Зироатлар закоти ҳақида Принтер учун
09.05.2009 й.

Аллоҳ таоло: «Ва унинг ҳақини ҳосилини йиққан куни беринг. Исроф қилманг. Чунки У Зот исрофчиларни яхши кўрмас», деган (Анъом: 141).
Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ зироат экинлари ҳосилини йиққан кунда ҳақини - Закотини беришга амр қилмоқда. Бу зироат бойликларидан Закот бериш фарз эканини билдиради.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Беш васақдан камда садақа йўқ. Беш заваддан камда садақа йўқ. Беш увқиядан озда садақа йўқ», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятдаги ўлчовлар билан танишиб олайлик;
1. Васақ оғирлик ўлчови бўлиб, бир васақ 130,6 кг бўлади. Беш васақ эса 653 кг бўлади. Демак, зироат маҳсулоти 653 килограммга тенг бўлганда нисобга етган бўлади.
2. Завад - оз сонли туяга ишлатиладиган сўз. Туянинг сони бештага етишини аввал ўрганиб ўтдик.
3. Увқия - кумуш пулнинг ўлчовидир. Бир увқия қирқ дирҳамга тенгдир. Демак, кумуш пул икки юз дирҳамга етганда нисобга тенглашган бўлади.
Бизга, ушбу мавзуимизда зироат бойликларига тегишли қисм керак, чунки ҳайвонот бойликларига тегишлисини ўрганиб ўтдик. Тилло-кумушникини эса, Аллоҳ хоҳласа, келажакда ўрганамиз.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Анҳорлар ва булутлар суғорган нарсалардан ушр (ўндан бир), сув чиқарувчи ҳайвон ила суғорилгандан ушрнинг ярми», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Осмон, анҳорлар, булоқлар ёки томиридан сув ичганларидан ушр. Сув чиқарувчи ҳайвонлар ва сув чиқарувчи асбоблар ила суғорилганлардан ушрнинг ярми», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ишлаб чиқаришда ишлаб чиқарувчи томонидан сарфланган маблағ ва хизмат қанчалик қадр-қийматга эга эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Экинларни суғориш учун инсон ўз хизмати ва маблағини сарфлаб сув чиқарганда ундан оддий ҳолатдагининг ярмича Закот олиниши шуни кўрсатади.
Ушбу бобда келтирилган оят ва ҳадислар зироат бойликларидан Закот бериш фарзлигини ҳам кўрсатади.
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар, касб қилган пок нарсаларингиздан ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар», деган.
Ислом уммати зироат бойликларидан Закот (ушр) ёки ушрнинг ярмини чиқариш фарзлигига доимо ижмоъ қилган. Зироат маҳсулотларидан Закот чиқариш ҳақидаги ҳужжат ва далиллар ҳамда уларни тушуниш ҳам ҳар хил бўлганидан уларнинг қайсиларидан Закот чиқариш масаласи эса турлича бўлган.
1. Ибн Умар ва яна бир гуруҳ салафлар зироат маҳсулотларидан фақат буғдой, арпа, хурмо ва майиздан Закот чиқарилади, бошқаларидан чиқарилмайди, дейишган.
Улар далил сифатида иккита ҳадис келтирадилар. Уларда ушбу тўрт нарса зикр қилинган, холос.
2. Моликий ва Шофеъий мазҳаблари одамларга қут бўладиган, яъни, ўз ихтиёрлари ила овқат қилиб оладиган нарсалар ва сақлаш мумкин бўлган зироат маҳсулотларидан Закот берилади, бошқаларидан берилмайди, деганлар.
Уларнинг фикрича, ёнғоқ, бодом, писта каби нарсалардан Закот олинмайди. Чунки, улар оддий ҳолатларда қут ҳисобланмайди.
Шунингдек, олма, анор, нок, шафтоли, полиз экинлари ва шунга ўхшаш кўп турса айниб қоладиган маҳсулотлардан ҳам Закот олинмайди.
Бу мазҳаблар ўз фикрларини қувватлаш учун бир неча ҳадислар келтиришган аммо у ҳадислар уламолар наздида кучли ҳужжат бўлиш даражасида эмас.
3. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари бўйича ҳар бир қуритиладиган, бир муддат боқий қоладиган ва ейиладиган нарсадан Закот олинади.
Бу мазҳаб олдингилардан кенгроқ бўлиб, полиз экинлари ҳамда турмайдиган мевалардан Закот олинмайди, дейди.
4. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида ердан чиққан ҳар бир нарсадан Закот олинади.
У кишининг ҳужжатлари:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва сизга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар», деган.
У зот бирини айтиб, иккинчисини қўймаган. Бир зироат маҳсулотини бошқасидан ажратмаган.
Аллоҳ таоло: «Ва ҳосилини йиққан кунда ҳақини беринг», деган.
Ўша оятнинг аввалида боғу-роғларни, хурмони, зироатни, зайтунни ва анорни зикр қила туриб, кейин инфоқ қилишга амр қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осмон суғорганлардан ушр, сув кўтариб суғорганлардан ушрнинг ярми», деганлар.
Қут бўладиган, бўлмайдиган ёки қурийдиган, қуримайдиган, демаганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари далил томонидан ҳам, ақл томонидан ҳам, мантиқ томонидан ҳам, воқеълик томонидан ҳам қадимда-ю ва ҳозирда ҳам кўпчилик уламолар томонидан қўллаб қувватланган. Барча зироат маҳсулотларидан Закот бериш зарурлиги таъкидланган.

ЗИРОАТ МАҲСУЛОТИ НИСОБИ

Ўтган ҳадислардан зироат маҳсулотларининг нисоби беш васақ эканлигини билдик. Ушбу ҳадислар асосида жумҳур уламолари беш васақдан кам миқдордаги зироат маҳсулотларидан Закот олинмайди, дейдилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса зироат маҳсулотларининг озидан ҳам, кўпидан ҳам Закот олинади, дейдилар. Бу гапни Иброҳим Нахаъий, Ато ибн Аби Рабоҳ. Умар ибн Абдулазиз ва бошқалар ҳам айтганлар. Улар, Закот фарзлиги тўғрисидаги оят ва ҳадисларда нисоб ҳақида сўз йўқлигини ҳужжат қилиб келтирадилар.
Ҳамаср уламоларимиздан баъзилари жумҳурнинг қавлини қабул қилишади.
Дон ва меваларнинг нисоби беш васақ, дейишади. Бир васақ олтмиш соъ, дейилган, демак уч юз соъ дон ва меваларнинг нисоби бўлади. Соъ эса оғирлик ўлчови бўлган. Соъ маълум миқдордаги донни ўзига сиғдирадиган идиш бўлган. Унинг қанча оғирликдаги донни сиғдириши ҳақида қадимги ва ҳозирги уламолар турли миқдорларни айтганлар.
Жумладан, килограмм маъносида сўз кетганда 2.176, 2.751 ва 3.800 кг.лар зикр қилинган. Эҳтиёт юзасидан энг ози 2.176кг олинадиган бўлса нисоб 652.8кг. бўлади.
Нисобни аниқлашда маҳсулот қуриб, тозаланиб бўлгандан кейинги миқдор ҳисобга олинади. Тозаланмасдан қобиғи ёки бошоғи билан сақланадиган нарсаларни мутахассислар аниқлайдилар.
Табиий ҳолатда келадиган сув ила суғорилган экинлардан олинган зироат маҳсулотларидан ушр (ўндан бир) Закот олинади.
Сув чиқаришга чархпалак, ҳайвон ва бошқа нарсаларни ишлатиб қийналган бўлинса, ушрнинг ярми миқдорида Закот олинади. Суғоришдан бошқа ишларда қилинган сарф ва ҳаракатлар эътиборга олинмайди.
Ҳар бир тур зироат маҳсулотнинг нисобида ҳам, Закот чиқаришда ҳам алоҳида ҳисоб қилинади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича вақф ерлардан чиққан зироат маҳсулотларидан ҳам Закот олинади. Чунки зироат бойликлари Закотида чиққан ҳосил эътиборга олинади. Ижарага олинган ердан чиққан маҳсулотлардан бериладиган ушр Ҳанафий мазҳаби бўйича ижарага берувчидан олинади.
Чиққан зироат маҳсулоти Закот фарз бўлгандан кейин мулк эгасининг айбисиз нобуд бўлса Закот соқит бўлади.
Ерлар иккига бўлинади:

1. Ушр ерлари.
2. Харож ерлари.

Ушр ерлари қуйидаги ерлар;
Эгалари молик бўлиб туриб Исломга кирган ерлар. Мадина, Тоиф, Яман, Баҳрайн ва Макка ерлари каби.
Мусулмонлар билан эгалари орасида уриш бўлгандан кейин мусулмонлар қўлига ўтган ва хумс сифатида мужоҳидларга бўлиб берилган ерлар. Бешдан бир қисми Қуръонда айтилгандек тақсим қилинган ерлар.
Эгасиз ерларни давлат бошлиғи маълум кишиларга бўлиб берган бўлса ҳам ушр ери бўлади.
Ўзлашмаган ерни мусулмонлар ўзлаштирган бўлсалар ҳам ушр ери бўлади.
Харож ерлари қуйидаги ерлар;
Мусулмонлар ўша ер аҳли билан уриш қилиб эгаллаган, лекин бўлиб бермай мусулмонларнинг умумий мулки, деб эълон қилинган ерлар. Ироқ, Аҳвоз, Форис, Кирмон, Исфаҳон, Рай, Миср ва Мағриб ерлари харож ерлари бўлган.
Ёки мусулмонлар билан ўша ерларнинг аҳли орасида сулҳ тузилган бўлади. Нажрон, Давматул Жандал, Фадк, Арманистон ва Хуросонга ўхшаш харож ерлари аҳднома орқали кишиларга берилади ва улар ҳар йили маълум миқдорда Ислом давлатига ҳақ бериб турадилар.
Давлат бу маблағни аскар ва маош учун ишлатади. Яна шароитга қараб бошқа йўлларда ишлатса ҳам бўлади.
Харож ерларидан ушр олинадими, йўқми? деган саволга уламоларимиз икки хил жавоб берганлар.
Ҳанафий мазҳаби, харож ерларидан ушр олинмайди, деган.
Жумҳури фуқаҳолар эса, харож ерларидан ушр олинади, деган.
Уларнинг кўрсатмалари бўйича олдин харож чиқариб қўйилади. Кейин эса қолган маҳсулотдан ушр чиқарилади.

УЗУМ ВА ХУРМОНИ ЧАМАЛАШ

Аттоб ибн Асийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узумни ҳам хурмога ўхшатиб чамалашга амр қилдилар. Унинг Закоти майиз ҳолида олинади. Худди хурмонинг Закоти у қуригандан кейин олинганидек».
Шарҳ: Узум ва хурмо дарахтларида турган меваларни чамалаб, ундан қанча Закот чиқишини билишликни араб тилида «харс» дейилади.
Узум ва хурмонинг мевасига таъм кириши билан чамаловчи мутахассис одам келиб, мевазорни айланиб чиқади сўнгра бу боғдан бунча ъщл мева чиқади, уни қуритганда эса бунча қолади, бинобарин Закоти бунча бўлади, дейди. Кейин мевазорнинг эгаси ўша миқдордаги қуруқ хурмо ёки майизни бериши керак бўлади.
Ушбу харс услубини қўллаган уламолар, бу ишда фуқаролар ҳақини ҳимоя қилиш ва боғ эгасига харсдан кейин хоҳлаган нарсасини қилиш учун кенглик бериш бор, дейдилар.

Саҳл ибн Ҳасамата розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чамалаганингиздан кейин олаверинглар ва учдан бирини қўйиб қўйинглар. Агар учдан бирини қўймасангиз, тўртдан бирини қўйинг», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Яъни, чамалаб чиқиш лозим бўлган миқдор аниқлангандан сўнг узум ёки хурмо эгаси меванинг учдан ёки тўртдан бирини Закотни беришга қолдириб қолганини еса, қуритмай туриб сотса ёки яна бошқа мақсадларга ишлатса бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳани Хайбар яҳудийларига юборар эдилар. у хурмога таъм кирганда ейилмасдан туриб чамалар эди. Сўнгра яҳудийларни уни ўша чамалаш билан олиш ёки у(фақир)ларга бериш ихтиёрида қўяр эди. Шу билан мева ейилишидан ва тарқатилишидан олдин Закот сақланиб қолар эди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбарда яшовчи яҳудийларнинг меваларини чамалаб, улардан чиқадиган мевани, бинобарин Закотни ҳам тахминан белгилаб бериш учун Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни юборишларида чамаловчи шахс тўғрисидаги шартлар келиб чиқади.
Демак, харс қилувчи-чамаловчи шахс - эркак киши бўлиши, битта одам бўлса ҳам жоизлиги, одил, омонатли, ҳур, чамалашни биладиган киши бўлиши керак. Чамаловчи ҳар бир дарахтни бориб кўради, навини эътиборга олади. Ҳар навга алоҳида чама қилади.
У чамалаб бўлгандан кейин боғ эгасига Закот қанча бўлиши кераклигини айтади. Сўнгра икки ишдан бирини қилишни унинг ихтиёрига қўяди. Хоҳласа, Закотнинг миқдорини ўтаб, у ёғини ўзи билаверсин. Хоҳласа, мевани муҳофаза қилиб, қуритиб, кейин берсин.
Агар боғ эгаси муҳофаза қилишни ихтиёр қилса-ю, кейин мевани йўқ бўлишига ўзи сабаб бўлса, чамаланган Закот миқдорини тўлайди. Агар офати самовий сабабли мева нобуд бўлса, тўламайди. Баъзиси нобуд бўлиб, баъзиси қолса, қолгани улушича Закот беради.
Ушбу ҳадиси шарифда мулоҳаза қилинган нарса шулки, Хайбар яҳудийлари мусулмон бўлмаганлар, мусулмонмасларга эса Закот фарз бўлмайди.
Қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларнинг меваларини чамалаб, Закот миқдорини айтиб беришлари мумкин? Шу ерда, Закот эмас, харож бўлса керак, деган мулоҳаза қилишдан бошқа чора қолмайди. Яҳудийлар хиёнат қилмасинлар, деган мулоҳаза билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни харс қилиш учун юборган бўладилар.
Ҳанафий мазҳаби харсни, яъни, мевага таъм кирганда чамалаб Закот миқдорини аниқлашни қабул қилмаган.
Уларнинг наздида харс ишлари рибо ҳаром қилингунча бўлган. Ушбу ҳадислар ҳам ўша вақтга оид. Рибо ҳаром қилингандан кейин харс қилиш мумкин бўлмай қолган. Шунинг учун уларда узумдан ҳам, хурмодан ҳам бошқа мевалардан қандоқ Закот олинса, шундоқ олинаверади.
Тоҳовий Жобир розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз харсдан наҳий қилганлари, бу ҳукм насх бўлганлигини тасдиқловчи ҳадис ривоят қилган.
Энди "Зироат бойликларидан Закот бериш фарзини зироатчилар қандоқ адо этмоқдалар"? деган саволни бериб кўрайлик.
Кўпгина жойларда «ушр»нинг нима эканлиги унутилиб кетган десак, ёлғончи бўлмаймиз. Бошқа жойларда зироат бойликларидан Закот бериш зироатчиларнинг ўзига боғлиқ. Хоҳласа беради, бўлмаса йўқ. Берганлар ҳам ўз тушунчаларига мувофиқ берадилар. Шариат ҳукми асосида, тушунган ҳолда, ҳамма томонларини ўрнига қўйиб зироат бойликлари Закоти бўйича фарз ибодатини адо этиш қаерда ва кимларда рисоладагидек бўлаётганини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Мусулмонлар бошига келаётган кўпгина бало-офатларнинг ушбу фарз ибодатнинг адо этилмаётгани билан алоқаси йўқмикан? Зироатчилар топган даромадларининг қут-баракаси ўчиб кетаётгани нимадан экан? Ана шулар ҳақида бир ўйлаб кўриб, Закотни, шу жумладан зироат маҳсулотлари Закотини ўз ўрнида адо этишимиз лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »