“Худо сабр берсин!” Принтер учун
03.09.2009 й.
islom.uz

Жамолнинг кичкинагина жасадини бағрига олган совуқ тобут ердан узилиб, бақувват елкаларда гўё кема каби сузиб кетди. Бу онда Сабриййа хонимнинг юрагидаги яна бир томир узилгандай бўлди.

Ўғилгинаси, гарчи кафанланган, сўнгги сафарга ҳозирлаб қўйилган бўлса-да, ҳозиргина ўз уйида эди. Назарида бир мўъжиза юз берарди-ю, Жамоли кўзларини очиб, югуриб кетадигандай эди. Йўқ... энди ҳеч қачон кўзларини очмаслиги, ҳеч қачон югурмаслиги аниқ бўлди. Ана шу машъум ҳақиқат унинг бағрида қора вулқон бўлиб тўлғонди-ю, ҳайқириқ билан отилди: “Жоним болам, мени кимларга ташлаб кетяпсан!” Бу нолага жавоб истаган онанинг юрагидаги зардоб чўққа айланиб, баттар куйдира бошлади. Қиёматга қадар айрилиқ азобига маҳкум этилмиш она яна нималар деб бақирганини билмайди. У ўзини қўярга жой тополмай талвасага тушди, бошини деворга урди, қўлига илинган идишларни отиб синдирди. Сўнг овутиш илинжидаги қўшни аёллар қўлида ҳушидан кетди.
Набираси ҳажрида ўртанаётган Шукриййа хоним қизининг бу ҳолатини кўриб, ўзини йўқотай деди. Қўшни аёл шошилганича лимон кесиб Сабриййа хонимга ҳидлатди, лабига гулоб тутди. Шукриййа хоним эса қизининг кўйлаги тугмаларини ечиб, кўкрагини уқалади. Бир оздан сўнг Сабриййа хоним кўзларини аранг очди, нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо лаблари унга бўйсунмади. Беҳол қўлини кўкраги устига қўйганидан билишдики, юраги ёняпти, куйдиряпти, ўртаяпти. Салдан сўнг унинг пичирлаб айтган сўзларини эшитишди. У шойига ўралган тобут изидан боришни, ўғилчаси билан совуқ гўрга тушиб ётишни истарди. У бирдан қаттиқ хўрсинди. Шу хўрсиниш, томоғини бўғиб турган пардани йиртиб юборгандай бўлиб, пичирлашлар аламли нолаларга айланди:
-Вой жоним, Жамолим! Эндигини беш ёшга тўлаётувдинг-а! Сенинг жонинг кимга керак бўлиб қолди! Қайси ялмоғизнинг кўзи тегди сенга! Сенга теккан кўзлар ситилиб чиқа қолса нима қиларди! Вой, мен энди дардимни кимга айтаман, қўшнижонлар! Бир ҳафтадаёқ сўнди-я, менинг болажоним! Бу иситма деган бало қайданам келди. Дўхтирнинг дориси таъсир қилмаса, мулланинг ўқиши қайтаролмаса-я! Мен эсимни йиғиштириб олишга ҳам улгурмадим-а, боламнинг жони бир пасда учиб кетди-я! Вой болам, жаннатнинг қушларига айланган болам-а! Худо кўнглимга солувди-я! Мен аҳмоқ эътибор қилмабман-а! Аҳмоқ бўлмасам, мактабга биринчи марта борадиган куни қўғирчоқдай ясантириб қўяманми! Хоним афандим, сиз уни ўша куни кўрувдингиз-а? Бошига подшоларнинг тожидай безалган дўппи кийдирувдим.

Қараган ҳам қаровди, қарамаган ҳам. Киприклари қайрилган, юзлари лоладай ёнарди-я! Тўйиб-тўйиб ўпган эдим, юзларидан. Кейин... ҳа, ҳа, ўшанда шайтон қулоғимга шивирладими ё ўзимча ўйладимми, билмайман. Хаёлимдан “Бундай кўркам, бундай ақлли болакай бу дунёнинг боласи эмас” деган фикр ўтди. Худо ёрлақаган ўша куни кўпчилик “Ишқилиб кўз тегмасинда” дейишувди. Болажоним муаллим афанди қаршисида тиз чўкиб, ҳеч бир тутилмасдан, бошқаларга ўхшаб дудуқланмасдан дуо қилиб, Аллоҳдан ўқишларида омад беришни сўраган эди.
Сабриййа хоним яна хўрсинди. Унга сув тутдилар. Вазиятдан фойдаланган қўшни аёл уни юпатиш ниятида гапни илиб кетди:
-Нимасини айтасиз, сингилгинам! Ўғлингиз беназир бола эди. Агар у шу ақли билан униб-ўсганида Афлотун деганларини ҳам ярим йўлда қолдириб кетадиган олим бўларди. Биз нима ҳам қила олардик, ақлли болалар шунақа кам яшайдилар. Эсингдами, жонгинам, матоларни яхшироғига алмаштирайлик, деб сен билан бозорга борганимизда болажонингни ҳам олволувдик. Матофурушнинг дўконини тополмай алаҳсираб, гангиб турганимизда Жамолгинанг “Ойижон, ана, ана!” деб юнон дўкондорни кўрсатиб берган эди. Худо жонини қийнамай олди, бу дунё азобларидан ҳам қутқарди. Энди мағфиратига олсин! Вой, нималар деяпман, қанақа мағфират? Аллоҳ уни аллақачон жаннатга юборган. Болаларда гуноҳ бўлмайди.
-Овсинжон, гапларингиз тўппа-тўғри,-деб гапни давом эттирди яна бир қўшни.- Худо унга умр бермаган экан, аммо ақлни берган эди. Бултурги воқеа сираям эсимдан чиқмайди. Ҳовлимизга келган баққолдан ловия олаётувдим. Баққолга пулни бердиму қайтимини олишда талашиб қолдим. Ҳисоб-китобни билмайдиган бир меров бола экан. Менинг ҳисобим бўйича у менга етмиш пора қайтариши керак эди, у анқов эса тўқсон пора беряпти. Шунда “Нега мени лақиллатмоқчи бўласан, мен етмиш порага кўниб кетадиган аҳмоқ эмасман”, десам, у муттаҳам кўзларини лўқ қилиб: “Хоним, эсингиз жойидами етмиш пора кўпми ё тўқсон порами?” дейди. Мен тамоман гангиб қолдим, ҳисобларим чалкаш-чулкаш бўлиб кетди. Шунда бахтимга Жамолгинамиз келиб қолди. Мен уни ёнимга чақириб: “Манави алдамчи мени лақиллатиб, пулимдан уриб қолмоқчи, эсгинангдан айланай, сен айтгин, етмиш пора кўпми ё тўқсонми?” деб сўрадим. Болажон бир пас ўйлаб туриб: “Етмиш пора кўп”, деб тўппи-тўғрисини айтди. “Бу бола ҳамма нарсани билади, алдамайди. Сен иккинчи муттаҳамлик қилма!” деб ҳаққимни тўғрилаб олдим.
Тобут кўтарган эркакларни кузатиб қолган хотинларга Худо берди: бечора онани овутиш мақсадида бири олиб, бири қўйиб болажоннинг фазилатларидан гапираверишди. Боланинг ҳар фазилати кашф этилганда уйда йиғи кўтарилар, шубҳасизки, бу йиғиларнинг барчасини жабрдийда онанинг нолалари босиб кетарди. Овутиш мақсадида айтилаётган сўзлар ханжар бўлиб онанинг қалбини қайта-қайта қийма-қийма қиларди. Уйдаги хотинлар сал тинчиб, йиғи-сиғи ҳам бир оз босилган дамда таъзия билдириш мақсадидаги қўшнилардан яна бири ўғилчасини бошлаб кирди-ю, яра яна янгиланди.

-Меҳмедни нима учун олиб кирдинг?-деб танбеҳ берди аёллардан бири.-Ахир у Жамол билан доим бирга ўйнарди. Сабриййа хоним уни кўрса баттар эзилади. Эндигина овутиб турувдик.
-Уйда ҳеч ким йўқ эди, ёлғиз ташлаб чиққим келмади. Дадамиз, кўргандирсиз, жанозага кетдилар. Қайнонамга ишониб бўлмайди. Ўрнидан туролмайдиган бўлиб қолган. Ростдан касалми, ё найранг қиляптими, Худо билмаса биз билолмаймиз. Бугун кечаси билан ўринни бўктириб чиқибди. Гапираман, десам хасратим қирқ йилда ҳам тугамайди.
Бу орада Сабриййа хонимнинг кўзи Мехмедга тушиб, унга яқинлашиб келди-да, тиз чўкканича уни қучоқлаб олиб, яна ноласини бошлади:
-Вой, жоним болам, сен қайларга кетдинг, қарагин, ўртоғинг келди!
У шундай деганича гарангсиб турган болани бағрига тобора қаттиқроқ босар, шашқатор кўз ёшлари эса боланинг юзларидан қайноқ қон каби оқар эди. Боладаги гарангсиш дам ўтмай қўрқувга айланди. Сабриййа хонимнинг “Вой менинг Жамолгинам” деган ноласига унинг “Ойижон, ҳозир ўлиб қоламан!” деган қичқириғи уланди. Шундагина Сабриййа хоним ўзига келиб, кўзларини катта-катта очди-да, болани бағридан бўшатиб, онаси томон аста итарди.
-Ўғлим мени ташлаб кетди. Унинг камолини кўриш менга насиб этмаган экан. Аллоҳнинг истаги шундай бўлгач, мен бечора нима қила оламан? Энди худойимдан битта нарсани сўрайман: бошқаларнинг болаларини паноҳида асрасин. Ҳамманинг боласи узоқ-узоқ яшасин. Мен сизларга энди ҳавас қилиб яшайман. Сизлар фарзанд доғини кўрманглар, ишқилиб. Опажоним, ўғлингизни воясига етказиб, роҳатини кўринг, илойим!
Онаси бағрига қайтган Меҳмед ҳеч нарсага тушунолмай, атрофдагиларга жавдираб қараганича секингина: “Ойижон, Сабриййа хонимга нима бўлди?”деб сўради.
-Жамол ўртоғинг ўлиб қолди,-деб унинг қулоғига шивирлади онаси.
-Жамолми?-Бола онасининг жавобидан ажабланиб яна сўради:-Ўлиб қолган бўлса ўзи қани?
-Уни қабристонга олиб кетишди. Жим бўл, бошқа нарса сўрама.
Онанинг танбеҳи болага таъсир қилмай яна сўради:
-Қабристонда уни нима қилишади?
-Вой, мунча эзма бўлмасанг! Ҳозир тилингни суғуриб олайми! Қабристонга олиб бориб нима қилишарди, кўмишади-да!
Бу гапни эшитган Меҳмед барчанинг диққатини ўзига тортиб, додлай бошлади:
-Ойижон, агар менам ўлиб қолсам, қабристонга олиб боришмасин, кўмишмасин, хўпми? Кўмиб қўйишларини истамайман... истамайман...
Боланинг ноласини эшитган Сабриййа хоним энди кўкракларига муштлаганича ўкириб-ўкириб йиғлади:
-Вой қўшнижонларим, бу қандай кўргилик бўлди! Болажонимни кўмиб қўйишдими, а? Қора тупроқ остида қолдими менинг болам! Бунга мен қандай чидайман, қандай чидайман-а!
-Сабриййа, қизгинам, бўлди, бунчалик ёниб-куяверма,-деб овутишга ҳаракат қилди ёши каттароқ хотинлардан бири.-Аллоҳ ҳукми шундай экан, итоат эт. Аллоҳ сенинг болангни ўзингдан кўра ҳам яхшироқ кўрар экан. Шунинг учун ҳузурига чақириб олди. Биз ожиз бандалармиз, сабр қилишдан ўзга чорамиз йўқ.
-Хоним, уни ўз ҳолига қўйинг, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсин, дарди ичида қолиб кетмасин,-деб эътироз билдирди бошқа хотин.-Агар хасрати ичида қолиб кетса, йиринглаб, бир дарди ўн бўлади. Юракдаги захар чиқиб кетмагунича азоб бераверади. Қизгинам ўлганида биров мени бўғиб олгандай бўлаверди. Йиғлагим келади-ю, ҳеч йиғлай олмайман. Бир кунда қорним тоғорадай шишиб кетди. Эрим табибга кўрсатган эди, “Бутун дарди захарга айланиб, кўз ёшлари билан чиқиб кетиши ўрнига қорнига йиғилиб қолибди”, деди. Сабриййа она-ку, ахир! Юраги аланга бўлиб ёняпти ҳозир. Ёниш ҳам гапми! Бу дардни бошидан ўтган билади. Йиғла, йиғлайвер, сингилгинам, вужудингдаги захарлар чиқиб кетсин.
-Хоним, “йиғла, йиғла” деб қистайверманг. Ўлган одамга бунақа йиғлаш ҳам гуноҳ,-деди бошқа қўшни.- Қуръонда шунақа дейилган. Қизилтошдаги мулланинг маърузаларини эшитмаганмисиз?
Биринчи кун шу тарзда ўтди. Жамолнинг вафоти баҳонасида ўз ҳасратларини эслаб йиғлаган хотинлар дардларини ғамга тўла шу уйга тўкиб чиқиб кетишди. Кейинги кунлар ҳам деярли шу тарзда ўтди. Шумхабарни жанозадан кейин эшитганлар кўнгил сўраш учун бирин-сирин келавердилар. Ҳар бирлари ўзларини жабрдийдага яқин олиб таъзия билдиргач: “Аллоҳ сизга сабр-жамил ато этиб, бардошингизга яраша ажр берсин!” деб дуо қилишарди. Сабр ва унга яраша мукофот беришни Аллоҳдан сўраш албатта, яхши фазилат. Келганларнинг ташрифдан муддаолари ҳам дуо қилмоқ ва бояқиш онани овутмоқ, дардига малҳам қўймоқ. Уларнинг ҳеч бирида ёмон мақсад бўлмаса-да, яхшилик умидида айтган сўзлари Сабриййа хонимнинг ярасини янгилиб, туз сепгандай бўлар эди. Улар кетгандан кейин онаизорнинг бағри ёниб, кўз ёшлари гўё қон ёшларига айланарди. Бир ҳафта давом этган бундай таъзиялардан сўнг бечора Сабриййанинг кўзларида нам қолмади. Қуруқшаган кўзлари маъносиз боқадиган бўлди. “Шундай болангиздан ажраб қолдингизми-а!” деб бошланувчи юпанч сўзларидан кейин қайси она йиғламасин? Ўзини тутиб йиғламаган бардошли онани кейин улар нима деб атаб чиқиб кетадилар. Юзига айтмасалар ҳам йўл-йўлакай “Бунча бағритош бўлмаса! Боласига жичча куйса нима қиларди?” демайдиларми?
Қўни-қўшниларнинг таъзиялари бир ҳафта давом этиб, узоқдаги қариндош, таниш-билишларга гал келди. Кун йўқ-ки, узоқдан бир меҳмон келмаса. Уларнинг бир ҳилда фикрлашлари ажабланарли: “агар ўлиб кетган бола ҳажрида қанча кўп куйиб йиғласак, унинг ширинликларини, бошқа болалардан афзалликларини айтиб-айтиб қайғуларимизни намойиш этсак, бу хонадонга шунчалик яқинлигимиз маълум бўлади”. Шунинг учун ҳам остона ҳатлашлари билан бир ҳилда узрхоҳлик қиладилар:
-Вақтида келолмаганимиз учун бизнинг айбимиздан ўтинглар, Худо шоҳид, бу шумхабарни кечагина эшитдик. Вой, жоним сингилгинам, шундай дўмбоққина бола-я! Ҳеч ишонгимиз келмайди. Суюклигинамиз Жамол кўз олдимизда турибди, шу ерларда қувнаб ўйнаб юрарди-я! Вой дариғо! Наҳот у энди йўқ бўлса! Наҳот қаро ер бағрида ёлғизгина ётган бўлса! Шундай шумхабарни эшитгандан кўра қулоқларимиз узилиб тушса бўлмасмиди!
Шу сўзлардан сўнг онаизорни бағриларига босадилар, йиғи-сиғи авжига чиқади. Шу аснода яна кунлар ўтади. Энди Сабриййа хонимда йиғлаш учун фақат кўз ёшлари эмас, вужудида қувват ҳам қолмади. Қовоқлари хаста одамни эслатадиган даражада шишиб кетди. Қонсиз бетлари сўлиб, осилиб қолди. Унинг бу ҳоли эри билан онасини ташвишлантира бошлади. Уни докторларга кўрсатишди. Докторларнинг хулосаси бир ҳил бўлди: камроқ йиғласин, уйда диққат бўлиб ўтирмасин, ташқарида, боғларда сайр қилдиринглар, ғам-аламдан йироқ бўлишига эришинглар. Шукриййа хоним қайғуни унутиш мумкин эмаслигини билади. Лекин шундай бўлса-да, таъзияга келувчиларни ўзи кутиб олиб, йиғи очмасликларини илтимос қилади. Сабриййа хоним ҳузурида Жамолнинг ўлимини эсламасликларини, умуман таъзия билдирмасликларини ўтиниб сўрайди. “Агар шундай қилиш қўлингиздан келмаса, ичкарига кирмай қўя қолинг, сиздан инжимаймиз, сиз ҳам биздан ранжиманг”, деб огоҳлантириб ҳам қўяди. Бу гап икки хотинга таъсир этса, учинчисининг фаҳми калталик қилади. Одат бўлиб қолган одобидан воз кечишни истамайди. Шукриййа хонимнинг ўтинчлари у қулоғидан кириб, бунисидан чиқади. Қалб ярасини тирнай-тирнай, кулфат эзиб қўйган Сабриййа хонимга ўзича далда берган бўлиб, ҳотиржам равишда уйни тарк этади. Шукриййа хонимнинг илтимосларига сўзсиз амал қилишга ваъда берганлари ҳам кампир бошқа хонага бир юмуш билан чиқди дегунча дийдиёларини бошлашади:
-Шундай полвон болани ўлганига одамнинг ҳеч ишонгиси келмайди. Унга нима бўлганийкин-а? Қайси қурибгина кетгур касаллик илашди экан? Дунё шунақада! Бугун сен борсан, эртага қарабсанки, гўрда ётибсан. Ёшмисан, қаримисан, қарамас экан. Касал дегани бир ёпишса бас, полвонмисан ё нимжонмисан фарқи йўқ, супуриб олиб кетаверади.
Сабриййа хонимга бу гаплар жуда узоқ-узоқдан эшитилгандай бўлади. У жавобга ҳозирланиб, куч тўплайди. Лаблари ўзига бўйсунмаса-да, гапиришга уринади:
-Ҳа... полвон эди, болажоним. Шу ерларда шўхлик қилиб, югуриб-югуриб ўйнаб юрарди. Бир куни кечки пайт мактабидан келиб, бошини тиззамга қўйди. Қарасам, мазаси йўқроққа ўхшади. Кайфияти ҳам иштаҳаси ҳам бўлмади. Ўша кеч битта ушоқ ҳам ўтмади томоғидан. Нуқул “Ойижон, совқотиб кетяпман”, деяверди. Кўрпага ўраб қўйдим. Кейин иситмаси кўтарилиб кетди, кетма-кет қусаверди. Болажонимнинг бошлари оғриётганини сезиб турдим. Нуқул бошини, пешонасини кўрсатади. Дардини олай десам чорам йўқ. Кейин кўзлари ҳам ғалати бўлиб қолди. Шошиб, довдираб қолдик. Докторлар, дорилар... ҳеч нима кор қилмайди. Бир куни дори ичираётгандим... оҳ, хоним, Аллоҳ буни ҳеч бир онанинг бошига солмасин, ҳатто душманларга ҳам раво кўрмайман бу кўргиликни... дори ичираётиб қарасам болажонимнинг юзлари ўзгаряпти. Мен нодон, дори ичгиси келмаяпти, деб ўйлабман. Ўшанда жон бераётган экан. Жону жаҳоним мени тарк этиб кетди. Вой менинг Жамолим...

Бу сўзлардан кейин Жамол тирилиб келиб яна қайта жон бераётгандай дод-фарёд кўтариларди. Ташвишланган Шукриййа хоним хонага шошилиб кирганида қизини яна беҳуш ҳолда кўрарди. У таъзияга келувчи хотинларга илтимос қилишнинг фойдаси йўқлигини англаб, бошқачароқ йўл тутишга қарор қилди. Дарвоза остонасини босиб ўтган меҳмонга бошларига оғир кулфат тушганини, қизи бу дардга чидай олмай хасталаниб қолганини айтиб, “уйга киргач, боланинг ўлими ҳақида зинҳор сўз очмайман”, деб қасам ичишни талаб этди. Афсусларким, бу тадбир ҳам фойда бермади. Хотинларнинг кўплари қасам ичганлари билан аҳдларига содиқ қола олмадилар. Қасамни бузмаганлар ҳам ачинишларини сўз билан ифода этмасалар-да, ғамгин қарашлари, маъюс кулимсирашлари билан Сабриййа хонимнинг юракларини поралаб ташлардилар. Сабриййа хоним уларнинг таъзия билдириш учун келганларини билиб турарди. Уларнинг маъюс боқувчи кўзларидан “Бечорагинам, ёмон ҳолга тушибсан-ку? Болажонинг қани? Бечора Жамол... Сенинг иссиқ бағрингда ҳаловат топиш ўрнига совуқ ер қаърида ётибдими?” деган маънони уқиб аввалига хўрсиниб, сўнг ноласини бошларди. Унга жавобан меҳмонлар ҳам хўрсинардилар. Рўмолчалар чиқарилиб кўз ёшлари артиларди. Бу ҳудди пинҳона таъзия маросимига ўхшарди. Жамолнинг номи ҳам тилга олинмасди. Меҳмонлар гўё аҳдларига вафо қилгандай бўлардилар. Аммо улар кетганларидан сўнг Сабриййа хонимга лимон ҳидлатишнинг ҳам, гулоб ёки юракни тинчлантирувчи томчидориларнинг ҳам нафи тегмай қоларди.

Бу тадбири ҳам фойда бермаётганини билган Шукриййа хоним сўнгги чорани қўллади: меҳмонларни уйга қўймади. У уй хизматчиларига ҳам, ошпаз қизга ҳам кўча эшигини очмасликни тайинлади. Аммо кичик уйларда бу талабни бажариш амри маҳол эди. Эшикни тақиллатиб келган одам ичкаридан шарпалар эшитилиб тургач, уйда ҳеч ким йўқ экан, деб ишона қолармиди? Хизматчи қиз ҳам, ошпаз ҳам бир-икки марта буйруқни адо этишди. Кейин беиҳтиёр равишда эшикни очадиган бўлишди. Эшик тақиллатган аёлнинг таъзияга келганини англаб “Вой эсгинам қурсин, очмаслигим керак эди-ку?” деб афсусланишдан бошқа чоралари қолмади.
Шукриййа хоним турли чора-тадбирларни қўллашига қарамай, қизинининг ярасини янгиловчи таъзиялардан асрай олмади. Сабриййа хоним кундан кунга сўлиб бораверди. Оқибат шу бўлдики, Жамолнинг вафотидан бир ярим ой ўтиб, бу уйдан иккинчи тобутни кўтариб чиқишди. Тобут ичида Аллоҳдан сабр тиланган бечора аёл ётарди. Унга сабр тилашган эди, ўғлининг ёнига бориб ётиш насиб этди. Меҳрибонларча билдирилган таъзияларнинг сел каби оқими унга ўлим ҳадя этди.

Эркаклар тобутни кўтариб чиқиб кетишгач, Сабриййа хоним ўтинхонага кириб, жўвани эслатувчи кичикроқ бир ғўлани танлаб олди. Унинг қарори қатъий эди: биринчи бўлиб таъзиядан сўз очган хотинни шу ғўлача билан уради! Ҳар ҳолда у меҳрибонлардан бирининг йиғи аралаш гаплари шундай бўлади:
“Гўзал қизингиз Сабриййа қани энди! Бечора онаси билан эрини кимларга ташлаб кетди! Гўр деганлари кимларни ўзига тортиб кетмайди! Бечора Шукриййагина, бошларингга шунчалар ҳам кулфат тушадими, а! Бу ғамларга қандай чидайсан энди! Энди Аллоҳ сенга сабр берсин! Йиғла, тўйиб-тўйиб йиғлаб ол! Ичингдаги барча захар-захқумларни чиқариб ташла!”
Тобут кўтарганлар кўздан йўқолгунича кўчада фарёд уриб турган хотинлар йиғи-сиғи билан ичкарига қайтаётганларида Шукриййа хоним ўйлаганини амалга оширди. Сабр тилашга оғиз жуфтлаган биринчи хотинни бошига ғўлача билан урди! Тўпланганлар аввалига саросимага тушдилар. Сўнг “Бахти қаро кампир набираси билан қизининг ўлимига чидай олмай ақлдан озибди”, деган хулосага келдилар. Эртасига маҳаллий раҳбарият томонидан зарур ҳужжатлар тўлдириб берилгач, кампир жиннихонага жўнатилди.
Шундан сўнг таъзияга келиб, Шукриййа хонимнинг ҳамласидан қутулиб қолганлар ҳувиллаб ётган уйга кириб афсуслар билан бош чайқардилар. Улар кимга таъзия билдиришни, кимнинг ҳузурида ғамли кўз ёшлари тўкишни билмасдилар. Уларнинг: “Қандай бахтсизлик экан бу! Сабриййа ўлибди! Онаси жиннихонага тушибди! Наҳот бу уйда таъзия билдириладиган ўлик эгаси қолмаган бўлса! Энди кимга “Аллоҳ сизга сабр берсин!” деб кетамиз?”- дейишларидан ўзга чоралари йўқ эди.
Таъзия келаётган хотинларнинг бундай гапларини хизматчи қиздан эшитган Шукриййа хоним чиндан ҳам ақлдан озди. Унинг ростданам жинни бўлиб қолиши ҳеч кимни ажаблантирмади. Ҳаммага бу табиий бир ҳолдай кўринди.

Ҳусайн Раҳми Гурпинар
(Турк ёзувчиси)

 
« Олдинги   Кейинги »