Еттинчи далил. Урф Принтер учун
03.06.2010 й.
islom.uz

Бу бобда урфнинг таърифи, у билан ижмоъ ўртасидаги фарқ, урфнинг турлари, унинг ҳужжат экани ва татбиқ қилиш ҳолатлари ўрганилади.

«Урф» одамлар ўрганиб қолган, яъни одамларга таниш бўлиб қолган иш ёки сўз бўлиб, ораларида машҳур бўлган нарсадир.
Баъзи китобларда осон қилиб «ал-урфу маа таъаарофа алайҳин-наасу», яъни «одамлар ўрганиб қолган нарса урф» деб қўя қолишган. Одамлар ичида маъруф, машҳур бўлиб қолган нарса «урф» дейилади. «Арафа» сўзидан олинган.
Урф иккига: амалий ва қовлийга бўлинади.
Одамлар ўрганиб қолган иш – амалий урфни уламолар «одат» деб атайдилар.
Амалий урфга – одатга мисол одамлар савдо қилганда, бири савдо молини беради, бири пулини беради. Иккови ҳам тегишини олиб, индамай кетаверади. Олдим-сотдим деб ёки қўл ушлашиб ийжоб-қабул масаласини алоҳида лафзлар билан расмиятчилик қилинмайди. Бири «Бу нарсангиз неча пул?» дейди. Сотувчи «10 сўм» деса, пулини бериб, олиб кетаверади. «Мен сотдим, сиз қабул қилдингиз, олдингиз», деган гаплар йўқ. Шу олди-бердининг ўзи савдонинг тугаганига далолат қилади, бу амалий урф, бу ерда гап йўқ.
Шунингдек, одатда, маҳрнинг қанчалигини сўралаверади-ю, лекин одамлар ўрганиб қолишган – бир бўлагини олдин, қолганини кейин беришади.
Шунга ўхшаш, буғдой, гуруч, қўй гўшти, мол гўштини одамлар индамай олиб, суриштирмай еяверади. Чунки, одамлар шу нарсаларни ейишга ўрганиб қолган, бу нарса урф бўлиб қолган.
Урф қовлий, яъни гап маъносида ҳам бўлади. Унда луғатнинг эътиборидан ташқари ҳолатда, бир сўзни маълум бир маънода ишлатиш урф бўлиб қолади. Эшитганда эшитувчининг хаёлига ундан бошқа нарса келмайди.
Қовлий урфга мисол: араблар «валад» сўзини фақат ўғил болага ишлатишга ўрганишган. Аслида, «валад» сўзи ўғил-қиз икковини ҳам жамлайди. Ўзининг боласини «валад» дейди, ўғилми, қизми фарқи йўқ. Лекин араблар ўғилни «валад», қиз болани «валийда» дейди.
«Самак» (балиқ) дейилаверади, лекин ҳеч ким «балиқ гўшти» демайди. Урфда шундай бўлиб қолган, «балиқ» деса ҳам гўшти тушунилаверади.
Араблар отни «фарас» ёки «Добба» дейишади. «Рокибту добба» деса, «отни миндим» дегани экан.

Урф билан ижмоъ ўртасидаги фарқ.
Ижмоъ умматнинг мужтаҳид даражасига етган уламоларининг иттифоқи билан юзага келади. Урфда ҳамма иттифоқ қилиши шарт эмас, мужтаҳидлар иштирок этиши ҳам шарт эмас. Кўпчилик ичида тарқалиб қолган нарсани «урф» дейилаверади.

Урфнинг турлари.
Урфнинг амалий тури ҳам, қовлий тури ҳам иккига бўлинади: умумий урф ва хусусий урф.
«Умумий урф» деб, маълум бир босқичда одамларнинг кўпи ўрганиб қолган нарсаларга айтилади. Мисол учун, истисноъ ақди бор. Бир нарсанинг ҳунарманд томонидан ясаб берилиш шартномаси. Мана пулинг, менга иккита дераза ясаб бер дейди. Урфда шундай бўлиб қолган. Пулини аввалдан бермаса, усталар ясаб бермайди. Аслида эса, йўқ нарсага пул бериб бўлмайди.
Арабларда эр-хотин орасидаги муомалада ҳаром сўзини талоқ ўрнида ишлатиш урф бўлиб қолган экан. Фалончи хотинини ҳаром қилибди деса, талоқ қилибди деган бўлар экан.
Қадимда ҳаммомга борилса, «биз ҳаммомга келдик», дейилса, «Киринглар», деб киргизиб юборар экан. «Қанча пулинг бор, бир соати шунча сўм» дейилмас экан. Ярим соат, бир соат ўтириб, ювиниб чиқиб, атаганини ташлаб кетаверган. Ана шу урфга кирган.
Хос урф деганда, маълум бир минтақа, иқлим, шаҳар, қишлоқ ёки муайян тоифанинг одамлари ўзаро ўрганиб қолишган нарсалар тушунилади.
Мисол учун, ироқликлар отни добба дейишар экан. Бу қовлий урфга мисол. Тожир одам дафтарига ёзиб борган нарсани ҳужжат қилса бўлар экан. «Мана дафтаримга ёзиб қўйибман, сен фалон вақтда иккита кўйлак олиб кетиб пулини бермаган экансан», деса, гапи инобатга олинар экан.
Урф шаръан эътиборга олиниши ва олинмаслиги жиҳатидан иккига бўлинади:
саҳиҳ урф ва фосид урф.
1. Саҳиҳ урф.
Саҳиҳ урф одамлар орасида танилиб қолган, лекин ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилмайдиган урфдир.
Мисол учун, истисноъ ақди бўлганда харидор «бойвоши» бериши. Бизда ҳозир одамлар буни рус тилидан олиб «заклад» деб ўрганишган. Арабчада «ъарбун» дейилади, бизда «байъ боши», яъни байънинг бошидан бериб туриладиган маблағ. Ана шуни бериш саҳиҳ урф экан.
Шунингдек, аёл маҳридан бир қисмини олмагунча эри тайёрлаб қўйган уйга бормаслиги ҳам саҳиҳ урф ҳисобланади. Никоҳ бўлган бўлса ҳам, отасиникида ўтираверади. «Боргин» деса, «олдин маҳрини берсин», дейди. Маҳрини бермагунча, эр аёлига бир ёққа юр дейишга, нафсини хоҳлашга ёки бошқа иш қилишга ҳаққи йўқ. Фақат, аёл ўзи рози бўлса, ҳаққи бор. Йўқ деса, гуноҳкор бўлмайди, итоат маҳр бергандан кейин бўлади.
Совчи қўйиб турган томон келинга олдиндан, келинликка номзод сифатида берган нарсалар ҳадя ҳисобланиши, маҳр ўрнига ўтмаслиги ҳам саҳиҳ урф экан.
2. Фосид урф.
Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилган урф «фосид урф» ҳисобланади. Фосид урф одамлар орасида тарқалган бўлади. Уни кўпчилик қилади. Лекин шариатга тўғри келмайди. Шунинг учун, бу «фосид урф» дейилади.
Мисол учун, рибо тарқалган бўлиши мумкин. Одамлар қилаяпти-ю, деб ўша ишни қилишга мўмин-мусулмон кишининг ҳаққи йўқ.
Аёлларнинг номаҳрамлар билан аралаш-қуралаш бўлиши ҳам фосид урф. Зиёфатларда маст қилувчи ичимликларни тарқатиш, ўйинга тушиш ва бошқалар. Буларнинг ҳаммаси шариатда йўқ, фосид урф ҳисобланади.

Урфнинг шариатда ҳужжатлиги.
Фосид урфга амал қилинмайди. Чунки, у шаръий далилларга ва шариатнинг аҳкомларига тамоман зид нарса.
Шунинг учун, урф қандай урф бўлишидан қатъиназар дастурга, умумий низомга мухолиф бўлса, уни қонун деб эътибор қилинмайди. Шунингдек, шариат нуқтаи назаридан, рибовий муомалалар, ғарар – алдамчилик ёки ноаниқлик асосидаги муомалалар ҳеч вақт мумкин деб айтилмайди. Чунки, бу нарсалар шариатда келган насс(матн)ларга хилофдир.
Аммо, урф саҳиҳ – тўғри бўлса, бу қонунчиликда ҳам, қозичиликда ҳам, ижтиҳодда ҳам эътиборга олинади. Чунки, саҳиҳ урф шариат аҳкомларига хилоф эмас ва у шариат аслларининг бирортаси билан тўқнашмайди. Шунинг учун ҳам, уламолар, одат муҳкам шариатдир, урф билан собит бўлган нарса худди шариатдаги далил, насслар билан собит бўлган нарсадекдир, дейишган.
Саҳиҳ урфни эътиборга олиш далили шуки, бу урф инсонларнинг ҳожатларига мулойим келади, улардан тангликни кўтаради, машаққатни қайтаради. Агар саҳиҳ урфни эътиборга олинмайдиган бўлса, инсонлар танглик ва торликка тушиб қоладилар. Батаҳқиқ, шариат арабларнинг баъзи урфларини эътироф қилган. Агар улар шариат асосларига тескари бўлмайдиган, умумий қоидаларидан чиқмайдиган бўлса.
Мисол учун, биров бировни хато тарийқасида ўлдириб қўйса, унинг хуни қотилнинг ота тарафдан бўлган қариндошларининг зиммасига тушади. Араблар аввалдан шуни қилиб келган. Исломдан олдин ҳам қилишган. Ислом ҳам шу урфларини тасдиқлаб, иқрор қилган.
Уйланишда эр-хотин ўртасида куфув-тенглик бўлишини йўлга қўйиш маъноси ҳам шунга ўхшаш. Бу ҳам урф асосида бўлган нарсалардан.
Валий бўлиш, ҳамда мерос олиш масаласида асаба – ота тараф қариндошлик эътиборга олинган. Яъни, насл жиҳатидан ота тарафдан бўлган қариндошларнинг валий бўлиш ва мерос олиш ҳаққлари бўлган.
Аммо, фосид ва зарарли урфларни шариат қабул қилмаган. Рибо, қимор, қизларни тириклайин кўмиб юбориш ва аёлларни меросдан маҳрум қилиш каби зарарли урфларни шариатимиз қабул қилмаган, буларни ботилга чиқарган.
Урф ўзи мустақил далил ҳисобланмайди. Кўпинча у маслаҳатул мурсалага амал қилиш орқали юзага чиқади. Урфни насслар, оят-ҳадисларни тафсир қилишда ишлатиш мумкин, риояси эътиборга олиниши мумкин.
Урф билан оммни хос қилиш мумкин, мутлақни муқайяд қилиш мумкин.
Гоҳида урфни қолдириб, қиёсни тарк қилишга ҳам тўғри келиб қолади. Ижтиҳод пайтида янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш учун урфга суяниш ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам, фуқаҳолар: шариатда мутлақ – қайдсиз келган барча нарсалар, агар уни забт қилиб турувчи нарсаси бўлмаса, луғатда ҳам бир тайин қилувчи нарсаси бўлмаса, урфга қайтилади, деганлар. Мисол учун, ўғриликни қайд қилиш учун ҳарзни – қўриқлашни шарт қилинган. Ҳарз – молни эгаси беркитиб-тўсиб, ўғирланишини қийинлаштириб қўйишидир. Биров дўконнинг эшигини ёпган эди-ю, эшикнинг тешигидан бир нарса думалаб ташқарига чиқиб қолибди. Шуни олган одам ўғри ҳисобланмайди ва унинг қўли кесилмайди. Чунки, бу ерда ҳарз йўқ. Олинган мол одамнинг кўзини ўйнатиб чиқиб турибди. Агар унинг эшигини ёпиб, қулфлаб, «ёпиқ» деган ёзувни осиб қўйганда, қўл тиқса олиб бўлмайдиган ҳолатда ойнани синдириб олса, ўғри ҳисобланади ва қўли кесилади.
Урфда ҳарзсиз турган молни олган одам «ўғри» дейилмас экан. Яъни, эгаси томонидан яхшилаб беркитиб қўйилмаган мол-мулкни ўғирлаган одам қўли кесиладиган даражадаги ўғри деб айбланмайди.
Шунингдек, икки киши олди-сотди қилиб, тарқалиб кетишди. Ажрашиш билан савдо битди. Кейин айниб қолса, нариги тараф «Йўқ, оғайни, савдо охирига етган. Айнишга ҳаққинг йўқ», деса, у ҳаққ бўлади. Агар бу ерда хиёрни шарт қилмаган бўлса, албатта.
Ҳайзда ҳам, урфга биноан, ҳар бир хотиннинг ўзининг ҳолати, одати бор.
Қўриқ ерларни ўзлаштириш. Қуриб ётган, ҳеч ким қарамайдиган ерни биров бориб сув чиқариб, дарахт экиб, ўраб олса, ўзиники бўлади. Бу ҳам урф билан собит бўлган.
Биров бошқанинг молини ғасб қилган эди. Мол эгаси ҳалиги одамни топиб, молини куч билан олса ҳам, урфда ўз молини қайтариб олган бўлади.

Унинг татбиқ этилиши.
Фуқаҳолар урфнинг тақозосига бир неча масалаларда амал қилганлар. Шулардан бири, истисноънинг мубоҳ деб эълон қилинишидир. Чунки, одамлар бу нарсага ўрганиб қолган, улар шу амалга муҳтож. Шу нарса бўлмаса, қийналиб қолинади. Аслини олганда, бу нарса йўқ нарсани сотишдан иборат. Йўқ нарсани сотиш эса, шариатда мумкин эмас. Лекин, бу ерда фарқ бор. Йўқ нарса осмондаги қуш эмас, дарёдаги балиқ эмас, балки қилиниши лозим бўлган дераза ёки эшик. Уста озроқ пул олиб турмаса, хом-ашё топа олмайди. Пулнинг бир қисмини олдиндан олиб, қолганини битириб бергач олади. Бу иш урф бўлиб қолган. Бу ерда хиёнат йўқ, алдаш йўқ, умумий қоидадаги каби, бутунлай йўқ нарса ҳам эмас. Хом-ашёси бор, энди шу нарсаларни олиб, ясаб берса, ортиқча гапга ҳожат йўқ.
Унашиб қўйиб юрган пайтда уй учун тайёрланган нарсаларнинг ҳаммаси келиннинг сепига айланиши ҳам урф билан собит бўлган.
Биров бир уйни сотди. Уйнинг тепасида болохона бор. Болохони айтмасдан савдо қилишди. Кейин уйнинг эгаси келиб, «Болохонасини айтмабмиз, бу меники бўлади, ўзим кириб-чиқиб тураман, дейишга ҳаққли эмас. Урфда мана шу болохона ҳам манзилга қўшилиб кетган.
Шунингдек, мева, сабзавот ва кўкатларни, шакли кўриниб қолган бўлса, сотса бўлар экан. Қовун, анжир, узум, бақлажон, ошқовоқ кабилар ҳам шунга ўхшаш. Урфда зарурат юзасидан бу амалга рухсат берилгани учун. Аслида эса, йўқ нарсани сотишдан иборат бўлгани учун, бу ишга рухсат йўқ.
Шариат бўйича, савдо қилаётганда устига шарт қўйиб бўлмайди. Харидор «Сендан сотиб олган нарсам бир йил ичида бузилиб қолса, тузатиб берасан», деб шарт қўя олмайди. Лекин ҳозирги пайтда баъзи бир уйда ишлатиладиган асбоб-ускуналар: музлатгич, соат, радио, кир ювиш машиналари ва бошқаларни сотаётганда бир йиллик ёки уч йиллик кафолати билан сотилади. Шу муддат ичида бузилиб қолса, сотувчи томон тузатиб беради. Урф шуни қабул қилган, ўрганилган, кафолат деган нарса бор. Бўлмаса, тез бузиладиган нарсаларни сотиб, одамларни алдаш кўпайиб кетиши мумкин. Шу тарафларини эътиборга олиб, бунга рухсат берилган.
Вақф қилишнинг лафзлари ҳам ўзининг замонасида тарқалган гап-сўзлар билан бўлади. Ҳанафийлардан Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи кўчар мулкни кўчмас мулкдан алоҳида вақф қилса бўлади, деганлар. Ўзи, аслида, ҳанафийлар абадийликка вақф қилади, дейдилар. Бу ерда фақат кўчмас мулкни вақф қилиш керак, деган гап чиқади. Лекин одамлар ўрганиб қолгани учун, Муҳаммад ибн Ҳасан, кўчар мулкни ҳам вақф қилса бўлади, деган эканлар.

Урфнинг ўзгариши ила ҳукмнинг ўзгариши.
Урфнинг шариатда эътиборга олингани ва фақиҳлар унинг асосида баъзи ҳукмлар чиқарганидан кейин, мазкур ҳукмлар турли бўлди. Бунинг сабаби урфларнинг турли бўлгани эди. Зотан, асл ўзгарса, унга боғлиқ нарсанинг ҳам ўзгариши турган гап.
Шунинг учун, бир мазҳабнинг имомлари ҳам урф-одатнинг ўзгаришини эътиборга олиб бир масалада турли ҳукмлар чиқарганларини кўрамиз. Шунингдек, кейинги уламолар олдингиларига хилоф қилганларининг шоҳиди бўламиз. Бу каби ихтилофларни уламоларимиз аср ва замон ихтилофи, ҳужжат ва бурҳон ихтилофи эмас, дейдилар.
Мазкур ихтилофларга баъзи мисоллар келтириб ўтамиз:
1. Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадд ва қасосдан бошқа масалаларда гувоҳларнинг сиртқи адолатларига қараш билан кифояланар ва уларни текшириб ўтирмасдан, гувоҳлигини қабул қилишни маъқул кўрар эди. Шаръий истилоҳ билан айтганда, «тазкия»ни шарт қилмас эди.
«Тазкия»дан мурод қозини яхши таниган шахс воситасида гувоҳнинг адолатини аниқлаш ва унинг аҳволини ўрганишдир. Кейинги уламолардан баъзилари тазкиянинг ўрнига гувоҳга ҳаққ ила гувоҳлик бериш ҳақида қасам ичириш ҳақида фатво берганлар.
Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг даврларида одамларда аҳли солиҳлик устун бўлгани учун, гувоҳларнинг гапини тазкиясиз қабул қилишга рухсат берган эдилар.
Аммо, имом Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг даврига келганда одамларнинг ҳоли ўзгариб, уларнинг ичида ёлғончилик тарқалиб, кўпгина ҳуқуқлар зое бўлишни бошлагани учун, Абу Ҳанийфа айтганидек, гувоҳнинг зоҳирий адолатини эътиборга олиб, тазкиясиз гувоҳлигини қабул қилиш зарар келтирадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам, икковлари мазкур зарарни дафъ қилиш учун барча ҳуқуқларда гувоҳларнинг тазкиясини шарт қилиб қўйдилар.
2. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи султондан бошқадан мажбурлаш юзага чиқмайди, дер эдилар. Яъни, бир ношаръий ишга султон мажбурласа, мажбурланган шахс узрли ҳисобланади. Бошқа одамнинг мажбурлаши узрга ўтмайди, дер эдилар.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо: султондан бошқадан ҳам мажбурлаш содир бўлади, дейишди.
Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳидан бу гапнинг чиқиши у кишининг даврида султондан бошқада куч-қудрат бўлмагани сабабли эди. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг даврларига келиб ҳолат ўзгарди ва султондан бошқадан ҳам мажбурлаш содир бўладиган бўлди. Улар ўз вақтларидаги ҳолатни эътиборга олиб, мажбурлаш султондан ҳам, ундан бошқадан ҳам содир бўлади, дейишди.
3. Ҳанафий мазҳаби бўйича, зўравон бировдан зўрлик билан тортиб олган нарсасига унинг қийматини орттирадиган нарсани зиёда қилса, нарсанинг эгаси икки ишдан бирини ихтиёр қилиш ҳаққига эга эканига қарор қилинган эди. Истаса, тортиб олинган нарсасини қайтариб олиб, зиёданинг қийматини берар ёки тортиб олинган нарсани зўравонда қолдириб, ўзи уни тўлатиб олар эди. Шунда, эгасининг ҳам, зўравоннинг ҳам ҳаққи сақланган бўларди. Агар зўравон тортиб олинган нарсага нисбатан унинг қийматини пасайтирадиган иш қилса, эгаси нуқсонни тўлатиб олиш ҳаққига эга эди.
Сўнгра имом ва икки соҳиби, агар бир шахс кийимни зўравонлик билан тортиб олса ва уни қорага бўяб қўйса, деган масалада ихтилоф қилдилар. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи: бу унинг қийматига нисбатан нуқсондир, дедилар. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар: бу худди сариқ ёки қизилга бўяган каби унинг қийматига зиёдадир, дейишди.
Ушбу ихтилофнинг сабаби урфга қайтади. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг даврларида бани умаййаликлар қора кийим кийишмас ва у нарса қораланар эди. Икки соҳибнинг даврига келганда эса, бани аббосликлар қора кийим кийишар ва бу рангни ўзларига шиор қилиб олишган эди. Шунинг учун, бу рангдаги кийим мақталарди. Бас, икки тараф ҳам ўз давридаги урфга муносиб ҳукм чиқарган эди.
4. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг иттифоқ қилишларича, Қуръон таълими учун ҳақ олиш жоиз эмас. Чунки, бу иш тоат ва ибодат бўлиб, бошқа тоат ва ибодатларга ҳақ олиб бўлмагани каби бу ишга ҳам ҳақ олиб бўлмайди. Ушбу ҳукм уни чиқарган уламоларнинг замонига муносиб эди. Ўша пайтларда Қуръон муаллимларига расмий равишда маош берилар эди. Аммо, вақт ўтиши билан вазият ўзгарди. Қуръон муаллимларига расмий маош берилмай қўйди. Энди муаллимлар Қуръон таълими ила машғул бўлсалар, оч қоладиган, маош касбига уриниб кетишса, Қуръон зое бўладиган бўлди. Бу икки ҳолат ҳам Қуръон таълими учун ҳақ олишни манъ қилувчи ҳукмдан келиб чиққан зарарга айланиб қолди.
Кейинги уламолар бу ҳолатни кўрганларидан кейин мазкур ҳукмдан қайтдилар ва Қуръон таълими, имомлик, азон ва бошқа тоатлар учун ҳақ олиш жоизлиги ҳақида фатво чиқардилар. Чунки, уларнинг замонида, катта имомлар замонига хилоф равишда, урф ўзгарган эди.
5. Ҳанафий мазҳаби имомларининг иттифоқига биноан, сотилаётган ҳовлини кўришда унинг сиртини ва баъзи ҳужраларини кўриш кифоя қилади. Худди шу кўриш, Ҳанафий мазҳаби бўйича, харидорга берилган кўриш ихтиёрини соқит қилади.
Аммо, кейинги уламолар бу фикрдан қайтдилар ва ҳовлининг барча ҳужраларини кўриш шарт, дедилар. Чунки уларнинг замонида ҳовли қуриш урфи ўзгариб кетган эди. Аввалги пайтларда ҳужраларни бир хилда қуриш одати бор эди. Шунинг учун, улардан баъзисини кўриш ҳаммаси ҳақида илм ҳосил қилиш учун кифоя қилар эди. Кейинги уламолар даврида ҳовли қуриш урфи ўзгарди. Бир ҳовлида турли ҳужралар қуриш урф бўлади. Шунинг учун, барча ҳужраларни кўриш эҳтиёжи туғилди.
Кўриб турибмизки, урф шариат, қозилик ва фатвонинг сермаҳсул манбаъларидан биридир. Шариатда урфни эътиборга олишнинг ўзи ислом фиқҳининг барча замон ва маконларга салоҳиятли экани, сермаҳсуллиги, ҳамиша нақиронлигининг ёрқин далилидир.

 
« Олдинги   Кейинги »