1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қабрлар эҳтироми | Фиқҳ дарслари (274-дарс)

19:00 / 22 март 609 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат:

1. Қабрнинг устига ўтириб, устидан юриб ёки қазои ҳожат қилиб бўлмайди. Ҳанафийлар: «Зарурат юзасидан, қироат қилиш учун ўтирса бўлади», деганлар.

2. Модомики, қабрнинг ичида маййитнинг суяги борлиги гумон қилинса, уни очиб бўлмайди. Қабр қазилаётганда эски суяклар чиқиб қолса, уларни авайлаб кўмиб қўйилади. Зинҳор суяклар синдирилмайди.

Фақат зарурат юзасидан қуйидаги ҳолатлардагина қабрни очишга рухсат берилади:

– Маййит ювилмасдан ёки кафансиз кўмилган бўлса, ғишт терилгандан кейин, тупроқ тортилмасдан олдин очиш мумкин. Қабр устидан тупроқ тортилганидан кейин очиш ҳаромдир.

– Кафан ёки ер зўрлик билан тортиб олинган бўлса-ю, эгалари ҳақини олмай, «Ўзини берасан», деб туриб олсалар.

– Бошқа маййитни кўмиш ёки жомеъ масжидни кенгайтириш учун зарур бўлиб қолса, эски қабрни очиш мумкин.

Қабрдаги жасад чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг ўрнига бино қурса ёки экин экса бўлади.

– Маййит билан бирга мол, тақинчоқ дафн қилинган бўлса ёки бировнинг моли тушиб кетган бўлса ва у талаб қилса, қабрни очса бўлади.

– Бировнинг гавҳарини ютиб юборган одам ўлса ва гавҳарнинг эгаси талаб қилиб туриб олса, ўликнинг қорнидан унинг гавҳари олиб берилади.

– Ҳомиладор аёл ўлса-ю, ичида боласи қимирлаб турса, унинг қорнини ёриб, боласи олинади.

3. Дафндан кейин маййитни кўчириш мутлақо мумкин эмас.

4. Қабрнинг устига сув сепиш мандубдир. Ҳўл шохларни ва райҳон каби нарсаларни қабр устига қўйиш суннатдир. Қабр устида ўсиб турган майса ва ўсимликларни қуримасдан олдин олиш макруҳдир, чунки ҳўл набототнинг тасбеҳидан маййитга фойда етиб туради.

5. Зарурат юзасидан бир қабрга бирдан ортиқ маййитни қўйиш мумкин. Уларнинг афзали қиблага яқин қилиб қўйилади. Икки маййитнинг орасига тупроқдан тўсиқ қилинади.

Маййит чириб, тупроққа айланиб кетган бўлса, унинг қабрига бошқа маййитни қўйиш жоиз. Қабрдаги маййитнинг чиригани ернинг хусусиятига боғлиқ бўлади. Буни биладиган кишилардан сўралади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

903 19:00 / 30.11.2023
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

1504 11:00 / 19.06.2020
биринчи мақола . . . .Осмон ва ер суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса давоми...

3740 14:09 / 17.09.2020
Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййит таҳорат қилдирилади. Аввал ундан нажас ва нопок нарсалар кетказилади. Сўнгра олд ва орқа авратлари латта билан ювилади. Аммо оғзига давоми...

1257 19:00 / 08 февраль