1445 йил 24 зулқаъда | 2024 йил 01 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг аёли олдидаги бурчлари (Учинчи мақола)

14:30 / 27.06.2019 3215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.

Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй бўлса, етади.

2. Эр хотиннинг олдига у(хотин)нинг ота‑онасини ва бошқа эрдан бўлган боласини киритмасликка ҳақли.

Чунки уй уники ва у ўз уйини ўзи хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳаққига эга.

3. Хотинга истаган пайтларида назар солишларидан ва гапиришларидан (қариндошларни) ман қилишга (эрнинг) ҳаққи йўқ.

Чунки силаи раҳмни кесишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

4. «Эр аёлни ҳафтада бир марта ўз ота‑онасининг олдига чиқишидан ва уларни аёлнинг олдига киришларидан ман қила олмайди» деган гап бор. Ота‑онадан бошқа маҳрамлар йилига бир марта. Ва шуниси тўғри.

Маҳрамларнинг зиёратига оид сўз айтган машойихлар ичида «мазкур муддат бир ойдан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам, «бир ҳафтадан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам бор.

5. Fойибнинг хотинининг, боласининг ва ота‑онасининг нафақаси унинг молидан фақат уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан тайин қилинади.

Fойиб – йўқолиб қолган одам. Унинг молидан фақат хотини, боласи ва ота‑онасининг нафақасини қози белгилаб беради. Бошқа қариндошларнинг нафақаси соқит бўлади. «Уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан» дегани «уларга зарур бўлган нарсалардан» деганидир. «Мана буни сотиб, ишлатарсизлар», деб бошқа нарсаларни бериб бўлмайди.

6. Бунда мол омонатга қўйилган, музорабада қатнашган бўлмаслиги ёки қарзга олган кишининг ҳузурида бўлиши ва у(эр) буни эътироф қилиши шарт. Шунингдек, никоҳнинг эътирофи ҳам бўлиши ёки қози буларни билиши лозим.

Яъни, қози мол, никоҳ ва насабни билса, нафақа ҳақидаги ҳукмни чиқараверади. Чунки қозининг билими ҳам ҳужжат ҳисобланади ва у ўз ўрнида бу билан ҳукм чиқариш ҳаққига эга.

7. Қози аёлга эр унинг нафақасини бермаганлиги ҳақида қасам ичтиради ва ундан кафолат талаб қилади.

Аёлнинг қасам ичирилиши эр ғойиб бўлишидан олдин унга нафақасини берган бўлиши ва аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учундир. Кафил эса, мабодо, эр келиб, аёлга нафақасини кераклигича қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериши учун талаб қилинади.

8. Fойибга нафақани юклаш учун ҳужжат келтиришни талаб қилмайди ва аёлга эр номидан қарз олишни амр қилади. Никоҳ ҳақида ҳукм чиқармайди. Имом Зуфар: «Нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ ҳақида чиқармайди», – деган. Бугунги кунда қозилар эҳтиёж юзасидан шунга амал қиладилар.

Чунки бунда одамларга енгиллик бор.

9. Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфув бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади.

Бу ҳукмга қуйидаги далиллар мавжуд:

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6‑оят).

Қуйидаги ҳадис ҳам шу маънода келган:

Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Асвад ибн Язийд билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинту Қайснинг ҳадисини айтиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам буюрмаганлар», деди.

Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, уларни унга отди-да:

«Шўринг қурисин! Шундай гапни ҳам айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз бир аёлнинг гапи деб, Аллоҳнинг Китобини ва Набийимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундай аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Магар очиқ-ойдин фоҳиша иш келтирсалар», деган», деди», деб айтди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

10. Вафотдан, ридда (муртадлик) ҳамда эрнинг ўғлини ўпиш каби маъсият туфайли ажрашишдан кейин идда сақловчига нафақа берилмайди.

Чунки вафотдан кейинги идда эрнинг ҳаққи учун эмас, балки шариатнинг ҳаққи учундир. Маъсият қилганда эса, айб хотинда бўлганлиги учун унга яхшилик қилинмайди.

11. Уч талоқ қилинганнинг муртад бўлиши нафақани соқит қилади, эрнинг ўғлига имкон бериши эмас.

Чунки муртад бўлган аёл тавба қилиши учун қамалади. Қамалган аёлга нафақа берилмайди. Эрининг ўғлига ўзига яқинлашишга имкон беришда эса бу ҳолат йўқ.

Хотиннинг шарафига тўй қилиш

Эрнинг ўз жуфти ҳалолининг шарафига тўй қилиб бериши хотин олдидаги учинчи молиявий бурчидир. Бу иш мустаҳабдир. Бу ҳақда аввал батафсил кўриб, таҳлил қилиб ўтганмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уйланганларида тўй қилганлари ва эркак саҳобаларни ҳам тўй қилишга буюрганларини далил қилиб келтирганмиз.

Мулоҳаза:

Ҳар бир мусулмон эр ўзининг аёли олдидаги молиявий бурчлари ҳақидаги ушбу таълимотларни жону дили билан, яхшилаб ўрганиши, қабул қилиши ва уларга ихлос билан амал қилиш ўзи учун саодат манбаи эканини англаб етиши лозим. Шунда бошқалар учун одат бўлган оила ҳаёти унинг учун ибодат даражасига кўтарилади. Мисол учун, эр «аёлимнинг нафақаси шариат бўйича менга вожиб эди, шуни бажаришим керак» деб, аёлига нафақа топиш учун ҳалол касб билан ишлаб юрар экан, вожиб ибодатни адо этаётган киши сифатида ажр ва савоб олади.

Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, унга ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқмада ҳам».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир».

Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан аҳлу аёлни нафақа билан таъминлаш қанчалик шарафли ва савобли иш эканини англаб олиш қийин эмас.

(Тамом)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

1442 09:04 / 08 февраль
Бу ҳолда эр киши учун баъзи бир аёлга уйланиш бирор сабабга кЎра вақтинчалик ҳаром бўлади. Агар ўша сабаб йўқ бўлса, у аёлга уйланиш мумкин. Никоҳи вақтинчалик давоми...

3759 10:05 / 13.11.2018
Ҳар бир жамиятда оила бузилиши ва шунга ўхшаш муаммоларнинг келиб чиқиши бир неча омилларга боғлиқ бўлади. Ўша муаммоларни ҳал қилиш учун, аввало, мазкур сабабчи давоми...

2344 17:00 / 25.11.2021
.Тафвийз қилиш, дегани бошқага топшириш маъносини англатади. Эрнинг хотинини талоқ қилишни ўзидан бошқага топшириши .талоқни тафвийз қилиш, дейилади.Хотиннинг давоми...

1527 16:00 / 21.02.2023
Аудиолар

122267 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43617 14:35 / 11.08.2021