Усул аш-Шоший асари Принтер учун
17.06.2009 й.

Китобни юклаб олиш

Ҳанафий усул ал-фиқҳ фанига оид "Усул аш-Шоший" асари ислом оламида кенг шуҳрат ёйишига қарамасдан унинг муаллифи хусусида тадқиқотчилар орасида ҳамон турли ноаниқликлар мавжуд. Бунга асосий сабаб, биринчидан "аш-Шоший" куняси остида фа‘олият олиб борган олимлар саксондан ортиқ эканлиги ва улар орасида "усул ал-фиқҳ" фанига доир асар ёзганлари бир нечта бўлганлиги, шунингдек, тадқиқ этилаётган "Усул аш-Шоший" асарининг қўлёзма ва аксарият босма нусхаларида муаллиф номи аниқ кўрсатилмаганлигидир.

Мазкур муаммони ҳал этишда асар муаллифи борасида тадқиқотчилар томонидан баён этилган фикрларга асосланиб уларни бир неча қисмга ажратиш мумкин. Жумладан, Юсуф Илён Саркис (1) (1856-1932), Карл Брокелман (2) (1868-1956), Хайриддин аз-Зириклий (3) (1893-1976), ҳамда ‘Умар Ризо Каҳҳола(4)лар "Усул аш-Шоший" асарини Абу Йа‘қуб Исҳоқ ибн Иброҳим аш-Шоший (ваф. 325/937 й.) тарафидан ёзилган деб қайд этадилар.

Унинг тўлиқ исми Исҳоқ ибн Иброҳим Абу Йа‘қуб ал-Хуросоний аш-Шоший бўлиб, Ибн Юнус уни Мисрга келиб қолган ғариблар-мусофирлар орасида зикр қилиб ўтган ва у ҳақида шундай ёзган. "У Абу Ҳанифа мазҳабида фақиҳлик қилар ва ўзи ҳам фақиҳ бўлган эди. У Миср қозилари билан бирга юрар ва Мисрда бир муддат қозилик ҳам қилган эди. У томонидан кўплаб ҳадис ва ҳикоялар ёзиб қолдирилган. У Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг «ал-Жоми’ ал-кабир» "الجامع الكبير" асарини Зайд ибн Усомадан, у Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан, у имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасандан ривоят қилар эди ва Сиқат "ثقة"-ишончли ҳадис ривоят қилувчи бўлган. У Мисрда 325/937-санада вафот этган".(5)

Шунингдек, тадқиқотчи Халил ал-Маййис "Усул аш-Шоший" асарига битган шарҳида муаллиф қилиб Абу ‘Али Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ аш-Шошийни (ваф. 344/955 йил Бағдод) кўрсатган.(6)
Абу ‘Али аш-Шоший таржимаи ҳолини имом аз-Заҳабий “Та’рих ал-ислом” "تأريخ الإسلام" асарида шундай ёзади: “Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу ‘Али аш-Шоший Бағдоддаги ҳанафий мазҳабининг устози Абу ал-Ҳасан ал-Кархийдан кейинги шайхи ва раиси бўлиб, қадри баланд ва мазҳабни яхши билувчи эди”. Шунингдек, ‘Абдулқодир ал-Қураший ҳам “ал-Жавоҳир ал-Музий’а” "الجواهر المضيئة" да (1:98,99) ушбуларни ёзиб, унинг 344/955-йилда вафот этганини қўшимча қилган. Ўз даврининг алломаси ҳисобланган ‘Абдулҳай ал-Лакнавий ҳам “ал-Фавоид ал-баҳиййа” "الفوائد البهية" асарида (43,44) юқоридаги маълумотларни келтириб ўтган.(7)

Тадқиқотчи Халил ал-Маййиснинг ушбу маълумотларга асосланиб шу кунгача Байрутда нашр этилаётган "Усул аш-Шоший" асарининг кўплаб нусхаларида Абу ‘Али аш-Шошийни муаллиф сифатида қайд этиб келинмоқда.

Булардан ташқари асарнинг Токио қўлёзма фондларида сақланаётган нодир манба‘лар фиҳристида Абу Бакр Муҳаммад ибн ‘Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Кабир аш-Шоший (904-976) томонидан ёзилганлиги қайд этилади.(8)

Абу Бакр Муҳаммад ибн ‘Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Кабир аш-Шоший Шофе‘ий мазҳабига мансуб йирик аллома ва фақиҳ. У тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, усул ал-фиқҳ, шеърият ва тилшунослик илмларида етук олим бўлган.

Абу Бакр ал-Қаффол аш-Шоший таржимаи ҳоли деярли барча араб манба‘ларида акс этган. Жумладан, Ибн Халликон (608/1211-681/1282) нинг “Вафиййат ал-А’йан” وفيات الأعيان"" (Машҳур кишилар вафотлари), Тожиддин ас-Субкий (1327-1370) нинг “Табақот аш-Шофе‘иййа ал-кубро”
" طبقات الشافعية الكبري " (Шофе‘ийларнинг йирик даражалари), Абу Закариё ан-Нававий (1233-1277) нинг “Таҳзиб ал-асмо ва л-луғот”
"تهذيب الأسماء و اللغات" (Исм ва сўзларни тартибга солиш), Абу Са‘д ас-Сам‘оний (506/1113-563/1167) нинг “Китоб ал-ансоб”
"كتاب الأنساب" (Насаблар ҳақидаги китоб), Ёқут ал-Ҳамавий (575/1179-626/1228) нинг “Му‘жам ал-булдон” "معجم البلدان" (Мамлакатлар қомуси), Умар Ризо Каҳҳоланинг “Му‘жам ал-муаллифийн” "معجم المؤلفين" (муаллифлар қомуси) ва яна бошқа шу каби асарларда келтириб ўтилган.(9)
Ҳиндистонда жойлашган Худобахш кутубхонасидаги фиҳристда эса, яна бир Шошлик фақиҳ Абу Бакр ‘Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ‘Абдуллоҳ ал-Марвазий ал-Қаффол ас-Сағир аш-Шоший (ваф.417/1026 й.) га ҳам асар муаллифи сифатида ишора этилганлигини учратиш мумкин.(10)

У Абу Бакр ‘Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий ал-Қаффол ас-Сағир. (ваф. 417/1026 й.) бўлиб, у ҳам Шофе‘ий мазҳабига мансуб олимлардан бўлган Унинг таржимаи ҳолини асосан Шофе‘ий уламолар та’рихлари битилган асарларда учратиш мумкин. Жумладан, ас-Субкийнинг “Табақот аш-Шофе‘иййа ал-кубро” "طبقات الشافعية الكبري" (Шофе‘ийларнинг йирик даражалари) асарида шундай ёзилади: "У ’Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ’Абдуллоҳ ал-Марвазий улуғ имом Абу Бакр ал-Қаффол ас-Сағирдир. У Хуросон тариқатининг шайхи бўлган. Уни қаффол (қулфсоз) дейилишига сабаб, у дастлабки ҳолида қулфсозлик касби билан шуғулланиб, ушбу касбнинг моҳир устасига айланган ва ҳатто калити билан атига тўрт буғдой донасининг вазнича келадиган қулф ҳам ясаган. У ўттиз ёшга етгач, ўзидаги нозик қобилиятни сезиб, илм олишга киришди ва шайх Абу Зайд ва бошқалардан илм олди. Натижада, унга эргашиладиган даражадаги фақиҳ бўлиб етишди. У Шофе‘ий мазҳабига мансуб аллома бўлиб, жуда кўплаб асарлар ёзиб қолдирган.(11)

Аммо, илмий изланиш олиб бориш жараёнида мазкур асарнинг юқорида ном ва таржимаи ҳоллари зикр этилган Шошлик олимлардан бирортасининг ҳам қаламига мансуб эмаслиги аниқланди ва ушбу маълумотларга зид бўлган бир нечта илмий фактлар маълум бўлди.

Аввало, муаллиф асарда XI асрнинг биринчи ярмида вафот этган Абу Зайд ад-Дабусий (ваф.1039 й.) (12) ва ва иккинчи ярмида оламдан ўтган Ибн ас-Саббоғ (ваф.1084 й.) (13) ларнинг номларини зикр этган ва уларнинг қуйидаги сўзларини иқтибос қилиб келтирган:
(و روي ابن الصباغ و هو من سادات أصحاب الشافعي في كتابه المسمي بالشامل)
(Шофе‘ий мазҳабидаги буюк олимлардан бўлган Ибн ас-Саббоғ ўзининг "аш-Шомил" номли китобида келтиришига кўра. А.А.)
, (و قال القاضي أبو زيد الموانع أربعة)
(Қози Абу Зайд "манъ этувчилар тўрттадир" деб айтган. А.А.). (14)

Бу эса, асарни XI асрдан кейин ёзилганлигини ва 1) Исҳоқ ибн Иброҳим аш-Шоший (ваф.325/937й.), 2) Абу ‘Али аш-Шоший (ваф. 344/955 й.), 3) Абу Бакр Муҳаммад ибн ‘Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Кабир аш-Шоший (904-976), 4) Абу Бакр ‘Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий ал-Қаффол ас-Сағир аш-Шоший (ваф.417/1026й.) лар томонидан ёзилмаганлиги далилидир. Чунки, мазкур Шошийларнинг барчалари асарда номи зикр этилган Абу Зайд ад-Дабусий ва Ибн ас-Саббоғлардан бир неча йил муқаддам вафот этиб кетганлар. Масалан: Исҳоқ ибн Иброҳим аш-Шоший (ваф. 325/937 й.) Абу Зайд ад-Дабусий (ваф. 1039 й.) дан 102 йил, Ибн ас-Саббоғ (ваф. 1084 й.) дан эса, 147 йил аввал оламдан ўтган. Қолган Шошийларда ҳам йиллар ўртасидаги тафовут очиқ кўзга ташланиб турибди. Бу эса, асарга мазкур Шошийлардан бирортаси муаллиф бўла олмаганликларига яққол ҳужжатдир.
Ушбу фикрни тадқиқотчилардан Муҳаммад Акрам ан-Надвий ҳамда Валий ад-дин ал-Фарфурлар ҳам тасдиқлайдилар.(15)

Иккинчидан Абу Бакр ал-Қаффол ал-Кабир (904-976) ҳамда Абу Бакр ал- Қаффол ас-Сағир (ваф.417/1026й.) ларнинг ҳар иккиси ҳам Шофе‘ий мазҳабига мансуб бўлганлар. (16) "Усул аш-Шоший" асари эса, ҳанафий мазҳабига асосланган ҳолда ёзилган бўлиб, Шофе‘ий мазҳаби қарашларини танқид остига олган. Бу эса, асар Абу Бакр ал-Қаффол аш-Шошийларнинг ҳар иккаласининг ҳам қаламига мансуб эмаслигини яна бир бор исботлайди.

Унда асар муаллифи ким бўлган? деган ҳақли савол пайдо бўлади. Баъзи манба‘ ва тадқиқотларда "Усул аш-Шоший" асарига муаллиф сифатида Низом ад-дин аш-Шоший (VII/XIII аср) номи зикр этилади. Жумладан, XVII-аср та’рихчиси Ҳожи Халифа куняси билан танилган Мустафо ибн Абдуллоҳ ал-Қустантиний ар-Румий ўзининг "Кашф аз-зунун ан асами ал- кутуб ва л- фунун"
"كشف الظنون عن أسامي الكتب و الفنون" (китоб ва фанлар исмларидан гумонларни кетқазиш) номли асарида "Усул аш- Шоший" асарининг муаллиф томонидан қўйилган асл номи “Китоб ал-Хамсин” "كتاب الخمسين" (эллик ёшли кишининг китоби) бўлганлиги ҳамда ушбу асар Низом ад-дин аш-Шоший томонидан таълиф этилганлиги ҳақида ёзиб шундай дейди: "Китоб ал-хамсин" ҳанафий усул ал фиқҳи бўйича ёзилган бўлиб, у Низом ад-дин аш-Шоший томонидан ёзилган. Айтилишича, мусаннифнинг ёши уни ёзган пайтида эллик ёшда бўлган экан. Шунинг учун унга шундай ном қўйибди". (17)

ЎЗФА шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган "Усул аш-Шоший" асарининг қўлёзма нусхаларига ёзилган фиҳристлардан бирида ёзилишига кўра, Низом ад-дин аш-Шошийнинг тўлиқ исми Низом ад-дин ибн Муҳаммад ‘Азиз аш-Шоший бўлган. (18) Низом ад-дин Мовароуннаҳрнинг Шош минтақасида дунёга келди. Унинг таржимаи ҳоли, ота-онаси ҳақида манба‘ларда маълумотлар учрамайди. Шунингдек, манба‘ларда унинг таваллуд топган санаси ҳам қайд этилмаган. Тадқиқотларда унинг яшаган асри баён этилган холос. Жумладан, ҳиндистонлик тадқиқотчи Муҳаммад ал-Жайламий унинг VII/XIII асрда яшаб ўтганлигини таъкидлайди. (19) Суриялик тадқиқотчи Валий ад-дин ал-Фарфур эса, муаллифнинг вафот этган санасини 600/1203 йилдан сўнг деб ёзади. (20) Юқоридаги фикрлардан унинг қайси йилларда яшаганлиги ҳақида фақатгина тахминий хулосалар бериш мумкин холос. Демак, у яшаган давр халифалик ва подшоҳликларнинг инқирозга юз тутиш даврига тўғри келган. Ҳожи Халифа келтирган маълумотларни ўз даврининг йирик алломаси бўлган Абдулҳай Лакнавий (ваф. 1886 й) ҳам ўзининг "ал-Фаваид ал-баҳиййа фи тарожим ал-ҳанафиййа" "الفوائد البهية في تراجم الحنفية" (ҳанафий олимларига доир қимматли фойдалар) асарида тасдиқлаб ўтган. (21) Тадқиқотчи Муҳаммад ал-Жайламий (ваф. 1904 й) "Ҳадоиқ ал-ҳанафиййа" "حدائق الحنفية" (ҳанафийларнинг боғлари) номли китобида асарни Низом ад-дин аш-Шошийга мансуб эканлигини зикр этиш билан бирга унинг VII/XIII- асрда яшаганлигини ҳам зикр этади . (22)

Шунингдек, ЎзФАШИ қўлёзмлар фондида сақланаётган асарнинг қўлёзма ҳамда босма нусхаларига ёзилган барча фиҳристларда ҳам Низом ад-дин аш-Шошийни муаллиф деб ёзилган. №6638 рақамли фиҳристда эса, асар муаллифининг исми “Низом ад-дин ибн Муҳаммад ‘Азиз аш-Шоший” деб қайд этилган.

"Усул аш-Шоший" китоби муаллифи Низом ад-дин аш-Шоший эканлигини Худобахш кутубхонасидаги фиҳристда “Бу шубҳасиз ҳақиқатдир” дея зикр этилади. (23) Шунингдек, араб тадқиқотчиларидан Валий ад-дин ал-Фарфур ўзининг "Усул аш-Шоший" асарига ёзган "аш-Шофий ‘ала усул аш-Шоший" номли асарида, турк тадқиқотчиларидан Фуат Сезгин (24) ҳамда Муртеза Бедир (25) ва Ўзбекистонлик тадқиқотчилардан А.Мўминовлар ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлаганлар.(26) Шунингдек, XX асрнинг 70-йилларида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси) да фаолият олиб борган марҳум тадқиқотчи Нодирхон ‘Алоуддинхон ўғли шундай ёзади: "Баъзи муаллифлар "Усул аш-Шоший" китобини Қаффолнинг асари деб ҳисоблайдилар, аммо бу асар диний арбоб, Қаффол Шоший мақбарасига дафн этилган Низом ад-дин аш-Шошийга мансубдир. Асарда муаллифнинг номи йўқлиги ҳозирги замон олимларини нотўғри фикрга олиб келган бўлса керак.(27)

Шунингдек, тадқиқотчи А. Муминов ҳам ўзининг "Роль и место ханафитских ‘улама’ в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.)" номли тадқиқотида шундай фикрларни келтиради:
"Шошдан етишиб чиққан Абу ‘Али Аҳмад б. Муҳаммад б. Исҳоқ аш-Шоший (ваф. 344/955-56 й.) – Абу-л-Ҳасан ал-Кархий (ваф. 340/951 й.) нинг шогирди Бағдодда "Китоб ал-Усул" ни ёзди (GAL SB, Т. I, C. 294). Ушбу китоб бир неча бор нашр этилган. Баъзи нашрларда мазкур асар муаллифлиги Шошнинг бошқа бир вакили – Абу Йа‘қуб Исҳоқ б. Иброҳим аш-Шоший ал-Хуросоний (ваф. 325/937 й. Миср.) ёки Низом ад-дин аш-Шоший (VII/XIII аср) ; "Мухтасар усул аш-Шоший" ёки "Китоб ал-хамсин фи усул ал-ҳанафий" номлари остида) ларга берилади. Асар охирги марта Байрутда 2000 йили нашр этилган. Асарнинг икки қўлёзма нусхаси мавжуд. Уларан бири ЎЗФАШИ қўлёзмалар фондида, иккинчиси эса, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг кутубхонасида сақланмоқда".(28)

А.Муминов мазкур маълумотида асарнинг қайси бир Шошлик фақиҳ қаламига мансублигини аниқ кўрсатмагани ҳолда, унинг қўлёзма нусхасини иккиталигини таъкидлаб ўтади. Аммо, тадқиқот олиб бориш жараёнида бу нодир асарнинг қўлёзма нусхалари сони иккидан ортиқлиги аниқланди. Бу ҳақида тадқиқотнинг қуйи қисмида батафсил тўхталиб ўтилади.
Демак, шу кунимизга қадар на юртимиз ва на хорижда "Усул аш-Шоший" асари ёки унинг муаллифига доир комплекс тарздаги тадқиқот ишлари олиб борилмаган. Юқорида номи зикр этилган тадқиқотчиларнинг барчалари асар ёки унинг муаллифига тегишли бўлган маълумотларни ўз тадқиқотларининг бир қисмида кичик бир ҳажмда баён этиш билангина кифояланганлар холос.
Бу эса, асар чуқур тадқиқотга муҳтожлиги, айниқса унинг муаллифи ким бўлганлиги устида ҳали бир мунча ишлар амалга оширилиши лозим эканлигини кўрсатади.
Илмий изланиш натижаларидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда қуйидаги хулосага келиш мумкин:
Асл номи "Китоб ал-хамсин" бўлган "Усул аш-Шоший" асари Юсуф Илён Саркис (29) (1856-1932), Карл Брокелман (1868-1956) (30), Хайриддин аз-Зириклий (1893-1976) (31), ҳамда, Умар Ризо Каҳҳола (32) лар таъкидлаб ўтганларидек, Абу Йа‘қуб Исҳоқ ибн Иброҳим аш-Шоший (ваф. 325/937 й.) тарафидан, ёки тадқиқотчи Халил ал-Маййис "Усул аш-Шоший" асарига битган шарҳида муаллиф қилиб кўрсатган Абу ‘Али Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ аш-Шоший (ваф. 344/955 йил Бағдод) (33) томонидан, ҳамда Токио қўлёзма фондларида сақланаётган нодир манба‘лар фиҳристида ишора этилган Абу Бакр Муҳаммад ибн ‘Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Кабир аш-Шоший (904-976) (34) томонидан, шунингдек, Ҳиндистондаги Худобахш кутубхонаси фиҳристида номи зикр этилган Абу Бакр ‘Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ‘Абдуллоҳ ал-Марвазий ал-Қаффол ас-Сағир аш-Шоший (ваф.417/1026й.) лар томонидан таълиф этилмаган. (35)
Мазкур асарнинг асл муаллифи Ҳожи Халифа, Абдулҳай Лакнавий, Муҳаммад ал-Жайламий, Муҳаммад Акрам ан-Надвий, Валий ад-дин ал-Фарфур, Фуат Сезгин ва Муртеза Бедир каби тадқиқотчилар таъкидлаб ўтганларидек, Низом ад-дин аш-Шоший бўлиб, унинг тўлиқ исми Низом ад-дин ибн Муҳаммад ‘Азиз аш-Шоший бўлган. У VII/XIII асрларда яшаган ва 600/1203 йилдан кейин вафот этган. У ўзи туғилиб ўсган Шошдаги буюк аллома ҳозирда маҳаллий халқ тилида "Ҳасти Имом" номи билан аталувчи ҳазрати имом Абу Бакр Муҳаммад ибн ‘Али ибн Исмоил ал-Қаффол ал-Кабир аш-Шоший (904-976) мақбараси ичига дафн этилган.

АҲМАДАЛИЕВ АБДУВОҲИД МУҲАММАДАЗИМ ЎҒЛИ

1. Ан-Надвий. Б. 8.
2. C. Brockelmann. Geschichte der arabisсhen Litteratur. Leiden. E. J. Brill. 1937. Б.294.
3. www. maktabaalmeshkat.net Хайриддин аз-Зириклий. Ал-А‘лом. Т.1.—Б. 248. (бундан кейин: аз-Зириклий)
4. Каҳҳола, ‘Умар Ризо. Му‘жам ал-муаллифийн. – Байрут: дор иҳйо ат-турос ал-‘арабий.. Т. 2. Б. 226. (бундан кейин: Каҳҳола)
5. Ан-Надвий. – Б.7.
6. ал-Маййис. – Б.3-5.
7. ал-Лакнавий. – Б. 43-44.
8. Усул аш-Шошийнинг Токио нусхаси/http://ricasdb.ioc.utokyo.ac.jp/daiber/daiber_contents_ms10.html
9. Ибн Халликон. Вафиййат ал-а‘йан. – Миср, 1982. Т. 1. Б. 458; Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-Шофе‘иййа ал-кубро. Т.2. Б. 176. Бундан кейин ас-Субкий; Абу Закариё ан-Нававий. Таҳзиб ал-асмо ва л-луғот. Т. 1. Б. 282; Абу Са‘д ас-сам’оний. Ал-Ансоб. Дор ал-жанон. Байрут. 1988. Т. 3. Б. 375,376; Ёқут ал-ҳамавий. Му‘жам ал-булдон. Т. 5. Б. 212; Умар Ризо Каҳҳола. Му‘жам ал-муаллифийн. Дамашқ. 1960. Б.308.
10. Усул аш-Шошийнинг Ҳиндистон нусхаси/ http://kblibrary.nic.in/Vol19.htm;
11. Ас-Субкий. Б.27,28.
12. ‘Абдуллоҳ ибн ‘Умар ибн ‘Исо Абу Зайд ад-Дабусий ўз даврида ҳанафий мазҳаби шайхи бўлган. У қозилик даражасигача кўтарилган. Хилоф илмига биринчи бўлиб асос солган. "китоб ал-асрор", "тақвийм ал-адилла", "ал-амад ал-ақсо" ва "та’сис ан-назар" каби китоблар мусаннифи У Бухоро ва Самарқанд орасидаги Дабусиййа деб номланган жойда туғилиб, Бухорода 430/1039 йили 63 ёшида вафот этган. ас-Сифдий. ал-Вофий би л-вафиййот. Т. 5. Б. 445.; Ибн Қутлубғо. Тож ат-тарожим фий табақот ал-ҳанафиййа. Т.1. Б. 12. http://www.alwarraq.com.
13. ‘Абд ас-Cаййид ибн Муҳаммад ибн ‘Абд ал-Воҳид ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жа‘фар Абу Наср ибн ас-Саббоғ ал-Бағдодий Ироқнинг шофе‘ий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бўлиб, 400/1009 йили туғилган ва 477/1084 йили вафот этган ҳамда ўз ҳовлисига дафн этилган сўнг унинг жасади Бобу ҳарб деган жойга кўчирилган. Ёзган асарлари: "аш-Шомил", "ал-Комил","Китоб ат-тариқ ас-солим", "ал-Умда фий усул ал-фиқҳ". Ибн Қози Шуҳба. Табақот аш-Шофеиййа. http://www.alwarraq.com . Т1. Б.41.
14. Низом ад-дин аш-Шоший. Усул аш-Шоший. Мир Муҳаммад кутубхона. Карачи. Б.84,102
15. ан-Надвий. – Б. 6; ал-Фарфур. Б. 16.
16. Ибн Халликон. Вафиййат ал-а‘йан. - Миср. 1982. Т. 1. Б. 458; Тожиддин ас-Субкий. Табақот аш-Шофе‘иййа. Т.2. Б. 176; Абу Закариё ан-Нававий. Таҳзиб ал-асмо ва л-луғот. Т. 1. Б. 282; Абу Са‘д ас-сам’оний. Ал-Ансоб. Дор ал-жанон. Байрут. 1988. Т. 3. Б. 375,376; Ёқут ал-ҳамавий. Му‘жам ал-булдон. Т. 5. Б. 212; Умар Ризо Каҳҳола. Му‘жам ал-муаллифийн. Дамашқ. 1960. Б.308.
17. Ҳожи халифа. – Т.5, - Б. 81.
18. "Усул аш-Шоший"нинг қўлёзма нусхаси ЎЗФАШИ қўлёзмалар фонди.№ 6638.
19. Ал-Жайламий фақир Муҳаммад. Ҳадоиқ ал-ҳанафиййа. Лакна. Йили қайд этилмаган. Б.270.
20. ал-Фарфур. – Б.21
21. ал-Лакнавий. – Б. 244.
22. ал-Жайламий фақир Муҳаммад. Ҳадоиқ ал-ҳанафиййа. Лакна. Йили қайд этилмаган. Б.270.
23. Усул аш-Шошийнинг Худобахш нусхаси.-http://kblibrary.nic.in/Vol19.htm
24. Fuat Sezgin. Geshichte des arabischen schrifttums. – Leiden E. J. Brill, 1967. Band I. P. 498.
25. Murteza Bedir. The early development of hanafi usul al-fiqh. University of Manchester for the Degree of PhD in the Faculty of Arts. – 1999. P. 18-21.
26. Муминов А.К. Роль и место ханафитских ‘улама’ в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.)// док. диссер. ─ Т.: ТИУ, 2003. – Б. 66.
27. Совет Шарқи Мусулмонлари. – Тошкент, 1971.– №3, – Б.9.
28. Муминов А.К. Роль и место ханафитских ‘улама’ в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.)// док. диссер. ─ Т.: ТИУ, 2003. – Б. 66.
29. Ан-Надвий. – Б. 9.
30. C. Brockelmann. Geschichte der arabisсhen Litteratur. Leiden. E. J. Brill, 1937. – Т. 2. Б.294.
31. аз-Зириклий. Т.1. – Б. 248.
32. Каҳҳола. – Т. 2. Б. 226.
33. ал-Маййис. –Б.3-5.
34. Усул аш-Шошийнинг Токио нусхаси/http://ricasdb.ioc.utokyo.ac.jp/daiber/daiber_contents_ms10.html
35. Усул аш-Шошийнинг Ҳиндистон нусхаси/ http://kblibrary.nic.in/Vol19.htm;

 

 
« Олдинги   Кейинги »