Ёзиш ва унинг одоблари Принтер учун
03.05.2009 й.
www.islom.uz

Аллоҳ таоло: «Карамлиларнинг карамлиси бўлган Роббинг ила ўқи! Ул қалам билан илм ўргатгандир. Ул инсонга билмаган нарсасини ўргатди», деган.
Шарҳ: Демак, ўқиш, илм талаб қилиш Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши, бойлик, мансаб, шон-шуҳрат ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун бўлмаслиги керак экан.
Ушбу оятлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида «таҳаннус» деб номланган ибодат қилиб ўтирганларида нозил бўлган. Бу муборак оятлар, илоҳий дастур–Қуръони Каримнинг инсониятга етиб келган бош дебочасидир. Худди ушбу муборак оят лар нозил бўлган ондан бошлаб, инсоният ўз тарихидаги энг бахтли, эн нурафшон лаҳзаларини яшашга бошлади. Ушбу муборак оятлар нозил бўлган лаҳзадан бошлаб, инсоният ўз Роббисининг абадий мўъжизаси, қўлланмаси–Қуръони Каримни қабул қилиб ола бошлади. Ушбу муборак оятлар туша бошлаши ила Аллоҳ таолонинг Ўзи шахсан бандаларининг мукаммал дастурни татбиқ қилишларига аралаша бошлади. Бу инсониятнинг камолга етганлиги аломати эди. Аллоҳ таоло томонидан унга муваққат эмас, доимий ва баркамол шариатни ато қилишни бошлаган эди.
Инсоният тарихидаги бу улкан ҳодисани таърифлашга сўз ожиз. Кўпчилик қўлидан келганича бу ишни қилишга уриниб кўрган. Ана ўша уринишлардан бир мисол келтирамиз.
Аллома Исмоил ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирларида бу ҳақда қуйидагиларни ёзадилар: Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш «алақ»дан бўлганига ишора бордир. Инсонга у билмаган нарсани таълим бериш У зотнинг карамидан эканлигига ишора бордир. Аллоҳ уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир».
Ҳа, мана шу оятларда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат асбоби бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким билмаган ҳам. Лекин Қуръон илоҳий китоб бўлганидан бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларида берди.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг Сабаъ маликаси Билқисга мактубидан хабар бериб:
«Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди», деган.
Сулаймон алайҳиссалом ўзларига Сабаъ маликаси ҳақида хабар келтирган Ҳудҳудга, сенинг гапинг асосида дарҳол бир ҳукм чиқаришга ошиқмаймиз, келтирган хабаринг ростми ёки ёлғон эканини текшириб кўрамиз, дедилар.
Сўнгра бир хат ёзиб, муҳр босиб, Ҳудҳудга бердилар ва:
«Бу мактубимни олиб бориб, уларга ташла, сўнгра четга чиқиб назар сол-чи, нима қайтарурлар», деди
».
Бу тадбир Сулаймон алайҳиссаломнинг ўткир илмли Пайғамбар ва тадбиркор подшоҳ эканликларини кўрсатиб турибди. Ҳозир у зот бир йўла икки ишни қилмоқдалар: Ҳудҳуднинг ўзидан фойдаланиб, ҳам унинг ростгўй ёки ёлғончилигини синаб кўрмоқдалар, ҳам Сабаъ мамлакатига мактуб юбормоқдалар. Лекин У киши мактубда нима ёзилганини бировга билдирмадилар.
«У (Малика): «Эй аъёнлар! Менга кароматли бир мактуб ташланди.
Оятда Ҳудҳуд мактубни олиб йўлга чиққани, Сабаъ мамлакатига етиб келиб, саройга яқин жойга мактубни ташлаб қўйиб, ўзи четга чиқиб тургани ва у мактуб маликанинг қўлига қандай тушгани айтиб ўтирилмади. Малика мактубни олиб, у ҳақда аъёнларига хабар бераётган жойидан гап давом эттирилди.
Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар бериши унинг ўз одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўришига далолат қилади. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини айтмоқда.
Малика сўзида давом этди:
«Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», деди».
Малика аъёнларига мактуб юборган шахс Сулаймон алайҳиссалом эканини, у
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланганини ва Пайғамбарга қарши бош кўтармай, мусулмон бўлиб, ҳузурига боришлари талаб қилинганини айтди.
Бундан қадимдан ёзишнинг аҳамияти катта бўлганини билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишининг ёғочни олиб, ичини ўйиб минг динор ва ўз соҳибига фалончидан фалончига деб ёзган мактубини солганини зикр қилдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўша қадимги вақтда ҳам ёзиш ўз хизматини адо этиб турган экан. Ундан одамлар катта фойдалар олган эканлар.

Абу Суфён розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳерақл бир гуруҳ қурайшликлар билан юрганда одам юборди. Улар Шомга тижоратга борган эдилар. Бас, улар унинг олдига келдилар. Сўнгра у Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини келтиришга амр қилди. Бас, уни ўқилди. Унда:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан, Румнинг улуғи Ҳерақлга. Ҳадоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман», дейилган эди
».
Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Мактубни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш лозимлиги.
2. Мактуб ёзувчи олдин ўзини танитиши кераклиги.
3. Мактуб кимга аталганини ҳам ёзиш зарурлиги.
4. «Аммо баъду»дан кейин асосий гапни бошланиши.

Зайд ибн Собит розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зотнинг олдиларида котиб бор экан. Бас, у зотнинг «Қаламни қулоғингга қистириб ол. Ул имло қилувчи учун эслатувчидир», деганларини эшитдим».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан ёзиш иши билан машғул бўладиган кишилар ўз ишларини яхши ва қулай бўлиши учун тартибли иш олиб броишлари учун керакли чораларни кўриб боришлари лозимлиги чиқади.

Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ажамларга мактуб ёзмоқчи бўлганларида улар хатми-муҳри бор мактубдан бошқани қабул қилмасликлари айтилди. Шунда у зот хотим-узук қилдирдилар. Мен у зотнинг кафтларида унинг оқига назар солиб тургандекман».
Шарҳ: Ушбу ривоятдан биз узук деб номлаётган нарсанинг ҳақиқати ва ундан кўзланган асосий мақсад англаб олинади.
Бунинг учун аввал бир оз луғавий баҳс юритмоғимиз лозим. Биз «узук» деб номлаётган нарса арабчада «хотим» деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси хатм қилувчи-муҳр босувчи деганидир. Чунки, «хатм» сўзи «муҳр» деганидир.
Ҳозир биз ўрганаётган ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чет эллардаги баъзи давлат бошлиқларига юбормоқчи бўлган мактубларини тасдиқлаш учун муҳр босиш зарурати туғилиб қолганда узук қилдирган эканлар.
Шундан кейин У зот ўша узукни тақиб юрганлар ва бирор ҳужжатни муҳрлаш лозим бўлиб қолса, қўлларидан чиқариб туриб у билан муҳрлаганлар.
Эътибор берадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шариф Исломнинг халқаро дипломатиясининг биринчи қадамлари қандоқ босилгани ҳақида ҳикоя қилаётганини кўрамиз.
Ислом давлати қарор топиб, атроф-жавонибдаги қабилалар Исломга киришни бошлаган даврда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ажамларга мактуб юбориб, уларни Исломга чақирмоқчи бўлганлар. Ана ўша ишга қўл урила бошлаганда баъзи хабардор кишилар халқаро алоқалардаги подшоҳларга мактуб юборишда ҳисобга олиниши лозим бўлган қоидаларни эслатдилар.
Араблар ўқиш-ёзишдан бехабар, бировга мактуб ёзиш хаёлига ҳам келмаган бир халқ эди. Шунинг учун уларда бу борада бирор тажриба бўлиши ҳам қийин эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр этилган подшоҳларга элчилар орқали мактуб юборишга қарор қилдилар. У зот уларни ҳам Аллоҳнинг динига чақириш бўйича ўз зиммаларидаги масъулиятни адо этмоқчи эдилар. Ана ўшанда ўзлари муомала қилмоқчи бўлган шахсларга таъкидли бўлиши учун элчиларга қўшиб мактуб ҳам юбормоқчи бўлдилар. Биладиган кишилар муҳрсиз мактубни подшоҳлар қабул қилмасликларини айтиб, бу ишни самарали чиқишига ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўринли ва фойдали маслаҳатларидан тўғри фойдаландилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чет элларга мактуб юборганлари.
2-Бошқа дин ва давлат вакиллари ила алоқа қилишда уларнинг урф-одатларини эътиборга олиш кераклиги.
3-Мактуб, ёзув воситаси билан ҳам Исломга даъват қилиш зарурлиги.
4-Халқаро алоқаларни олиб боришда халқаро қоидаларга амал қилиш жоизлиги.
5-Ёзилган ҳужжатнинг муҳр ила тасдиқлаш кераклиги.
6-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужжатларни тасдиқлаш учун тутган муҳрлари узукда бўлгани.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz