“Инсоннома” достони Принтер учун
10.07.2010 й.
islom.uz
Абдуғофур Собир Мирзонинг “Инсоннома” достони ҳақида

    Тан олиш керак: “Инсоннома” бугунги адабий жараёндаги гўзал бир кашфиёт бўлди. Унутилаёзган услуб адабиётда тикланди. “Қутадғу билиг”, “Маънавий маснавий”, Ҳазрат Яссавий ҳикматлари, “Сабатул ожизийн”… ва яна ўнлаб беназир назм ва ҳикмат жавоҳирлари. Одамзот учун ғоят зарур бўлган маънавий озуқа.
    “Инсоннома”ни ўқий туриб, мен ўтган улуғларимизни эсладим. Дастлабки тўртликларни ўқиган чоғдаёқ бу асарни беш-ўн шеърий китоблар муаллифи эмас, кечагина санъатда довруғ таратиб, энди адабиётда ўзини синаётган киши ёзганига ишонгинг келмайди. Нақадар қуйма сатрлар, нақадар чуқур маъноли ҳикматлар. Шоирнинг “Бул битикни демасдурман лиқ тўладир ҳикматга” деб ёзганини камтарликка йўямиз. Асарда бўш, пуч сатр йўқ. Бемақсад айтилган фикрлар йўқ.

 

            Сурар давринг вақтинча, бил,
                Қачонки кунинг ботди,
            Хонумонинг бефойдадур,
                Наф бермас олди-сотди…

    Инсонни иснодга қолдираётган урушлар ҳақида фикр юрита туриб шоир дейди:

            Мақсад недир? Вужудингни
                Иймонга тўлдиришми
            Ёки “уруш-уруш” ўйнаб
                Бир-биринг ўлдиришми?!
            
            …………………………
            
            Гар мақсадинг бузиш бўлса
                Мақсадингга етмагил,
            Яратганга аён ишинг,
                Бўлди, ўздан кетмагил!

    Ёки хато йўлдан тийилиш ҳақида ёза туриб дейди:

            Хато йўлнинг хатолигин
                Билиб қайтганга қойил!
            Демак, билди кимлигини
                Дили иймонга мойил.

    Шу каби ибрат бўларли сатрларни истаганча, ҳатто беҳисоб келтириш мумкин. Ишонамизки, нуктадонлик ила битилган бу асарни ўқиган ҳар бир одам ўзини инсон қилиб яратган Аллоҳга шукрлар қилгани ҳолда зиммасидаги вазифаларни, маъсулиятни ҳам ўйлаб кўради. Ҳаромдан қочади, ҳидоятга интилади. Асар маънавият гулшанидаги тоза ва хушбўй гуллардан эканлиги шубҳасиздир.

                Тоҳир  МАЛИК,
                                   Ўзбекистон халқ ёзувчиси
                                    09. 12. 06.


ХИТОБЛАРДАН ТУЗИЛГАН КИТОБ

(Абдуғофур Собир Мирзонинг “Инсоннома” достони ҳақида сўз)

    Одатда шоирларнинг илк китоби шеърлардан тузилар эди. Аммо жаҳонгашта Абдуғофурнинг илк китоби “Инсоннома” достонидан иборат бўлди. Тўғри, жаҳон адабиётида инсон номи билан боғлиқ шеърлар, достонлар анча мавжуд.
    Йўқса бу қандай “Инсоннома”? Унда инсонлик шарафи кўкларга кўтариб мақталганми? Йўқ, унда инсон ақлига хитоб қилинган, инсонлик шарафини оёқости қилаётган инсонларнинг аҳволи ўзларига эслатиб қўйилган.
    Муаллифнинг дардли-дармонли, аламли-армонли, ғазабли-шафқатли, аччиқ-тизиқ ва меҳрли сўзларининг боиси шу: инсон инсон бўла туриб, яхшиликдан оғаётгани, инсонликдан чиқаётгани, тобора ҳалокатга қараб кетаётгани, ўз оёғига ўзи болта ураётгани, инсоф-адолатини унутаётгани, ношукрлик ботқоғига ботаётгани. Муаллиф одамзод ўз-ўзини ва яратган Парвардигорини танишини хоҳлайди, бутун инсониятнинг нияти дунёдаги солиҳ зотлар ниятига мос бўлишини истайди.
    Ҳадиси шарифда: “Кимки ўз нафсини таниса, бас, у Раббисини танийди” деб марҳамат қилинган. Ушбу достон инсонга ўз-ўзини танитиш йўлида, уни яхшиликка қайтариш йўлида муаллифнинг бир нидоси, фарёди, чақириғидир.
    Достон шоирнинг биринчи асари эканини ҳисобга олсак, у илк битикдаёқ равон мантиқли фикрга, таъсирчан шеърий санъатга эришганини кўрамиз. Шоирнинг туйғулари жўш уриб турмаса, шеърий асар жарангдор чиқмайди. Бу достон эса жўшқин, жарангдор ва туйғуларга бой. Муаллиф талай бандларда ҳикмат айтишга ҳам интилган.
    Тўғри, достонда баъзан “Юзма-юз”, “Авлодларга мактуб”, “Руҳлар исёни” каби машҳур асарлар руҳи ёки оҳанги таъсири сезилиб туради. Аммо муаллиф ўз истеъдоди ва илми билан ўз сўзини айтишга эришган. Достон жанри муаллифга кенгликда яйраб, баралла сўзлашига имкон берган.
    Достоннинг илк нусхасини ўқиб, бўлимларга ажратиш, мос сорлавҳалар қўйиш, баъзи таъсирлардан тозалаш, исломий ақоидга мувофиқ келтириш, баъзи мавзулардан воз кечиш, хат усули ўрнига хитоб усулини қўллаш ҳақида ожизона фикларимизни билдирганимиздан кейин Абдуғофур ака узоқ вақт кўринмай кетди. Асарни сабр ва таҳаммул билан собирона ишлади. Яна зарур изоҳлар ва иловалар билан бойитди. Энди у илк китоби билан шеърият муҳибларининг меҳри ва ҳурматини қозона олади, деб умид қиламан.
    “Инсоннома” халқ наздида ҳам, Ҳақ наздида ҳам мақбул бўлишини, муаллиф ва китобхонларнинг дунёю охиратлари учун манфаъат келтиришини тилайман.

Мирзо  КЕНЖАБЕК     04. 12. 2006


Асарим ҳақида  айтарим
 
 Бисмиллааҳир-Роҳмаанир-Роҳийм.

    Алҳамдулиллаҳи Роббил-ъаламийн вал ъақибату лил-муттақийн вассолату вассаламу ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
 Барча борлиқни бор қилган, барчамизни Инсон қилиб яратган, Ер ва Осмонни, уларнинг орасидаги барча нарсаларни Инсон ихтиёрига бериб, биз – инсонларни шундай азиз ва мукаррам қилган меҳрибон ва раҳмли Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтиб, Ҳабибуллоҳ, Хотам-ул анбиё, икки олам сарвари – пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу ъалайҳи васалламга салавоту дурудлар йўллаб, ул зотнинг аҳли байтлари, чаҳор ёрлари, саҳобаи киромларига Ҳақнинг раҳмату саломларини сўраб, ўтган барча азиз авлиёлар, пиру устозларга, жамики ўтган аждодларимизга яратганнинг раҳмату мағфиратини тилаб, ҳозирда ҳаёт ҳар бир инсонга Аллоҳнинг марҳаматини, солиҳ амал истаган ҳар банданинг ҳар бир хайрли ишига Ҳақ ривожини тилаб  бошлагум сўзимни.                                             
    Бул битигим ҳамда унинг битилиш тарихини бир оз баён қилгим келди муҳтарам мухлисга. Асли санъаткорман... Шул боис кўп мамлакатларни кездим, тил ўргандим, ҳар борган мамлакатларим тарихи билан қизиқдим ва шу аснода бутун олам, инсоният тарихига катта қизиқиш уйғонди мен бир бандаи ожизда. Кўплаб халқаро анжуманларда (халқаро эсперанто тили бўйича) иштироким бўлиб, она юртим, суюкли халқим номидан жаҳоннинг деярли барча давлатларидан келган дўстларга табрикларим ҳамда тинчлик, дўстлик ва биродарликка даъватларим бўлди. Юртимда унвонли ҳамда чет элларда халқаро кўрик танловларнинг ғолиби бўлдим. Алҳамдулиллаҳ...
    Дунёқарашимнинг тубдан ўзгаришига ҳамда ўз соҳамдан бир оз узоқлашишимга сафарларимдан бири сабаб бўлди. Барчаси Аллоҳнинг амри ила. 1994-йили Сеулга Халқаро Анжуманга бордим. Шу баҳона Жанубий Кореянинг деярли барча шаҳар, қишлоқларини кездим. Тил соҳасида маърузалар қилдим. Сўнгра Токиодаги Эсперанто Институтининг таклифи билан Японияга сафарим бошланди. Бу ажойиб мамлакатнинг ҳам йирик шаҳарларидан 19 тасида халқаро тилда маърузалар қилдим. Токиодаги олийгоҳ ҳамда Осакадаги Осиё маданияти ва маърифати марказидаги учрашувлар жуда узоқ бўлди. Барча учрашувлар чоғида тил соҳасидан ташқари, халқимиз ҳаётига, умуман Марказий Осиё халқлари ҳаётига оид, урф-одатларимиз, тилимиз, динимиз, маданиятимиз, юртимиз табиати, мустақиллик моҳияти ва албатта, халқимиз тарихи, ислом тарихи ҳақида саволлар ёғини бўлди (Ислом тарихига оид саволлар Европа мамлакатларига сафарларим чоғида ҳам кўп бўлган). Биз мактаб ва олий ўқув юртларида қайси тарихни ўрганганимиз ҳаммамизга яхши маълум. Меҳрибон Аллоҳ Ўзи инъом этган мустақиллик боис чоп этилган халқимизнинг рост тарихига оид, ислом тарихига оид китобларни кўриб юрганим иш берди. Саволлар имкон қадар жавобини олди. Ажнабий тингловчиларим қай даража қониқишди, билмадим, лекин жавобларимдан ўзим у даража қониқмаганим маълум. Сафар чоғида ҳар икки мамлакатнинг тарихини яқиндан ўрганишга ҳаракат қилдим. Шундан қониқдим, десам бўлади. Ҳар икки халқ тарихи, ўзаро урушлари тарихини у ерлардаги музейлардан ҳамда турли тарихий манбалардан ўқиб билдим. Хиросима ва Нагасаки таассуротларидан қаттиқ таъсирландим. Сафар таассуротларини ҳамда сафарларим ташкилига ёрдам берган барча дўстларимга халқаро матбуот орқали ўз миннатдорчилигимни билдирдим ўша кезлар.
Кейинги бошқа мамлакатларга сафарларим чоғида ҳам мени асосан тарих қизиқтирарди... Тарих... Рост тарих... Бутун олам тарихи, юртлар тарихи, халқлар тарихи, қавмлар тарихи, айрим буюк зотлар тарихи, пайғамбарлар тарихи, улуғ алломалар ва улуғ саркардалар тарихи, хуллас, бутун инсоният тарихи, ИНСОН тарихи тинч қўймасди мени.
    Рост тарихни дунёдаги энг Рост Сўз – Қуръони каримни ўқиб ўрганишдан бошладим, тўрт мучалга тўлганимда. Араб тилидан бехабарлигим боис ўзбекча таржималарини бирга-бирга ўқишга киришдим. Ҳадис илмини изладим. “Бисмиллаҳ” билан бошланган китобларни изладим, йиғдим, изландим ва ҳали ҳамон изланишдаман ҳамда, Худо хоҳласа ҳали узоқ излангум. Яна такрор айтгум, бул имконият Аллоҳнинг халқимизга буюк неъмати – мустақиллигимиз боис. Агар бул имконият бўлмаса эди, рост тарихдан бехабар кетар эдик кўпимиз.
 Рост тарих энг Тўғри Сўз – Қуръони азимуш-шаънда. Инсоннинг яралиш тарихини, қай мақсадда яратганлигини Яратганнинг Ўзи хабарини берди Буюк Каломида. Ўтмишдаги кўп қавмлар тарихини, алар аҳволидан Огоҳ Зот аларга Ўз огоҳлантиргувчилари ҳамда хушхабарчилари бўлмиш Расулларини қай мақсадда юборганлигини, сўнгра эса ул қавмлар қай оқибатлар топганликларининг хабарини Ўзи беради, Яратганнинг Ўзи. Бари бекор дегувчилардан Ўзи асрасин, астағфируллоҳ. Иймони муфассалда ёдга олингувчи муқаддас Китобларининг бари билан танишдим, Айримларининг рост қисмидан рост тарихни изладим. Ёлғон қўшганларга Аллоҳ Ўзи беражак жазосини эслатади Рост Китобида. Холиқ Ўзи яратган барча махлуқотининг, бутун мавжудотнинг тарихини, таърифини беради Ўз Каломида. Инсон ҳаёти, охират учун, ҳар икки дунё саодати учун буюк бир эслатма бу Буюк Калом. Бани башар бунёди, бу борлиқда борлигига боис, борар жойи, барча-барчаси бенуқсон, бетакрор берилган бу Буюк Каломда. Беадад ҳамду санолар бўлсин барча борлиқ боиси Боисга!
 
Истак эрмас шуҳратимни
Кенг дунёга таратиш,
Мақсад – диққат -эътиборинг
Яратганга қаратиш.

    Асардан асосий мақсадим шул. Унинг кимлигини англатиш. Унга шукр қилиш. Беадад берганларига беадад шукр қилиш. Барча берганлари бадалига биздан ибодат истайди, холос, Холиқ. Шу бурчни астойдил англатиш мақсадим. Шеърий услубда, содда сатрлар орқали.

                  Бул барчасин бир кун охир
                Айтиши керак кимдир,
            Айтишга мен қарор қилдим
                Сабаб – сафларинг жимдир.

    Шундай сатрлар бор суҳбатим орасида. Айтишлари мумкин айтгувчилар кўп деб. Албатта, кўп, айрим давраларда. Барчаларига тасанно! Лекин халқаро миқёсда барчага, Бани башарга баралла айтишни истадим. Бунинг учун мени айбламас аллакимлар?! Яна мақсадим ҳар кимга кимлигини англатиш. Инсонликка иснод ишлари инсонликларини инкор қилаётган айримларга англатиш кимликларини.

            Инсон кимдир?.. У – сен, у – мен,
                Улар, сизлар ва бизлар,
             Лек бу номга лойиқ фақат
                Улким, ким Ҳақни излар.

    Яна айрим адашганларга айтганларим бор:

            Кимгадир хуш келиб, балки
                Холис бир фикр айтар,
            Иншоаллоҳ, кимдир, қайда
                Нопок бир йўлдан қайтар.     

    Иншоаллоҳ! Қанийди ўнтадан битта, юзтадан битта, ҳеч йўқ мингтадан битта қайтса эди ўша нопок йўлдан! Тасаввур қилинг, дунё бўйича қанча бўлишини! Олти миллион! Бу эса бутун бошли ўртача бир мамлакат аҳолисига тенг! Битганларим, билганларим, билдирганларим бари беҳуда бўлмасди. Иншоаллоҳ!
    Бир воқеа... Ёзаётган пайтим бир вилоятдан институтда бирга таҳсил олган қадрдон дўстим келиб қолди. Қўлёзманинг айрим бобларидан қисқартириб ўқиб бердим. Шунда дўстим: “Кифоя! Шу лаҳзаларда мен кимлигимни англаб бўлдим. Шунча йил яшаб, ҳеч ким менга кимлигимни шунчалик тушунтирмаган эди. Энди менга ибодатни ўргатинг” деди қандайдир бир мен аввал у дўстимда кўрмаган ҳаяжон билан. Беихтиёр кўзларимда ёш қалқди. Бу хуш ҳаяжон меҳнатимнинг илк маҳсули, муваффақияти эди. Бу – Аллоҳнинг ҳар иккимизга марҳамати эди! Алҳамдулиллаҳ!
    
            Бул битигим бошламасдир
                Бирон бир бузуқ йўлга,
            Ниятинг пок қилиб, сўнгра
                Олгин бу хатим қўлга...

            Мен ёзмадим бир миллатга
                Ёки маълум бир хонга,
            Ёздим умумбашар учун
                Яъни, сенга – ИНСОНга!  
 
             Сен деб мурожаат қиламан Инсонга. Сабаб – мен ҳам шу зот вакили, алҳамдулиллаҳ!  Ниятим – ниятинг пок бўлиши, сенинг ниятинг, барчанинг нияти асл солиҳ зотлар ниятига мос ният бўлиш. Кимлигимизни билиш, кимданлигимизни билиш, ким кимга ким бўлишини билиш, ким кимга кўмак берадур, ким кимни камситадур, ким катта, ким кичик, кимлар келди-ю, кимлар кетди бу кўҳна дунёдан?.. Кўпайса кўпаядики, камаймас кўп кинояли бул саволлар... ИНСОН! Ким сени яратди ва нима мақсадда яратди? Асосий ишинг – олий бурчинг ва вазифанг қолиб, нималар қиляпсан бу кунда? Яратгувчинг берган Буюк Бешик – Она заминни не аҳволга солиб энди ўзга сайёраларга кўз тикасан бу кунда. Қавмларинг тарихига бир назар сол! Дунё тарихига, ўтмишингга бир қара! Бугун қай аҳволдасан? Келгусинг не бўлур? Кел, бир суҳбат қилайлик! Бирга-бирга Яратганга шукр айлаб, бир суҳбат қилайлик самимий...

            Сўровим шул: Диққат ила
                Қулоқ тутгил сўзимга,
            Бу сўз сенга, бу сўз унга,
                Уларга ва ўзимга!

    Бул “суҳбат” эллик бобдан иборат. Иншааллоҳ давоми бўлғуси. Дуо сўраб қоламан дўстлардан... Суҳбат, дуо хусусинда яқиндаги бир воқеани ёдга олгим келди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари суҳбатга таклиф этдилар. Бошим кўкка етди. Хонадонларига бордим. Қўлёзмамни ўқиб кўрганликларини айтиб, ўз фикрларини изҳор этдилар. Мен номаъқул жойлари бўлса беаёв қисқартиришим мумкинлигини айтдим. Шунда Ҳазрат, олиб ташлайдиган мисралар деярли йўқлигини айтиб: “Булар бари бор нарсалар. Олиб ташлаш осон, лекин ёзиш қийин. Бунинг машаққатини яхши биламан” дедилар. Ақоидга оид айрим  хатоларга эътибор беришимни айтиб, шундай битик шу кунларда жуда зарур эканлигини таъкидладилар. Суҳбатимиз сўнгида Ҳазрат дуо қилдилар. Менинг ҳам дуода бўлишимни сўраб қолдилар. Ҳазрат ҳақларига, шу ўринда менга Ҳақнинг Буюк Каломи ҳарфини танитган устозларим – Каримуллоҳ ҳожи акага, ўғлим тенги устозим Шуҳратжонга, ўз маслаҳатлари ҳамда қимматли вақтларини аяшмаган севимли ёзувчимиз Тоҳир Малик акага, шоир, улкан илм соҳиби Мирза Кенжабек ҳожи акага ва бу китобнинг китоб кўринишига келгунча кўмак кўрсатган барча биродарларга Ҳақнинг розилигини сўраб, ҳаммаларига ҳар икки дунё саодатини истаб қолгум.
    Яна бир гап. Шайх Ҳазратлари билан аввалги суҳбатимизда ул зоти олий бир ҳақиқатни ёдимга солганликларини ёдга оламан. Узоқ давом этган суҳбат чоғида бул битигимнинг катта бир қисмини ёддан ўқиб берган эдим. Санъаткорлигим ўз самарасини берди, чамамда. Гап орасида ҳозирда санъатдан бир оз узоқлашганимни айтиб ўтдим. Лекин ўйлаб кўрсам, бу ишим ҳам санъат, бадиий сўз санъати эканлигини кейин англадим. Ул суҳбат чоғида мен қўшиқчилик санъати, саҳна санъатини назарда тутган эдим. Шайх Ҳазратлари кузатиш чоғида шундай дедилар:
– Агар санъаткор бўлмаганингизда балки дунё кезмас эдингиз, дунё кезмаганингизда бундай асар ёзмаган бўлур эдингиз ҳамда шунчалик таъсирчан ўқиб бермаган бўлур эдингиз. Ҳамма нарса Ҳақнинг хоҳиши билан! Шукр қилинг, дуода бўлинг!
Алҳамдулиллаҳ! Иншоаллоҳ дуода бўлгум.   

 
« Олдинги   Кейинги »