Тўртинчи далил. Қиёс Принтер учун
13.11.2009 й.
islom.uz

Таърифи, арконлари, ҳужжатлиги, шартлари, иллат маслаклари ва қисмлари.

«Қиёс» сўзи луғатда «бир нарсани бошқаси билан ўлчаш», яъни «бирон нарсанинг ўлчовини билиш» маъносида ишлатилади. Масалан, кийимни қаричлаб ёки метрлаб ўлчадим, деганидек. Яъни, унинг ўлчовини билдим, дейилмоқда.
Яна «қиёс» сўзининг «бир нарсани ўзига ўхшаш нарса билан тенглаштириш, таққослаб кўриш» маъноси ҳам бор. Ўша нарса ҳиссий бўлса ҳам, маънавий бўлса ҳам фарқи йўқ. Масалан, биров: «Бу лавҳани мана бунисига қиёс қилдим» деса, солиштирдим, тенглаштирдим» деган бўлади. Ёки «фалончи фистончига қиёсланмайди» деса, тенглашмайди, дегани бўлади.
Усулийлар истилоҳида эса:
«Шаръий ҳукми бўйича Китоб, Суннат ва Ижмоъда насс(матн) келмаган ишни ҳукмига улардан бирида насс-(матн) келган ишга тенглаштириш «қиёс» дейилади».
Бунинг баёни қуйидагича: Китоб, Суннат ёки Ижмоъда маълум бир ҳукмга далил бор. Мужтаҳид ўша ҳукмнинг шариатга киритилишига сабаб бўлган иллатни ҳукмларнинг иллатини билиш йўлларидан бири орқали ўрганди. Сўнгра ўша иллат бор, бироқ ҳукми бўйича Китоб, Суннат ёки Ижмоъда шаръий далил келмаган бошқа воқеъага таққослаб кўради. Ҳар икки воқеъа иллатда шерик, яъни, тенг бўлгани учун, шаръий ҳукми бўйича далил келмаган воқеъани шаръий ҳукми бўйича далил келган воқеъага тенглаштиради. Мана шу тенглаштириш «қиёс» дейилади.
Китоб, Суннат ёки Ижмоъда ҳукми бўйича далил келган воқеъа «асл» ёки «мақийс алайҳ» – «унга таққосланган» – дейилади.
Китоб, Суннат ёки Ижмоъда шаръий ҳукми бўйича далил келмаган воқеъа «фаръ» ёки «мақийс» – «таққосланувчи» дейилади.
Шаръий ҳукмга сабаб бўлган маънони «иллат» дейилади.
Ҳар иккиси ҳукм иллатида шерик яъни тенг бўлганлиги учун, улар ҳақидаги шаръий ҳукм ҳам бир хил бўлади. Қиёс ҳукмни кашф ва зоҳир қилишдир. Унда ҳукмни янгитдан пайдо қилиш йўқ. Чунки, ҳукм шариат бўйича аслда – мақийс алайҳда, яъни – унга таққосланган нарсада Китоб, Суннат ёки Ижмоъда келган далил ила собитдир. Қиёс қилинаётган нарсанинг ҳукми фақатгина иллат ёрдамида мужтаҳиднинг баёнидан кейин зоҳир бўлади, холос.
Демак, қиёс ҳукмни янгитдан пайдо қилиш эмас, балки бор нарсани излаб, топиб кўрсатишдан иборатдир. Ўша ҳукмни топишда иллат асосдир. Мужтаҳиднинг иши эса, иллат бир бўлгани сабабли аслдаги ҳукмнинг фаръда ҳам борлигини кўрсатишдир.
Қиёс ила собит бўлган шаръий ҳукмларга баъзи мисоллар:
Қуръони Каримда хамр ҳаром қилинган ва унинг иллати ҳам баён қилинган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар!» («Моида» сураси, 90-, 91-оятлар).
Ушбу матн хамрнинг ҳаромлигига далилдир. Шу билан бирга, унда унинг ҳаром қилинишининг иллати ҳам баён қилинган. Яъни, хамрнинг дийний ва дунёвий зарарлари ҳам айтилган.
Араб тилида «хамр»» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади.
Баъзи фақиҳларнинг таърифлашича, ҳўл узумдан оловга қўйиб, қайнатилмасдан тайёрланадиган маст қилувчи ичимлик хамрдир.
Мужтаҳид «ҳаромлик иллати» деб одатда ва ғолибан ақлни тўсувчи маст қилишни топади. Бу нарса кўпгина дийний ва дунёвий, сиҳҳий ва ижтимоий зарар ва фасодлар келтиради. Инсонлар орасида адоват ва бир-бирини ёмон кўрсатиш каби ишларга ҳам сабаб бўлади.
Мужтаҳид дон ва мевалардан ҳам мана шу каби маст қилувчи нарсалар олинаётгани ва уни ичувчилар маст бўлаётганини кўради ва у «набийз» деб номланган нарсани ҳам, маст қилгани учун, хамрга илҳоқ – қиёс қилиб, «истеъмоли ҳаром» деб ҳукм қилади.
Бу қиёснинг арконлари қуйидагилар:
Хамр – асл.
Набийз – фаръ.
Аслнинг насс(матн) орқали ҳукми – ҳаром.
Мақийс ва мақис алайҳ орасини жамловчи иллат – маст қилишлик.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари далил ўлароқ, агар меросхўр мерос қолдирувчини ўлдирса, уни меросдан манъ қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қотил мерос олмайди», – дедилар».
Сунан эгалари ва Дора Қутний ривоят қилишган.
Бу ҳукмнинг иллати – ўзига тегиши керак бўлган нарсани вақтидан олдин олиш учун қотиллик қилиш. Шунинг учун у меросдан маҳрум қилинади.
Мужтаҳидга «Фалончи ўз молидан фистончига бериш ҳақида васият қилган эди. Аммо, ўша фистончи фалончини ўлдириб қўйди. Энди нима бўлади?» деган масала тақдим этилди. Бу масалани ҳал қилиш учун мужтаҳид аввал Китоб, Суннат ва Ижмоъга назар солади. Уларда бу масала бўйича далил йўқлигини аниқлайди.
Сўнгра мужтаҳид бу масалага ўхшаш ва унга буни таққослаш мумкин бўлган нарса бор ёки йўқлигини аниқлашга киришади ва юқорида зикри келган қотил меросхўр ҳақидаги ҳадиси шарифни топади. Уни ўз фойдасига васият қилган шахсни ўлдирган қотилга қиёс қилади.
Ушбу таққослаш оқибатида, мужтаҳид васият қилувчини фойдасига васият қилинган одам ўлдирса, васият қилинган молу мулкдан маҳрум қилинади, деган ҳукмни чиқаради. Чунки у ҳам, қотил меросхўр каби, ўзига тегиши керак бўлган нарсани вақтидан олдин олишни истади.
Бу қиёснинг арконлари қуйидагилар:
Мерос қолдирувчини ўлдириш – асл.
Васият қилувчини ўлдириш – фаръ.
Аслнинг насс(матн) орқали ҳукми – ҳаром.
Мақийс ва мақис алайҳ орасини жамловчи иллат – ўзига тегиши керак бўлган молни тезроқ олиш ниятида қотилликка қўл уриш.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари далил ўлароқ, бир киши бошқанинг совчилиги устига совчилик қилиши, савдоси устига савдо қилиши мумкин эмас.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши ўз биродари савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Магар, унга ўзи изн берса, майли», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бу ҳукмнинг иллати савдо ёки совчиликни биринчи бошлаган одамга азият келтириш ва душманчилик пайдо қилишдир.
Мужтаҳидга «Фалончи фистончининг ижара шартномаси устига ижара шартномаси қилмоқчи, бу ишнинг шаръий ҳукми нима бўлади?» деган масала тақдим этилди. Бу масалани ҳал қилиш учун мужтаҳид аввал Китоб, Суннат ва Ижмоъга назар солади. Уларда бу масала бўйича далил йўқлигини аниқлайди.
Сўнгра мужтаҳид бу масалага ўхшаш ва унга буни таққослаш мумкин бўлган нарса бор ёки йўқлигини аниқлашга киришади ва юқорида зикри келган бировнинг савдоси устига савдо ва совчилиги устига совчилик қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳадиси шарифни топади. Бу масалани бировнинг ижара шартномаси устига ижара шартномаси тузмоқчи бўлган киши масаласига қиёслаб кўради.
Ушбу таққослаш оқибатида, мужтаҳид бировнинг шартномаси устига ижара шартномаси тузиш мумкин эмас, деган ҳукмни чиқаради. Чунки у ҳам, бировнинг савдоси устига савдо ва совчилиги устига совчилик қилган шахс каби, ижара шартномасини биринчи бошлаган одамга азият келтириши ва душманчилик пайдо қилиши бордир.
Бу қиёснинг арконлари қуйидагилар:
Савдо устига савдо ва совчилик устига совчилик қилиш – асл.
Ижара устига ижара қилиш – фаръ.
Аслнинг насс(матн) орқали ҳукми – ҳаром.
Мақийс ва мақис алайҳ орасини жамловчи иллат – бировга азият келтириш ва душманчилик пайдо қилиш.

4. Шариатда уч киши бир ерда бўлганда улардан иккитаси учинчига эшиттирмасдан пичирлаб гаплашиши манъ қилинган. Бу ҳукм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан олинган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон учта бўлсангиз, икки киши учинчини қўйиб сир суҳбат қилмасин. Бу уни маҳзун қилади», – дедилар».
Икки шайх, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Уч киши ўтирганда улардан иккитаси пичирлашиб гаплашса, учинчи шахсга ноқулай бўлади. Худди иккиси уни ёмонлаётгандек ёки унга ишонмаётгандек кўринади. Шунинг учун, уч киши ўтирганда иккиталари сир суҳбат қилишларига изн берилмаган.
Мужтаҳидга «Уч киши бир ерда бўлса ва улардан иккиси учинчи шахс билмайдиган тилда гаплашса, бу ишнинг шаръий ҳукми нима бўлади?» деган масала тақдим этилди. Бу масалани ҳал қилиш учун мужтаҳид аввал Китоб, Суннат ва Ижмоъга назар солади. Уларда бу масала бўйича далил йўқлигини аниқлайди.
Сўнгра мужтаҳид бу масалага ўхшаш ва унга буни таққослаш мумкин бўлган нарса бор ёки йўқлигини аниқлашга киришади ва юқорида зикри келган ҳадиси шарифни топади. Бу масалани уч киши ўтирганда улардан иккитаси пичирлашиб гаплаши ҳақидаги масалага қиёслаб кўради.
Ушбу таққослаш оқибатида, мужтаҳид «Уч киши бир ерда бўлса, улардан иккиси учинчи шахс билмайдиган тилда гаплашиши мумкин эмас», деган ҳукмни чиқаради. Чунки, бу ҳам, киши ўтирганда улардан иккитаси пичирлашиб гаплашса, учинчи шахсга ноқулай бўлиши кабидир. Худди иккиси уни ёмонлаётгандек ёки унга ишонмаётгандек кўриниши бу ҳолатда ҳам бор.
Бу қиёснинг арконлари қуйидагилар:
Уч кишидан иккиси сирли суҳбат қилиши – асл.
Уч кишидан иккиси бошқа тилда суҳбат қилиши – фаръ.
Аслнинг насс(матн) орқали ҳукми – ҳаром.
Мақийс ва мақис алайҳ орасини жамловчи иллат – учинчи шахсга ноқулай бўлиши ва иккиси уни ёмонлаётгандек ёки унга ишонмаётгандек кўриниши.

5. Қуръонда жумъа намозига азон айтилаётганидан бошлаб савдо ҳаром қилинган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Жумъа кунида, намозга нидо қилинган пайтда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир» («Жумуъа» сураси, 9-оят).
Бу оятдаги ҳукмнинг иллати – савдо билан машғул бўлиб намоздан қолиш.
Мужтаҳидга «Жумъа насмозига азон вақтидаги шартномалар, ижара, гаров, мукотаба каби келишувларнинг шаръий ҳукми нима бўлади?» деган масала тақдим этилди. Бу масалани ҳал қилиш учун мужтаҳид аввал Китоб, Суннат ва Ижмоъга назар солади. Уларда бу масала бўйича далил йўқлигини аниқлайди.
Сўнгра мужтаҳид бу масалага ўхшаш ва унга буни таққослаш мумкин бўлган нарса бор ёки йўқлигини аниқлашга киришади ва юқорида зикри келган ояти каримани топади. Бу масалани Жумъа намозига азон вақтидаги шартномалар, ижара, гаров, мукотаба каби келишувлар ҳақидаги масалага қиёслаб кўради.
Ушбу таққослаш оқибатида, мужтаҳид «Жумъа намозига азон айтилаётган пайтдаги шартномалар, ижара, гаров, мукотаба каби келишувлар мумкин эмас», деган ҳукмни чиқаради. Чунки, жумъа намозига азон айтилаётган пайтда бу ишлар билан машғул бўлиш ҳам, савдо билан машғул бўлиб намоздан қолиш кабидир.
Бу қиёснинг арконлари қуйидагилар:
Жумъага азон айтилганда савдо қилиш – асл.
Жумъага азон айтилганда шартномалар, ижара, гаров, мукотаба каби келишувлар қилиш – фаръ.
Аслнинг насс(матн) орқали ҳукми – ҳаром.
Мақийс ва мақис алайҳ орасини жамловчи иллат – дунё ишлари билан машғул бўлиб намоздан қолиш.

ҚИЁСНИНГ АРКОНЛАРИ

Қиёс тўрт арконга суянади.
1. Асл.
Асл – шаръий ҳукми бўйича насс(матн) келган воқеъа. Масалан, юқорида келтирилган мисолга кўра, хамр.
2. Фаръ.
Фаръ – ҳукмига насс келмаган воқеъа. Юқорида келтирилган мисолга кўра, набийз.
3. Асл ва фаръни жамловчи васф – иллат.
Иллат – аслнинг ҳукми бино қилинган васф. Ўтган мисолда, маст қилишлик.
4. Аслнинг ҳукми.
Аслнинг ҳукми шаръий ҳукмига насс келган воқеъа ва уни фаръга нақл қилиш ирода қилинган бўлади. Юқорида ўтган мисолда, хамрнинг ҳаромлиги.
Аммо, қиёс билан набийзда юзага келган ҳукмда набийзнинг ҳаромлиги қиёснинг рукни эмас, балки самарасидир.
Буни бошқа нарсалар ёрдамида тушунилса ҳам бўлади. Масалан, ҳадисда зикр қилинган олтита рибо бўладиган нарсалар мавжуд. Улар – тилло, кумуш, буғдой, арпа, хурмо ва туз. Булар – асл. Бошқа нарсалар, масалан, жўхори, гуруч, ловия кабилар – фаръ. Буларда ҳам рибо ҳаромдир.
Ҳанафий ва ҳанбалийларда бу ҳукмнинг иллати кайл, вазн ва жинснинг бирлигидир.

ҚИЁСНИНГ ШАРТЛАРИ:

Асл, фаръ, аслнинг ҳукми ва иллатдан иборат қиёснинг ҳар бир рукнининг муайян шартлари бўлиб, ўша шартлар бўлиши билан қиёс саҳиҳ бўлади.
1. Аслга қўйилган шартлар:
Асл – ҳақида насс(далил) келган ҳукм. Усулийлар аслнинг бир нечта шартлари борлигини айтадилар. Унга мисол қилиб келтирилган воқеъликдаги шартлар эса, аслнинг ҳукми шартларидир. Яхши эътибор берилса, аслга хос шартдан фақат иккита топилади.
Биринчиси, асл бошқа аслга фаръ бўлмасин. Чунки бир нарсага қиёсланиш учун асосий асл бўлиши керак. Аслида фаръ бўлган нарса бошқа нарсага асл бўла олмайди.
Мисол билан тушунтирадиган бўлсак, рибал фазл ҳаромлигига, иккиси ҳам таом бўлганлиги учун, беҳини олмага қиёс қилинмайди. Олмани набавий ҳадисда зикр қилинган олтита синфдан бири – хурмога қиёс қилинса, бўлади.
Яъни, ҳадисда хурмони хурмога алмаштиришда бирини биридан зиёда қилиш ҳаром бўлганига қиёс қилиб, олмани олмага алмаштиришда ҳам бирини оз, иккинчисини кўп қилиб бўлмайди, деган ҳукм чиқариш мумкин. Хурмо ҳақида ҳадиси шарифда насс(матн) келгани учун қиёсда уни олмага асл қилиб олиш мумкин. Аммо, беҳини асл қилиб бўлмайди. Чунки, унинг ўзи ҳам фаръ, асл эмас.
Шунингдек, маккажўхорини гуручга қиёсланмайди. Чунки, гуруч ҳақида насс(матн) келмаган. Балки гуручни ҳақида насс(матн) келган буғдойга қиёслаб ҳукм қилса, тўғри бўлади. Бу ерда мазкур нарсаларнинг иккисини жамловчи иллат бўлиб, улардан ҳар бирида шофеъийлар наздида таъм бор, моликийлар наздида озуқалик бор, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар наздида ўлчаш бор. Демак, бу нарсаларни бир-бирига алмаштирилаётганида, ошиғи ҳам, ками ҳам мумкин эмас.
Агар иллатлари бир хил бўлса ҳам, бир аслни иккинчи аслга қиёс қилиб бўлмайди. Чунки, бу фойдасиз гапни чўзишдан бошқа нарса эмас. Мисол учун, ҳар иккиси ҳам покланишдан иборат бўлишига қарамай, тоҳаратни таяммумга қиёс қилинмайди.
Шу билан бирга, ҳар иккисида ҳам ният шарт. Бироқ орада фарқ бор, таяммумдаги ният намознинг ниятига қиёс қилинган. Чунки, таяммум ҳам, намоз ҳам ибодатдир. Демак, таяммумдаги ният ибодат учун ва тоҳаратдаги ният покланиш учундир. Мана шу жиҳатдан таяммум ва тоҳарат иллати фарқ қилади.
Иллатнинг турлича бўлиши биринчи қиёсни (тоҳаратни таяммумга қиёс қилишни) ботил қилади. Чунки ҳақида насс(матн) келган асл – намоз билан унга фаръ қилинаётган нарса – тоҳаратни жамловчи маъно мавжуд эмас. Яъни, қиёснинг арконларидан бири бўлмиш иллат йўқлиги туфайли қиёс ботил бўлади.
Агар тоҳарат, таяммум ва намозни бирлаштирувчи иллат – уларнинг ибодат экани эътиборга олинадиган бўлса, қиёс фойдасиз чўзилган бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.
2. Асл ҳукмининг шартлари.
Биринчи шарт.
Аслнинг ҳукми Китоб, Суннат ёки ижмоъ ила собит бўлган шаръий ҳукм бўлсин. Шу билан бирга, насх қилинмаган бўлиши керак.
Иккинчи шарт.
Аслнинг ҳукмини бошқа насс мазкур аслнинг ёлғиз ўзига хосламаган бўлиши керак. Чунки, қиёсда аслнинг ҳукмини фаръга ўтказиш мақсад қилинади. Ҳукм аслнинг ўзига хосланган бўлса, қиёс орқали фаръга ўтмайди.
Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзани улаб тутишлари, тўрттадан ортиқ аёлга уйланишлари, маҳрсиз никоҳ қилишлари, ўлжа тақсимотидан олдин ундан бирон нарса олишлари, Рамазонда жинсий яқинлик қилган аъробийга каффоротини ўз аҳлига таом қилиб едиришига рухсат берганлари кабилар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хос ишлардандир.
Мужтаҳидлар мазкур ишларга бошқа бирор нарсани қиёс қилиб ҳукм чиқаришлари мумкин эмас.

Умора ибн Хузаймадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан от сотиб олдилар. Сўнг отининг пулини бериш учун ундан ортларидан юришни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезлаб юриб кетдилар. Аъробий орқада қолди. Одамлар унинг йўлини тўсиб, отини баҳолаша бошладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отни сотиб олганларини билмас эдилар. Бас, аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб:
«Бу отни сотиб оладиган бўлсанг, ол. Бўлмаса, сотиб юбораман», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен уни сендан сотиб олганман-ку!» – дедилар.
«Йўқ. Мени уни сенга сотмадим», – дедим.
«Ҳа! Мен уни сендан сотиб олганман», – дедилар.
«Гувоҳ келтир!» – дея бошлади аъробий.
Шунда Хузайма ибн Собит:
«Мен гувоҳлик бераман. Сен у зот ила савдо қилдинг», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузаймага бурилиб қарадилар ва:
«Нима ила гувоҳлик берасан?» – дедилар.
«Сизнинг тасдиғингиз ила! Ё Расулуллоҳ!» – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Қуръон гувоҳ камида икки эр киши бўлишлигини талаб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг» («Бақара» сураси, 282-оят).
Бироқ оятдаги бу умумий ҳукмни юқоридаги ҳадис Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳуга хослаб келган. Бу ҳадисдан Хузаймага ўхшаган ёки ундан юқорироқ, тақволироқ, содиқроқ кимсани ҳам хослаб бўлмайди. Чунки, далил буни фақат Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳуга хослаган.
Учинчи шарт.
Аслнинг ҳукми қиёснинг йўлларидан бошқа ёққа бурилмаган бўлсин. Яъни, унинг шариатда собит бўлиши умумий қоидалар ва қиёсдан истисно тарийқасида бўлмасин. Чунки, қиёсга хилоф равишда собит бўлган нарсани бошқа нарсага қиёс қилинмайди.
Бу нарсани оддийроқ тушунтирсак, асл ҳукмининг маъноси ақл кўтарадиган бўлиши керак. Яъни, ҳукмнинг иллати ақл билан излаш натижасида топиладиган бўлсин. Чунки, иллат қиёснинг асосидир. Иллати ақл билан топилмайдиган нарсаларни қиёслаш имкони йўқ.
Шунинг учун ҳам, таъаббудий – фақат ибодат учун адо этиладиган ва ҳикмати одамларга маълум бўлмаган нарсаларга қиёс қилиб ҳукм чиқариб бўлмайди.
Намоз ракъатлари, закот миқдорлари, жиноятчига уриладиган дарра саноқлари, каффорот миқдорлари каби таъаббудий аҳкомлар иллатини топиш имкони бўлмагани учун, бу нарсаларда қиёс жоиз эмас.
Умумий қоидалардан истисно бўлган ҳукмларга ҳам, гарчи уларнинг иллати ақл доирасида бўлса-да, қиёс қилиб ҳукм чиқариб бўлмайди.
Умумий қоида бўйича, рўзада рўзани очувчи нарсалардан тийилиш маъносида рўзадорнинг ичига бирор нарсанинг кириши рўзани ботил қилади. Чунки, умумий шаръий қоида бўйича, бир нарсанинг рукни йўқ бўлса, ўзи ҳам йўқ бўлади.
Аммо, ҳадиси шариф ила бу умумий қоидадан истино қилинган ҳукм собит бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ таомлантирибди ва сероб қилди, холос», – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси набавийга биноан, рамазонда унутиб таомланган кимсанинг рўзаси саҳиҳ бўлади. Бу ҳукмнинг иллати ҳам маълум, шариат енгиллик, осонлик ва машаққатни дафъ қилиш мақсадида мазкур рўзани саҳиҳ қилди.
Бироқ бу ҳукмни намозда унутиб гапиришга қиёс қилинмайди. Унутиб еб ёки ичиб қўйган рўзадорнинг рўзаси очилмаслигига қиёс қилиб «Намозда унутиб гапириб қўйган намозхоннинг намози бузилмайди» деган ҳукм чиқариб бўлмайди. Чунки, намоз ва рўза орасида фарқ бор. Рўзада унутиш мумкин, у бир йилда бир марта тутилади. Аммо, намоз ҳар куни бир неча марта такрорланадиган ва унутмасдан зикр қилинадиган ибодатдир.
Тўртинчи шарт.
Аслнинг ҳукмига далил бўлган нарса фарънинг ҳукмига ҳам далил бўлмаслиги керак. Агар асл ҳукми фаръга ҳам шомил бўлса, унда фаръ ҳам асл бўлади, қиёсга ҳожат қолмайди.
Бунинг мисоли хамрнинг ҳаромлигига Қуръони Карим оятини эмас, «Барча маст қилувчи ҳаромдир» ҳадисини далил қилишдир.
Бу ҳолатда хамрнинг ҳаромлигига қиёс қилиб набийзни ҳам ҳаром деб ҳукм чиқарилади, дейиш мумкин эмас. Чунки, мазкур ҳадиснинг ўзи набийзнинг ҳам ҳаромлигига далилдир, бу ерда қиёсга ўрин йўқ. Яъни, зикр қилинган ҳадис ҳам аслнинг – хамрнинг ҳаромлигига, ҳам фарънинг – набийзнинг ҳаромлигига далилдир.
Бешинчи далил.
Агар аслнинг ҳукми фаръга ўтиши ирода қилинса, аслнинг ҳукми фарънинг ҳукмидан олдин собит бўлган бўлиши керак. Шунинг учун, иккисида ҳам ният шарт қилиниши билан бирга тоҳаратни таяммумга қиёс қилиб бўлмайди. Чунки, тоҳарат таяммумдан илгари, ҳижратдан олдин шариатга киритилган. Таяммум эса, ҳижратдан сўнг шариатга киритилган. Бу мисолда, яъни, тоҳаратни таяммумга қиёс қилишда асл – таяммум фаръдан – тоҳаратдан кейин шариатга киритилган.

ФАРЪНИНГ ШАРТЛАРИ:

Фаръда тўртта шарт мавжуддир. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Фаръда аслнинг иллатига зотида ёки жинсида ўхшаш иллат бўлмоғи.
Бошқача қилиб айтганда, фаръ ҳукмнинг иллатида асл билан баробар бўлиши керак. Чунки, фаръ ҳукмнинг иллатида асл билан баробар бўлмаса, аслга тенг ҳам, ўхшаш ҳам бўлмайди. Қиёс орқали ҳукмнинг собит бўлиши фақат тенг ва ўхшаш нарсаларда бўлади, холос.
Масалан, набийз хамрга қиёсланганда, иккисида ҳам маст қилиш иллати жамланган. Ҳақида шаръий далил келмаган набийздаги маст қилиш иллати ҳақида шаръий далил келган хамрдаги иллатнинг айнан ўзидир. Ҳар иккиси ҳам ҳаромдир.
Аъзоларга талафот етказгандаги қасос вожиблигини жонга талафот етказгандаги қасос вожиблигига қиёс қилинганда, ҳар иккисида ҳам жиноят иллати мавжудлиги маълум бўлади. Бу мисолларда ўхшашлик иллатнинг жинсидадир, зотида эмас.
Мана шу шарт мавжуд бўлмаган қиёсни «қиёс маъал» – «фориқ» дейилади. Яъни, «фарқи бор қиёс» – дейилади. Бошқача қилиб айтганда, қиёснинг асли ва фаръининг иллатларида ўхшашлик йўқ, балки ораларида фарқ бор, дегани.
Бу турдаги қиёсда фақиҳларнинг ихтилофлари кўпаяди.
Масалан шуфъа – шериклик мол тижоратида фойда келишув асосида тақсимланади. «Ярмидан» ёки «тўртдан бирини» деб агар тўрт киши бўлса, Ҳанафийлардан бошқалар: бунда ҳар бир шерикнинг қўшган ҳиссасига қараб ҳаққи белгиланади, дейдилар. Ҳосил йиғиштирилганда ғалла ва мулк қилинган молдан тушган фойдага қиёсан.
Ҳанафийлар: бу фарқи бор қиёс. Чунки, ғалла ва мулк қилинган молдан тушган фойда мулкдан пайдо бўлади. Бунда ҳар бир кимса ўз мулкидан тушган фойдани олади. Аммо, шуфъа оммавий нарса. Бунда ҳаммага тенг тақсимланади дейдилар.
Бошқа бир мисол. Ҳанафийлар: болиға ва оқила аёл ўз никоҳига ўзи эга бўлади, дейдилар. Улар бу ҳукмни болиға ва оқила аёл ўз молини сотишга ҳақли эканига қиёслаб чиқаришган. Чунки, бу масаладаги ҳар икки муомала ҳам аёлнинг холис ўзининг ҳаққидаги тасарруфдир. Савдо шартномасида мол ва никоҳ шартномасида нафс.
Жумҳур уламолари эса, ҳанафийларга хилоф қиладилар ва қуйидагиларни айтадилар:
«Ушбу қиёс қиёсланаётган нарса – никоҳ ва қиёс қилинган нарса – савдо орасида фарқ билан қилинган қиёсдир. Чунки, савдо молга боғлиқ ва у аёлнинг ёлғиз ўзининг ҳаққи. Аммо никоҳ эса, аёлнинг нафсига боғлиқ бўлиши билан бирга оиласига ҳам боғлиқ бўлади. Чунки, ниқоҳ боғланиши фақат эр ва хотиннигина эмас, балки уларнинг оилаларини ҳам боғлайди. Ҳар икки тарафда ҳам уларга аралашадиган янги аъзо пайдо бўлади. Бу аъзо уларнинг сиридан ва ички муомалаларидан хабардор бўлади. Шунинг учун ҳам, оила аъзоларининг ҳам савдодагига хилоф ўлароқ никоҳда ҳақлари бўлади».
2. Аслнинг ҳукми фаръда ўзгармаслиги керак.
Бунга мусулмон эрнинг зиҳорига зиммий эрнинг зиҳорини қиёслаш мисол қилиб кетирилади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишингиздан хабардордир. Ким (қул) топмаса, бас (қайта), қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва кофирларга аламли азоб бор» («Мужодала» сураси, 3-, 4-оятлар).
Ушбу ояти кариманиг ҳукмига биноан, хотинидан зиҳор қилган мусулмон эр ишидан афсусланиб, қайта ярашишни қасд қилса, эр-хотинлик муносабатларини янгитдан бошлашдан олдин бир мўмин қул озод қилиш ила каффорот бериб, гуноҳини ювиши лозим. Ким қул топмаса, қайта қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутади. Ким рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазади.
Ушбу икки оятда зикр этилган мусулмон эр хотинидан зиҳор қилиб, қайтадан бирга яшашни ирода қилганда каффорот бериши ҳукмига хотинидан зиҳор қилиб, кейин у билан яна ярашмоқчи бўлган зиммийни қиёслаш мумкинми, деган савол жавобида уламолар икки хил гап айтганлар.
Ҳанафийлар: кофирнинг зиҳори мусулмоннинг зиҳори каби эмас. «Мужодала» сурасининг аввалида келганидек, муслим зиҳор қилса, каффоротни адо қилади. Бу – асл. Аммо кофир зиҳор қилса, бу фаръ, каффоротни адо қила олмайди Чунки, кофир каффорот аҳлидан эмас. Каффорот ибодатдир. Унда поклаш мақсад қилинган ибодат маъноси бордир. Кофир кимса куфри билан ибодат қилолмайди. Чунки, унинг амаллари дунё ва охиратда ҳабата қилингандир.
Демак, муслим зиҳор қилса, каффоротини адо қилгунича, вақтинчалик, хотини унга ҳаром бўлади. Кофир зиҳор қилса, каффорот адо қилолмаганлиги сабабли хотини абадий ҳаром бўлади – дейдилар.
Шофеъийлар: кофир зиҳор қилса, хотинига қайтиши жоиз, у мусулмонмаслиги туфайли рўза тута олмаса ҳам, таомлантириш ёки қул озод қилиш каби каффорот хислатларидан бирини адо қилиши мумкин, дейдилар.
3. Қиёсда фаръ аслдан муқаддам келган бўлмаслиги керак.
Бунинг мисоли тоҳарат ва таяммумда ўрганилади. Тоҳарат таяммумдан илгари, ҳижратдан олдин шариатга киритилган. Таяммум эса, ҳижратдан сўнг шариатга киритилган. Бу мисолда, яъни, тоҳаратни таяммумга қиёс қилишда фаръ – тоҳарат асл – таяммумдан муқаддам шариатга киритилган.
4. Фаръда насс ёки ижмоъ билан келган қиёс ҳукмига мухолиф нарса бўлмасин.
Бошқача қилиб айтганда, фаръ ҳақида Китоб, Суннат ёки Ижмоъда қиёснинг ҳукмига мухолиф ҳукм келмаган бўлиши шарт. Чунки, фаръ ҳақида Аллоҳнинг Китобида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида ёки умматнинг Ижмоъида Қиёс ифода қилган ҳукмга хилоф бўлган матн келган бўлса, бу ҳолатдаги Қиёс Қуръон, Суннат ёки Ижмоъга қарши ва тескари бўлиб қолади. Қуръон, Суннат ёки Ижмоъга мухолиф Қиёс тўғри бўлмайди. Шунинг учун, ушбу иккинчи шарт юзага чиқмаган Қиёсни «фосид Қиёс» дейилади.
Китобдаги далилга хилоф бўлган қиёсга мисол.
Аллоҳ таоло қотилнинг каффороти ҳақида бундай деб марҳамат қилади:
«Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур» («Нисо» сураси, 92-оят).
Ушбу оятда бировни хато туфайли ўлдирган одам каффорот учун фақат мўмин қулни озод қилиши керак бўлади. Ушбу ҳукмдаги мўмин қулни каффорот учун озод қилишга қиёс қилиб кофир қилиб кофир қулни ҳам озод қилса бўладими? Уламолар бу саволга, бўлмайди, деб жавоб берадилар. Чунки, бу мисолда фаръ бўлиб келаётган кофир қул ҳақида бошқа оятда далил келган.
Аллоҳ таоло қасамнинг каффороти ҳақида бундай деб марҳамат қилади:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир» («Моида» сураси, 89-оят).
Бу ояти каримада, аввалги оятдагига ўхшаш, озод қилинадиган қулнинг мўмин бўлиши шарт қилинмаган. Номи қул бўлса, каффорот учун озод қилиш мумкинлиги ифода этилган.
Ҳанафийлар айтадилар: «Қасам ичиб, унга амал қилолмаган одам каффоротига бир қул озод қилиш керак. У қул мўмин бўлиши шарт эмас. Чунки, оятда қул мутлақ келган. Аммо, бировни хато қилиб ўлдирган кимса, мўмин қул озод қилиши керак. Чунки, бу борада Китобда шундай айтилган».
Мана шу икки масаладаги каффоротлар бир-бирига қиёс қилинмайди. Чунки, уларнинг фарқли эканини насс(матн) қувватлаб турибди. Бундаги қиёс фосид қиёс бўлади.
Ижмоъдаги далилга хилоф бўлган қиёсга мисол.
Сафарда рўза тутмасликка берилган рухсатни намоз ўқимасликка қиёс қилинмайди. Сафарда намозни тарк қилиш мумкин эмас, балки ўқишлик фарздир.
Аллоҳ таоло рўза тутишдан вақтинча узрли одамлар ҳақида бундай деб марҳамат қилади:
«Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутадир» («Бақара» сураси, 184-оят).
Сафарда рўза тутиш машаққатли бўлгани учун уни тутмасликка рухсат берилишига ушбу ояти карима далилдир. Бунга қиёс қилиб, сафарда намоз ўқиш машаққатли бўлгани учун уни ҳам ўқимасликка рухсат берилади, деб бўлмайди. Чунки, сафарда ҳам намоз ўқиш фарзлиги ҳақида Ижмоъ собит бўлган. Юқорида айтилган қиёс эса, фосид қиёс бўлгани учун қабул қилинмаган.

ИЛЛАТНИНГ ШАРТЛАРИ

Иллат қиёснинг энг муҳим рукни ҳисобланади. Зотан, иллат қиёс биносининг пойдевори – асосидир. Шунинг учун ҳам, усулий олимлар қиёс ҳақида батафсил баҳслар юритганлар. Иллатнинг шартларини айтишдан олдин унинг таърифи ва унга алоқадор нарсалар ҳақида гап юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деган умиддамиз.
Иллатнинг таърифи, ҳикмат ва сабаб билан фарқи, иллатга дуруст нарсалар баёни:
«Иллат» сўзи луғатда «бир нарсада ҳосил бўлиши ила ўша нарсанинг ҳолини ўзгартирувчи»ни англатади. Шу эътибордан беморликни ҳам «иллат» дейилади. Чунки, беморлик кимда ҳосил бўлса, унинг ҳолини ўзгартиради.
Арабча-ўзбекча луғатда «иллат» сўзига икки йўналишдаги бир неча маънолар берилган.
Биринчи йўналишда «касаллик, бетоблик, дармонсизлик, иллат, камчилик, четга чиқиш» сўзларини учратамиз.
Иккинчи йўналишдаги сўзлар эса «сабаб, асос, бош сабаб, энг биринчи сабаб, сабаб ва натижа, асос, баҳона»лардан иборат.
Ушбу иккинчи йўналишдаги маънолар биз олиб бораётган баҳсда ишлатилиши кўзда тутилган.
«Иллат» сўзи шариат уламолари истилоҳида уч хил маънода ишлатилади.
1. Ҳукмнинг шариатга киритилишига муносиб маънони ифода этиш учун.
Мисол учун, Рамазон ойида сафар қилган кишига рўза тутмасликка рухсат берилишининг иллати сафарда машаққат борлигидир. Айнан шу иллат сафарда рўза тутмасликка рухсат берилишига муносиб маънодир. Чунки, машаққат бор ерда енгиллик исталади. Сафарда оғизни очишга рухсат берилишида мусофирга енгиллик бор.
Шунингдек, савдонинг шариатга киритилиши ва унинг жоизлиги ҳақидаги ҳукмнинг иллати одамларнинг мулк айирбошлашга бўлган эҳтиёжидир. Айнан шу иллат савдога рухсат берилишига муносиб маънодир. Чунки, одамларнинг эҳтиёжини қондириш матлубдир. Савдонинг шариатга киритилишида одамларнинг эҳтиёжини қондириш бор.
Қасдан одам ўлдириш ҳаромлиги ва қотилдан қасос олиш ҳақидаги ҳукмнинг иллати одамлар жонини заволдан сақлашдир. Айнан ушбу иллат одам ўлдириш ва қотилдан қасос олиш ҳукмининг шариатга киритилишига муносиб маънодир. Зотан, жонларнинг заволи зарардир. Зарарга олиб борувчи амални манъ қилиш ва ким бу ишни қилса, уни жазолаш лозим бўлади.
2. Шариатга киритилган ҳукмга қилинган амалнинг самарасини ифода этиш учун.
Мисол учун, Ррамазонда рўза тутмасликка рухсат беришлиши ҳақидаги ҳукмга амал қилишнинг самараси ўлароқ, ўша мусофирдан танглик ва машаққат дафъ бўлади.
Савдонинг шариатга киритилиши ҳақидаги ҳукмга амал қилишнинг самараси ўлароқ олди-сотди қилганлар манфаат топадилар.
Одам ўлдиришнинг ҳаромлиги ва қотилдан қасос олиш ҳақидаги ҳукмга амал қилишнинг самараси ўлароқ, одам ўлдириш камаяди ва кишиларнинг жонлари ҳимояланади.
1. Ҳукмга муносиб маънони ўз ичига олган зоҳирий ва ўзгармас сифатни ифода қилиш учун.
Мазкур сифатнинг борлиги ҳукмга муносиб маънонинг борлигига, йўқлиги йўқлигига олиб боради.
Бунга уламолар сафарни мисол қилиб келтирадилар. Сафар зоҳирий ишдир. Яъни, унинг бор ёки йўқлигини аниқлаш имкони бордир. Шу билан бирга, сафар ўзгармас иш ҳамдир. Яъни, у муайян ҳақийқат бўлиб, шахслар ёки ҳолатлар ўзгариши туфайли ўзгариб қолмайди. Яна, сафар ҳукмга муносиб маънони – машаққатни ўз ичига олгандир. Сафарнинг борлиги машаққатнинг борлигига далилдир. Сафарнинг йўқлиги эса, машаққатнинг йўқлигига далилдир. Сафар машаққатни келтириб чиқарадиган нарсадир. Машаққат эса, енгиллик истайди. Рамазонда мусофирга оғизни очишга рухсат бериш енгилликдир.
Иккинчи мисол – савдо. У ҳам зоҳирий ишдир. Яъни, унинг бор ёки йўқлигини аниқлаш имкони бордир. Шу билан бирга, савдо ўзгармас иш ҳамдир. Яъни, у муайян ҳақийқат бўлиб, шахслар ёки ҳолатлар ўзгариши туфайли ўзгариб қолмайди. Яна, савдо ҳукмга муносиб маънони – машаққатни ўз ичига олгандир. Яъни, мулкларни айирбошлашга бўлган ҳожатни ўз ичига олгандир. Савдонинг борлиги айирбошлашга бўлган ҳожатнинг борлигига далилдир. Савдонинг йўқлиги эса, ўша ҳожатнинг йўқлигига далилдир.
Усулул фиқҳ илми олимлари иллатни «маслаҳат юзага чиқиши учун маълум ҳукмнинг шариатга киритилишига сабаб бўлган нарса ёки ҳукмни танитувчи сифат», деб таърифлаганлар.
Шунинг учун, иллатни «ҳукм боғланган нарса», «ҳукм сабаби» ёки «ҳукм белгиси», дейилади.
Гоҳида юзага чиқиши керак бўлган манфаатни ҳосил қилиш ёки сақланиш керак бўлган бузуқликни дафъ қилиш учун ҳукмни шариатга киритишга боис бўлган ҳикматга ҳам «иллат» дейилади.
Масалан, савдони шариатда мубоҳ қилувчи ҳукмдан унда иштирок этувчи ҳар икки томон манфаат топади. Ўғрилик, зино, одам ўлдириш ва хамрнинг ҳаром қилинишида инсоният жонини, молини, ақлини ва насабини сақлаш бор. Сафарда рўзани очиш ва намозни қаср қилишликда машаққатни кўтариш бор.
Шаръий ҳукмлар яхшилаб ўрганилса, улар орқали бандаларга бирор манфаатни юзага келтирилган ёки улардан бирор машаққат ёки зарарни кўтарилган бўлади.
Бу борада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб бундай деб марҳамат қилади:
«Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик» («Анбиё» сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дийн, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир.
Бу ҳақийқатни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳим-шафқат улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади.
Шаръий ҳукмлар бир ҳикмат асосида бўлиши зеҳнга тез келадиган ва ўрнашиб қоладиган нарса. Чунки, ҳукмдан кўзланган мақсад – шу. Аммо ҳикмат гоҳида махфий бўлади, бор-йўқлиги билинмайди. Бошқача қилиб айтганда, ҳис қилиш аъзолари ила уни идрок қилиб бўлмайди. Баъзида ҳолатлар ва шахслар ўзгаришига қараб ўзгариб турадиган бўлади.
Мисол учун, савдонинг мубоҳлиги ҳақидаги шариат ҳукмининг ҳикмати ҳожат чиқариш экани очиқ-ойдин кўриниб туради. Аммо, баъзида эҳтиёжсиз савдо бўлиши ҳам мумкин. Бу эса, ҳикмати махфий нарса.
Ёки сафарда машаққат бўлиши тайинлиги учун рўзадорга оғзини очишга рухсат берилиб, ундан машаққат кўтарилган. Аммо, баъзи сафарларда машаққат умуман бўлмаслиги ҳам мумкин.
Шу каби, зарар сабаби ҳам ўзгарувчидир. Кўпинча хамр зарар келтирса-да, гоҳида зарар бўлмаслиги мумкин. Ёки шуфъа ҳаққи қўшнида бўлиши қўшнига келадиган зарарни дафъ қилиш учун бўлса, баъзида ўша зарар бўлмаслиги ҳам мумкин. Ёхуд қасосда инсонлар ҳаётини мухофаза қилиш бўлса, гоҳида бу нарса бўлмай қолиши ҳам мумкин.
Демак, ҳукмлардаги ҳикмат баъзида очиқ, баъзида махфий, баъзида тартибли, баъзида тартибсиз бўлгани учун, ҳукмларни ҳикматга боғлаб бўлмайди. Чунки, ҳукм ҳикмат билан бўлса, ҳикматга қараб ҳукм ҳам ўзгариб туради.
Шунинг учун, уламолар: ҳукмлар ҳикматларга эмас, иллатларга боғланади, деб айтадилар.
Шунга биноан, сафарда машаққат бўлмаса ҳам рўзани очиб юборишга ва намозни қаср қилишга рухсат берилган.
Муқимни мусофирга ва соғни касалга қиёслаб бўлмайди. Шунинг учун, муқим ва соғ кишилар новвойлик, кончилик каби машаққатли ишларда бўлсалар-да, уларга рўзани очишга ёки намозни қаср қилишга рухсат берилмайди. Сафар ва касалликдаги машаққат сабабидан рўзани очишга, намозни қаср қилига рухсат берилган эди, булар сафарда бўлмаса ҳам, соғ бўлса ҳам барибир машаққат тортмоқдалар, шунинг учун рухсат берайлик, дейилмайди. Чунки, бу ҳолатларда ҳукмларни шариатга киритиш ҳикмати – машаққатни кўтариш бўлса ҳам, унинг иллати – сафар ва беморлик йўқ.
Ҳикмат ва иллат орасидаги фарқ.
Ҳикмат ҳукмнинг шариатга киритилиши боиси ва узоқни кўзлаб мақсад қилинган ғоядир. У шариат томонидан ҳукмни юзага чиқаришдан ёки мукаммал қилишдан кўзланган мақсад бўлиб, мазкур мақсад ёки фойда келтиради, ёки зарарни дафъ қилади.
Аммо иллат – ҳукм у билан таниладиган нарса бўлиб, ҳукм унга борлик ва йўқликда боғланган бўлади. У ҳукмнинг шариатга киришидан бўлган мақсаднинг юзага чиқишига хизмат қилади. Сафар ва касаллик Рамазонда оғизни очишга рухсатнинг иллатидир. Тўрт ракъатли намозни икки ракъат қилиб қаср қилишга сафар иллатдир. Ҳукм шунга боғланган. Сафар ва беморлик бўлса, ҳукм ҳам бўлади. Агар улар бўлмаса, ҳукм ҳам бўлмайди.
Иллат ҳукмнинг шариатга киритилиши ҳикматини юзага чиқаришга хизмат қилади. Юқоридаги мисолда сафар иллат, сафардаги ва касалликдаги машаққатни дафъ қилиш эса ҳикматдир.
Сабаб ва иллат орасидаги фарқ.
Усулул фиқҳ илми уламолари жумҳури: сабаб ўзининг далолати жиҳатидан иллатдан умумийроқ бўлади. Ҳар бир иллат сабаб бўла олади. Бироқ ҳамма сабаб ҳам иллат бўлолмайди. Агар ҳукм ва васф орасидаги муносабатга ақлимиз етса, у васф иллат ва сабабдир. Агар ҳукм ва васф орасидаги муносабатга ақлимиз етмаса, у иллат эмас, балки сабабдир, дейдилар.
Розилик ва мулкнинг иккинчи кимсага кўчишига далолат қилувчи савдо ҳам иллат, ҳам сабабдир. Кундузи қуёшнинг заволга кетиши Пешин намози фарз бўлишига сабабдир, иллат эмас.

Иллатнинг шартлари тўртта бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
1. Иллат ҳукмга муносиб сифат бўлиши шарт.
Яъни, иллат шаръий ҳукмнинг ҳикмати юзага чиқишига манбаъ бўлиши керак. Бунда ҳукмнинг шариатга киритилиш ҳикмати, бирор фойда ёки манфаатни жалб қилиш ёхуд бузуқлик ва зарарни дафъ қилиш гумони ғолиб бўлади.
Масалан, маст қилиш хамрни ҳаром қилиш учун муносиб васфдир. Ушбу ҳаром қилиш ҳукми ила кўпчилик одамлардан бузуқлик ва зарарни дафъ қилиш ҳосил бўлади. Уларнинг ақлларини ва жисмларини зарар ва озорлардан сақланади.
Ўғрилик ўғрининг қўлини кесиш ҳақидаги ҳукмнинг шариатга киритилишига муносиб сифатдир. Шариат бу ҳукм билан инсонлар мулкини муҳофаза қилади.
Рамазондаги сафар оғизни очишнинг мубоҳлиги учун муносиб сифатдир. Чунки, ушбу рухсат мусофирдан сафари давомидаги машаққатни дафъ қилиши ва енгилликни юзага чиқариши ғолиб гумондир.
Қасдан одам ўлдириш қасоснинг шариатга киритилишига муносиб сифатдир. Чунки, бу ҳукм натижасида жонларни муҳофаза қилиш ва қон тўкилишининг олдини олиш гумони ғолибдир. Яна шу нарса меросдан маҳрум бўлиш ҳақидаги ҳукмга ҳам муносиб сифатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қотил мерос олмайди», деганлар. Чунки, бу ҳукм меросни тезроқ олиш ниятида қотилликка қўл уришни манъ қилади.
Ҳукм иллатини ахтаришда ҳукмга муносиб бўлмаган васфни келтириш дуруст эмас. Худи, хамр қизиллиги ёки шишадалиги учун ҳаром, дейиш каби. Шунингдек, ўғри бойлиги, ёки очкўзлиги ёки обрўли одамлиги ёки қора тан бўлгани ёхуд камбағалнинг ёки сахийнинг нарсасини ўғирлагани учун қўлини кесиш вожибдир, дейиш. Ёхуд мусофир эр киши бўлгани ёки пиёдалиги учун ёки аёл бўлгани ёки бўйи пастлиги ёки аъробийлиги учун рўзасини очишига рухсат берилади каби сифатлар.
Бу сифатлар эътиборсиз сифатлар бўлиб, шаръий ҳукм билан у сифатлар орасида қабул қилса бўладиган ақлий алоқа йўқ.
Шунингдек, аслида муносиб сифат кейинчалик муносиблиги бузилиб кетадиган нарса бўлса, ундай сифатни ҳам ҳукмга иллат қилиб бўлмайди.
Масалан, мажбурланган ва мажнун киши томонидан қилинган савдо мулкка эгалик қилиш ҳаққи кўчиши тўғрисидаги ҳукмга иллат бўла олмайди. Чунки, мажбурланиш ва мажнунлик ҳолати иллатга халал етказяпти. Бу икки сифат вақтинчаликдир. Мажбурлаш тўхтатилиши ва мажнунлик соғайиш билан йўқ бўлади.
Никоҳ ўқилгандан кейин бир-бири билан ҳеч кўришмаган эркак ва аёлдан, агар улар эр-хотин ҳисоблансалар ҳам, фақатгина никоҳ ақдининг ўзи билан насаб собит бўлмайди.
Чунки, насаб собит бўлишлиги учун бир-бирлари билан кўришган ва яшаган бўлишлари керак. Бунда насаб собит бўлиши учун никоҳ ақди иллат бўлишига уларнинг бир-бирлари билан кўришмагани халал қиляпти.

2. Иллат очиқ-равшан кўриниб турган васф бўлиши шарт.
Иллат ҳукмни танитадиган васф бўлгани ва аслнинг ҳукми у орқали фаръга ўтадиган бўлгани учун ҳам, у ҳиссий аъзоларнинг бири ёрдамида идрок қилинадиган бўлиши ва ўша васф аслдагидек фаръда ҳам бўлиши лозим.
Маст қилиш хамрда очиқ билиниб турганидек, хамрдан бошқа маст қилувчи ичимликларда ҳам борлиги очиқ билиниб турадиган сифатдир.
Биров боланинг валийи эканига боланинг ёшлиги ҳис қилиш ила билинадиган, очиқ-ойдин кўриниб турувчи сифатдир.
Мушукнинг сув атрофида юргани кўз билан кўриладиган очиқ-ойдин васфдир. Ушбу васф ундан қолган салқит сувнинг поклигига иллат бўлишга ярайди.
Агар мазкур васф очиқ-ойдин эмас, махфий бўлса, уни ҳукмга иллат қилиб олиш дуруст эмас. Чунки, бундай сифатларнинг бор ёки йўқигини аниқлаш имкони бўлмайди.
Масалан, савдода мулкнинг кўчишига икки савдолашувчи тарафнинг розилигини иллат қилиб бўлмайди. Чунки, розилик қалб ишларидан бўлиб, уни ҳис қилиш аъзолари ила идрок қилиб бўлмайди. Бу ерда билинадиган нарса ўзаро розилик далолати бўлган ийжоб ва қабул лафзларидир.
Шунингдек, насабнинг собит бўлиши учун жинсий яқинлик муносиб сифат бўла олмайди. Чунки, жинсий яқинлик махфий ишдир. Шунинг учун ҳам, насаб собит бўлишида очиқ-ойдин ва ҳис қилиш имкони бўлган никоҳ ақди ҳукмга муносиб сифат деб қаралади.
Боланинг балоғатга етганига унинг ақлининг камоли иллат бўла олмайди. Чунки, бу ҳам махфий иш. Боланинг балоғатга етганига зоҳирий далолат, яъни, унинг 15 ёшга етгани ёки ўғил боладан маний чиқиши ва қиз боладан ҳайз келиши каби балоғатга етганликнинг аломатлари муносиб сифат деб белгиланади.

3. Иллат мунзабит бўлиши шарт.
Яъни, муайян ҳақийқатга эга, чегараланган ва турли шахс ва ҳодисалар сабабли бирйўла ўзгариб кетмайдиган сифат бўлиши шарт. Озгина ўзгарадиган бўлса, эътибори йўқ. Чунки, қиёс ҳукмнинг иллатида фаръ ва аслнинг баробар бўлишига асослангандир. Шунинг учун ҳам, ҳолат ва шахсларнинг ўзгариши туфайли ўзгарадиган нарса муносиб сифат бўла олмайди.
Мерос қолдирувчини ўлдириш қотилни меросдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукмга мунзабит сифатдир. Шунинг учун ҳам, мерос қолдирувчини ўлдиришга васият қилувчини ўлдиришни қиёс қилса бўлади ва ўзига мол васият қилган одамнинг қотили васият қилинган молдан маҳрум бўлади, деб ҳукм чиқарилади. Чунки, ҳар икки ҳодисада ҳам қатл муносиб сифатдир.
Бировнинг савдоси устига савдо қилиш ила тажовузкорлик қилиш бу иш ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмга мунзабит иллатдир. Шунинг учун ҳам, савдодаги тажовузкорликка ижарадаги тажовузкорликни қиёс қилса бўлади ва бировнинг ижараси устига ижара шартномаси қилиш ҳаром, деб ҳукм чиқарилади.
Маст қилиш хамрдаги муҳаддад – аниқ васф бўлиб, бошқа барча маст қилувчи нарсалар унга қиёс қилинади. Бунда маст қилувчи ичимликларнинг кучли ёки кучсиз бўлишидаги тафовут эътиборга олинмайди. Чунки, уларнинг орасидаги ўзгариш оздир.
Мунзабит бўлмаган, яъни, муайян ҳақийқатга эга бўлмаган, чегараланмаган ва турли шахс ва ҳодисалар сабабли бирйўла ўзгариб кетадиган сифатларни иллат қилиб бўлмайди.
Мисол учун, машаққатни Рамазонда мусофир ва беморга рўзани очиб юборишга рухсат бериш ҳақидаги ҳукмга иллат қилиб бўлмайди. Чунки, машаққат мунзабит сифат эмас. У баъзи мусофирлар ва беморларда бўлса ҳам, бошқаларида бўлмаслиги мумкин. Бу ҳукм учун мунзабит сифат сафар ёки беморлик бўлади. Чунки, бу икки нарса ҳолат ва шахсларнинг ўзгариши ила ўзгармайди.

4. Иллат асл учун чекланган бўлмай, ундан бошқада ҳам топиладиган сифат бўлиши шарт.
Яъни, ҳукмга асл бўлган нарсадан бошқа бир неча ҳолатларда ҳам васф бўлиш имконига эга бўлиши керак.
Иллат аслнинг ёлғиз ўзига чекланган сифат бўлиб, фаръга ўтмайдиган бўлса, қиёс қилиш мумкин эмас бўлиб қолади. Чунки, қиёс ҳукмнинг иллати аслда ва фаръда бир хил бўлишига асослангандир. Агар мазкур бир хиллик бўлмаса, қиёс ҳам бўлмайди.
Мисол учун, хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмнинг иллати ачиган узумнинг суви, деб бўлмайди. Чунки, бу иллат яъни ачиш хамр(узумнинг суви бу ўринда)дан бошқа нарсада йўқ. Хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмнинг иллати маст қилиш хусусияти, десак бўлади. Чунки, бу иллат хамрдан бошқа нарсаларда ҳам топилади.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган ҳукмлар ҳам иллат қилинмайди. Мисол учун, тўртдан зиёд аёлга уйланишлари ва у зотдан кейин аёлларига уйланиш мумкин эмаслиги каби ҳукмларга ҳам қиёс қилиб бўлмайди.
Юқорида зикр қилинган нарсалар ҳукмларни топишликда иллат бўлишга муносиб сифат бўлмаганлиги учун бундай сифатлар ёрдамида қиёс қилинмайди.
Уламолар иллат насс (Китоб ва Суннат) ҳамда Ижмоъ ила собит бўлса, агар у чекланган бўлса ҳам, иллат қилиб олиш мумкинлигига иттифоқ қилганлар. Худди Рамазонда оғизни очишга рухсатнинг иллати сафар ва касалликка чеклангани каби.
Агар иллат ижтиҳод ва истинбот ила собит бўлса, ҳанафийлар наздида, уни иллат қилишдан фойда бўлмагани учун қиёсга иллат ҳисобланмайди. Жумҳур уламолари наздида эса, қиёсдан бошқа нарсаларда фойдаси борлиги учун иллат ҳисобланади.
Бундай пайтда, жумҳурнинг наздида, иллат иккига тақсимланади:
• Мутаъаддий – бошқага ўтадиган иллат. Яъни, ўзи мавжуд бўлган жойдан бошқа жойларга ўтадиган иллат. Бошқача қилиб айтганда, қиёснинг аслидан фаръига ўтадиган иллат.
• Қосир – чекланган иллат. Яъни, ўзи мавжуд бўлган жойдан бошқа жойларга ўтмайдиган иллат. Бошқача қилиб айтганда, қиёснинг аслидан фаръига ўтмайдиган иллат.

ИЛЛАТНИНГ ЙЎЛЛАРИ

Биз «йўллари» деб таржима қилган лафзнинг арабчаси «масолик» дейилади. Бу лафз «маслак»нинг жамъи бўлиб, бизнинг тилимизда «йўл» маъносини англатади.
«Масоликул иллати» дегани «Иллатнинг йўллари» маъносини англатиб, мужтаҳид иллатни таниб олиши учун ишлатадиган йўллардан иборатдир ва улар қуйидагилардир:
1. Насс – матн.
Бунда шаръий ҳукмга иллат бўладиган сифатлардан бир сифат Қуръонда ёки Суннатда зикр қилинган бўлади. Бундай иллатлар «иллати мансуса» – «матнда келган иллатлар», дейилади. Бу тоифадаги иллатлар очиқ айтилган ёки имо-ишора қилинган бўлади.
Очиқ-ойдин иллат матнда «шунинг учун, бу сабабли, шу иллат учун» каби сўзлар маъносини ўз ичига олган бўлади. Луғатда шу каби сўзларни ифодалайдиган маънолар келса, у очиқ-ойдин иллат бўлади.
Ушбу иллат Қуръони Карим оятида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Шунинг учун ҳам, Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик» («Моида» сураси, 32-оят).
Ушбу ояти каримадаги «Шунинг учун ҳам» бирикмаси ноҳақдан одам ўлдиришнинг оғир олиниш иллати Одам алайҳиссаломнинг баъзи фарзандлари содир этган машъум гуноҳ эканига далолат қилади. Шунда оятнинг маъноси: «Ушбу оғир жиноят ва ундан келиб чиқадиган бузғунчиликлар сабабидан, Тавротда ноҳақдан одам ўлдиришни қаттиқ қораладик ва Бани Исроилга қарши шиддатли ҳукм чиқардик», деган бўлади.
Ушбу иллат ҳам, Қуръони Карим оятида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат» деб аталади.
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ Ўз Расулига шаҳар-қишлоқ аҳлидан қайтариб берган нарса... Аллоҳгадир ва Унинг Расулига ва яқин қариндошларига, етимларга ва мискинларга ва кўча ўғилларигадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун» («Ҳашр» сураси, 7-оят).
Бу ояти каримада «файъу» – урушсиз қўлга олинган ўлжани тақсимлаш ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бирга, бу ҳукмнинг иллати ҳам оятнинг ўзида очиқ-ойдин зикр қилинмоқда. Мазкур тоифаларга «файъу»нинг бўлиб берилиши сабабини Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилиб: «Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун», демоқда.
Яъни, бундай ҳукмнинг иллати – молу дунё бойлар орасида айланиб турадиган бўлиб қолмаслиги учун.
Ушбу иллат ҳам, Қуръони Карим оятида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – матнда келган иллат», деб аталади.
Аллоҳ таоло Набийларини хабар ила одамларга юборганининг сабаби ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Набийларни Аллоҳ ҳузурида одамларга Набийлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун юбордик. Ва Аллоҳ азийз ва ҳакийм бўлган Зотдир» («Нисо» сураси, 165-оят).
Бу ояти каримада «Башорат берувчи ва огоҳлантирувчи Набийларни» юборишнинг иллати очиқ-ойдин зикр қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу борада:
«Аллоҳ ҳузурида одамларга Набийлардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун», демоқда.
Яъни, кейинчалик одамлар ўз нобакорликларини оқлаш учун: «Бизга Набий келгани йўқ эди, шунинг учун дийнга юрмаганмиз» демасликлари учун.
Ушбу иллат ҳам, Қуръони Карим оятида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун, ўзларига ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик» («Нисо» сураси, 160-оят).
Бу ояти каримада мазкур қавмга ўзларига ҳалол қилинган нарсанинг ҳаром қилиниши ҳақида сўз бормоқда. Шу билан бир вақтда, ўша ҳукмнинг иллати ҳам шу оятнинг ўзида очиқ-ойдин айтилиб «уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун» дейилмоқда.
Ушбу иллат ҳам, Қуръони Карим оятида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга хитоб қилиб, умматларини қуйидаги каби кўнгилсиз ишлардан қайтаришга буюради:
«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг» («Бақара» сураси, 222-оят).
Бу ояти каримада ҳайз кўрган аёлга жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳукмнинг иллати очиқ-ойдин зикр қилинмоқда. Бу ҳукмнинг иллати «У кўнгилсиз нарсадир» дея баён қилинмоқда.
Ушбу иллат ҳам, Қуръони Карим оятида очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларида ҳукмнинг иллати очиқ-ойдин зикр қилинган ҳолатлар ҳам бор.
Мисол учун, қурбонлик гўштларини сақлаб қўйиш ҳақидаги ҳадисни олиб кўрайли.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида чўл аҳолисидан баъзи уйлар аҳли қурбонлик илинжида шошилиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Уч кун сақланглар. Сўнгра қолганини садақа қилинглар», – дедилар.
Кейинроқ баъзилар:
«Ё Расулуллоҳ! Қурбонлик теридан меш қилиб олишмоқда, ёғини қатириб олишмоқда?» – дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима бўпти?!» – дедилар.
«Қурбонликнинг гўшти уч кундан кейин ейилишидан қайтарган эдингиз?» – дейишди.
«Сизларни шошилиб келувчилар сабабидан қайтарган эдим. Энди, енг, сақланг ва садақа қилинг», – дедилар».
Ҳадиси шарифда бир муддат қурбонлик гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни манъ қилувчи ҳукмнинг иллати очиқ-ойдин кўрсатилиб, «шошилиб келувчилар сабабидан», яъни, очарчилик сабабли, дейилган. Аъробийларнинг Мадийнага очарчилик йили қурбонлик кунларида ёпирилиб келганлари бу ҳукмга сабаб бўлган.
Ушбу иллат ҳам, ҳадиси шарифда очиқ-ойдин зикр қилингани учун «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Ўзгалар уйи ичига изнсиз қарашликдан қайтариш ҳақидаги ҳадиси шариф ҳам бунга мисол бўла олади.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларидан бирига бўйнини чўзиб қаради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги мидро ила бошларини қашиб турган эдилар. Агар назар солиб турганингни билганимда, манавини кўзингга тиқиб олар эдим. Ахир, изн сўраш назардан сақланиш учун қилинган», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун, изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.
Бу ҳадиси шарифда бировнинг уй ичига унинг рухсатисиз назар солиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳукм ва унинг иллати бараварига зикр қилинмоқда.
Ушбу иллат ҳам, ҳадиси шарифда очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Яна, мушукдан қолган сувга тоҳарат қилиш мумкинлигини баён қилувчи ҳадиси шарифни ҳам мисол қилишимиз мумкин.

Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши айтадиларки:
«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг тоҳаратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса, унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:
«Эй, биродаримнинг қизи, ажабланаяпсанми?» – деди. Мен:
«Ҳа», – дедим. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир, деганлар», – деди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда мушук теккан сувда тоҳарат қилиш мумкинлиги ҳақидаги ҳукм ва унинг иллати ҳам зикр қилинмоқда.
Ушбу иллат ҳам, ҳадиси шарифда очиқ-ойдин зикр қилингани учун, «иллати мансуса» – «матнда келган иллат», деб аталади.
Мулоҳаза қилинадики, иллатни билдирувчи насс – матнлар баъзан араб тилидаги иллат маъносини билдирадиган «кай» – «учун», «ли ажли» – «сабабли», «изан» – «кўра», «ли иллати каза» – «фалон иллатга кўра», «ли сабаби каза» – «фалон сабабга кўра», «ли мужиби каза» – «фалон нарсага биноан» каби иллатдан бошқа нарсани ифода қилмайдиган калималар билан келганда қатъий бўлиб келади.
Баъзида насс(матн)да иллатни билдирувчи калималар араб тилидаги «лом», «бо», «ан» ва «инна» калималари Билан, яъни иллатга ва иллатдан бошқа маъноларга далолат қиладиган лафзлар билан зоҳир бўлиб келади. Булар ҳукм иллатига зонний далолат қиладиган лафзлардир. Шунинг учун ҳам, мазкур насс(матн)нинг иллатга далолати зонний(қатъиймас) бўлади.
Иллатга «ل» ҳарфи ила далолат қилган нассга мисол:
Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларни яратишдан мақсади ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим» («Заарийаат» сураси, 56-оят).
Иллатга «ب» ҳарфи ила далолат қилган нассга мисол:
Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг» («Оли Имрон» сураси, 159-оят).
Иллатга «أن» ҳарфи ила далолат қилган нассга мисол:
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматларга шукр қилиш ўрнига залолатга кетган кимса ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Моли ва ўғиллари кўп бўлгани учун…» («Қалам» сураси, 14-оят).
Иллатга «إنِ» ҳарфи ила далолат қилган нассга мисол:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушук теккан сувда тоҳарат қилиш жоизлиги ҳақидаги ҳадисда айтган сўзлари: «Албатта, у (мушук) сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир».

Имо-ишора ила собит бўладиган иллат бирон қарийна – гапнинг боришидаги кучлантирувчи омил билан келади. Мазкур омил саволга жавоб бўлиши мумкин. Масалан: Рамазон ойида кундузи хотинига яқинлик қилиб келган аъробийнинг саволига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қул озод қил» деганларидек.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулуллоҳ! Ҳалок бўлдим», – деди.
«Шўринг қурсин!» – дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», – деди.
«Қул озод қил!» – дедилар...»
Бухорий ривоят қилган.
Яъни, Рамазонда хотинингга жинсий яқинлик қилганинг учун каффоротига қул озод қил, деганлари.
Баъзан ҳукм билан васф бирга келади ва бирин-кетин тартибли бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўла олади.

Абдурроҳман ибн Аби Бакрадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қози ғазаб ҳолида икки киши орасида ҳукм қилмайди», – дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Гоҳида ҳукмдан сўнг васф «ف» – ҳарфи ила кетма-кет келади. Бунга қуйидаги ояти карима далил бўлади.
Аллоҳ таоло ўғрини жазолаш ҳақида бундай деб буюради: «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар» («Моида» сураси, 38-оят).

2. Ижмоъ.
Бунда ижмоъ муайян бир васфнинг шаръий ҳукм иллати эканига далолат қилади.
Масалан, ёш болага молиявий валий бўлишга унинг гўдаклиги иллат эканига уламолар ижмоъ қилганлар. Бунга турмушга беришдаги валийлик қиёсланади.
Меросда ота ва она бир ака-уканинг ота бирдан ёки она бирдан устин эканига бўлган ижмоъ. Бунда насабнинг бир-бирига киришиши, яъни, ота ва онанинг бир бўлиши иллат деб ижмоъ қилинган. Бунга турмушга беришдаги валийлик қиёс қилинади. Яъни, аввал туғишган ака-укалар валий бўлади. Улар бўлмаса, ота бир она бошқа ака-укалар валий бўлади.

3. Сабр ва тақсийм.
«Сабр» сўзи луғатда «синов» маъносини билдиради.
«Тақсийм» – иллат бўлиш салоҳиятига эга сифатларни аниқлаш.
«Сабр ва тақсийм» қиёснинг аслида иллат бўлишга салоҳияти бор сифатларни жамлаш ва улардан ҳар бирининг иллатга салоҳиятли ва салоҳиятсизлигини аниқлашдир.
Мужтаҳиднинг бу борада қиладиган иши Аслда мавжуд сифатларни текшириб кўриш, улардан иллат бўлишга салоҳиятсизини чиқариб ташлаш ва ўзи «қиёсга иллат бўлишга ярайди» деб билган сифатни қолдиришдан иборат. У бу амалиётда иллатнинг шартлари юзага чиқиш савиясига, яъни, васфнинг ҳукмга муносиб, мутаъаддий, мунзабит, зоҳир бўлишига эътибор беради.
Бошқача қилиб айтганда, мужтаҳид иллат очиқ-равшан кўриниб турган васф бўлишига эътибор беради. Чунки, иллат ҳукмни танитадиган васф бўлгани ва аслнинг ҳукми у орқали фаръга ўтадиган бўлгани учун ҳам ҳиссий аъзоларнинг бири ёрдамида идрок қилинадиган бўлиши ва ўша васф аслдагидек фаръда ҳам бўлиши лозим.
Мужтаҳид яна иллатнинг мунзабит бўлишига эътибор беради. Яъни, муайян ҳақийқатга эга, чегараланган ва турли шахс ва ҳодисалар сабабли бирйўла ўзгариб кетмайдиган сифат бўлишини ўрганади. Чунки, қиёс ҳукмнинг иллатида фаръ ва аслнинг баробар бўлишига асослангандир. Шунинг учун ҳам, ҳолат ва шахсларнинг ўзгариши туфайли ўзгарадиган нарса муносиб сифат бўла олмайди.
Сўнгра мужтаҳид иллат асл учун чекланган бўлмай, ундан бошқада ҳам топиладиган сифат бўлишига эътиборини қаратади. Яъни, мазкур иллатнинг ҳукмга асл бўлган нарсадан бошқа бир неча ҳолатларда ҳам васф бўлиш имконига эга экани ёки эмаслигини ўрганади. Агар иллат аслнинг ёлғиз ўзига чекланган сифат бўлиб, фаръга ўтмайдиган бўлса, қиёс қилиш мумкин эмас бўлиб қолади. Чунки, қиёс ҳукмнинг иллати аслда ва фаръда бир хил бўлишига асослангандир.
Бу йўл истинботга суяниб иш тутишдан иборатдир. Яъни, ўз илми ва фикрини ишга солиб ҳаракат қилади. Насс (Китоб ва Суннат) ёки ижмоъдан далил бўлмайди.
Мисол учун, мужтаҳид хамрнинг ҳаромлигини билганидан сўнг унинг иллатини излашни бошлайди. Хамрда мавжуд сифатларни текишириб, улар узумдан бўлгани, суюқлиги ва маст қилувчи эканини аниқлайди. Кейин ҳукмнинг иллати унинг узумдан бўлганими, суюқлигими ёки маст қилувчилигими, деган саволни ўртага қўяди.
Биринчи сифат, яъни узумлик сифати, иллат бўлишга ярамайди. Чунки, у фақат узумга хос қосир – бошқа нарсаларда бўлмайдиган сифат. Узумдан бошқа нарса ҳам маст қилади. Узумлик сифати бошқа нарсаларга ишлатиладиган эмас. Шунинг учун, узумликни бошқа нарсаларга қиёслаб бўлмайди.
Иккинчи сифат – суюқлик. Бу сифат ҳам хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмга иллат бўла олмайди. Чунки, унинг муносиблиги йўқ. Кўплаб суюқ покиза нарсалар ҳам бор.
Учинчи сифат – маст қилиш. Ҳукмга иллат бўлишнинг барча шартлари ушбу сифатда мавжуд. Демак, хамрнинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукмнинг иллати унинг маст қилувчилигидир.
Иккинчи мисол:
Мужтаҳид рибовий молларда ҳадисда зикр қилинган рибал фазл ва рибан-насиянинг ҳаром қилиниши иллати ҳақида баҳс юритмоқда, деб фараз қилайлик.
Мужтаҳид бу ҳукмга иллат деб кайл ва вазн билан ўлчаниш ёки таомлиги ёки сақлаб қўйилиши мумкин бўлган озуқалиги каби сифатларни олади ва уларни Бирма-бир қиёслаб чиқади.
Ҳанафий мужтаҳид қуйидагиларни айтади: Ҳадисда зикр қилинган рибовий молларнинг таом бўлиши уларда рибал фазл ёки рибан-насиянинг ҳаром бўлишига иллат бўла олмайди. Чунки, таомдан бошқа тилло ва кумуш каби нарсаларда ҳам рибо бор.
Шунингдек, бу масалада мазкур рибовий молларнинг озуқалиги ҳам уларда рибонинг ҳаром бўлиши ҳақидаги ҳукмга иллат бўлиши мумкин эмас. Чунки, тузга тузни алмаштиришда ҳам рибо бор. Ҳолбуки, туз озуқа эмас.
Демак, мазкур рибовий молларнинг бир хил жинсдагилари бир-бирига алмаштирилганда рибо ҳаром бўлиши ҳақидаги ҳукмнинг иллати уларнинг ўлчанишидир. Кайл ва вазн билан ўлчанадиган барча нарсалар аслга қиёс қилинади. Шундай нарсалар ўз жинсига алмаштирилаётганида рибал фазл ҳам, рибан-насия ҳам ҳаромдир.

4. Муносабат.
«Муносабат» деганда васф билан ҳукм орасида бир-бирига муносиблик бўлиши кўзда тутилади. Чунки, бир ҳукм шариатга киритилишида одамларга бирон фойдани олиб келиши ёки улардан бирон зарарни кетказиши кўзланган бўлади. Масалан, маст қилиш – хамрнинг ҳаром қилинишига муносиб сифат. Хамрнинг суюқлиги, ранги ёки таъми унинг ҳаромлигига муносиб сифат бўла олмайди. Чунки, суюқ ва рангли қанча покиза нарсалар бор. Демак, унинг ҳаромлигига фақатгина маст қилиш ифати муносиб далил бўла олади.
Кичкиналик отага кичик ёшдаги бокира қизини турмушга беришда валийликни собит қилишга муносиб сифатдир. Чунки, кичкиналик фойдани идрок қилишдан ожизликнинг аломатидир. Валийликнинг собит бўлишида ожиздан унга етиши мумкин бўлган зарарни дафъ қилиш бордир. Шариатнинг мақсадларидан бири зарарни дафъ қилишдир.
Мужтаҳид ушбу «муносабат» маслаки(йўли)ни васфнинг иллатлигига насс ва ижмоъда далил келмаган ҳолатдагина ишга солади.
Муносиб васфнинг турлари:
Муносабатнинг ёлғиз ўзи иллатни тайин қилишни ифода эта олмайди. Балки шариат уни эътиборга олган ёки муносиблигига гувоҳлик берган бўлиши шарт. Муносиб васф шариат унинг муносиблигига гувоҳлик бергани ёки бермагани жиҳатидан тўрт турдир:

Биринчи тури – Таъсир қилувчи Муносиб.
Бу шариат уни эътиборга олишга насс ёки ижмоъ билан гувоҳлик берган ва уни иллат дейишликка иттифоқ қилинган муносиб васфдир.
Бунга қуйидаги оятдаги «ҳайз» мисол бўлади.
Аллоҳ таоло кўнгилсиз нарсадан четланиш ҳақида бундай деб буюради:
«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг…» («Бақара» сураси, 222-оят).
Шунингдек, қуйидаги ҳадисда келган қотиллик ҳам мисол бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қотил мерос олмайди», – дедилар».
«Сунан» эгалари ва Дора Қутний ривоят қилишган.
Буларнинг барчаси «Муносиб» сифатлардир. Чунки, шариат буларни аҳкомларда эътиборга олгандир ва бу «Муносиб» сифатларнинг энг олий даражасидир.

Иккинчи тури – Мулойим ёки мўътабар Муносиб.
Бу бир сифат бўлиб шариат уни ҳукмга сабаб қилгандир. Лекин ўзи сабаб бўлган ушбу ҳукмга ўзининг иллат дея эътибор қилиниши насс ёки ижмоъда собит бўлмаган. Балки унинг ўзи ҳукмнинг жинсига иллат экани собит бўлган ёки шариат унинг жинсидан бўлган васфни мазкур ҳукмга уни ўзи ёхуд жинси ила иллат деб эътибор қилгани собит бўлгандир.
Мужтаҳид иллатини топишда баҳс қилган, шариат ўзини унинг жинсидаги васфнинг ҳукмига иллат деб эътиборга олган «мулойим – мўътабар васф»га мисол ёш қизни турмушга бераётганда отанинг валийлиги иллати қизнинг ёш бўлишидир.
Мужтаҳид шариат ёш қизнинг молига валий бўлишга иллат деб унинг кичкиналигини эътибор қилганини топди. Шу билан бирга, бу иллатга Китоб, Суннат ва Ижмоъда далил ҳам йўқ.
Мужтаҳид ёш қизнинг молига ҳам, турмушга беришга ҳам валий бўлишнинг ҳар бири нафсга валий бўлишнинг ҳолатларидан бири эканини топади. Чунки, икки ҳолатда ҳам жинс бир, яъни валийлик. Шариат қизнинг ёшлиги учун молига валий тайинлаганидек, унинг ёшлиги учун барча нарсаларида ҳам валийлик тайинлаган. Жумладан, турмушга чиқишида ҳам. Бу, васфнинг ўзини иллат дейиш эътибори билан бўлган муносабатдир.
Мужтаҳид иллатни топишда баҳс қилган, шариат уни ўзининг жинсидаги васфнинг ҳукмига иллат деб эътиборга олган васфнинг мисоли муқим турган вақтда икки намозни жамлаб ўқишга рухсат учун ёмғирни васф қилишдир.
Мужтаҳид ушбу ҳукмнинг иллатини излади. Бас, шариатнинг машаққатни дафъ қилиш учун сафарда икки намозни жамлаб ўқишга рухсат берганини топди. Сафар билан ёмғир бу маънода бир жинсдаги нарсалардир. Чунки, иккисида ҳам танглик ва машаққат манбаъи бор. Гўёки шариат сафарни икки намозни жамлаб ўқиш жоизлигига иллат деб эътибор қилганидек, унинг жинсидан бўлган ҳар бир нарсани ушбу жоизликка иллат деб эътибор қилади. Бас, шундай экан, баъзан ёмғир машаққат туғдирганда мусофирмасга намозни жамлаб ўқиш учун иллат бўла олади. Буни васфнинг жинсини эътиборга олиш дейилади.
Мужтаҳид иллатидан баҳс қилаётган ҳукмнинг жинсини васфнинг жинсига эътибор қилишнинг мисоли ҳайз кўрган аёлдан намозни соқит қилиш учун ҳайзни васф қилишдир.
Мужтаҳид ҳайз кўрган аёлдан намозни соқит қилиш ҳақидаги ҳукмнинг иллатини ахтара бошлади. У бунга муносиб васф ҳайз эканини топди. Чунки, бунда пайтида қолиб кетган кўп сонли намозларни қазо қилиб ўқиш туфайли юзага келадиган машаққат бор. Бас, мужтаҳид ҳайзни унинг сабабидан келиб чиқадиган машаққатнинг ўрнига қўяди. Сўнгра шаръий ҳукмлардан ўзининг бу фикрини қўллайдиган омилни излашга киришади. Бас, сафардан пайдо бўладиган машаққат юзасидан унинг намозни жамъ ва қаср қилишга иллат қилинганини топади.
Худи, шариат ҳар бир танглик ва машаққатга олиб борадиган нарсани енгиллик ҳақидаги барча ҳукмларга иллат қилганга ўхшайди. Бу борада ҳайз пайтида қолдирилган намозларни соқит қилиш ва сафарда намозни қаср ҳамда жамъ қилиш бир жинсдан ҳисобланади. Чунки, уларда тангликни кўтариш ва енгиллик яратиш бор.
Бас, машаққатни ўз ичига олган сафарни намозни қаср ва жамъ қилишга иллат қилиб олиш эътибори ушбу васфнинг жинсидан бўлган, мужтаҳид унинг иллатини ахтариб турган, ҳайз ҳукмининг иллатига шоҳид дея эътибор қилинади.

Учинчи тури – Муносиб Мурсал.
У муносиб васф бўлиб, шариатда уни эътиборга олиш ёки олмасликка бирон шоҳид йўқ бўлади. Бироқ унинг ўзи муносиб иллат сифатида манфаат келтириши мумкин. «Мурсал» дейилгани эса, «ташлаб қўйилган» деган маънони ифода қилади ва уни эътиборга олиш ёки олмаслик ҳақида далил бўлмагани учун шунда айтилган. Буни «истислоҳ» ёки «маслаҳатул-мурсала» ҳам дейилади. Саҳобалар шунга асосланиб зироат ерларга харож солганлар, пул чиқарганлар, Қуръонни жамлаб, китоб ҳолига келтирганлар ва бошқа шу каби ишларни қилганлар.
Бу турдаги муносибни иллат қилиб олиш ҳақида уламолар ихтилоф қилишган.
Ҳанафий ва шофеъийлар: «Буни иллат қилиб олиш ва ҳукмларни унинг асосида бино қилиш тўғри бўлмайди», деганлар. Чунки, шариат буни эътиборга олмаган ва бунга далил ҳам йўқ.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма!» («Исро» сураси, 36-оят).
Моликий ва ҳанбалийлар: «Буни иллат қилиб олиш ва ҳукмларни унинг асосида бино қилиш тўғри бўлади», деганлар. Чунки, шариат унинг эътиборини бекор қилмаган. Биз унда бирон манфаат бор деб билсак, амал қилишимиз учун кифоядир. Биз муносиб васфни топишликка бутун кучимиз билан ҳаракат қилишга буюрилганмиз. Ушбу васф ҳукмга иллат бўлишига зонн ғолиб бўлди. Зоннга амал қилиш ҳам вожибдир», дейдилар.

Тўртинчи тури – Муносиб Мулғо.
Бу бир васф бўлиб, мужтаҳидга манфаатни юзага чиқариши зоҳир – очиқ-ойдин билинади. Лекин шу билан бирга, шариатдаги фаръий ҳукмларда уни бекор қилишга ва эътиборга олмасликка далил бор. Бу, барча уламолар иттифоқи Билан, иллат қилиш дуруст бўлмаган васфдир.
Масалан: Ўғил ва қиз вафот этган кимсага фарзандликда муштаракдир. Ўғил ҳам фарзанд, қиз ҳам фарзанд. Бу васф иккисининг меросда баробарлигига муносибдир. Лекин шариат мерос аҳкомларида бу васфнинг эътиборини бекор қилган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади:«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насийбасича беришни амр этади» («Нисо» сураси, 11-оят).
Икки тарафнинг розилиги билан боғланган никоҳ талоқ ҳам икки томон ҳаққи эканлиги учун муносиб васф ҳисобланади. Бироқ бу васфни ҳам шариат бекор қилган, эътиборга олмаган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, талоқ соқни тутгангадир», – дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Арабларда «соқни тутган» кинояси эрни англатади.
Танқийҳул манот:
Араб тилида «танқийҳ» сўзи «қайта кўриб чиқиш», «тўғрилаш» ва «тафтиш» маъноларини билдиради. «Манот» сўзи эса, бир нарсани илиб ёки боғлаб қўйилган жойни билдиради.
Усулул фиқҳ илмида эса, шариат ҳукмга боғлиқ қилган ва насс ёки ижмоъ собит бўлган васфлардан бирига иллатни тайин қилиш бўйича ижтиҳод қилишга «танқийҳул манот», дейилади. Бу иш ҳукмга таъсир қилишда дахли йўқ нарсаларни чиқариб ташлаш ва унга яқин бўлган васфларни эътиборга олиш билан амалга ошади.
Бунга Рамазонда хотинига қасдан жинсий яқинлик қилган аъробийнинг рўзаси очилгани учун адо қилиши лозим бўлган каффорот ҳақидаги ҳадисни мисол қилишимиз мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, ё Расулуллоҳ!» – деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» – дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», – деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» – дедилар.
«Йўқ», – деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот (ҳалиги одамга):
«Мана буни садақа қилиб юбор», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, биздан кўра фақийрроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ҳадис аъробийга каффоротни вожиб қилган иллат жинсий яқинлик эканига далолат қилиб турибди. Бироқ мужтаҳид баҳс қилса, ҳукмга таъсири йўқ бўлган бошқа нарсаларни ҳам топади.
Масалан, жинсий алоқа қилган кимса аъробий – саҳройи саводсиз кимсалиги. Бироқ ҳукм бир шахсга хос қилинмаган бўлса, шариат бир шахс билан иккинчиси орасини ажратмайди. Шаҳарликми, қишлоқликми ёки саҳроликми – бари бир.
Ёки мужтаҳид жинсий алоқа қилинган кимса ўз хотини бўлганини иллатга лойиқ деб гумон қилади. Бироқ хотини бўлмаган кимса билан жинсий алоқа қилиш ҳаромлиги билан бирга, каффорот вожиб бўлишига лойиқроқдир.
Шундай қилиб, аъробийлик ва ўзининг хотини бўлиш, каффоротнинг вожиб бўлишига таъсири бўлмагани учун, бекор қилинади. Каффоротнинг вожиб бўлишига таъсири бор нарса Рамазон ойида кундуз куни жинсий яқинлик қилиш бўлади.
Мана шу каби таъсири йўқ бўлган нарсаларни иллатликдан чиқариб ташлаш «танқийҳул манот» дейилади.
Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари буни эътиборга олганлар ва: «Рамазон ойида кундузи қасдан жинсий яқинлик қилган одамга каффорот адо қилиш вожиб бўлади, еб-ичганга эмас», деганлар.
Ҳанафий ва моликий мазҳаблари эса бу масалада бошқача йўл тутишган. Улар Рамазон ойида кундузи қасдан еб-ичганни жинсий яқинликка қиёс қилганлар. Уларнинг мазҳабида Рамазон ойида кундузи қасдан еб-ичган одам ҳам каффорот ўташи лозим. Уларнинг бу масалада каффоротни вожиб қилишларига иллат ҳар икки ҳолда ҳам Рамазон ойи ҳурматининг оёғости қилинганидир.
Танқийҳул – манот ҳамда сабр ва тақсийм орасидаги фарқ.
«Танқийҳул манот»да иллат нассда собит бўлиб, бошқа нарсалар билан аралаш келади ва ўзи холис кўриниб турмайди. Ўша аралаш сифатлардан дахлсиз васфларни чиқариб ташлаб иллатни топишлик керак бўлади. Сабр ва тақсиймда эса, ҳукм иллатини топишликка нассда бирон нарса бўлмайди, балки иллат ижтиҳод ила топилади.
Ҳақийқат шуки, танқийҳул манот иллат топишликдаги мустақил маслак эмас, балки нассда собит бўлган иллатга хосдир.
Танқийҳул манот, таҳқийқул манот ва тахрийжул манот орасидаги фарқлар.
Танқийҳул манот нассдаги васфлар орасидан эътиборсизларини ташлаб, дурустини иллатга тайин қилишдир.
Таҳқийқул манот аслдаги иллатни қиёс қилиш мақсадида фаръдаги иллатни қидиришдир. Худи, хамрнинг ҳаром қилинишидаги иллат – маст қилишлик набийзда ҳам борлигини қидириш кабидир.
Ёки ўликларнинг кафанларини ўғирлаган кимса ҳам ўғри ҳисобланишини исботлаш ва ҳайздаги азият нифос ҳолатида ҳам бўлишини топиш каби.
Тахрийжул манот насс ёки ижмоъда ворид бўлган ҳукм иллатига муносиб васфни истинбот йўли билан иллатга айлантириш учун топишдир. Бунда иллатни топиш йўлларидан қайси йўл билан топиш мумкин бўлса ҳам, муносабатми, сабр ва тақсиймми ёки бошқами – бари бир. Бу истинботга хос бўлган иллат топишликдир. Худди қут, кайл ва таъмни рибовий нарсалар ҳаромлигига иллат қилиш ёки қасдан одам ўлдириш қасоснинг вожиб бўлишига иллат бўлганидек.

ҚИЁСНИНГ ҚИСМЛАРИ

Қиёс иллатнинг равшанлиги ва махфийлиги ҳамда фаръда борлиги эътибори билан авло(устунроқ), адно-пастроқ ва мусавиий(баробар)га тақсимланади.
1. «Авло қиёс» иллат фаръда қувватлироқ бўлгани учун фарънинг ҳукми аслнинг ҳукмидан авло – устин бўлишидир.
Масалан, ота–онага «уфф» дейишлик уларга азият бериш бўлгани учун ҳаром. Бу борада Аллоҳ таоло: «Иккисига уфф дема!» деган. Уришда азият кучлироқ бўлгани учун, унинг ҳаромлиги ҳам ортиқ – авлороқдир.
Қиёснинг бу турини шофеъийлар «маънал асл» десалар, ҳанафийлар «далалатун-насс» ва «мафҳумул мувофақа», дейдилар.
2. «Адно қиёс» аслнинг ҳукми иллатидан фарънинг ҳукми заифроқ бўлишидир ёки фарънинг аслга ҳукмда кам боғланишидир. Яъни, иллат аслда кучлироқ, фаръда кучсизроқ бўлади.
Масалан, олмани олмага алмаштирилаётганидаги ҳукмни буғдойни буғдойга алмаштирилаётганидаги ҳукмга таққослаш каби. Ёки хамрнинг ҳаромлиги билан набийзнинг ҳаромлигини таққослаш каби.
3. «Мусавий қиёс» фарънинг ҳукми аслнинг ҳукми билан иллат баробар бўлганлиги учун тенг бўлишидир.
Масалан, етимнинг молини емоқ ҳаром бўлгани каби унинг молини куйдириб юбориш ҳам ҳаромдир. Икки ҳолатда ҳам талофот бир хилдир.
Ёки чўрининг жиноятига белгиланган шаръий жазо ҳур аёлга белгиланган жазонинг ярмига тенг экани каби. Бу борада Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Эрга текканларидан сўнг фоҳиша иш қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми бериладир» («Нисо» сураси, 25-оят).
Шунга қилинган қиёсга биноан, қулнинг жиноятига белгиланган азоб ҳам ҳурникининг ярмидир. Бунда фаръ ҳукмда асл билан баробар бўлмоқда.
Қиёс зеҳнга тез келиш ва қуввати эътиборидан жалий(очиқ) ва махфийга бўлинади.
Бу икки қиёс тушунчалари шофеъийлар ва ҳанафийларда фарқлидир.
Шофеъийлар таърифида жалий қиёс иллат насс билан собит бўлса ҳам ёки истинбот билан собит бўлса ҳам асл билан фаръ орасидаги фарқнинг ҳукмга таъсири бўлмаслиги қатъий аниқ бўлган ҳолатдир.
Бунга чўрининг баъзи аъзоси озод қилинса, унинг ўзи бутунлай озод бўлиши қулга қиёс қилингани мисол бўлади. Қулнинг баъзи аъзоси озод қилинса, унинг ўзи бутунлай озод бўлиши ҳадисда зикр қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким мамлукдаги шериклик ҳаққини озод қилса, унга қолганини ҳам озод қилиш вожиб бўлади. Агар унинг қулнинг баҳосига етадиган моли бўлса, қиймати белгиланади ва шерикларига ҳиссалари берилиб, озод қилинганни қўйиб юборилади».
Бухорий ривоят қилган.
Бу ердаги чўри ва қулнинг орасидаги, яъни, қиёснинг асли ва фаръи орасидаги фарқ бири эркак ва бошқаси аёл киши бўлишидир. Бироқ озод қилишдаги шаръий аҳкомларда бу фарқнинг таъсири йўқ. Худди ўтган мисолдаги «уфф» дейишга уришни қиёс қилингани каби. Бунда ҳам асл билан фаръ орасида фарқ бор. Лекин бу фарқ таъсир қилмаган ҳамда ота-онага «уфф» дейиш ҳаром бўлгандан кейин, уларни уришнинг ҳаром бўлиши ҳам турган гап, дейилган.
Жалий қиёс авло ва мусавий қиёсларни ўз ичига олади.
Хафий қиёс – асл ҳукмининг иллати истинбот билан топилган ва асл билан фаръ орасидаги фарқнинг таъсири йўқлиги қатъий эмас бўлган ҳолатдир.
Худди тиғли нарса билан ўлдиришга тош ёки ёғоч каби оғир нарсалар билан уриб ўлдиришни қиёслаш каби. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўлдириш ҳаддан ошишлик билан бўлгани учун, қасос вожиб бўлади. Шариатда оғир нарса билан тиғли нарса орасидаги фарқнинг таъсири бекор қилингани қатъий эмас. Балки мазкур фарқнинг таъсир қилувчи бўлиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам, Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи: «Оғир нарса билан содир этилган ўлимда қасос вожиб бўлмайди», деган.
Хафий қиёс адно қиёсдан бошқасини ўз ичига олмайди.
Бу икки қиёс ҳанафийлар наздида қуйидагичадир:
Жалий қиёс очиқ бўлиб, зеҳнга тез келадиган ва иллати кўриниб турадиган қиёсдир.
Хафий қиёс истиҳсондан иборат бўлиб, иллати махфийлиги сабабли зеҳндан узоқ ва жалийнинг муқобилида келадиган қиёсдир.
Масалан, ижара муомаласи истиҳсон билан собит бўлган. Қиёс бунга рухсат бермайди. Чунки, унда шартнома пайтида бир томондаги нарса нақд бўлса-да, иккинчи томондаги нарса йўқ бўлади. Яъни, тугалланмаган, ҳали натижаси йўқ иш устида олди-берди шартномаси тузилади. Бироқ бундаги манфаат вақт ўтиши билан аста-секин кўринади.
Ёки салам ва истисноъни олиб кўрайлик. Уларнинг иккиси ҳам истиҳсон билан собит бўлган. Бу ерда ҳам йўқ нарсалар устида савдо бўлади. Йўқ нарса устидаги савдо қиёсга асосан ботилдир. Бироқ шариатда салам савдоси борасида бир қанча насслар собит. Истисноъ саламга қиёс қилинади.

ҚИЁСНИНГ ҲУЖЖАТЛИГИ

Мусулмон уламолар жумҳури иттифоқи бўйича, қиёс шаръий амалий аҳкомларда ҳужжат саналади ва шариат аслларидан бир асл деб эътибор қилинади. Қиёс шаръий ҳужжатлар мартабасида тўртинчи ўринда туради. Бу фикр эгалари қиёсни исбот қилувчилардир.
Муътазилийлардан Наззом, шиъаларнинг имомиялари ва зоҳирийлар: «Қиёс шаръий аҳкомларда ҳужжат эмас», дейдилар. Булар қиёсни инкор қилувчилардир.
Қиёсни исбот қилувчилар, яъни уламолар жумҳури қиёснинг ҳужжат эканига Қуръондан, Суннатдан, Ижмоъдан ва ақлий далил келтирадилар.
Қуръон Каримда қиёснинг шариатда ҳужжат эканига бир қанча далиллар бор:

1. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар кимга ва қандай итоат этишлари лозимлиги ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Набийга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Набийга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир» («Нисо» сураси, 59-оят).
Демак, аввало Аллоҳ таллога итоат этиш керак, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, ундан кейин мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилиш лозим.
Агар бирор нарсада ихтилоф туғилиб, тортишув чиқса, Аллоҳ таолонинг ва Набийнинг ҳукмларига қайтариш лозим. Мезон шу. Ўлчов шу.
Мусулмонлар бир ишга қўл уришдан олдин шу иш ҳақида шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билишга киришадилар. Ҳукмни, аввало, Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Фараз қилайлик, бўлғуси ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, унда Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат этилади. Набий алайҳиссаломнинг суннатларида эса, Қуръондаги умумий ҳукмлар батафсил баён қилинган ҳамда баъзи зикр этилмаганлари айтилган.
Замон, шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган маълум бир ҳукмлар эса, мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб ечишлари учун қолдирилган.
Ояти каримада: «Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Набийга қайтаринг», деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, Суннат ва Ижмоъдан кейинги тўртинчи масдарга–қиёсга асос бўлган.
Демак, мусулмонлар ҳаётида янги бир масала пайдо бўлди. Айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб бир ҳукм чиқарадилар. Бунинг номи «қиёс» бўлади.
Оятда мусулмонлар ўртасида тортишувга сабаб бўлган нарса Аллоҳга (яъни, Қуръонга) ва Набийга (яъни, у кишининг суннатларига) қайтаришни «агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз» жумласи билан бирга қайд қилинмоқда. Демак, қилажак ишларни шариатга мувофиқ адо этиш Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экан.
Мусулмонлар ҳар бир ишларини ушбу оятда зикр қилинган қоида асосида, Аллоҳ таолога, Унинг Набийига, ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилган ҳолда олиб борадилар. Баъзи ишларда фикрлари турли чиқиб қолса, у ишни Аллоҳ таолога ва Набий алайҳиссаломга қайтариб, ўхшаш масалалардаги ҳукмларга солиштириб-қиёслаб оладилар.
«Ана ўшандай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.»

2. Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарган зотдир. Уларни чиқар деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам, қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қолур, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй, ақл эгалари!» («Ҳашр» сураси, 2-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло аҳли китобдан бўлган Бани Назир қабиласини ўз диёрлари Ясрибдан биринчи ҳашр учун чиқарган зотдир.
«Уларни чиқар деб ўйламаган эдингиз.»
Чунки, инсон ўлчови бўйича, барча шарт-шароит шуни тақозо қиларди. Улар ўзига яраша куч-қувватга, обрўга ва имкониятларга эга эдилар. Ҳеч ким уларни яшаб турган жойларини ташлаб чиқиб кетадилар, деб ўйламас эди.
«Ўзлари ҳам, қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қолур, деб ўйлашарди.»
Ўша бани назирликларнинг ўзлари ҳам чиқиб кетишларини ҳеч хаёлларига келтирмаган эдилар. Улар, ўзларича, қўрғонимиз бизни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қолади, деб хомхаёл қилишарди.
«Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди.»
Улар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас деб, хотиржам эдилар. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни жорий этди. Қўрғонлар жойида қолиб, уларнинг қалбларидан футур кетди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда улар
«Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар».
Улар, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан футур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди.
«Ибрат олинг, эй ақл эгалари!»
Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Айнан ушбу жумла қиёсга далилдир.
Яъни, ўзларингизни уларга таққослаб кўринглар. Билиб қўйинглар, сизлар ҳам уларга ўхшаб иш тутсангиз, уларга тушган азоб сизларга ҳам тушади, деганидир.

Суннати мутоҳҳарада ҳам қиёснинг шариатда ҳужжат эканига бир қанча далиллар бор:
1. Қавлий суннатдан далил: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муозни Яманга юбораётиб унга:
«Қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг Китобидаги нарса ила», – деди.
« Агар Аллоҳнинг Китобида бўлмасачи?» – дедилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила», – деди.
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бўлмаса-чи?» – дедилар.
«Фикрим ила ижтиҳод қиламан», – деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расулини тавфиққа бошлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», – дедилар.
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Фикр билан ижтиҳод қилиш қиёсни ҳам ўз ичига олади.

2. Амалий саҳиҳ суннатдан далил:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ишларда қиёс қилганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жуҳайнадан бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Ё Расулуллоҳ! Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилолмасдан ўлиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилайми?» – деди.
«Ҳа! Унинг номидан ҳаж қил! Айт-чи, унинг қарзи бўлса, сен адо қилармидинг? Аллоҳнинг ҳаққини адо қилинглар! Аллоҳ вафога ҳаққли зотдир!» – дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарзни адо қилишда Аллоҳнинг ҳаққини банданинг қарзига қиёсладилар.

3. Хотини қора бола туққани ҳақида шикоят қилган фазоралик киши ҳадиси.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бани фазоралик бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Хотиним қора бола туғди?!» – деди.
«Сенинг туяларинг борми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«Уларнинг ранги қандоқ?» – дедилар.
«Қизил», – деди.
«Ичида оқишлари борми?» – дедилар.
«Албатта, уларнинг ичида оқишлари бор», – деди.
«Ўша нарса уларга қаердан келган?» – дедилар.
«Шоядки, ирқи тортгандир», – деди.
«Буни ҳам, шоядки ирқи тортгандир?!» – дедилар.
Бешовлари ривоят қилишган.
Бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамнинг боласининг ранги ота-онасиникидан бошқача бўлиши мумкинлигини ҳайвоннинг боласи баъзан бошқача рангларда бўлишига қиёс қилдилар.

Ижмоъда ҳам қиёснинг шариатда ҳужжат эканига бир қанча далиллар бор:

1. Саҳобалар қиёсга такрор-такрор амал қилганлар. Улардан ҳеч бирлари буни инкор қилмаганлар. Бу иш маънавий тавотир ила собитдир. Уларнинг бу ишлари қиёснинг шаръий ҳужжатлигига ва унга амал вожиб эканига ижмоъ кўринишидаги далилдир.
2. Саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халийфа бўлишини намозга имом бўлишига қиёсладилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дийнимиз учун рози бўлган кимсани дунёмиз учун рози бўлмаймизми?!» – дедилар.
3. Саҳобалар «Бир жамоа бир кишини ўлдириб қўйса, ўша жамоа ҳаммаси ўлдирилади» деган ҳукмни бир ўғриликда иштирок этганларнинг барчаларининг қўли кесилишига қиёс қилганлар.
4. Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо Ашъарийга у киши Басрага волий бўлиб турганларида ҳукм борасида ёзган машҳур мактубида: «Бир-бирига ўхшаш ишларни яхшилаб бил ва ишларни раъйинг билан таққосла», дейилган.
5. Умар розияллоҳу анҳу хамрнинг сиркага айланишини чарвини эритиб олишга қиёслаган ва хамрнинг пулини ўзига таққослаб «ҳаром» деган.
6. Али розияллоҳу анҳу: «Ақлли кишилар олдида ҳақийқат қиёс қилиниш билан билинади» деганлар.
7. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўғилнинг ўғлини отанинг отасига қиёслаб: «Зайд бин Собит розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қўрқмайдими? Ўғилнинг ўғлини ўғил қилиб, отанинг отасини ота қилмади», – дедилар. Яъни, иккиси ҳам маййитга битта восита билан етади.
Бу ҳодисалар саҳобаларнинг улуғлари томонидан содир бўлган ва қиёс ҳужжат эканига ҳамда унга амал қилиш вожиблигига далилдир.

Қиёснинг шариатда ҳужжат эканига бир қанча ақлий далиллар бор:

1. Маъноси маъқул шаръий ҳукмларнинг барчаси манфаатга риоя қилиш асосига бино қилингандир. Шаръий ҳукмлардан мақсад қилинган нарса бандалар манфаатидир.
Икки ҳодиса ҳукмининг иллати бир хил – инсонларга манфаат бўлса, улар ҳукмда ҳам баробар бўлиши лозим. Ана шунда шариатнинг ҳукмдан кўзлаган мақсади – манфаат юзага чиқади. Бунда мужтаҳиднинг фикридаги зоннинг ғолиб бўлишига эътимод қилиш кифоя қилади. Зонн билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир.
Қиёсга амал қилишдан қочиб, ақл ва тана саломатлиги учун, маст қилувчи хамрнинг ўзини ҳаром қилиб, маст қилувчи набийзни мубоҳ қилиш ақлдан эмас.
Шунингдек, пул ва озуқаларни савдода ўйин қилиб, ўз фойдасига буриб олишдан қайтариб, олти синфдаги рибони ҳаром деб, макажўхори, гуруч, ловия кабиларда рибони мубоҳ қилиш ҳам ақлдан эмас.
2. Қуръон ва суннат насслари ваҳий тугаши билан чегаралангандир. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин оят ҳам, ҳадис ҳам келмайди. Инсон эҳтиёжлари эса, чегараланмагандир. Ниҳояли нарсани ниҳоясиз нарсага боғлаб қўйишлик тўғри бўлмайди. Мана шу сабабли, шариатда иллатлар ёрдамида қиёс қилиш йўлга қўйилган. Қиёс қилиш билан ҳар бир замон ва макондаги ҳодисалар ечими ҳал қилинади ва шариат ҳар бир замонга ва маконга муносиб жавоб бера олишига асос бўлади.
3. Инсоннинг соф табиати, мантиқ ва оддий ақл ҳам қиёсга амал қилишни тақозо қилади. Кимки бир феълдан одамларнинг молини ботиллик билан ейиш, зулм ва ўзгалар ҳаққини паймол қилиш сабабли қайтарилса, у кимса таққослаш орқали мана шу каби барча ишлардан қайтарилганини тушунади. Бирор кимса фосид таом ва захарли ичимликдан қайтарилса, ўша кимса ҳар қандай фосид таом ва захарли ичимликдан қайтарилганини тушунади.
Мана шундай қилсак, шариатнинг ҳар бир замон ва макон учун салоҳияти борлиги кафолатини берамиз ва инсонлар фойдаси ва ҳожатларини чиқаришни йўлга қўйган бўламиз.

ҚИЁСНИ ИНКОР ҚИЛУВЧИЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Қиёсни инкор қилувчилар ўз даъволарига бир нечта далил келтирадилар:
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз» («Анъом» сураси, 38-оят).
Яъни, Қуръон ҳар бир нарсани ўз ичига олгандир. Қиёсга ҳожат йўқ.
Буларга жавоб қуйидагича: Қуръони Карим барча нарсаларни умумий сифатда ўз ичига олган, тафсилотларини эмас. Қолаверса, барча шаръий ҳукмларга ҳам насс – оят собит бўлмаган. Баъзи ҳукмларга насс тўғридан-тўғри далолат қилиши мумкин. Баъзиларига эса, восита билан далолат қилади. Ана шу восита қиёсдир.
Инкор қилувчилар ўз фикрларига бошқа оятни ҳам далил қилиб келтирадилар.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма!» («Исро» сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақийқат ўрнига ўтмас» («Нажм» сураси, 28-оят).
Мухолифларнинг фикрича қиёс билмаган нарсага эргашишдан иборатдир. Унда ҳеч қандай илм йўқ.
Қиёс фақат зонни ифода қилади, илм ва яқийнни ифода қилмайди. Зоннга амал қилишдан қайтарилган. Зоннга эргашишлик билан биронта шаръий ҳукмни исбот қилиб бўлмайди.
Мухолифларнинг бу эътирозига жавоб қуйидагича:
Араб тилида «зонн» сўзи фақат гумон маъносини англатибгина қолмайди. Мухолифларнинг бу ҳақийқатни билмаслиги илмсизликнинг ёрқин кўринишидир. Агар улар бир оз илмга эга бўлганларида эди, Қуръони Каримда «зонн» сўзи бир қанча маънода ишлатилганини билиб олишлари қийин эмас эди.
Қуръони Каримда «зонн» сўзи қандай маъноларда ишлатилгани билан танишиб чиқайлик.
1. Яқийн – шак-шубҳасиз аниқ илм маъносида.
Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Улар албатта Роббиларига рўбарў бўлишлари ва, албатта, Унга қайтиб боришларига зонн қилган(ишонган) зотлардир» («Бақара» сураси, 46-оят).
Мўминларнинг мақтовида келган бу оятни гумон дейиладиган бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлишни ҳам гумон дейишга тўғри келади.
Аллоҳ таоло жон чиқар пайтидаги инсоннинг ҳолатини бундай баён қилади: «Ва, албатта, бу фироқлигини зонн қилса(ишонса)» («Қийаама» сураси, 28-оят).
Мазкур оятнинг маъносини тўла англаш учун уни атрофидаги оятлар билан қўшиб ўрганиш лозим бўлади. Улар қуйидагича:
«Йўқ! Вақтики, жон ҳалқумга келса.
Ва «Ким буни қутқарар?» дейилса.
Ва, албатта, бу фироқлигини зонн қилса(ишонса).
Ва болдирлар бир-бирига алмашса.
У кунда ҳайдаб бориш жойи Роббинг ҳузуридадир.
Бу оятлар жон чиқиш ҳолатидаги инсонни тасвирлаяпти. Яъни, жони ҳалқумига келиб қолганда, уни ҳаётда олиб қолиш учун барча чора кўрилади. Ким қутқараркин, деб илтижо қилинади. Лекин иложи бўлмай, фироқ вақти келганига ишонч ҳосил бўлади. Жон чиққанда эса, оёқлар жонсиз бўлиб, бир-бирига чалмашади. Бу ерда ҳам гумон маъноси мутлақо тўғри келмайди. Жони ҳалқумига келган одам бу дунёни тарк этаётганига аниқ ишонади, гумон қилмайди.
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
«Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар. Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга зонн қилар - ишонардим, дейдир» («Қийаама» сураси, 19-, 20-оятлар).
Яъни, қиёмат куни бандалар Роббилари ҳузурида ҳашр қилиниб, ҳеч бир махфий нарса қолмаганда, кимнинг номаи аъмол китоби ўнг қўлидан берилса, у жуда ҳам бахтиёр бўлади ва сурурга тўлиб:
«Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар!» дейди.
Чунки, у китоби ўнг қўлига берилиши биланоқ ўзининг нажот топиб, ютуққа эришганлардан эканини билиб олган бўлади. Шунинг учун, ўз хурсандчилигини бошқалар билан баҳам кўргиси келади. У сўзининг давомида:
«Албатта, мен ўз ҳисоб-китобимга йўлиқишимга зонн қилар эдим (ишонардим), дейдир».
Яъни, мен қиёмат куни ҳисобимга йўлиқишимга қаттиқ ишонган эдим, дейди.
«Зонн» сўзининг яқийн – шак шуҳасиз ва аниқ ишонч маъносида келиши Қуръони Каримнинг бир қанча оятларидан, чунончи, «Жин» сурасининг 12-ояти, «Мутоффифун» сурасининг 4-ояти, «Фуссилат» сурасининг 48-ояти, «Юнус» сурасининг 22-ояти ва «Тавба» сурасининг 118-оятидан мусулмон уламоларга жуда яхши маълум.
2. Ҳисоблаш, ўзича чамалаш маъносида.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Чунки, у ҳеч қачон орқага қайтмасликни зонн қилган(ўйлаган) эди. Ҳа! Албатта, Робби уни доим кўриб турувчи эди» («Иншиқоқ» сураси, 14-, 15-оятлар).
Аллоҳ таоло мушрику кофир кимсаларнинг қиёмат кунидаги аҳволидан хабар бериб бундай дейди:
«Сиз ўзингизга қарши қулоғингиз, кўзларингиз ва териларингиз гувоҳлик беришларидан яширинмас эдингиз. Лекин Аллоҳ қилаётган амалларингизнинг кўпини билмайди, деб зонн қилар (ҳисоблар) эдингиз, («Фуссилат» сураси, 22-оят).
3. Шак, гумон ва туҳмат маъносида.
Аллоҳ таоло Аҳзоб жангидан сал олдинроқ қаттиқ синовга учраган мўмин бандаларининг таҳликаларини шундай баён қилади:
«Ўшанда улар сизнинг уст ва қуйи томонингиздан келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, жонлар ҳалқумга келган эди ва Аллоҳ ҳақида турли гумонлар қилардингиз» («Аҳзоб» сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло гумон ҳеч қачон ҳаққ ўрнига ўтмаслиги ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳаққ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир» («Юнус» сураси, 36-оят).
Мухолифлар «зонн» сўзини фақат ушбу охирги «гумон» маъносидагина биладилар. Шунинг учун, ҳамма ёқни гумонга тўлдириб ташлаганлар.
Ҳолбуки, уламоларимиз қадимда бу масалани ҳал қилиб қўйганлар. Қуръони Каримнинг ва унга оид илмларнинг машҳур мутахассиси бўлган йирик олим имом Заркаший раҳматуллоҳи алайҳи «зонн» сўзи келган оятларни тўғри тушуниш учун нимани билиш кераклиги ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Яқийн маъносидаги «зонн» билан «гумон» маъносидаги «зонн» фарқини билиш учун икки белги бор.
Биринчиси – «зонн» мақталган ва савобга сабаб бўладиган бўлса, яқийн – шак-шубҳасиз илм маъносида бўлади. Агар «зонн» мазаммат – ёмонлаш маъносида келса, шак бўлади.
Иккинчиси – «зонн» сўзи билан «ан» бирга келса, шак маъносида бўлади, «инна» бирга келса, яқийнни ифода этади.
Амалий шаръий ҳукмларда «зонн»нинг ўзи кифоя қилишига уламолар иттифоқ қилишган. Далили, оҳод хабарларга ва иккита гувоҳ билан ҳукм қилишга Ислом умматининг амал қилиши.
Мухолифларнинг айтишларича: «Қиёсга амал қилишдан қайтариш суннатда мавжуд». Ҳадисда: «Бу уммат бир муддат китобга амал қилади. Бир муддат суннатга амал қилади. Бир муддат қиёсга амал қилади. Қачон шундай қилсалар, залолатга кетибдилар», дейилган.
Жавоб: Бу ҳадис саҳиҳ эмас. Лекин фаразан саҳиҳ десак ҳам, бу айтилган қиёс далилга суянмайдиган фосид қиёсдир. Аммо қиёс шаръий қоидалар асосида далилларга суянса, мақбулдир. У, Китоб ва Суннатга ва араб луғатига мухолиф эмас. Қиёс фараз ва тахминга асосланган эмас. Балки шаръий қоидаларга ва шариат мақсадларига ҳамда маслаҳатул мурсала каби мақбул раъйга асослангандир.
Мухолифлар ўз фикрларига ижмоъдан ҳам далил келтирганлар.
Саҳобалардан баъзилари қиёсга амал қилишни ва раъй билан ижтиҳод қилишни мазаммат қилганларида, қолганлари буни инкор қилмай сукут қилганлар. Бу ижмоъдир.
Абу Бакрдан калола маъноси сўралганида: «Аллоҳнинг китоби борасида ўз райим билан гапирсам, қайси осмон менга соя қилади ва қайси ер мени кўтариб туради?» деган. Бу жумладаги райдан мурод қиёсдир.
Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Раъй соҳибларидан узоқ бўлинглар. Улар китоб ва суннат душманларидир. Ҳадисларни ёдлаш уларни чарчатди. Ўз раъйларига асосланиб ҳукм қилдилар. Ўзлари ҳам адашдилар ва ўзгаларни ҳам адаштирдилар».
Ва яна у киши: «Сизлар мукойаладан узоқ бўлинглар», – деди. «Мукойала нима?» – дейилди. «Қиёс қилиш», – деди.
Али розияллоҳу анҳу деганлар: «Агар дийн иши рай билан бўлганида, махсининг устига эмас, остига масҳ қилинарди».
Ибн Аббос деганлар: «Сизлардан қориларингиз ва солиҳларингиз кетади ва одамлар жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Улар райлари билан ишларни қиёс қиладилар».
Саҳобалар қиёсга амални инкор қилмоқдалар. Уларга ҳеч ким қарши бўлмади. Бу, қиёсга амал қилинмаслигига уларнинг ижмоъидир.
Бу далилларга жавоб: Келтирган ривоятлари саҳиҳ эмас. Фаразан саҳиҳ дейилса ҳам, саҳобаларнинг қиёсга амал қилганлари ҳақидаги ривоятларга тўқнаш келяпти. Демак, бунда қиёсга амалнинг инкори йўқ. Балки шариат мақсадларига ва нассларга эътимод қилмасдан ўз раъйларига эргашиш қораланган.
Мазкур гаплар фосид қиёс ҳақида айтилгандир. Булар саҳиҳ шартларга мувофиқ келмаган ва ижтиҳод аҳлидан бўлмаган қиёсдир. Аммо, шаръий нассларга мувофиқ саҳиҳ шартлар билан такомиллашган қиёс жоиздир.
Мухолифларнинг ақлий далиллари: Қиёс ила ҳукмлар иллатини топиш мужтаҳидлар орасида ихтилофга сабаб бўлади. Жузъий ихтилофлардан қарама-қаршилик, бўлиниш келиб чиқади. Шариатда эса, ихтилоф ва бўлиниш ҳаром қилинган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир» («Анфол» сураси, 46-оят).
Жумҳурнинг жавоби: Низолашув ва мазаммат қилинган ихтилофлар ақийдада бўлади. Аммо, амалий шаръий ҳукмларда низо ва тортишувда бузғунчилик ва зарар бўлмаганлиги учун, улардан қайтарилмаган. Балки бунда уммат учун кенглик ва раҳмат бордир. Чунки, ижтиҳод самараси шариатда талаб қилинган. Ижтиҳод бўлган ерда ихтилоф ҳам бўлади. Бунинг сабаби ваҳий тўхтаганидир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ҳукмини билишлик учун ҳаракат зарур. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳамма хато қилади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларигина хатодан маъсумдирлар. Шу сабабли, мужтаҳидлар ва муқаллидларнинг ижтиҳодда хато қилишлари узрлидир.

 
« Олдинги   Кейинги »