"Сулаймоннома" достони ҳақида Принтер учун
21.05.2009 й.
www.islom.uz

Охирги пайтларда коммунистик тузум халқимиз бошига келтирган мусибатлар ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Шубҳасиз, бу мусибатлар ичида миллатимизни ўз динидан жудо қилиши, энг катта мусибат бўлди. Айниқса зиёлиларимиз, шоир ва ёзувчиларимизни дину-диёнатдан, иймону-этиқоддан узоқ тутиш учун алоҳида эътибор берилган эди. Баъзи зиёлиларимизнинг ўзлари этироф қилганларидек, диндан биринчи бўлиб чиққанлар ҳам ўшалар бўлганлар. Кейинчалик тузум динни-диёнатни, Исломни, иймон эгаларини қанчалик кўп қоралашига қараб шоир ва ёзувчиларни мукофотлаб борди. Динга бир оз моиллик кўрсатганларни эса шафқатсиз жазолади. Оқибатда зиёли, шоир ёки ёзувчи деганда худосиз шахс хаёлга келадиган бўлиб қолди.

Коммунистик мафкура қулаб, ёвузлик империяси ўзининг охирги нафасларини олаётган пайтда зиёлиларимиз, шоир ва ёзувчиларимизнинг инсофлилари дарҳол динга қайта бошладилар. Улар Ислом аҳкомларига амал қилишни бошлаш билан, қўлларидан келганича мақола ва шеърлар ҳам ёзишга киришдилар. Бу урунишларнинг ичида муваффақиятли чиққанлари ҳам бўлди. Бундан барча аҳли мўминлар беҳад хурсанд бўлдилар. Шу билан бир вақтда, исломий асарлар ёзиш жуда нозик иш экани ҳам англаб етилди. Айниқса ёзиш имконига эса бўлганларда исломий билимлар етишмаслиги, ўз тилимизда етарли манбалар йўқлиги билиниб қолди. Оқибатда баъзи хатолар, тортишувлар, норозиликлар ҳам келиб чиқди.
Бундай ҳолатда шоир ва ёзувчиларимиз билан диний уламоларимиз орасида холисона ҳамкорлик бўлиши зарурати туғилади. Зотан шундай бўлган ҳам эди. Аммо баъзи кучлар бу ҳамкорликка ҳасад қилдилар ва уни йўқ қилиш пайига тушиб, қисман мақсадга эришдилар ҳам. Лекин бу ҳамкорлик халқимиз, дину-диёнатимиз учун жуда ҳам зарур эканлигини ҳамма тушунмоғи лозим.

Ҳамидуллоҳ Юсуфнинг “Сулаймоннома” достонини ўқиб, бу фикрим яна ҳам жиддийлашди. Мен Ҳамидуллоҳ Юсуфни танимайман. Эҳтимол бу менинг камчилигимдир. Эҳтимол она юртдан узоқлигим сабабдир. У киши мени маъзур тутсинлар. Номидан кўриниб турибди-ки, достон пайғамбар Сулаймон алайҳиссаломга бағишланган, у кишининг қиссалари ҳақида сўз юритилади. Мен достонни ўқишни бошлашим билан муаллиф ишончли манба танлай олмаганини тушундим. Маълумки, Аллоҳ таоло ер юзидаги инсонларни ҳидоятга бошлаш учун кўплаб пайғамбарлар юборган. Улардан машҳурларининг қиссалари турли халқлар орасида турли йўллар билан тарқалган. Албатта, пайғамбарлар ҳамма халқлар учун эътиборли бўлганлари учун уларнинг қиссалари доимо диққат марказида бўлган. Шу сабабдан пайғамбарлар қиссаларини ривоят қилиш, ёзиб қолдириш ривожланган. Аммо замонлар ўтиши, турли омиллар таъсири остида бу қиссаларда бузилиш, сохта хабарлар кўпайиб борган. Илоҳий китоблар бўлмиш Таврот ва Инжилдаги бузилишлар айниқса бунга катта таъсир қилган.

Охир оқибатда келиб-келиб бу бузилишларнинг ҳаммасини Қуръони Карим тўғрилаган. Бу ҳақиқатни нафақат мусулмонлар, балки бошқа миллат вакиллари ҳам бугунги кунда тушуниб етмоқдалар. Замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан франсиялик олим Морис Букай бу соҳани илмий асосда ўрганиб чиқди ва ўзининг “Таврот, Инжил, Қуръон ва замонавий илм” номли китобида қиссалар бобида фақат Қуръони Карим тўғри эканлигини исботлади ҳамда ўзи мусулмон бўлди.

Айтмоқчиманки, пайғамбарлар ҳаёти ва уларнинг қиссалари ҳақидаги энг тўғри маълумотлар фақат Қуръони Каримда бор. Агар муҳтарам Ҳамидуллоҳ Юсуф ҳам ўз достонига Қуръони Каримни масдар қилиб олганида келажакда гапириладиган хатоларга йўл қўймаган бўлар эди. Пайғамбарлар ҳаёти ва қиссалари ҳақида иккинчи ишончли масдар, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидир. Қолган масдарларга жуда ҳам эҳтиёт бўлиб ёндашиш ва улардаги маълумотларни Қуръон ва ҳадис ўлчови билан ўлчаб кўриш зарурдир. Айниқса бизнинг туркий тилимизда ёзилган жангнома ва қиссаларда кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйилган. Афсуски, ўша ишончсиз китоблар турли мақсадларда кирилл ҳарфларига ўгирилди ва чоп қилинди. Уларни ўқиган одамлар, нотўғри маълумотлар олмоқдалар. Улардан фойдаланган шоирлар нотўғри шеър ва достонлар ёзмоқдалар.

Яна такидлаб айтмоқ лозимки, мазкур хато ва ноаниқликлар нафақат туркий китобларда, балки арабча, форсча китобларда, ҳатто кўпгина тафсир китобларда ҳам бор. Бунга ҳам турли омиллар сабаб бўлган. Айниқса, яҳудийлардан Исломни қабул қилган кишилар, Қуръони Карим оятларида келган хабарларга мос Бани исроилликларнинг қиссаларини айтиб беришлари кўпчиликка таъсир қилган ва ўша қиссалар ривоят қилиниб тафсир ва бошқа китобларимизга кириб қолган. Бани Исроилнинг бундай қиссаларини “исроилиёт” дейилади. Одатда “исроилиётлар” пайғамбарларга нисбатан беодоблик, уларнинг шаънларига тўғри келмайдиган хабарлар билан машҳурдир. Муҳтарам Ҳамидуллоҳ Юсуфнинг “Сулаймоннома”сида ҳам бу нарса очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Аввалдан айтиш лозимки, биз достонни сўзма сўз таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Баъзи муҳим масалаларга тўхтаб ўтмоқчимиз холос. Бу сатрларни ёзмоқдан мақсад шоирни танқид қилмоқ, айбламоқ эмас, балки йўл қўйилган хатоларни зикр этиш, бу билан бошқаларни бундай хатоликлардан қайтаришдир.

Достонда Сулаймон алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан кейин икки марта Шайтоннинг макрига дуч келишлари, сал бўлмаса йўлдан адашишлари мумкинлиги узоқ ҳикоя қилинади. Аввало “Иблис макри ёхуд нигини ҳотам” бобида Шайтон эгнига оқ кийган мўйсафид, қиёфасида келиб Сулаймон алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлади. Иккинчи марта “Имтиҳон” бобида саҳрода адашиб юрган Сулаймон алайҳиссаломни шайтон бир гўзал дилдор сифатида кимҳовий бир чодир олдида кутиб олиб иғво қилишга уринади. Ислом ақийдаси бўйича Пайғамбар алайҳиссаломлар бундай нарсалардан поклар. Улар бу ишларга йўлиқмаганлар, йўлиқмайдилар ҳам. Йўлида кўринган чол сифатидаги ёки гўзал аёл сифатидаги шахснинг гапига учиб кетаверадиган шахс Аллоҳнинг танлаган пайғамбари бўла олмайди.

Достондаги “Нигини ҳотам мавҳи” тўлалигича “исроилиёт”дан иборат. Бу ҳодисанинг хулосаси шулки, Сулаймон алайҳиссалом таҳоратга кираётиб нигини ҳотам-мўжиза узигини канизакка берибди. Девларнинг маккори Ҳақиқ қулай фурсатдан фойдаланиб Сулаймон алайҳиссалом шаклида келиб канизакдан узукни олиб, у кишининг тахтларига ўтириб олиб, ўз ҳукмини юрита бошлабди. Сулаймон алайҳиссалом таҳоратдан қайтиб келганида у кишини ҳеч ким танимабди. У киши хору зор бўлиб юрибдилар. Тавба қилибдилар бўлмапти. Охири еру осмонлар у кишининг гуноҳини кечишини сўраб Худога нидо қилган экан қабул бўлибди. Бу ҳам асоссиз эканини мўътабар уламоларимиз, жумладан машҳур муфассир Исмоил ибн Касир раҳматитуллоҳи алайҳи илмий асосда баён қилганлар.
Шунингдек, “Сулаймоннома” достонида кўп иборалар ноўрин ёки нотўғри ишлатилган. Буларга майли дейликда нотўғри тушунчалар ҳақида бир оз сўз юритайлик.
“Сулаймоннинг туғилиши” бобида у кишининг оталари Давуд алайҳиссалом номидан Аллоҳга нола этиб:
Анга шундай бир тахт айлаким насиб,
Ҳеч ким бундай тахтга бўлмасин соҳиб, дейилади. Аслида эса бу сўровни Довуд алайҳиссалом эмас, Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари сўраганлар. Пайғамбарлар ҳақидаги гапда бундай ноаниқликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
“Иблис макри ёҳуд нигини ҳотам” бобида:
Оламни титратиб сўнг учинчи бор
Таралди: “Ол!!!” деган хитоб Жаббор, дейилади. Яъни, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бевосита хитоб қилиб гапиргани айтилади.
Аслида Аллоҳ таоло фақат икки пайғамбар, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломларгагина бевосита хитоб қилган, бошқаларига фақат фаришта орқали ваҳий юборган. Бу ҳам Аллоҳнинг, ҳам пайғамбарларнинг ҳаққига одобдан эмас.
“Вуҳушлар ҳамласи” бобида:
Пешин намозини ўқиб Пайғамбар
Девларнинг ишидан олмишдир хабар”, дейилади.
Бамдод, Пешин, Аср, Шом ва Хуфтон намозлари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шариатларида бор. Лекин Сулаймон алайҳиссалом шариатларида Пешин намози борлигини ҳеч ким айтмаган. Ўзича айтиб юбориш яхши эмас.
“Имтиҳон” бобида Сулаймон алайҳиссалом номидан бир жойда:
“Наҳот телба бўлдим, наҳотки, наҳот?
Акрамал Акрамин, ўзинг бер нажот!” дейилади. Бу ҳолат ҳеч бир пайғамбар шаънига тўғри келмайди. Ўзини баъзи ҳолда телба сезган одам ҳеч қачон пайғамбар бўла олмайди.
“Нигини ҳотам маҳви” бобининг охирроғида:
“Бирдан еру осмон этдиким нидо:
“Расулинг гуноҳим афв этгил Худо!”
Парвардигор тинглаб улар дилхоҳин
Мағфират айлади набий гуноҳин”, дейилади. Бу жуда оғир гап. Набий гуноҳ қилмайди. Аллоҳ набийларни маъсум этган. Улар гуноҳ қилишлари мумкин эмас.
Диний маълумотларни кишиларга шеърий йўл билан етказиш жуда ҳам масулиятли иш. Шеърий услубнинг ўзига яраша жозибаси бор. Наср ёки хутбадан кўра яхшироқ таъсир қилиши мумкин. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Шеърда ҳикмат бордир”, деганлар. Шунинг учун шоирларимизнинг бу борадаги урунишларини қўллаймиз. Аммо улардан ражоимиз шулки, диний мавзуда бирор нарса ёзишидан олдин биладиганлардан керакли маълумот ва маслаҳатларни олсинлар, ёзиб бўлиб ҳам нашр этишидан олдин биладиганларга кўрсатсинлар. Ана шунда яхши бўлади.

Муҳтарам биродаримиз Ҳамидуллоҳ Юсуфга қилган ҳайрли уринишлари учун ташаккурлар айтамиз. У кишига насиҳатимиз шулки, Пайғамбар Сулаймон алайҳиссаломга нисбатан ўзларидан баъзи беодобликлар учун тавба қилсинлар. Ўз достонлари “Сулаймоннома”ни билимдон кишилар ёрдамида қайта кўриб чиқсинлар. Ундаги исроилиётлардан воз кечиб, ноаниқлик ва хатоларни тузатсинлар. У кишининг бу достонларини нашр этганлар ўз ўқувчиларидан узр сўраб ҳақиқатни уларга етказсалар айни муддао бўлар эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Тарих омонатдир" китобидан (1995)

 
« Олдинги   Кейинги »