1445 йил 7 зулҳижжа | 2024 йил 13 июнь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳонинг фазллари

17:00 / 09.02.2019 2256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

V

Рамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч сифатида чиқди. Улар ким бизни йўқ қилиб юборишга ҳаракат қиларкан, деб хавф-хатар остида яшаш босқичидан эсон-омон ўтдилар.

Бир оз хотиржам бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари ҳақларида ўйлаш фурсатини топдилар. Ана шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бундан уч йил аввал олдин Маккада тузилган оилаларини эсларига солдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан бирга яшашга қарор қилдилар.

Маълум муддат бирга яшаб, ўзига яраша бир-бирларига ўрганиб қолган кишилар ичига ёш, шўх ва бир оз топқирроқ қиз – Оиша розияллоҳу анҳо кириб келган эдилар. Савда бинти Замъа онамиз янги келинни жуда яхши кутиб олдилар. Бу дамларда у кишининг ҳазил-мутойибага усталиклари ва соддаликлари ҳам иш берди.

Савда бинти Замъа онамиз авваллари ҳам кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Тобақот» номли машҳур китобларида бу борада қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингизда намоз ўқидим. Шунчалар рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин, деб бурнимни ушлаб турдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳён-аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».

Савда бинти Замъа онамиз хонадонга Оиша розияллоҳу анҳо кириб келганларидан кейин ҳам ана шу ҳазил-мутойиба руҳини ушлаб турдилар. Бу ўз навбатида оилада ўзаро алоқаларни доимо яхши тутиб туриш учун ҳам керак эди.

Имом Насаий ва бошқа муҳаддислар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Бир куни Савда бизникига зиёратга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан унинг ўртамизда ўтирдилар. У зот бир оёқларини менинг қўйнимга, иккинчи оёқларини унинг қўйнига ташлаб ўтирар эдилар. Мен ҳарийра пишириб келдим ва Савдага:

«Егин», дедим.

У кўнмади.

«Агар емасанг, юзингга суртаман», дедим.

У яна кўнмади. Мен лагандан бир оз нарсани олдим-да, унинг юзига суртдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини унинг қўйнидан олдилар. Унга мендан ўч олишга шароит яратдилар ва:

«Сен ҳам унинг юзига сурт!» дедилар.

У лагандан бир оз нарса олиб, менинг юзимга суртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулар эдилар».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо ҳикояларини давом эттирадилар.Бир куни туш кўрсам, бир овоз менга .Эй мўминларнинг онаси,, демоқда. Чўчиб уйғониб кетдим. давоми...

2666 13:30 / 25.12.2019
Ўрта мактабда ўқийдиган бир қиз ўз хотираларини шундай ҳикоя қилади.Эндигина мактабга борган кезларимhellip Бир куни ўқитувчимнинг қовоғи кўкарганини кўриб, ачиниб давоми...

4202 18:05 / 15.02.2019
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши давоми...

5076 16:12 / 08.07.2020
Хайбар урушиХайбар Мадинаи Мунавварадан етмиш милча узоқликдаги жой бўлиб, у жойни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом зоҳир бўлганидан кейин мусулмонларга давоми...

2277 09:30 / 23.10.2019
Аудиолар

122869 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

44117 14:35 / 11.08.2021