1445 йил 7 зулҳижжа | 2024 йил 13 июнь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Шариатга тўғри келмайдиган гаплар ва ишлар

18:30 / 04.09.2021 4005 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан ота‑онани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто кўпчилик ўтганларга савоб бағишлаш, деганда айнан мана шу ишни тушунадиган бўлиб қолган.

Диндан узоқлашиш ва яна бошқа турли сабабларга кўра, ўтганларга атаб, «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар ўтказиш одатга айланган. Бу каби маросимларни ўтказишнинг ўзига хос «қоида»лари ҳам шаклланган. Уларга биноан, кун санашнинг ҳам услуби бор – маросимни тоқ кунларда қилиш шарт эмиш. Қилинадиган таомларнинг тури ҳам аниқлаб, тайинлаб қўйилган. Яна шунга ўхшаш бидъат-хурофотлар анчагина. Бу ишларда, асосан, аёллар ва маҳаллалардаги маросимчиларнинг гапи гап бўлади. Баъзи жойларда маййитнинг дафни куни жонлиқ сўйиб, таом пиширишга киришиб кетилади. Юқорида номи айтилган маросимларнинг қилинмаслиги марҳумни хорлаш билан баробар кўрилади. Хуллас, бу борада шариатга тўғри келмайдиган гаплар ва ишлар анчагина бор.

Шунинг учун ҳам ушбу мақомда бу масалани қисқача ёритиб ўтишни маъқул топдик.

Аввало, мусийбатга учраганлар дафндан кейинги уч кун ичида бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир. Мусийбатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир. Меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир.

Мазкур уч кундан кейин маййит аҳли таом қилиб, улашса, дурустлиги юзага чиқади. Аммо, шариатда «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди.

Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос.

Ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, кўнгли истаган пайтда қилиши мукин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Фақиҳлар бу борадаги ҳужжат ва далилларни таҳлил қилиб, жумладан, қуйидаги хулосага келганлар:

Маййитга савоби етадиган нарсалар:

Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар.

Уламолар намоз ва Қуръон қироати каби баданий ибодатлардан маййит фойда олиши ҳақида бир оз ихтилоф қилганлар.

Ҳанафийларнинг ихтиёр қилган қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб, қироат қилсалар, бўлади. Бошқа ерлардаги қироатнинг ҳам савоби етиши ҳақида шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган ерга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон.

Ҳанбалийлар: «Қабр олдида қироат қилса бўлади», деганлар ва унга «Йаасийн»ни ўлганларга ўқиш ҳақидаги ҳадисларни далил қилганлар.

Моликийлар: «Маййитга унинг ўлимидан кейин ва қабр олдида қироат қилиш макруҳ, чунки аввалгилар бундай қилмаган», деганлар. Аммо, уларнинг кейинги уламолари: «Қуръон қироати ва зикр қилиб, савобини маййитга бағишлаш мумкин ва бағишловчига ҳам ажр бўлади», дейишган.

Аввалги Шофеъийлар: «Маййитга ўзининг амалидан бошқа амал манфаат бермайди», деганлар. Аммо, бу мазҳабнинг кейинги уламолари масалани ўрганиб, таҳқиқ қилиб чиққач: «Ўлганларга «Фотиҳа» ва бошқа сураларнинг қироати савоби етади», деганлар. Одамлар шунга амал қилганлар.

Шундай қилиб, тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилганлар.

Ўтганларни, хусусан, ота‑оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.

عَمَّنْ سَمِعَ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ يَقُولُ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أَعْمَالَكُمْ تُعْرَضُ عَلَى أَقَارِبِكُمْ وَعَشَائِرِكُمْ مِنَ الْأَمْوَاتِ، فَإِنْ كَانَ خَيْرًا اسْتَبْشَرُوا بِهِ، وَإِنْ كَانَ غَيْرَ ذَلِكَ قَالُوا اللَّهُمَّ لَا تُمِتْهُمْ حَتَّى تَهْدِيَهُمْ كَمَا هَدَيْتَنَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби ҳам ҳидоят қилмай туриб уларни ўлдирмагин», – дейишади».

Аҳмад ривоят қилган.

Демак, вафот этган ота‑онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барча фарзандларга ота‑оналарига тириклик чоғида барча яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишни насиб этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишга муяссар қилсин!

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 4Аллоҳ таоло .Бақара, сурасида шундай деб марҳамат қилади.Сендан нимани нафақа қилишни давоми...

1562 19:02 / 14.08.2020
Умму Роита бинти Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади . . .о.Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. У зот давоми...

2021 13:00 / 13.11.2019
Иброҳим алайҳиссалом Сора онамиз билан подшоҳ ҳузурига келдилар. Подшоҳ Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда Сора онамизга назари тушиб, ҳуснига маҳлиё давоми...

2656 15:20 / 09.09.2019
Болани қарамоғига олиш ҳам отаона ёки яқин қариндошларнинг иши, болаларнинг ҳаққидир.Бу иш араб тилида .ҳизона, дейилиб, .қучоғига олиш, маъносини билдиради. давоми...

2332 16:18 / 23.01.2020
Аудиолар

122880 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

44127 14:35 / 11.08.2021