1445 йил 24 зулқаъда | 2024 йил 01 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онага яхшилик қилиш гуноҳларга мағфират

15:20 / 10 май 1407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун кўплаб яхшиликларнинг манбаидир. Ота-онага яхшилик қилиш ила эришиладиган яхшиликлар бу дунё ва охиратнинг яхшиликларидир. Жумладан, фарзанд ота-онага яхшилик қилиш орқали гуноҳларининг мағфират қилинишига эришиши мумкинлигини ушбу бобда келадиган ҳадиси шариф ва ривоятлардан билиб олинади.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ قَالَ: صَعِدَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ الْمِنْبَرَ، فَلَمَّا وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الدَّرَجَةِ قَالَ: «آمِينَ»، ثُمَّ وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الثَّانِيَةِ فَقَالَ: «آمِينَ»، ثُمَّ وَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى الثَّالِثَةِ فَقَالَ: «آمِينَ»، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْ خُطْبَتِهِ وَنَزَلَ ذَكَرُوا ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ: «إِنَّ جِبْرِيلَ اسْتَقْبَلَنِي حِينَ وَضَعْتُ رِجْلِي عَلَى الدَّرَجَةِ الْأُولَى، فَقَالَ: مَنْ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ أَوْ أَحَدَهُمَا فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ فَأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِينَ، فَقُلْتُ: آمِينَ. فَلَمَّا صَعِدْتُ إِلَى الثَّانِيَةِ، قَالَ: مَنْ أَدْرَكَ شَهْرَ رَمَضَانَ فَلَمْ يُغْفَرْ لَهُ فَأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِينَ، فَقُلْتُ: آمِينَ. فَلَمَّا صَعِدْتُ إِلَى الثَّالِثَةِ، قَالَ: وَمَنْ ذُكِرْتَ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْكَ فَأَبْعَدَهُ اللهُ، قُلْ: آمِينَ، فَقُلْتُ: آمِينَ.

Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам бир куни минбарга чиқдилар. Поғонага оёқларини қўйганда «Омин», дедилар. Оёқларини иккинчи поғонага қўяётиб, яна «Омин», дедилар. Учинчи поғонага оёқларини қўяётиб, яна «Омин», дедилар.

Хутбаларини тугатиб, тушганларида у зотга буни зикр қилишди. Шунда у зот: «Биринчи поғонага оёғимни қўяётганимда Жаброил рўпарамга келди-да: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини топса-ю, у мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «Омин», дегин», деди. Шунда «Омин», дедим.

Иккинчи поғонага кўтарилганимда «Ким Рамазон ойини топса-ю, у мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «Омин», дегин», деди. Шунда «Омин», дедим.

Учинчи поғонага кўтарилганимда «Кимнинг ҳузурида сен зикр қилинсанг-у, у сенга салавот айтмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «Омин», дегин», деди. Шунда «Омин», дедим».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмон кишининг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан учтаси ҳақида сўз бормоқда. Гуноҳсиз банда бўлмас. Ҳамма ҳам гуноҳларининг мағфират қилиниши йўлларини ахтариб юради. Ушбу ривоятда мазкур йўллардан учтаси зикр қилинмоқда.

1. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири ота-онага яхшилик қилиб, уларнинг розилигини топиб, дуоларини олишдир. Бу ҳақиқатни ҳадиси шарифдаги қуйидаги жумла ифодалайди.

«Ким ота-онасини ёки улардан бирини топса-ю, у мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».

Ота-онанинг иккови бўлса, яхши, бири ўтиб кетиб, бири қолган бўлса ҳам яхши. Фарзанд уларнинг дуоларини олиб, ўзининг гуноҳлари мағфират бўлишини таъминлаб олиши керак.

Агар шу ишни қилмаса, ота-онаси ёки улардан биттаси бўла туриб, уларнинг розилигини ва дуосини олиб, гуноҳлари мағфират қилинишига эриша олмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзидан узоқ қилар экан.

2. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири Рамазон рўзасини ихлос билан тутиб, у ойнинг ибодатини қилиб, баракотидан фойдаланиб қолишдир:

«Ким Рамазон ойини топса-ю, у мағфират қилинмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».

Рамазон ойи ҳам ҳар бир банда учун гуноҳларидан тозаланиб оладиган қулай бир фурсат. Рамазон келса-ю, гуноҳлари мағфират қилинишига астойдил ҳаракат қилмай ўтган бўлса, у одам ҳам катта бир бахтдан, саодатдан маҳрум бўлади, Аллоҳдан узоқлашган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон ила, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилишган. У «ва қолганлари ҳам»ни зиёда қилган.

3. Гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўладиган амаллардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдир. Бу ҳақиқатни ҳадиси шарифдаги қуйидаги жумладан тушуниб олиш мумкин:

«Кимнинг ҳузурида сен зикр қилинсанг-у, у сенга салавот айтмаса, Аллоҳ уни узоқ қилсин».

Набийимиз алайҳиссолату вассалломнинг исми шарифлари ўқилганда, эшитилганда «Соллаллоҳу алайҳи васаллам», деб салавот айтиш керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарга чиқиб, хутба қилганлари.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқаётганларида ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келганлари.

3. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етказиб туриб, «Омин», дейишни амр қилганлари.

4. Катта кишилардан одатдан ташқари иш ёки гап содир бўлса, нима учунлигини сўраш мумкинлиги.

5. Ким ота-онасини ёки улардан бирини топса, уларни рози қилиб, гуноҳларининг ювилишига эришиши кераклиги.

6. Ким Рамазон ойини топса, унда ихлос билан ибодат қилиб, гуноҳларининг мағфират қилинишига эришишга ҳаракат қилиши лозимлиги.

7. Кимнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у ул зотга салавот айтиши кераклиги.

8. Мазкур ишларни қилмаганларнинг зиддига Жаброил алайҳиссалом дуо қилганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Омин», деганлари.

«Яхшилик ва силаи раҳм» 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Она ҳасратдан кўзёш тўкканида одамдан бошқа дунёдаги барча махлуқот додфарёд ураркан... Тандирдаги нонларнинг пишишини кутаётган Садафхон жўмракли қўл ювгич давоми...

2303 16:34 / 22 январь
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Исро сурасида шундай марҳамат қилади .Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва отаонага яхшилик қилишни амр давоми...

4087 17:00 / 13.04.2022
Онам менинг ўқишим учун узукларини сотдилар. Синглимни турмушга бериш учун билагузукларини сотдилар. Укамни даволатиш учун чиройли маржонларини сотдилар. Шу давоми...

2603 17:00 / 31.07.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб.Бунинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин давоми...

1848 18:30 / 18.03.2020
Аудиолар

122269 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43618 14:35 / 11.08.2021