1445 йил 7 зулҳижжа | 2024 йил 13 июнь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Ақли-ҳуши жойида бўлган кишилар учун шуларнинг ўзи кифоя

19:00 / 14 май 619 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ

«Ҳеч бир шаҳар-қишлоқ йўқки, уни қиёмат кунидан аввал ҳалок қилувчи бўлмасак ёки шиддатли азоб-ла азобловчи бўлмасак. Бу китобда битилгандир» (Исро сураси, 58-оят).

Аллоҳ таоло дунёдаги турли юртларни гуноҳи ва исёнига яраша азоблаб ёки ҳалок қилиб бораверади. Бу нарса тарихда собит ва шубҳасиз ҳақиқатдир. Бориб-бориб, қиёмат бўлишидан олдин, ўша вақтда ҳозир бўлганларнинг ҳаммасини ҳалок этади ва сўнгра қиёматни қоим қилади.

«Бу китобда битилгандир».

Яъни ҳеч бир юрт қолмай, азобга ёки ҳалокатга учраши Аллоҳнинг ҳузуридаги китобда – Лавҳул Маҳфузда очиқ-ойдин битилгандир.

Ақли-ҳуши жойида бўлган кишилар учун шуларнинг ўзи кифоя. Аммо кофиру мушриклар буларга ишонмай, турли мўъжизалар кўрсатилишини талаб қиладилар. Жумладан, улар Муҳаммад алайҳиссаломдан ҳам ана шундай мўъжизалар келтиришни талаб этишгани маълум ва машҳур. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг турли сура ва оятларида қайта-қайта зикр қилинган. Келаси оятда ҳам ўша сўралган мўъжизалар нима учун келтирилмаётгани баён этилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

«Оят(мўъжиза)ларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унга зулм қилдилар. Оят(мўъжиза)ларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз» (Исро сураси, 59-оят).

«Ҳозир Макка мушриклари лол қолдирувчи оят – мўъжиза талаб қилаётган бўлсалар ҳам, уларнинг талаби бўйича мазкур оят – мўъжизаларни юбормаётганимизнинг сабаби аввалги умматлар ҳам шундай мўъжизаларни талаб қилиб, уларни келтирганимизда, мўъжизаларни ёлғонга чиқариб, иймон келтирмай, кофирлигича қолганларидир».

Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят – мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари охирги уммат бўлганлари учун Аллоҳ уларни бутунлай ҳалок этишни ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак. Ҳа,

«Оят(мўъжиза)ларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди».

Шунга кўра, уларнинг талабларига биноан, мўъжиза юборилмайди. Балки тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўтган умматлардан моддий-ҳиссий мўъжиза талабгорларининг оқибати нима бўлганини ўйлаб кўришга даъват қилинади. Мисол учун айтадиган бўлсак:

«Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик».

Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмлари Самуд ҳам Аллоҳнинг пайғамбарига иймон келтирмай, мўъжиза талаб қилган эдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга харсанг тошдан мўъжиза ўлароқ бир туя чиқариб берди. Бу туя уларнинг ғафлат кўзларини очувчи мўъжиза эди. Лекин улар талабларига кўра юборилган мўъжизага ишонмадилар. У туяни сўйдилар.

«Бас, унга зулм қилдилар».

Оқибатда Аллоҳ таоло у қавмни ҳалок қилди.

«Оят(мўъжиза)ларни фақат қўрқитиш учунгина юборамиз».

Одамлар ўша оят – мўъжизаларнинг кетидан ҳалокат келишидан қўрқсинлар ва шунга биноан ўзларини ўнгласинлар.

Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Улар ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбар алайҳиссаломларнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолалари қиёматгача туриши лозимлиги учун, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлиқ эмас. У кишидан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади.

Лекин бу дегани, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа мўъжиза бермаган, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг анбиёларининг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган набий алайҳиссаломларга берган мўъжизаларининг кўпини берган. Лекин бу мўъжизаларга у кишининг пайғамбарликларини тасдиқловчи аломатлар сифатида қаралган эмас. Пайғамбаримизга берилган мўъжизалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Мисол учун, ушбу сурада сўз кетаётган Исро ва Меърож ҳодисалари аввалги пайғамбарларга берилган мўъжизалардан кам эмас. Аммо бунга пайғамбарликни тасдиқловчи алоҳида мўъжиза деб эмас, балки Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога яқинликларининг оддий мисоли сифатида қаралган.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Китобда Бану Исроилга .Ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта даражада баланд давоми...

1446 19:00 / 17.10.2023
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади Сен .Сизларга ана шулардан ҳам яхшироғининг хабарини берайми Тақво қилганларга Робблари давоми...

3807 17:00 / 02.12.2020
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади .Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи давоми...

2418 10:01 / 06.11.2018
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони давоми...

4314 11:48 / 04.01.2019
Аудиолар

122880 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

44127 14:35 / 11.08.2021