Qomus

Abasa

АБАСА. Луғатда «қош чимирди» деган маънони англатади, Қуръони каримнинг саксонинчи сураси номи, Маккада нозил бўлган, 42 оятли. Бу сура ҳузурларига келган кўзи ожиз кишига рўйхушлик бермаганлари учун Пайғамбар алайҳиссаломга танбеҳ бериш билан бошланади (шунинг учун у шундай деб номланган) ва у зотга зиммаларидаги вазифалар яна бир бор уқтирилади. Сўнгра Қуръон оятлари Аллоҳ таоло томонидан панд-насиҳат олувчи бандаларга юборилган бир эслатма экани таъкидланган. Шунингдек, унда инсон ўзининг қаердан келиб, қаерга бориши, кейинги ҳоли нима кечиши, инсон учун яратилган ноз-неъматлар эвазига у иймон келтириб, Аллоҳга шукр қилиши лозимлиги баён этилади.

Abbod ibn Bishr

АББОД ибн БИШР. Аббод ибн Бишр ал-Ансорий (р.а.), Мадинада Исломга биринчилардан бўлиб кирган таниқли саҳобийлардан. Мусъайб ибн Умарнинг даъватидан сўнг мусулмон бўлганлар. Тақводор, ҳалол, омонатдор, Қуръони каримни тинмай қироат қилиб юрувчи обид зот бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан барча ғазотларда қатнашганлар. Ҳазрати Оиша: «Ҳеч ким фазл жиҳатидан учта ансорийга бас келолмайди. Уларнинг бари Бани Абдулашҳал қавмидан: Саъд ибн Муоз, Усайд ибн Худайр, Аббод ибн Бишр», деганлар. Абу Бакр Сиддиқ замонларида диндан қайтган муртадларга қарши урушда шаҳид бўлганлар.

Abbod ibn Tamim

АББОД ибн ТАМИМ. Аббод ибн Тамим ибн Ғозий ал-Ансорий ал-Музаний,_таниқли тобеъинлардан, атоқли муҳаддис олим. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан кўришгани ҳақида ривоятлар ҳам бор. Аббоднинг акаси Ҳабиб ибн Зайдни (р.а) пайғамбарлик даъвосини қилган Мусайламатул Каззоб қиймалаб ўлдирган. Кейинчалик амакиси саҳоба Абдуллоҳ ибн Зайд (р.а.) Ваҳший билан бирга Мусайламани ўлддиришган. Аббод Расули акрамдан бир неча ҳадислар ривоят қилган.

Abbon ibn Usmon

АББОН ибн УСМОН. Аббон (Уббон) ибн Усмон ибн Аффон, ҳижрий 22 йили туғилган, Ҳазрати Усмоннинг (р.а.) ўғиллари, таниқли муҳаддис, муаррих. Пайғамбаримизнинг сийратларига доир «Ал-Мағозий» китобининг муаллифи. Жамал жангида Ҳазрати Оиша томонларида туриб урушган. Абдулмалик ибн Марвон уни бироз вақт Мадина волийи қилиб тайинлаган. Бу зотнинг Мовароуннаҳрда ҳам бўлгани ҳақида ривоятлар бор. Ҳижрий 105 (милодий 724) йили вафот этган.

Abbos ibn Abdumuttalib

АББОС ибн АБДУЛМУТТАЛИБ. Абу Фазл Аббос ибн Абдулмутталиб (р.а), Расули акрамнинг (с.а.в.) амакилари, Макканинг Қурайш қабиласидан, ҳошимий уруғидан. Расулуллоҳдан икки ёки уч ёш катта бўлганлар. Пайғамбаримизнинг болаликдаги ўртоқлари эди. Жоҳилият даврида Қурайшнинг пешволаридан, Каъбада сиқоя вазифасини бажарганлар. Авлодлари Аббосийлар халифалигига асос солган. Расулуллоҳнинг мадиналиклар билан учинчи Ақоба учрашувларида бу кишининг хизмати катта бўлган. Бадр ғазотида маккалик мушриклар тарафида қатнашишга мажбур бўлганлар. Асир тушиб, товон тўлагач мусулмон бўлганлар. Уҳуд ғазотида қатнашмасалар-да Қурайшнинг Мадинага қарши урушга тайёргарлигини Пайғамбаримизга маълум қилдилар. Макка фатҳидан олдинроқ ҳижрат учун йўлга чиқиб, йўлда мусулмонларга қўшилгач муҳожирларнинг охиргиси бўлдилар. Макканинг қон тўкилмай фатҳ этилишида хизматлари катта. Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ ёнларида туриб жанг қилганлар. Номлари Вадо хутбасида тилга олинган. Расули акрамдан 35 та ҳадис ривоят қилганлар. Пайғамбаримизнинг жанозаларини ҳозирлашда қатнашган энг яқин ақраболар орасида Аббос ҳам бўлганлар. Ҳазрати Усмон (р.а.) даврларида, ҳижрий 32 (милодий 652) йили саксон саккиз ёшда Мадинада вафот этдилар. Жанозаларини Ҳазрати Усмон ўқидилар. Қабрлари Бақиъда.

Abbosiylar

АББОСИЙЛАР. Ислом тарихига умавийлардан кейин қадам қўйган сулола номи. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталибнинг зурриёдларидир. Унга Абул Аббос ас-Саффоҳ асос солган, охирги халифа Мустаъсим бўлган. Аббосийлар ҳижрий 132-656 (милодий 750-1259) йилларда, яъни беш асрдан зиёд халифалик қилишган. Шиорлари қора байроқ бўлган. Улар даврида халифалик пойтахти Дамашқдан Бағдодга кўчирилган, иқтисод-савдо ва маданий соҳалар гуллаб-яшнаган. Охирги халифани мўғуллар хони Ҳалоку (Хулогу) қатл эттирган. Аббосийлардан машҳурлари Маҳдий (775-785), Ҳорун ар-Рашид (786-809). Маъмун ((813-833), Муътасим (833-842) лардир. Аббосий халифалар қуйидагилар:

1. Саффоҳ + ҳижрий 132/ милодий 750
2. Мансур + ҳижрий 136/ милодий 754
3. Маҳдий + ҳижрий 158/ милодий 775
4. Ҳодий + ҳижрий 169/ милодий 785
5. Ҳорун ар-Рашид + ҳижрий 170/ милодий 786
6. Амин + ҳижрий 193/милодий 809
7. Маъмун + ҳижрий 198/ милодий 813
8. Муътасим + ҳижрий 218/ милодий 833
9. Восиқ + ҳижрий 227/ милодий 842
10. Мутаваккил + ҳижрий 232/ милодий 847
11. Мунтасир + ҳижрий 247/ милодий 861
12. Мустаъин + ҳижрий 248/ милодий 862
13. Муътазз + ҳижрий 252/ милодий 866
14. Муҳтадий + ҳижрий 255/ милодий 869
15. Муътамид + ҳижрий 256/ милодий 870
16. Муътазид + ҳижрий 279/ милодий 892
17. Муктафий + ҳижрий 289/ милодий 902
18. Муқтадир + ҳижрий 295/ милодий 908
19. Қоҳир + ҳижрий 320/ милодий 932
20. Розий + ҳижрий 322/ милодий 934
21. Муттақий + ҳижрий 329/ милодий 940
22. Мустакфий + ҳижрий 333/ милодий 944
23. Мутеъ + ҳижрий 334/ милодий 946
24. Тоиъ + ҳижрий 363/ милодий 974
25. Қодир + ҳижрий 381/ милодий 991
26. Қоим + ҳижрий 422/ милодий 1031
27. Муқтадий + ҳижрий 467/ милодий 1075
28. Мустазҳир + ҳижрий 487/ милодий 1094
29. Мустаршид + ҳижрий 512/ милодий 1118
30. Рашид + ҳижрий 529/ милодий 1135
31. Муқтафий + ҳижрий 530/ милодий 1136
32. Мустанжид + ҳижрий 555/ милодий 1160
33. Мустазиъ + ҳижрий 566/ милодий 1170
34. Носир + ҳижрий 575/ милодий 1180
35. Зоҳир + ҳижрий 622/ милодий 1225
36. Мустансир + ҳижрий 623/ милодий 1226
37. Мустаъсим + ҳижрий 640-656/ милодий 1242-1258

Abd

АБД. Луғатда «қул» дегани. Асосан Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги муносабатга нисбатан қўлланадиган истилоҳ. Чунки инсон Аллоҳнинг қули, бандаси, Унинг амр-фармонларига бўйсунувчи махлуқидир. Бу сўз Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига қўшилиб, аксари ҳолларда мусулмонлар исмининг таркибий қисмига айланади. Масалан, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдужаббор, Абдукарим, Абдураззоқ каби.

Abdon Junujirdiy

АБДОН ЖУНУЖИРДИЙ. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Жунужирдий ал-Марвазий, лақаби Абдон, шофеъий мазҳабининг улуғ фақиҳи, муҳаддис. Милодий 835 йили Марв яқинидаги Жунужирд қишлоғида туғилган. Илм талабида Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср бўйлаб саёҳатга чиққан ва шофеъийлар фиқҳини пухта ўрганган. Марв муфтийи бўлган. Фиқҳ ва ҳадис илмига доир учта асари бор. Милодий 906 йили вафот этган. Қабри Марвда, Абдуллоҳ ибн Муборак турбати қаршисида.

Abdul Barr Qurtubiy

АБДУЛ БАРР ҚУРТУБИЙ. Юсуф ибн Абдуллоҳ ал-Қуртубий ал-Моликий, Моликий мазҳабининг буюк имоми ва олими. Андалусияда таҳсил олган ва шу ерда яшаган. Унинг «Ат-Тамҳид», «Ал-Истизкор». «Фароиз ибн Абдул Барр» каби асарлари машҳур. Ҳижрий 463 йилда вафот этган.

Abdulaziz Halvoniy

АБДУЛАЗИЗ ҲАЛВОНИЙ. Шамсул-аимма Абдулазиз Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний, Мовароуннаҳрнинг атоқли ҳанафий олимларидан. Дастлаб Бухорода таҳсил олган, кейин илм талабида кўпгина мамлакатларга сафар қилган. Иқтидори ва салоҳияти туфайли «Имомлар қуёши» унвонига сазовор бўлган. Сарахсий, Фахрул-Ислом Баздавий, Абул Юср Баздавий, Заранжий каби олимлар унинг шогирдларидир. Унинг фиқҳга оид «Ал-Мабсут» асари ўз даврида машҳур бўлган. Милодий 1056 йилда Кешда вафот этган, қабри Қаршида.

Abdulaziz qori

АБДУЛАЗИЗ ҚОРИ. Абдулазиз қори Маҳмуд мулла Шомирза ҳожи ўғли, Ўзбекистон қориларининг устози. 1902 йилда Андижон вилоятининг Хонобод мавзеида уламо оиласида туғилган. Икки йилда Қуръони каримни тўла ёд олиб, Каломуллоҳ ҳофизи бўлди. 1927 йилда устози Рўзи қори билан Қашқар (Шарқий Туркистон)га ҳижрат қилди. У ерда ўттиз икки йил мобайнида минглаб талабаларнинг Қуръон саводини чиқарди, Қашқарнинг машҳур олимларида ўз илмини такомилига етказди. Эллигинчи йилларда Хитойда динсизлик кучайиб кетгач, 1959 йилда оиласини олиб Тошкентга қайтди. Юртида ҳам ўттиз икки йил Қуръон зиёсини миллатдошларига улашди, кўплаб қориларга устозлик қилди, Алихон Соғуний каби улуғ олимлар билан ҳамфикр, ҳамкор бўлди. 2006 йил августида бир юз тўрт ёшида Тошкентда вафот этди.

Abdulbosit qori

АБДУЛБОСИТ ҚОРИ. Фазилатли шайх Абдулбосит Абдуссамад, дунёга машҳур қори, Қуръон қироати устозларидан. Ҳижрий 1346 (милодий 1927) йили Мисрнинг Армант шаҳрида туғилган. Ўн ёшга етмасдан шайх Муҳаммад Салим қўлида Қуръони каримни тўла ҳифз қилди ва етти қироатни ўрганди. Миср радиоси орқали бериладиган шайх Муҳаммад Рифъат, Абдулфаттоҳ Шаишаъ, Мустафо Исмоил кабиларнинг қироатини соатлаб тинглар, уларга ўхшашни Аллоҳдан сўраб дуо қилар эди. 1950 йили хуш савт билан қилаётган қироатини эшитган уламолар уни Қоҳирага таклиф этишади. У чиройли қироат, мукаммал тажвид орқали машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб танилди, довруғи оламга ёйилди. 1951 йилдан Миср қорилари шайхи Заббоънинг таклифига биноан радио орқали тиловат қила бошлади. 1952 йилдан Имом Шофеъий масжиди қориси, 1985 йилдан эса шайх Маҳмуд Али Банно ўрнига Ҳусайний масжиди қориси бўлиб ишлади. 1984 йилдан вафотига қадар Миср қорилари касаба уюшмаси раҳбари эди. Шундан кейин у Саудия Арабистонидаги Масжидул-Ҳаром, Масжидун-Набийда, Марокаш, Покистон, Индонезия, Америка ва бошқа ўлкаларда ҳам қироат қилиб, барчани Қуръон мўъжизаси ва фасоҳати ила ошно қилди. Франсия пойтахти Парижда Қуръони карим сураларини ёқимли овозда, маромига етказиб ўқиганида фаранглар узоқ муддат қарсаклар билан олқишлашди. Мамлакат газеталари унинг маҳоратига тан бериб, «афсонавий овоз соҳиби» дея атади. Бундан таъсирланган ўндан ортиқ киши мусулмон бўлди. Унинг беш нафар ўғли ҳам мураттаб қори бўлиб етишган. 1988 йили олтмиш бир ёшида Қоҳирада вафот этган.

Abdulg`ani Abdulloh

АБДУЛҒАНИ АБДУЛЛОҲ. Абдулғани Абдуллоҳ, Ўзбекистоннинг таниқли дин арбобларидан. 1928 йилда туғилган. Бухородаги Мир Араб мадрасасини ва Тошкент Давлат педагогика институтининг тарих факултетини битирган. Йигирма бир йил «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлади, кейинчалик Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ноиби вазифасини бажарди. Имом Бухорий «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»ининг 4-жилдини арабчадан таржима қилган, унинг «Мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари» ҳамда бошқа бир неча асарлари чоп этилган. 1999 йилда Тошкентда вафот этган.

Abdulhamid Keshiy

АБДУЛҲАМИД КЕШИЙ. Абу Муҳаммад Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср ал-Кеший ал-Қураший, Кеш (Шаҳрисабз)да ҳадис ва фиқҳ мактабига асос солган йирик олим ва тилшунос. Отаси Ҳумайд асли бағдодлик йирик олим бўлган. Жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган талабалар Кешийдан дарс олишган. Фиқҳ, тафсир, ҳадис илмлари ва тилшуносликка доир еттита асар ёзган. Хотираси ниҳоятда кучли бўлганидан ҳадис ёд олишда Имом Бухорийдан қолишмаган. «Ат-Тафсир», «Ал-Муснад» асарлари, араб тили сарфи ва наҳвига доир китоблари машҳур. Ҳижрий 249 (милодий 864) йили вафот этган.

Abdulhaq ibn Abdurrahmon

АБДУЛҲАҚ ибн АБДУРРАҲМОН. Абу Муҳаммад Абдулҳақ ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ибн Саъид ал-Аздий ал-Ишбилий, ҳижрий 510 йили туғилган. Атоқли уламолардан, ҳадис билимдони, ҳофиз, Андалусиянинг Бижай шаҳри имом-хатиби. Ислом фиқҳи ва ҳадис илмларини чуқур билган. Расулуллоҳ (с.а.в.) йўлларига содиқ, тақволи, зуҳдли, художўй олимлардан бўлган. Бир неча асарлари бор. Ҳижрий 581 йилда Ишбилия (Севилия) да вафот этган.

<< [Аввалги] < [Кейинги] 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 [Олдинга] > [Охирига] >>

RD Glossary by Run Digital