1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари (еттинчи мақола)

18:41 / 23 апрель 380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу жангнинг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.

 عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا جَمَعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَبَوَيْهِ لِأَحَدٍ غَيْرَ سَعْدِ بْنِ مَالِكٍ، فَإِنَّهُ جَعَلَ يَقُولُ لَهُ يَوْمَ أُحُدٍ: ارْمِ فِدَاكَ أَبِي وَأُمِّي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَزَادَ: ارْمِ أَيُّهَا الْغُلَامُ الْحَزَوَّرُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Моликдан бошқа ҳеч кимга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилмаганлар. У зот унга Уҳуд куни «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар. 

Термизий:

«От! Эй паҳлавон йигит!»ни зиёда қилган».

Шарҳ: Уҳуд урушида мусулмонларнинг қанчалар қийин аҳволга тушиб қолганларини яхши биламиз. Ана ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг атрофларидаги бир қанча фидокорларнинг ғайрати ила Аллоҳ таоло Ислом лашкарини бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолган эди. Худди ўша жангда Саъд ибн Абу Ваққос ҳам катта қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. У киши машҳур чавандоз, баҳодир жангчи бўлиш билан бирга, уста камончи мерган ҳам эдилар. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг худди ўша мерганлик сифатлари Уҳуд урушида қўл келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дейишлари жуда катта гап. Бу гапни у зот бировга айтмаганлар. Бу ҳам Саъд ибн Абу Ваққосга бошқаларда йўқ фазлни беради. Фақат кейинроқ бўлган Хандақ урушида у зот «Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деган гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам айтганлар.

Имом Термизийнинг ривоятидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй паҳлавон йигит!» деган гаплари ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларига хосдир.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Саъд ибн Абу Ваққос Уҳуд куни бир ўқ билан уч кишини ўлдирди. Бир отиб, биттасини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига қайтариб отдилар. У ўша ўқни иккинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Улар ўқни яна қайтариб унинг ўзига отдилар. У ўша ўқни учинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг қилган ишидан ажабландилар. У бўлса:

«Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёрлаб берган эдилар», деди.

Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилдилар».

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан Уҳуд уруши ҳақидаги қуйидаги гапларни ривоят қиладилар:

«Мушриклардан бири мусулмонларни куйдирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дедилар.

Мен учида темири йўқ бир ўқни солиб, отдим. Бас, у мушрикнинг қоқ пешонасига тегди. У йиқилиб, аврати очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулган эдилар, тишларининг оқи кўриниб кетди».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Уҳуд уруши куни ўзларига фаришта ёрдам берганлиги ҳақида қуйидаги гапни айтар эдилар:

«Уҳуд куни ўқ отсам, уни менга ўзим танимайдиган оқ кийимли чиройли одам қайтариб олиб келиб берар эди. Мен у фаришта бўлса керак, деб ўйладим».

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида иккита фариштани кўрганлари ҳақидаги ривоятни Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги иборалар билан келтирадилар:

«Уҳуд куни икки кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб, жанг қилаётганларини кўрдим. Уларнинг устиларидаги кийимлари оқ эди. Улар қаттиқ жанг қилар эдилар. Уларни олдин ҳам кўрмаган эдим, кейин ҳам кўрмадим».

Уҳуд урушидаги фидокорликлари мукофоти ўлароқ, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига сазовор бўлдилар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижратдан бир йил олдинги давр эди. Маккага ўн икки кишидан иборат бир гуруҳ келди. Уларнинг олтитаси бир йил олдин Ислом билан шарафланган ва келгуси йил давоми...

1629 09:23 / 31.12.2023
ndash Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа ndash Абу Бакр Сиддиқ.ndash Умар ибн Хаттоб ndash алФоруқ, яъни, ҳақ билан ботилнинг орасини ажратувчи.ndash Алий ибн Абу Толиб ndash Абу Туроб, давоми...

12369 11:00 / 09.05.2022
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Уларга дедилар Ҳозир сизнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши чиқадиШу пайт давоми...

4684 14:31 / 21.04.2022
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қулоғим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан у зотнинг .Толҳа ва Зубайр менинг давоми...

1081 16:00 / 12.05.2023
Аудиолар

121485 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42981 14:35 / 11.08.2021