1445 йил 24 зулқаъда | 2024 йил 01 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бу ишда ғайрат қил, Яҳё!

19:00 / 06 май 3466 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Баттол «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Илм» китобини шарҳлар экан, Имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан шундай нақл қилади:

«Аллоҳ қалбимга солиб, Имом Молик ибн Анаснинг ҳузурига илм талаб қилиш учун бордим. Мен у кишининг энг ёш шогирди эдим. Биринчи куни дарс тинглаб ўтирсам, у киши менга «Исминг нима?» деди. «Аллоҳ сизни мукаррам қилсин, исмим Яҳё», дедим.

Имом Молик: «Аллоҳ, Аллоҳ! Бу ишда ғайрат қил, эй Яҳё. Мен сенга шундай бир воқеани айтиб берайки, илм олишга рағбатинг ортиб, бошқа нарсалардан воз кечишингга ёрдам беради», дедилар-да, қуйидагиларни айтиб бердилар:

Сен тенги бир ёш йигит Шомдан Мадинага илм ўрганиш учун келди. У жуда тиришқоқ экан, ғайрат қилиб, биз билан бирга ўқишни бошлади. Аммо тақдир экан, бир куни у тўсатдан вафот этиб қолди. Одатдагидек, ҳамма унинг жанозасига тўпланди. Аммо ўша жанозада ҳеч қайси олим, ҳеч қайси толиби илмнинг жанозасида кўрилмаган бир ҳолатни кўрдим. Тумонат оломоннинг аксари уламолар эди. Улар ўша йигитнинг тобутини талашиб-тортишиб кўтаришар эди. Одатда жанозани шаҳарнинг амири ўқир эди. Бироқ ҳали ҳеч ким танимайдиган бир талаба йигитнинг жанозасига шунча уламоларнинг, аҳли илм ва толиби илмларнинг тўпланганини, денгиздек мавжланиб турганини кўрган амир бироз ортга тисарилиб, «Унга жаноза ўқиш учун ўзингиз маъқул кўрган бирон кишини ўтказинглар», деди.

Аҳли илмлар имомликка Имом Рабиъани ўтказишди. Жаноза ўқилгач, улкан жамоа тобутни қабр томон кўтариб кетди. Маййитни қабрга яна замонамизнинг буюк уламолари – Имом Рабиъа, Имом Зайд ибн Аслам, Яҳё ибн Саъид ва Ибн Шиҳоблар қўйишди, уларга Муҳаммад ибн Мунзир, Сафвон ибн Сулайм ва Абу Ҳозимлар ёрдамлашиб туришди. Маййит қабрга қўйилгач, лаҳадга ғиштни Имом Рабиъанинг ўзи терди, бошқалар ғишт узатиб туришди.

Орадан уч кун ўтгач, юртимизда яшайдиган солиҳ зотлардан бири ўша талабани тушида кўрибди. Йигит кулранг от миниб олган, оппоқ либос кийиб, яшил салла ўраган гўзал шаклу шамойилда экан. У осмондан ўша зотнинг ҳузурига тушиб, унга салом бериб, суҳбатлашибди. Талаба йигит унга «Мени илм мана шундай мартабага эриштирди», дебди. Шунда солиҳ зот «Қандай мартабага?» деб сўрабди. Йигит шундай дебди:

«Аллоҳ ўрганган илмимнинг ҳар бир боби учун менга жаннатда биттадан даража берди. Лекин даражаларим аҳли илмларнинг даражасига етмади. Шунда Аллоҳ таоло «Пайғамбарларимнинг меросхўрларига бундан ҳам зиёда қилиб беринглар. Ўзим учун аҳд қилдимки, вафот этган одам Менинг суннатимни ёки пайғамбарларимнинг суннатини ўрганган олим бўлса ёки шу илмни ўрганаётган толиби илм бўлса, уларнинг ҳаммасини бир даражага жамлайман» деди ва мени аҳли илмларнинг даражасига кўтарди. Энди мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида иккитагина даража бор, холос – бири пайғамбарларнинг даражаси, иккинчиси у зотнинг асҳоблари ҳамда бошқа пайғамбарларнинг саҳобаларининг даражаси. Улардан кейинги даража эса барча уламолар ва уларнинг илм толиблари турган даража. Аллоҳ мени ана шу даражага лойиқ кўрди. У ерга кирсам, менга «Хуш келибсан, марҳабо», дейишди».

Сўнг талаба йигит «Лекин Аллоҳнинг ҳузурида менга яна бир нарса зиёда қилинди», дебди. Солиҳ зот: «Нима зиёда қилинди?» деб сўрабди.

Йигит сўзида давом этибди: Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни тўплаб, шундай деди: «Эй олимлар! Мана бу Менинг жаннатим, уни сизларга мубоҳ қилдим. Мана бу эса Менинг сизлардан розилигим. Энди сизлар жаннатга киринглар. Аммо киришдан олдин шундай орзу қилингки, Мен уни сизга берайин, истаган одамингизни шафоат қилингки, шафоатингизни қабул қилайин. Токи бандаларим Менинг ҳузуримда илм аҳлининг нақадар мукаррам эканини, ҳузуримдаги мақомингиз нақадар олий эканини кўрсинлар».

Эртаси куни тонгда ўша солиҳ зот кўрган тушини аҳли илмларга айтиб берди. Бу хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалиб кетди. Тез орада биз билан илм ўрганишни бошлаб, кейин ташлаб қўйган барча сабоқдошларимиз қайтиб келиб, илм ўрганишга киришиб кетишди, ҳадис тинглашди, талаби илмга қаттиқ ғайрат қилишди. Мана, ҳозирги кунда уларнинг барчаси юртимизнинг энг катта уламолари бўлиб етишишди.

Аллоҳ, Аллоҳ! Бу ишда ғайрат қил, эй Яҳё».

Нодирбек Хидиров таржимаси

«Ҳилол» журнали 10(55) сони

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаАллоҳ азза ва жалланинг муҳаббатига эришишга сабаб бўладиган амаллар кўп. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ .Мадорижус соликийн, китобларида қуйидаги давоми...

2876 11:00 / 21.01.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар.Жаннат аҳли уч тоифадир одил, кўп садақа қилувчи ва тавфиқли раҳбар барча қариндошу мусулмонларга раҳмдил ва давоми...

2313 08:56 / 11.07.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розиёллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб шундай дедилар .Сен аҳли китобнинг олдига бораяпсан. Аввал уларни Аллоҳнинг давоми...

2556 09:00 / 27.02.2023
Қисса ва масаллар асосан турли маъноларни инсоннинг фаҳмига яқинлаштириш учун кўприк бўлади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга кўп давоми...

2581 17:00 / 13.03.2022