Ифлос бўлган рух. (Носир Дўлта) Принтер учун
15.04.2009 й.

1

У ўзини нотаниш ва ваҳимали бир жойга келиб қолганини кўрди. Ҳаммаёқ зим-зиё қоронғу бўлсаям нарсаларни илғаб олишни имкони бор эди.
Бу улкан бир қабристон эди. Бепаён, ҳад-ҳудудини англашни имкони бўлмаган, еру-осмони қора кўйиндига айланган катта бир майдон қўз илғар жойгача ястаниб ётарди ва қайси тамонга қараманг – дўнгликми, пастликми дўппайган қабрлар, беҳисоб қабрлар кўзга ташланиб, одамни беихтиёр қўрқувга солувчи жойлиги боисидан, гўёки туннинг қора шарпаси мисол охиста харакатланаётганга ўхшарди. Теварак атрофда эса одам юрагини вахима босувчи жимлик хукмрон.
Бироқ сукунатни секин-аста бўлсада, қаердандир узликсиз кела бошлаган ғалати ғувиллаш товуши бузиб юборди ва сира кутилмаганда ён атрофдаги қабрлар ўз-ўзидан очилиб, ўликлар сирғалиб чиқиб кела бошлади. Кўринишлари ваҳимали хуник, чириб кетган истихонлари иркит, тобут ва кафансиз кўмилганликлари боисидан туфроққа қоришиб, бир қисми емирилиб кетган мурдаларни шундай бир холда – кундалик кийгувчи кийим-бошлари билан ер бағридан ётганликлари кўриниб турарди. Чамаси уларнинг аксарияти, кимларнидир зўравонлиги оқибатидан хаётдан кўз юмган эдилар ва мудом жарохатларидан қон келиб турарди.
Улар тўда-тўда бўлиб тўпланишди, нималарнидир унсиз сўзлашиб – хабарлашиб олишди ва сира иккиланмай тўғридан-тўғри уни ёнига келиб, атрофини ўраб олишди.
Мурдалар мисоли бўғизланаётган одам каби хирриллаб турмоқда эдилар ва ҳаётларининг сўнгги палласини қандай холда тарк этган бўлсалар шундай холатда – осилганлар бўйинларида бўғизлаб турган арқонлари билан, отилганлар пешона, кўкрак ва оёқларида бўлган жарахат-ларидан қон сизиб турган алфозда, калтаклаб ўлдирилганлар аъзойи баданлари кўкариб, шишиб, ёрилиб қонталаш бўлиб кетган кўринишда чиқиб келишган эди. Аммо уларни ичидаги энг вахималиси қилич билан чопилганлари бўлиб, аъзоларини турли қисмларини судраб, кўтариб ва ушлаб олиб келишган эди. Айримларини эса кесилган очиқ яралари шу қадар катта эдики, унга қараган одам беихтиёр ички аъзо ва суякларни ҳам кўриб қолиши мумкин эди.
Ана шундай мурдалардан бири унга яқин келди, бирмуча тикилиб турди ва жулдир кийимлар остидан кўриниб турган қоқсуяк қўлларини унга узатди. Шу захотиёқ барча мурдалар унга ёпиша кетишди, турли томондан торта бошлашди ва бехисоб вахимали кўринишдаги қўллар унга талпиниб, мисоли хун давоси бор одам каби уни ушлаш пайига тушиб қолишди. Айни пайтда, улар чиқараётган ғалати ғувиллаш товуши кучайиб, юзлаб, минглаб қўлларга жўр бўла бошлади ва интиқом пайти келганлигини билдириб ўзгача бир товуш билан янграганича, ғолибона оханг касб этиб борарди.
Ўртада қолган кишини эса кучли қўрқув босган, қаерга бўлмасин қочишни истаётган ва минглаб қўлларнинг жонини ушлашни ҳоҳлаётганидан шошиб қолиб, ибтидоий вахимага узра тўлғаниб, овози борича қичқираётган эди.
Шу лахзада у уйғониб кетди: қичқириб ўрнидан туриб кетган, хонани ўртасига келиб қолган ва атрофга аланглаб қараб қолганича, қаерда эканлигини англолмай талмовсираб туриб қолган эди. Унга ҳаво етишмаётгандай тез - тез нафас олар, сочлари тагигача терлаб кетган ва тунги кўйлак иштонида туриб келиб хар тамонга бесарамжон кўз ташлаётган эди.
- Сенга нима бўлди? – деди икки кишилик ўриндиқда ётган ва шовқиндан уйғониб кетган тўлагина аёл – Нега туриб олдинг?
У жавоб бериш ўрнига ажабланиб аёлга қарарди. Бу унинг хотини Зинаида Загорская эди. Аёл шошилмай, уйқисираган эринчоқлик билан тўшакни четига ўтирди, тўзғиган сочларини турмаклади ва ўриндиқ ёнида тик туриб қолган эрининг қўлидан тортқилай бошлади.
- Дима... Дима… Димитрий... – деб чақирди у.
Бутун вужудини қўрқув эгаллаган Димитрийни таассуроти, бехисоб муздек совуқ қўлларнинг сийпалашидан қолган совуқликка қаратилган эди: тушида бу совуқлик игна каби баданига санчиб кириб, вужидининг эгаллаган иссиқликни ўзига торта бошлаган эди. Кўп ва турли кўринишдаги жирканч мурдалар эса улар отиб, чопиб ва осиб йўли билан йўқ қилишган одамларни эслатарди.
Хали ўзига тўла кела олмаган Димитрий талмовсираб, нималар бўлаётганини бирқадар англай олмай қолганди ва кўрган тушининг таъсиридан юзага келган ҳаяжони босилмай, ўзи билан овора эди. Бироқ бу узоққа чўзилгани йўқ ва ўзини ўраб турган нарсалар ўз уйининг жихозлари эканлигини кўриб енгил тортди.
У қўлини тортқилаётган хотинига қаради.
- А, нима дединг?! - деди ва хотини унга савол тариқасида қараб турганини кўриб, - Жуда қўрқинчли туш қўрибман, - деб қўйди.
Аёл тунги кўйлагининг ичига уч бор тупириб қўйди.
- Бунақада одамни юрагини ёриб юборишинг ҳам хеч гап эмас, - дея тўнғиллади, - Жойингга кириб ёт.
У ёнидаги дераза дарпардасини суриб кўча-ю осмонга қаради. Осмонда тўлин ой нур сочиб турар, ташқари ёруғ, ойдинли кеча эди. Хонага ҳам ой ёруғи кирган, бемалол чироқ ёқмай юрса ҳам бўлаверар эди.
Аёл деразанинг икки тавақасини ҳам очиб юборди. Ташқаридан майин, енгил эсган шабади кирди. Шамол билан ховлининг кесиб ўтган ариқчанинг бир маромда шилдираб оқиб туриши, қора чигиртканинг чириллаши ва узоқ яқиндан ора сира келаётган уй хайвонларининг товуши ва итларни хуришлари ҳам кириб келди. Дераза ёнидан ғўнғиллаб шоҳли қўнғиз учиб ўтди.
Ойнинг ёруғидан ним қоронғу бўлган ётоқхона тўртга - беш катталикда бўлиб, ночоргина жихозланган эди. Мебеллари эскирган, девор гулқоғозларнинг ранги унниқиб кетган ва у ёки бу жойидан кўчиб тушган эди. Ўртадаги хайхотдек икки кишилик ўриндиқ бирмунча девор тамонга сурилган, тагига чоғроққина тоғара беркитилган ва хона бурчагида жойлашган сандиққа ўхшаш катта ғалладан устида тароқ, соч тўғнағич, упа ва бетёғи бетартиб ташлаб қўйилган эди. Эшик ёнидаги деворнинг юқорисига занжирли осма соат ўрнатилган, пастида эшакча бўлиб устида суви тўла икки челак ва унга осиғлиқ чўмич турарди. Эшиклари қийшайиб очилиб қолган кийим - кечак жавонининг ўртасида эса одам бўйи келадиган тошойнаси ҳам бор эди. Хонадаги тартибсизликка қараб Зинаидани батартиб, чевар аёл эмаслиги кўриниб турарди.
Аёл бир маромда чиққиллаб турган осма соат милларига қаради: соат 12 дан 15 дақиқа ўтган эди. Эри эса ҳали ҳам ўша аҳволда турганини кўриб деди:
- Ҳой, қоққан қозиқдек тураверма! Болаларни ўйғатиб юборасан, жойингга кириб ётсангчи.
Ўзига келиб бўлган Димитрий индамай ўрнига кириб ётди, чайшобни устига ёпибди ва хотини тамонга қараб қўрқинчли тушини эсламасликни харакатида бўлди.
Дераза ортида тушиб турган ёруғлик, ўрта бўйлик, бўлиқ, сочлари елкаларига тушиб турган Зинаиданинг юзини ёритиб турарди. Юзи гўштдор, мовий кўзлари ҳиссиётсиз, лаблари юбқа юзига номувофиқ бўлсада, қош ва киприклари узун ва чиройли бўлганидан бу эркакмонанд юзга ўзига ҳос жозиба бахш этиб турарди. Унинг одми, майда гуллари бўлган тунги кўйлаги остида бўлиқ кўкрак ва сонлари билиниб турарди.
Зинаида эридан норози эди. Куни кеча улар орасида гап ўтиб, айтишиб ҳам олишган эди.
Олдинига иши билан боғлиқ турли бахоналар рўкач қилиб уйга кеч келиш одатини чиқарган Димитрийни, эндиликда дам олиш кунлари ҳам топиб бўлмайдиган бўлиб қолган эди. Ниҳоят эрининг қилиқларидан норозилигидан кучайиб бораётган Зинаида, кеча кечқурун келган эржонига бор захрини сочиб, гумонларини дастурхон қилган эди. У барча гаплари гапириб бўлгач, ўзига ҳос босиқлик билан “Сен охирги пайтларда анча ўзгариб қолдинг. Мен билан сичқон - мушук ўйнама, охири ёмон бўлиши мумкин”, деган эди.
Хотини феъл - атворини яхши билган Димитрий, уни тахдидлари сохта эмаслиги жуда яхши биларди. Ҳар ҳил баҳона-ю рўкачлар таъсир қилмаётганини сезгач эр, охири имкониятини ишга солишга қарор қилди:
- Агар сенга ёқмаётган бўлса, шу ишнинг бахридан ўтиб қўя қоламан, – деди.
Бу қуруқ гап эди, албатта. Қайси ахмоқ бундай хажатбарор ишхонадан воз кечар экан, буни устига бундай “ўзбошимчалик” натижаси вой бўлиши хеч эмас эди. Йўлланма бўйича бу тамонларга келишганида тўрт хонали уйни жихозлари билан ажратган ва Зинаидани яхши ишга жойлаб қўйган ишхонадан вос кечиб бўларканми?! Албатта йўқ. Бундан ташқари ишхонанинг махсус дўконида доимо бошқа жойларда камёб бўлган моллар билан тўла бўларди. Дўкон эса фақат ишхона ходимлар учун савдо қилади халос. Шу ишнинг ортидан обрўлари ҳам жойида эди: ҳамма улар билан яхши муомалада бўлишга интилар, хайиқар ва иш жойини номини эшитган захотиёқ бир ўзгариб, дарров “типирчилаб” қолиши уларга маълум эди. Қўшни аёллар Зинаидани хурматини жойига кўйишар, райига қарашар, маслахатга солиб туришар ва турли маросимларга албатта таклиф қилиб туришарди. Буни устига ойлик маош ҳам бошқа жойлардан юқори эди.
Зинаида эрининг ўйнаш ортириб олганини сезиб турган бўлса ҳам, ҳозирча унинг кимлигини билолмаган эди.
Димитрий кимгадир кўнгил очиб, ҳамдардлик сўзларини эшитишга эхтиёж сезгани боисидан, кўрган қўрқинчли тушини айтиб хотинига айтиб ўзини юпатмоқчи бўлди. Аммо у ўйлагандек бўлмади.
- Сенга айтдимку, хар хил ишларга қўл уриб, бошинга бало ортириб олмагин, деб. Мана, таг замина йўқ алоқ - чалоқ тушлар кўриб юрибсан.
Зинаида эсанкираган, ҳаяжондан ранги ўчган эрининг шохини қайириш вақти келди деган қарорга келди ва кўпам ўйлаб ўтирмай қовоқларини ўйган ҳолда дашном бера бошлади.
- Мана, саёқ юрган таёқ ейди дейдилар, бу тушинг сенга огоҳлантириш бўлди. Ўша суюғ оёғни касри урган, энди ишдаям, уйдаям, кўчадаям касри - балони кутавер.
Тўғрида, эр деган шербачча кўчами-кўча юриб аннавинақалар билан кўнгил ҳўшлик қилиб юрасалар-у, ҳотин деган бир бечора бўлса бу кишига ва болаларига малайдек хизмат қилиб юрса ва ҳеч ким ундан “сен кимсан ва сенга нима керак” деб ҳол-аҳвол сўрамаса одамга алам қилади-да. “Битта товуққа ҳам сув керак, ҳам дон керак” деганларидай унгаям ўзига яраша муомала керак. Агар ўша “манжалақини” тутиб олса борми, туғилган кунига пушаймонлигини келтириб қўйган бўларди.
Ҳаяжонлари бир қадар тарқаб ўзига келиб қолган Димитрийга, ҳамдардлиқ ўрнига тахдид қилаётган хотини кўзига энг қўпол эркакдан ҳам қўполроқ бўлиб кўриниб кетди. Ўзаро уришиб олишларига сабаб бўлаётган аёлни – Настяни эслаб, солиштириб, улар орасидаги фарқдан юраги орзиқиб тушди. Ёш, навжувон ва оппоқ баданини кўз олдига келтириб беихтиёр хурсиниб кўйди.
Содда, ҳаммага ишонувчан, очиқ кўнгил ва раҳимдил бўлган Анастасия ҳаётидаги биринчи эркак бўлган Димитрийни ишчан бўлиб кўриниши, ўзига ярашиб турган харбий уст боши, унга кўрсатган ёрдамида ва ёлғон-яшиқ гапларига ишониб ўзини унга топширган эди. Тез оради олдинлари билмаган ҳиссий кечинмалари асирига айланиб қолган Настя Димитрийни жуда ёқтириб қолди. Ўз ўрнида Димитрий ҳам уни кўрган захоти хурсанд бўлиб табассум қиладиган, лабларидан узоқ бўсалар оладиган, навниҳоллиги ва унга ишонишидан бир дунё завқланадиган бўлиб қолди. Энди ҳаёти ўзгача маъзмун касб эта бошлаган эди-ю, аммо буни хотини билиб қолишидан чўчир, расво – қасоскор феълидан ҳайиқар ва унга хеч нимани билдирмасликка тиришиб ҳаракат қиларди.
Босиқ, ҳийла тўладан келган бу аёл хар нимани ишни билиб қиладиган, унча - мунча нарсани кечирмайдиган, мулоҳазали ва ҳечам ҳаяжонланмайдиган аёллар тоифасидан эди. У сира иккиланмай катта жанжал кўтариши, ишхонасига арз қилиб бориши, қиз устидан шикоят қилиши ва йўлини қилиб унинг сочларини юлиш учун яшаш жойини топиб бориши ҳам хеч гап эмас эди. Бундан ташқари ораларисида бир кеча фарзанд бор эди. Бироқ кўнгил кўнгилда, нима бўлса бўлсин дея таваккал қилиб юрган Димитрий буларни деб Настяни ташлашни ҳаёлига келтирмас ва ўз навбатида оиласидан ажралишни ҳам имкони йўқлигини биларди.
“Эрталаб биррови кириб ўтамасам бўлмайди.”, - деб кўнглига тугиб қўйди, – “Яна у яхши кўрадиган қовурилган ерёнғоқ ҳам олишим лозим.”
Ёнидаги аёлни эса бир нима қилиш керак эди. Уни ҳалиям чаккаси тинмаган эди. Ўзи толиқиб турган бўлса ҳам, манави “бир тоғара гўштни” ни эслатувчи савилни – хотин деб аталувчи бош оғриқни кўнглини овлаб туриш кераклигини биларди. Йўқса, оқибати ёмон бўлиши мумкин эди.
- Бўлди, бас қил Зина, - деди қаттий охангда Димитрий.
Хотини жим бўлганини кўриб жилмайди ва юмшоқлик билан деди:
- Сен ўйлаган нарсалар хақиқатда бўлган эмас. Кўпам бадгумон бўлаверма. Бери кел, - деб уни белидан қучиб ўзига тортди, юзидан чўппиллатиб ўпди, худди ютоқиб турган одамдек – Сендақа офатижон аёл яна бормикан бу дунёда? – деди.
Ўзини дарров қўлга ола билган Зинаида шошибгина деди:
- Шунақа денг-га?!
- Ўлай агар, сен мен учун ягонасан, дўндиғимсан.
Эр хотинига ҳуш ёқадиган қилиқлар қилиб эркалай бошлади. Олдинига бир қадар хурпайиб олган Зинаида, аста - секин юмшаб ҳиссиётларига эрк бериб юборди. Энди у аёл эмас, нақ еб тўймас аждархонинг ўзгинаси эди.

2

Эрталаб туриб ювинган ва соқоллари қиртишлаб олган Димитрий Загорский ишхонаси дарвозаси ёнидаги эшикдан шахдам қадам ташлаб кириб борарди. Эшик ёнидаги соқчи харбийчасига қутлов берди, Загорский жавоб тариқасида ўнг қўлини бошига йўналтириб қўйди ва кириш йўлагадан қоматини тик тутганича ўтиб кетди. У вазирлик маъсуллари тамонидан яқиндагина ишлаб чиқилган, харбий кийимбошга ўхшаш махсус зобитлар формасида – катта лейтинант унвонида эди. Кўриниши жиддий, ўрта бўйли, келишган, қора соч, ўттиз беш-қирқ ёшлар атрофидаги катта лейтинант Загорский, ўз ишини билиб қиладиган ишчан ва ғайратли НКВД зобити эди.
У катта ховлини кесиб ўтиб, ўртадиги икки қаватли бинонинг марказий кириш йўлаклари томон йўл олди. Бино ўртасидаги катта ойнакванд эшикдан ходимлар кириб чиқиб турмоқда эдилар. Деярли ҳамма Загорский каби харбийча кийимбошда, жиддий, тўғри, ортиқча дабдабасиз ва зиммаларига юкланган вазифани ғайрат билан бажариш истаги борлиги кўриниб турган ходимлар эдилар.
Асосий биноси катта ҳовли ўртасида мунғайиб тушган эди. Икки қаватли, олди гулхона, орқа тамонида автосарой ва соқчилар бўлими жойлашгани боисидан, асосий бинодан ташқари қўшимча равишда қурилган бир қаватли хона ва нақлиёт учун солинган бостирма-гараждан иборат эди. Шунингдек ховлига кириш учун катта дарвоза, ўтиш йўлаги ва қўриқчилар хонаси ҳам бор эди. Асосий бино тўғри, узун тўртбурчак шаклда, ортиқча ҳашамсиз бўлиб, ўртасидаги марказий кириш йўлакларига катта ва кенг зиналар орқали кўтарилар эди. Ойнаванд катта кириш эшиклари устида эса улуғвор, салобатли “халқлар отаси” нинг мўйловли катта портрети осиғлик турарди.
Шуни такидлаш лозимки, Сталиннинг у ёки бу кўринишидаги расмлари деярли барча жойда, кўчалару майдонларда, хокимят биноси-ю хоналарида, ўқиш муассаси-ю синф хоналарида, корхона, завод ва фабрикаларнинг энг кўринарли жойида осиб қўйилган бўларди. Қаёққа қараманг, ҳамма жойда ҳозиру нозир бўлган “Буюк Сталин”нинг хар турдаги катта-ю кичик расмларига ва улкан чизма партретларига дуч келишингиз тайин эди. Авваллари рус ва шунга яқин халқларнинг кўпгина хонадонларида, айниқса қишлоқ жойидаги деҳқон уйларида пайғамбарлар, фаришталар, авлиё эркак, аёл ва болаларнинг хар турдаги расм – иконалар осиғлик бўлиб, шунга қараб ибодат қилиш одати бўларди. Тадбиркор комунистлар бу одатни хийла ўзгартириб, бир неча баробар кўпайтириб, изчил ва зўравон сиёсатнинг бир бўлагига сифатида янги даврга ҳам олиб киришган эди.
Загорский йўл - йўлакай ким билан қўл узатиб, кимгадир харбийча қутлов бериб салом-лашганича зинадан кўтарилиб борди.
Эшик очилиб қорин қўйган, тепакал, кўнғиз мўйловли ўртоқ чиқиб келди. У харбий либосда, ўрта ёшдан ўтиб қолган, бош яланг ва ўзини анчагина таптортмас бемалолхўжа тутишидан маълум бир лавозимнинг эгаси эканлиги билиниб турган киши эди.
Загорский дарров харбийча қутлов бериб қўл чўзди.
- Салом, ўртоқ капитан.
- Салом, ўртоқ Загорский! Ишлар қалай ?
- Рахмат, ўртоқ капитан, жойида.
Бу тергов бўлими бошлиғи капитан Краско эди. У йўлда туриб олмайлик дегандай Загорскийни четроққа тортиб деди:
- Менга қара, Загорский! Мен хозир режалаштириш мажлисига кириб кетаман. Сен бўлса Қабулов ва Казловларга айт, иш режасини тайёрлаб туришсин, мажлисдан сўнг кириб чиқаман. Тушинарлими?
- Худди шундай, ўртоқ капитан.
Капитан Краско қўлидаги трубкани бир икки тортиб тутун чиқарди, чуқурроқ тортиб ютди ва тутунни юқорига пудаб деди:
- Чамаси бу сафар, юқоридан кўрсатма ва янги топшириқлар келганга ўхшайди. Мана энди бўлади-да...
Загорский беҳабарлигидан бирон нима дейишни билмай, энсаси қотиб бошлиғига қаради. Чунки у НКВД зобитига подадан олдин чанг чиқариш ярашмаган ва ярамайдиган ишлигини яхши биларди, аммо бу ишга ўтганига бирчи йили кетаётган капитан Краско фахми бўлса, масаланинг нозик тамонини хали-вери эгаллаб олмаган кўринарди.
Аммо ажабланишга хожат йўқ эди. Чунки бу даврни руслар учун “буюк инсонлар” бўлган эътиқод даври дейиш мумкин эди ва кишилар онгида билим билан қуролланган қаттият ва метин ирода соҳиби бўлган одам дунёни ўзгартириши мумкин, деган ғоя хукмрон эди. Одамлар қаттиққўл ота, талабчан бошлиқ ва хар жойда ҳозиру-нозир бўлган “халқлар отаси”нинг адолатига ишонишарди. Ҳамма қатори бўлган капитан Краскони эса, янги лавозими, одамларнинг мутегина муносабати ва ходимларининг иш юзасидан берган кўрсатмаларини сурат билан бажаришлари бир қадар талтайтириб юбораётган эдики, натижада у ўзини кичкина бўлсада “даҳо” ва “йўлбошчи” ўрнида кўриб, баъзи бир хурмача тақлидий қилиқларини намойиш этган, мақтанган ва шу сифатини ўзига хос исботи деб билганидан ҳозирги топқирлигини намойиш этганди.
Бироқ Загорскийнинг қотган энсаси уни хушёр торттирди, ноўрин гапларни гапираётган-лигини англатди ва осма соатини олиб вақт баҳонасида мавзуга осонгина якун ясаб қўйишига сабаб бўлди.
- Вақт ҳам бўлиб қолибди, - деди у, юқорига кўтарилиши кераклигини англатиб.
Шуни ҳам айтиш керакки, Капитан Краско учун Загорский ”пойтахт одами” эди ва у ердаги шароит бошқа жойлардан фарқланишидан, ранг-баранглигидан, кино, театр каби маданий муассаларнинг кўплигидан кўп нарсани қўрган, билган ва хар қандай момуаланинг нозик тамонларини хадисини олган деб биларди. У кўпгина харакатлари меьёрони Загорскийнинг муносатига қараб белгилаб оларди.
Улар бино ичкарисига кириб, икки тамонга қараб кетишди. Капитан Краско тўғридаги катта зинадан юқорига, катта лейтинант Загорский чап тамонга, тергов бўлимига қараб юрди.
Тергов бўлимини узун йўлакнинг қаторасига кетган бешта хонани эгаллаган эди. Котиба, бўлим бошлиғи, терговчилар хоналаридан ташқари доктор хонаси, йўлак охирининг ўнг тамонидан панжарали эшик, ортида соқчи ва соқчи ортида пастга элтувчи зиналар орқали тушиб борилувчи хибсхоналардан иборат эди. Бу ерда ҳам махсус тергов хонаси бор эди ва улардан ташқари яна бир нечта катта - кичик хоналар хибсхоналарга айлантирилган эди. Ҳибсхона, бино ертўласининг ярмини эгаллаган, иккинчи ярми эса архив бўлими бўлиб уларнинг тушиш йўлаклари бошқа – бошқа тамонда эди.
Загорский котиба хонасига кириб ўтди.
- Салом Верочка.
- Салом Димитрий Димитрович.
Вера тергов бўлимининг котибаси эди. У ҳийла тўлишиб бораётган, тўғри, ишчан ва бироз кўримсиз бўлсаям нимаси биландир одамни ўзига жалб қила оладиган аёл эди. Балки бу соддароқ кўринишга болалардек ишонувчанлик аломатининг кўшилиши ва ўзгача бир ишчан қатъиятнинг аралашмаси ўлароқ юзага келган ғалати бир қоришма - кўриниш касб этгани боисидир, яъна ким билади дейсиз.
Загорский уни икки йил бурун кўрганида ориқ, сариқмағиз, сочлари сийраклаша бошлаган, аёлларга ҳос бўлган бўлган ҳис-туйғулардан йироқроқ, орзу-умидлари сина бошлаган, тортинчоқ ва одми қариқиз эди. У чор Россияси даврида кўчириб келинган деҳқоннинг қизи эди. Ёши ўттиздан ўтиб, қизлик даври ўтиб бўлган бўлсаям кўпчиликни назарига тушмас, кўримсиз ва тўғрилигидан одамларда қизиқиш ўйғотмас ва кўпда менсимай, шунчаки сенсираб иш юзасидангина муомала қилинарди халос. Фақатгина Загорский биринчи кунданоқ уни сизлаб, хурмат билан мурожат қила бошлади: у бундан ҳаяжонланиб кетар, миннатдор одам сифатида ўғринча боқар ва уни бирон иши бўлса дарров бажариб берар эди.
Бу нарса секин-аста Загорскийни рухлантириб юборди. У қизга ўзига хос яқинлик сезиб, одмигина иродасиз қариқизни кийинишидаги камчилик ҳамда тортинчоқликларини йўқотиш керак ва бир нима қилиб бўлсаям уни рухлантириб юбориш керак, деган фикрга келтирди. У ўз фикрини бир неча кун ўйлаб юрди ва оддий йўл тутишга қарор қилди.
Ишни арзимас, аммо аёллар пардози учун керак бўлган нарсаларни совға қила бошлади ва уларни бера туриб қисқагина қилиб деди:
- Дўконга биррови кириб ўтгандим. Шу арзимас нарсани сизга олволиш фикри келиб қолди. Ҳафа эмасмисиз?
Дув этиб қизариб кетган, ҳаяжондан энтиқиб қолган бечора қариқиз зўрға :
- Йўқ, ҳафа бўлмадим... рахмат сизга, - дея оларди ҳалос.
Бир куни улар котиба хонасида ёлғиз қолишганда, Загорский шарта уни иккала қўлини ушлади ва иккиланмай:
- Мен сиз билан ака – сингил тутинишни ҳоҳлайман. Нима дейсиз? – деди.
Қаттиқ қисилган қўллар қалтирай бошлади. У индамай, ҳайрат ичра боқиб, кўзларида ёш билан унга қараб қолди. Гарчи бундан Загорскийни ўзи ҳам таъсирланиб кетган, ноқулайсизланиб хижолатга тушган ва кўзларини олиб қочаётган бўлсада ташаббусни қўлдан бериб қўйгани йўқ.
- Шунинг учун сизга баъзи маслаҳатлар беришга ижозат берсангиз, - деди салмоқланиб.
Шу куни у Верага бир соатга яқин турли хил маслахат бериб, гапга солиб ўтирди ва ўзи ҳам яхшироқ билмайдиган нарсалар тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Загорский ўзини индамай тинглаётган қиз олдида зиёли одам сингари ақлли сўзларни гапирди, кўзига жўяли бўлиб кўринган маслахатларни берди ва борган сари ўзини эркинроқ сезётганидан бир неча шеърларни ҳам ўқиб юборди.
Аммо ўзининг маслаҳати икки кундан сўнг амалга оша бошлаганин кўргач, ҳайратдан ёқа ушлади.
Аввалига қўпол оёқ кийимлари аёлларнинг бежирим паёбзаллига алмаштирилди, кейинроқ соч бўялди ва бошқача турмакланди, қошларини териб сурма суртди, сўнгра кенгроқ формани торроғига алмаштириб олди ва бутунлай бошқа аёл бўлди, қолди.
Ҳамма қизиқиб қарашар, ажабланиб боқишар ва тўқнаш келишса дарров йўл бериб Вера ўзгариб кетибди дейишарди. Хазилвонлар хонаси келди дегунча гап сотишмоқда эди. Вера кундан кунга ўзини эркинроқ тута бошлаган, ўзига бўлган ишончи ортаётган ва ҳаракатларида кун сайин дадиллик сезилиб бормоқ эди. Кўп ўтмай у эрга тегди, ҳадиксирашлари бутунлай ўтиб кетди ва ҳамма қатори аёл бўлиб қолди.
Шу бўлиб у Загорскийдан жуда миннатдор бўлган ҳолда, ҳудди акаси қатори қўрадиган ва қаттиқ хурмат қиладиган бўлиб қолди.
- Ҳозирча ҳеч қандай, - деди Вера жавоб берар экан, - Бошлиқ соат тўққизда йиғилиш ўтказмоқчи, ўзингиз билганингиздек ойлик режани амалга ошириш бўйича, - деди ва тортмани тортиб ичидан “Дело” деб ёзилган папкани олиб унга узатди, - Мана олинг, Фотима Солиқ қизига талуқли архивдаги хужжатлар.
- Сизни овора қилибманку, рахмат Верочка, - деди қуруққина қилиб, - Ҳа айтгандай, сизда тинчлартирувчи хапдори топилмайдими?
- Топилиб қолар, фақат озгина вақт кутиш керак.
Загорскин “яхши” дегандай бошини ирғиб қўйди.
Чиндан ҳам уни кўзлари озгина бўлсада шишинқираб, яхши ухламаган одамни эслатиб турарди. Эрталабдан ўзини одатдагидай тутиб келаётган Загорскийнинг вужуди оғирлашиб дам олишга чорлаётган бўлсада аҳамият бермай, ўтиб кетар қабилади харакат қилаётган эди. Буни устига кечқурунги тушидан кўнглида қандайдир нотинчлик пайдо бўлган, фикрлари хиралашиб кетаётган ва қанчалик ҳаракат қилсада боши узра ғужғон ўйнаётган таассуротлари хира пашшадек айланиб, ҳаёлига тушининг нохуш кўринишларни келтираётган эди.
У котиба хонасида чиқиб терговчилар хонасига кириб борди.
Хона узунроқ тўртбурчак шаклида эди. Узунасига учта ишчи хоналар қўйилган, стуллар, хон устида ишчи чироқ, қоғозлар, сиёҳдон, қалам ва қаламтарош, нарироқда эса ёлғиз ўзи дўнғайиб ёзув машинкаси бир талай қоғозлар атрофида турарди. Деворда симли радио, пастда симсиз ва пластинкада ҳам айта оладиган янги чиққан грамафон бор эди. Бурчакда, деворга осиғлиқ икки дона телефон апарати бор эди: бири ички, иккинчиси шахарлар аро алоқа учун эди.
Хонада яна икки киши – Загорскийни ҳамкасабалари катта лейтинант Казлов ва лейти-нант Қабуловлар бор эди. Загорский улар билан қўл бериб саломлашди, бўлажак мажлис ҳақида гапирди ва қиланадиган ишларни айтиб ўтди. У бу ерда катта катта терговчи лавозимида эди.
Казлов кўлранг кўзли, оғзи катта, малласоч ва қорни тўйсагина қониқиш ҳисси пайдо бўладиган шошқалоқ инсон эди. Қабулов ўрта бўйли, қорачадан келган, ҳиссиётлар холи бўлган тунд юзли киши эди.
Загорский ишчи стулига бориб ўтирди. Қоғозларини титкилай бошлади.
Эшик очилиб, Вера кириб келди. Қўлида бир пиёла чой ва икки дона хапдори бор эди.
Загорский миннатдор ҳолда жилмайди. Дорини қўлига олиб оғзига ташлади, иссиқ чойдан бир - икки хўплади ва кўнгли жойига тушиб Верага кулиб боқди.
- Хўп яхши аёлсиз-да, Верочка, - деди.
Аёлнинг орти турган Казлов кутилмаганда томдан тараша тушгандай овоз қилди.
- Верочка, мен ҳам чой ичишни ҳоҳлайман. Менгаям олиб келсанг бўларди.
Бундан кўра бемаънироқ ва бемаҳал айтилган гапни ўйлаб топишни ўзи қийин бўлса керак. Бу сўзларнинг ижодкори катта лейтинант Казлов эди. У хона ўртасида туриб олган ва бирон нимадан қуруқ қолгандай кўзларини катта қилиб очиб олган эди. Худди атайин форма кийдириб қўйилган асл рус мужигини эслатувчи ўртоқ Казлов жайдари, бемаъни бешавқат ва нозик нарсаларни фахмлай олмадиган жаврақи одам эди.
Уни кўпчилик, шу жумладан Вера ҳам ёқтирмасди. У индамай норози қиёфада чиқиб кетди ва кета туриб Қабуловдан :
- Сенгаям чой олиб келайми, Шухрат? – деб сўради.
Верани бу каби ўзини тутиши Казловни аламини келтириб юборди. У бундай пайтларда дарров ўша одамни ишлари билан қизиқа бошларди.
- Буни ўзгариб қолганини қара, Дима, - деди кўзларини жовдиратиб, – Сен учун жонини бераман дейди-я. Бизга тўғрисини айтиб қўя қол! Ораларингда бирон гап борга ўхшайди. Тўғри топдимми? Айтчи... айтақол ...
Загорский елкасини бетоқат учириб қўйди, кейин тўғрисини айтиб қўя қолди.
- Ҳеч қандай гап йўқ, - деди шошилмай чой хўплаб, – Аёллар билан муомала қилишни билиш керак, азизим. Мана, гап қаерда.
Яна чой кўтариб Вера кириб келди. У яхшилаб Казловдан қасдини олмоқчи кўринарди, ҳаври чиқиб турган бир пиёла чойни Шухратга узатди ва Загорскийга қараб деди:
- Агар керак бўлсам чақирарсиз Димитрий Димитрович.
Чойсиз қолган Казлов ўзини қўярга жой тополмай қолди. У олазарак бўлиб хонадигиларга кўз югуртириб чиқди ва:
- Барибир чой бермаганига қўймайман, - дея шошганича крушкасини қўлига олиб уни кетидан чиқиб кетди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у яна хонага кириб келди. Крушкаси қўлида осилиб турган, худди таёқ еган итдек шумшайган ва шашти қайтиб кўзларини пирпираб турарди. У ёш болалардек лабларини буруштириб аламли товуш билан деди:
- Бир қултим ҳам бермади.
Хонадагилар қахқаха отиб кулишди. Айниқса Загорский, талай вақт ўзини тўхтата олмай қотиб - қотиб кулди.

3

Идора архивдан олинган хужжатлар, ён атрофидаги чақимчилар ва ёлланган ҳуфиялардан келган маълумотларга қараганда, тўрт фарзанднинг онаси бўлган бу аёл жуда тақводор эмиш. Бирон бир давлат муассасида ишламасада, дўппи тикиб базорга ва артелга топшириб туради. Ўттиз сотихли уйи ва боғи жойлашган ери бор. Хатда ёзилишича мактаб ёшидаги қизболаларни йиғиб олиб, хуфёна диний дарс ўтаётган экан. Исми шарифи Фотима Солих қизи. Отаси ўқимишли, зиёли одам бўлган, 1919 йилгача баъзи бир рўзномаларда жадидлик рухидаги мақоллар билан чиқиб турган, ўз ажали билан ўлган. Тўнғич фарзанди ўғил, қолганлари қиз. Эри таниқли босмачи Мадаминбекнинг юзбошларидан бири бўлган. Исми Маҳмуд Акбар ўғли, у 1924 йилда Фарғона водийси шахарларидан бирида бўлиб ўтган жангларда ҳалок бўлган.
Загорский Фотима Солиҳ қизи тўғрисида маълумотлар билан танишиб чиқиб ўйланиб қолди. “Қандай қилиб таниқли босмачининг хотини бўла туриб бемалол юрибди? Қизиқ, жудаям қизиқ! Ахир буларни жойи, хеч бўлмаганда Сибирнинг совуқ ва бадбўй бараклари бўлиши керак эди-ку. У бўлса бу ерда бемалолгина фаолият кўрсатиб, ёш қизчаларга диний дарс бермоқда, демакки давлатга қарши иш юрутиб, ғаламислик қилмоқда. Мана сизга, ўз ҳолига ташланган газанда босмачи оиласининг кўрсатган каромати! Мана сизга кўнгилчанликни оқибати! Бекорга буларнинг барини таг-туби билан, бутун оиласини қўшиб қўшмазор қилинмайди-да.”
“Бу ишдан узоққа борувчи катта иш бошлаш мумкин” – дея ҳаёлидан ўтказди Загорский, – Бу “ сиёсий ғаламисларнинг иши” бўлади.
У бугунги мажлисда шу фикрини ўртага ташлашни кўнглига тугиб қўйди.
Бундай ишлар катта лейтинант Загорский учун чўт эмас эди. Тинтув, тақиқланган китоблар, варақалар, хибс ва яхшиликча кўнмагач қилмишларига иқрор қилувчи тергов-қийноқлар. Қарабсизки бир неча кун ичида – тергов деб аталувчи қийноқлардан сўнг – қўйдек ювош бўлиб қолишади: айтганингни ёзишади ва қандай айблов қўйсанг бўйниларига олишаверади. Тўғри, бир марта унга битта хирорағи ҳам учраган эди ва бир хафтагача қийноқлар ва қўрқитишлар таъсир қилмай турганди. Чамаси у ўзини нохақ хибсга олинган деб хисоблар, ҳақиқат қарор топишига ишонар ва нимадандир кучли умиди бор эди. Загорскийни бу умид нимага асосланганини аниқлашга вақти йўқ эди; “иш”ни тезда ёпиш керак эди. Унга “конвейр” усули қўллашга қарор қилинди. Бу усул жуда унумли эди. Икки, уч терговчи навбатма-навбат, бетўхтов, гўёки хеч нарса бўлмагандай бир хил савол бериб тергов қилаверади, жавоблар улар истаган ҳолда бўлмаса, дархол бир ишора билан бунақа ишларга махсус танланган ҳодимлар унга беаёв азоб бераверарди. Ахийри бечора махбус тепки ва муштлар зўридан қора қонига бўялиб ҳушидан кетарди, вазиятга қараб бир - икки соат дам бергач, яна ҳаммаси бошидан давом этаверарди. Бундай қийноққа энг кучли одам ҳам уч кундан ортиқ дош бера олмас эди.
Кейинчалик “Қатағон” деб номланган улкан қирғин машинаси аллақачон ишга тушиб бўлган эди ва бутун Иттифоқ ҳалқларини бирдай – ямламай ютиб бормоқда эди. Аввалига ўша жойини ўзида отиб ташлашдан бошланган “Қизил террор” кейинчалик барча соҳани кузатиб турувчи, чора қирувчи, давлат ичкариси ва ташқарисида жосуслик ишларини олиб борувчи, қатор қамоқхона ва махсус лагерларга бўлган НКВД деб номланувчи вазирликка айланган эди. Эндиликда бўлса бу вазирлик, катта худудларда оммавий зўравонлик амалиётини амалга ошириш учун махсус полкларга ҳам эга эди ва ўз ҳодимларидан очилган “иш” ларни кўпайтириш борасида кетма-кет кўрсатмалар бериб бермоқда эди.
Буларнинг барчасини бошида, ўз фаолиятини оддий ўғри бошидан бошлаб кейинчалик “халқлар отасига” айланган ва ҳар бир сўзи дастурул амалга айланган дахрий Сталин турарди. Улкан қатағон ҳаммани бирдай қўрқув ва саросимада ушлаб туриш учун бир восита эди. Одамлар ножуя гап, ичи қора қўшинисининг чақув хати ёки шунчаки доҳийни расмини бошқачароқ қўйгани учун ҳам “халқ душмани”га айланиб қамалиб кетиши хеч гап эмас эди. Бечоранинг оиласи қувғинга учрар, ҳатто энг яқин қариндошлари ҳам улар билан аълоқа қилишда қўрқишарди. Бутун Иттифоқдан йиғилган махбуслар эса Сибирга жўнатилар, ҳорланар ва қуллар сингари оғир меҳнат ва ёмон шароитдан узоққа бормай, дон - дарқсиз ўлиб кетишарди. Давлат текин ишчи кучидан сибирни ўзлаштиришда фойдаланмоқда эди.
Загорский ҳаёлан Фотима Солиҳ қизини кўз олдига келтириб “кўриниши қандай аёл экан-а?” – деб қўйди. Бирмунча вақтдан кейин, уни қандайлигини билиб олишга иймони комил эди. Бироқ, воқеалар одам ўйлаган ва истаганидек бўлиб эмас, балки сезиш қийин бўлган ўз ички қонуниятлар билан ривожланишини қаёқдан билсин, Фотима Солиҳ қизини кўриш эса уни тақдирига ёзилмаган эди.
У муштугини олиб тамаки билан тўлдирди, илаштириб чекди. Энди у мажлисга тайёр эди. Йўлакга чиқиб дераза ёнига борди, бир тавақасини очди, ташқарига қаради, муштугини тортиб қўйди.
Айни ёз палласи эди. Қуёш қиздира бошлаган, ҳаммаёқ уни нурига чўмган, кўзни қамаштирган ва ғир этган шабада ёки осмонда бир парча булут йўқлигидан тобора тикка қўтарилган қуёш беармон нур сочиб, ўз ҳарорати билан куйдираман дерди.
Гарчи ўрта осиёга келганига иккинчи йил кетаётган бўлсада, шимолни одами бўлган боисидан хали-вери тушлик пайти етиб келмаган бўлсада барибир, харорат унинг учун хаддан зиёд иссиқ бўлиб туюлмоқда эди. Кун тамонга қараган деразалардан қуёш беармон нур сочиб, йўлакни чароғон қилиб юборган эди. У дераза ёнидан нари кетди ва мисоли рассомлар кўргазмасига келган одамдек шошилмай, аста-секин одимлаб, темир панжара ўрнатилган хибсхона олиб ташувчи йўлакка етиб келди.
Панжара ортидаги соқчи Загорскийни кўриб ўзини тўғрилади, деворга тираган милтиғи елкасига илди ва ғоз тортиб ўзини текислади. Соқчи ортидаги пастдаги хибсхонадан эса кимнингдир элас-элас бақириб гапираётганлиги келиб турмоқда эди.
Загорский темир панжарали эшикга яқинлашиб ишора қилган эди, соқчи эшикни очди ва у шошилмай, муштугини тортиб тутатганича айланма зиналар орқали пастга тушиб кетди. Овоз борарган сари кўтарилиб, тобора аниқроқ эшитила бошлади.
- Ҳой ғаламис! Халқ душмани бўлган газанда, яхшиси жиноятингни бўйнинга олиб айбингга иқрор бўл! Булар сени шерикларинг эди, шундайми? Гапир дейман, муттаҳам... гапир...
Бу албатта, катта лейтинант Казлов эди ва чамаси бу чаласаводни кайфияти жойида эмас эди. У бундай ҳолатда аламини махбуслардан олишга одатланган эди: бақириб-чақирар, столни муштлар, қўрқитар ва бечора бандиларга қаттиқ азоб бериб ўлгудек вайсақилик қиларди.
Эшикни очиб ҳонага Загорский кириб келди. Хонада тўрт киши бор эди: кўзлари олазарак ва лаб-лунжи осилган шайтоннома Казлов, соқчилар бўлимидан икки сержант ва тергов хонасидаги ўрисларнинг тахтали стул-табуреткасида ўтирган махбусдан иборат эди.
Тергов қилинаётган махбус ўртадаги табуреткага ўтказилган, қўлини ортига қилиб кишан солинган, устидан сув қуйилган ва икки ёнидаги берахим сержантларнинг беаёв калтакларидан ўз қонага бўялган эди. Ёши элликларга атрофида бўлган одамнинг ёрилган қошидан тинмай қон оқиб турар, лаблари қонталаш бўлиб шишган ва калта қилиб олинган сочларнинг тагидан калтак зарбидан пайдо бўлган шишлар билиниб турарди. Кўринишидан қаттиқ калтакланган, азобланган, ҳўрланган ва тухматга учраб довдираган бу одамни саросима ва қўрқув эгаллагани боисидан, нималар содир бўлаётганини тўла англай олмаётгандек эди. Бечоранинг кўз ёшлари шашқатор бўлиб оқмоқда эди.
Бу жуда аянчли манзара эди.
Худди ювиниш хонасига ўхшатиб қурилган хонанинг политкалари қон ва сувдан қизариб қолган, майда жилғачалар ҳосил қилган ва улар аста сизиб девор четидаги туйникга оқиб кўздан ғойиб бўлиб борётган эди.
- Нима ишлар бўляпди? – деб қўйди Загорский хонага кириб.
- Нима ишлар бўляпди? – дея шартта такрорлади Казлов ва шошқолоқлик билан бобиллаб берди – Тергов кетмоқда.
Загорский уни жавобидан ғиррамнома тахдид ва бесабр менсимасликни сезган бўлсада, ҳудди хеч нима бўлмаган кишидай индамай. хона четидаги ишчи хони ёнига бориб устидаги қоғозларни бирма-бир ўқий бошлади. Бу ҳовлиқма уни ҳам жахлини, ҳам ғашини келтирмоқда эди ва хозирни ўзидаёқ нима қилиб бўлсада, уни танобини тортишни кўнглига тугиб қўйди. Ахир у ҳар нечук бўлим бошлиғининг ўринбосари ҳамда катта терговчи эди-да ва бундай момуала унинг нуфузига тўғри келмай, одамлар олдида обрусини тўкиши турган гап эди.
Казлов эса махбус баҳона бор овозини қўйиб бақирмоқда эди. У бирон кишига ўзини кўрсатмоқчи бўлса субитсиз шошқолоқлиги, таптортмас бешавқатлиги ва ҳеч нимадан қайтмаслигини намойиш қилиш орқали амалга оширарди. Шу билан бирга у жуда тезоб чақимчи ҳам эди-ки, у даврдаги чақимчилик – давлат тамонидан бир баҳона сифатида фойдалангани боисидан – жуда катта кучга эга эди.
Бечора банди бўлса нима қилишини билмай қолган, умид ва ишончини йўқотган, қаттиқ азобланган ва Казловнинг бақир-чақиридан ҳам жисмонан, ҳам маънан адойи тамом бўлган эди. У бенагоҳ тилга кирди:
- Сизларга нима керак ўзи? – деди инграб, жондан тўйган одамнинг қалтироқ товуши билан, – Мен қийнамай, отиб ташлаб қўя қолинглар.
- Нима... нима?! – дея ўшқирди Казлов, - Сен осонликча қутилмоқчимисан? Ҳеч қачон! Вадим... – дея четда турган сержантга қаради.
У ўрнидан туриб яъна дўппослашга чоғланди.
- Бўлди, бас қил! – деди қатъий оҳангда Загорский сержантга қараб.
Ҳамма таққа тўхтаб, унга қараб қолди.
- Буни қандай тушунмоқ керак, ўртоқ Загорский – деди катта лейтинант Казлов, бироз саросимадан попиги пасайиб.
- Сержант, маҳбусни камерасига олиб боринг. Яна шифокорга айтинг, уни кўриб қўйсин, – деди ва уни шоштириб, – Бажаринг, – деди.
- Эшитаман, ўртоқ катта лейтинант, - деди ва шериги билан қултиқлашиб маҳбусни ҳонадан олиб чиқиб кетишди.
Хонада тик турганича серрайган, ранги ўчган, иккиланган Казловни тили тутилиб, нима қилишни ва дейишни билмай қолганди.
- Ўтиринг ўртоқ Казлов – деди Загорский сўзларига урғу бериб.
У бир нима дея ғулдиранди-ю, аммо бирон нима дейишга журати етмай ўзига тўғриланган стулга бориб ўтирди.
- Менга айтингчи ўртоқ Казлов, - деди Загорский босиқлик билан, - Нима мақсадда ҳамма ишларига иқрор бўлиб, жиноятини тасдиқлаб турган бир пайтда, сиз уни яна тергов қилмоқдасиз? Кераксиз ҳолда жисмоний тайзиқ ўтказмоқдасиз. Сабаб нима?
Казлов одатда у билан муроса қилиб муомала қиладиган Загорскийнинг қаттиқ ва тахдидли хужумдан паришон холда келганди: ранги қум ўчиб, ҳамкасабасининг хар бир харакатини хавотир тортиб қузатмоқда эди, халос.
Катта лейтинант Загорский Казловнинг жавобини бирмунча вақт кутиб турди ва уни лом-мим дея олмаганини кўргач давом этди.
- Сизга маълум бўлса керак ўртоқ Казлов, бир неча йиллар муқаддам баъзи терговчи ўртоқлар ҳам сизга каби, кераксиз жойда зўровонлик қилишган эди. Улар совет фуқороларига қабих ниятда ёлғон айбловлар қўйишган эди. Аммо партия уларни қилмишларини фош қилди ва оқибатда у газандаларнинг барчаси қилмишига яраша, отиб ташланди, - деди ва хонни устида турган ишчи чироқни ёқиб уни юзига қаратди, - Жавоб беринг ўртоқ Казлов, мақсадингиз нимадан иборат?
Калтафахм Казлов бўлса талмовсираб, қандайдир ёрдам кутаётган одамдек ён-атрофга олазарак бўлиб қарамоқда эди. Одамнинг ташқи кўриниши, ўзини тутиши, нигоҳидаги ўзига бўлган ишонч ва мансаби орқалигина катта ёки кичик аҳамият касб эта бошлади, дея хисоблайдиган бу одам анчагина довдираб қолган, ҳаяжонланган, фикридан кўра тасаввури тезлигидан коса остида ним коса борлигини кўра олмаётган эди.
У дудуқланиб:
- Мен тергов қилаётган эдим – дея олди, халос.
Буни кўрган Загорский, тахдид қилишни янаям кучайтиришни кўнглига тугди.
- Ўз ҳаддини билмаганлар уларнинг ўрнига тушиб қолиши ҳам хеч гап эмас.
Казлов ўзини маҳбуслар ўрнида кўриб, бирдан ҳаяжонланиб кетди ва қўллари беиҳтиёр стулнинг ортига ўтиб кета бошлади. Назарида, ҳозир икки сержант кириб келади-ю, уни тоза тепкилайди, дея тассавур қилмоқда эди.
“Тоза пандавақи экан-у, бу мешкай ҳайвон” – деб ўйлай бошлади Загорский ундан совуқ нигоҳини узмай.
- Сиз нима қилаётганингизни биласизми ўзи?
Бир неча йиллар олдин НКВД маъмуриятида бўлиб ўтган тозаловларни эслаган Казлов қўрққанидан каловланиб қолаёзди. Бундай ношут ҳолда, уни хали хеч ким кўрмаган эди. Одатда ҳовлиқиб юрадиган, шанғиллаб гапирадиган бу бетамизни кутилмаганда ўта қўрқоқлигини Загорский учун ҳам янгилик эди. Бундай дарров файдаланишни кўзлаган Загорский қахри қаттиқ одам тусига кирди, яхшилаб қўрқитиб қўйишни ўйлаб қаттиқ қараш қилди ва қўққисдан хонга мушт уриб бор овози билан ўшқириб берди.
- Туринг ўрнингиздан ўртоқ Казлов!
Шошиб қолган Казлов, ўрнидан дик этиб туриб кетди.
Энди унинг ўзини ҳам ақли шошиб қолди: ўз ишидан хайратланган кўйи, бу ёғига нима қилиш кераклигини билолмай боши гаранг бўлди. Бироқ шундай бўлсада, у шошилмай чўнтагидан муштугини олди, ичини кулдонга тўкди, тамаки билан тўдирди, бошқа чўнтагидан гугуртни олди, чирқ этиб ёқди, тўхтаб турди ва шошилмай муштугини илаштирди. Бир-икки тортиб тутун чиқарди ва муштугинини қўлига ушлаб олганича хона бўйлаб юра бошлади. Назарида, фақат Сталингина ўзини шундай тутарди.
У ўзини ниманидир ўйлаб, чамалаб кўраётган одам сингари тутмоқда эди. Аслида эса, ўзи бошлаган ишни қандай тугатиш кераклигини билмай боши гаранг эди. Ҳозирги ҳолатидан кўнгли кўтарилиб, ўзини бошқача – мансабдор даҳолар каби аҳамиятли сезаётган бўлсада, бирибир бу ёлғондакам тахдидларни қандайдир ўзига хос йўли билан тугатиши лозим эди.
Ниҳоят у деди:
- Ўртоқ Казлов, мен сизни катта терговчи сифатида огоҳлантириб қўймоқчиман. Ўйлайманки, сиз бундан тўғри ҳулоса чиқарасиз.
У шошилмай эшик тамон юрди ва уни оча туриб деди:
- Ҳа айтгандай, мажлис вақти бўлиб қолди. Тайёргарлигингизни кўринг!
У хонадан чиқиб кетар экан: “Охири яхши чиқмади-да” – деб хавотирланиб қўйди.

4

Мажлис бошланди.
Загорскийнинг ўйлаб қўйган режаси амалга ошмаслиги аниқ бўлиб қолди. Одатда кибрли, суҳбатдошига тик боқувчи капитан Красконинг кўриниши совуққон ва ғолибнома тунд бўлиб қолганди. У шу важохати билан “энди сенларга ким-кимлигини кўрсатиб кўямиз” ва “ҳаммангни бизни кўрганди оёғи қалтирайдиган гўнгалакка айлантирамиз” деяётга ўхшарди. Бошлиқ хонада йиғилган ҳодимларига бирма-бир нигоҳ ташлаб чиқди ва тантанавор тик турган ҳолда деди:
- Ўртоқлар, юқоридан юборилган ва зудлик билан бажаралиши лозим бўлган аниқ кўрсатмалар келган. Шунинг учун хар бир терговчининг ахбороти қисқа ва лўнда бўлсин.
Буйруқ энг юқоридан, поҳонами-поҳона ўтиб аниқ кўрсатма ҳолига келган ва тасдиқдан ўтган оммавий қатағон режаси эди. Бу барча жабхани ўз ичига олган, хеч кимни, хеч нимадан кафолатланмаган кенг қамровли қирғин эди. Бутун Иттифоқ халқлари ягона системага киритиб бўлинганига қарамай, вақти-вақти билан катта ва кичик “тозалов” ўтказиб турилар эди. Соҳани ёки худудни, бутун бир ҳалқни ёки элатни қўрқувга солишни кўзланган ва одамлар орасида мустақил фикрловчи зиёлиларни ҳам йўқ қилиш қўзлаган амалиёт эди.
Географик ўрни, маданияти, дини, урф одат ва шарт-шароитлари турфа хил бўлган Иттифоқ халқларига ўта қаттиқ қўллик билан янги тузумни сингдириб борилмоқда эди. Бу узоқни ўйлаган режа асосида қилинаётган, босқичма-босқичли, шароитини хисобга олиб ўтказиладиган ва бирини қўли билан иккинчисини йўқотиб, кейинчалик уни ҳам танобини тортиб қўядиган амалиёт эди.
Минглаб, миллионлаб одамлар “ёрқин келажак учун” қурбон берилмоқда эди ва бу қурбон-ларнинг на боши, на охири бор эди.
Ўрта Осиё ўлкасида, хусусан Ўзбекистон худудида узоқ давом этган миллий озодлик ҳаракати ўттизинчи йиллар ўртасига келиб бутунлай мағлубиятга учради. Мана энди ҳамма янги тузимни тан олишга қарамай, юқоридан ва энг юқоридан келган кўрсатмаларни сўзсиз бажарувчи қилиш, итоатда тутиш ва бир қисмини қириб ташлаб, қолганида ибтидоий қўрқув қутқусини солиш вақти келганди. Яна барчасига миқ ўтмай кўникиб кетаверадиган, хатто қолмишига уларни мадх қиладиган - қўрқоқ одам ҳолига келтириш вақти келган эди.
Капитан Краско тергов ишлар бориши ҳақида ҳодимларининг ахборотини тинглагач, баъзи бир ишларни тўхтати туриш, бошқаларини эса қисқа вақт ичида тугаллаш ҳақида кўрсатма берди. Загорский қўлида бўлган чақув хати бўйича бошланмоқчи бўлган “иш” ни кўриб чиқиб, икки кундан ортиқ чўзилмасин, дея топшириқ берди.
Ўз-ўзидан маълумки, бундай топшириқдан сўнг ўйлаб қўйган режаси тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас эди. У бу тўғрисида индамай қўя қолди.
Орадан чорак соат ўтиб Димитрий Загорский НКВД биносидан чиқди ва ховлида уни кутиб турган ҳайхотдек салонли қора ЗИМ машинага ўтирди. У хайдовчи тамонга қараб ҳам ўтирмай деди:
- Ҳайда Ҳакимжон.
Мўйлови ни демаса кўриниши навқирон йигитча ўхшайдиган Хакимжон уч болани отаси бўлиб, ёши йигирма олтига етганди ва НКВДга йўлланма орқали келганди. У индамай машинани матори ишга туширди ва Загорскийга қаради.
- Қаерга хайдай ўртоқ катта лейтинант? – деб сўради.
- Хайдарабод мавзесига, - деди Загорский ва машинанинг орқа ўриндиқларида ўтирган икки соқчига қараб – Ўша ерда Махмуд босмачини хотини ва бола-чақаси бор, - деб қўшимча қилди.
Икки соқчи – ўттиз бешлар атрофидаги Василий Качетков ва йигирма икки ёшлик Кирилов Иванлар эди. Улар комирсариятнинг қўриқчилик бўлимидан эдилар ва ўрни келганда қўлга олинганларга соқчилик қилиб туриш ҳам буларни вазифасига кирарди. Қўлларида карабин, ўзлари бўлса қизил армия жангчиси кийимига ўхшаш уст бошда эдилар.
- Қизиқ, - дея гап ташлади Василий, - Уларга қарши, ҳали ҳам чора кўрилмаганмиди? Махмуд эса таниқли босмачи эди.
Василий кул ранг сочли, пучук бурунли, бироз ориқ ва ҳовлиқма бўлганида хизматдошлари орасида “сўтак” лақабини олган хадиксифат ва кўп гапирувчи киши эди. У шу ерда туғилиб ўсган бўлиб, ҳозиргина ёш хизматдоши олдида ўзини билимдон кўрсатиш учун гап сотганди.
Уч фарзандни отаси бўлган Василий йигирманчи йилларда Бухоро амирлигини босиб олиш учун бўлган жангларда юрагини олдирган ва шундан кейин хадиксифат одамга айланиб кўп гапирадиган бўлиб қолганди. У комунизм, ўзаро тенглик, ишчилар синфи, икки синф орасида кураш, мазълумлар ва ситамкорлар ҳақида маърузалар қилиб юрадиган “ҳалқ комисари”нинг шахар кўчаларида бўлган жангдаги жасурлигидан, бешавқатлигидан донг қотиб қолганди. Ўшанда қўлидан яраланган комисар, ўқ дориси тугаб қилич билан ёнидаги шеригини чопиб ташлаган амирнинг жангчисидан ўтакаси ёрилай деб қочаётган Василийни қутқариб қолган ва ўнга яқин асирга тушганларни ўша ерни ўзидаёқ отиб ташлаган эди.
- Ҳамма нарсани ўз вақти бор, - деди Загорский жиддий қилиб, лекин ҳалигача чора кўрилмаганига ўзи ҳам ҳайрон эди.
- Энди босмачани хотинига қийин бўлади, - дея тиржайди Василий.
Загорский ойнак орқала унга қаради ва дашном сифатида:
- Гапни бас қил!, - деди.
- Эшитаман!
Машина ўрнидан вазмин қўзғалди. У бино ҳовлисининг темирли эшигидан ўтиб, кўчани чангитганича секингина тезлашиб одимлай бошлади. Олдинлари мадраса бўлган хозир эса театр биносига айланган, пештоклар қуббасимон, нақшинкор сирланган икки қаватли бинога яқинлаш ганда бироз тезлигини ташлади. Бу ерда одамлар кўп эди. Бино пештоқларига осилган эълондан эса “Бой ила хизматчи” ёзуви кўзга ташланиб турарди.
Нарироқда, кўчани чап тамонида атрофи дўкон ва расталар билан ўралган майдонда Чорсу бозори жойлашган эди. Уни йўлга қараб чиққан иккита катта эшикларидан одамлар кириб - чиқиб турарди.
Бу ерда одамлар гавжум, ғала-ғовурли жой эди. Бозорнинг катта эшикларидан эркаклар, болалар ва ора сира ёпинчиқлик аёллар кириб чиқиб турмоқда эди. Бошига чамбарак қўйиб сават ўрнатиб олган аёллар, бозорлик қилиб елкасига юклаган эркаклар, молини мақтаб харидор чақираётган сотувчилар, одамлар орасида ўралашиб юрган ялангаёқ болалар, ҳаммоллар, аравакаш, юкли ва юксиз одамлар, хуллас, доим одамлар билан гавжум бўлган кўча эди. Машина Чорсу бозорини ортда қолдириб, пахта заводи ёнидан бурилиб катта йўлга чиқиб олди ва тезлигини оширди. Бу ёғи пахта далалари эди.
Ҳайдарабод мовзесига НКВД биносидан ўттиз – ўттиз беш дақиқалик йўл эди. Машина четларига кўпроқ тут, озроқ терак, гоҳо эса чинор дарахтлари бор бўлган пахта далалари оралаб ўтган чангли йўлга тушиб олди. Йўл четидаги дарахтлар машина ойнаклари ортидан ғиззилаб ўтиб турарди.
Айни ёз палласи, мевалар ғарқ пишиб, ҳамма уни соя – салқинли ва сув сепиб ҳовури кўтарилиб қолган сўлим жойларни ахтариб қоладиган пайт эди. Биронта ҳам булути бўлмаган мусаффо осмонда ёлғиз қуёшнинг ўзигина қолга, тиккага келган ва чарақлаган нури билан ҳаммаёқни ёритиб-қиздирган эди. Машина салони эса ҳудди барча иссиқни ўзига тортиб олгандек, баайни ҳаммомни иссиқ хонасидек эди. Ён ойнаклари туширилган, иссиқ шамол уриб турар ва ғилдиракларлари остида кўтарилган чанг-тўзони отртда қолдириб, мисоли булутлар аро сузаётган қора кемадек елиб борарди.
Василий шамол яхшироқ кирсин дегандек ёқаларини кенгроқ очди, чўнтагидан рўмолчасини олиб юз-кўзини артди ва ёнидаги ҳамроғига қараб оҳистагина:
- Иссиқни қара, - деб қўйди.
Ҳийла узун бўйли, мовий кўзли, келбатидан бақувватлиги сезилиб турган Иван қошларини чимириб ҳа дегандай бош ирғиди. Ундан бирқадар, ёнидаги одамга ёқимсиз бўлган ҳид келаётган эди. Тақдирнинг тақазоси билан Россия қишлоқғидан келиб қолган бу йигит, ким нима деса индамай эшитиб тураверадиган, ўзи бўлса бирон нима демайдиган одамлар хилидан эди.
Василий бироз ҳадиксираб, худди ўзаро сирли сухбатдек овозини пасайтириб гапга тушиб кетди.
Олди ўриндиқда кетаётган Димитрийни бўлса кўнглини бехузур тортиб кетаётган, ғашланаётган ва қандайдир безовталик аро хадикланиб қолмоқда эди. Сабаби эса унга қаронғу эди. Хеч бир сабабсиз ўз–ўзидан безовталаниб, нарсалар, одамлар, қилаётган ишлари бемаъни, нотўғри ва аҳамиятсиз бўлиб бормоқда эди. Буни устига икки йўлдоши ўзаро, кун иссиқлигдан сақланиш, офтоб урмаслиги учун кўриладиган чора ҳақида гурунглашиб кетишидан жахли чиқаётган эди. У Махмудни хотини ҳақида ўйламоқчи эди-ю, бироқ фикрини жамлай олмаётган эди.
“Манави сўтак овозини ўчирармикан” – деб ичида ижирғанди Василийга қараб ва бошлиқлар олдида ҳадеб валақлайвериш яхши эмаслиги эслаб, – “Ўзиям тоза галварсда” – деб қўйди.
“Бугун қандайдир бошқача кунга ўхшайди” – деди ва беиҳтиёр ёшлиги эсига тушиб кетди: ойиси бошини силаб ёноғидан ўпгани ва мазали хўрозқанд билан сийлаб “ўзимни шакар ўғлим” – деб эркалатгани кўз ўнгига келди. Ёшлигида қадирдон бўлиб кетган онасининг ҳидини туйди ва кўзларида ёш қалқида. “Бечора ойим, бу дунёда ҳеч бир рўшнолик кўрмай ўлиб кетди.” Аммо отасини эслаб ғазаби жўш урди. Берахим, жайдари қўпол ва ўзига қарамайдиган бу кимса қўланса ҳидли тузалмас арақҳўр бўлганидан ташқари, ўз оиласини беаёв калтаклаб турадиган одати билан ҳам теварак атрофга танилганди.
Димитрий Перм шахрида, оёқ кийимларини бутловчи этикдўз уста оиласида дунёга келди. Оиласи катта эди: доимо ичувчи ота, кир ювувчи художўй она, уч қиз ва тўрт ўғилдан иборат эди. Дима тўртинчи фарзанд бўлиб онасига меҳрибон, отасидан эса қаттиқ нафратланардиган бўлиб вояга етаётган эди. Бераҳим, ичавериб адойи-тамом бўлган отанинг қилар иши топган пулига ичиш, дуч келган одам билан муштлашиш ва уйга келиб оч-наҳор оиласини беаёв калтаклашдан иборат эди. Навбатдаги ароқҳўрликдан сўнг қаттиқ калтакланган отани беҳушт ҳолда уйга ташлаб кетишди. У икки кунгача ўзига келмай ётди, чақириб келтирилган доктор бошини сарак-сарак қилишдан нари ўтмади ва учинчи кунинг кечки пайтга бориб кўзини очди. Юзлари қанталай, юқори лаби ёрилган, бурнини тарнови синиб кўзлари кўкарган оила бошлиғи гапирмоқчи бўлиб ғулдиранди, қўлин олдинга чўзиб ниманидир кўрсатмоқчи бўлди, оғзидан қон келди ва шу алфозди хириллаб жон берди.
Кўп ўтмай уруш бошланди ва оила ахволи қийинлашиб, қора нон топиш ҳам муаммога айланиб қолди. Боз устига Димани катта акаси камсуқум Коляни урушга олиб кетишди. У путири кетган, номигагина устахона бўлган кичкина ҳонага жойлашиб олиб, отамерос касбни – этикдўзликни қилаётган эди. Бу ҳам оила учун озми-кўпми мадат эди-да. Бироқ орадан икки ой ўтиб Коляни хизмат қилган қисмдан мактуб келди, унда хали йигирма баҳорни қаршилашга улгурмаган оддий жангчини рус-герман жанггохида ҳалок бўлгани хақида хабар юборилганди.
Уриши давом этаётган ва бунга қараб оиланинг аҳволи ҳам тобора оғирлашиб бормоқда эди. Болалар бўлса улғайиб, кема-кет вояга етиб келишаётган эди. Энди кун бўйи тинчимайдиган, қўли ишдан бўшамайдиган муштифар онанинг топдиган арзимас пули, бўйи-басти катталар қатори бўлиб қолаётган болаларини тўйдира олмаслиги аниқ эди. Қаттол уриш шунча йиллардан бери рўзғорни тиклашни, қизларига озми-кўпми сеп қилишни ва ўғиллари қандай ўйлатиш ўйлаб юрган онанинг режаларини бўзиб юборди. Бу кунга келиб уйда на чўчқа, на товуқ ва на каптар қолганди. Модомики бўйга етиб қелаётган икки қизли турмишга узатилмаган эканлар, бошқа иложиси йўқлиги боисидан, тезроқ бирон бир иш қилиб, ўзларини эвлашлари керак эди. Югуриб-елган она, ўзи кирларини ювиб юрадиган бой бадавлат ҳонадонлардан бирига, бир неча кунлик ялиниб ёлворишлари звазига бўлдсада, катта қизини оқсоч бўлиб жойлаштишга эриша олди. Димани бўлса заводда чиланганлик қилувчи ён қўшниси бўлган Афанасий амаки, “сизларга берган ёрдамим шу бўлсин” дея ўзига шогирт қилиб олди.
Бироз енгилланиб олган оназор иккинчи қизи Прокофияни тикувчилик фабрикасига жойлаш-тирсамикан дея ўйлаб юрганди, чунки бу қизи кўпроқ отасига тортгани боисидан дайди табиат, ишга бетоқат ва кўзлари ўйнаб турувчи уришқоқ қиз эди. У кўчадан бери келмасди, онасининг тергашларига қулоқ солмасди ва озгина очликка ҳам чидай олмасди. Ниҳоят у кўча безориларига қўшилиб колди, қўлма-қўл бўлди ва қорни ҳам тўймайдиган уйга бутунлай келмай қўйди. Диманин ёнига олган онанинг уни бир неча кунлик қидиришлари, сўраб-суриштиришлари фойди бармади ва Прокофия шу билан бедарак бўлиб кетди.
Бу кулфатлар олдида тўкилган кўз ёшлари, муштифар онанинг жигар-бағрини эзиб юборгудек бўлди. У кечалари билан ухлолмай тўлғаниб чиқарди, ўлган ўғлини хотирлаб йиғлаб оларди, бедарак бўлган қизини ўйлаб юраги сиқиларди ва рўзғор ташвишидан кўнгли нотинч бўларди. Ҳаётининг маъзмуни бўлган болалари, бирин-кетин тақдирнинг қахшатқич зарбаларига учраётган эдилар. Бечора онаизор бахтсизлигини худоданми ёки шайтонданми билолмай, дуч келган авлиёнинг сиғиниб, ўзига мадаткор ва ҳимоячи бўлишига илтижо қилиб ибодат қиларди. Хар якшанба куни бўлса черковга боришни, болаларни ёнига олишни ва авлиё ота деб номланувчи рухонийга кўнгил ёришни канда қилмай қолди.
Узоқ бўлмаган ўтмишда қурилган, жимжимадор, чеккароқ шахарларда учрайдиган бироз бачкана хашамат ичра беҳисоб расм–иконалар жойлашган, меҳробида хайкал ва кўпгина шамлардан иборат черковнинг маҳобати Диманинг кўнглида беихтиёр хурмат эътибор туйғусини ўйғотди. Уни кўпроқ меҳробдаги худо ўғлининг хочпарчин қилинган, азоб тортаётган, бошига тиканакли тож кийдирилган ва жарохатларидан қон келаётган қилиб ишланган Исонинг тош ҳайкали зътиборини тортарди. Дима ойисининг хайкали пойига шам ёқиб қўйиши, расм-икона-ларга қараб ибодат-у илтижо қилиши, улуғ мададкор ва химоячи бўлишларини ўтиниб сўрашлари-дан таъсирланиб юрарди. Черковнинг хашамати, анвоий ҳидлари, узун жубба кийиб зангпушт ташлаб олган маҳобатли попнинг алланечук куйсимон дуолар ва онасининг ситқидилдан қилган ибодатлар Диманинг ёш қалбида черковга нисбатан хурмат эътибор туғдирди.
Бироқ кейинги воқеалар, уни бутунлай бошқа одамга айлантириб юборди.
Димитрий ўн тўрт ёшидан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқариш заводларидан бирида, чилангарга дастёр бўлиб ишга жойлашди. Аҳвол оғир, уруш бўлса ҳамон давом этиб бормоқда эди. Жанггоҳдаги мағлубият ва мустабид тузимларда доимо бўладиган ўқувсиз қумондонлик сабабли берилган катта талофатлардан подшоҳга бўлган ишонч зайифлашиб кетмоқда эди. Очлик эшик қоқиб, ялпи норозилик кучайиб, бебошлик даври боланиш арафасига келди. Доимий норозилик намойишлари, қўзғолонлар дават қилувчи варақалар, хукмрон синф қабихликларини фош қилувчи оташин нутқлар Диманинг ёш-мурғак қалбида чуқур из қолдирди.
Тарғиботчиларнинг тушинтиришларича уларнинг барча бахтсизликларининг сабабчилари бор экан. Уруш бошланишига, отасининг ароқҳўр бўлиб кетиши ва ўлимига, синглиси фохишага айланишига, онаси кўрган қийинчилик ва кўз ёшларига сабабчиси мустабид подшо, уни аёнлари, уришдан катта фойда кўрадиган бойвачча корчалонлар ва тузум малайлари бўлиб чиқмоқда эдилар. Уриш улар учун катта файда кўриш манбаи, халқларни асоратга солиш йўли ва мағлуб мамлакатларни талон-тарож қилиш воситаси эди. Уларни йўқ қилиб, истебдод занжирларини узиш эса, хар бир мазлум синф вакилининг шарафли вазифаси бўлиши кераклигини ўқтиришарди. Диманнинг тинмай қулоғига қуйилган фикр бўйича, янги жамиятда ишлаб чиқариш кучлари халқ мулкига айланади, инсонни инсон тамонидан “эксплантация” қилиншининг асоси бўлмайди ва ҳамма қилган ишга яраша, қобилиятига қараб ҳақ олади. Бу жамият, унинг гумашталари тили билан айтганда, “барча зиддиятлардан ҳоли бўлган умуминсоният тараққиёт махсули” эди. Дима бора-бора комунистларнинг яшириши тўгарагининг ташвиқоти таъсирига тушиб қолди.
Кўп ўтмай воқеалар жадаллик билан ривожланиш даври кириб келди. Намойишлар, иш ташлашлар, ғалаёнлар ва миршаблар билан тўқнашувлар кучайиб кетди. Қаттиятсиз, давлат бошқарувида салоҳияти бўлмаган ва турли хурофотлар таъсирида бўлган подшо тахтдан воз кечди ва янги хукумат хокимиятни қўлга олди. Аммо бебошликлар кучайиб кетган мамлакатда тартиб ўрнитиш мушкул эди. Боз устига уришни давом эттирилиши, вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Мана шундай қалтис вазиятдан болшевиклар унимли фойдаланиб қолишди: бир ховуч, ўз ғоясининг фидоийлар сайи-ҳаракати ўлароқ, хокимият устига болшевиклар келиб олишди. Уриш давом этаётган, мамлакат очарчилик ёқасида қелган, ўзаро зиддиятлар кескин тус олиб, ким нима қилиш керак-гу нима қилиш керак эмаслигини билмай қолган ва хеч хеч кимга қулоқ тутмайдиган бир пайтда болшевиклар янада кескинроқ ҳаракатлар трафдори бўлиб чиқдилар ва оддий одамга ҳам тушинарлик бўлган “Завод ва фабрикалар ишчиларга, ер деҳқонларга” шиор остида зўравонлик йўлини бошлаб бердилар. Болшевикаларнинг ёрқин ҳусусиятлардан бири уларнинг қаттиққўллиги, кескин чоралар кўра олиши ва ўта бешавқатлиги эди. Яна қирғинбаротли уруш бошланди ва бу уруш рус-герман фронтидан империя ичига кўчирилиб, фуқаролар уришига айланди ҳалос.
Яхши уюшган, ягона марказга бўйсиндирилган, мақсад ва имкониятлар аниқ чамалай билган болшевиклар кўли баланд келиб, кутилганидек “Қизил террор” ўз кучи кўрсатди ва бутун мамлакат уларнинг қўлига ўтди.
Шундан сўнг барча ишлаб чиқариш кучлари, иштимоий ҳаёт ва маданий муассасалар марказга боғланиб ўта марказлашган бошқарувга эга давлат вужудга келтирилди. Қаршилик кўрсатганлар ёки шундай бўлиши эхтимоли бўлган хар қандай ёт “элементлар” ни аввалига бадарға қилинди, кейинчалик эса тўғридан-тўғри отиб ташлаш ёки узоқ муддат қамаш йўлини қўлланила бошланди.
Шу билан бир қаторда, партия ичида ҳам ҳокимият учун беаёв кураш кетмоқда эди: аввалги ўртоқлар бир-бириларини гўштини емоқда эдилар. Тозаловлар, сургунлар, қамашлар ва отиб ташлашлар борган сари кучайиб бормоқда эди.
Бу курашда Сталиннинг қўли баланд келди ва барча мухолифларини орқами кетин қириб ташлади. У тез орада якка ҳокимликка эришди ва ўз хокимятини улкан қатағонлар билан мустахкамлаб олди. Энди у “ҳалқлар отаси”, “доҳий” ва “йўлбошчи”га айланган ва барча хокимят иплари ўз қўлида жаъмлаган биринчи рақамли комунист эди.
Улкан империя СССР деб номланди ва режали равишда катта ўзгаришларни бошидан кечира бошлади. НЭП, коллективлаштириш, колхозлаштириш, саноатлаштириш, ялпи бесавод-ликка қарши кураш, умумий бошланғич мактабларини очилиши, бепул тиббиёт, паранжига қарши кураш, умумий саккиз соатлик иш вақтини белгилаш, қардош республикалар ташкил қилиш, ўрта махсус ва олий билимгоҳларни тузиш, фанлар академияси ва ҳокозолар.
Маданий ва иқтисодий ислоҳотларнинг кучли мафкуравий таянчи бор эди. Ҳамма жойда бирдек гапирилиши, ёрқин келажак тўғрисидаги бетўхтов маърузалар қилиниши, эришилган ютуғларни кўз-кўз қилиниши ва жисмоний зўравонликни мафкуравий зўравонлик билан мустах-камланиши ўз таъсирини кўрсатаётган эди. Кўп нарсаларидан бехабар, қатағонга учрамаган, аммо ҳаёти ва оиласи хафсизлигидан хадиксираб қолган одамда беиҳтиёр “биз тўғри йўлда кетмоқдамиз”, “ижобий ўзгаришлар улкан” ва “келажагимиз порлоқ” деган фикр келиб қоларди.
Загорский мана шу тузумнинг вужудга келиши ва оёққа туруш жараёнида фаол иштирок этди. Бу шу тузум уни саводини чиқарди, қурбонларга қарамай олға қадам ташлашга, асосий мақсад сари интилишга ўргатди. У ўз ҳохиши билан қўлига қурол олди, унга беришди ҳам, “ёт унсунларни” йўқ қилишни ўргатишди, ўрганди ҳам ва унга ўхшаган миллионлаб инсонларни кўрсатмалар бўйича аниқ ҳаракат қилишга ўргатишди, ўрганишди ҳам. Улар тузумнинг бир мурувати ҳолига тушиб қолишган эди.
Бу улкан механизмда қурбонлар доимий эди ва уларни оқлаш учун сабаблар ҳам тайёр эди. Хатто норозиликларни пайдо бўлиши эхтимолига қараб ҳам махв этилаверар эди. Одамларни қўрқув ва саросимада ушлаш бу тузумнинг асоси эди.
Бир қарашда метиндек мустахкам, яхлит кўринишига эга жамият кўзга ташланиб турарди. У ўзининг “мукаммал” услубияти билан кишини ҳайратга сола оларди.
Кенг фикрлаш одати бўлмаган, бутун ҳаёти номақбул амаллар билан тўлиб кетган Загорскийни кимдир ўз даврини одамни деган бўларди. Давр бўлса одамларнинг сабабчи қилган Яратувчининг ижобат маҳсулидир. Одам болалари хар бир амали борасида масулият ва жавобгарлиги бордир, албатта кимнинг ва қандайдир фикрлаши унинг харакат мезонларини белгиласада, жавобгарлик қутултириб, айни хақиқатларни англай олмаганлигини оқлай олмайди. Одатда хақиқат тамон сайи харакат қилмаган аксарият инсонлар, бу хақиқатни тушиниб етишганда кеч бўлган бўлади. Бизнинг қахрамонимиз ҳам қўпчилик қатори вазиятга қараб, қандай тўғри келса шундай яшаб келмоқда эди. У иложиси бўлган, кўнглига ёқиб қолган ишларни амалга ошириб, зўрларга бўйсинарди ва ўзи ҳам зўровонлик қилиб келарди.
У қандай режа тузишидан қаттий, бир соатдан кейин нималар содир бўлишини била олмасди албатта. Фақат кўнгли ғаш, алланечук безовта эди ҳалос. Қолганлари жойида, худди кечагидай, бугун ҳам шундай бўлиб қолади, эртага ҳам худди шундай бўлиши керак, деган ишонч бор эди унда.

5

Димитрий ойисининг кўпгина истиробларига сабабчи бўлган сингил опаси – Прокофияни эслади. Уни фуқоролар уруши тугай деб қолган бир пайтда асирга тушганлар орасида кўриб қолганди.
У каллакесар қароқчилар тўдаси бўлган Бадка Вадим грухида таптибости бўлиб юрган экан. Пракофия ҳудди отаси каби кўп ичадиган бўлиб қолганди. Уйдан қочиб кетган пайтда кўзлари ўйнаб турган, малла соч, серхаракат ва урушқоқ қиз эди. Энди бўлса сочлари тўзғиган, кўринишидан ҳаммасига тупурдим дейдиган, хеч нарсадан тап тортмайдиган, оғзидан боди кириб шоди чиқадиган, эркакча кийиниб олган шалоқсўз аёлга айланиб бўлганди.
Сафида Димитрий ҳам бўлган жазо отряди россиянинг овлоқ қишлоқларининг бирида иш кўраётган эди ва уриш холатига қараб барча тергов, қидирув ва жазо чоралари жойнинг ўзида хал қилинарди.
У биринчи терговдаёқ:
- Ҳой комисарча, самагонни хонни устига қўй, кейин бафуржа гаплашамиз – деди.
Буни тап тортмаслигига қизиқиб қолган жазо отрияди комисари унга бир стакан оқиштоб ароқни – самагонни тўлдириб қуйиб берди. Прокофия уни бир кўтаришда ичиб юборди-да ва ўрнидан туриб стаканни хонни устига қуйиб деди:
- Яна битта қўйда, кейин ... кейин ҳоҳлаганингни сўра ва ҳоҳлаган ишингни қил!
У иккинчи стаканни ҳам бир кўтаришда ичди, кафтларини орқаси билан оғзини вақт тўсиб турди, ўтирган комисар ва жангчиларга қараб олди ва қўлидаги стаканни бор кучи билан полга урди. Стакан чаранглаб синиб кетди, парча парча бўлган бўлакчалари хар тамонга учди ва кутилмаган жарандор товушдан жангчилар сесканиб тушишди.
Прокофия бўлса бор овози қўйиб камиссарга қараб ўшқирди:
- Мен сенга ўхшаган, қизил хезалак комисарчаларни эркаклик матохини кесиб, чўнтагига солиб қўйган Прокофия бўламан.
Бундай жайдари қилиқларга медаси тўйган комиссар шошилмай ўрнидан турди, узунчоқ хонни айланиб ўтди, жангавор важоҳатли Прокофияга менсимай боқди ва аёллигига қараб ҳам ўтирмай юзига қулочлаб тарсаки туширди. Прокофия хонанинг бурчагига бориб юзтубан тушди, бирмунча қимир этмай ётди, кейин астагина бошини кўтариб тўзғиган сочларини ортга олиб юзини очди, комиссарга қаради, оғзидан келган қонни қўли билан артди ва ғазаби қайнаб:
- Хезалаксан, билдингми? Қизил хезалак, хезалак, - дея қичқира бошлади
Комиссар уни устига бостириб бориб, худди эркакларни калтаклагани каби сира аямай овози ўчгунча тепкилади. Кейин тўхтаб қалпоғи бошидан тушган, сочлари тўзғиган ва тепки зарбидан инқиллаб ётган аёлга қараб қолди. Ичида: “ ҳали анча ёш, қомати келишган ва хушрўйлигина экан” деб қўйди ва хонадагиларга қарата:
- Бу қанжиқни пинчанхонага боғлаб қўй, – деди, – энди у бизга хизмат қилади.
Прокофия бир хафта давомида жазо отриядининг “хизмати”да бўлди. Уни ичириб қўйишар, ишлари битгач калтаклашар ва бундан мағрурланиб бир-бириларига ҳикоя қилиб ҳам беришарди.
Буларни кўриш ва эшитиш Димитрий учун кони азоб эди. У алами ичида, кечалари билан ухлолмай, ор ва ғазабдан тўлғониб чиқарди ва бундай ишларга йўл қўйиб берган отрядининг бошлиғини бўғиб ўлдиргиси келарди.
У синглисига хеч қандай ёрдам қила олмади. Прокофия бўлса доимо бериб турилган ароқнинг таъсиридан, деярли хар куни оғзидан чиққан шалоқ сўз учун калтакланаётгани сабабидан ва яна кечаю кундуз демай зўравон эркакларни “хизматини қилгани” боисидан ён велига ахамият бермай қўйганди. Димитрий шундай синглиси борлигидан хижолатланарди, ҳоҳлаган кўйга солишаётган синглисини юзига қарашга юраги бетламасди ва отряддан хайдаб юборишларидан чўчиб миқ этиб оғиз очишга журати етмай юрарди.
Шундай бўлсада қариндошлик туйғуси ўрнатилган қалби билан вазиятга қараб харакат қилишга қўниккан кўнгли ўртасида беаёв кураш кетмоқда эди. “Ҳаммасига ўзи сабабчи” – дерди ўзини-ўзи оқлар экан – “Энг аввало уйдан қочиб кетиб ойимни, оиламизни иснот ва қайғуга солиб кетди.” Синглиси қилаётган ох войларни эшитганда хуноби ошиб: “Нима қилардинг манави исқирт каллакесарларга қўшилиб олиб”. – дерди. Узун тунлари безовта бўлиб уйқиси қочганда эса “Ҳа, у кўнглига нима келса, шуни албатта амалга оширишни ўзига қоида қилиб олганди. Вазият бўлса хеч қачон инобатга олмасди.” – дерди.
Уларни отиб ташлашларидан бир кун аввал, опасига бир шиша самагон киритиб юборни уддасини қилди холос. Уни қўлидан келган шу бўлди.
Эртасига кун пешинга оғганда ўрмоннинг овлоқ жойида, ўттиз чоғли эркак ўзлари қазиган чуқур қирғоғида терилганларича, ҳаётларини хал қилувчи милтиқлар овозини кутаётган эдилар. Улар орасида Прокофия ҳам бор эди. У шерикларидан икки киши қўлтиқлаб олганди. Кўзлари кўкарган, кийимлари йиртиқ, устидан икки челак сув қуйиб юборилганидан сочларидан сув томиб турарди. Уни кайфи баланд эди. Аммо унга ҳозир отиб ташлашларини айтишган эди, бир сесканиб ўзига келди ва отишга буйруғ беришга чоғланиб турган комисарни олдига гандираклаб борди. Унинг юзига қараб тупурди ва бор овозини қўйиб қичқирди:
- Қизил хезалакларга ўлим! Яшасин анархия!
Комисар уни пешонасидан отиб ташлади ва буйруғини кутаётган бир қисм жангчиларга қарата:
- Ўт оч! – деб қичқирди.
Ўқлар товуши янгради. Улар бирин кетин ўзлари қазиган чуқурга қулай бошлашди.
Опасининг пешонасига отилган ўқ Димитрийнинг нақ юрагига бориб санчилгандай бўлди. У панароқ бир жойни топиб узоқ вақт йиғлаб ўтирди.
Бу кўргилик унинг ёшлик – ғўр даврига якун ясади. У бошқачароқ фикрлайдиган ва ўзгача йўл тутадиган бўлиб қолди.
Шундан бери кўпгина сувлар оқиб ўтди ва қорлар ёғиб эски излар босилиб кетгандай бўлди.
Фалакнинг ғардиши билан НКВД вазирлигига янги бошлиқ тайинланди. У вазирликни аввалги бошлиқ ва унинг ҳамтавоқларидан тозалаш, уларнинг буйруқ бўйича қилишган жиноятни ўзларига юклаш мақсадида вазирликнинг ўзида кенг қамровли тозалаш ишларини ўтказиш тўғрисида кўрсатма олган эди. Бундан ташқари халқ ичида юрадиган: “Барча ишлардан Сталин бехабар экан.” - дейилгувчи афсонани ҳам қўллаб туриш керак эди-да.
Бундай тозаловларда иштирок этган Димитрий қўлига, айнан опасини отиб ташлаган аввалги бошлиғи тушиб қолди. Уни сўроқ қилиш вазифаси эндигина янги зобитлик унвонига ўтган лейтинант Загорскийнинг зиммасига юкланганди. Тўғри, у энди полковник унвонида эди, лекин бунинг ҳозирги ҳолатида зиғирчаям аҳамияти йўқ эди. Кўриниши салобатли, вазмин ва ўзини тутиб олган одамлар сингари мулоҳазали бўлиб қолганга ўхшарди. У Димитрийни таниди, гарчи қўлидан хеч нарса келмаслигини сезиб турган бўлсада, ўз қадрини ерга урмаган ҳолда деди:
- Ўртоқ Загорский! Сизни кўрганимадан хурсандман. Мен ҳаммасини тушинаман, шунинг учун ўзаро қийинчилик туғдирмаслик мақсадида, хар қандай талабингиз бўлса ҳам, мен ҳозирни ўзидаёқ, олдиндан рози эканлигимни билдириб қўймоқчиман. Менимча шундай йўл тутсак, сизга ҳам, менга ҳам осон бўлади, деб ўйлайман.
Димитрий индамай ўрнидан турди, полковникнинг ёнига келди ва қўлини қулочлаб юзига мушт туширди. Кучли зарбадан полковник стулдан ағдарилган тушди. Димитрий бўлса уни аяаб ўтирмай, дуч келган жойига қараб тепа бошлади. Тепганда ҳам бор аламини жо қилиб, беш дақиқа тўхтамай тепди: полковник аллақачон хушидан кетиб бўлган бўлсаям тепаверди. Ниҳоят у чарчади, терга ботиб бўғилиб нафас ола бошлади ва ўзига ҳайрон бўлиб қараб қолган икки ходимга қарата :
- Уни стулга ўтказинглар – деди.
Бутунлай қон-қушига бўялиб кетган полковникни стулга ўрирғизишди ва бошидан бир челак сув қуйишди. У секин-аста ўзига кела бошлади. Ўзини ростлаб олган Димитрий уни ёнига келди ва шошилмай қулоғига оҳиста келиб деди:
- Сен ҳаммаси учун жавоб берасан.
Ичида эса: “Сен ҳали Прокофия учун жавоб берасан ва уни қасосини сендан тўлалигича ундириб оламан” – деди. Бироқ буни бошқалар билиши мумкин эмас эди.
- Докторга айтинглар, уни кўриб қўйсин, - деди-ю хонадан чиқиб кетди.
Димитрий унга бошқа “жисмоний таъсир” усулини қўлламади, лекин бундан полковникка осон бўлиб қолгани йўқ.
Орадан бир неча ой ўтди. Уларнинг ҳаммаси қилган жиноятларига иқрор бўлишди. Аниқланишича, улар Америка ва Англия империализмининг айғоқчилари экан. Ёш Шўролар давлатини ичидан қўпориш учун ёлланган эканлар. Шўроларнинг одил суди уларни ўлим жазосига, оилаларини эса Сибирга сургун қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Димитрий бўлса ўзича, синглиси учун қасос олган бўлди. Гарчи бу ҳақида хеч кимга айтмаган бўлсада, худди оқланиб олгандек эди.
Бу воқеалардан сўнг кўп ўтмай ўрта осиё республикаларидан бирига айланган Ўзбекистонга йўлланма бўйича юборилди. Мана, икки йилдан бери ишлаб юрибди.
Димитрий муштугини олиб тамаки билан тўлдирди, гугурт чақиб илаштирди. Чуқур-чуқур икки марта тортиб ютди, тутин чиқарди ва вазиятни ўзгартириб – ўзини бошқача ҳис қилиш илинжида – бошида ғучғаноқ бўлиб қолган ҳаёлларини қувиб сола бошлади.
“Жин урсин, аллақаёқлардаги ноаниқ ҳаёллар билан ич-этимни еб юраманми? Тупурдим ҳаммасига.”
Машинанинг кенг салони маторнинг бир маромда ғувиллашига, кириб турган шамолнинг шивиллашига ва Василийни одатдаги сергаплигидан бўлаётган минғирлашига тўлганди.
- Василий, жим кет! – деди Димитрий.
У жим бўлди ва ҳамма индамай йўлини кузатиб кета бошлади.

6

Ниҳоят “бугун кайфияти бошқачароқ” – деган фикрга келган Василий гап сотишдан тўхтаб, ўзини Ивандан четроққа олди. Ундан келаётган тер хиди жонига теккандек қилиб, зимдан қараш қилди. Назарида, бугун ундан хар сафаргидан кўра бадбўйроқ ҳид келаётгандек эди.
Ўзини гапидан ўзи рухланувчи Василийнинг ҳаёлига Иванга атаб тўқилган шеъри келди ва ёза олиш иқтидоридан фахрланган кўйи шеърини ичида такрорлаб қўйди. Бу уни хажв қилиб ёзилган ва ҳамкасабалари ичида бир неча бор ўқилган шеър эди.
“Эй, Сибирнинг Иванжони!
Пахмоқ сочли гўл ўғлони
Билки, ўз вактида ювинмоқ
Эрур чин инсоннинг мақоми. “
У ўзини Ивандан устун қўриб, қошларини чимириб қараш қилди. Бироқ Иванга бундай қарашлар таъсир қилмасди: у ўшандай – ўз ҳолича йўлни кузатиб, индамай кетаверди.
Василий хайдовчи Хакимжонга қаради. Пастроқ бўйли, буғдой рангли Ҳакимжон доимо озода ва тозаликни ёқтирувчи киши бўлганидан кўпчиликда яхши тасурот қолдирарди ва даврнинг қурқув ва ҳафсирашларини туғдирувчи омиллари соя солмаган ҳушмомуалали кулгиси юзидан аримасди. Ўзига ярашиб турган қара мўйловини бўлса, одамларга ёши каттароқ бўлиб туюлиши учун қўйганди. Чунки мўйловини демаса, кўриниши ўсиб келаётган навқирон йигитчага ўхшаб қоларди. Василий уни доимо озодалигидан, кулиб туриб ёнидаги одамга қиладиган юмшоқ муомаласидан ноқулайланиб, камчилилигу қўполликка тўла жайдари қилиқларидан ичида хижолат тортарди.
Шундай бўлсада, у бу каби тўғри ҳиссиётларини яширишга ва билдирмасликка тиришиб харакат қиларди. Буни ўзига хос сабаби қилиб русларнинг бир қисм ҳиссиётларини яширишини, ўзини ақлли қилиб кўрсатишини, буюклик васвасасини ва ўзгалар хисобига ўзини тасдиқлаб олишга бўлган интилишни кўрсатиш мумкин эди. Маҳаллий аҳоли бўлса ҳиссиётларини қандай хис қилса, шундайлигича юзида акс этарди ва доимий такидланадиган “ижобий ўзгаришларни” кўриб, анчагина ортда қолганлигини тушиниб етарди.
Бошқача фикрда бўлганларни, озодлик ва исломни олға суриб келганларни, бу даврга келиб асосан йўқ қилиб бўлинганди.
Бир маромда тезлашиб олган вазмин машина, икки тамони пахтазор бўлган тошлоқ йўлдан одимлаб, қуюқ булут каби кўтарилган чангни ортда қолдириб борарди. Теварак-атрофда одам кўринмас, сокин эди. Узоқда бошига оқ момиқдан қалпоқ кийиб олгандек кўкга бўй чўзган пирвиқор қорли тоғларни, унинг этагидан бошланиб ястанган ям-яшил водийни ва атрофдаги бехисоб далалар кўриш мумкин эди. Эндигина гуллай бошлаган ғўза тупининг сарғич гуллари, худди яшил пахтазор ичра сочиб юборилган олтин мисол товланиб турди. Пахта далалари атрофига экилган беҳисоб тут дарахтлари, гоҳо тарвақайлаган синорлар, узоқроқда эса бир тўда мевали дарахтлар билан ўралган дала шийпони кўзга ташланарди. Далаларнинг энг юқори жойида чоғроққина анхор қазилган бўлиб у шу атрофидаги экинзорларни суғорар, кўплаб ариқларга сув келтириб сув бўлмаса экин битмайдиган бу жойларни яшил водийга айлантирибган эди. Далаларнинг кўйи тамонида узунасига сув ташлама – заканлар қазилган, улар бирлаштирилиб экинларни суғориб ўтган сувларни узоқдаги сирдарёга элтарди. Қамишзорга айлаган заканлар балиққа бой бўлиб, уларни овлаш дардида юрган хар турдаги балиқчи кушларга ва ола қанотли лайлакларга сероб эди.
Узоқроқда, устида оқ кийим боши бўлган кимдир йўл четида турганлигини ҳамма кўрди. Машина яқинлашган сари уни соч соқоллари оппоқ нўроний чол эканлиги маълум бўлди. У худди йўловчилар яхшироқ кўрсин дегандай кичкина дўнглик усттига чиқиб олган ва ўрнида қимирламай турган қария қора машина йўловчиларига қаттиқ тикилиб қаромоқда эди.
Чолнинг ўткир нигоҳидан, ҳайбатли кўринишидан ҳамма ўзини ноқулай ҳис этиб, беиҳтиёр ҳавотирланиб қолишди. Загорский ичига совуқ тушиб кетганлигини ҳис қилди; ҳамма нарса худди секин ўтказилган лентадек ўтиб борар, чолнинг нигоҳи эса ундан узилмасди. У ич-ичидан келган бир қўрқувни ҳис қилди ва бу бир лахзалик бўлган бўлсада, аммо узоқ давом этгандек бўлиб туюлган бир туйғу бўлди.
Машина ўз йўлида елиб борарди.
- Бу қанақа чол бўлди ўзи?! – деди Василий, Загорскийга шикоятнома тарзда мурожат қилиб, – Нима, у бизни гипноз қилмоқчими?
Загорский бирмунча вақт индамай турди: қўрқувли ҳаяжонларини босилиб, бутун вужудини эгаллаган енгил титрашни ўтиб кетишини кутди. Шундан кейин у хайдовчига қаради ва алланечук босиқлик билан:
- Машинани тўхтат ... – деди.
Унга кўппа кундузи тайзиқ қилишмоқда эди, яна кимга денг, машинада икки соқчиси билан кетаётган НКВД зобитига-я. Ўзи ҳаяжонланиб турган бўлсаям, одамларни тақдирини хал қилиб юришига ишонган Загорский учун бу ортиқча эди. Маторнинг шовқини ўчиб, ҳамма уни нима дейишини кутиб унга қараб қолганда.
- Уни ушлаб келинглар – деди у ҳаяжон ва жахл аралаш.
Иккала соқчилар машинадан тушиб, чолни олиб келиш учун кетишди. Загорский бўлса ўзини қўлга олиши кераклигини ва чолни таъзирини қўйишни ўйлади. У ҳайдовчи Ҳакимжонга қаради. Уни ранги ўчиб, ҳавотирланган ҳолда турарди: уни бундай нарсаларга ишониши шундоқ юзидан билиниб турарди.
У машинадан тушиб муштугини илаштирди, икки марта чуқур-чуқур тортди ва ўзини бирмунча ўнглаб олганини ҳис қилди.
Икки соқчиси ҳам қайтиб келиб, қарияни топа олмаганлигини айтишди.
Уни жахлини чиқиб кетди, ер депсинди, ёнига туфурди ва бурама қилиб сўкинди. Кейин бор овозини қўйиб бақира бошлади.
- Сенлар қанақа ландавурсанлар ўзи? Оддийгина ишни ҳам эплай олмайсанлар, довдирлар, латталар... Дарахт ортига ёки пахтазор кириб беркиниб олган қари ва чирик чолни топа олмайсанлар. Ҳайф сенларга, тоза одамига учрабманда, бугун ўзи...
У талай вақт соқчиларга дашном берди. Ичида: “Агар ушлаб келишганда лаънати чирик чолни танобини тортиб қўярдим-да” – деб ўзини овунтирди. Шундай бўлсада у тобора асабийла-шиб бормоқда эди. Кеча кечқурундан бошланган ҳавотирли ҳиссиётлар, ходисалар, фикр-ўйлар уни асабига тегавериб, ниҳоят уни “тегса портлаб кетадиган” ҳолига келтириб қўйганди.
У жуда аччиқланиб машинага ўтирди, соқчилар ҳам ўтириб олишларини кутди ва хайдовчига қараб зарда билан деди:
- Ҳакимжон, ҳайда машинани.
Ҳаммани кайфияти бузилиб, кўнгиллари хижил тортган ва ҳавотирли бир нима содир бўлишини олдиндан сезгандек безовта бўлишганди.
Машина оҳиста қўзғалиб юриб кетди. Беш юз метрча юриб Ҳайдаработ мовзесига элтувчи йўлга бурилди ва яна тўхтади.
- Яна нима бўлди? – деб ўшқирди Загорский.
- Ўша бобо – дея дудуқланди рангида ранг қолмаган Ҳакимжон.
- Ҳайда машинани қўрқоқ!
- Йўқ. Яхшиси у ерга бормагинимиз маъқул. Чунки бу бобо авлиё одамга ўхшайди.
- Эй, ўша авлиё бобонгни онасини ... Туш машинадан қўрқоқ.
Загорскийни қаттиқ жахли чиқиб, паймонаси тўлган одамга ўхшаб қолди. У машинадан отилиб чиқди, белида турган ғилофдан тўппончасини олди ва юз метрча узоқликда турган чолни нишонга олиб икки марта ўқ узди. Қария қимирламади.
- Ҳозир, мен сени олдинга бораман – деди у ўдағайлаб ва ҳозироқ танобини тортиб қўйиш харакатига тушиб қолди.
У хайдовчи Хакимжонни ўрнидан тортиб олиб, итариб ташлади, ўрнига ўтирди ва машинани ўт олдириб чол тамонга солди. Маторнинг шовқини, узатгични ғарт-ғурт қилишиб уланишидан силкинган машина оз-оздан тезлашиб юриб кетди. Загорский тезликни мумкин қадар ошириб, йўлни ўртасида туриб олган чолни уриб – босиб ўтмоқчига ўхшарди.
“У ёғи бир гап бўлар” – дерди у шошқалоқлик билан.
Қандайдир чол, оқ яктак кийиб соқол қўйган чирик бир чол уни йўлини тўсиб ўтирса-я! Ким бўлибди ўзи у ва ким билан ўйнашмоқда? Ахир у одамларни зир титратувчи, истаган гапини гапиртира олувчи ва тақдирларини хал қилувчи НКВД терговчиси катта лейтинант Загорский ўйнашмоқчими?! Йўқ, йўқ, у бундай ўзбошимчаларни тезда танобини тортиб қўяди. Уни бўлса мана, тагида машина, ёнида соқчилари ва улар ортида бутун бир бошли давлат ўзининг катта имкониятлари билан савлат тўкиб турибди. “Манави яктаклари-ю саллалари, паранжилари-ю ёпинчиқлари, ўзаро муносабатлари-ю эътиқод қиладиган динлари, қурган иморатлари-ю ва турар жойларининг барчаси эскилик сарқитлари – замондан қолганлик аломатлари эмасми?!”
Ишонч ва умидлари ғалаёнга келган Загорский ҳовлиқиб, қаттиқ аччиқланиб қолганди. У бу чолга кимлигини албатта кўрсатишни, пушаймонини келтиришни ва шу билан ўзи сезмаган ҳолда бўлсада зўрлигини кўрсатишни – тадиқлашни истарди. Одатий бўлиб қолган, беҳисоб марта синовдан ўтган, ишончли таъсир кучига эга бўлган ва бугун давлат миқёсида қўлланиладиган йўлни – барча мухолифларни йўқ қилиш йўли фикру-ҳаёлида эди.
Орадаги масофа тезлик билан қисқариб борарди. Қария бўлса йўлни ўртасидан кетиб, йўлнинг четига қараб юра бошлади.
- У қўрқди, аниқ қўрқди! – дея қичқирди Загорский ва асабий ҳолда қаттиқ қичқириб кулди.
Орқа ўриндиқдаги Василийнинг эса кўнгли безовта, ён-велига жовдираб қарар ва қўрқувдан ўтакаси ёрилай дерди. Ёнидаги Иван бўлса сираям ўзгармаган, олдингидан кетаётган ва бироз олдинга энгашиб икки қўли билан ўриндиқ суянчиқларини маҳкам ушлаб олган эди ҳолос.
Загорский бўлса тинмай тезликни ошириб борарди. Уни кўзлари ола-кула, ҳиссиётларини жиловсизланиб кетган ва кўзига чолдан бошқа ҳеч нима кўринмай қолганди. Орадаги масофа бир неча ўн метр қолганида машинани тўғридан тўғри чолни устига қараб бурди.
Вазият жуда қалтис эди. Бирдан чол, гўёки рўё мисол кўздан ғойиб бўлиб қолди. Унга еб юборай деб қараётган Загорский бўлса кўзларига ишонмаётган қолди. У ҳайрон бўлиб қичқирди, теварак-атрофга кўз югуртириб чолни қидириб кўрди ва шундагина машина катта тезлик билан тўғридаги анхор тамон кетаётганини сезиб қолди. У дарҳол ўзини ўнглади ва шошганича машинанинг тўхтатиш тизимини ишга солди.
Бироқ энди кеч бўлган эди. Машина чайиллаганича, яқиндагина қазиб чуқурлатиб қўйилган катта анхорни бу қирғоғидан учиб ўтиб, нарига тамондаги қирғоғининг энг пастига жойига учиб бориб зарб билан урилди. Қаттиқ зарб товушидан теварак атроф бир лахза ҳавотирли сукутга чўмиб, ҳаммаёқдан сас чиқмай қолди.

7

Яримигача сувга ботиб қолган машинанинг олд тамонлари пачоқланган, олд капоти букланиб йиғилган ва қизиган маторга сув тегиб вишшилаганича буғ кўтарилиб турарди. Кўпроқ ҳайдовчи тамонига тўғри зарба рўлни олдинга суриб юборган, эшикни қисиб очилмайдиган қилиб қўйган ва олд ойнакларини парчаланиб кетган эди. Машина салонига эса хар тешикдан йўл топа оладиган сув бостириб қирмоқда эди.
Салонга қираётган совуқ сувдан биринчи бўлиб юзи қўрқувдан бужмайиб кетганди Василий ҳаракатга келди. У хавотирга тушиб, шошганича оёқ ва қўлларини папаслабди, бошини ушлади: ҳаммаcи жойида, бус-бутун эди. Ўзига қараб кучли зарбдан олдинги ўриндиқ тамонга ўтиб қолганини, шундоққина Загорскийнинг оёқлари ёнида ётарганини кўрди. Ўриндиқ ва рўл орасига қисилиб қолган Загорскийга кўзи тушиб бир ҳаяжонланиб олди ва ҳаёлига: “Яна бирон балога йўлиқмасдан бурун ташқарига чиқиб олиш керак” деган фикр келди. У бир аммалаб эшикни очиб, белига қадар келган сувни шолоплаганича қирғоққа чиқиб олди.
Кетидан Иван ҳам машинадан чиқиб қирғоқ тамон кела бошлади. Уни кўрган Василий:
- Ҳой Иван, милтиқларни ҳам ола кел – деб қичқирди ва овозини пасайтириб – эртага бунгаям жавоб бериб ўтирмайлик, - деб қўйди.
Улар айтарлик жароҳат олишмаган эди: Василийнинг тирсаклари шилиниб озгина қон чиққан, Иванда эса жароҳат аломатлари кўринмасди.
Иван ҳам қирғоққа чиқиб олди. У серрайганича, нима қилиш кераклигини билмай ўрнидан қимирламай турарди, ҳўл кийимларидан томаётган сув томчилари эса оёқлари остида кўлмакчалар ҳосил қилиб оқар, тагини хўллаган болани эслатар ва қўлидаги милтиқларини икки ёнида осилтирганича Василийга қараб турарди.
Ҳаяжонланиб кетган Василий бўлса жиққа ҳўл кийимларини шалоплатганича у ёқдан бу ёққа бориб келар ва ранги ўчган ҳолда нуқул:
- Шу ишларни нима кераги бор эди? – дегани деган эди.
Ниҳоят у тўхтаб, қирғоқда турганича машина салонига кўз югуртирди. Загорский қимир этмай ўтирганини кўриб жароҳати жиддий бўлса керак деган фикрга келди. Унга юраги ачишганидай бўлди, бироқ ҳозиргина ҳаётини ҳавф остида қолдирганини эслаб, ичида “Яхши иш бўлибди”, - деб қўйди.
Бироздан сўнг Василийнинг қўрқувлари босилиб, шундай тўқнашувдан соғ-омон қолганидан ўзида йўқ хурсанд бўла бошлаган эди. У ўзини воқеаларни олдиндан кўра билган, огоҳлантирган, таҳлил қилган доно каби ҳис қилмоқда эди. Бошданоқ Загорскийнинг ўзини тутиши унга ёқмаётган эди: унга тузукроқ гаплашиб кетишга ҳам йўл қўймади. Мана оқибати нима билан тугади.
У ҳузур қилиб, ичидан қувонганича ҳаёл суриб кетди.
Кучинг етмаган одам билан нима қиласан ўчакишиб, “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан.” – дея бекорга айтишмаган. У: “Бир марта қараб қўйган одамга шунчалик қилиш керакмиди ?” – дея ўзидан сўрар, жавобини ҳудди катта нафи теккан дуо сингари қайта-қайта такрорлар эди. “Бола ғўр-да, биродар ғўр. Эх, пишмаган ҳомкалла!” Бундай тайёр ҳикматли сўзлардан у қайсидир китобдан ўқиб олган эди.
- Сенга ҳеч нима қилмадими ? – дея сўради у Ивандан.
- Йўқ.
- Кўйлакда туғилган эканмиз, биродар, - деди бошини сарак-сарак қилиб – Унгачи, унга нима бўлди?
- Билмайман.
Василий ўйланиб қолди. Шундай қараб туравериш яхши эмас эди. Кейин сўраганларга машинадан чиқиб олиб серрайиб туравердик дейдими? “Йўқ, бўлмайди. Нима бўлгандаям унга ёрдам бериш керак” деган қарор келди.
- Менга қара, Иванжон! – деди у – Манави ҳўл кийимларимизни ечайликда, ўртоқ Загорский ҳолидан хабар олайлик. Тушунарлими?
Загорский бу пайтда секин-аста ҳушига келиб, карахт холатдан чиқа бошлаган эди. Анхорнининг совуққина суви унга яхши таъсир келмоқда эди. У секин аста бошини кўтарди. Теварак-атроф мисоли парда ортида тургандек кўриниб, узлуксиз ўз кўринишига кела бошлаётган бўлсада, бутун бадани жимирлаб боши ғувиллаб турмоқда эди.
У машина рули олдинга сурилиб кўкрагини қисиб қолгани, белига қадар сув босганини кўриб бирмунча ҳайрон бўлди. Бошини кўтариб машинанинг майдаланиб кетган ойнакларини ва пажакланган олд тамони кўзи тушиб барчасини эслади.
- Нима иш қилиб қўйдим? – деди аччиқ алам билан барчасини эслар экан – Энди менга нима бўлади? Эй ҳудо...
Загорский бирмунча вақт бошини қуйи солганича, қилган ишдан ўзи қайғуриб, ўз ёғига қовурилиб ўтирди. Нега бундай бўлди?! Ахир у яхшилаб ўйлаб-билиб кейин харакат қиладиган одам эди-ку, энди бўлса бирдан шошиб қолиб, ножоиз қалтис харакатларни содир этди. Нима учун... нима сабабдан? “Ё худо, нима иш қилиб қўйдим! Худди қизиққон ўспирин сингари кўппа кундузи, арзимаган сабабни деб ўқ узиб ўтирсам, яна бу ҳам етмагандай давлат машинасини анхорга тиқиб бутунлай пажақлаб юборибман. Энди буларга қандай жавоб бераман, қандай?!”
У ҳаммасини бирма-бир эслай бошлади. Назарида куни кеча кўрган туши, чақув хати бўйича бошлаган иши, йўлда чолнинг пайдо бўлиши – буларнинг барчасида ҳали ўзи ҳам тўла англай олмаган қандайдир боғлиқлик бордай бўлиб туюлмоқда эди. Бир кун аввал бўлимга келган чақув хатини кўрибоқ, дарров “ўзиники” қилиб олган ва бошқасига илиб кетмасин деган мақсадда дарров ишчи хони тортмасига ташлаб қўйганди. Бу ҳам ойлик ҳисоботни тўлдириш учун керак эди-да. Энди бўлса шу баҳона бўлиб, мана, қандай кўргиликларга йўлиқиб юрибди.
У қаттиқ жароҳат олмадимикан дея ҳавотир тортиб қўл ва оёқларини қимирлатиб кўрди. Хайриятки, уларга шикаст етмаган экан, ҳеч қандай оғриқ сезилмади, бироз ҳаракат қилиб рул ва ўриндиқ орасидан сирғалиб чиқиб олмоқчи бўлдию, қаттиқ оғриқдан инграб юборди. Ҳаммаси тушинарли: қатиқ зарбадан олдинган сурилиб кетган рул, кўкрагини жарохатлаб, ўриндиқ ва рул орасига қисиб қўйибди. Загорский оғриқ зўридан хушини йўқотишига оз қолганди.
Ялангоёқ, узоқ масофага югурадиган мусобақачилар сингари турсик ва майкачан бўлиб олган Иван ила Василийлар, белларигача сувга ботиб, очиқ эшикдан кириб келишди. Василий ориқ, қотма ва ҳиёл букчайган бўлиб ўтган йилига олма қоқисини эслатарди, Иванни бўлса қомати тик, дуркун, сепкил босган ва шимол одами бўлганидан териси “қуёш кўрмаган” рангпар оппоқ эди. Бироқ мушакдор қўлларини осилтириб турса ҳам кўриниб тураётган, ўсиб узайган қултиқ жунлари кўриниб ва сасиб, одамни кўнглини бехузур қилиб юборадиган даражага келиб бўлганди. Чамаси бу ўғлонда, уларни олиб юриш одати хеч қачон бўлган эмасга ўхшаб кўринарди.
Василий Загорскийни аҳволини билиб олиш мақсадида гапга солиб кўрди, нима ёрдам қилайлик деб сўради. Загорский ҳиёл ишитилар товуш билан:
- Рулни ёки ўриндиқни суриб, мени чиқариб олинглар, - деди.
Икковлон ишга тушиб кетишди.
Аввалига улар куч ишлатиб рул ва ўриндиқни ораларини йириб кенгайтирмоқчи бўлишди. Улар пухта ишланган ва мустахкам ўрнатилган экан, қанчалар уринишмасин қимир этмас эди. Иван анча вақтини ҳайдовчи тамондаги эшакни очишга сарифлади, аммо қаттиқ қисилиб қолган эшик худди пайванд қилинган мисол бўлиб, ҳечам “очилай” демасди. Василий бўйнигача сувга ботиб қўлларини билан муруватларини пайпаслаб кўра бўшлади. Уни чилангарликдан бохабар бўлганлиги боис Иванни кетма - кет машинанинг юк бўлмасига юборар, у ёки бу мослама ва асбобларни олдириб келтирар эди. Кераклиси топилгач ўриндиқни бўшатишга киришиб кетди. Муруватлар жуда ноқулай жойлашган экан, буни устига уларни сув босгани сабаб кўриб бўлмас, фақат пайпаслабгина билиш мумкин эди. Бир-икки буралгандай бўлди. Бундан дадиллаш-ган Василий бошини сувдан чиқарганича, оз-оздан бурай бошлади. Бироқ натижа чиқавермагач қўллари билан айлантириб кўриб хафсаласи пир бўлди: болът гайка билан қўшилиб айланаётган экан.
Василий ўйланиб Загорский тамон қараб қолди. У ўткин-ўткин нафас олар ва хар сафар нафас олганда қуйи солинган боши кўтарилиб тушарди. Улар Василийни маслахати билан, таваккал қилиб бўлсада, шартта тортиб олишмоқчи бўлишди. Иван Василийнинг ишораси билан торта бошлаган эди ҳамки, Загорский жон аччиғи қилиб, оғриқ зўридан қаттиқ бақириб юборди.
Уларни юраги қинидан чиқаёзди. Икковлон беиҳтиёр уни қўлини қўйиб юборишди ва уни биз ўлдирган бўлиб чиқмайлик деган ҳаёлданқ ҳавотирланиб туриб қолишди. Қисилган Загорский хушидан кетиб, бошини қуйи қилиб қолганди. Василий Иванга ишора қилиб, қирғоққа чиқайлик деган тушинтириш берди.
- Бу ишимизни ҳеч бир натижа чиқмаяпти, - деди Василий қирғоққа чиқиб олишгач – Гап бундай: сен яқин ўртадаги аҳоли яшаш жойига бор, ўша жойни нозири билан учраш ва вазиятни тушунтир. Идорамиз номини айтсангбўлди, тезроқ қимирлайди. Одамларни кўпроқ йиғиб келсин, машинани тортиб оламиз. Тушинарлими?
- Ҳа, тушундим!
Бошини қимирлатиб қўйган Иваннинг энсаси қотиб, йўлга тушмоқчи бўлиб турганди, уни кузатаётган Василий:
- Ҳой, кийиниб ол! – деди ва ичида: “Одам дегани, шунақа ҳам лақма бўлдими?” деб қўйди.
Иван жўнаб кетди. Василий бўлса энг аввало иккита карабинни дарахтнинг панасига илиб кўнгли тинчиди ва бамайлихотир ёрдам келишини кута бошлади.
Димитрий ўзига келди. У ўзини ҳамон ўшандай, рул ва ўриндиқ орасида қисилганича ўтирганини кўрди, шунингдек секин-аста кучдан қола бошлаганини ҳам ҳис қилди. Бошини аста кўтариб, ёрдам кутгандай тўғрисига қаради: унга ёрдам қўлини чўзадиган хеч кимса кўринмасди.
“Энди ўлиб кетсам керак” – деб ўйлади-ю, бундан вужуди сесканиб кетди. Димитрий қўрқоқ одам эмас эди, лекин ҳаётнинг ўзга тамони бўлган нариги дунёнинг ноаниқлиги ғалати ҳолга солмоқда эди. У ҳатто, нариги дунё борлигига деярли ишонмасди ҳам. Ҳаёти давомида жуда кўп ўлган одамларни кўрди ва билдики, вақт уларни аямай йўқликка айлантириб юборарди. У ўзининг ўлгандан сўнг чириши, сасиши ва қуртлар босиб кетишини кўз олдига келтирди. Бу жуда ҳам ёқимсиз ҳиссиёт эди. Шундай бўлишини эслаб ўлгиси келмай қолди: у ҳали унчалик катта ёшда эмас-ку, яшашдан хали умид қилса бўлади.
- Василий... Василий... жавоб бер! – деб чақирди ва овоз жаранглаб чиққанидан ҳайрон бўлиб қолди.
Унинг жарангдор овозидан дарахтдаги чумчуқлар пир этиб учиб кетишди, бироқ Василийдан дарак йўқ эди. Димитрий машинанинг орқа тамонининг акс эттирувчи кўзгусига кўз югуртирди ва қуриган кийимларини кия бошлаётган Василийни кўрди. У бўлса ҳеч нима бўлмагандай, ўзи билан ўзи овора эди. Димитрий уни қайта чақириб кўрди ва яна бир неча бор чақирди. Бироқ Василий қанчалик яқин турган бўлмасин, барибир уни эшитмаётган эди.
Шу пайт боши ўзича бўшашиб ён тамонга қийшайиб қолганини хайрон бўлди. У қанчалик ҳаракат қилмасин, бошини қимирлата олмади. Ҳавотирланиб қўл ва оёқларини ҳаракатлантириб кўрди, туришга харакат қилди, бироқ фойдаси бўлмади. Унга бутун вужуди бўйсинмай қўйган эди. Фақат кўзларгина ҳаракатлантира олар, бармоқлари эса ўз ҳолича қимирлаб бир нимани ушламоқчи бўлгандек, қалтироқ ҳолда ҳаракатланиб турарди.
Шунда у ўлиши аниқ эканлигини билди ва бундан ҳеч қандай йўл билан қочиб қутилиб бўлмаслигидан қаттиқ сиқилиб кетди. У энди ўлим деб аталувчи аччиқ вокеликнинг ҳаётига якун ясашини кутишдан бошқа ўзга иложиси йўқ эди.
Олисда қора шарпа мисол кўринишга эга, шаклан бирқадар одамни эслатувчи нотаниш мавжудотлар кўринди. Улар гўёки ён атрофига қора нур таратаётгандек, яқин атрофлари қоронғилашиб қолаётганга ўхшарди. Ажабо, бу энди яна нимаси бўлди экан? Ўша мавжудотлар фақат унга разм солаётгандек, фақат у билан қизиқишаётгандек ва деб ерга тушишгандек бўлиб туюлди унга. Ғалати, одамни кўнглини ғашлайдиган бу нигоҳдан Димитрий безовталаниб қолди: у ўзини ёлғиз, ҳимоясиз, ҳақир бир зарра мисол ҳис қила бошлади. Айни пайтда кўнглидаги қўрқув аралаш ғашлик тобора кучайиб бормоқда эди.
Бирдан бутун ҳаёти бир лахза ичида шиддатли тезлик билан унинг кўз ўнгидан ўтди. Унда ҳаммаси, энг майда тафсилотлари билан жаъмул-жаъм эди. Димитрий улардан кўпчилигини унутиб юборган экан. Барчасини эслади ва қаттиқ хавотирдан:
- Энди нима бўлади? – деб ўзидан сўрар, лекин айтарлик жавоб топа олмаётган эди.
Энди у ўлимини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ҳоҳламаётган эди. Ҳозир унда, бутун дунё ўз мулки бўлганда ҳам бериб юборган ва энг тубан ҳолатда ҳам яшашга рози эди.
У беиҳтиёр, ёшлик чоғида ароҳўр отасининг жабру ситамлардан тўйиб кетган бечора ойиси-нинг деворга осилган расм – иконага сиғиниб “Отче наш...” дуосини кўп ўқишини эслади ва шу дуони узун-юлуқ қилиб ўқий бошлади.
Бу тушунарсиз, ғалати бир ҳол эди. Димитрий худога, Исога, бир сўз билан айтганда насронийликка, қўрқув зўридан бўлсада иймон келтирмоқда эди. Олдинги ишонч ва умидлар қаерда қолди экан? Чамаси, бутунлай ёлғон, қўрқув ва зўравонлик асосида қурилган ҳар қандай жамият қайсидир тиргакларидан айрилса, бутун жамиятнинг қулашидан нишонаси каби бир кўриниш эди.
Бироқ кўргиликлар ҳали олдинда экан.
Дахшатли кўринишига эга бўлган, ўлим соати етиб келмаган ҳар қандай одам бир қарашда ақлдан озиши жон таслим қилиши аниқ бўлган ўлим фаришталар пайдо бўлди. Уни амаллари шу ҳолатдаги кўринишни тақазо қиларди. Димитрий ифодалаб бўлмайдиган даражада дахшат ичра қолиб кетди: кўзлари ҳар тамонга аланглар, тили осилиб қолган, тўхтамай хириллаб қисқа - қисқа нафас олар эди, холос. Фаришталар ўраб олишди ва унга хитоб қилишди:
- Эй ифлос бўлган рух! Ифлос бўлган жасаддан чиқ!
У адойи-тамом бўлди. Уни жон бериши азобларини тасвирлашга қалам ожиз эди. Буни мисоли, ҳудди уч юз киши бир вақтни ўзида қилич билан тўхтамай чопаётгандек ёки ичида бутун вужуди бўйлаб тиканаклар пайдо бўлиб қолган-у, уларни барини қайта-қайта тортиб олишаётган-дек эди. Олдинда нималар кутмоқда уни, буни ўйлашни ўзиёқ одамни беқиёс ваҳимага солиб қўярди.
Юзаки қараганда азоб ва вахимадан бақрайиб қолган кўзлари, бошқалар кўра олмайдиган мудҳиш бир нарсани кўриб тургандай эди. Айни чоғда нафас олиши тезлашган, тили осилиб қолган, ҳаво етмай қолган одам каби тўхтамай хирриллаганича тез ва қисқа нафас олар эди.
Ниҳоят, бениҳоя узоқ давом этгандек бўлиб туюлди чорак соатлик беқиёс азоб ва қўрқувлардан сўнг жони ҳалқумига келди. Уни қўл ва оёқлари аллақачон совий бошлаган, рух ва танни боғловчи охирги иплар узилай деб қолган эди.
У шу ҳолда экан, уни охирги марта алдаш учун шайтонлар жамоаси ҳозир бўлдилар. Улар уни ўзидан кўра яхшироқ билишарди.
Узоқдан, нурофшон нурлар таратганича бир бўлак нур унга яқинлашиб келди. У секин-аста катталашиб доира ҳосил қилди. Доира четида нур таратиб турар, ўртасидаги туйник ортида эса гўзал манзара кўзга ташланиб турарди.
Димитрий нур ичида бепаён, ранглар ёрқин бўлган ям-яшил боғларни, ранг-баранг гулларни, ажойиб қасрларни, зина-зина бўлиб оқаётган шаршарали сувларни, ичида узун сочли навниҳол қизлар чўмилаётган кўлларни кўрди. Уларнинг барчаси жуда гўзал, антиқа, ерда ўхшаши бўлмаган, вақт ва маконни дахли бўлмаган жаннатмонант кўринишга эга эди.
Туйник ичидан оқ кийимга бурканиб атрофига ёруғлик таратганича, аллақачон бу дунёдан ўтиб кетган одамларнинг бир гурух рухлари чиқиб кела бошлади. Димитрий улардан баъзи бирларини танигандай бўлди: улар ичида ойиси ҳам бор эди.
- Дима болажоним! – дея хитоб қилди ойиси.
- Ойи... ойижон, менга ёрдам беринг – деб қичқирди Димитрий, – Ахволим жуда ёмон, ёрдам беринг, ойи...
- Биламан ўғлим, - деди у, – Гаплари қулоқ сол! Мен сенга ёрдам бермоқ учун парвардигоримиз Исонинг изни ила келдим. У менга: “У гуноҳкор бандамдир. Агар менга иймон келтириб, гуноҳлари-ни кечиришимни сўраса, сени ибодатларининг хурматидан уни гуноҳларини ўтгаймен ва ўлим фаришталарининг азобларини кафофат ўрнида қабул қилгайман” деб илтифот қилди – деди ва бироз сукут қилгач, – Ўғлим унга иймон келтир, шундагина биз билан бирга бўла оласан. Акс ҳолда ахволинг янада ёмонлашади.
Нима қилиб бўлса ҳам ҳозирги ҳолатидан қутилиш учун хар нарсага тайёр Димитрий, бундай осонгина эришиш мумкин бўлган жўнгина таклифдан шошиб қолди. У оҳирги нафаси ила қичқириб тасдиқ этди.
- Парвардигорим Исодир, унга иймон келтираман...
Фаришталар дунё билан боғловчи охирги ипларни ҳам узиб юборишди. У алданди ва жони узилди.
Бу пайтда ўзи билан ўзи билан овора бўлган Василий сира ҳам парво қилмай, ҳеч нимадан бехабар ҳолда, бугунги куннинг серҳаракат ва ҳаяжонли бўлганидан толиқиб, анхор бўйидаги сўлим жойнинг майсалари устига чўзилганди. У астагина хуррак отиб, пана жойда пинакка кета бошлади.
Машинанинг очиқ эшиклардан кириб-чиқиб турган муздаккина сув оқими, эндигина дорулфано дунёсидан дорулбақо дунёсига қучиб ўтган рухнинг бу дунёдаги маркаби бўлган танасининг совутиб улгурган эди. У оҳиста мавжланиб олди-ю, салонда қолган ишчи папкасини ўз оқимига қўшиб оқизиб кетди. Шу бўлди-ю, Фотима Солих қизига қарши қўзғатилган иш, гўёки ўз-ўзидан барҳам топгандай бўлди.

 
« Олдинги   Кейинги »