7-дарс: Воизлик шахсиятининг шаклланиши Принтер учун
04.05.2009 й.

1. Ишонч.
2. Машқ қилиш.
3. Рағбат.

Воизнинг шахсияти. Бу бўлимда воизнинг шахсиятига боғлик бўлган ички ва зоҳирий нарсалар, уни инсонлар олдида туриб ваъз айта олишга қодир қиладиган хусусиятлар ҳақида гап боради. Бу баҳсни мутолаа қилганимиздан сўнг воизлик фақатгина баъзи инсонларга ато қилинадиган инъом эмас, балки ҳар бир инсоннинг иқтидорида маълум бир чегарагача бўлса ҳам воизлик мавжудлигига амин бўламиз. Энди воиз учун зарур бўлган баъзи бир хусусиятларни айтиб ўтамиз.

Ўзига ишониш

Машҳур воизлар ҳам янги фаолиятини бошлаган вақтларида бир мунча қийинчиликларга дучор бўлишган.
Гапларида тараддуд, тутилиш содир бўлган. Гоҳида умуман тўхтаб қолишган. Шундай бўлса ҳам ўзларига бўлган ишончни ошириш учун машқ қилишда давом этганлар ва уларни бутун дунё бўйлаб машҳур қилган ҳолатларга етганлар.

Кучли рағбат

Воизликка эришиш учун машқ қилаётган кишиларга жуда ҳам зарур ҳамда эътиборсизлик қилиб бўлмайдиган нарса, бу, ишни кучли рағбат билан бошлашдир. Ҳар нарсани ҳам кучли қизиқиш ва рағбат билан бошлаш афзалдур.
Мавзуни чегаралаб, аниклаб олиш:
Бундан мурод нутқ қилиш (гапиришдан) олдин қандай гапириш, нима ҳақида гапиришни билиб тайин қилиб олишдир. Инсон ўзи нима ҳақида гапиришни аниқ қилиб олмай жамоат олдига чиқадиган бўлса, ўзи биронта нарсани билмайдиган мавзуда нутқ сўзлаётган одам сингари бўлиб қолади.

Машқ қилиш

Воизликга шу вақтгача назарий тарафдан эътибор бериб келинган. Амалий тарафга эса парво қилинмаган. Агар, ҳақиқий, энг зўр воизлик бу машқ самарасидир десак муболаға бўлмайди. Бошланишида ҳам машқ, ниҳоясида ҳам машқ қилиш даркор. Ҳар бир нарсани ҳам қалби бўлганидек воизликнинг қалби машқ қилишдур. Инсон биринчи марта воизлик қилганида унга кўплаб руҳий ва асабий қийинчиликлар рўбарў бўлади. Асабийлашувдан шу ҳолга етадики, юраги қаттиқ ва тез ура бошлайди, терлар оқиб кетади, қувват сусаяди, жасадини ҳар бир жойи қалтираб кетади, томоғи қуриб гапи тутилиб қолади, фикрларини бошида ушлаб туролмай хаёли паришон бўлиб кетади. Бошланғич воизлар бу тўсиқларни кўп машқ қилиш орқали бартараф қилишлари мумкин. Аммо машққа эътибор қилинмаса, олдинги ўтган зотларнинг ваъзларига мурожаат қилиб, уни ёдлаб олишдан фойда чиқмайди.

Ишонч билан нутқ қилиш

Ўзига ишониб нутқ қилиш ҳар биримиз етишга ҳаракат қилаётган мақсаддир. Ишончли сўзлаш муқобилида ишончсиз, суст, титроқ билан нутқ қилиш туради. Ишонч билан нутқ сўзлашга машқ қилиш, маълумотларни ўз вақтида келтириш ва ҳоказо нарсалар сабаб бўлсада, бу ерда асосий муҳим нарса кучли иродани ундови билан бўлган инсон замиридаги фаолликдур. Воиз жамоат олдига чиққанда уларни қанчалиги, қайси тоифага мансублигига, қандай кишилар эканлигига парво қилмаслиги зарурдир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz