Беморнинг «мен касалман», дейиши шикоятми Принтер учун
29.06.2010 й.
islom.uz
Ҳишомдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Мен Абдуллоҳ ибн Зубайр билан Абдуллоҳнинг қатл қилинишидан ўн кун олдин Асмонинг олдиларига кирдим. Асмо бемор эди. Абдуллоҳ унга:
«Ҳолингиз қандай?» деди.
«Беморман», деди.
«Мен ўлимнинг қаршисида турибман», деди.
«Эҳтимол, менинг ўлишимини хоҳлайдирсан? Шунинг учун орзу қилаётгандирсан. Ундай қилма! Аллоҳга қасамки! Менга сенинг икки томонингдан бири келмагунча ўлишни истамайман. Ёки қатл қилинасан ва мен савоб оламан. Ёки зафар қучасану кўзим қувонча тўлади. Зинҳор ўзингга тақдим қилинган ва тўғри келмайдиган режани ўлмдан қўрқиб қабул этмагин», деди».

Шарҳ: Бу ҳадисда айтилганидек, Асмо розияллоҳу анҳо ҳол сўраган ўғилларига касалман, дард чекяпман, деганлари шикоят эмас экан. Агар шикоят бўлганида, Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо каби буюк оналаримиз бу гапни айтмаган бўлардилар.
Бу масала бўйича келган ҳадиси шарифларни жамлаб ўрганиб чиққан уламолар, бемор ўз беморлиги ва унинг шиддати ҳақида хабар бериши жоиз дейдилар. Бунда дуо, даво ва маслаҳат сўраш маъноси бор. Фақат бу нарсага шариат манъ қилган нарса аралашмаслиги шарт. Беморнинг ўз хасталиги ҳақида хабар беришида жамоат ва ибодатга ҳамда шуларга ўхшаш бошқа ишларга қатнаша олмаслик узри ҳам баён бўлади.
Бу масалада ҳолдан хабар бериш билан шикоятнинг фарқи борлигини ажратиш керак. Шикоят ўзига етган нохушликка эътироз билдиришдир. Бу эса динимизда манъ қилинган. Аммо дуо, даво ва тасалли умидида бор нарсанинг хабарини айтиш жоиз.
Асмо – ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнисингиллари, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг опалари бўладилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр эса у кишининг ўғиллари бўладилар. Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Зубайрни Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий деган золим одам Масжидул Ҳаромга қамал қилиб олиб, қаттиқ уруш кетаётган эди. Мазкур қамал етмиш иккинчиҳижрий сананинг эртага биринчи Зул-Ҳижжа деган кечаси бошланган эди.
Демак, Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳаёт-мамот жанги кетаётган бир пайтда укалари Урва ибн Зубайр билан бирга оналарининг олдига кирганлар. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳума ўша пайтда касал бўлиб ётган эканлар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Мен ўлимнинг қаршисида турибман. Жанг бўляпти. Душман менга ғолиб келяпти. Тирик қолишимдан умид йўқ шекилли», дедилар.
Асмо розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Нима, онам мендан олдин ўлсайди, деяпсанми? Менинг ўлимимни ҳоҳлаяпсанми? Шунинг учун мана шу гапларни айтяпсанми? Йўқ, ундай қилма. Аллоҳга қасами, мен сен ё ғолиб келмагунингча, ё қатл бўлмагунингча ўлмоқчи эмасман. Ё жангда ғолиб кел, кўзим қувонсин ёки сени ўлдиришсин-да, сенинг ўлимингга мен чидаб, савоб олай. Бошқа гап йўқ. Сенга бирор режа айтиб, шартлар қўйишса, кўнмагин. Ўлимдан қўрқиб, уларнинг айтганини, уларнинг шартини қабул қилмагин. Ўзингнинг айтганингда маҳкам тур!».
Юқоридаги гаплардан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у ердан чиқдилар. Бу ерда ёзилмаган ривоятларга кўра, урушни давом эттирдилар. Ҳамма одамлари ўлиб, бир ўзлари қолганлар. Шунда ҳам урушаверганлар.
Бироз уруш тўхтаганда яна оналарининг олдиларига кирганлар ва: «Ҳамма одамларим ўлиб бўлди, битта ўзим қолдим» деганлар.
Асмо розияллоҳу анҳо: «Чиқиб, урушавер» деганлар.
Ўғиллари: «Мен урушавераман, лекин ўлганимдан кейин теримни шилишармикан, деб қўрқяпман» десалар, оналари «Ўлган қўйнинг терисини шилишди нима-ю, шилишмади нима? Чиқ, уриш!» деганлар.
Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр чиқиб, катта бир қўшинга қарши якка ўзлари жанг қилганлар ва шу ерда қатл қилинганлар. Бу тўқсон ёшга етиб кўзлари ожиз бўлиб қолган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган саҳобия аёлнинг шижоати эди.
Имом Ибн Жарир Тобарий етмиш учинчи ҳижрий сана ҳодисалари ҳақида ёзган маълумотларида жумладан қуйидагиларни баён қилади:
«Одамларнинг номардлиги кўргандан кейин онаси Асмонинг олдига кирди ва:
«Онажон! Одамлар, ҳатто болам ва аҳлим ҳам мени ёрдамсиз қўйдилар. Мен билан бир соатга сабр қила оладиган озгина одамлардан бошқа ҳеч ким қолмади. Анави қавм эса, менга дунёдан нимани истасам ўшани беришга тайёр. Нима дейсиз?» деди.
«Сен, болам, Аллоҳга қасамки, ўзингни ўзинг яхши биласан. Агар ўзинг ҳақда эканингни билсанг ва унга даъват қилаётган бўлсанг, давом эт. Шерикларинг қатл бўлдилар. Бани Умаййанинг ғуломлари сени ўйин қилишларига имкон берма. Агар дунёни истаган бўлсанг, сен қандай ҳам ёмон бандасан! Ўзингни ҳам ҳалок қилдинг. Сен билан қатл бўлганларни ҳам ҳалок қилдинг. Агар «ҳақда эдим, аммо шерикларим кучсизланганда мен ҳам заифлашдим» дейдиган бўлсанг, бу ҳурларнинг ва дин аҳлининг иши эмас. Дунёда абадий қолармидинг?! Ундан кўра ўлган яхши!
Ибн Зубайр яқинлашиб онасининг бошидан ўпти ва:
«Аллоҳга қасам! Менинг фикрим ҳам шундай! Мен бугунги кунгача чақириб келган нарса шулки, мен дунёга мойил бўлмадим ва ундаги ҳаётга муҳаббат қўймадим. Мен хуруж қилишга ундаган нарса фақатгина Аллоҳ учун Унинг ҳарамини ҳалол саналгани бўлди. Мен сизнинг фикрингизни билмоячи эдим, холос. Бас, сиз менинг фаҳмимни зиёда қилдингиз. Назар солинг, онажон! Ушбу кун мен қатл бўламан. Маҳзунлигингиз шиддатли бўлмасин. Аллоҳнинг амрига таслим бўлинг. Сизнинг ўғлингиз мункар иш ва фоҳиша амал қилишга одатланмаган. Аллоҳнинг ҳукмида жавр қилмаган. Омонатга хиёнат қилмаган. Менинг учун Роббимнинг розилигидан кўра устун нарса бўлмаган.
Аллоҳим! Мен буни ўзимни ўзим оқлаш учун айтаётганим йўқ. Сени мени ўзимдан яхши биласан. Аммо буни онам учун тасалли бўлиши учун айтмоқдаман», деди.
Шунда онаси унга:
«Албатта, Аллоҳдан сенинг азанг мен томонимдан яхши бўлишини сўрайман. Албатта, агар мендан олдин кетсангю агар мен сендан олдин кетадиган бўлсам, ўзи учун. Чиқ! Ишининг охири нима бўлишини кўрай», деди.
«Онажон. Аллоҳ сизга яхши мукофот берсин. Мени олдин ҳам, кейин ҳам дуодан бебаҳра қилманг», деди.
«Ҳеч ҳам дуони қўймайман. Одамлар ботил йўлида қатл бўлсалар, сен ҳақ йўлда қатл бўлмоқдасан.
Аллоҳим! Узун кечалардаги узоқ қиёмлар раҳмини қилгин! Мадийна ва Макканинг иссиқларидаги йиғилар ва чанқоқлар раҳмини қилгин! Отасига ва менга қилган яхшиликлари раҳмини қилгин!
Аллоҳим! Уни Ўз ишинг учун Ўзингга топширдим! Менга раво кўрган қазоингга рози бўлдим! Абдуллоҳ ҳақида менга сабр ва шукр қилувчилар савобини бергин!» деди...».
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу етмиш учинчи ҳижрий сананинг Жумадул Аввал ойининг ўн учинчи куни, Масжидул Ҳаромда қатл этилдилар.

 Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иситмалаб, қатийфа ёпиниб ётганларида ҳузурларига кирди. Бас, қўлини У зотнинг устларига қўйди. Қатийфанинг устидан ҳароратни сезди. Шунда Абу Саъийд:
«Иситмангиз бунча ҳам кучли, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.
«Биз шундаймиз. Бизга бало шиддатли бўлади ва ажр кўпааяди», деди лар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Одамларнинг қай бирининг балога учраши шиддатли?!» деди.
Анбиёларнинг. Сўнгра солиҳларнинг. Улардан бири фақирлик балосига учрарди. Ҳаттоки йиртилиб кетган чопондан бошқа кийгани нарса топа олмасди. Бит балосига йўлиқарди. Ҳаттоки уни ўлдирарди. Уларнинг бирининг бало туфайли севинчи, сизларнинг биринизнинг ато туфайли севинчидан кўра кучли бўларди», дедилар».
Шарҳ: улуғ саҳобий Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу истималаб ётган пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргани крисалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига араблар қатийфа деб номлайдиган чопонга ўхшаш нарса ёпиб қўйилган экан. Ровий ўша чопонга қўлларини қўйибдилар. Қарасалар, иситманинг ҳарорати чопоннинг устигача чиқяпти.
Шунда Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мунча ҳам қаттиқ иситмалабсиз?» - деб сўрабдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, биз шунақамиз. Бизга бало шиддатли бўлади ва шу сабабли ажр кўпайтириб берилади», - дебдилар.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Одамларнинг қайсиларига бало шиддатли бўлади?» - деб сўрабдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Авлиёларга. Улардан кейин аҳли солиҳ кишиларга. Бир пайтлар улардан бирларига фақирлик етар эди. Ҳаттоки битта йртилиб кетган кийимдан бошқа нарсаси қолмас эди.
Баъзиларига бит тушиб кетиб, ўша битлар уни ўлдириб ҳам юборар эди. Ана шундай балоларга ҳам учраган аҳли солиҳлар. Ана ўша аҳли солиҳ кишилар ўзига бало етса, сизлар ато етганда хурсанд бўлганингиз каби хурсанд бўлишарди», дебдилар.
Ушбу ҳадисдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига етган касаллик, иситма шиддатларини Аллоҳнинг раҳмати, Парвардигори оламнинг меҳрибонлиги деб қабул қилганлари маълум бўлади. Бу нарса фақат у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эмас, бошқа Пайғамбарларга ҳам етган экан.
Энг шиддатли балоларга пайғамбарлар, улардан кейин аҳли солиҳлар дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз даврларида одамларни тўғри йўлга бошлаш, мол-дунёни, мансабни ва бошқа нарсаларни қўйиб, Аллоҳга юзланишга чақирганлар, ўша пайтдаги мушриклар, кофирлар, мунофиқлар, золимларнинг дашномини, озорини еганлар. Баъзиларини ўлдиришган, баъзиларини юртидан қувиб чиқаришган ва ҳоказо.
Пайғамбарлар ана шундай оғир машаққатларга чидаб, Аллоҳ таолонинг буйруғини бажо келтиришган.
Аҳли солиҳлар, уламолар ҳам доим катта бир балоларга мубтало бўлишган, қувғинларга учраб, қийин ҳолларга қолиб ўтишган, чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, уларга пайғамбарларнинг шарафли вазифалари билан бирга балоларга учрашлари ҳам мерос бўлиб қолган.
Лекин улар бундан шикоят қилишмас эди, ўзларига етган балони Аллоҳдан берилган ато деб қабул қилишар эди. Оддий одамлар ўзига кутмаган жойдан катта дунё келиб қолганда қандай хурсанд бўлишса, анбиёлару солиҳлар ҳам ўзларига етган балоларга шундай хурсанд бўлишар, уни Аллоҳнинг раҳмати, инояти деб қабул қилишар эди.
Демак, биз ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим. Ўзимизга баъзи нохушликлар етиб синовга учрасак, сабр қилишмиз, бу нарсаларни сокинлик ила қабул қилишмиз керак.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz