Шеърда ҳам ҳикмат бўлади Принтер учун
16.02.2010 й.
islom.uz

Холид ибн Кийсондан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурида эдим. Шунда Иёз ибн Ҳайсама ўрнидан туриб:
«Эй Форуқнинг ўғли! Сенга ўз шеърларимдан айтиб берайми?» деди.
«Ҳа! Фақат яхшисини айт», деди.
У шеър ўқишни бошлади. Ибн Умарга ёқмаган жойга келганда унга «Тўхта!» деди
».

Шарҳ: Демак, яхши, ҳикматли шеърни эшитса бўлар экан. Бундан бошқача шеърни ўқимаслик, эшитмаслик керак эканлиги чиқади.

Қатодадан, у Мутрофдан эшитган, ривоят қилинади:
«Имрон ибн Ҳусойн билан Куфадан Басрагача ҳамроҳ бўлиб бордим. Қаерга борсак, менга шеър айтганини эшитдим. «Таъризда ёлғондан қутулиб қолиш бор», дер эди».
Шарҳ: Таъриз - ишора қилиб, икки маънони қамрайдиган қилиб гапириш. Шеърда ҳам бир лафзда икки хил маънога ишора қилиш имкони бор. Бирини айтилади, бироқ бошқа нарсага ишора қилинади. Шу йўл билан ёлғон гапдан қутулиб қолинади.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, баъзи шеърда ҳикмат бор», дедилар
».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида барча шеърларда бўлмаса ҳам, баъзиларида ҳикмат борлигини тасдиқламоқдалар. Ўз-ўзидан ҳикат нима деган савол пайдо бўлади.
«Ҳикмат» сўзи луғатда ман қилиш, ман қилганда ҳам ислоҳ учун ман қилишни англатади.
Араблар юганнинг сулувини ҳам ҳайвонни эгаси истамайдиган нарсадан ман қилишда ишлатилиши учун ҳакама дейдилар.
Ҳикмат ҳам жаҳолатдан ман қилигани учун шу ном билан аталган.
Уламолар ҳикматни қуйидагича таърифлайдилар:
Имом Ғаззолий: «Ҳикмат афзал нарсалар ҳақида афзал илмалар ила маърифат ҳосил қилишдан иборатдир», деганлар.
Кафавий: «Ҳикмат инсон нафсининг назарий илмларни иқтибос қилишга ва тоқатига яраша фозил амаллларни бажаришга тўлиқ малака касб қилишга ишлатишдир», деган.
Муфассирлар: «Ҳикмат ҳақни ҳақлиги учун билиш ва шаръий таклифлардан иборат яхшиликни унга амал қилиш учун билишдир», деганлар.
Аҳли сулук: «Ҳикмат нафснинг офотлари, шайтон ва риёзатлар ҳақидаги маърифатдир», деганлар.
Улар яна: «Ҳикмат ақлий амалий қувватнинг маккорлик ва аҳмоқлик орасидаги ўртача ҳайъатидир. Бу маънода ҳикмат жаврнинг тескариси бўлган адолатдир», деганлар.
Ҳикмат кишидаги малака бўлиб, гап ва ишнинг ҳаммасини ўз жойида, камчиликсиз адо этишни билдиради. Айни чоқда, Пайғамбарларнинг суннатларига-шариатларни баён қилиб беришларига ҳам ҳикмат дейилади.
Саҳоба ва уламоларнинг ҳикмат ҳақидаги гапларидан.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ҳикмат нашр қилинадиган ва раҳмат умид қилинадиган мажлис қандай ҳам яхши мажлис», деганлар.
Абу Абдурроҳман Ҳулубий: «Биродарингга қиладиган энг афзал ҳадиянг ҳикматли сўздир», деган.
Каъб розияллоҳу анҳу: «Қуръонни лозим тутинглар. У ақлнинг фаҳми, ҳикматнинг нури ва илмнинг булоғидир», деган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Табиблар парҳез тибнинг боши эканига келишганлар. Ҳукамолар сукут ҳикматнинг боши эканига келишганлар», деган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: «Болагинам, ҳикматни лозим тутгин. Албатта, ҳикматнинг барчаси яхшиликдир. У кичикни каттадан, қулни ҳурдан шарафли қиладир. У хожанинг хожалигини зиёда қиладир ва фақирни подшоҳлар ўрнига ўтқазадир», деган.
Собит ибн Ажлон Ансорий: «Аллоҳ ер аҳлига азобни ирода қилганда, бирдан болаларга ҳикмат таълим берилаётганини эшитиб қолса, уни улардан бошқа тарафга буради», деди. Марвон, ҳикматдан мурод Қуръон, деди».
Аҳмад ибн Холиднинг отаси: «Сукутнинг энг оз фойдаси саломатликдир. Сергапликнинг энг оз зарари надоматдир. Фойдасиз нарсалардан сукутда бўлиш энг балоғатли ҳикматдир», деган.
Мўмин банда барча ишларни ҳикмат асосида шариат кўрсатмасига биноан тўғри йўлга қўйишга уринади. Мақомга қараб сўз сўзлайди. Ҳолига қараб нафақа қилади. Амалига қараб вақти ва ишларини тартибга солади. У оиласида аёли ва болалари билан ҳакимона муносабатда бўлади. у бошқалар билан бўладиган алоқасида ҳам ҳикмат ила иш тутади.
Ана шу ҳикматларни таратишда мусулмон шоирларнинг ҳикматли шеълари доимо хизмат қилиб келган.

Асвад ибн Сарийъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Мен Роббим Азза ва Жаллани кўп ҳамдлар билан мақтадим», дедим.
«Билиб қўй. Албатта, Роббинг ҳамдни яхши кўради» дедилар. Бошқа гап айтмадилар
».
Шарҳ: Ровий Асвад ибн Сарийъ розияллоҳу анҳу шоир бўлганлар. Бу ҳақдаги маълумот келгуси ривоятларда аён бўлади.
Бу ҳадисдан Аллоҳ таолога шеърий йўл билан мадҳ айтиш мумкинлиги ҳам чиқади. Мазкур тарзда ҳамда айтган шоир ўзининг бу иши ҳақида гапирса мумкин экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қабилдаги гапни тасдиқлаган эканлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир одамнинг қорни шеър билан тўлганидан кўра, ичини ейдиган йирингга тўлгани яхши», дедилар
».
Шарҳ: Албатта бу ерда ёмон, ношаръий шеърлар назарда тутилмоқда. Инсоннинг ичи фисқ-фасод, иғво, бўҳтонга доир шеърлар билан тўлгандан кўра уни ҳалокатга элтувчи йиринг билан тўлгани яхши экан.
Имом Тоҳавий ўзининг «Шарҳи Маъоний ал-Осор» номли китобида келтиради:
«Оишага Абу Ҳурайра «Бир одамнинг қорни шеър билан тўлганидан кўра...» демоқда дейилди. Бас, Оиша айтди: «Аллоҳ Абу Ҳарайрани раҳим қилсин. Ҳадиснинг аввалини ёд олиб охирини ёд олмапти. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилар эдилар. Бас, У зот «Бир одамнинг қорни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қиладиган шеър билан тўлганидан кўра, ичини ейдиган йирингга тўлгани яхши», дедилар».
Имом Тоҳавий Шаъбийдан ривоят қилади:
«Каъбанинг олдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари билан ўтирган эдик. Улар шеър айтар эдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр олдимизга келиб:
«Аллоҳнинг ҳарамида, Каъбанинг атрофида туриб шеър атишадими?!» деди.
Бас, улардан бир киши:
«Ҳой, Ибн Зубайр! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг айбини айтадиган ва ўлганларни ёмонлайдиган шеърдан қайтарганлар, холос», деди.

Асвад ибн Сарийъдан ривоят қилинади:
«Мен шоир эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
«Мен Роббимни мадҳ этган шеърларимдан сизга ўқиб берайми?» дедим.
«Албатта Роббинг мадҳларни яхши кўради», дедилар. Бундан бошқа менга гап айтмадилар
».
Шарҳ: Бу маънодаги ҳадис 859 рақамли ҳадисда ўтди. Бу ривоятда ровий ўзининг шоир эканини айтмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Киши шоирлигини айтиб юриши мумкинлиги.
2. Аллоҳ таолони мадҳ этиб шеър айтиш яхшилиги.
3. Улуғ кишиларга Аллоҳ таолони мадҳ этган шеърларни ўқиб беришни таклиф қилиш мумкинлиги.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони мадҳ этувчи шеърларни рад этмаганлари.
5. Аллоҳ таоло мадҳни яхши кўриши.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳассон ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мушрикларни ҳажв қилишга изн сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг насабим қандай бўлади?» дедилар.
«Сизни уларнинг ичидан хамирдан қил суғургандек қилиб суғуриб оламан», деди
».
Шарҳ: Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирларидан бўлганлар. У киши жуда яхши шеърлар айтганлар. Мушрик, кофирлар мусулмонларни ҳажв қилиб шеърлар айтганда, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу уларнинг ҳажвига жавоб ёзиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўраганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насаблари нима бўлишни сўраганликларининг сабаби шуки, душман томондагиларнинг аксарияти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабиладошлари, насабдошлари, қариндош-уруғлари эди. Шеърда уларга қўшилиб ўзларининг насаблари ҳам ҳажв қилинмасли кераклигини ўйлаб юқоридаги гапни айтганлар.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу зинҳор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига тил теккизмасликларини, бу улуғ насабни мушрикларнинг насаблари ичидан маҳорат билан ажратиб олишларини айтган эканлар. Буни қуйидаги ривоятдан яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳассон, Ё Аллоҳнинг Расули, менга Абу Суфён ҳақида рухсат беринг», деди.
«Менинг у билан қаробатим не бўлур?» дедилар у зот.
«Сизнинг икром этган зот ила қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», деди ва:
«Албатта, Оли Ҳошимнинг улуғлиги чўққисидир
Бинти Махзум ўғиллари ва отангиз Абдуллоҳдир»
…деган қасидасини айтди».
Муслим ривоят қилган.
Абу Суфён розияллоҳу анҳу мусулмон бўлгунларича Исломнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ашаддий душманларидан бири бўлганликлари маълум ва машҳур. У киши Исломга қарши жабҳанинг бошлиғи эдилар. Унга теккан гап жабҳанинг барчасига тегар эди.
Шунинг учун бўлса керак Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Суфённи ҳажв қилишга изн сўраб:
«Ё Аллоҳнинг Расули, менга Абу Суфён ҳақида рухсат беринг», деди».
Абу Суфён Исломнинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душмани бўлиши билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробати ҳам бор эди. Агар Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу уни ҳажв қиладиган бўлса орада гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насл-насабларига ёки баъзи аввал ўтган яқинларига ҳам тегиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга:
«Менинг у билан қаробатим не бўлур?» дедилар у зот.
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўта уста шоир бўлганларидан ва бу борада ҳамма нарсадан хабардор бўлганларидан ишончлари комил бўлгани учун дарҳол:
«Сизнинг икром этган зот ила қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғуриб олгандек суғуриб оламан», деди ва:
«Албатта, Оли Ҳошимнинг улуғлиги чўққисидир
Бинти Махзум ўғиллари ва отангиз Абдуллоҳдир»
деган қасийдасини айтди.
Албатта, бу ҳам Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун фазл ва шону шарафдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир саҳобийнинг қобилиятидан унумли фойдалар эдилар. У зот алайҳиссалом Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг шоирлик қобилиятларидан ҳам жуда унумли фойдаланганлар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳассон ибн Собитга, уларни ҳажв қил, ёки улар ила ҳажвлашиш, Жаброил сен билан», деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Арабларда ўз душманини ҳажв қилиш кенг тарқалган одат эди. Улар ҳажвий шеърлар айтиш йўли билан душман устидан кулар ва уни элу юрт ичида шарманда қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Исломга душманликнинг барча услубларини ишга солган мушриклар ҳажв йўлини ҳам кенг миқёсда ишга солар эдилар. Уларнинг шоирлари турли ҳажвий шеърлар айтиб мусулмонларнинг устидан кулар эдилар.
Душманнинг бу қилмишига яраша жавоб бериш керак эди. Бунинг учун улардан кучлироқ ҳажв қилмоқ зарур эди. Бунинг уддасидан чиқадиган мусулмон Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу эди. Шунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Уларни ҳажв қил, ёки улар ила ҳажвлашиш, Жиброил сен билан», дедилар.
Бу муборак жумлада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йўла Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам амр, ҳам дуо қилмоқдалар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Ислом душманларини ҳажв қилганлар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Ислом душманларини ҳажвлашишганлар.
Ҳа, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ила Жиброл фаришта алайҳиссалом билан бирга Ислом душманларини ҳажв қилганлар.
Бу фазл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа саҳобаларига насиб қилмаган.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:
«Оишанинг ҳузурида Ҳассонни сўкдим. Шунда у:
«Уни сўкма! Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилар эди», деди
».
Шарҳ: Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳу Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жиянлари – опалари Асмаанинг набиралари бўлган. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни койишларига сабаб – Аллоҳнинг иродаси билан бу шоир саҳобий Оиша онамиз ҳақидаги миш-мишларга ишониб, бўҳтон тарқатган кишилар қаторига кириб қолган эдилар.
Шунинг учун жиянлари Оиша онамизнинг обрўйига путур етказишда иштирок этганлардан бири сифатида Ҳассон ибн Собит ҳақида ёмон гапирганида Оиша онамиз ўзлари ҳақида бўҳтон гапирганларга қўшилиб қолган бўлсалар ҳам у кишининг хизматларини эътироф қилиб, жиянларини бу гапдан ман қилган эканлар.
Қуйидаги ривоятдан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўз шеърлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай ҳимоя қилганлари ҳақидаги бир намунани ўрганамиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қурайшни ҳажв қилинглар. Бу уларнинг устидан камон ўқи ёғдиргандан кўра шиддатлироқдир», дедилар ва Ибн Равоҳага одам юбориб, уларни ҳажв қил, дедилар. У ҳажв қилиб, уддалай олмади. Сўнгра у зот Каъб ибн Моликка, кейин Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар. У зотнинг олдиларига кирганда Ҳассон:
«Батаҳқиқ, сизларга ушбу думи ила уриб турган арслонга мурожаат қилиш вақтингиз келди», деб тилини чиқариб қимирлата бошлади. Сўнгра у:
«Сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, мен уларни тилим билан терини ошлагандек ошлаб ташлайман!» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма! Абу Бакр қурайшликлар ичида уларнинг насабларини энг яхши биладигани. Албатта, уларнинг ичида менинг ҳам насабим бор. У сенга менинг насабимни чиқариб берсин», дедилар. Ҳассон унинг олдига бориб келди ва:
«Ё Аллоҳнинг Расули, батаҳқиқ, у менга сизнинг насабингизни чиқариб берди. Сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғургандек суғуриб оламан», деди.
«Модомики, Аллоҳ ва У зотнинг Расулини ёқлар экансан, сени Руҳул қудус қўллаб турур», дедилар.

Шунда Ҳассон розияллоҳу анҳу деди:
«Муҳаммадни ҳажв қилдинг. Мен жавоб бердим.
Бунинг мукофоти Аллоҳдан бўлур деб билдим.
Отам, унинг отаси ва менинг обрўим ҳаммаси, ҳа.
Муҳаммаднинг обрўсини сиздан соқловчи бўлса.
Болаларим азасин тутай, агар устингизга уларни
Кўрмасангиз Кадо икки тарафидан ғаротларини.
Улар учар отлар ила ўзишарлар ҳужумда.
Қонга ташна ўткир найзалари елкада.
Тулпорларимиздан тинмай тер оқар.
Аёллар уларга тинмай хамрлар суртар.
Агар бизни тек қўйсангиз, умра қилинур.
Фатҳ бўлиб, орадаги пардалар очилур.
Ундоқ бўлмаса, сабр қилинг бир кунда.
Азиз қилур Аллоҳ, кимни истаса унда.
Аллоҳ деди: Расул қилдим бир бандани.
Ғубори йўқ ҳаққа бошлар ул ҳаммани.
Аллоҳ деди: Ҳозирладим бир лашкарни.
Истаклари тўқнашув бўлган ансорларни.
Ул йўлиқар ҳар куни турли адувдан.
Сўкиш бўлсин, қитол ёки ҳажвдан.
Сиздан ким Расулуллоҳни ҳажв этса бир.
Ёки мадҳ этса, ёхуд нусрат этса барибир.
Ичимизда Расулуллоҳ ва Жиброил бордир.
Ва Руҳул қудус ҳам, унга тенг йўқ ҳеч бир».

Оиша айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим
».
Муслим ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Душманга қарши кураш олиб боришда турли услублардан фойдаланишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши йўлга қўйган эдилар. Ушбу Ҳадиси шариф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маънафий жабҳада олиб бориладиган жанг қурол аслиҳа ила олиб бориладиган жангдан кўра тасирлироқ эканини таъкидламоқдалар. У зот:
«Қурайшни ҳажв қилинглар. Бу уларнинг устидан камон ўқи ёғдиргандан кўра шиддатлироқдир», дедилар».
Чунки, қуролнинг яраси битади, тилнинг яраси битмайди, деганларидек душманга гап-сўз орқали берилган зарба катта тасир кўрсатиши турган гап. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга алоҳида эътибор берганлар. У зот бу борада фақат тавсия бериш билан кифояланиб қолмай амалий ишга ҳам ўтганлар. У зот душманга зарба бериш мақсадида
«Ибн Равоҳага одам юбориб, уларни ҳажв қил, дедилар».
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳунинг ҳам шоирликлари бор эди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чақириб Қурайшни шеър ила ҳажв қилишни амр қилидлар. Зотан у вақтда шеърдан бошқа нарса билан ҳажв қилиш йўқ ҳам эди.
«У ҳажв қилиб, уддалай олмади».
Аллоҳ таоло илҳом бермаганми ёки бошқа нарса халал берганми Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Қурайшни ҳажв қилишни уддасидан чиқа олмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу ишни қилишни зарур деб билар эдилар.
«Сўнгра у зот Каъб ибн Моликка, кейин Ҳассон ибн Собитга одам юбордилар».
Афтидан шоир саҳобалардан бўлган Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам душманни ҳажв қилишни ўрнига қўя олмаган бўлсалар керак. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга одам юбордилар ва у киши дарҳол кетиб келдилар. У кишининг ўзларига ишончлари кучли эди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйлаган ишни шараф билан бажара олишларига кўзлари етар эди.
«У зотнинг олдиларига кирганда Ҳассон:
«Батаҳқиқ, сизларга ушбу думи ила уриб турган арслонга мурожаат қилиш вақтингиз келди», деб тилини чиқариб қимирлата бошлади».
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўз тилларини душманга ташланишга шай бўлиб турган шерга ўхшатдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:
«Сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, мен уларни тилим билан терини ошлагандек ошлаб ташлайман!» деди».
Ҳажв қилишни менга қўйиб беринг, Қурайшни ҳажв ила додини бераман, деганлари эди.
«Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилма! Абу Бакр қурайшликлар ичида уларнинг насабларини энг яхши биладигани. Албатта, уларнинг ичида менинг ҳам насабим бор. У сенга менинг насабимни чиқариб берсин», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қизиқишда ўз насабларига ҳам тил теккизиб қўйишинингг олдини олдилар. Бундан душманга қарши мафкуравий кураш олиб боришда ўта эҳтиёт бўлиш зарурлиги келиб чиқади. Эҳтиётлик чораларидан бири фаолият кўриладиган соҳанинг мутахасисиларидан маслаҳат ва тавсиялар олиш экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қурайш насаблари бўйича бош мутахасис бўлганларидан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга бу ишда у кишидан маслаҳат олишни амр қилдилар.
«Ҳассон унинг олдига бориб келди ва:
«Ё Аллоҳнинг Расули, батаҳқиқ, у менга сизнинг насабингизни чиқариб берди. Сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, албатта, сизни улардан қилни хамирдан суғургандек суғуриб оламан», деди».
Ҳс. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайшни ҳажв қилиш давомида у зотнинг насабларига мутлақо тил теккизмасликка кафолат бердилар. Бу ггаплардан хурсанд бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Модомики, Аллоҳ ва У зотнинг Расулини ёқлар экансан, сени Руҳул Қудус қўллаб турур», дедилар».
Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу учун бўлган катта ваъда ва башорат эди. Бировни Руҳул Қудус қўллаб туриши кичкина иш бўлармиди?!
Шунда Ҳассон розияллоҳу анҳу деди:

«Муҳаммадни ҳажв қилдинг. Мен жавоб бердим.
Бунинг мукофоти Аллоҳдан бўлур деб билдим.
Отам, унинг отаси ва менинг обрўим ҳаммаси, ҳа.
Муҳаммад обрўсини сиздан соқловчи бўлсин, ҳа.
Болаларим азасин тутай, агар устингизга уларни
Кўрмасангиз Кадо икки тарафидан ғаротларини.

Кадо Маккаи Мукаррамага юқори тарафдан кирадиган икки тоғ орасидаги йўл. Бу байтда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу, агар болаларим сиз қурайшликлар устингизга Кадо тарафдан ҳужум қилиб бормасалар мен уларнинг азасини тутганим яхши, демоқдалар.

Улар учар отлар ила ўзишарлар ҳужумда.
Қонга ташна ўткир найзалари елкада.

Бизнинг одамларимиз сизнинг устингизга елкаларида сизнинг қонингизга ташна найзаларини кўтарган ҳолда учқур отларини чоптириб ҳужум қилиб боришади.

Тулпорларимиздан тинмай тер оқар.
Аёллар уларга аста хамрлар суртар.

Ҳужумнинг шиддатли бўлганидан уларнинг минган отларидан тинмай тер оқади. Отларнинг бу чарчоғини чиқариш учун аёллар уларга хамрлар суртади.

Агар бизни тек қўйсангиз, умра қилинур.
Фатҳ бўлиб, орадаги пардалар очилур.

Сиз қурайшликлар биз мусулмонларнинг йўлимизни тўсмай тек қўйсангиз биз Байтуллоҳни умра қилиб қайтамиз. Иш яхшилик билан тугайди.

Ундоқ бўлмаса, сабр қилинг, бир кунда.
Азиз қилур Аллоҳ, кимни истаса унда.

Бўлмаса, бир куни келиб Аллоҳ таолонинг Ўзи кимни азиз қилишини билади. Сизними, бизними буни эсон бўлсак кўрамиз.

Аллоҳ деди: Расул қилдим бир бандани.
Ғубори йўқ ҳаққа бошлар ул ҳаммани.

Бу байт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида айтилган энг гўзал батлардан ҳисобланади.

Аллоҳ деди: Ҳозирладим бир лашкарни.
Истаклари тўқнашув бўлган ансорларни.

Бу байтда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ансорларни Аллоҳ таолонинг нусрати учун тайёр лашкарлар сифатида мадҳ қилмоқдалар.

Ул йўлиқар ҳар куни турли адувдан.
Сўкиш бўлсин, қитол ёки ҳажвдан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлар ҳар куни турли томонлардан ҳужум қиладилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гоҳида сўкадилар, гоҳида у кишига қарши уруш очадилар ва гоҳида у зотни ҳажв қиладилар.

Сиздан ким Расулуллоҳни ҳажв этса бир.
Ёки мадҳ этса, ёхуд нусрат этса барибир.
Ичимизда Расулуллоҳ ва Жиброил бордир.
Ва Руҳул Қудус ҳам, унга тенг йўқ ҳеч бир».

Эй қурайшликлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қиласизларми, қилмайсизларми бари бир. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз қилиб қўйган. У зотни фаришдалар ҳимоя қилиб туради.
«Оиша айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим».
Яъни, Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу ўзининг ҳажви ила бизга шифо берди, ўзи ҳам шифо топди. Албатта, бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуга берилган улкан баҳо эди.

 
« Олдинги   Кейинги »