«Усулул фиқҳ» илми тарихи Принтер учун
21.07.2009 й.

Усулул-фиқҳ илми хулофои рошидинлар ва улардан кейинги саҳобалар давридаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бир–бирларидан янги пайдо бўлган масалалар ҳақида фатво сўрардилар. Улардан мужтаҳид бўлганлари ана шу масаланинг шаръий ҳукмини Қуръони Карим оятларидан ва ҳадиси шарифлардан излашарди. Кейин улар қиёсга юзланишар ёки мувофиқ равишда ўзлари рай билан ижтиҳод қилишарди.
Бу иш тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар вақтида ҳам давом этиб келди. Фақат бир оз тафовут бор эди. Уларнинг баъзилари қиёсни воқеъликда бор ҳукмга таққослашни маҳкам ушлашарди. Ўхшаши йўқ ҳукмларда тўхтаб қолишарди. Баъзилари эса, кенгроқ йўл тутиб, шариатнинг мақсадларига мувофиқ манфаатлардан фойдаланишарди. Уларнинг барчалари саҳобаларнинг фикрларидан олишарди. Тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар давридаги мужтаҳидларнинг кўзга кўринганларига Саъийд ибн Мусаййаб, Урва бин Зубайр, Шурайҳ Қозий, Иброҳим Нахаъий ва бошқалар мисол бўлади.
Сўнг ҳижрий иккинчи асрда, мўътабар мазҳаблар имомларининг даврида усулул фиқҳ илми шаклланди, бошқа илмлардан ажралиб чиқди. Уламолар орасида қиёс, истиҳсон, масолиҳул мурсала, саҳобийнинг сўзи, биздан олдингиларнинг шариати, Мадийна аҳлининг амали ва шу каби номлар айтила бошлади.
Ана шу мужтаҳид ва уламолар орасида, асосан, икки йўналиш ажраб ва кўзга кўриниб қолди. Уларнинг Ҳижоз минтақаси олимларидан иборат бўлганларини «Мадрасату аҳлил ҳадис» дейиларди. Ироқ олимларидан иборат бўлганларини «Мадрасату аҳлир-рай» дейиларди. Иккала мадраса ҳам собит ҳадис ва тўғри райга амал қилган. Лекин биринчи мадраса Расулуллоҳ алайҳиссалом ва саҳобаларнинг юртларида бўлгани ва майиший ҳаёти содда бўлгани учун уларда деярли барча масалаларга жавоблар ҳадислардан топилаверган. Иккинчи мадраса эса, ўзга юртлардаги мусулмонлар ҳаётлари ўзгачалиги, улардаги маданият, олдинги дийн таъсири, одатлари, маъийшат ва шу каби масалаларга жавобни собит ҳадисдан топа олмаганларида, шариатга мос равишда райга амал қилганлар.
Олдин ҳам кишилар усулул фиқҳ қоидаларини саҳобаларнинг, тобеъинларнинг ва бошқа имомларнинг ижтиҳодларидан олиб ишлатишиб юришаверарди. Гоҳида бир-бирига қарама-қарши далилларнинг ораларини мувофиқлашда уларнинг ижтиҳодлари усулий қоида сифатида асос ҳисобланарди.
Мисол учун, маст одамга ҳадд уришни, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари билан, бировни зинода айблаб туҳмат қилган одамга қиёс қилишган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодларига биноан, «кейинги далил олдингисини ва хос далил умумни насх қилади» деган қоида бўлган. Шу қоида билан у зот эри ўлган хотин ҳомиладор бўлса, ҳомиласини қўйгунича идда ўтиради деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида у зотнинг ўзлари Қуръони Карим оятлари ва ўз суннатлари ила барча муаммоларни ҳал этардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг эса асҳоби киромлар Қуръони Карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодларига эътимод қилиб ҳукм чиқарар эдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларининг шарофати ила ва қобилиятларининг ўткирлиги ҳамда Қуръони Карим, ҳадиси шарифни жуда яхши тушунганлари учун белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.
Ислом дийни бир қанча диёрлар ва халқлар орасида тарқалиб, араб халқи бошқа миллатлар билан қўшилиб кетгач, ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада, «Усулул фиқҳ» илмига асос солинди. Бу иш мазҳаббоши имомлар даврида, ҳижрий иккинчи асрнинг охирларида юзага чиқди.
Ибн Надийм «Фиҳрист» номли китобида зикр қилганидек, «Усулул фиқҳ»га доир бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб имом Абу Ҳанийфанинг шогирди имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаган. Лекин, афсуски, бу рисола бизларгача етиб келмаган.
«Усулул фиқҳ»га бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрийс Шофеъий таълийф этган. Имом Шофеъийнинг «Рисола» деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун имом Шофеъий уламолар ўртасида «Усулул фиқҳ» илмининг асосчиси сифатида машҳурдирлар.
Сўнг «Усулул фиқҳ» илми икки йўналишга бўлинди ва улардан ҳар бирида кўплаб асарлар яратилди.
Биринчи йўналиш: Мутакаллимлар йўналиши.
Бу йўналишда иш олиб борган олимлар далил ва ҳужжатларнинг матни, луғат, калом ва ақл қоидаларига суяндилар. Улар ўз ишларида фуруъул фиқҳга қарамадилар. Мутакаллимлар йўналиши бўйича китоб ёзган уламоларнинг услуби асосан уч нарса ила эътиборга сазовор:

  • Ақлий далилларга суяниш.
  • Маълум фиқҳий мазҳабга ён босмаслик.
  • Фуруъул фиқҳга фақат мисол келтириш учун қараш.

Шофеъий, Моликий, Муътазилий ва бошқа мазҳаб уламолари ушбу йўналишда усулул фиқҳ китоблари таълийф этдилар. Бу йўналишда «Усулул фиқҳ» қоидалари назарий-мантиқий равишда ишлаб чиқилган.
Қуйидаги асарлар мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:
1. Абдулжаббор Мўтазилийнинг «Китобул умда» асари.
2. Абулҳасан Муҳаммад Али Басрийнинг «Китобул муътамад» асари.
3. «Имом Ҳарамайни» тахаллуси билан машҳур Абдул Маъолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ Жувайний Нишопурийнинг «Бурҳон» асари.
4. Қози Абдуллоҳ ибн Умар Байзовийнинг «Минҳожул вусул ила илмил усул» асари.
5. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мустасфо» номли асари.
6. Имом Фахруддийн Розийнинг «Маҳсул» номли китоби.
7. Абул Ҳасан Омадийнинг «Иҳком фий усулул аҳком» номли китоби ва бошқалар.
Ушбу китоблар мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир.

Иккинчи йўналиш: Ҳанафий мазҳаби уламолари йўналиши.
Бу йўналишда «Усулул фиқҳ» қоидалари Ҳанафий мазҳабидаги мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари асосида ишлаб чиқилган. Чунки, бу мазҳабдаги мужтаҳидлар, имом Шофеъий сингари «Усулул фиқҳ»га доир ҳужжатлар қолдирмаганлар. Улардан фақат фиқҳий масалалар мерос қолган, холос.
Ҳанафий мазҳаби йўналишидаги усулул фиқҳ услуби ўзининг уч хусусияти ила ажралиб туради:

1. Бу услубда фиқҳнинг қоидалари унинг ҳукмлари ила амалий равишда боғланган.
2. Усулул фиқҳ ва фиқҳнинг фойдали тарзда қўшилгани.
3. Бу услуб «Хилоф» бўйича, умумий фиқҳ қоидаларини ёзиш бўйича мислсиз хизмат бўлгани.

Қуйидаги асарлар ҳанафийлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:
1. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассоснинг «Китобул усул» асари.
2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар Даббусийнинг «Тақвиймул адилла» асари.
3. Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Баздавийнинг «Китобул усул» асари.
4. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳофизуддийн Насафийнинг «Манор» асари.
5. Имом Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг «Тамҳийдул фусул фил усул» китоби ва бошқалар.
Баъзи уламолар «Усулул фиқҳ» нинг икки йўналишини ҳам ўзида бирлаштирган асарлар яратдилар. Бу услуб ҳижрий еттинчи асрда юзага чиқди. Унда иш олиб борган олимлар мутакаллимлар ва ҳанафийларнинг йўналишини жамладилар. Улар усул қоидаларини таҳқиқ қилиш ва далиллар билан исботлашга, сўнгра фуруъул фиқҳга татбиқ қилишга алоҳида эътибор бердилар. Бу ишни асосан ҳанафийлар ва шофеъийлар амалга оширдилар. Уларнинг услубини «мутааххирлар йўналиши» деб ҳам аталади.

Қуйидаги асарлар мутакаллимлар ва ҳанафийлар йўналишини жамлаб ёзилган асарлар орасида машҳурдир:
1. Музаффаруддийн Аҳмад ибн Али Соатий Ҳанафийнинг «Бадийъун-низом ал-жомеъ байна китобай Баздавий вал аҳком» асари.
2. Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг «Танқийҳул усул» асари.
3. Тожуддийн Абдулваҳҳоб Субкийнинг «Жамъу жавомиъ» асари.
4. Саъдуддийн Тафтазонийнинг «Талвийҳ» номли китоби.
5. Имом Камол ибн Ҳумом Ҳанафийнинг «Китобут-таҳрийр» асари.
6. Муҳиббуллоҳ ибн Абдушшакур Ҳиндийнинг «Мусалламус-субут» китоби.

Ушбу китоблар усулул фиқҳнинг икки йўналишини ўзида жамлаган асарлар ҳисобланади.
Энди мўътабар тўрт мазҳабга оид баъзи бир усули фиқҳ китоблари билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.
1. «Ал-Фусул фил Усул».
Бу китобнинг муаллифи Ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳидир.
«Фусул фил усул» китоби усули фиқҳ илмида ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган энг асосий асарлардан биридир. «Фусул фил усул» ҳанафийларнинг энг асосий манбаъларидан биридир. Шу билан бирга, бу китоб ҳанафийларнинг бу борадаги аввалги китобларидан бири бўлиб, кўпчилик асосан шу китобга суяниб иш кўрган.
Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳи «Фусул фил усул»ни ўзининг машҳур китоби «Аҳкомул Қуръон»дан ҳам аввал ёзган. Муаллиф бу китобида фиқҳий масалаларни енгилгина зикр қилиб ўтади. Аммо усулул фиқҳ масалалари келганда кенг шарҳ қилади.
Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳи «Фусул фил усул»ни ўзининг устози машҳур шайх имом Кархийнинг вафотидан кейин ёзган. Бу китоб унинг илмий тажрибалари ва амалининг хулосаси сифатида юзага келган. «Ал-Фусул фил усул» Ҳанафий мазҳабидаги усулул фиқҳнинг тожига айланган.
2. «Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий».
Бу китобнинг муаллифи Ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Алоуддийн Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдир (730 ҳ.с). «Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий» Ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим китоблардан биридир. У имом Баздавийнинг усулул фиқҳ китобининг энг машҳур шарҳи ҳисобланади. У ҳанафий уламоларнинг усулул фиқҳ бўйича бош китоби бўлиб танилган.
«Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий»нинг муқаддимасида илмнинг таърифи ва фиқҳ ҳамда ҳикматнинг баёни ҳақида сўз юритилган. Кейин шаръий ҳукмларнинг манбаълари ҳақида сўз юритилиб Қуръон, Суннат ва уларга тегишли нарсалар, бошқа далиллар баён этилган. Сўнгра усулул фиқҳнинг бошқа баҳслари зикр қилинган.
«Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий»да фиқҳий ҳукмларни баён қилиб, уларнинг Ҳанафий мазҳаби бўйича далилларини келтириш кўп учрайди.
3. «Ат-талвийҳ алат тавзийҳ».
Бу китобнинг мусаннифи аллома Саъдуддийн Масъуд ибн Умар Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳидир. У кишининг «Ат-талвийҳ алат тавзийҳ» китоби Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳининг «Танқийҳул Усул»ига ёзилган шарҳдир. «Танқийҳул Усул» эса ўта машҳур китоб бўлиб, Фахрул Ислом Баздавийнинг «Усулул фиқҳ» китобига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ила юзага келган китобдир.
4. «Ат-тақрийр ват таҳбийр фий шарҳит-таҳрийр».
Бу китобнинг муаллифи ҳанафий уламолардан Ибн Амийрул Ҳажж раҳматуллоҳи алайҳидир. «Ат-тақрийр ват-таҳбийр фий шарҳит-Таҳрийр» имом Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳининг «Китобут-таҳрийр»ига шарҳ бўлиб, унда мусанниф фуқаҳолар билан мутакаллимларнинг усулини жамлаган. Шунингдек, унда ҳанафийлар билан шофеъийларнинг истилоҳлари ҳам жамланган.
Ибн Амийрул Ҳажж раҳматуллоҳи алайҳи гоҳида далилни закр қилиш билан бирга унинг саҳиҳ ёки заифлигини ҳам баён қилади. Ҳанафий мазҳаби имомларининг гапларини нақл қилади. Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари гапларини ҳам келтиради. Кейин эса, иккисини таққослаб кўради.
5. «Мустасфо фий илми Усулил фиқҳи».
Бу китобнинг мусаннифи Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳидир.
Имом Ғазолийнинг бу китоблари усулул фиқҳ илмидаги Шофеъий мазҳабининг она китобларидан бири ҳисобланади. Муаллиф китобни гўзал тартиб ва юксак илмий маҳорат ила ёзган.
Имом Ғаззолий китобни дастлабки муқаддима ва усулул фиқҳ илми мантиқига оид алоҳида муқаддима ила бошлаган. Кейин уни тўрт қисмга тақсимлаган:
1. Шаръий ҳукм ва унинг қисмлари.
2. Ҳукмларнинг асосий далилари: Қуръон, Суннат, Ижмоъ ва Истисҳоб.
3. Далил келтириш кайфияти ва Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш ҳамда далил келтириш қоидалари. Унга қиёсни ҳам киритилган.
4. Ижтиҳод, таоруз - зид келиш, таржийҳ – ҳукмларнинг қай бири кучлилигини аниқлаш, тақлид ва фатво сўраш.
Имом Ғаззолий бир масалани келтириб, у ҳақида ўз фикрини баён қилади. Кейин, ўша фикрни тасдиқлаган уламоларнинг гапларини келтиради. Сўнгра, хилоф қилганларнинг фикрларини ва далилларини зикр қилади. Охири, далилларни таққослаб кўради ҳамда нақлий ва ақлий далиллар ила уларга раддия қилади. Ва ниҳоят, тўғри ва кучли тарафни эълон қилади.
«Мустасфо фийи илми Усулил фиқҳи»га кўп уламолар шарҳ ва таълийқлар ёзишган.
6. «Шарҳу Кавкабил Мунийр».
Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Нажжор Ҳанбалийдир.
«Шарҳу Кавкабил Мунийр» бир неча мазҳаблар қарашларини ифода қилган усулул фиқҳ китобидир. Бу китоб муаллифнинг «Кавкабул Мунийр» номли китобига ўзи ёзган шарҳидир.
«Кавкабул Мунийр»нинг бошқа номи «Мухтасарит-Таҳрийр» бўлиб уни Ибн Нажжор Қози Мардовийнинг «Таҳрийрул манқул ва таҳзийбу илмил усул» асаридан қисқартириб олгандир. Кейин Ибн Нажжор ўзининг мухтасарини ўзи шарҳ қилган ва уни «Шарҳу Кавкабил Мунийр» деб номлаган.
«Шарҳу Кавкабил Мунийр»да усулул фиқҳ илмининг қоидалари ва фойдалари, фиқҳий, луғавий, балоғий ва мантиқий масалаларни ўз ичига олган. Ибн Нажжор ҳар бир гапнинг кимники эканини аниқ айтган. Фикрларни таққослаб кўрган. Далилларни муноқаша қилган. Кейин эса, ҳанбалийлар назарида қай бири кучли эканини баён этган. Шунингдек, ўзларига мувофиқ ёки мухолифларни ҳам айтиб ўтган. Шу тарийқа «Шарҳу Кавкабил Мунийр» усулул фиқҳ бўйича турли мазҳаблар фикрини ифода қиладиган китоб бўлди.
Ибн Нажжор «Шарҳу Кавкабил Мунийр»нинг муқаддимасида усулули фиқҳнинг таърифи, унинг фойдалари ва истилоҳлари ҳақида сўз юритган. Ундан кейин ўн саккиз боб ва кўплаб фасллар келтирган. «Шарҳу Кавкабил Мунийр» усулул фиқҳ бўйича Ҳанбалий мазҳабининг муҳим манбаъи ҳисобланади.

Усулул фиқҳ илмининг ривожланишида Ўрта осиёлик уламоларнинг ҳам ҳиссалари катта. Ўрта осиёлик уламолар кўпроқ иккинчи йўналишда қалам тебратганлар. Уларнинг баъзилари мутакаллимлар йўналишида ҳам ижод қилганлар ва икки йўналишни бирлаштирган асарлар ҳам таълийф этганлар. Қуйида улардан энг машҳурларининг номларини зикр этамиз.
1. Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий (ҳижрий 333-санада вафот этган).
Имом Мотуридий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида дунёга келдилар. Фиқҳ илмини Абу Бакр Аҳмад Журжонийдан ўргандилар. Ўз навбатида имом Мотурудий Исхоқ ибн Муҳаммад Самарқандий, Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий ва бошқа уламоларга мураббийлик қилдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий илми калом йўналишидаги олим сифатида шуҳрат қозонганлар.
Шу билан бирга, имом Мотуридий «Усулул фиқҳ» соҳасида биринчи бўлиб қалам тебратган уламолардан ҳисобланади. Имом Абу Мансур Мотуридий «Китобут-тавҳид», «Китобул мақолот», «Таъвийлоти аҳлис-сунна», «Китобу авҳомул Муътазила» каби асарлар ёзиб ўзларидан сўнг бой илмий мерос қолдирдилар.
Имом Мотуридий «Усулул фиқҳ» соҳасида икки китоб «Китобул жадал», «Китобу маъохизуш-шарийъа» асарларини таълийф этганлар.
2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Ийсо Қозий Даббусий.
Бу аллома Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари орасида жойлашган Даббус қишлоғида таваллуд топдилар. Имом Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчисидирлар. Имом Абу Зайд Даббусий ислом шариатига тааллуқли кўпгина асарлар ёздилар. Улар орасида «Китобул асрор», «Китобул амадул ақсо», «Ан-Нузум фил фатво» китоблари машҳурдир.
Имом Даббусийнинг «Тақвиймул адилла» китоблари усулул фиқҳга доир бўлиб ҳанафий уламоларининг йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир. Уламолар бу асарларни зўр қизиқиш билан ўрганиб, кундалик фаолиятларида ундан истифода этганлар ва унга шарҳлар ёзганлар.
Имом Даббусийнинг ватандоши имом Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Баздавий мазкур асарга шарҳ ёзган уламолардан биридирлар.
3. Имом Али ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Фахрул Ислом Баздавий.
Бу улуғ зот Самарқандда таълим олдилар ва шуҳрт қозондилар. Имом Баздавий Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сардори ҳисобланадилар. Икки жилдли «Мабсут», «Ал-жомеъ ал-кабийр» ва «Ал-Жомеъ ас-сағийр»нинг шарҳлари имом ал-Баздавийнинг муаллифотларидандир. Шунингдек, имом ал-Баздавий тафсир ҳам ёзганлар.
Фахрул Ислом имом Баздавий ҳижрий 482-сананинг Ражаб ойида Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар. Имом Баздавий Самарқандда дафн қилинганлар.
Имом Баздавий ўзларининг усулул фиқҳ соҳасидаги китобларини «Усулул Баздавий» деб атаганлар. «Кашфуз-зунун» китоби муаллифининг ёзишича, «Усулул Баздавий» ўзида нодир масалаларни тўплаган аҳамиятли китоблардан биридир. Уламо ва толиби илмлар бу китобни эъзозлаб ўрганганлар. «Усулул Баздавий»га кўплаб шарҳлар битилган. Мулло котиб Чалабий ўз китобида «Усулул Баздавий»нинг ўндан ортиқ шарҳини зикр қилади. Имом Алоуддийн Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийнинг «Кашфул асрор» китоби «Усулул Баздавий»нинг шарҳлари орасида энг мўътабаридир.
4. Имом Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ҳофизуддийн Насафий.
У киши Насаф (Қарши) шаҳрида туғилдилар. Имом Абдуллоҳ Насафий Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдуссаттор Курдий Ҳамудуддийн Зарир Бадруддийн Хоҳарзода каби алломалардан фиқҳ илмини таълим олдилар.
Имом Насафийга усулул фиқҳ борасидаги китоблари катта шуҳрат келтирди. Улар орасида «Манор» ёки «Манорул анвор» деб аталган китоблари усулул фиқҳ соҳасидаги таълийфотлар орасида мўътабар бўлиб, унга 25 та шарҳ ёзилган. Бу шарҳлар ичида шайх Шужоуддийн Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний қаламига мансуб «Табсийротил асрор фий шарҳил Манор» китоби алоҳида ажралиб туради.
5. Имом Содруш шаръийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Бухоро шаҳрида туғилиб вояга етдилар. Боболари имом Тожуш шарийъа Маҳмуд ибн Содруш шарийъанинг тарбиялари натижасида машҳур аллома бўлиб етишдилар. Имом ибн Масъуд Бухорий «Мухтасарул виқоя», «Ниқоя», «Вишоҳ», «Таъдиятул улум» каби қимматбаҳо асарларни мерос қолдирдилар. Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий мазҳабидаги машҳур усулул фиқҳ олимларидан биридирлар. Бу имомнинг «Танқийҳ» деб аталган китоблари «Усулул фиқҳ» соҳасида мўътабар китоблардан ҳисобланади.
Имом Убайдуллоҳ ибн Масъуд бу китобларини ёзишни бошлашлари билан имомнинг дўст ва биродарлари унинг қўлёзмасидан кетма-кет кўчириб бордилар. Натижада, асар ёзиб тугалланишдан олдин тарқалди. Кўчиришда баъзи хатоларга йўл қўйилган эди. Имом ибн Масъуд бундан огоҳ бўлгач «Танқийҳ»га «Тавзийҳ фий ҳалли ғавомизит-Танқийҳ» номли шарҳ ёздилар.
Имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий ҳижрий 747 йили Бухоро шаҳрида вафот этдилар. Имомнинг мақбаралари Бухоро шаҳридадир.
6. Аллома Саъдуддийн Масъуд ибн Умар Тафтазоний илм излаб бутун Ўрта Осиёни кезиб чиқдилар. Ғиждувон, Туркистон, Хоразм, Сархас, Самарқанд шаҳарларида бўлдилар. Саъй ва ҳаракатлари натижасида ўз даврларининг машҳур олими бўлиб етишдилар. Барча ислом оламида шуҳрат қозондилар.
Аллома Тафтазоний ўзларидан сўнг сарф илмига оид «Шарҳи Занжоний», илмут-тавҳидга доир «Шарҳул ақоид», «Мақосидул калом» сингари боқий илмий мерос қолдирдилар.
Имом Тафтазонийнинг «Талвийҳ фий кашфи ҳақоиқит-Танқийҳ» номли китоблари имом Содруш шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг асарларига шарҳ бўлиб, бу турдаги муътамад китоблардан бири ҳисобланади. Усулул фиқҳ илми билан шуғулланишни ирода этган ҳар бир шахс албатта мазкур асарга мурожаат этади.
Ўрта Осиёлик машҳур муфассир ва муҳаддислар орасида имом Розий, имом Сархасий, имом Ахсикатий, имом Хўқандий каби усулул фиқҳ илми билан ҳам шуғулланиб, унинг баъзи қоидаларини ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшган муфассир ва муҳаддислар ҳам бор.
Бу келтирилган барча далиллар усулул фиқҳ илмини пайдо бўлиши ва муҳим дийний илмлардан бири сифатида шаклланишда Ўрта Осиёлик уламоларнинг хизматлари улканлигига гувоҳлик беради.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz