимнинг яна бир маҳсули – “Никоҳнома” асарим ҳақида қисқача ҳикоя қилмоқчиман сиз азизларга!      Никоҳ, бахтли никоҳ хусусинда ёшларимизга, никоҳ ёшига етган ўғил – қизларимизга Аллоҳнинг Каломига, сарвари олам Муҳаммад Мустафо с. а.в. ҳадисларига , уламолар битикларига асосланган ҳолда шеърий услубда панду – насиҳатлар битиш орзусида эдим.         
    Бу хайрли орзуга эришмоқликни ҳам Аллоҳ тоъало насиб қилди.             
 Бул кори хайрни бошлашимга Аллоҳ бир дўстимни сабабчи қилди. Улкан илм соҳиби, эл орасида эъзозли олим дўстим – Қобилжон қори кунларнинг бирида менга “Абдуғофур ака” тўй куни қизни кузатиш чоғида отанинг қизига айтар сўзлари , қилар дуоси тўғрисида шеърий услубда беш олти банд бирор нарса ёзиб берсангиз деб илтимос қилиб қолдилар. Мен дўстимдан дуо сўраб бул мавзунинг машқига киришдим.
 Отанинг қизига сўнгра ўғлига умуман ёшларга панду – насиҳатлари ҳамда умуман тўйлар, яқин ўтмишдаги ҳамда ҳозирги тўйлар холати ҳақинда бир битик дунёга келди ва мен уни “Никоҳнома” деб номлашга аҳд қилдим. Дўстимга бу буюртма маъқул келди чоғи ҳақимга узоқ дуо қилди. Сиз азиз муҳлисларга ҳам маъқул келар ва дуода бўларсиз деган умиддаман.
 

                          Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
 

 Б и т и к б о ш и


“Бисмиллаҳ...” деб аввало ҳамд
    Айтайлик Яратганга,
Инсон зотин азиз қилиб
    Жон ато қилган танга.

Улдир ахир барчамизни
    Шу кунларга етказган,
Дилимиздан турли-туман
    Ғамгинликни кетгазган.

Ҳар дам Холиқнинг ҳаққига
    Ҳамдлар бўлсин беадад,
Ҳар ишда ҳам ҳар қадамда
    Ёлғиз Ундандир мадад.

Икки олам сарварига
    Салавоту дурудлар,
Ул Муҳаммад Мустафога
Бул дам барча сурудлар.

Ул улуғ зот аҳли байти
    Ҳамда чаҳори ёрлар
Ҳақларига кўп дуолар
    Қилсун иймони борлар.

Ҳамда дуо қилайлик биз
    Ҳар саҳоба номига,
Барча ўтган мўминларга –
    Ҳар хосу авомига.

Ҳозирдаги ҳар бир ҳаёт
     Пок иймонли бандани
Ҳақ асрасин ҳар қадамда,
    Соғ бўлсин жону тани.

Энг меҳрибон ва раҳмли
    Аллоҳнинг номи ила,
Ўғил-қизим ҳаққингизга
    Қўл очиб дуо қилай.

Сўраб, излаб, ўқиб, билиб
    Недур сунний ақоид,
Бул дам сизга билдирайин
    Недур сизларга оид.    

Сизга даркор сўзлар дейин
    Сизга Ҳақдан бахт тилаб,
Ҳар сўзимга диққат қилинг,
    Қулоқ тутинг яхшилаб.    

Сиз дунёда энг шарафли,
    Энг ҳақ динга мансубсиз,
Бул динда ҳақ эслатмалар
    Бир уммондирки тубсиз.    

Турли-туман хаёл кечар
    Бул дам бул бошингизда
Никоҳ недур билинг энди
    Ўсмир бу ёшингизда.

Никоҳ иши – бандасига
    Аллоҳ буюрган фарздур,
Ким қилмаса фарз амални
    Ул фарз бўйнига қарздур.    

Жуфтлик иши ер юзида
    Ҳар бир жонзотга хосдир,
Бул иш бизга жами ўтган
 Аждодлардан меросдир.    

Ҳа, бу жуфтлик бизга мерос
    Ул узоқ замонадан,
Одам алайҳиссаломдан,
Ҳамда Ҳавво онадан.    

Ҳар жонзотни жуфт-жуфт қилиб
    Яратмишдур Ўзи Раб,
Инсон ҳам ўз жуфтин топар
    Миллат, динига қараб.        


 “Никоҳнома” нелигин назмий нақли


“Никоҳнома” никоҳталаб
    Ёшларга бир қўлланма,
Баракотли бахтли никоҳ
    Йўлига бир йўлланма.    

Кимки шаръий жуфтлик излаб
     Бахтини излаб чопар,
Бул битикка амал қилса
    Бешак кўп фойда топар.    

Бул пандларим ҳар фарзандга
    Айтмоқ зарур ҳар падар,
Ҳаққа хуш бир банда бўлиш
    Улкан бахтдур нақадар.    

Бул битикда битадурман
    Сиз ёшлар-чун қоида,
Бунда борки битганларим
    Сизларга кони фойда.        

Ўқиб амал қилсангиз гар
    Не битилур бу хатда,
Бешак бахтингиз топарсиз
    Дунё ва охиратда.        

Сабабким бул хатга Аллоҳ
    Каломи асос эрур,
Ҳам ҳадис ҳам кўп улуғлар
    Сўзларига мос эрур.        

Бул битикнинг кўп бандида
    Ҳадисдан эслатурман,
Ҳар ҳадис чин ҳақиқатдур
    Унга ҳеч қарши турманг.    

Ҳар бир мўмин ҳар ҳадисга
    Лозим қулоқ солмоғи,
Ҳар мусулмон эр, аёлга
    Фарздур илм олмоғи.    

Сиз бехабар банда бўлманг
    Ҳамда бўлманг сиз жоҳил,
Сиз бохабар банда бўлинг
Ҳамда бўлинг сиз оқил.    

Бул барини сизга битгум
     Қорайтириб қоғозим,
Оқил фарзанд бул барига
    Амал қилмоғи лозим.    

Насиҳатим битадурман
    Сизларга содда тилда,
Сабаб сизга кўп наф берар
    Айтар бўлсам шу хилда.    

Оддий тилда сизлар осон
    Қулоққа гап оласиз,
Сиз балоғат ёшида, лек
    Мен учун ёш боласиз.        

Айтар гапим орасинда
    Сўз бўлмас изоҳталаб
Шул маъқулдир, сизга содда
    Сўзлар айтсам эркалаб.    

Диққат ила тингласангиз
    Сўзимга қулоқ осиб,
Феълу атворингиз бўлур
    Чин мўминга муносиб.  

 
« Олдинги   Кейинги »