1445 йил 7 зулҳижжа | 2024 йил 13 июнь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича

14:05 / 18.07.2017 3490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг Аллоҳнинг Расули эканимга, У Зот мени ҳақ ила юборганлигига шаҳодат келтирмагунча; ўлимга иймон келтирмагунча; ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирмагунча ва қадарга иймон келтирмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мўмин-мусулмон киши иймон келтириши лозим бўлган тўрт нарсани алоҳида таъкидламоқдалар. 

Шу тўрт нарса ичида қадарга иймон келтириш ҳам бор. Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчига кучли таъсир қилувчи олий услубни ишлатмоқдалар. Яъни, «Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунча мўмин бўла олмайди», демоқдалар. 

Бу комил иймон ушбу тўрт нарсадан иборат, дегани эмас, албатта. Лекин мазкур тўрт нарсага иймон келтириш ўта муҳим эканини, буларсиз иймон ҳақида сўз ҳам очиб бўлмаслигини таъкидлашдир. Сўнгра ўша тўрт нарсани батафсил баён қилишни бошлайдилар.

1. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг Аллоҳнинг Расули эканимга, У Зот мени ҳақ ила юборганлигига шаҳодат келтирмагунча».

Бу тавҳид калимасидир, иймоннинг аслидир, инсоният учун энг зарур нарсадир. Шу нарсага иймон йўқ экан, бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Мана шу шоҳидлик бўлмаса, амаллар ҳам қабул қилинмайди. Инсоният фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиши, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги Пайғамбар деб билиши керак. Аллоҳ у кишини ҳақ дин билан юборганини тан олиши керак. Ким шуни тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа, мўмин бўлади, акс ҳолда мўмин бўла олмайди.

2. «ўлимга иймон келтирмагунча». 

Яъни, ўлимнинг ҳақ эканини тан олади. Ана шунга ишониб, ўлимни кўз олдига келтириб яшайди. Бу ҳар бир инсон учун вожиб эътиқод эканини ва унинг ниҳоятда зарур эканини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўлимга ишонмаган, уни кўз олдига келтириб яшамаган одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Халқ ичида ёмон одамлар ҳақида «ўлмайман, деб ўйлармикан», деган гап юради. Бу – унинг ёмонлиги ўлимга иймони йўқлигидан деб билишдандир. Ўлимни эслаш ҳар бир инсон учун ўта зарур бўлганидан ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимга иймон келтиришни тўртта муҳим нарса ичида, Аллоҳга ва Расулга иймон келтиришдан кейин зикр қилмоқдалар.

3. «ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирмагунча».

Агар бу иймон бўлмаса, ўлимга ишонишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш, бу дунёда қилинган ишларнинг сўроқ-саволига ишониш демакдир. Бу эса ўз навбатида, инсонни доимо яхшилик қилишга чорловчи омилдир. Агар дунёдаги ёмонликлар асосан ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон йўқлиги ёки унинг заифлигидан келиб чиқади, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда қайта тирилишга бўлган иймон алоҳида таъкидланиб келмоқда.

4. «қадарга иймон келтирмагунча». 

Бу қадарга бўлган иймоннинг нақадар муҳимлигининг яна бир бор таъкидидир. Бу ҳақда ушбу бобнинг аввалидан бошлаб сўз юритиб келинмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар ва унинг ҳикматлари юқоридаги фикр-мулоҳазалардан очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Беш вақт намозлар худди сизлардан бирингизнинг эшиги олдидан лиммолим бўлиб давоми...

3707 09:10 / 10.03.2018
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдик, шу пайт оппоқ кийимли, давоми...

3261 08:15 / 21.12.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Беш вақт намозлар ҳамда жумадан жумагача ўз ўрталарида бўлган гуноҳларга давоми...

3166 10:40 / 12.03.2018
Абу Умома Судай ибн Ажлон алБоҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таолога икки томчи ва икки оёқ изидан маҳбуброқ давоми...

3667 10:40 / 06.07.2018
Аудиолар

122860 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

44109 14:35 / 11.08.2021