Етимлар (Алишер Рихсиддин) Принтер учун
15.04.2009 й.

Мажид боядан бери мук тушиб ўқиётган нарсаcидан ҳеч нима тушунмаётганини пайқади. Кўзлари ҳарфларни кўрар, сўзларни ўқир, аммо онги уларнинг маъносини идрок этмасди. Тўғриси, у ҳозир дарс ҳақида ўйламаётир, хаёли бошқа нарса билан банд. Унинг фикри-зикри анави мужрима хотинда. У хотиннинг, у билан синлиси бошига қандай кулфатлар солгани, ҳаётларини вайрон қилиб, ловуллаган жаҳаннамга айлантиргани ҳақида ўй сурмоқда.

Кундалигига қаради, имтиҳонга бор-йўғи бир ҳафтагина қолибди. Ўқиши, тайёрланиши керак. Бунинг учун хотиржамлик зарур. Лекин... қандай ўқисин, қандай қилиб тайёрлансин? Бу уйда унинг учун қайдан ҳам хотиржамлик бўлсин-ки, анави аёл уни тинмай таъқиб қилиб турса, муттасил равишда озор берса, бир лаҳза ҳам тинчлик бермаса? Мабодо ундан тийилган тақдирда ҳам, тегирмон навбати синглисига келади. Ўша заҳоти унга йўналиб, бошида ёнгоқ чақади. Қолган заҳрини унга сочади. Ўрта мактабнинг биринчи йилидаёқ имтиҳондан йиқилишга рози бўлсинми энди? Ахир у бошланғич мактабда ўртоқлари орасида доимо илғор эди-ку, синфида биринчи эди-ку.

У - ўзининг ушбу ўй-хаёллари гирдобига ғарқ бўлиб ўтирар экан, баногоҳ қулоғига бўрон товуши эшитилди... Бўрон, бир ойда бир марта даладан ўтади. Дов-дарахтларни қўпоради, шоҳ ва новдаларни синдиради. Аммо, унинг кетидан ёмғир келиб, ерни суғоради. Кейин у ҳам чекиниб, майдонни саховатпеша қуёшга бўшатиб беради. Уч-тўрт соатлик айрилиқ оташида яна ҳам алангаланиб, лаққа чўғга дўнган офтоб бутун қалб қўрини маъшуқи - заминга йўналтириб, уни соғинч ва меҳр нурлари ила бағрига босади, пировардида бўронда синиб, ер қучган шоҳлар қайта бош кўтаради, ҳатто у билан бирга янги новдалар ҳам ўсиб чиқади. Уйнинг бўрони эса ҳар соатда эсиб туради. Унинг ва олти яшар синглисининг қалб новдаларини синдиради. Кейин бу синиқлар ҳеч қачон тикланмайди... Очилмасдан нобуд бўлган куртаклар қайта ниш урмайди. Назарида даланинг бўрони - кўринишдан қалбларни ром этувчи гўзал ва мафтункор, нафсуламрда эса майинлиги ва гулдорлигида, заҳарлилиги ва маккорлигида илоннинг ўзгинаси бўлган бу аёлдан кўра раҳмлироқ, ройишроқ ва “инсонийроқ” эди.

Шу вақт унинг ҳақоратларини, койиб, силталаётганларини эшитди. Бегуноҳ қизнинг мурғак қўлига шарақлаб тушаётган - шол бўлгур - қўлининг зарбасини эшитди. Жойида ўтира олмади. Бироқ, отасидан қўрққанидан... яъни, ана шу бахтиқаро қизчага қарши урушда янги хотинига иттифоқдош мақомида бўлган, ва ҳали ҳаёт нималигини билмасдан бурун унга ҳаётнинг аччиқ ғуссаларини ичиришда хотинининг ёрдамчисига айланган ўша кимсадан қўрққанидан синглисининг ҳимояси учун ўрнидан туришга ҳам қодир эмасди.

Ўрнидан туриб дераза оша ташқарини кузата бошлади. Деворга ғарибона суянган кўйи ҳазин товушда йиғлаётган синглисига кўзи тушди. Ранги сарғайиб, заҳил тусга кирган, кийимлари эскириб, тўзиб кетган. Унинг ёнида азбаройи соғломлигидан юзлари ширмойдек лўппи, кўзлари ғолиблик ва устунлик нашъаси билан чақнаган, устидаги қимматбаҳо кийимларига мағрур бўлган кичик синглиси турарди... Ўксиниб кетди. Юрагининг тубида бир тўфон жунбушга келгандек бўлди. Бу тўфон кўзларига сапчиб чиқиб, киприклари орасидан селга айланиб, ёноғига оқиб тушаётганини ҳис қилди. Бу қизчанинг гуноҳи нима экан-ки, бунчалар азоб ва хўрликларга дучор қилинмаса?.. Ахир у отасининг қувончи, ҳаётининг зийнати эмасмиди?.. Дадасининг энг азиз кишиси эмасмиди?.. Энди не бўлди-ки, фақат сўкиш ва ҳақоратларни эшитадиган энг ҳақир ва ташландиқ кимсага айланмаса?..

У ўз отасининг уйида хизматкор даражасига тушиб қолган бир вақтда, ҳамма эркалатишлар, ширин сўзлар, ўпиб суйишлар ўзидан икки ёш кичик бўлган синглисига хосланган эди. Совға-саломлару, эркалатишлар ҳам унинг учун. Гўёки, бу уйда болалардан фақат угина бордек. Ҳақиқатда эса, у хизматкордан ҳам баттар эди. Негаки, хизматкор гоҳида кўксида қалби бўлган, қалбида дийни ва виждони бўлган шарафли, олийжаноб кишиларга йўлиқиши ва бинобарин, улардан ўз болаларига қиладиганлари гўзал муомалани топиши мумкин. Аммо уни отасининг кўксида эса, - токи қалбида ўз қизига, ўз зурриётига нисбатан ходимларга хос муомалага ундайдиган бир шараф топилиши учун - ўша қалбнинг ўзи қолмаган эди. Аллоҳ бу қизчанинг тақдирига ҳар икки тарафлама етим бўлишликни ёзиб қўйганди. Онаси ўлиб, онасиз қолди. Отасининг виждони ўлганда эса отасиз қолди.

Яна холасининг товушини эшитади (Ўгай она Шомда “хола” деб чақирилади). У синглисини чақирарди: “Ўв, чўчқа!.. Буёққа ке башаранг қургур...”. Бу - холасининг наздида унинг исми эди: “Чўчқа”. Уни фақат шу исм билангина чорларди. Отаси келганда эса у бирдан “қиз”га айланиб қоларди:
- Буёққа кел эй қиз,.. бор,.. эй қиз!..
Унинг синглиси эса “асалим”, “жоним”, “оппоғим”, “суюклигим” эди...
- Қаерда қолдинг асалим?.. Келақол, кўзим!.. Сенга нима бўлди жоним?..

* * *

Уй ичида яна ўша қаҳрли бўкирик жаранглайди: Ўв, гарангмисан?.. Эшитмаяпсанми синглинг йиғлаётганини?.. Қара нима дивотти, бер у хоҳлавотган нарсани... Ҳўв, нега жавоб қайтармисан?.. Соқовмисан нима бало?.. Айт унга, нима хоҳлаяпсан деб!.. Ҳе, лалаймай ўл!..
-… Шикалат егиси кевотти.., - деди бечора қўрқа-писа паст ва ҳурковуч бир товуш билан.
- Ҳа, нима қиб турипсан бўмаса, қоққан қозиқдай қаққайиб? Бор, сўраган нарсасини бер тезроқ!
Бечора қиз нима қилишини билмай бир зум тараддудланиб қолди. Қолган бўлак унинг ўзиники эканлигини қандай қилиб унга тушунтиришни билмай ҳайрон эди. Отаси кеча кичик қизига бир ҳовуч шоколад олиб берган эди. Синглиси уларни еяётган пайтда у синлисидан кўзини узолмади. Унинг қараб туришидан жаҳли чиқиб, безовта бўлган синглиси худди инсон овқат еяётганда ўзига тикилиб турган мушукка - заҳарингга е(!), - қабилида, таомдан бир луқмани жаҳл билан отгандек, шоколаднинг бир бўлагини унинг юзига улоқтириб юборди. Бояқиш ердаги шоколад бўлагини қувонч билан қўлига олар экан, қанчалик егиси келиб турган бўлмасин, қанчалик кўнгли суст кетмасин, ўша заҳоти ейишга журъат қилолмади. Беркитиб қўйди. Вақти-вақти билан яшириб қўйган жойига бориб, уни томоша қиларди, бут-бутунлигига хотиржам бўлгач, емасдан яна жойига қўйиб қўярди. Бир марта жуда ҳам егиси келиб кетди, нафси ғолиб келиб, тишларининг учида ундан озгина тишлади. Аммо, бахтга қарши буни синглиси кўриб қолиб, дарҳол инжиқлиги тутди. Шоколад талаб қилиб ариллашга тушди.
- Ҳой, қуриб кетгур, лаънати, қани шоколад?-ўшқирди ўгай онаси.
- …
У индамади. Бироқ, кичик қиз:
Анув жойда ойи, анетта, лаънати мандан оп қўйди, - деди. Аёл ўз қизи билан эрининг қизини худди гумондорни терговга ҳайдаб олиб боргандек, қизи ишора қилган жойга судраб олиб борди. Қизча очиқ жиноят устида қўлга туширилиб, ашёвий далил - шоколад бўлаги унинг ҳавзасидан топилгач катта бало юз берди!..
- Вой ўғри, вой ифлос-ей, онанг шунга ўргатганми ҳали сани... Ўзингники бўлмаган нарсани ўғирлашга ўргатганми-а?..
Мажид онасининг хотирасига тил теккизилишидан бўлак ҳамма нарсага сабр қиларди. Аёл онасини тилга олаётганини эшитгач, ўзини тутиб туролмади.
- Мен сизга онам ҳақида гапиришга йўл қўймайман!..- деган сўзлар бўғзидан қандай отилиб чиққанини ўзи ҳам сезмай қолди.
Аёл унга ўгирилди. Енгини шимариб, унга қараб хезланди. У ҳар доим Мажидга озор бериш учун баҳона қидирарди. Атайин камситар, таҳқирлар, хуллас, бир амаллаб мувозанатидан чиқаришга уринарди. Мажид унинг барча хурмача қилиқларини пинагини бузмасдан, жимгина кўтарарди. Унда - ўзининг хатти-ҳаракатларига жавобан зиғирча эътибор ва аҳамият зоҳир бўлмаслиги аёлнинг жаҳлини бадтар қўзитарди, аламини келтирарди. Рақибни ерга уришнинг ширин мазасини тахир қилиб қўярди гўё. Шу боис, ғазабини қондириш ва аламидан чиқиш учун қулай пайт пойларди. Йўл қидирарди. Мана ҳозир ўша кутилган олтин фурсат топилган эди...
- Йўл қўймайсан?.. Ҳиҳ... Рижо этаман бей афанди! Билмасдан сиз жаноби олийларининг шаънингизга тил теккизиб қўйибманда-а? Аттанг, аттанг... эсизгина... афсус!..
Сани овқатингни бериш, хизматингни қилиш учун ҳориб чарчашларим етмайдими санга? Сан учун шунча ҳаракат қилсам ҳам сандан бир тийинлик фойда йўқ. Манави қора дафтарга ёзишдан бошқа нарсага ярамайсан. Санга синган шунча меҳнатларим увол. Лекин, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Бежиз айтишмаган экан, қазисан қартасан асл зотингга тортасан, деб. Сан ҳам онангни боласисан-да, ундан ўтиб қаёққаям борардинг...
- Онамни гапиришни бас қилинг деяпман, йўқса, ўзим овозингизни ўчираман... Шундай дея у аёлга яқинлашди.

Шунда пасткаш аёл бор кучи билан чинқириб, айюҳаннос солди. Мани урмоқчимисан номард?.. Нонкўр!.. Вой дод одамлар!.. Вой шўрим!.. Ёрдам беринглар!.. Бу қандай бедодлик?!.. Етим бола асрасанг оғзи-бурнинг қон қилур деганлари шуми – а?.. Вой опажонларим тезроқ келинглар...- дея ўкириб, бўкириб, шовқин-сурон кўтарди.
Шундай қилиб, шаллақи аёл ҳамма қўшниларни уйга тўплади. Мажид эса сассизгина ўз хонасига, тўғрироғи, хона деб номланувчи ўша бурчакка сирғаниб кириб кетди. Уйнинг янги бекаси ҳадеб унинг юзини кўравермаслик учун хонанинг бир бурчагига парда тортиб, унга ажратиб беришган эди...

* * *

Кечқурун ота уйга келди. У ҳар доимгидек қовоғи солиқ, хўмрайган, тунд бир қиёфада эди. Болалари унга томон журъатлари ошиб, эркаланиб кетмасликлари(!), ва оқибатда тарбиялари бузилиб кетмаслиги учун(!) уларнинг олдида сира ҳам табассум қилмасди. Тўғри, у илгаридан ундай эмасди. Лекин, уйга анави илон суқилиб кириб, унинг жисмига обдон ўз заҳарини тўккан, ва “Мажид билан синглиси жуда талтайиб кетган, ахлоқсиз болалар, уларни фақат қаттиққўллик ва талабчанликкина тузатади!”, деган тушунчани онгига сингдирган кунидан бошлаб у ўзига мана шу одатни жорий қилиб олган эди...
Аёл жуда ҳам тубан ва разил эди. Эри уйга қайтадиган вақт яқинлашганда ясаниб-тусанар, уйчи кийимларини ечиб, янгиларини киярди. Шу билан бирга ўша шайтоний башарани ҳам олиб қўйиб, унинг ўрнига ўз макри ва разиллиги ясаб берган - аллақандай маъсумият ва болаларча беғуборлик аломатлари зоҳир бўлиб турувчи - янги юзни киярди. Эри: ўз қизини уни қизидан ортиқ кўряпти, деб ўйламаслиги учун ҳар иккала қизни ювинтириб, ўхшаш кийимлар кийдириб қўйишни ҳам эсдан чиқармасди.
Шундай қилиб, эр уйга кирди. Аёл дарҳол унинг истиқболига чиқиб, садоқатли ёр, ҳижрон азобида адо бўлаёзган вафодор маъшуқа сингари шодлик билан кутиб олди. Бироқ, юзига бисотидаги гуноҳсиз жафо бўёғидан бироз ранг берган ҳам эдики, унинг-ла у - ҳаққи поймол қилинган мазлумадек кўринарди. Эрининг уёқ-буёғини қоқиб-суққач, кийимларини алмаштиришга ёрдамлашиш учун унинг кетидан хонага эргашди. Ётоқхонада унга бузилган, қўшиб-чатилган, сохта қиссани ҳикоя қилиб берди. Ва бутун вужудини болаларига нисбатан қаҳр ва ғазабга тўлдирди.

Тепа сочи тикка бўлган эр кўзига ҳеч нарса кўринмасдан хонадан отилиб чиқди. Қизини чақирди. Қиз қўрқа-писа, худди ўлимга олиб кетилаётган одамдек зўр-базўр қадам босиб, ер судралиб келди. Унинг олдида бўрининг чангалигадаги ориқ қўзичоқ мисоли титраб-қақшаб турарди. Ота баланд курсига ўтирди - гўёки у маҳкама арки эди – ва қизни бутун далиллар жиноятига гувоҳлик берган айбдор каби қаршисига турғазиб қўйди. Ўғирликнинг нақадар қабиҳ иш эканлигини тушунтирди. Уни уришиб, жеркиб, дағаллик қилар экан, ер остидан ўғлига қараб қўярди. Унинг ғазабнок, таҳдидли бу қарашлари Мажиднинг боши узра тўпланаётган қора булутлардан, унга кўланка солаётган ёмонликдан, хавф-хатардан дарак берарди.

* * *

Мажид синглиси бегуноҳ бўла туриб, ўғирликда айбланишига жим қараб туролмади, чин воқеани тушунтириш учун дадасининг олдига яқинлашди. Бироқ, шу билан ўз бошига ёмонликни вақтидан илгари сотиб олганининг фарқида эмасди...
Вулқон портлади, уй қаттиқ зилзила билан чайқалди. Ва унда дарғазаб отанинг қаҳрли овози гумбурлади:
- Холангни урмоқчимисан уятсиз, тарбиясиз? Лаънати!.. Ўн тўртга кирсам эр бўламан деб ўйладингми? Эркак киши ўз холасини урадими? Қўлингни синдираман сени,.. бадбахт...
- Онт ичаман, дада, бу тўғримас...
- Яна сурбетлик ҳам қилади-я, умуман виждонинг қолмаганми сени? Ўз холангни ёлғончига чиқармоқчимисан?
- Ёлғончига чиқармоқчимасман... Лекин у киши тўғри бўлмаган нарсаларни ҳам гапиряптилар...
Ота шу заҳоти ўзининг бутун куч-қувватию салобати, ва ёвуз хотини борлиғини тўлғизган разолат ила болага ташланиб, уни ақлдан озган мажнундек дўппослашга тушди. Уриб ҳам хуморидан чиқолмагач, ўғли бутун дарсларини ёзиб жойлаган қора дафтарни олиб бурда-бурда қилиб ташлади. Кейин у билан синглисини жазо тариқасида кечки овқатсиз қолдирди...

Эр-хотин ва уларнинг қизи бирга овқатланишди. Ҳатто ухлашга ҳам кириб кетишди. Бола эса ҳамон ўз жойида қотиб ўтирарди. Унинг кўйида тунларини бедор этган, уйқуси ва лаззатидан воз кечиб, кўзининг нурини, умрининг баҳорини жо қилган, орзу-умидларини, келажагини устига барпо қилмоқчи бўлган дафтарининг бўлакларига тикилганча, худди - шу ҳолатда жони танини тарк этган кишидек ҳаракатсиз ўтирарди... Анча вақт шу алфозда ўтиргач, бирдан ҳуши ўзига келиб, ўрнидан турди, ва, бомба яксон қилган жигарбандининг жонсиз бўлакларини битталаб йиғувчи онаизор сингари, сочилиб ётган дафтарининг парчаларини йиғишга киришди. Аммо, қараса, улар жуда ҳам майда-майда бўлиб кетганлигидан жамлашнинг иложи йўқ эди. Энди унинг “одам бўлиши” амримаҳол эди.
Энди у фақатгина анави тана бўлаклари қайта йиғилиб, гапирадиган, юрадиган росмана инсон бўлиб ўрнидан тургандагина ўқиб, ёзиш мумкин бўлган дафтар ҳолига қайтиши мумкин эди!..
Шундагина у имтиҳондан йиқилганига ишонч ҳосил қилди. Йилини бой берганини тушунди. Бу унга жуда улкан ва оғир келди. Асаблари бундай зулмга ортиқ дош беролмади. Кўзлари тиниб, боши айланиб кетди. Назарида бутун олам у билан қўшилишиб айланар эди. Кўз ўнгида ўткан кунлари худди кинофилм лентаси каби орқага айлана бошлади...

Унда ўша суюкли чеҳрани кўрди; Онасининг чеҳрасини. Унга дунёнинг барча аламларини унуттиргувчи шўх-шодон кулгисини, дунё кулфатларидан қочиб бориб, паноҳ топувчи илиқ бағрини кўрди. У соғлом, ёш ва навжувон эди.
Уйини кўрди. Унда фақат тинчлик, осудалик ва муҳаббат ҳукм сурарди. Отаси кўринди. У танида оталик руҳи жўш урган ҳақиқий ота эди. Кўзлари меҳрга, қўллари совғаю ҳадяларга тўла, тили эса барча ширин сўзлар-у кўнгилга ёқувчи гаплар билан нам ва лиммо-лим эди.
Яна лента айланади. Бу сафар онасини касал ҳолда кўради. Бироқ, унинг касалига унча эътибор бермайди. Ўткинчи бир бетоблик деб ўйлайди... Ўз шўхлигида, ўйин-кулгисида давом этади…
Кейин уйни кўради. Бу сафар унда ғайриодатий бесаранжомлик, изтироб ҳоким, хонадон аҳлининг юзларида қайғу зоҳир. Одам тумонат. Йиғи-сиғи товушларини эшитади. Қараса, улар уни узоқлаштиришмоқда, ундан ниманидир беркитишмоқда. Лекин у тушундики, онаси ўлган. Ўлган?! Бу сўз унинг фикридан - ҳар куни ёнидан ўтиб турувчи нотаниш, ўткинчи йўловчидек, ёхуд зерикарли манзарадек аҳамиятсиз, енгил ўтиб кетди.
Олдин ўлим ҳақида эшитган, китобларда ўқиган, лекин уни яқиндан кўрмаган, бу нарса унинг уйига кирмаган эди. Яқинлари, туғишганлари тимсолида ҳали унинг мазасини тотмаган эди. Лекин, кунлар тезда ўлим нималигини унга ўргатиб қўйди.
Эртаси куни эрталаб, онаси учун энг суюкли бўлган, - ўша кунларда отаси учун ҳам азиз бўлган- синглисининг йиғисидан уйғониб кетди. Кўзларини очди, бироқ, синглисининг ёнида уни эмизиб, бағрига босадиган ойисини кўрмади. Синглисининг йиғиси тобора кучая борди. Бола: Ойи, ойижон,.. – дея онасини чақира бошлади. Негадир “лаббай болам!”, - деган жавоб ҳадеганда эшитила қолмаяпти. Кейин ўрнидан туриб, хонадан хонага кириб, уни қидиришга тушди. Бироқ, онасининг ўрнига отаси ва у билан ўтирган бир тўда қариндошларининг устидан чиқди. Улар ҳам йиғлаб ўтиришар эди. Улардан ойим қаерда, - деб сўради. Жавоб беришмади...
Мактабга кетаётганда ҳам ойисини чақирди, лекин, ойиси унинг сумкасини тайёрлаб, кийимларини кийдириб қўйиш учун келмади. Бугун эшикдан чиқаётганда уни ўпиб, қучоқлаб, ҳеч ким билан урушмасликни, кўчаларни чангитиб, дайдирайлаб юрмасликни тайинлаб, кузатиб қўймади.
Эшикдан узоқлашар экан, ойиси уни ўз одатига кўра бошқатдан ўпиб, қайта бағрига босиб, насиҳатини такрор қулоғига қуйиш учун яна чақириб олишини кутди. Шундай умид билан билан анча йўлгача орқасига ўгирилиб, дарвоза томонга қараб-қараб қўйди. Бироқ ундай бўлмади... Умидлари пучга чиқди... Мактабдан қайтганда эса синглисини бегона бир аёл эмизиб ўтирарди... Нега уни бегона хотин эмизади? Онам қани?!-ўйлади у.

* * *

Лента айланишда давом этади. Отасини -ўзи учун- ҳам ота, ҳам она бўлишга ҳаракат қилаётган меҳрибон, мулойим ота сифатида кўради. Бироқ, бу ота ўша машъум кундан бошлаб ўзгариб қолади.
Ўша машъум кунни ҳам кўради;
Отаси унга: Мажид, сенга янги она келади,- деган кунни...
Янги она?..
Бу сўзни у аввал эшитмаган эди. У - қандай қилиб, янги ука, ёки янги сингил келишини биларди. Онаси уни қорнидан туғиб беради вассалом. Аммо янги оначи, у қаердан туғилади?..
У кутди, ва янги она ҳам келди. У дилбар эди. Башанг кийинган, ёноқлари шафақ тусида, лаблари қип-қизил, ҳамманинг лабидака эмас. Мажид бу хотин лабининг ғалати рангидан ажабланиб, унга узоқ тикилиб қолди... Бироқ, уни сева олмади, қалби унга нисбатан мойиллик ҳам туймади.
Янги она илк кунларида янги чиққан ниҳол каби мулойим ва латиф эди. Аммо, кунлар ўтиши билан ерга чуқур илдиз отиб, ўз ўрнида мустаҳкам ўрнашиб олгач, улкан дарахт танасидек қуруқ, дағал ва қаттиқ бўлиб қолди, гарчи, ўзининг серсув, серсоя барглари, мафтункор очилган гуллари ва тароватли манзараси билан атрофдагиларга фириб бераётган бўлса ҳам.
Анави қизини туққач эса жозибали аёл терисига яширинган илон суратидаги шайтонага айланди қолди. Ботини илон қиёфасидаги шайтона бўлган ҳусндор аёлдан Аллоҳ сақласин!
Шу жойга келганда жонажон ўтмиш лавҳалари ўчди. Ғалтакда ингроқ билан айланаётган лента бундай бахтсиз ниҳояга чидаёлмай чийиллай-чийиллай, талваса билан ҳаракатдан тўхтади. Жони узилди. Филм тугади. Ундан фақат мана шу - сўнгги хунук, ёқимсиз кадргина қолди. Унинг кўз ўнгида бу қабиҳ манзара борган сари катталашиб, буюклашиб охири уни чулғаб олди, ҳаётини эгаллаб олди. Ва ундан хотира зиёсини, умид нурларини тўсиб қўйди...
Шу пайт тўсатдан эшитилган қаҳқаҳа товуши Мажиднинг хаёлларини остин-устин қилиб юборди. У сесканиб кетди. Кулгининг акс садоси бамисоли автоматдан отилган қўрғошин доналари каби кўксига қадалиб, юрагини илма-тешик қилди. Бу - онасининг ўрнини эгаллаган аёл қаҳқаҳаси эди. Ора-чорада бу қаҳқаҳани отасининг пастроқ товушдаги кулгиси оралаб ўтарди...

У негадир, бирдан сергак тортди. Атрофга диққат билан қулоқ тутди. Узоқдан паст овоздаги, эзгин, давомли йиғи товуши келарди. Шундагина унутиб қўйган синглиси ёдига тушди. Қорнининг очлиги бечоранинг ҳам кечки овқатсиз тунни ўтказаётганини эсига солди. Ким билсин, балки, у нонуштасиз, балки, тушликсиз ҳам қолгандир. Сабаби, анави мужрима унга тинчлик бермай уззукун ўзи билан қизининг хизматида ишлатади. Ошхонани унинг юзига атайин қулфлаб қўйиб, кун бўйи атиги бир бурдагина нон беради. Ўзининг қизини эса хоналардан бирига олиб кириб, беркитиқча овқатлантириб чиқади. Кеч тушиб, отаси уйга келган вақтларда эса яна ўша покиза ва олийжаноб юзини кийиб олиб, қизнинг касаллигидан, заифлигидан шикоят ҳам қилиб қолади:
- Дадаси, манави бечора жуда камовқат, чимхўр-да, ҳеч овқатланмиди, .. уни қаранг, озиб кетганини,.. скелет бўлиб қолган... пуф десангиз учиб кетади... дўхтирга обориш керакмикин-а?.. Нима дедиз?..
Тил учида, бир мақсадни кўзлаб айтилаётган бу сўзни эр “нотўғри тушунишидан” қўрқиб кетиб, дарров тузатиб ҳам қўяди:
- Лекин,.. дўхтир нимаям қиберарди, бу қиз жудаям ўжар, қайсар бўса... Овқатга чақираман ҳеч емиди... Жуда итфеълда бунингиз...Бунақада ўжарлиги бошига етади буни...
Шунда адаси уни чақиради, ва:
- Ўв қиз, нимага ўжарлик қиласан? Овқатингни е, тушундингми? Агар емасанг калтак ейсан!.. – деб койийди.
Қиз отасига итоат қилиб, бирон нарса ейиш учун дастурхонга яқинлашади. Бироқ отасининг орқасидан унга олайиб, ёмон кўз билан қараб турган аёлга кўзи тушган заҳоти жойида таққа тўхтаб қолади. Айни дамда унинг юзи чиябўрининг юзига айланиб қолгандек бўлади... Буни кўриб, қўрққанидан орқасига тисарилади, дастурхонга қўл чўзишга ботинолмайди.
- Ана, ман нима дидим сизга, - дейди маккора аёл, юзидаги ниқобини сездирмасдан алмаштиришни қойил қилгач, - этмаганмидим сизга, бу қиз жуда қайсар бўб кетган, тарбиялаш керак деб?..
Эр тасдиқ маъносида бош ирғаб қўяди, ва қизининг юзига шапалоқ тортиб, қулоғидан чўзади, сўнг “йўқол бу ердан!” деб хонадан хайдаб чиқариш билан тарбия қилган бўлади. Шундай қилиб, ҳар оқшом унинг кечки овқати шу тартибда ўтади...

* * *

Мажид ўрнидан туриб, синглисини олдига борди. Уни кўтариб, бағрига босди:
- Сенга нима бўлди оппоғим?.. Нега йиғлаяпсан?.. Бўлди қил, асалим!..
- Қорним оч!.. ... ...
Қорним оч?.. Хммм... хўрсинади... Бу вақтда қаердан опкелади энди овқатни?.. Ошхона қулф бўлса?.. Энди нима қилади?... Қайси тошга уради энди бошини?..
Шундай бўлса-да ожиз бир умид билан ўрнидан туриб, егулик қидира бошлади...
Бахтига ошхона эшиги очиқ турган эди. Буни кўриб қувониб кетди. Ахир, у – бу хонани ҳар доим қулфлоғлиқ ҳолдагина кўрарди. Стол устида қолган-қутган емаклар бор эди. Улардан олиб, синглисининг олдига учди. Синглиси совиб, кесакдек бўлиб қолган овқат қолдиқларини шодланиб, иштаҳа билан ейишга киришди, гўёки у аввалдан эркатой бўлмагандек,.. гўёки, хоҳиши қайтарилмайдиган, мингта нарса талаб қилса ҳам битта талаби рад қилинмайдиган суюкли, арзанда қиз бўлмагандек!..
Отаси ва ўгай синглисидан қолган овқат қолдиқларини ҳузур билан, ютоқиб еяётганини кўриш, уни устига уларни синглиси учун ўғринча олиб келиб бераётгани Мажиднинг дилини қаттиқ жароҳатлади. Мозий сувратлари яна қайтиб келди. Хотиралар денгизи ғалаён қилиб, жисмида туғён урди. Унинг қутурган тўлқинлари Мажидни ўз комига торта бошлади. Қаршисида яна ойиси пайдо бўлди. У уни ўзига чорлар эди. Унинг нидоси қулоғига рўйирост эшитилди.
- Мажид, қўзичоғим, сени соғиниб кетдим.... келақол ўзимга, сени бир бағримга босай...
Мажид “қўзичоғим” деган сўзни эшитмаганига анча йиллар бўлиб кетганидан, деярли унутаёзган эди. Онасининг вафотидан сўнг ҳеч ким уни бундай эркаламаган. Фақат хаёллари ва тушларидагина онаси эркаларди.
- Мен ҳам сизни соғиндим ойижон... Оиша ҳам жуда соғинган...
Ҳар доим ички дунёсида, қалбида намоён бўлувчи бу хаёлот бу гал тажассум этиб, кўз ўнгида гавдаланди. Ҳозирини буткул унуттириб, уни мозийга қайтарди... Энди синглиси тимсолида етим ва мазлума қизни эмас, балки, уни бағрига босиб, меҳр кўргазувчи, суйиб, эркалагувчи онаси бор бўлган - кўнгли бутун, маҳбуба, эрка қизалоқни кўрарди...
Энди йиртиб ташланган дафтарини ҳам, зое бўлган келажагини ҳам, аччиқ ҳаётини ҳам эсидан чиқариб, қулоғига мозийдан келаётган садога... онасининг нидосига қулоқ тута бошлади...
- Тур сингилжоним, ойингни товушини эшитмаяпсанми?.. Кетдик онамизни олдига...
Баногоҳ қиз ҳуркиб кетди. Қўрқувга тушиб, орқага тисланди. Чунки, у - ўзи учун - анави мужрима аёлдан бошқа онани билмасди... Унинг номини эшитиши билан вужудини титроқ босди... Олдига боришга кўнмади... Бор кучи билан ерга ёпишиб олди...
Бу аёлнинг энг қабиҳ жинояти ҳам шунда эдики, у норасида қиз онгида инсоният таниган энг гўзал суратни - она суратини бузиб, хунук бир ҳолатга келтирган эди. Она деганда у фақат бераҳм, қаттиққўл, тошбағир ва ёқимсиз бир махлуқнигина тушунарди.
- Келақол Оиша, ойимизни олдига борамиз... ўзимизни чиройли ойимиз... Яхши ойимиз... У сени ҳақиқий ойинг бўлади... У нарёкда... Чиройли бир жойда... Жаннатда... Ойимизни товушини эшитмаяпсанми?..
Мажид Оишанинг қўлидан тутиб, эшик олдига келди. Уни очди ва синглисини кўтариб олиб, қулоғи остида ширин жаранглаётган ёқимли товуш етовида онаси мавжуд бўлган макон сари секин-аста юриб кетди...

* * *

Эртасига эрталаб одамлар жаридалардан ушбу хабарни ўқидилар: “Кеча тунги рейдда патруль хизмати томонидан эски қабристондан олти ёшдаги юпун кийинган, эти устухонига ёпишиб кетган, ориқ бир қизча билан ўн тўрт ёшлардаги бола топиб олинди. Болалар дархол касалхонага ётқизилди. Чунки, қизалоқнинг аҳволи ёмон, ўлим арафасида эди. Афтидан очлик, изғирин ва қўрқув унинг соғлиғига жиддий шикаст етказган. Шифокорларнинг сўзларига қараганда, унинг ҳаётини сақлаб қолиш мушкул. Фақат мўъжиза билангина ўлимдан қутулиб қолиши мумкин. Бола эса кучли безгак таъсирида алжираб ётипти. Дам имтиҳонни эслайди, дам қора дафтарни. Дам уни чорлаётган ойисини тилга олади, дам илонга ўхшайдиган қандайдир аёлни...”.

(“Шайх Тантовий дурдоналари” китобидан Алишер Рихсиддин таржимаси)

 
« Олдинги   Кейинги »